Франтишек Грубин (František Hrubín; 17 сентябрь 1910 Прага — 1 март 1971, Ческе-Будеёвице) — чех ёзувчиси, шоир ва киносценарист.
ҚОР ТЕПАДА
Қорда шодон учамиз,
Қий-чув қилиб тушамиз.
Оталар ҳам илгари,
Бўлган биздек сингари.
Боболар шу ўринда,
Қорда учган қоринда.
Бувилар уйга қамаб,
Иштонин қўйган ямаб!
ХАЗОНРЕЗГИ
Қизил, сариқ япроқлар,
Елда учиб ўйноқлар.
Тўкилиб кетса бари,
Кейин нима бўлади?
Боғлар қўйни оппоқ қор –
Парқу билан тўлади!
Фақат қуёш ол баркаш,
Кўкдан тўкилар оташ.
ОЙМОМА
– Нега сен бунча хомуш,
Хаёлларинг фаромуш?
– Фалакдан юлдуз учди,
Ўрмонга қулаб тушди!
– Қайғурма, Оймомажон,
Кўп узоқ эмас ўрмон.
Эрта тонгда борамиз,
Юлдузингни топамиз!
ҚОРБУВИ
Оппоқ қор дала-тузлаб,
Қорбуви қолди музлаб.
На овқат, на ош еди,
Тумов бўлмаса эди!
Қорбуви деди:
– Шошма,
Менга қиш ёқар, ошна.
Совуқ бўлиб турса бас,
Менга овқат керакмас!
УЙҚУДАГИ МУШУКЧА
– Агар мушук кулча бўлиб
Ётиб олса.
Думин қисиб, ачоғига
Бошин солса.
Нималарга ўхшаб кетар,
Айт-чи, жўрам?
– Парқугина, сариққина,
Митти ўрам!
ЙИҒЛОҚИЛАР
Ким йиғлоқи, йиғласин,
Мендан умид қилмасин:
Йиғлоқи ҳеч кулмайди,
Қуёшни ҳам кўрмайди!
МОЙЧЕЧАКЛАР
Мойчечаклар, сингилчалар, кўҳликчалар,
Оқ чечаклар, нигоҳида шўхликчалар.
Майсазорда ўйин тушар елвизаклар,
Рақсга тушар мойчечаклар – эгизаклар.
Шамол бола тиним билмай чалар сурнай,
Мойчечаклар қиқирлашиб кулар тинмай.
Ўйнай-ўйнай шамол бола кетар қочиб,
Гул-чечаклар уни кутар қучоқ очиб!
Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаси