Валентина Димитрова Радинска 1951 йили Болгариянинг Сливен шаҳрида туғилган. София давлат университети ҳамда Максим Горький номидаги адабиёт институтини тамомлаган. Болгария кинематография қўмитасида муҳаррир бўлиб ишлаган.
МАДҲИЯ
Эрта кетсам ҳаётдан — кўзим юммоққа шошма,
Гажак билакузук ва узугим тақ қўлимга.
Яшириб дафтаримни, қаламимни тарошла —
Қабр сири ноаён — у тегишли ўлимга.
Эрта кетсанг ҳаётдан — мумкин бўлмоғи содир,
Ягонам эдинг, — дея тан олгумдир ниҳоят.
Титроқ бармоқларингдан бўса олгум бирма-бир,
Узоқдан нур таратган юрагингни ҳам албат.
Бори шу. Ҳаммасига чидашим энди тайин,
Сенсиз ҳаёт не керак? Сенсиз у зулматдайин.
Томоша, саҳна ўша, парда ҳам ўша тағин,
Дўстлар чиқарар ёддан, ғанимлар эслар узоқ.
Афсуски,кўролмаймиз томошанинг охирин.
Лек сезамиз уруғнинг хўрсинишин далада,
Қор каби оқ илдизнинг ўсганини илғаймиз.
Замин ости сувлари қувват берган паллада
Бола ҳайрати билан инсондек боқар илдиз
Ва йилларни оралаб ўтар буғдойиқ гўё,
Мангу яшил қони-ла дилларга қувват бериб,
Олисларда юксалган баҳайбат тоғлар аро
Қўяжакдир Севгимиз ёт кўзлардан яшириб.
Рус тилидан Гулноз Мўминова таржимаси