1966 йилнинг 27 мартда Болгариянинг Пазарджик шаҳрида туғилган. Мактабда бошланғич синф ўқитувчиси. Болгария мустақил ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Болгар ва рус тилларида ижод қилади. Бир қатор рус шоирларининг шеърларини болгар тилига ўгирган. Болгар ва рус тилидаги шеърлари жамланган “Қалбим чизгилари” шеърий тўплами чоп этилган. Адабиёт йўналишидаги “Йил шоири ‒2015” миллий мукофоти номинанти.
2015 йилда Россияда ўтказилган “Она Ватан, сенга содиқман” ижодий танлови “Хориж адабиёти” номинациясида иккинчи ўрин соҳибаси ва кўплаб халқаро мукофотлар совриндори.
БАҲОР ТОНГИ
Мовий гумбазлари аро кўкламнинг
Ловуллаб юз очар лолақизғалдоқ,
Шудрингларда юзин ювганча майса,
Бир лаҳза табассум қилгай ярқироқ.
Қуёшнинг саноқсиз зарраларидан,
Биз юрган йўлларга инар ҳарорат,
Тўрғайлар қўшиғин қалбим қатида,
Авайлаб юрибман сен учун фақат.
Биз учун яралган тонгда гулларнинг,
Ва нафис сасларнинг симфонияси.
Рақсга тушайлик, кел, сену мен ҳамда
Кўкламнинг энг нафис бир Сонияси!
Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси