Юлия Алейченко (Юлія Аляксандраўна Алейчанка) – белорус ёзувчиси, адабий танқидчи, таржимон. «Нёман» журнали бош муҳаррири.
* * *
Жазирама ўтди, шиддатли ёмғир,
Сахий томчилар-ла савалар гўё.
О, ҳовучлолсайдим туйғумни дилгир,
Томчилар остида ўзга бир дунё…
Сим-сим тўлқин ичра нигоҳинг тутсам,
Англолсам, у шаффоф беғубор сирни.
…Ивиган кўчадан сарпойчан кетсам,
Кўрмоқ-чун осмонга ошиқ ёмғирни…
* * *
Юлдузларга нарвон тирасам,
Сомон йўли бағрини очса.
Ифорли ёз тонглари аро,
Зуҳро юлдуз биз-чун нур сочса.
Ҳар дақиқа сезсам абадни,
Қўрқмай қўлим ёзолсам ҳар он.
Олисдаги ўша ёвузлар,
Сўзлолмаса ҳеч қачон ёлғон.
* * *
Айиқ мўйнасида изғир декабрь –
Уйлар теграсида, муз қотар юзлар.
Оқ бўрон қаърига чўкади бир-бир,
Хотимасиз суҳбат, узилган сўзлар.
Оқшом тилсиз қотди чарчаб кутишдан,
Мавлуд юлдузлари – мўъжизаларни.
Қор нақшлари кўкдан кумушдек ёғар,
Тонггача томоша қилгум уларни.
Ушалгиси келар бу тун орзулар
Тушлар ўнгимизда гулламоқ истар.
Янгидан туғилмоқ – диллар муроди,
Юраклар ўзга бир ҳаётни қўмсар.
* * *
Таниш ҳодисалар талқинидан ҳеч,
Азалий сабабни изламам, бекор.
Азалий ҳар неки бордир абадий,
Фалак назаридан қочмоқ на даркор?
Ким бани-башарга асрлар бўйи,
Ёмғир-у қорлардан ундиради тот?
Ким дарахт остида ёрқин тонгларни,
Севишганлар учун айлар илтифот?
Майли, эски гаплар деб билинг буни,
Майли насиба денг, бизга бу ризқ-рўз.
Лек ҳамон ёдимда отам ва онам,
Мурғак чоғим алқаб шивирлаган сўз.
Ишонаман, ҳикмат, ибрат бор бешак,
Тақдир ато этган қисмат ҳар ишда.
То ҳаёт бор экан, узилмас асло,
Боқийлик аталмиш мангу ришта!
Рус тилидан Минҳожиддин Мирзо таржимаси