Жорж Роденбах (Georges Rodenbach, 16 июль 1855, Турне, Бельгия — 25 декабрь 1898, Париж) — бельгиялик французтилли шоир ва ёзувчи. Илк шеърлар тўплами – “Ўчоқ ва дала” 1877 йилда нашр этилган. Ҳуқуқшунос ва журналист бўлиб ишлаган. “Фигаро” газетасида чоп этилган “Ўлик Брюгге” (1892) қиссаси унга шуҳрат келтирган. Қисса кўп марта экранлаштирилган. Кейинроқ бу асар асосида опера ёзилган. Ижодкорнинг саккизта шеърий тўплами, тўртта роман ва қиссаси, бир нечта ҳикоялар тўплами, пьесалари нашр этилган.
ЎТМИШ ШАҲРИ
Йиллар айвонидан ўтмишни кўриб,
Кузата бошлайсан оқшом – паришон,
Орзу ва ташналик қалбингга кириб,
Худди аввалгидек ҳаммаси аён.
У ёқда ўтмишинг – чироқлар, уйлар
Шаҳарга ўхшайди, хира осмонда
Тутун билан уйқаш ёқимли нурлар
Соймисол туташар қора туманда.
О, ёшлик қуёши, ҳаммаёғинг қон,
Жон таслим қилурсан зулмат қўлида,
Рангсиз орзуларни қоплаган алвон
Шуълалар сўнади тутун йўлида.
Ў, ўтмишнинг шаҳри, кетасан ўчиб,
Туманда кетасан тамом эзилиб.
Лек ҳуркак ва нозик хотира кучи
Олисда ҳар ерда турар сезилиб.
У ерда болалик миноралари,
Ёшлик жомеълари – унда камолот,
Донжон кузатади, йўқ чоралари,
Минора соати ярқирайди бот!
Унда рангли тошлар – ҳимоя, асос,
Ўтмишни мадҳ этмоқ, куйламоқ учун
Ўтган кун овози – қудратли овоз,
Илоҳий фалакдан келмоқда бу кун!
СУКУНАТ
О, оқшом сурури! Куз қоронғуси!
Ажалдай оғриқсиз тугамоқда шом.
Соялар деворда ўрмалагуси,
Хоналар мудрайди, ёруғлик тамом.
Ажалдай оғриқсиз, шодон жилмайиб
Қоронғи чўкади. Кўзгунинг қаъри
Томон чекинасан, қиёфанг ғариб,
Ҳаётмас, шошгандек Ўлиминг сари.
Оппоқ деворларда қоп-қора сурат,
Ўйчан бир манзара – қалб манзараси.
Қора қорлар ёғар – эзар сукунат,
Олис оқшомларда қайғу дараси.
О, оқшом сурури, арфаю виол
Кларнет куйига бўлгансан хумор!
Ошиқлар кўк қушин этади хаёл,
Гиламдаги сурат қилмиш беқарор.
Қани, бу нафаслар бўлганда туташ,
Бир мавжудот бўлиб – қандай марҳамат!
Бир нарса ҳақида жим туриш, ўйлаш,
Шафақда сўнгги нур қолганда фақат.
Рус тилидан Комила Носирова таржимаси