Ашиль Шаве (1906-1969)

Ашиль Шаве (Achille Chavée; 6 июнь 1906, Шарлеруа, Бельгия — 4 декабрь 1969, Ля Эстр, Бельгия) — бельгиялик шоир. Француз тилида ижод қилган бельгиялик шоир. “Узилиш” сюреалист гуруҳи ташкилотчиларидан бири. Шаве ижодида мураккаб туйғу ва тушунчалар уйғунлиги реал, ўткир ижтимоий муаммолар ечимига қаратилади. Унинг “Ишонч саволи” (1940), “Севги тамғаси” (1950), “Ягона каталог” (1956), “Ҳаёт ва мамот табиийлиги ҳақида” (1965) шеърий тўпламлари чоп этилган.

“САБР ПИЧОҒИ…”

Сабр пичоғи
қурилишда эҳтиёжан нон кесганинг
пичоққа ўхшар,
ўртоқ.
Дўстона қўл,
англагувчи нигоҳ,
қалб тубидан чиққан сўз
ва биз сен билан гаплашамиз севги ҳақида,
ўртоқ
ва ҳеч ким бизни айбламас –
зеро биз олдинга боқамиз.

“АРАГОНДА ЎША ҒОЛИБ ЁЗ КУНИ…”

Арагонда ўша ғолиб ёз куни
кўз олдимда жон берди содиқ дўстим.
Эски қуёш ёйди менинг соямни
чин инсонлар остига.
Кўз олдимда жонланди Антей афсонаси
ва мен боқдим нажоткор – ерга.
Ўйга толиб, жим,
тилдим юрагим шунда
ҳақиқатнинг тилла тиғида.

“МЕН ЎХШАЙМАН ЎША…”

Мен ўхшайман ўша
қизил терили ёйига
болалигимнинг.
Ташриф қоғозимга келсак,
йўқотганман мен уни кўпдан
бепоён жавдар даласида.

Рус тилидан Шермурод Субҳон таржимаси