Патрик Уайт (1912-1990)

Патрик Виктор Мартиндейл Уайт (Patrick Victor Martindale White) – австралиялик шоир, носир, драматург. Нобель мукофоти лауреати (1973). Унинг “Бахтли водий”, “Тириклар ва ўликлар”, “Холамнинг саргузашти”, “Сохта дафн”, “Инсон шажараси” каби роман ва пьесалар муаллифи.

МИНГ ЙИЛЛАРДАН БУЁН

Минг йиллардан буён ўша манзара,
Ғойиб бўлганим ойна қаршида,
Биринчи қайноқ нафас,
Ойнадаги ҳовурнинг акси.
Қўлин ювди мендан сувнинг ёриғи каби,
Ахир, сўрагандим-ку аллақачонлар.

Шафақнинг ғамгин аксини
Сўзларга мўмиё қилмоқ истамам,
Қўнғироқлар элтган ҳазин садони
Титратмоқлик оғир нақадар
Қанийди компасу хариталарда
Ҳаёт қайиқларин нусхаси бўлса..
Тутиб олсамийди кабутарларни – қанотлари йўқ,
Ердан хабар билан қайтаётган бул
ДНК музейи томон, ҳар иккисин,
Лип этиб тутсам, тўлқинлар кўпиги янглиғ…

Қабр бўлмай нима, магарки вақт етмаса
кўмиб юборишга ваҳмали сирин?
Ва гоҳо, бўшлиғу сукунат кемирар вужуд,
Тартибга соламан ўзимни ўзим,
дахшатли дарвозада турган паспорт мисол
Ўз уйимдан ўзим бегона, сургун,
Синиқ бўсаға.
Йўқ, мен уй на? Мамлакатга сиғмам,
Чексизликка чегарадош қитъаман,
Қайтаман, исталган жой менга ватандир.
Ёлғиз, якка ва яна… билмам.
Бироқ, бунинг бари хомхаёл.

Ки, аждарнинг нимта қилинишин,
Шамшир ўйинига йўйгумдир фақат.
Ёмғирнинг денгизга қайта қайтиши
Денгизга ортиқча миқдор деган гап.
Ҳа, бари йўловчи – манзилсиз, йўлсиз,
Камонбоз нишонга отгандай ўқсиз.

Инсон табиатин тушунмоқ, билмоқ,
Саркашликнинг юксак нишони.
Аччиқ кўз ёш қотган кўзларга боқмоқ,
Юлдуздек бир ёниб-ўчмоқ – нажотсиз
Ва йўқлик-ла лаҳзалик ёғду талоши.
бироқ, ким, нима – бари сўроқ, жавоблар сўроқ,
Ҳовузда юлдузлар сузар қанотсиз…

Адолатга муҳаббат, муҳаббатга адолат эмас,
Аждарларнинг йўқликка юз тутганидай.
Юрак совуқ туйғуларга кўрк, юрак асло бонг-соат эмас,
Узун, эски пальтога қўнган куядай.
Инқилоблар учун жондан кечгандай,
Юлдуз ва зулматдан инсон завқ олар
Ўлим-ла қўшилиб кетгунча нафас,
Жимгина
Юлдуз ва зулматдан инсон завқ олар.
Чангдай йўқ бўлиб кетгунича то,
Юлдузга айланиб кетгунича то,
Деразадан мўралаганча
Юлдуз ва зулматдан инсон завқ олар.
Кўзлардан пардани улоқтирган чоғ,
Бари аён бўлур
Қандай яшади-ю, қандайин ўлиш.
Билмоқ учун буларнинг барин у
Азоб ва илтижо оралиғида. Нега?

Ажаб, бир кеча, кўкда ўлим шарпаси кезмас,
Елкада ой сузар календарь бўлиб.
Бошингиз устида бари намоён,
қарғалар, варраклар, калитлар,
қарағай конуси арча устида,
жумбоғи ўзи-ла, яланғоч эмас,
борлик ва йўқликнинг бори жумбоғи.
Ажаб. Бир кун тонгда, туш уйғотмади,
Онг оқими сузмас олтин бош томон.
Жудаям бошқача, Ойнинг мазасию
Нурнинг товланишидан оғзингизда
Олдингидек сезилмас таъм.

Наҳотки лаҳза мангуга кўчмас?
Юлдузлар порлаши-чун кўкда доимо
Худди абадий само каби. Нималар дейин?
Донишмандлик – борлиқни билиш,
Гўё улар сизнинг юзингиз, қиёфангиз-у
Сиз эса унинг кўзлари бўлгансиз холос.
Қаршингизда барчаси ғойиб, қолдингиз Сиз ўзингиз билан.

Туғилдиг-у – нафас, ўлдиг-у – нафас,
Аввалидан аввал, сўнггидан кейин. Зарб ва танаффус ораси,
Парилар қучоғида ётибди чашма,
Алвастилар қайнатар қора қозонин.
Деразага ёпишиб тургандек куя,
Сайёралар титроқда титрамоқда.
Ой тутилади, бошим тутаман,
Ўлимим сақлайди мени бошидан….
Қария юрагида боғлар йўқмикин?
Гўдак нигоҳида қабр сурати?

ЧЕКСИЗ САМОДАГИ КИЧКИНА ХАЁЛ

Чексиз самодаги кичкина хаёл,
Иш столимдаги соб бўлган чексизликлар
Икария ишқи сўнибдир.
Сукунат юртида синар овозим,
Кўзларимнинг қора томонидаман.
Бу ерда ҳеч бир зоғ бўлмаган биздан.
На эшик, на девор ва на дераза,
Такрор чўкдим беватанлик остонасида.
Юлдузларда кўзим, лек ёмғир таъми.
Эслай олмаганим – кўлкалар-ла сўзлашаман. Балки бу
ёлғон ўрталигу, ростлик намойиши.
Ўзимда не кечар ҳатто билмасман
билурман не кечди эркимнинг истакларида.
Ялтироқ парашют мисол соямни кийгум
Қирғоқдан чекинмаслик чоғида.
Чўққи билан суҳбатлашаётгандек сезганингда,
Фикрларингни қоқигулдек ҳавода чизганингда
гўё кимдир улоқтирар ойни ойнадан.
кўкдек пинҳон тун қушлари сўқирлик юртига учар
учарлар
Чексиз осмон қучоғида ҳеч зот сўрамайди оти-зотингни,
Туғилганингга гувоҳлик сўрасалар кўрсат оловни.
Хоҳишларинг хоҳишинг. Бари тутунга
битилмиш
келмоғингдан аввал. Бунда менга айтилмиш сўзлар
қуёшли йилларнинг омонатидек фонус қафасидан
тўкилмиш.
Ким билар қуёш қай томон кетади ё қулаб битади?
Зулматни ёритмоқ учун кўз тутманг
Маърифат-чун ўгай қамар тутилишига.
Билмадим, заррин нур, ялтироқ қўнғиз, гугуртқути
ёки сездирмасдан келиб бутун оламни
тутгувчи бир чақин бўлсам нетардим.

Юлиб ташлайверсанг порлоқ гулларни фарқламай
Илонўт, хулласи ўтдан. Тун тушгандан нишона. Яна
қумсоатнинг сувсоатга эврилишидан.
Зулматга зўриққан ҳисда боққан чоғ
Чўнг йўқлик яратган юлдузларни кўрасан.
Бўлсин зиддиятлар ўз-ўзинг билан.
Ҳатто ўз орзуларинг маёғи бўлсанг-да, бу
учинчи кўзингнинг ўз соянгга қоровуллиги эмас
гўё олов ўғирлигидай – сен оламни
иккинчи бор огоҳ этасан.

Вақтни тутолмасанг, хиёнат қилма.
Акси бўлса жар сол. Ҳеч қурса тушда
Спартандек тулкиларнинг пинҳон ҳужумин
Йўлатма, нажот бер ё нажот йўқми?
Аждар мақомини истасанг ўрган
инсонлар юрагин қайноқ кўмирдек
ютмоқни ютгандек улар шокалад
зарра оғринмай. Юлдузлар қўл келмас Сенга
Сен учун тежамкор фонуслар эмас.
Аён билмоқчисан нур ҳақиқатин,
Улардан бирини портлатиб кўр, бас.
Шошил, қара, қарагин ва кўр
Бўшлиқ пинжидаги тоза нур, гўё
Муболаға нега, бу чиндан зиё.
Бунда яширмаслар юлдузлар яланғочликларин
Қора ўпқонлар, туйнукларнинг либоси остига,
шундай бирлашурлар
аммо қайтиб бермас илонлар пўстини ташлаган монанд.
Кузги гулнинг лабидан то баҳор ҳолсизлигигача
илғай олса бир нигоҳ, шу нигоҳча миқдор сувдаги
кўпикдек хира дунёни ёритиб юборгай. Билдим,
сиз уни топтарсиз печдаги қорпарча мисол,
ва ҳаловат топар таъналарингиз. Ўйлаганингиз,
сиз ўйлаганингиз
у миллионлар ичида бир шай, бағишлов онидек
бу осмон кўксида битта юлдуз йўқ, зарра юлдуз йўқ.

Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси