Наваканта Баруа

АЙЛАНМА ҲАЛҚА ТАСМАСИ

Онамнинг айланма ҳалқаларида
Чилвирга яроқли тасма бор эди.
Ғалтак ўсар ғалтак ўрамларида.
Бу менга қоронғу сир-асрор эди.

Саватчада иплар, ғалтаклар, ўрам,
Бўш ғалтаклар баланд тортар тобора.
Бироқ мен айланма ҳалқали тасма
Адоғин кўрмадим, кўрмадим сира.

Фақат у ўзгарди, ўзгарди андак,
Буни ёзиб қўйдим хотирамга ҳам.
Фақат у – айланма ҳалқа чилвири
Бошқа жойга кириб кетибди, билсам…

Мен кўрдим яланғоч чилвир айланма
Ҳалқа уммонида беармон сузди.
Буни кўрган онам: «Эҳ,зерикарли!»
Дегандай чилвирни тортди-ю, узди.

Энди бурилмайди айланма ҳалқа,
Тугади ғалтакда балким эртаклар…
Менга қоронғу сир-асрорлар тарқаб.
Соғинчлар гуллади – эрка чечаклар.

Кириб бораяпман катта дафтарга,
Биринчи бекатдан бошланди якун.
Майли, дудуқлана-дудуқлана илк
Шеъринг ўқи, ёруғ тонглар тингласин…

ФАЛАСТИН

Улар уйимизни олдилар тортиб,
Бизга уй қуришди қамоқхонадан.
Елкамизга улкан юкларни ортиб,
Биз ўлдирдик ғамни бу ғамхонада.

Сўнгра улар қамоқхона ичида
Ерни текислашди, уруғ қадашди.
Жўхори даласи қўллар кучидан
Шундай товландики, кўзлар қамашди.

О, қўллар баландга урилди чўғдай,
О, қўллар ер ютиб борар сизларни!
Қўллар ўсаверди охири йўқдай,
Шундай ўлдиришди улар бизларни…

Инглиз тилидан Ойгул Суюндиқова ва Зуҳра Асқарова таржималари