Уолт Уитмен (1819-1892)

Уолт Уитменнинг (Walt Whitman) аждодлари асли голландиялик бўлишган. Бўлажак шоир Нью-Йорк штатининг Лонг-Айленд оролидаги қишлоқда, кўп болалик катта оилада туғилган. Уолт Тўққиз боланинг тўнғичи эди. 1825-1830 йилларда Бруклиндаги мактабда ўқиди. Етишмовчилик туфайли ўзини ишга урди. Хат-хабар ташувчи, босмахонада ҳарф терувчи-тахловчи, ўқитувчи, журналист, маҳаллий газеталарда муҳаррир бўлиб ишлади.
Тахминан 40 йиллик ижодий фаолияти давомида фақат биттагина китоб – “Ўтнинг япроқлари”ни 1855 йилда эълон қилди. Бу китоб жуда катта сўзбоши,олти достон ва кўпдан-кўп туркумларни ўз ичига олган бўлиб, муаллиф тириклигида олти марта қайта нашр этилди ва нашрдан нашрга кенгайтириб, бойитиб борилди. Охири шундай миқёсга етдики, амалда ХIХ аср Америкасининг поэтик эпосига айланди.
Шоир 1861-1865 йиллардаги фуқаролар уруши даврида госпиталларда санитар бўлиб ишлади. Унинг “Барабанлар жанги” ва “Лайлоқ (настарин) сўнгги марта гуллаганида” каби шеърлари уруш ҳодисаларини акс эттирган. У 1865 йилда Американинг биринчи президенти Авраам Линкольннинг ўлимига ҳам гувоҳ бўлди ва бу фожеага бағишлаб “О, капитан, капитаним” шеърини ёзди.

КЕЛАЖАК ШОИРЛАРИГА

Келажак шоирлар! Хонанда, нағмасоз, воизлар!
Ҳимоя этолмас мени бу замон, мен неман,
не учун беролмас жавоб,
Келажак насллар — бақувват, мускулдор,
аждодидан буюкроқ одамлар.
Дунёга келинг! Сиз менинг ўзлигим этурсиз исбот.
Уч-тўрт сўз битурман келгуси кунларнинг дастури учун,
Бир лаҳза келурман яна йўқликка қайтмоқлик учун.
Мен ўша, оломон ичида саргардон кезган,
сизга бир кўз ташлаб юзини бурган,
Кимлигин, нелигин топмоқни
ҳам руҳу ройишин чизмоқни сизга ҳавола қилган,
Мен аъмол-асосни кутаман сиздан.

ТИМСОЛЛАР

Донишмандга дуч келдим бугун
Ул ўрганмиш дунёи дун қийлу қолини,
Санъатию илми дониши, роҳатию дил оройиши,
Ҳам жонига неки жо-бажо тимсол эрур, тимсол эрур.

Ул дедики, ушбу ила қўшиғингни лабо-лаб қилгил
На кунни, на лаҳзани, на бутунни,
на парчани ўйлама, қўйғил
қўшиғингга тимсолларни лабо-лаб қўйғил,
Сан уларни асосларнинг асоси тут,
улар бўлғай — завқ қўшиғи,
завқ нури барчасига,
Сиру асрор мояси ҳам тимсол эрур, тимсол эрур.

Абад мавҳум ибтидолар,
Абад унмоқ ва чархфалак сайёралар,
Абад комил тараққийлар ва йўқликка мустаҳиқлар
(яна барбод, яна бунёдга лойиқлар)
Тимсол эрур, тимсол эрур, тимсол эрур.

Абад буқаламунликлар,
Абад ашёю унсурлар, уларда тобланишлар, ушалмоқлар,
яна қайта қўшилмоқлар,
Абад мактаб, издиҳомлар — фидойилар етилгучи
Тимсол эрур қайта-қайта туғилгучи.
Қулоқ тутғил, мену сен ҳам,
Ва маълумлар, номаълумлар, салтанатлар,
мардоналар, заифалар,
Неки собит, неки обид, неки бунёд бебаҳодир
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Бебақо аломатлар,
Қалам аҳлин таъби ҳолин ҳосили,
илм аҳлин дуру-дароз тадқиқи,
Сипоҳдорнинг, зафардорнинг,
жабрдийда ғамгусорнинг
чеккан заҳматларин туққан
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Жами инсоннинг умрида
(Ҳар пора йиғилгандир, тузилгайдир,
фикрда юксалишлар,
юракда тебранишлар ва сайю ҳаракатлар —
ҳам охирлар оқибатлар)
Ҳам зарралар, ҳам кабирлар, барқарорлар ҳамоқати,
уйғунлиги
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Қадимул қадим даъват
Ўтмиш қоя довонлардан келмиш қоя довонларга,
улардан ҳам баландларга чорлагувчи,
Ушбу кунга, илму фанга нидо этган —
Қадимул қадим даъват
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Бизни қучган бу фасллар,
Амриқонинг ҳам ғаройиб, ҳам коранда,
ҳам боқудрат гирдибоди,
Ҳам умумлар, ҳам хусуслар бунёдининг сабабкори
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Мен ҳам сени кечмиш ила,
Ғойиб бўлган ерлар ила, уммонлар ортида
кечган салтанат, шоҳлар ила,
Ўтган жаҳонгирлар ила, ўтган юриш босқин ила, сув
уза кечган саёҳатлар ила
Пайванду банд этгучи ҳам тимсол эрур, тимсол эрур.

Ҳам ул қувват, ҳам ул қомат, ҳам ул сурат,
Ҳам ул тоғлар, ҳам ул ерлар, ҳам ул қоя, ҳам ул чинор,
Бу дунёга келганлар, бу дунёдан кетганлар умри
фузунлари ҳам, боқий мерослари ҳам
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Шод сурурлар, завқу шавқлар, талх қаҳрлар
Туғилган пучмоқдан ўзгаси — зоҳирий сурат эрур.
Азал мақсаду иштиёқ —
ер тўпини қуроқлардан тикиб чиқмоқ —
зоҳирий сурат эрурким шуларнинг барчаси
ҳам заминнинг қудрати
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Ҳама олам, ҳама фурсат
(Ҳам юлдузлар, ҳам қуёшда боваҳм тойрилишлар,
Кенгаймоқлар, ушалмоқлар,
йўқолмоқлар, уларнинг ҳам лаҳзалик,
ҳам асрлик умрлари)
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Забонсиз юлдузлар буржлари,
Бесарҳад уммонлар, пойига дарёлар бош урган,
Ҳам ёлғиз, ҳам озод бешумор сиймолар,
Ҳам барҳақ мавжудлик, бариси — тимсол эрур, тимсол эрур.

Ва бу дунё,
Ва коинот, ва инсонлар олами,
Ва моҳият, ва мақсадлар, умрларнинг боқий умри
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Илм аҳли ўқуган сабоқларнинг мағзида,
Мунажжимлар фалакка умрини экиб топган
кашфу асрор мағзида,
Тан табибин, жон табибин кори-бори мағзида,
кимёгарлар аҳлининг кимёлари мағзида
Зуҳур этган маъниларнинг маъниси
тимсол эрур, тимсол эрур.

Дунёдаги мавҳумотлар, гарчи маълуми ҳам кўпдир,
Азал мавжуд, ҳозир мавжуд, абад мавжуд бўлғусилар,
Ушбу мавжуд замонларни беинтиҳо замонларга
элтгучилар
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Шоир ила пайғамбар,
Аввал ўзларини мақбул этмоғи
ва олий супага чиқмоқлари шарт,
Ва хизмат этаркан Замон ва Халққа,
пайғамбар худони шафе келтирур,
шоирга ҳам худо, ҳам дастур,
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Ва сенинг учун ҳам, о менинг калбим,
Завқу шавқлар, хуррамликлар, шод сурурлар,
Ҳам майллар, ҳам ошнолар, ҳам висолга интилишлар
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Сенинг сенга содиқ вужудинг —
Вужудингким, вужудинг қаърида пинҳон,
Фақат санъат бахш айлагай унга шаклу шамойилни,
мен ҳам бир тасвирман
ўзимда инъикос этган,
яна кимсан деб сўрсангиз садо келгай —
Тимсол эрур, тимсол эрур.

Сенинг барҳақ қўшиғинг йўқ қўшиқларнинг ичинда,
На бир куй-оҳангда йўқ, йўқ йўқликнинг ичинда.
Лек бутунлик ичинда ҳосила амал топгай,
ва ниҳоят ҳама олам бўлиб
ундан юзиб чиққан
Тимсол эрур, тимсол эрур.

SALUT AU MONDE*

1

Ў, Уолт Уитмен, қўлларимдан тут!
Қандай мўъжиза лаҳзалик!
Қандай ранглар бу, қандай оҳанглар!
Ў, қандай занжир бу, беҳисоб ҳалқалар чамбарчас!
Ҳар бири ҳаммаси билан бақамти,
ҳар бири ҳаммаси билан
бирликда заминни қучган.
Уолт Уитмен, у қандай имконлар сендаги?
У қандай тўлқинлар,
у қандай ерлар вужудга келган?
У қандай минтақа, у қандай давлатлар ҳамда одамлар?
Бу қандай болалар чопалаб юрган,
бу қандай болалар бари уйқуда?
Бу қандай қизлар, қандай жувонлар?
Бу қандай одамлар бариси қари,
бири-бирига суяниб судралиб бораётган?
Бу қандай дарёлар?
Бу қандай ўрмон ҳамда дарахтлар?
Нима деб аталар туманга буркалган ҳув анов тоғлар?
Одамлар лиммо-лим бу миллион кулбалар нима?

2

Менда кенгликлар кенгаяр, узунликлар узаяр;
Осиё, Африқо, Оврупо — шарқимда,
ғарбимда — Америка;
Жазира Экватор билан танғилган
ер шарининг қавариқлари,
Ернинг ўқи эса айлантираверар Жануб
ҳамда Шарқ қутбларин;
Мендадир — тўлин ой ортида сира беркинмай
қуёш чарх урган энг узун кунлар,
Мендадир — уфқнинг ортида қолмасдан
ярим тунда чиққан қуёшлар,
Мендадир — минтақалар, денгизлар,
ороллар, чангалзорлар,
шаршаралар ҳамда вулқонлар,
Малайзия, Полинезпя ва Вест-Инддаги ороллар менда.

3

Сен неларни эшитяпсан Уолт Уитмен?
Менинг эшитаётганим,
ишчининг ҳамда деҳқон аёлининг ҳазин қўшиғи,
Менинг эшитаётганим, болаларнинг овози,
жониворларнинг тонгги маъраши,
Менинг эшитаётганим, ёввойи отларни
қувиб бораётган
австралиялнкларнинг қичқириқлари,
Менинг эшитаётганим,
испанларнинг каштанлар соясида, қайроқтошлар,
сеторлар, гитарлар овозига маст бўлпб рақсга
тушаётгани,
Менинг эшитаётганим, Таймиздан келаётган бетиним
ғовур.
Менинг эшитаётганим, фарангларнинг исёнкор,
озодлик қўшиқлари.
Менинг эшитаётганим,
ҳаво шарида учаётган итолиёликларнинг
хушоҳанг қўшиғи,
Менинг эшитаётганим, чигиртканинг шилдироқ шовқини,
у сендай ёғилар Суриянинг буғдойзор
ва майсазорларига,
Менинг эшитаётганим, оқшом чоғи
она Нилнинг қоронғу кўксига ёғилаётган
балиқчининг ғамгин қўшиғи,
Менинг эшитаётганим,
мексикалик подачининг бўғзидаги ва
хачирнинг бўйнидаги қўнғироқ овозлари,
Менинг эшитаётганим,
араб муаззинининг минорадан айтган азони,
Менинг эшитаётганим, руҳонийнинг
меҳробдан қилган нидоси
ва чолғу асбобларининг
баланду паст пардаларда унга жавоби,
Менинг эшитаётганим, казаклар ҳайқириғи
ва Оҳўта денгизига
чиқаётган денгизчилар овози,
Менинг эшитаётганим, икковин,
учовин бир қилиб қўл ва
оёқларига кундалар урилган қулларнинг алаҳсираб
қилган оғир ингроғи,
Менинг эшитаётганим, жуҳуднинг инжил оятларини
ихлос-ла ўқиши,
Менинг эшитаётганларим,
юнонларнинг хушоҳанг ривоятлари
ва румликларнинг жангари афсоналари,
Менинг эшитаётганим,
Исо пайғамбарнинг илоҳий ҳаёти ва
азобли ўлими ҳақида ҳикоят,
Менинг эшитаётганим, ҳиндунинг ўз шогирдига
муҳаббат ҳақида, жангу жадаллар ҳақида
шоирлар уч минг йил муқаддам битган ва
бизнинг кунларга қўлма-қўл етган ҳикматларни
таълим бериши.

4

Сен нималарни кўряпсан, Уолт Уитмен?
Сен кимга саломлар йўлламоқдасан ва сенга кетма-кет
салом йўллаганлар ким?
Менинг кўраётганпм, коинотда кезиб юрган мўъжизавий
шар.
Менинг кўраётганим, ундаги жимит фермалар,
дарахтлар, харобалар, ҳибсхоналар, корхоналар,
саройлар, кулбалар, ёввойилар капалари,
кўчманчилар ўтовлари,
Менинг кўраётганим, ернинг одамлар ухлаётган қоронғу
ярми ва қуёш ёритган иккинчи ярми,
Менинг кўраётганим нур ва сояларнинг сеҳрли ўйини,
Менинг кўраётганим, узоқ-узоқ юртлар — яшовчиларига
яқин ва азиз, менга ўз юртим қадрли шундай,
Менинг кўраётганим, мўл-кўл сувлар,
Менинг кўраётганим, юксак чўқкилар, Ҳиндиқуш ва
Аллеғон тоғларининг тизмалари,
Менинг кўраётганим, Ҳимолай, Тён-Шон, Олтой ва Ҳата,
Менинг кўраётганим, Албурус, Казбекнинг,
Бозор-Дўзининг баҳайбат чўққилари,
Менинг кўраётганим, Штирия Алплари, Карний
Алплари,
Менинг кўраётганим, Пиренея, Болқон, Карпат,
Доврфъел ва денгизда туғилган Гекл
вулқони,
Менинг кўраётганим, Везувий ва Этна, Ойқор тоғлари
ва Мадагаскардаги Қизил тоғлар,
Менинг кўраётганим, Ливия, Арабистон ва Осиё
саҳролари,
Менинг кўраётганим, Арктика ва Антарктиданинг
қўрқинчли, сузувчи муз тоғлари,
Менинг кўраётганим, Атлантика ва Тинч океанлари,
Мексика, Бразилия ва Перу сувлари,
Ҳиндистон сувлари, Чин денгизи, Гина бўғози,
Япон сувлари, Нагасакининг
тақасимон тоғлар ўраётган ғаройиб кўрфази,
Балтика ва Ҳазар денгизи, Ботни кўрфази, Бритаиия
соҳиллари, Бискай бўғози,
Қуёшли Ўрта Ер денгизи, унинг барча ороллари,
Оқ денгиз ҳамда Гренландияни қуршаган денгиз.
Менинг кўраётганим, бутун дунё денгизчилари,
Менинг кўраётганим, уларнинг бўронлар билан олишуви,
тунларни бедор ўтказишлари,
Адашиб нажотсиз сузишлари,
бедаво дардларга йўлиқишлари,
Менинг кўраётганим, кемаларнинг Бур бурнидан,
Яшил бурнидан,
ва Гвардафуй бурнидан, Бун ва Боғадордан
айланиб ўтаётганлари,
Кемаларнинг ҳам Дўндра бурнида, ҳам Курак бурнида,
ҳам Зўнда бўғозида, ҳам Беринг бўғозида,
Ҳам Гўрн бурнида, ҳам Мексика кўрфазида,
ҳам Куба ва Гаитида,
ҳам Ҳудзўн ва Баффин бўғозларида
сузиб юришлари,
Кемаларнинг Дувр бўғозидан сузиб ўтиши,
Уўш ва Солуэй-Ферт бўғозларига сузиб кириши,
Клир ва Лендс-Энд бурнларидан айланиб
ўтиши,
Кемаларнинг Зейдер-Зе ва Шельф бўғозларига
сузиб кириши,
Кемаларнинг Гибралтар ва Чаноққалъага келиши
ва кетиши,
Кемаларнинг шимол музликларидан ўзига йўл очиши,
Кемаларнинг Оби ҳамда Лена, Нигер,
Кўнгў ва Индж, Брампур ва Мекўнг
дарёлари бўйлаб юқорига ва
қуйига сузиб юриши,
Тезюрар қора кемаларнинг
Австралия бандаргоҳларида чайқалиб туриши,
Кемаларнинг Ливерпул, Глазго, Дублин, Марсел, Лизбон,
Неапал, Гамбург, Бремен, Бордо, Лаҳай,
Кўпенҳаг бандаргоҳларида тебраниб туриши,
Кемаларнинг Валпараисо, Риў-де-Жанейрўга,
Панамага бўлғуси сафарларни кутиб
туриши,
Кемаларнинг Бостўн, Филадельфия, Балтимўр,
Чарлстўн, Янги Орлеан, Галвестўн,

5

Сан-Францискўда арқонларга боғлиқ туриши.
Менинг кўраётганим, бутун ер юзининг темир йўллари,
Менинг кўраётганим, Буюк Британия
ва Оврупонинг темир йўллари,
Менпнг кўраётганим, Осиё ва Африқо темир йўллари.
Менинг кўраётганим, бутун ер юзининг телеграф
симлари,
Менинг кўраётганим, бутун инсониятнинг жанглари,
ўлимлари йўқотишлари, ғалабалари, интилишлари
ҳақидаги хабарларнинг ришталари.
Менинг кўраётганим, бутун ер юзи дарёларининг оқиши,
Менинг кўраётганим, Амазонка ва Парагвай,
Менинг кўраётганим, Чиннинг тўрт улуғ дарёси — Амур,
Сариқ дарё, Янцзи ва Маржондарё,
Менинг кўраётганим, Сена, Тўна, Луара,
Рўна ва Ҳувадалнаҳорнинг
қандай оқиши,
Менинг кўраётганим, Эдил, Днепр, Ўдернинг
бурилишлари,
Менинг кўраётганим, Арнўдаги тосканликлар ва
Пў дарёсидаги венетсияликлар,
Менинг кўраётганим, юнон денгизчиларинпнг
Эгин бўғозидан сузиб кетиши.

6

Менинг кўраётганим, қадим Оссурия, Эрон, Ҳиндистон
кенгликлари,
Менинг кўраётганим,
Савкарнинг баланд тизмаларидан Ганганинг
ёйилиб оқиши,
Менинг кўраётганим,
Руҳонийлар, фолбинлар, коҳинлар, браҳманлар,
Сабоийлар*, ламлар*, роҳиблар, муфтилар,
хатиблар бир-бирини сотган жойлари,
Менинг кўраётганим,
друидларнинг Мўна ўрмонларида кезиши*,
кўраётганим, тизимгуллар ва яшил буталар,
Менинг кўраётганим,
худолар абадий уйқуда ётган ибодатхоналар,
кўраётганим, қадим авлиё-анбиёлар.
Менинг кўраётганим, болалар ва кексалар давра қурган
сирли кечада нон ушатаётган Исо пайғамбар,
Кўраётганим, навқирон илоҳий паҳлавон Геркулес —
у матонат ила узоқ меҳнат чекажак, сўнгра
ўлажак,
Кўраётганим, туннинг ажойиб ўғлони — бақалоқ
Вакханинг бегуноҳ ва эркин кечган ҳаёти
ҳамда бебахт тақдири.
Кўраётганим, укпарлардан чамбарак таққан,
мовий либосга бурканиб яшнаб келаётган Нефера*,
Кўраётганим, ҳеч қачон,
ҳеч ким кутмаган ва ҳамма учун севимли
Ҳермес — у ўларкан халқига қилар васият!
«Мен учун йиғламанг
Бу менинг Ватаним эмас, бир пайтлар мен қувғинди
бўлган ҳақиқий Ватанга қайтяпман,
Ҳар ким ҳар бир куни албат қайтажак, осмону фалакка
қайтяпман».

7

Менинг кўраётганим, бутун ер юзининг жанг
майдонлари — ҳозир у жойларда майсалар,
гуллар ва буғдойлар барқ урмоқда.
Менинг кўраётганим, қадимда ва яқинда бўлган
юришлар, босқинлар излари.
Менинг кўраётганим, замин солномаси — номаълум
харобалар — номаълум жангларнинг,
баҳодирларнинг муқаддас ёдгорликлари.
Менинг кўраётганим, достонларда куйланган юртлар,
Кўраётганим, шимол шамолларн синдираётган
қарағайлар ва арчалар,
Кўраётганим, қоялар ва баҳайбат тошлар,
майсазорлар ҳамда кўллар,
Кўраётганим, Искандинав жангчиларининг тош қабрлари,
Менинг кўраётганим, марҳумлар руҳлари қабр
сукунатидан безор бўлганда чиқиб сувнинг
мавжларини кўрмоғи учун, тўлқинларни
тингламоғи учун, чексизликни, озодликни,
ҳаракатни туймоғи учун океан қирғоғида
юксалган қабр тошлари.
Менинг кўраётганим, Осиё чўллари,
Менинг кўраётганим, Мўғулистон қабристонлари,
кўраётганим, қалмоқлар ва бошқирдларнинг
ўтовлари,
Кўраётганим, кўчманчилар қабилалари
ва уларнинг подалари,
Менинг кўраётганим, жарликлар бўлаклаб ташлаган ясси
тоғликлар, кўраётганим,
чангалзорлар ҳамда саҳролар,
Менинг кўраётганим, туялар, ёввойи отлар,
тувалоқлар галаси,
серқуйруқ қўйларнинг отарлари, кийиклар
тўдаси, кўраётганим, дашт бўриси.
Менинг кўраётганим, Ҳабашистон тоғлари,
Кўраётганим, у ерда эчкиларнинг майсаларни чимдиб
юриши, анжирнинг ўсиши, тамарий ва хурмо дарахти,
Кўраётганим, тиллоранг ва яшилга товланган
теффнинг* экилиши.
Менинг кўраётганим, Бразилия вакейроси,
Кўраётганим, Сорат тоғига чиқаётган боливиялик,
Кўраётганим, бетимсол чавандоз чаучонинг* қўлида
ўралган сиртмоқ-ла яйловда йўртиши,
Кўраётганим, ёввойи ҳайвонларнинг териси учун
уларни пампаларда* қувишлари.

8

Менинг кўраётганим, қорлар ва музлар,
Кўраётганим, ўткир кўзли самадийлар ва финлар,
Кўраётганим, ойбалиқ овловчи —
у қайиқда, санчқини ҳам ирғитди ана,
Кўраётганим, Тинч океанининг энг жанубидаги ва
Шимолий Атлантикадаги кит ҳамда нерпа овловчилар,
Кўраётганим, Шветсария қоялари, музликлари, шиддатли
дарёлари ва водийлари — у ерларда қиш
узоқ кечади, қишлоқдан қишлоққа етмоқ
кўп мушкул.
Менинг кўраётганим, ер юзидаги жами шаҳарлар,
у қайси шаҳар бўлмасин ўша ерда мен ҳам яшайман;
Мен асл парижликман,
Мен Вена ва Петербург,
Берлин ва Қунстантия фуқаросиман,
Мен Адленга, Сиднейга ва Мальбурнга кўчиб бораман,
Мен Лўндўн, Манчестер, Бристўл,
Эдинбург ва Лимерикдаман,
Мен Мадрид, Қуддус, Барселона, Опорто, Лион,
Брўксел, Берн, Франкфурт, Штутгарт, Турин ва
Флоренсиядаман,
Мен Москав, Кракўв, Варшава кўчаларидаман — ёки яна
шимолроқда — Христиания ёки Истдўкҳолмдаман,
Иркутск ва Исландиядаман,
Мен ана шу барча шаҳарларга қўнаман ва яна
кўтариламан.

10

Менинг кўраётганим, номаълум мамлакатлар устидаги
туман,
Кўраётганим, ёввойилар,
тиғларига заҳар сурилган ёйи ва найзалар.
Менинг кўраётганим, Африка ва Осиё шаҳарлари,
Кўраётганим, Жазоир, Трипўли, Дерн,
Магадўр, Тимбук, Мўнрўвия,
Кўраётганим, Пекин, Кандўн, Банорас, Деҳли,
Калькутта, Тўкиў оломонлари,
Кўраётганим, вайрона кулбадаги Либерия қора танлиси,
дагомейлар* ва ашантийлар*,
Кўраётганим, турк — у Ҳалабда чилим тортмоқда,
Кўраётганим,
Хива Ҳирот бозорларидаги ранго-ранг либосли
халқлар,
Кўраётганим, Теҳрон, Макка ва Мадина, билқиллаган
қумли саҳроларда машаққат-ла йўл тортаётган
карвонлар,
Менинг кўраётганим, Миср ва мисрликлар,
эҳромлар ва мақбаралар,
Менинг кўраётганим, қумтош ва мармартошлардаги
жаҳонгир шоҳлар ва қадим сулолалар ҳақида
ҳикоя қилувчи ёзувлар,
Менинг кўраётганим,
Мемфис ва унинг тош қабрлари — улардаги зиғир
матоларига ўраб-чирмалган, минг йиллардан
буён сақланаётган мўмиёлар,
Менинг кўраётганим, жангда ўлдирилган фивалик —
унинг кўзлари қайнаб чиққан, бўйни қайрилган,
қўллари кўксига қаланган.
Менинг кўраётганим, барча эрксевар,
меҳнат чекаётган хизматкорлар,
Менинг кўраётганим, ҳибсхоналарда
азоб тортаётганлар,
Менинг кўраётганим, ер юзидаги барча мажруҳлар,
Сўқирлар, гунглар, карлар, телбалар,
букрилар ва савдойилар
Менинг кўраётганим, қароқчилар, ўғрилар, сотқинлар,
қотиллар ва одам савдогарлари,
Ер юзидаги барча етим-есирлар,
кимсасиз чоллар ва кампирлар,
Менинг кўраётганим, ҳамма жойлардаги
эркаклар ва аёллар,
Менинг кўраётганим, мутафаккирларнинг ёрқин
дўстлиги,
Менинг кўраётганим инсоннятнннг яратувчанлик руҳи,
Менинг кўраётганим, инсон зотининг матонати
ва меҳнатининг мевалари,
Менинг кўраётганим, барча унвонлар, одам танининг
барча ранглари, жаҳолат ва тараққиёт —
мен шулар томонга бораётирман ҳеч кимни
ўзимга бегона тутмай,
Мен саломлар йўллайман
ернинг юзидаги ҳамма-ҳаммага.

11

Сен кимсан, қаердан, менга фарқи йўқ!
Сен, инглиз қизи ёхуд йигити!
Сен, қудратли славян қабиласининг
ва салтанатининг ўғлони!
Сен Русиялик рус!
Сен, қоронғулик қаъридан чиқиб келган африкалик —
сенинг танинг қора, юрагинг илоҳий, олижанобсан,
ҳам бўйдор, гўёки юзингни санъаткор чўяндан
қуйган — мақсадинг олийдир худди мен каби!
Сен, Норвег! Швед! Даниялик! Исландиялик!
Сен, Пруссия фуқароси!
Сен, Испаниядаги испан!
Сен, португалиялик!
Сен, Фарангдаги фаранг қизи ёхуд ўғлони!
Сен, белгиялик!
Сен, Ҳоманднинг эрксевар ўғлони
(сенинг аждодларингдан бошланар менинг авлодим),
Сен, саботли австриялик!
Сен, лўмбардиялик! Мадёр!
Богемлик! Штириялик деҳқон аёли!
Сиз, Тўна бўйларида яшовчилар!
Сен, рейнлик, элбалик, везерлик ишчи! Ва сен, ишчи аёл!
Сен, сардиниялик! Бавариялик! Шваб!*
Саксониялик! Роман! Булғор!
Сен, Рум, Неапол, Юнон фуқароси!
Сен, Севилия томошагоҳидаги чайир ва бадувват
матадор!*
Сен, Тавр ва Қофқаз тоғларининг ҳеч қандай қонунни
тан олмайдиган ўғлони!
Сен, даштларда бия ва байталлар уюрларини
қўриқлаб юрган бухоролик!
Сен, нозиктаъб форс, учиб бораётган арғумоқ устидан
найзани мўлжалга ургувчи!
Сен, Хитойдаги хитой йигити ёки қизи!
Сен, Татаристондаги татар!
Сиз, дунёнинг ўз юмушлари билан машғул жами
аёллари!
Сен, Сурия ерига сўнгги бор кўз ташлаш учун қартайган
чоғида хавфли сафарга отланган жуҳуд!
Сиз, жами мамлакатлардаги халоскор пирини кутаётган
жуҳудлар!
Сен, Фиротда ўй сураётган хаёлчан армани!
Араратга ўрлаётган армани! Ниневи харобаларига
орзуманд тикилаётган армани!
Сен, Макканинг олисда ярқираб
кўринаётган минораларига қувонч-ла
боқаётган ҳорғин зиёратчи!
Сиз, ўз оилаларини ва Сувайиш то Бобил-Мандобгача
чўзилган қабилаларини бошқараётган шайхлар!
Сен, Назарат, Дамашқ,
Табаристон боғларидан зайтун
ниҳолларпни ардоқлаётган деҳқон!
Сен, олис тоғларда ёки Лхас дўконларида савдо
қилаётган тибетлик савдогар!
Сиз, япон аёллари ва эркаклари!
Сен, Мадагаскар,
Сейлон, Суматра ва Борнео фуқароси!
Сиз, Осиё, Африка, Оврупо, австралик ва бутун
қитъаларда яшагувчилар!
Сиз, келгуси асрларда яшайдиган ва менинг овозимни
эшитадиган одамлар!
Ва сизлар, ким бўлишингиздан, қаерда яшашингиздан
қатъи назар мен номини айтмаган одамлар!
Салом сизларга!
Ўз номимдан ва Америка номидан саломлар
ва муҳаббат йўллайман!
Бизнинг ҳар биримиз муқаррар ва собитмиз,
Бизнинг ҳар биримиз чексизмиз — бизнинг ҳар биримиз
мана шу ер шарининг эгасимиз,
Бизнинг ҳар биримиз ер шарининг абадий
мақсадларининг мужассамимиз,
Бизнинг ҳар биримиз худомиз.
Сен, чулчут тилли готтентот!*
Сиз, сочлари жингалак оломон!
Сиз, қон ва тер тўкаётган қуллар!
Сиз, сим-сиёҳ тун юзли африкаликлар!
Сиз, тилингиз ва юрагингиз бўлса-да, ҳамма паст
назар билан қарайдиган
шўрлик кобулар!
Сиз, пакана камчадаллар*, гренландлар*, лапландлар!*
Сен, яланғоч, чирк босган қизилтан, лаблари пўрсилдоқ,
хўрланган, умрини егулик излаб
ўтказган австралиялик,
Сен, кафр*, барбар*, суданлик!
Сен, саҳро силласини қуритган бесавод бадавий!
Сиз, Мадорас, Нанкин, Кобул,
Қоҳиранипг ўлатга йўлиққан
оломонлари!
Сен, Амазонканинг номаълум яшовчиси!
Сен, патагониялик!
Сен, Фижи фуқароси!
Мен сизларни бошқалардан сира паст кўрмайман,
Қанчалик орқада қолган бўлманглар, мен сизларга
қарши бир сўз демайман
(Вақт келар сизлар ҳам олға силжийсиз
ва менга тенглашиб оласиз).

12

Ҳамдардлик ва қатъиятга тўла юрагим
парвоз қилади ер юзи бўйлаб;
Мен ҳамма жойдан ўзимга тенг одамларни,
қадрдон дўстларни
изладим ва уларни топдим — улар мени
кутишмоқда ҳамма жойларда,
Мен сизлар билан биргаликда кўтарилдим,
туманлар, олис қитъалар томон суздим ва у
ерларга сизлар билан биргаликда қўндим.
Мен сизлар билан биргаликда эсдим, шамоллар,
Мен сизлар билан биргаликда
қирғоқларга бош урдим, сувлар,
Мен сизлар билан биргаликда оқдим, ер юзининг
дарёлари,
Мен ярим ороллар ва баланд қоялар устида парвозимни
секинлатдим, у ердан туриб:
SALUT AU MONDE! ….
дея қичдирмоқ учун.
Нур ва ҳарорат тарқаладиган ҳамма шаҳарларга мен
ҳам тарқаламан,
Қушлар парвоз қиладиган ҳамма шаҳарларга мен ҳам
парвоз қиламан.
Ҳаммага, ҳаммага Америка номидан
Баланд кўтарилган қўлларимни чўзаман,
чорлайман,
Токи у кўриниб турсин абадулабад
Ҳамма шаҳарлардан ва қишлоқлардан,
инсон яшайдиган ҳамма
жойлардан.
__________
* Salut au monde — Салом, эй дунё!
* — белгиси бор сўзлар халқларнинг номи.
* Шу номли қабила руҳонийлари.
* Тибет ва Мўғулистонда будда дини руҳонийси.
* Друид —қадим кельт (Ғарбий Оврупода яшаган қабила)лар руҳонийси; Мўпа — Бразилиядаги ороллардан бири.
* Қадим Мисрда тонгги қуёш худоси ҳисобланган.
* Африқода ўсадиган бир йиллик бошоқли ўсимлик.
* Жанубий Америка дашти.
* Буқа билан жанг қилувчи киши.

Азиз Саид таржимаси

О, КАПИТАН, КАПИТАНИМ

О, капитан, оҳ, капитаним! Маррада-ку, мана, кемамиз,
Пўртана ва дўллар орқада, ҳаммасини енгдик ҳаммамиз.
Ана, қирғоқ, бандаргоҳ – дўстлар, одамларнинг қаранг юзига:
Минглаб кўзлар боқади бизга, кемамизнинг мотам тарзига!
Воҳ, Худойим, Худойим,
Бу қандай даҳшатли қон!
Палубада ётипти
Капитан, фидойи жон.

О капитан, оҳ, капитаним, қани, қўзғол, қара атрофга,
Янграмоқда сен учун карнай ва ҳилпирар юксакда байроқ,
Гулчамбарлар, гуллар, ленталар – булар бари сенга аталган,
Сенинг халқинг кутар трапда – ҳаяжонли, қонлари қайноқ.
Ота! Қўл бер, кўзни оч!
Бу ёмон туш, де, туриб.
Палубада ётма, йўқ,
Совқотганча, жон бериб.

Капитаним мени тингламас, гапларимга бермайди жавоб,
Ҳеч нарсани сезмас қўллари, лабларидан қочиб кетган қон.
Лекин кема бут ва бешикаст, мана, лангар ташладик, қаранг,
Оловлардан, жанглардан ўтдик, ғалабага эришдик омон.
Эй халқ, яйра, карнай чал,
Келди портга кемамиз!
Унда ётар чалқанча
Ўлган капитанимиз.

ҲАЗИН ВА ЎЙГА БОТГАН ОНЛАРИМДА

Ҳазин ва ўйга ботиб ўтирибман ёлғиз.
Шундай лаҳзаларда, ўзга юртларда, худди мендай ҳазин ва ўйчан
менга ўхшаган одамлар кўринар кўзларимга,
Мундоқ тикилиб қарасам борми, уларни кўра бошлайман
Олмонияда, Италияда, Испанияда, Францияда
Ёки олис-олисларда – Хитойда, Россияда, Японияда,
улар бошқа тилларда гаплашадилар.
Аммо, назаримда, улар билан таниша олсам,
юртдошларимдан камроқ севмасдим уларни.
О, биламан, улар билан ака-ука бўлардим,
Суяр эдик, албатта, бир-биримизни,
Биламан, мен улар билан бахтли бўлардим.

ШУНДАЙ ШАҲАР КИРДИ ТУШИМГА

Шундай шаҳар кирдики тушимга, агар ер юзининг барча юртлари
унга ҳужум қилса, эгаллай олмасмиш ҳеч қачон.
Тушимга кирган бу шаҳар Дўстлик шаҳри эмиш,
бунақаси ҳеч қачон бўлмаганмиш.
Бу шаҳарда ҳаммадан ҳам юксак қадрланар экан чин муҳаббат.
Чин муҳаббат бу шаҳар аҳлининг
Ҳар бир қадамида, ҳар бир сўзида, ҳар бир кўз қарашида
Билиниб тураркан.

КЎРИБ ЎТИРАМАН

Дунёнинг кулфатларин кўриб ўтираман – шармандалик,
қонунга зид зўравонлик ва зулм,
Назарга ташланмайдиган кўзёшларни кўраман,
ифлос ишларидан афсусланган, виждони қийналган
ёшларнинг ҳўнграб йиғлашларин эшитаман,
Кузатаман ҳаётнинг бузуқлигини:
мана, болалари ташлаб кетган оналар –
қорни оч тиланчилар, бир оёғи гўрда…
Мана, хотинлар, ҳаётини эрлари парчалаган,
мана, аҳдида турмайлиган қизбузар йигитлар.
Мен кўпчилик кўрмайдиган нарсаларни кўраман:
рашк азоблари ва бир томонлама муҳаббат,
инсонларнинг ҳамма яширин яралари.
Мен жангларни кўраман: вабони, истибдодни,
турмага гуноҳсиз тиқилганлар, қийналганларни.
Мен кемадаги очликни – матрослар “ким ўлиши керак” деб
қуръа ташлашлари ва бошқалар омон қолсин учун
бир одамни ўлдиришларини кўраман.
Мен кўраман бойларнинг гердайишларини ва қашшоқлар –
ишчилар, таланган деҳқонлар ва
уларнинг тарафини олганларнинг жон талвасасини.
Ҳа, ҳамма-ҳаммасини – бир тарафнинг пасткашлиги, аёвсизлиги,
иккинчи тарафнинг азоб-уқубатларини кўраман,
бир ерда ўтирганча кузатаман…
Мен кўраман, мен эшитаман, аммо мен индамайман.

ВИҚОРЛИ ШУҲРАТЛАР

Виқорли шуҳратлар ҳақда ўқисам – ғолиб генераллар зафари ҳақда,
ҳавасим келмайди генералларга,
Ҳавасим келмайди президентга, данғиллама қасрли бойларга ҳам.
Аммо менга севишганларнинг жигаржонлигидан гап очсалар –

улар қандай яшагани,
Хатар ва инсонлар ёвлигидан жирканиб, бирга бўлишгани умр бўйи,
Ёшликда, қирчиллама пайтларида ва қариликда
бир-бирига боғлиқ бўлганлари,
бир-бирига содиқ бўлганлари ҳақда гап очсалар –
Бошимни эгаман ва шошиб-пишиб четга чиқиб кетаман, чунки
Ҳавас мени ғажиётган бўлади бу пайт…

ҚЎЛИМДАН КЕЛСАЙДИ

(“Денгиз бўйидаги ўйлар” дан)

Қўлимдан келсайди қадимнинг улуғ шоирлари билан беллашмак,
Муҳрлай олсайдим гўзал сифатларни савлати-салобати билан,
Чорласайдим курашга Ҳомерни бутун жангларию
Ахилл, Аякс, Ҳектор каби жангчилари билан,
Шекспир каби қайғу-аламларга занжирбанд Ҳамлет, Отелло, Лирларни сувратлай олсам,
Ёки Теннисон Альфред каби кумуш сочли гўзалларни куйлай олсайдим,
Ёки куйчининг тилларини ширин қиладиган
Комил қофия ва қойил ҳижоларни эгаллай олсайдим –
О, денгиз, буларнинг жамини мен жон-жон деб алишган бўлардим
Сен агарда биргина тўлқининг мавжини менга беришга рози бўлсанг,
Унинг битта инжиқлигин менга берсанг
Ёки менинг сатрларимга намли нафасинг-ла “куҳ” десанг,
унга берсанг агар денгизнинг ҳидин.

Русчадан Миразиз Аъзам таржимаси