Эдна Миллей (Edna St. Vincent Millay) – америкалик шоира ва драматург, 1923 йилда Пулитцер мукофотини олган, XX аср АҚШ шеъриятининг энг машҳур шоираларидан бири. Шаклан мумтоз шеърларидаги чуқур ва жасур руҳ унинг фалсафий-ишқий лирикасини оламга машҳур қилди. У Роклендда (Мэн штатида) муаллим оиласида дунёга келган.
Эдна беш ёшидан шеър ёзган. 1912 йилда унинг “Renascence” шеъри «АҚШда йилнинг энг яхши шеъри” деб эътироф этилган. 1917 йилда Нью Йоркка келади ва илк шеърий китобини чоп этади. Ишқ, ҳирс, тан ва руҳ дихотомияси – унинг шеърларида асосий мавзулардир. Шакли классик, аммо мазмуни ўта замонавий бўлган бу шеърлар ҳақида бир мунаққид “у икки аср кесимида туради”, деганди, яъни шаклан – 19 асрда, мазмунан – 20 асрда бироз модернизм билан овунган китобхонлар бугунга келиб, яна Эдна Миллей сингари қалб шеърияти томон қайтмоқдалар.
ИЛОҲИЙ ДУНЁ
Илоҳим, мен сендан беркинолмайман!
Сенинг шамолларинг эсар аршингдан!
Туманларинг ёпар далаларингни,
Сенинг ўрмонинг бу – турар қаршимда.
Шу қадар турфаранг, рақс тушар соя,
Тубсизлик устида қора одамдай
Майдаланиб борар қадимий қоя.
Ҳаммаси сеники бўлган Дунёда
Илоҳим, мен сендан беркинолмайман!
Мен бу ўрмонларни биламан дердим,
Гўзал бир ўрмон-да… нима қилибди?!
Бугун – у даҳшатли! Жуда ҳам гўзал!
Бу йил дунё яна ойдай тўлибди!
Ибодат қилади юрагим, қалбим:
Илоҳим, узмагин бирорта баргни,
Бир қушни бўзлатма ногоҳон, Тангрим!
***
Нима деган бўлсам, дедим, эҳтимол,
Лек мен учун дилга яқини шудир:
Бўғоз сувларини тоштирган ёмғир,
Кўрфазда ўтларни тебратган шамол,
Тўлқин қайтишида қолган сув изи,
Қирғоқда чиғаноқ куйлаган куй, сас…
Бу, балким, энг оддий бир манзарадир,
Лекин менга азиз, унутиб бўлмас.
ТУҒИЛМАГАН ГЎДАК УЧУН АЛЛА
«Ухла, ушоққинам, болам, ухлагин,
Тангрим, унга толе сўрайди лабим!»
Менинг яхшигинам, аммо сен ҳали –
Китоб ичидаги бир сиймо каби.
Мен сенга бир дунё қиларман туҳфа!
Лек келмади ҳали туғилмоқ они.
Гўё қор тагида ётар кўмилиб
То баҳор келгунча дил ҳаяжони…
ҚАЙҒУ БИЛАН ҚОНДОШЛИК
Мен охир Ғам ила қондош тутиндим,
У тез-тез уйимда бўлади меҳмон,
Эшикни оҳиста ғичирлатади –
Шамол силагандек хўрсинар айвон.
Райҳон орасидан ўтиб, муаззам –
Қошига чиқаман – гуллар настарин,
Настарин ортида – жилмаяди Ғам.
Гулларни босмайди, келади раҳми.
Менга-чи? Раҳм этмас, мен – унинг аҳли.
Биз энди у билан ҳамроҳ ҳамма вақт.
О, Ғам, хуш келибсан, уйга марҳамат!
***
Севгилим, бир куни эшитсам ногоҳ,
Уйимда қолдириб, дилга солиб ғам,
Худди мени ташлаб кетганинг каби
Бехос кетганингни бу дунёдан ҳам,
Ногоҳ – йўл четида бир одам турса,
Мен-чи трамвайда газет вароқлаб,
Марҳумлар сафида номингни кўрсам,
Асло юбормайман аламдан додлаб,
Сочимни юлмайман, ғамга тўлмайман,
Қўлим синдирмайман, тутмайман мотам.
Секин кузатаман, ана, шошилиб,
Йўлдан шошиб борар бир одам хурсанд –
У одам бўлишинг мумкин эди сен,
Агар тасодифан ўлмаган бўлсанг.
Секин кузатаман, зимдан қарайман,
Лип-лип ўчиб ёнар чироқлар, йўқсан,
Газета ўқийман мен эса ичкин:
Қай тарзда куядан мўйна асралар,
Сочни қандай қилиб турмаклаш мумкин…
«ҚАЧОНДИР ТУНУ-КУН ҚИЛИНГАН ТОАТ …»
Қачондир туну-кун қилинган тоат,
Энди эгаллаган пўпанак, қамиш,
Тангри ҳам охири тамом тарк этган
Эҳромни зиёрат этгандай дарвиш;
Руҳ чиқиб гўридан тошлар ичида
Интиқиб, зориқиб, қимтиниб лаби,
Ҳарфлар ўчиб кетган қабр тошидан
Исмини зирқираб излаган каби;
Мен ҳам биз учрашган жойга келарман.
Сенинг руҳинг ўчган, кул бўлган жонинг…
Қачондир шу ерда жўш урган қонинг:
Мен сени туну-кун излайман бунда,
Севгимни излайман. Тинчирман қандай?!
Юрарман, сафардан қайтган бир фарзанд
Ўт босган қабристон ичида йиғлаб,
Онасин қабрини излаб юргандай.
«ҲУВИЛЛАМА, ЖИМ БЎЛ, ҚОРНИ ОЧ ҚАБРИМ!»
Ҳувиллама, жим бўл, қорни оч қабрим!
Мен ҳали ҳаётга тўймадим тотиб.
Ҳозирча гўр четин кемириб тургин!
Чала ишларимни олай тугатиб.
Ҳаммани сен охир олишинг билиб
турсам ҳам, бир ўғил туғиб оларман,
Ҳозирча яшайин, яшайин бир оз –
кун келар, жилмайиб туриб ўларман.
Ҳозирча озгина чўзилсин ҳаёт.
Ўлимнинг соати бироз кечиксин.
Қабрим мени кутиб бироз ичиксин,
Ёниб яшаяпман, ёниб тугарман,
Очликдан ҳувиллаб ётган қабримга
бир ҳовуч суягим нондай тутарман!
«ЭЙ ОҒРИҚ, СЕН НАҲОТ УМРБОД ҲАМРОҲ …»
Эй оғриқ, сен наҳот умрбод ҳамроҳ,
Шериксан нонимга, уйим, тафтимга?
Бир умр бошимни эговлар бурғу?
Аламсан қалбимда, изсан кафтимда!
Шундоқ, ахир, сендан қочиб кетмасман,
Оғриқ, сенсиз менга йўқ экан ҳаёт …
Мен нонимни ейман, сен ерсан жонни.
Айрў яшолмасак бир-бирдан, наҳот!
Уйимга кирарсан – ибосиз меҳмон,
Совуқ қарашингдан музлайди қўлим,
Куним ҳам, туним ҳам сеники тамом,
Сен билан уй-ичим, сен билан йўлим.
Оғриқ, бир тун, сокин ухлаганда эл,
Келганда ҳаётнинг сўнгги фурсати,
Бирга яшагандик, бирга ўлармиз, –
Демак, измимдадир сенинг қисматинг!
ҚАЙТИШ
Замин тушунмайди болаларини.
Биз-чи, жондан тўйиб кетган чоғларда,
Шаҳарлар шовқини, ғамидан қочиб,
Чиқиб кетармиз гоҳ боғ-у тоғларга.
Ернинг ҳамма учун эшиги очиқ,
Замин неъматларга чексиз тўладир:
Ярадор овчилар ҳам овланганлар
Судралиб тупроққа томон келадир.
Замин уйғонади эрта саҳардан,
Баҳорда барг ёзар, кузда тўкади,
Афсусга, қайғуга йўқ эрур ҳожат –
Армонлар инсоннинг қаддин букади.
Замин ҳаммамизни олар бағрига,
Тинч ётармиз кейин ерда мунғайиб,
Ўтар кунлар, ойлар, йиллар, асрлар…
Қабримиз туради қирда дўмпайиб;
Ғамни ва армонни тотган инсонлар,
Дўстлар осонгина сотган инсонлар,
Минг йилки қандоғоч барги тўкилган
Қабрнинг остида ётган инсонлар…
СУНБУЛ
Мен бу одамни севаман, у севади сунбулларни,
Гуллар унга мендан, севгимдан-да азизроқ.
Оқшомлар у дала сичқонларин ғимирлашини сезади;
Уйқуси қочади –
Эшитади у сунбуллларнинг илдизини сичқон кемираётганини;
Эшитмас менинг юрагимни соғинч кемираётганини, юрагимдан қон оқаётганини билмас…
МУСИҚАСИЗ МАРСИЯ
Ўликларимизни бағрига олаётган замин бехад миннатдордир, балким,
лекин мағрур инсонларнинг бирин-кетин қабрга,
ерга кетишларига мен ҳеч қачон кўниколмайман.
Шундоқ ўзи, шундай бўлган ва шундай бўлади мудом:
Кимдир – обрў билан,
кимдир бешону шуҳрат,
охири бир кун жимгина ерга кириб кетаверади.
Лекин мен бунга кўниколмайман.
Ҳаммангиз кетасиз ер тагига,
тўпланасиз севиклилар, донишмандлар.
Ҳаммангизни ўлим хокка айлантириб, тўплар бир ерга.
Қуринг, ёзинг, изланг, кулинглар ва орзуланинглар!
Формулангиз, сўзингиз қолади – асоси сиз билан кетади гўрга.
Ижод ва ҳайратлар, қувноқларнинг янгроқ кулгуси!
Ҳаммасини ютар қабр, лаҳаддаги совуққон зулмат.
Қабрлардан унар ёрқин лолақизғалдоқлар,
Аммо сизларнинг кўзларингиз
офтобда ловуллаган лолақизғалдоқ алвонидан ёрқинроқ эди.
Чуқурга, қуйига, пастга –
қабрнинг қаро зулмати томон!
Инжа, хокисор одам жимгина киради ерга, найлай ман,
Ботир кулиб кирар ерга, оқил хотиржам беради жон…
Биламан.
Аммо исён қиламан.
Ҳаммани ер олишига кўниколмайман.
Ҳеч қачон.
БАЗМ
Дастурхонлар ёнидан ўтдим,
Тотдим ҳар бир қадаҳдан шу тоб,
Билдим, асли чанқоқ, ташналик –
Бу дунёда энг тотли шароб.
Неъматларин тотдим заминнинг,
Бир қарорга келдим оқибат –
Орзу – асли ушбу дунёда
Энг тўйимли, энг тансиқ овқат.
Бу дунёнинг барин сотарман,
Тарқатарман барини текин.
Ташналик ва очлик бағрида
Ором олиб ётарман секин…
Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржимаси