Раду – Мадагаскар шоири.
МАНГУ АЙРИЛИҚ
Видолашмоқ оғир марҳумлар билан,
Юрагингни ўртар мотам лаҳзаси.
Ундан аламлироқ экан аслида,
Тирик айрилмоқнинг ғамли зарбаси.
Шеърлар ҳам уларга ўхшайди бешак,
Шабнам умри нима, ғариб бир безак.
Ҳидин ким ҳам эслар, лекин азиз у,
Чунки хотиротни уйғотар мангу.
* * *
Қум рангидек заъфарондир япроқлар,
Заъфарон япроқлар шамолда учар.
Тега кўрма ҳасратини тирноқлаб,
Севги ва соғинчдан ловуллар улар.
Қишда кумуш рангга айланишади,
Шарбатга тўйдирар уларни баҳор.
Саратон тафтида чангланишади
Кузги чизгиларнинг излари ҳам бор.
* * *
Майли, кўкармасин гуллар, кўкатлар,
Майли, барқ урмасин боғларда баҳор.
Ширин сўзлашларинг азиз жон қадар,
Жарангламай қолсин, майлига, такрор.
Майли, мангу сўнсин кўкда моҳитоб,
Майли, чарақлашин бас қилсин офтоб.
Табассуминг илғаб қоламан яққол
Заҳарли қисматдан яратар у бол.
Мўътабар ва азиз мангу хотирам
Мангу ҳамроҳимдир мен билан бирга.
Сенинг эҳтиросинг, бизларнинг қасам,
Мени олиб кетар сокин қабрга.
Муҳаммад Ҳайдар таржималари