Мзи Махола (1949)

Мзи Махола 12 ёшидан шеърлар ёза бошлади ва китоби босилиб чиқди. Китоби дарҳол конфискация қилинди, ҳолбуки, у миллий ва байналмилал характерда эди. Шеърлари саккизта антологиядан ўрин олди.“Даҳшатли шамоллар”(1994) тўпламини адабий жамоатчилик ижобий баҳолади. 1995 йилда Женевада Бутун Африка адабиёти симпозиумида қатнашди. 2000 йилда “Ёмғир келганда” тўплами чиқди ва Олиф Скринер мукофотига сазовор бўлди. Лицей ва университетларда ўқитила бошланди. Ҳозир китоб дўкони очган, унда ўзининг ва африкалик миллий шоирларнинг китоблари сотилади.

ЭШИТМАСЛАР

Нишон қилиб кўрсатарлар мени ҳозироқ
Айблайдилар намойиш ортидан эргашганликда,
Айбларлар албатта
Тўпладим халқимни,
Сокин бир тош танладим
Чўкиш учун устига,
Янги хабарлар бердим
Қулоқлари миш-миш билан тўлиб келганлар
Шуҳратпарастликда айбладилар мени,
Ундан кўра тоғлардан, дарёлардан кечиб
Изоҳлашимни истайдилар қиссаларимни
Бегона ерларда,
Мен эса ҳар дафъа шеър ўқийман аммо
Улар бармоқларини тиқарлар қулоқларига
Бир гап айтолмайдилар менга
Нечун шеърларни энг гўзал шаклда
Аччиқ алам чўққисидан ўқиганимни.
Унга мадҳиялар тизадиган
Шоир эмаслигимни таърифлайдилар.
Сўз очмаслар айтилмаган оммавий фикрлардан
Бўғилган чоғимда нима қилажагимни,
Сўз очмаслар тилимни ўраб олаётган ўсимталарнинг
Жабру жафосидан қандай қутулажагимни
Бекитсам агар оғзимни.
Заҳарли қўзиқоринлардан бир оқшом егулик
еганимни ўйлашар балки.
Охири зерикади дейдилар, яқинда
Бекорга уринаверишдан,
Жон бериб ишлашдан
Сўнгги нафасида бир калтакесакка.
Шамол париллатар қанотларини
Элтар шеърларимни узоқларга.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси