Муҳаммад ал-Фойтурий (Судан)

Муҳаммад ал-Фойтурий – Судан шоири.

АФРИКА ОВОЗИ

Сербардош Африка,
Дардли Африка!
Эй, ўзга юрт худоларига
Қурбонликка берилган ҳаёт!
Сув эмас, кон сингган,
Тер сингган ерига,
Тинкаси қуриган,
Илиги сўрилган,
Шўрлик Африка,
У дамларинг сенга энди ёт.
Бошланмоқда янги давр —
Кулар озод ўлкалар.
Улоқтириб қуллик занжирин,
Тикланмоқда букик елкалар.
Овозингни эшитяпман,
Африка!
Ғазаб билан тўлиб тошган
Овозинг.
Унда
Шамолларнинг оташ нафаси,
Майсаларнинг шитирлаши бор.
Унда
Дарёларнинг ҳансирашию
Учқур шаршаранинг
Шовқини такрор.
Овозингни эшитяпман,
Африка!
Жуда аниқ,
Жуда тиниқ овозинг.
Унда
Деққон, далаларнинг
Оҳангдор қўшиғи
Оқади майин.
Унда
Ёғоч омоч ғижири,
Ёрғучоқнинг ҳорғин ғир-ғири
Таралади
Ҳарён тинмайин.
Овозингни эшитяпман,
Африка!
Хўп навқирон,
Тантанавор овозинг.
Унда
Жўшқин ёшлик уфурар.
Унда
Устозларнинг чақириқлари
Халқ мажлиси узра бонг урар.
Унда қалбингиз гурсиллаши-ю,
Тамтамларнинг толмас,
Шиддаткор:
Озодлик!
Озодлик!
Озодлик! — дея
Эрксевар овози
Янграр жарангдор.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси