Деннис Брутус (Dennis Vincent Brutus) Жанубий Родезиянинг (ҳозирги Зимбабве) Солсбери шаҳрида туғилган. Витватерсранд университетини тамомлаган. Бир неча йил ўқитувчи бўлиб ишлади. Ирқий айирмачиликка қарши олиб борилган жуда кўп курашларда, айниқса спорт соҳасидаги бундай ҳолларга ҳеч қачон чидаб қараб турмади. Шунда зўравонлар уни турмага тиқдилар. Қамоқдан чиққач, Лондонга кўчиб кетди. Жанубий Африка Республикасининг Кай вилоятида туб африкаликларни Транскей деган жойга йиғиб, сўнгра уларни энг оғир ишларга, олтин ва уран конларига жўнатадилар. Шоир жаҳон жамотчилиги эътиборини ана шу ҳодисага қаратувчи шеърлари ва бошқа ирқий айирмачиликка оид кескин руҳли асарлари билан халқнинг ҳурмати ва муҳаббатини қозонган.
ТУНГИ ШАҲАР
Севгилим, илоҳо, уйқунг тинч бўлсин!
Ташда – совуқ денгиз, сув тошқинлари;
патрул машиналар бутун шаҳарга
сувараклар галасидай ўрмалаб кетди.
Улар азоб тўла кулбаларга етди,
битлаган ёстиқлар отилди кўчага;
жомлар титроғида даҳшат яширин,
қумлоқ, тошлоқларда ҳарсиллар ғазаб…
Осойишта ўтсин шу сокин кечанг,
севимли тупроғим, уйқунг тинч бўлсин!
* * *
Жондош тупроғимда чўзилган йўлим.
Мен – бир бурғучиман, йўқдир тинч онлар;
барглари шилдираб кутар ўрмонлар,
уларга шошилиб чўзаман қўлим.
Тақиқдан иборат ўнгиму сўлим –
фикрдан, орзудан кулар ҳайвонлар,
пулемётлар шайдир тўкмоққа қонлар,
аммо қўрқитолмас, бил, мени ўлим.
Чалганча бораман дам бермай бурғумга.
Яхшилигим учун, ҳақлигим учун
чилвирин солишган улар бўйнимга,
қаттиқроқ тортишар, кўрсатиб кучин.
Қораман-да, улар қилмаслар раҳм,
ўқларин сояси тешади бағрим.
* * *
Урилдик, сурилдик, лек омон қолдик,
севгимиз сўлмади, ҳаққимиз олдик.
Қўпол тимирскилар нур дасталари
нотавон яланғоч танларимизни;
кўчкиларнинг мангу даҳшати каби
тепамизда турар мустабид тақиқ;
эшикларимиз этиклар тепкисидан
ёрилган, жойларидан кўчиб кетган.
Айрилиқ, йўқотишлар, маҳрумиятлар
лекин йўқ қилолмади бизни.
Қоронғи йўлларда патруллар ҳамон
ҳужумга шай турган минг бошли илон.
Энг ёмони шуки, она тупроғим
хунуклашиб кетди босқинлардан.
Тинкамиз қуриган, хормизу тарқоқ,
хўрланган бўлсак-да, севгимиз яшноқ.
Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси