Башир Хаж Али (Жазоир)

ЖАЗОИР ОҚШОМЛАРИ

Тун соҳиби мужоҳидларга*.

Рутубатли оқшом чўкканда
Гитаранинг сирли торини
Силаш жуда
Мароқли, дўстлар.

Булут тинмай кўзёш тўкканда
Ташналикнинг азобларини
Эслаш жуда
Мароқли, дўстлар.

Тонготарда шафақ қизариб,
Тун зулмати чекинган палла
Яшаш жуда
Мароқли, дўстлар.

Лекин айтинг, мен нима қилай?
Сокин оқшом чўкканда нуқул —
Авжга чиқса қамоқда қийноқ,
Кўз ўйилиб, синдирилса қўл.

О, қанийди бўлсайдим мен ҳам
Белқоирдек* оташин шоир,
Каторганинг қора тунлари —
Оқшомларинг ҳақда, Жазоир,
Одамларга гапиролсайдим.

Ширин тушлар, чирмашган хурмо,
Орзудаги сокин ойдин тун.
Нафис никоҳ дурраси каби
Шудринг билан қопланган бутун.

Оқшом — хино қўйган маҳбуба,
Дастрўмолли гўзал раққоса.
Мунгли найнинг ноласидир у —
Мотамсаро бўшлиқ ва қайғу.

Оқшом — ширин сирлар ҳамроҳи.
Тоғда милт-милт этган чироқдир.
Томоғингга тиқилиб келган —
Сукунату совуқ фироқдир.

Ғариб кулба узра таралур
Деҳқонларнинг оқшом қўшиғи.
Хонавайрон қишлоқлар ғамин.
Тотаяпмиз бизлар беҳузур.

Балқиб тўлин ой чиққан кеча
Бутун атроф сутдай ёп-ёруғ.
Тиканли сим тўсиқ кўзларга.
Кўринади ваҳимали чўғ.

Байрам туни.
Осмон томон чўзилган қўллар,
Тепадан-чи, бомба ёғилар.
Одамларнинг бошлари узра.
Айланади учоқ вағиллаб.

Тоғ оқшоми.
Шершелдаги* баланд тепа-қир,
Ўтиб бўлмас тўқайзор маки*
Сенга мангу тимсол, Жазоир.

Ҳушбўй оқшом.
Кўк гумбазлар қаҳқаҳаси.
Босинқираш, бежо тушлар,
Изтиробнинг аччиқ саси.
О, зиндонда тоқ ҳужранинг
Жонни ўртар талвасаси.

Ўлим ҳукми ўқилган тун…
Нуридийдам — ўғлим қани?
Рафиқамнинг кўзларини
Кўролмасам, наҳот, худо?
Ахир, мени ҳаётимдан
Қилурлар тонг чоғи жудо!
_________
* М у ж о ҳ и д л а р — Жазоир озодлик армияси жангчилари.
* Б е л қ о и р — Х1Х асрда яшаган жазоирлик шоир. Халқ қўзғолонида қатнашгани учун француз мустамлакачилари томонидан Корсикага сургун қилинган.
* Ш е р ш е л — Жазоирнинг шимолидаги шаҳар.
* М а к и — партизанлар яширинган тўқай бутазор.

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржималари.