Абу Ал-Қосим Саъдулла (Жазоир)

МАНГУЛИК

Бошинг узра
Шафақ ёришар,
Ўрмонлар бўялмиш
Қирмизи қонга.
Осмонинг қоплаган
Булутлар қочар
Босқинчи тўдалар
Каби ҳар ёнга.
Туннинг томоғида
Шафақнинг қўли,
Душман кекирдагин
Маҳкам бўғади.
Она-Ерга офтоб
Нури ёғади.
Бу нур майин
Қизлар қўлидай.
Жазоир,
Юрагим, қоним,
Бошинг узра
Шафақ юксалар.
Тоғлар бурғу чалар,
Денгиз шовуллар.
Улар кўксимизда
Акс-садо берар.
Ботирлар одимлар,
Гурсиллар йўллар.
Далалар бизларга
Тутади гуллар.
Уфққа ботаётган
Қуёш жилмаяр,
Жазоир!
Баҳодир ўғлонлар
Шуҳратинг ёяр.
Жазоир!
Янграйди ноғораларинг —
Озодлигинг
Мангудир сенинг.
Жазоир!
Вақт даволайди
Қалб яраларинг.

ТОҒДАН ХАТ

Қисқа сатрларни ўқидинг аста,
Оёғинг остида қалқиб кетди ер.
Гўё юрагингга санчилди тикан,
Оғриқдан манглайда ялтиради тер.

Яшин бўлиб ўрди қабоҳат уруш,
Кунпаякун бўлди маъсум хонадон.
Унга босиб кирди бирдан сукунат
Ўлик жимлик чўкди ғариб хонага.

Икки қўлинг билан тиззангни қучиб,
Пастқам остонага чўкдинг энтикиб,
Узоқ шивирладинг: “Ёлғон! У тирик,
У тирик, ўлиши мумкин эмас”, деб.

“Минглаб балолардан соғ-омон ўтиб,
У қайтиб келади бағримга яна…”
Сенга олислардан қадрдон овоз
Гўё эшитилар жавобан, мана:

“Севгилим, ипакдай майин лабларинг,
Энди менга ато этолмайди жон.
Тоғ сўқмоғи мени узоққа элтди,
Энди ортга қайтиб бормоғим гумон.

Атлас кедрлари аллалар мени,
Бошим узра қўшиқ айтар юлдузлар.
Кичик бир тошчаман мен бу тупроқда
Унга отгандирман мангу илдизлар.

Ишонаман: умрим этади давом,
Юришидан асло тўхтамас замон.
Униб чиққан уруғ каби юрагим
Гуллар билан ўсиб, яшар бегумон.”

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржималари