Ажмал Хаттак (1925-2010)

Муҳаммад Ажмал Хаттак ( اجمل خټک) Пуштунистоннинг Акора Хаттак деган қишлоғида дунёга келди. Ажмал афғон адабиётига Хушҳолхондан ташқари яна ўнлаб забардаст шоирларни етиштириб берган хаттаклар хонадонига мансубдир.
Отаси Ҳикмат Хаттак барвақт вафот этиб, бўлажак шоир етимлкда ўсади. Мактабни битиргач, 1943 йилдан бошлаб ойига 20 рупиядан маош олиб ўқитувчилик қила бошлайди.
Ажмал Хаттакнинг ёшлигиданоқ шеъриятга ихлоси зўр эди, унинг ўзи ҳам мустақил шеърлар ёза бошлайди. 1937 йили Ажмал Хушҳолхон қабри устида ташкил қилинган мушоирада ўзининг илк шеърлари билан қатнашади. 1948 йили Ноушарда уюштирилган «Адабий жирға» (адабий мажлис) да ҳам қатнашади.
Акора Хаттак қишлоғида Ажмал Хаттак паштў тили ва адабиёти ихлосмандларидан «Дъ пашто базт адаб» (паштў адабиёти базми) номи билан бир адабий тўгарак тузади. Бу адабий махфил тез орада Свот, Бунир, Дарбанд каби вилоятларда ҳам адиб ва шоирлар минбарига айланди. Ажмал Хаттак раҳбарлигида мазкур адабий махфил томонидан паштў адабиёти саҳифаларини бойитган прозаик ва шеърий асарлар нашр эттирилади. «Миллий кўзгу», «Ҳаёт пайи», «Алангалар», «Тутун», «Чодир», «Афғон кўшиқлари» каби тўпламлар шулар жумласидандир.
1958 йилда шоирнинг «Дъ ғайрат чиға» (Ғайрат наъраси), «Качкул» (Дарвишлар олиб юрадиган идиш) номли тўпламлари нашр эттирилган.

РУБОИЙЛАР

Айб

Тангри берган созим соз, хушсадодур
Баёним кўзгуси соф, бериёдур.
Тезак юмалатган қўнғиз эмасман
Айбим шул — булбулман, дил сернаводир.

Пайғом

Шивир-шивир қилар чаманда гуллар:
«Улар бундоқ эмиш, ундоқмиш булар.
Анов гул ҳолига қаранг, ажабо,
У тикан заҳмини чекса ҳам кулар».

Xабар

Панжарага келиб қўнди бир булбул,
Мен — маҳбусга боқиб нола қилди ул.
«Булбул хабар олмиш булбул ҳолидан»
Дея нарироқда сўйлар икки гул.

Ғусса

Ҳар томонда тузоқ, арқон ва қопқон.
Йўқ, бу юрт чаманмас, шикорга макон.
Булбул гул шохида — мен ҳибсда лол,
Нафасимдан оташ туташар ҳарён.

Хабардорлик

Сокин эди еру, тинч эди осмон,
Денгиз жимжит эди гўё кенг майдон,
Бир ҳушёр денгизчи қичқирди шу пайт
Ҳой-ҳой! Денгиз нотинч! Бошланар тўфон!»

Янги ҳаёт

Вақт келар, эсади насими сабо,
Синиқ қанотига бахш этар даво.
У пайт қанотимнинг ҳар бир паридан
Ажиб янги ҳаёт бўлади пайдо.

Панжарага

Ҳовур бўлиб учди тупроқдаги нам
Димоғимга келди гул бўйлари ҳам.
Миннатдорман сендан совуҳ панжара
Сендан ўтиб кирди хонамга кўклам.

Яна панжарага

Панжара ортида, бу танг бурчакда
Дилим асирликда азоб чекмакда.
Чаман деб аталган бу юртдан, эй гул,
Яшаганим афзал шу тор катакда.

Туғён овози

Мен — Хушҳол хокидан бош кўтарган жон
Обо Синд, Тоторда машъали тобон.
Золим, мен бир замон чўғ эдим фақат
Зулмингдан ўт олди кўксимда туғён.

Туҳмат

Сўзларинг ажибдир. Эшит эй сода,
Лочин бойқушларни титар самода.
Ўроқ бўлиб кессам хонлик илдизин
Дейсан: Тиканга сув бердинг саҳрода.

Золимга

Золим, қанча кесма тилимни, бироқ —
Чархланган шамширдек бўлди кескинроқ.
Эр бўлсанг қулоғинг кесиб от, золим,
Мумкин эмас нағма созим синдирмоқ.

Ёронлар

Ёронлар, иш чиқмас туташдан фақат
Етди олов бўлиб ёнмоққа фурсат.
Яшнамоғи учун янги чаманзор
Хазон гулзорини кесинг бешафқат.

Жаннат

Аҳли бою боён умри ишратда,
Улар яшамоқда гўё жаннатда.
Жаннат яратайлик ғарибларга ҳам,
Улар токай яшар дўзах-ғурбатда.

Заҳм

Недандир найдаги бу дардли овоз
Ғам билан тешилган кўнгли айлар соз.
Бедорлик созидир ҳар бир нафасим,
Дард тикани кўксим заҳм этгани соз.

Журъат

Бир хушхабар келтир, сабо, тонг чоғи
Мени банди қилди туҳмат сиртмоғи.
Гул ишқи ёнади қайноқ қонимда
Кўзим ҳалқасида сайёд тузоғи.

Замона

Бу юртда боя сўзи бажо бўлибди,
Ғариб сўзи куфру хато бўлибди.
Тангри тангриликдан жудо булибди,
Муллалар, эшонлар худо бўлибди.

Зўравонга

Оғзинга урдингу қилдинг қора қон,
Аммо сўзларимни эшит, зўравон.
Ғариблар шундоқ ҳам бағри қон, аммо
Бир кун навбат келар сенга ҳам, ишон.

Инсон

Сен қози бўлсанг ҳам, мулла ёки хон
Ўзингни ўйлама фақат, ҳеч қачон.
Гапимга қулоқ сол, маслаҳатим шу:
Ким бўлсанг аввал бўл ҳақиқий инсон.

Ўз амалинг

Кўп китоб ўқидим, кўп тингладим панд,
Дониш сирин очди нсча хирадманд.
Шу нарсани билдим: яхшими, ёмон
Ўз амалинг билан бўл доимо банд.

Иқрор

Майли, мулла мени десин «лаънати»
Майли, менга бўлсин шайхнинг туҳмати.
Аммо сенинг ишқинг бор экан, жоним,
Ўзни ҳисоблайман доим жаннати.

Очликка илож борми?

Бизларни кўр қилдинг, мих уриб кўзга,
Тилга кишан солиб ғов қилдинг сўзга,
Ғаллани беркитдинг хумларни босиб,
Ҳар не йўлин тўсдинг очликдан ўзга.

Огоҳ бўлурсан

Тупроқда ётибман, золим, чекиб оҳ,
Нолам эшитмайсан, солмайсан нигоҳ,
«Хаттак ўлмиш» дея тарқалса хабар
Фақат шу хабардан бўлурсан огоҳ.

Дил ғунчаси

Кўкка ўрлаётган, эй совуқ тутун
Панжарамга яқин келмагин бу кун.
Ёш қалбим ғунчасин сўлдириб қўйма,
Орзум кўп, ҳаётим олдинда бутун.

Соқийга

Соқий, узат менга майли арғувон,
Аччиқ шаробингга бўлайин қурбон.
Тўла қадаҳ сунгил, сал ором топсин
Ҳаёт аччиқларин кўп тортган бу жон.

Қарорим

На савоб иш қилдим мен ва на гуноҳ,
На шодон куларман, на чекарман оҳ.
Мен ҳеч ким эмасман, ким бўлсамда мен
Фақат сеникиман, шу етар, биллоҳ.

Xор

Унда зироат йўқ — хор деб айтурлар
Бунда иморат йўқ — хор деб айтурлар.
Ҳақиқий одамлар агар одамда
Инсоний хислат йўқ — хор деб айтурлар.

Истак

Уним йўқ, буним йўқ демасман зинҳор
Менга басдур бўлса садоқатли ёр.
Унинг бир дилрабо хандаси учун
Мен икки оламдан кечмоққа тайёр.

Эркин Воҳидов таржималари