Аҳмадшоҳ Дуроний (1721-1771)

Аҳмадшоҳ Дуроний (1721—1771) фақатгина афғон миллий давлатининг асосчиси бўлибгина қолмай (1747 йилда биринчи мартаба афғон миллий феодал давлати барпо этилади), XVIII аср афғон поэзиясининг давомчиси сифатида ўз она тили — паштў тилида лирик шеърлар яратган шоир ҳамдир.
1940 йилда Кобулда Аҳмадшоҳ Дуронийнинг 3000 байтдан иборат девони нашр этилди. Девондаги ғазал, қитъа ва рубоийлар ўзининг равонлиги ва содда иборалар орқали чуқур инсоний туйғуларни тараннум этганлиги билан Раҳмонбобо шеърият услубига яқинлашиб кетади. Аҳмадшоҳ шеърларида айниқса ватанпарварлик ҳиссиётлари кучли.
Аҳмадшоҳ Дуроний девонининг нодир қўлёзмаларидан бири Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланиб келмоқда.

РУБОИЙЛАР

Тўрт томондан дур сенга боқар ярақлаб,
Агар илминг чироғи ёнса чарақлаб.
Руҳ илмдан олгайдир чароғонликни,
Бад табиат инсои ҳам бўлғуси хуш таъб.

* * *

Илмга боқ, у қандай азм дарёдир,
Минг ирмоғин минг ёққа тараб бородир.
Шул боисдан қадри ҳам ҳамиша юксак,
Илм ўрган, қўлингда у зўр туғродир.

* * *

Ҳамиша ёдимда рухсоринг, маҳбуб,
Дарё бўлар кўз ёш юзимдан оқиб.
Дарё нима, ҳосил бўлганида кўл,
Юрагим ғарқ бўлур, қалқиб ва қалқиб.

* * *

Рухсорингни кўрсат, эй раҳмсиз ёр,
Мен фиғон чекаман тун-у кун бедор.
Қачонки сен менга боқсанг бир қиё,—
Қалбим фироқлардан қутулур, нигор.

* * *

Жаранглатиб қўнғироғини
Карвон борар, янғироғини —
Тинглаб, умр шамолдай ўтар.
Ким боқий дер ҳаёт боғини?!

* * *

Шон-шуҳратсиз, сокин ўтгандан кўра
Бошинг қилич кесса,— афзалдир, жўра.
Вафосиз умрдан не фойда ахир,
Ўлимнинг ютгани аъло юз бора.

* * *

Ул қора зулфлар этди дилимни банди,
Энди дилда оқ рухсор армони ёнди.
Мен ғафлат уйқусида эканман, булбул —
Афғонидан кейиноқ қалбим уйғонди.

* * *

Иккови ҳам қурбон бўлсин дилбаримга ягона:
Менинг азиз бошим, ҳамда бор бойлигим — дурдона.
Муҳаббатим йўлида гар бошим кетса розиман,
Бу шандойи Аҳмад шаксиз қилур байрам, шодёна.

* * *

Ёниб турса ҳам фан чироқлари,
Зулматда юрар ғофиллар бари.
Сен-чи, илмга йўлдош бўл мудом,
Ҳимматинг — қанот, уч билим сари!

Юсуф Шомансур таржималари