Юхан Борген. Бахт (ҳикоя)

Лиза ҳафтада бир марта қишлоққа, почта қутисига тушарди. Қишда эски, тўмтоқ, лекин ҳали маҳкам чанғисида елиб келар, Ионнинг кемадай катта, обдон мойланган этикларида озғин, қуруқ оёқлари сузиб юрар, шу важдан газета қоғозларини унга тиқарди. Чанғи таёқчаларига суяниб, сўқмоқ бўйлаб учаркан, ортидан қор булутларини кўтариб, Қашқа тоғларидан энаётган афсунгарга ўхшаб кетарди, ботқоқ дўнгликлари сув билан қопланган кузги кезларда минг машаққатда йўлларни пайпаслаб босар, дағал этиклар ичида оёқлари лўкиллаб турарди.
Ёзги ўтлоқ сўқмоқларидан сал чўккан ботқоқ сувлари бўйлаб дадил ўтар, қишлоқда пайдо бўлиб қолса, одамлар деразаларидан мўралаб: “Мўъжизанинг ўзгинаси-я, Лиза ҳечам қаримайди”, — дейишар, болаларини юбориб, қаҳва ичишга таклиф қилишар, бундан Лиза ҳам хурсанд бўларди.
У киришимли эди, кекса аёлнинг юзидаги жўғрофия харитасига чизилгандай кесик-кесик ажинларига болалар қизиқсиниб тикилишар, ҳадик ва ҳаяжон ўтида нозик бармоқларида бўртиб турган кўм-кўк томирлари, терисини ушлаб кўришар, бу томирлар филникидай кўриниб қолган суяклари остида бўлиниб-бўлиниб кетган кенг водийлар, тоғ тизмаларига ўхшаб кетарди.
Қишлоқка олиб борадиган тор сўқмоқдан тушган жойга учта устунга мовий, сарғиш ва қизил почта қутилари қоқилган. Ўн йиллар бурун атрофдаги тўсиқлар бузилиб кетган, бироқ давлат тамғаси босилган учта устундаги қутилар олиб ташланмаган.
Лиза сарғиш қутининг ёнига келарди. Унга қачонлардир қора ҳарфларда кичкина тоғ қишлоғининг номи ёзилган, аммо аллақачон ўчиб кетган. Қолаверса, бу аҳамиятсиздай, чунки хат ташувчи қишлоқ одамларини ёддан биларди. Энди у ҳам Лизадай қариди.
Лизанинг ҳаётида учта муҳим воқеа рўй берди: “Титаник” ҳалокати, Йоннинг ҳалок бўлиши ва лотерея ютуғи. Сўнгги воқеалар хабарини почтадан олар эди. “Титаник”дан тасодифан хабар топди: уйига шу хабар босилган газета билан йўловчи кириб келди. Одатда, у газета ўқимасди, ҳозиргидай ёлғиз қояларга урилиб, парчаланиб кетган кема ҳалокати уни шундай эсанкиратдики, хотирасига ўрнашиб, нималарнингдир ишоратига айланди. Хаёлидан ўчириб юборолмади. Бу дунёда рўй берган бошқа кўргиликлар олдида ҳеч гап эмас эди. Ўша йўловчи Йоннинг отаси бўлди. Ўрмондан кўплар қатори уникига кириб келди. Тонг отгач, қаҳва, ётоққа ҳақ тўлади-ю, кетди. Лиза уни бошқа кўрмади. Бу унинг ягона хатоси эди. Ёш ва гўзал экан, бунга етарлича эътибор бермади. Ёз тонгларининг бирида Йон туғилди. Ёнида ҳеч кими йўқ, фақат ўрмонда какку кукуларди. Ўзига келгач, сигири учун ўт ўриб келишга чиқиб кетди.
Йон кўзга яқин бўлиб ўсди, мактабга чикди. Қобилиятли, механикага меҳри ошди, онасига ёрдамлашарди. Яна битта сигир сотиб олишди. Немислар кириб келганда болалар билан қишлоқ йўлига тушди, немис автомобилини қўлга олишди. Йонни шаҳарга туташ қишлокда ўлдириб кетишди. Немислар радио эшитишни тақиқлашганда у битта сигирини сотиб, радио олди, қолган пулига — лотерея чиптаси. Чиптага ютуқ чиқди. Лиза пулларни ертўлага яшириб қўйди. Ҳар гал ертўлада пулларни қайтадан санаркан, бурчакка биқинганича ўғлининг ўлганини эслар, хонасига кириб, радиодан дунёда бўлаётган даҳшатли воқеаларни тинглар, хаёлига “Титаник” ҳалокати келарди.
Лиза ҳафтада бир марта почта қутисига келиб, хат кутарди. Уни ким кўриб қолса, гаплашар, нима учундир одамлар аёл олдида ўзларини айбдордай сезишар, тирноқча бўлсаям ёрдам бергиси келарди. “Лизанинг бир ўзи яшаши яхши эмас, унга бир кори-ҳол бўлиб қолса-чи?” дейишарди бир-бирига.
Лиза болаларнинг митти қўлларини қариган, каттиқ қўллари орасига қисганча, бирга уйларига кирарди. Болалар уни яхши кўришар эди, бошқа дунёдан келиб колган, деб билишар, юзидаги ажинларни томоша килишар, ҳамма нарсани билади, деб ишонишарди.
Катталар ҳам Лиза билан суҳбатлашишни хуш кўришар, радионгиз борми, деб очиқ айтишмаса-да, дунёда нималар бўлаётганини билишга қизиқишарди. Лиза чиндан ҳам кўп нарсани билар, эшитганларидан айрим тафсилотларинигина эмас, одатда, қариялар шундай қилишади, балки узун-узун шаҳарлар ва қишлоқлар номларини ҳам бутунича айтоларди. Харитага қушлар тумшуғидай сарғайган, букчайган бармоқларини юргизиб, фронт чизиғини қаердан ўтганини кўрсатарди. Қишлоқдаги айримларда радио бўлса-да, эшитганларини айтишмас, акс ҳолда, бунинг учун жазо муқаррарлигидан қўрқишарди. Одамлар турмуш ташвишлари, юмушларидан ортолмай, дунёни унутиб яшарди.
Лизанинг эса ўйлашга арзигулик ишлари йўқдек, сигири, чоғроққина даласини айтмаса. Даласини одамлар ҳайдаб, экиб-тикиб беришади, ўрмондан ўтинлар келтиришади. Лиза қиш ғамида ўтларни ўзи ўриб, қуритади, ўтинларни ёриб, тахлаб кўяди. У бошқаларнинг эсида турмайдиган атамаларни ёдлашга уста, дунё янгиликларини етказувчи хабарчидай қишлоққа кириб келарди. Одамлар оламдаги ақл бовар қилмас воқеалардан ёқа ушлар, тавба қилишарди.
Лиза эса минглаб қурбонлар, пайҳон этилган далалар, кули кўкка совурилган шаҳарлардан сўзларкан, “Титаник” ҳалокати ёдига тушар, киприк қоқмай олисларга узоқ тикиларди. Унинг назарида миллионлаб қурбонларни чўкиб кетган одамлар билан қиёслаб бўлмасди. Бу бахтсизлик уни ўшандаёқ шундай изтиробга солдики, юрагида азоб томир отди, ўзи-да ўша эзғинлик ичида яшади.
Шундан буён энг оғир фожиалар ҳам унга алоқадор эмасдай, чет-четларда шунчаки рўй бераётгандек туюларди.
Кеч тушди, шамол қайинларни тебратди, барглар ойналарни силаб ўтди. Радиони буради, оркестр оҳанглари уйни тўлдирди: Лондонда уч юзта одам Лиза учун куй чаларди. Бетховен мусиқаси тошқиндай, шаршарадай чинни кучукча безатиб турган шкафлар оралаб, дераза рахлари бўйлаб, уй гулларидан сирғалиб, шиддат билан оқди.
У яна “Титаник” қайғусига чўкди, тўнтарилган палубани кўрди, эркаклар, аёллар ва болаларнинг чинқириқларини эшитди. Бу қўрқинчли товушлар тунни парчалаб, денгизга қуйиларди. Денгизнинг музли тўлқинлари хонасида ҳам сузиб юргандай юрагини мовий чексизликнинг совуқ нафаси тўлдирди. Мусиқа тугади, у узоқ ўтирди, сўнг энкайганча тўқий бошлади… Йонга.
Одамлар ўрмонга аҳён-аҳён келишар, одатдагидек, Лизаникида тунашарди. Қачонлардир бу у учун пул топиш зарурати эди, қаҳва ва ётоққа пул тўлашарди. Бироқ ҳозир уруш, одамлар унча-мунчага ўрмонга чиқишмайди, ўтиб қолишса ҳам унинг уйига бирров кўз ташлаб ўтишади. Баъзан Лизанинг уйига етмаслариданоқ радио товушини илғашар, қоронғилик, тун, шомда узоқ-узоқда милтиллаб турган оловдан кўз узолмасдилар. У ойналарни қалин пардалар билан қопламас, ярим тунгача симфониялар бағрига сингиб кетарди. Чет тиллардаги хабарларни тушунмагани учундир улар янада ваҳима ва сирли туюларди. Одамлар тош қотиб, унинг уйидан келаётган дунё товушига қулоқ тутар, ҳеч қачон ҳеч кимга чурқ этишмасди. Лиза ўғли ўлгач, ақлдан озган, деб ўйлашарди.
Бир куни у ҳам уй ёнидан ўтиб кетди, бир оёғини судраб босарди — Лиза таниди. У йўл босиб толиккан меҳмоннинг пешонасига тушиб турган қалин сочларини кўрди, мени танирмикан, деган ўйга борди. Қаҳва тайёрлади, у эски стол атрофида ўтириб, ичиб бўлгунча, Лиза ичкари хонада ўрин солди. Ўшандагидай очиқ эшик орасида гаплашишди. Бу ўттиз йил олдинги вокеа эди. Лиза етмишни қоралади. Қишлоқдагилар уни қариялар уйига юбориш керакмикан, деб мулоҳаза қилишди. Лекин бу ҳақда эшитишни ҳам истамади.
Меҳмон қаҳвани ҳўпларкан, уруш ва ўзи ҳақида бир оз сўз очди. У тикув машиналарини тузатарди, ҳа, Лиза буни ҳам эслади. Қишлоқма-қишлоқ юриб, иш ҳақларини йиғарди. Тикув машиналари учун нималардир ихтиро қилмоқчи ҳам бўлди-ю, бундан иш чиқмади. Ўша пайт ҳамон Лизанинг ёдида. Агар озгина пули бўлганда ишлари юришармиди, яхши бўлармиди… Вақт етмайди, ҳа, вақт. Лиза буларни ўшанда ҳам тушунолмасди. У хонада ёстиқларининг сўкилиб кетган жойларидан чиқиб турган похолларни олиб ташлар, бугун ким келишини билганимда янги похоллар солиб қўярдим, дерди ўзи ўзига. “Фикрни бир жойга тўплаб олишга вақт етмайди”.
“Фикрни жамламоқ”. Энг муҳими — шу. Лиза бу сўзни кўп эслади, маъносини кейинроқ англади. Ошхонага қайтди, меҳмоннинг келбатли елкаларига кўз югуртирди, стол устида чироқ ёниб турар, у ўшанда ҳам шу кўйи ўтирарди. Йигирма етти ёшида йигит кетган Йоннинг ўлганига ҳам икки йил бўлибди…
— …Лаънати немислар, — деди меҳмон. У қийналиб-қийналиб тошдай бутербродларни чайнаркан, бор омадсизлигини улар устига ағдарарди. Лиза печка ёнида туриб, унга яна қаҳва қуйди. — Йил ортидан йил ўтади, эски тикув машиналари орасида одамлардан ҳақини териб, умринг оқади. Бугун бекорчиликданми, ўрмон оралаб юргим келди…
Лиза печкага ўт қалади, ташқарида совуқ, изғирин. У бу ҳақда илк бор хаёлга берилди: қишлокдагилар қариялар уйига борсанг, маъқул бўларди, дейишди. Уйига қўққисдан меҳмон келиб қолса, радиоси борлиги учун жавоб беришга мажбур. Хаёлида бир сўз чақнади: у ҳам эсладими? Ўрмонда турли одамлар учрайди, тўғри келган жойда истаганларини қилишади. Балки у ҳам шундайлардандир ёки чиндан ҳам ҳеч нимани эслолмас…
Лиза радиони буради, лекин қисқа тўлқинларни ушлай олмади, меҳмон аппаратни олди-да, чироқ ёруғида нималарнидир излашга тушди. Аёл унинг озғин қўллари, нозик бармоқларига тикилди. Шу қўллар унга жуда ёқар, ўзига ром этган, шунинг учун ҳам унутолмагандир…
Лиза аппаратдаги кўз илғамас симларни бошкараётган қўллардан кўз узолмасди. Меҳмон ишини тугатди, радиони ёқди. Иккаласи ёнма-ён ўтириб, дунё хабарлари — кулфатлар, мусибатлар, воқеаларни тинглашди. “Ҳа, — ўйлади Лиза, — унинг қўлидан ҳамма иш келади.” Яна “Титаник” ҳалокатини эслади. Кўз олдида қийшайиб кетган улкан кема зулматга чўкиб кетди, денгиз оловни ютиб юборди. Мусиқа янгради, аёзли тунда денгизга чўкаётган одамлар қичқириқларини эшитди. Бирдан биринчи бор узоқ йиллардан буён унутиб қўйган хотиржамликни туйди.

* * *

Эрталаб меҳмон қаҳва ва ётоқ учун ҳақ тўлади. Лиза унга қутини тутди. Аёл тонг отмасданоқ ертўлага тушиб, пулларини сўнгги бора санади. Йон ўлди. Аввалига у ҳеч нима олгиси келмади, бироқ олди. Лиза у кўздан йўқолгунча қўлида қутини ушлаб, қандай кетаётганини жимгина кузатди. У бир оёғини судраб борар, оқсоқланиши олдинлари бу қадар билинмасди. Ниҳоят, чангалзорга кириб кетди. Ёмғир шивалар, Лизани яна ўйлар чирмаб олди: уни эсладимикан? Лиза буни ундан сўрамади. Туни бўйи “Титаник”, урушлар, Йон хаёлидан кетмади, ухлолмади, яхшиям, радиоси созланди.
Лиза тош дарчадан уйга кирди, пақирни олиб, оғилхонага йўналди. У Лизага “фикрларини бир жойга жамлаб” иш бошласа, хат ёзишга сўз берди. Аёл ҳар ҳафта қишлоққа тушиб, сарғиш қутидан мактуб ахтаради, кўнгли енгил тортади. Йўлда чиқиб қолганлар билан суҳбатлашади. У бу кутиш, қариялар уйи, посбон, дунё мусибатларини унутиш, Йон соғинчига бас кела оладиган куч, паноҳ эканлигини ҳис этди. Кечқурунлари радио ёнида ўтириб, нелардир тўқирди. Ўғли ҳам, эри ҳам урушда бўлди. Иккаласининг ҳам қўллари чайир, моҳир, ҳар қандай ишни уддаларди.
Қишлоқ йўли бўйида устунларга қоқилган почта қутилари ёнида Лиза кутиш ҳар қандай балолардан асрагувчи куч эканлигини туйди. “Титаник” ҳалокатини ҳанузгача унутиб-унутолмаётганини сезди. Жаҳонда улкан бахтсизликлар шу қадар кўпки, барини ўлчаб бўлмайди. Булар — унинг ҳам ҳаётидаги энг катта воқеалар…
Лиза ҳар сафар бўм-бўш почта қутисига кўз ташларкан, борлиғини яна кутиш ва бахт ҳисси чулғарди.

Русчадан Ойгул Суюндиқова таржимаси