Миня ан-Наср кўчаларида югуриб юрган одамни кўриш – бутун бошли бир воқеа. Бу ерда одамлар камдан-кам югуради. Шошадиган жойи бўлмагандан кейин югуриб ҳам нима қилади? Қишлоқда вақт дақиқалар ва сониялар билан ўлчанмайди. Ҳатто поездлар ҳам қуёшга қараб юради. Бир поезд саҳарлаб, эрта тонгда, иккинчиси – қуёш тиккага келганда, яна учинчиси эса – қуёш ботиши олдидан юради. Асабларга тегадиган ва ҳовлиқиб, шошиб юришга мажбур қиладиган шовқин-сурон ҳам йўқ. Бу ерда ҳамма нарса тинч, осуда. Бир маромда кечади. Ҳамманинг ишончи комил – аслида ўзи ҳам шундай бўлмоғи керак – шошқалоқликнинг ҳожати йўқ.
Миня ан-Насрда югуриб кетаётган одамни кўришнинг ўзи катта бир воқеа. Бу – полиция машинасининг юракни орзиқтирувчи увиллаган сигналини эшитиш билан баробар. Демак, билингки, бирон фавқулодда ҳодиса рўй берган. Мабодо шунақа ҳодиса рўй берадиган бўлса, бу сокин ва мудроқ қишлоқ учун қанақа тамоша эканини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Ўша жумада Миня ан-Наср кўчалари бўйлаб югурган бир киши эмас эди. Сирасини айтганда, бу манзарани кўрган одам чопиш бўйича мусобақа ўтказиляпти деб ўйлаши ҳам ҳеч гап эмасди. Лекин бу одамлар нимага ва қаёққа югуриб кетаётганини ҳеч ким билмасди. Кўчалар ва торкўчаларда асл осойишталик ҳукм сурарди. Бундай осойишталик, одатда, жума намози бошлангандан кейинги фурсатларда юзага келади. Аёллар кирларини ювиб, мағзаваларини кўчага тўкишади. Улардан ҳосил бўлган кўлмаклардан арзон совунларнинг ҳиди келади. Бу пайтда хонадонларда аёллар тушлик таомларини пишираётган бўлади, эркаклар эса бекорчиликдан нима қилишларини билмай, дастурхонга ўтирадиган вақт келишини кутиб, саланглаб юрган бўлади. Тўсатдан бу сокин осойишталик югураётганларнинг тапир-тупур қадам товушларидан ларзага келади, уларнинг деворлари зириллаб кетади. Уйларининг олдида тўпланиб ўтирган эркаклар ёнидан чопиб ўтаётган одамлар салом бериб ўтишни эсларидан чиқармайдилар. Ўтирганлар уларнинг саломига алик олишади ва қаёққа югуриб кетишаётганини сўрамоқчи бўлишади, лекин югураётганлар анча нарига кетиб қолган бўлишади. Шунда қизиқиб қолганлар ўтирган жойларидан туриб, нима бўлаётганининг тагига етиш учун югураётганлар кетган томонга йўл олишади. Кимдир шошилмоқни маслаҳат беради. Улар қадамларини тезлатадилар, бора-бора югуришга ўтишади. Югуриб кетаётиб улар уйларининг олдида ўтирган бошқа одамлар билан саломлашишади. Улар ҳам ўз навбатларида ўринларидан туриб югураётганларга эргашадилар ва бироздан кейин югура бошлайдилар. Аммо бу югуришларининг сабаби ҳар қанча сирли бўлмасин, эртами-кечми – бу сир, албатта, очилади. Кейин ҳаммалари воқеа содир бўлган жойда йиғилишади. Қишлоқ унчалик катта эмас. Уни узунасига ҳам, кўндалангига ҳам югуриб ўтсанг-да, ҳансираб қолмайсан.
Шунинг учун қисқа бир муддат ичида хирмон бошида анчагина одам йиғилди. Жиндай югуришга қурби етадиганларнинг ҳаммаси шу ерда эди. Фақат мункиллаб қолган чоллар-у, кучдан қолган кампирларгина кўринмайди, холос. Яна кўча-кўйларда югуриб юришни ўзига муносиб кўрмаганлар келгани йўқ. Бу билан улар ҳар қанақа қаланғи-қасанғи ёшларга тенг эмасликларини намойиш қилишган. Лекин улар ҳам имиллаб келаётган бўлсалар-да, қатордан қолмаслик учун бироз қадамларини тезлатишга мажбур бўлишади.
Оллоҳнинг ҳамма бандалари каби Миня ан-Наср аҳли жумани оғир кун деб ҳисоблашади. Агар жума куни бирор воқеа рўй берадиган бўлса, бу ҳойнаҳой яхшиликка олиб бормайди. Қолаверса, жума куни ҳеч ким янги ишга қўл уришга ботина олмайди. Ҳамма ишни шанбага қолдиришади. Жумага нисбатан бунақа нохуш муносабат қаёқдан пайдо бўлиб қолди деб сўрасангиз, жума куни бир омадсиз соат бўлади деб жавоб беришади. Лекин бу ўринда ҳар қалай, ҳақиқий сабаб бошқа нарсада бўлиши керак, “Омадсиз соат” деганлари бор-йўғи бир баҳона, холос. Деҳқонлар шу баҳонани рўкач қилиб, жума куни қиладиган ишларини шанбага қолдирадилар. Шундай қилиб, жума дам олиш кунига айланади. Аммо “дам” сўзида деҳқонлар учун алланечук уятли, хижолатли жиҳат бор. Бу сўзда деҳқонларнинг меҳнатсеварлигига ва кучига шубҳа мужассамдай туюлади. Дам, истироҳат нозиктаъб шаҳарликларгагина керак. Ахир, шаҳарликлар ҳатто соя-салқин жойларда ишлаганларида ҳам терга ботиб кетишади. Ҳар ҳафтада дам олиш – олифтагарчиликдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун, майли, жума оғир кун бўлақолсин, майли, бу кунда омадсиз соат дегани ҳам бўла қолсин. Фақат шундай бўлган тақдирдагина ҳамма юмушларни жумадан шанбага қолдирса бўлади.
Албатта, югураётганларнинг ҳаммаси бирор нохуш воқеа рўй берганидан хавотирда эди. Аммо хирмон бошига етиб бориб, улар на ҳаром ўлаётган сигирни, на ёнғин шуъласини, на қонли пичоқбозликни кўришди.
Хирмоннинг ўртасида ҳаддан ташқари дарғазаб ҳолда шайх Али турарди. У бош кийимсиз эди, қўлидаги ҳассани жон-жаҳди билан ҳар томонга ўқталиб, силкитарди. Югуриб келганлар “нима гап, тинчликми?” деб сўраганларида улардан олдинроқ етиб келганлар “Шайх диндан қайтмоқчи бўляпти” деб жавоб беришди. Одамлар кулиб юборишди. Улар буни одатдаги бемаъни гаплардан бири деб ўйлашди. Шайх Али тўғрисида кўпдан-кўп бунақа бемаъни гаплар айланиб юрарди. Шайхнинг ўзининг ҳам бемаъни қилиқлари кўп эди. Унинг боши эшакникидай катта, баҳайбат эди. Кўзлари бақрайган, бойқушники каби дум-думалоқ. Ҳар битта кўзида оқи бор. Овози – бўғиқ, хириллаган, тешиги кирланиб қолган примуснинг вишиллашига ўхшайди. Шайх ҳеч қачон жилмаймайди, бирон нарсадан мамнун бўлса, қулоқни қоматга келтирувчи баланд товушда хохолаб кулади. Лекин у камдан-кам ҳолларда бирон нарсадан мамнун бўлади. Оғиздан чиқиб кетган бир оғиз ножўя гап шайхни тутақтириб юбориш учун кифоя. Бундай ҳолларда у хафа қилган одамга ташланиб уни дўппослай кетади – шайхнинг муштлари эса тегирмон тошидай залварли, оғир. Ёки қўлидаги таёғи билан савалай кетади. Йўғон бамбуқдан ясалган, учига темирдан учлик кийдирилган бу эгри таёқни шайх жуда яхши кўрар ва уни ҳукмдор деб атарди.
Бир замонлар отаси уни Ал-Азхарга ўқишга юборган экан. Бир куни унинг мураббийси ўша ердаги шайх бир нарсадан жаҳли чиқиб, шайх Алини “Эшшак экансан!” деб сўкиб юборипти. Ўз-ўзидан аёнки, шайх Али шу жойнинг ўзида унга жавоб қайтариб, “Ўзинг бирйўла олтмиш бора эшаксан!” депти. Уни Ал-Азхардан ҳайдаб юборишипти, у Миня ан-Насрга қайтиб келиб, масжидда имомлик қила бошлапти. Бир куни у адашиб, жума намозда икки ракаат ўрнига уч ракаат намоз ўқиб юборипти. Намозхонлар унинг адашганини айтишса, шайх Али уларни сўка бошлапти. Шу кундан эътиборан у имомликни йиғиштирипти ва масжидга қадам изи қилмай қўйипти. Бирйўла у намозхонликни ҳам йиғиштирипти. Қарта ўйинига ҳирс қўйипти ва бор-будининг ҳаммасини ютқазиб, шип-шийдам бўлиб қолмагунча тинчимапти. Шундан кейингина қартани ташлашга қасам ичипти. Бахтига бошланғич мактабда муаллимлик қиладиган Муҳаммад афанди қишлоқда баққоллик дўкони очипти ва шайх Алига эрталабки пайтлар ўзининг ўрнига савдо қилиб туришни таклиф қилипти. Шайх рози бўлипти, лекин атиги уч кунгина ишлапти. Тўртинчи куни Муҳаммад афанди кимгадир ҳолва тортиб бераётганида унинг тош босиши учун тарозининг бир палласига темир парчасини ташлаб қўйганни кўрган шайх Али унга “сен ўғри экансан!” деб рўйи-рост юзига айтипти. Муҳаммад афанди “бу билан ишинг бўлмасин, ҳар нарсага тумшуғингни тиқаверма, жим туриб, савдонгни қилавер” деб гапини охирига етказмасданоқ, шайх Али писта ҳолванинг катта бир бўлагини унинг бошига отибди. Шундан кейин бошқа биронта одам шайх Алини ишга олишга юраги бетламади. Мабодо бунақа одам топилиб-нетиб қолганда ҳам шайх Алининг ўзи ишлайман деб кўзи учиб тургани йўқ эди. Али деганлари жуда бадбашара одам эди. Феъли жуда оғир. Ишлашни хушламайди. Шу билан бирга қишлоқда уни ёмон кўрадиган биронта одам йўқ эди. Аксинча, қишлоқ аҳли уни ёқтирар ва унинг тўғрисидаги ҳар хил ҳангомаларни бир-бирига ҳикоя қилиб юришарди. Улар шайхнинг теварагини қуршаб олиб, унинг ғашига тегишни яхши кўришарди.Шайх Али ғазабга минганида жуда кулгили бўлиб кетарди. Унинг жаҳли чиққанида ранги бўзариб, овози қалтираб кетарди. Ҳамма унга тегажоқлик қилар, унинг ғашланаётганини кўриб, роса хохолашиб кулишар, ниҳоят, бу иш жонларига теккандан кейин, “Худо сенга ёр бўлсин, шайх Али!” деган хитоблар билан тарқалишарди. Ёлғиз қолган шайх Али аламини “Абу Аҳмад”дан олиб, ҳамма ғазабини унга сочарди. “Абу Аҳмад” деб шайх Али қашшоқликни айтарди. У қашшоқликни ўзининг ашаддий душмани деб ҳисоблар ва унинг тўғрисида худди тирик одам ҳақида гапиргандай гапирарди. Баъзан бирон одам ундан сўраб қоларди:
– Хўш, аҳволлар қалай, шайх Али? Абу Аҳмад билан муросаларинг келишиб юриптими? – Бу гапни эшитиши билан шайх Али бирдан тутақиб кетарди. Унинг қашшоқлигини юзига солишларини ёқтирмас эди. Ўзи қашшоқлиги тўғрисида истаганча гапираверарди, лекин бошқаларнинг оғзидан биронта ҳам гап чиқишини хоҳламас эди. Ахир, шайх Али ўзининг бадбашаралиги ва қўполлигига қарамай, жуда ҳам тортинчоқ, камсуқум одам эди-да. У бирор одамдан тилаб олишдан кўра, бир неча кун чекмай юришни маъқул кўрарди. У доимо ёнида ипи билан игнасини олиб юрар, бирор жойда ғалабияси йиртилиб-нетиб қоладиган бўлса, бир зумда ўзи ямаб-чатиб кетаверарди. Мабодо кийим-кечаги кир бўлиб кетса, қишлоқдан четроққа борарди-да, ўзи уларни ювар ва қип-яланғоч ҳолда ўтириб, уларнинг қуришини кутар эди. Унинг биттагина салласи бор эди, лекин қишлоқдаги энг тоза салла уники бўларди.
Ўз-ўзидан аёнки, қишлоқ аҳли янги ҳангомани эшитиб роса кулди. Лекин кўп ўтмай кулги тўхтади, тиллар қўрқувдан танглайга ёпишди. “Диндан қайтиш” деган ибора жуда хунук ибора. Бу қишлоқда ҳам бошқа ҳамма қишлоқлардаги каби одамлар худодан қўрқиб яшашга одатланиб қолишган. Бу ерда ҳам бошқа ҳамма жойлардаги каби ўзининг хонадонию ишидан бошқа ҳеч нарса билан иши йўқ яхши одамлар бор эди, шу билан бирга одамларнинг жўхорисини ўғирлаб тирикчилик қиладиган чакана ўғрилар ва оғилу молхоналарга кириб, майда молларни ва ҳатто сигирларни ҳам олиб кетадиган катта муттаҳамлар ҳам бор эди. Катта ишлар билан шуғулланадиган йирик савдогарлар ҳам, товарлари бир ҳовуч чақа турадиган майда савдогарлар ҳам бор эди. Аёлларнинг баъзи бирлари пинҳона тарзда ҳар хил гуноҳ ишларга қўл уришар, баъзилари эса бунақа ишларни ҳеч кимдан тап тортмай ошкора қилаверишарди. Қишлоқда ростгўйлар ва ёлғончилар, беморлар, қари қизлар, девоналар каби ҳар хил тоифадаги одамлар яшарди. Аммо уларнинг ҳаммаси муаззиннинг азон айтган овозини эшитишлари биланоқ ҳамма ишларини йиғиштириб, намоз ўқигани масжидга югуришарди. Рамазон кунлари биронта ҳам одам рўзани бузишга журъат этолмасди. Қишлоқда ҳамманинг ва ҳар бир одамнинг турмушини белгилаб турадиган ёзилмаган қонунлар мавжуд эди. Булар – одатлар, расм-русумлар. Ўғри ўғрининг молини ўғирламайди. Ҳеч ким бирор инсонни касби-кори учун камситмайди. Биронта одам кўпчиликнинг фикрини чиппакка чиқариб, ўзиникини маъқулламайди. Энди бўлса, шайх Али ҳамма қонун ва қоидаларни оёқости қилиб ҳеч қандай воситачиларсиз тўғридан-тўғри Худонинг ўзига мурожаат қиляпти.
Аввалига одамлар кулди, аммо шайхнинг гаплари қулоқларига етиши биланоқ ҳар қандай кулги тақатақ тўхтади. Унинг бошида ҳеч нарса йўқ эди. Калта-калта оқ сочлари тердан ҳўл бўлиб кетган. Ўнг қўлида ҳукмдор ҳассасини маҳкам қисиб ушлаб олган, кўзлари бесаранжом чақнаб турипти. Чеҳрасида таърифга сиғмайдиган ваҳшиёна бир ғазаб зуҳур этади. У осмонга тавалло қилади:
– Сен мендан нима истайсан? Мендан нима хоҳлашингни ўзимга рўйи-рост айта оласанми? Бир тўп шайхлар важидан Ал-Азҳардан қувилдим. Бу шайхлар ўзларини дини исломнинг устунлари деб ҳисоблашади. Хотинимдан ажрадим. Уйимни сотдим. Абу Аҳмад мени бошқалардан кўпроқ эзиб юборди. Наҳотки, бу ёруғ дунёда мендан бошқа одам қуриб кетган бўлса! Кучингни Черчиллга кўрсат. Ёки Эйзенхауэрни жазола! Ёки сенинг кучинг фақат нонга етадими? Мендан сенга нима керак ўзи? Авваллари баъзи кунларда оч қолардим, егулик нарса топилмасди, ҳа, майли, дердим ўз-ўзимга, ҳечқиси йўқ, бир кун рўза тутгандай гап, дердим. Энди бўлса ўтган кундан бери туз тотганим йўқ, бир ҳафтадан бери чилим чекканим йўқ. Қора дорини-ку, худо ўзи сақласин, ўн кундан бери яқинига йўлаганим йўқ. Сен жаннатда болу асал, ширин-шакар мевалар, лиммо-лим сут тўлиб оқадиган анҳорлар бор дейсан. Шундоқ бўладиган бўлса, нега менга улардан жиндай бермайсан? Нимани кутяпсан? Очдан ўлиб, жаннатга тушишимними? Шундагина қорним тўйиб овқат ейманми? Йўқ, яратгувчим, бунақаси кетмайди. Йўқот Абу Аҳмадингни менинг ёнимдан! Жўнатиб юбор уни Америкага! Нима, у менга елимлаб ёпиштириб қўйилганми? Нега мени бунча қийнайсан? Менинг устимдаги галабиям билан қўлимдаги ҳукмдоримдан бошқа ҳеч вақом йўқ. Ё ҳозирнинг ўзида менга бирон егулик юбор, ё жонимни олиб қўяқол! Қорнимни тўйдирасанми, йўқми?
Бу гапларнинг барини шайх Али чуқур ҳаяжон ичида бақириб айтди. Ҳатто унинг лабларида кўпик пайдо бўлди. Башарасини тер босди. Унинг овозида нафрат оҳанглари эшитиларди. Миня ан-Наср аҳлининг юраклари қўрқувдан така-пука бўлди. Улар шайхнинг чиндан ҳам таҳдидларини амалга оширишидан ва диндан қайтишидан қўрқмоқда эдилар. Лекин уларни ваҳимага солган нарса фақат шунинг ўзи эмас эди. Шайх Алининг оғзидан чиққан сўзларнинг ўзи хатарли эди. Ахир, худонинг қаҳри келиши мумкин эди, у шаккок бандаларини жазолаш учун бутун қишлоқнинг устига кулфатлар ёғдириши мумкин эди. Шайх Алининг сўзлари ҳар бир одам учун таҳдидли эди. Ҳар нима бўлганда ҳам шайхнинг овозини ўчириш керак эди. Шунинг учун эсли одамлар шайхни ширин гаплар билан юпата бошладилар, унинг кўнглини олиб, тинчишга даъват қилдилар. Шайх Али таваллосини бир зумгина тўхтатиб, одамларга мурожаат қилди:
– Нега мен унимни ўчирмоғим керак экан, қани, ўзинглар айтинглар! Очимдан ўлиб қолсам ҳам, индамаслигим керакми? Мен овозимни ўчирмайман. Сизлар ўзларингизнинг уй-жойларингиз, хотин бола-чақаларингиз, далаларингиз, экин-тикинларингиз учун қўрқасизлар. Ҳар ким, албатта, ўзининг молу мулки устида қайғуради. Менинг эса ҳеч вақом йўқ, шунинг учун мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Агар у менинг гапларимдан дарғазаб бўлса, майли, мени бу ердан йўқотсин! Майли, мени даф қилмоқ учун бирон фариштасини жўната қолсин. Азроил келадиган бўлса, ҳукмдоримнинг зарбидан боши соғ қолмайди. Имоним ҳақи, бутун азиз-авлиёлар ҳақи – қасамёд қилиб айтаманки, агар Эгам ҳозирнинг ўзида осмондан менга очил дастурхонини ташламаса, мен унимни ўчирмайман. Биби Марямдан менинг нима камим бор? Ҳар нима бўлганда ҳам, у аёл киши эди, мен эркакман-ку, ахир! Биби Марям қашшоқ эмас эди, менинг эса Абу Аҳмад бор-будимни сўриб олди-ку! Қасамлар бўлсинки, агар Эгам менга очил дастурхонини юбормаса, мен сира ҳам унимни ўчирмайман.
Шундан кейин шайх Али яна баланд овозда самога таваллосини бошлади:
– Ҳой, очил дастурхонни юборсанг тезроқ юборақол, бўлмаса мен, ҳеч нарсанинг юзига қарамайман, барибир, айтганимни қиламан. Юборадиган дастурхонинг иккита товуқ, бир коса асал, тўртта тандирдан янги узилган нон бўлсин. Нон, албатта, иссиқ бўлмоғи керак. Мева-чева ҳам эсингдан чиқмасин. Ўнгача санайман, агар дастурхонни жўнатмасанг, мендан ўпкалама…
Шайх Али санашга бошлади. Миня ан-Наср аҳолисининг юраклари унинг саслари билан ҳам бир маромда тепарди. Ҳамманинг асаби охиригача таранг тортилган. Шайх Алини тўхтатмоқ учун бирор иложини қилмаса, бўлмас эди. Кимдир бир нечта бақувват йигит шайхнинг устига ташланиб, уни ерга ағанатиб, оғзига латта-путта тиқиб қўйсин деб таклиф қилди. Кейин шайхни умрбод эсидан чиқмайдиган қилиб савалашса ҳам бўлади. Аммо шайх Али ғазабдан ёниб турган нигоҳини бир марта уларга қаратишнинг ўзида дарҳол ҳаммалари бу ниятдан қайтишди. Йигитлар шайхни қўл-оёғидан тутиб улгурмаслариданоқ шайх ҳукмдори билан икки-уч тушириб қолиши муқаррар эди. Темир учли бамбуқ ҳассанинг зарбидан насибадор бўлишни ҳеч ким ҳам хоҳламас эди. Азроилнинг ўзинингки бошини мажақлаб ташлашга тайёр турган экан, бу шайх ўйлаб ҳам ўтирмасдан мияларнинг қатиғини чиқариб юборар эди. Шунинг учун таклиф таклифлигича қолаверди.
Одамлар орасидан кимдир шайхдан сўради:
– Сен бутун умринг мобайнида тўйиб овқат емагансан-ку! Нега энди келиб-келиб, айни шу бугун…
Шайх Али унга қаҳрли нигоҳ ташлаб, гапини бўлди:
– Шу бугунга келганда, Абдил Жавод, иш жуда ҳам чўзилиб кетди. Тушундингми, сўтак.
Бошқа биттаси қичқирди:
– Хўп, майли, оғайни, агар сен оч қолган бўлсанг, нега бизга айтмадинг буни? Биз сенинг қорнингни тўйғизар эдик. Бунақа бемазагарчиликларга ҳожат қолмасди.
Шайх Али унга ҳам жавобини берди:
– Мен сизлардан бирон нарса сўраяпманми? Қишлоқнинг ўзи гадодан бадтар қашшоқ бўлса, мен бирон нарса сўрармидим? Ахир, ўзларингиз мендан бадтарроқ очсизлар-ку! Сизларнинг садақаларингизни бошимга ураманми? Эгамдан талаб қиламан. Агар бермайдиган бўлса, нима қилишни ўзим биламан.
Гапга яна Абдил Жавод аралашди:
– Ишласанг бўлмайдими? Унда оч ҳам қолмас эдинг! Бир кунинг ўтарди…
Бу гапдан кейин шайх Алининг ғазаби авжга чиқди. У ҳассасини силкитиб, гоҳ одамларга, гоҳ осмонга мурожаат қилиб, бақира бошлади:
– Сенинг неча пуллик ишинг бор, Абдил Жавод, Ситт Абухнинг ўғли? Мен ишлашни хоҳламаганим учун, ишлашни билмаганим учун ишламайман. Менга тўғри келадиган иш йўқ. Ахир, сизларнинг ўзингизни тилга олиб бўладими? Бунақа ишда эшак ишласин! Мен эшак эмасман. Мен кун бўйи далада баайни ҳўкиздай қўш тортаолмайман. Пайғамбар ҳақига қасамлар бўлсинки, агар пешонамга очдан ўлиш ёзилган бўлганда ҳам, мен сизларга ўхшаб ишлашдан бош тортган бўлардим.
Унинг ғазаби шу қадар хунук эдики, бу иш анча-мунча хатарли тус олганига қарамай, одамлар кулиб юборди. Шайх Али қаддини ростлаб ғоз турди-да, тантанавор оҳангда деди:
– Қани, бас қилинглар. Ўнгача санайман. Агар очил дастурхон тушмаса, диндан чиқаман ва аҳдлардан қайтаман.
Аниқ-равшан кўриниб турарди – шайх таҳдидини амалга оширади. Кейин оқибат яхши бўлмайди.
Шайх яна ҳисоблашга бошлади. Унинг пешонаси тердан ялтираб кетган эди. Пешинги жазирама чидаб бўлмайдиган даражага етди. Одамлар ўртасида шивир-шивир ҳам бошланди, бу иссиқ бежиз эмас, бу эгамнинг юборган жазосидан нишона, жазо амал қила бошлади, ҳали ҳамма ёққа ўт туташиб кетмаса гўрга эди. Ўт тушса, унда ўриб олинган буғдой ҳам, ҳали ўрилмагани ҳам ёниб кул бўлиши муқаррар.
Кимдир янги таклифни ўртага ташлади:
– Унга бирор егулик келтиринглар. Ажаб эмас тинчиб қолса…
Гарчи шайх баланд овоз билан санаётган бўлса-да, бу сўзлар унинг қулоғига етиб борди, шекилли, у одамларга ўгирилиб деди:
– Қанақа егуликни айтяпсизлар, бетамизлар? Моғор босган нонларинг-у қуртлаган пишлоқларингни айтяпсизларми? Шуларни егулик дейсизлар-да? Худо ҳақи, мана бу ерда, айни шу ернинг ўзида очил дастурхонни кўрмагунча, унинг устида бир жуфт қовурилган жўжани кўрмагунча жанжалимни бас қилмайман.
Одамлар ўртасида ғовур бошланди. Бир кампир луқма ташлади:
– Мен бугун жиндай бамия пиширган эдим. Шуни олиб келайми?
Шайх Али жеркиб ташлади:
– Овозингни ўчир, ҳой хотин. Бамиянг нимаси? Миянгларнинг ўрнида бамия борми дейман-да: Бутун қишлоқдан ачиган бамиянинг ҳиди келади…
Абу Сархам деди:
– Менда балиқ бор, Абу Шайх. Бугун эрталаб балиқчи Аҳмаддан сотиб олгандим.
– Синчалакдай келадиган балиғингни бошимга ураманми? Балиғинг ўзингга буюрсин. Бу балиқ эмас, номигагина балиқ, қасамлар бўлсинки, агар менга бир жуфт жўжа билан айтган нарсаларимнинг ҳаммасини юбормасанг, сени қарғайман. У ёғи нима бўлса, бўлар!
Аҳвол жуда мураккаб тус олди. Индамай тураверсанг, бутун қишлоқ аҳолиси билан нобуд бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. Нима қилиб бўлса ҳам шайхнинг унини ўчирмоқ керак. Лекин қандай қилиб? Юзлаб одамлар бирваракайига томоқларига зўр беришиб, шайх Алини тушликка таклиф қилиб қичқиришди. Бироқ шайх ҳамма таклифларни бирваракай рад этди:
– Аҳволим ночорлигидан ҳамма хабардор. Уч кундан бери ҳеч ким менга бирон тишлам нон бергани йўқ. Энди эсларингга келиб қолдими? Йўқ, мен тилаганимни эгамдан олмоқчиман.
Одамлар бир-бирларига қарашди. Бугун ким нима овқат қилганини суриштиришди. Ахир, одамлар ҳар куни ҳам қозон қайнатавермайдилар-да? Агар бирорта одамнинг дастурхонида гўштми ёки товуқми пайдо бўлиб қолса, ўша куни байрам бўлиб кетарди. Ниҳоят, Абдураҳмоннинг уйида бир қадоқ пишган бузоқ гўшти борлиги маълум бўлди. Одамлар хонтахта-таблия устига дастурхон ёзиб, унинг устига бузоқ гўштини қўйиб, унинг ёнига бир боғ редиска, кўк пиёз, янги ёпилган тўртта нон қўйиб, шайх Алининг олдига суришди.
– Шунга қаноат қиларсан?
Шайх Али гоҳ осмонга, гоҳ таблияга қарарди. Ҳар гал у осмонга нигоҳ ташлаганида, кўзларида ўт чақнарди, овқатга қараганда эса, унинг башараси ғазабдан гезариб кетарди. Ҳамма дамини ичига ютиб, нима бўлишини кутмоқда. Ниҳоят, шайхнинг овози янгради:
– Мен очил дастурхон сўраган эдим, сизлар менга таблияни тиқиштиряпсизлар, эси пастлар. Сигареталар қани?
Кимдир таблиянинг устига бир қути сигарета қўйди.
Шайх қўлини узатиб, гўштдан каттагина бўлакни узиб олди, аммо уни оғзига олишдан аввал, яна сўради:
– Қора дори қани?
Унга кесатиб жавоб беришди:
– Ўҳ-ҳу! Иштаҳанг жуда карнай-ку!
Шайх Али яна ғазаб отига минди, ғалабиясини ечиб ташлади, салласини ерга отиб урди, ҳассасини силкитиб, яна “диндан чиқаман” деб, пўписа қила бошлади. Одамлар қора дори сотадиган Мандурни бошлаб келмагунларича, шайх Али тинчимади. Мандур унга бир бўлак қора дори берди.
– Мана, манавини ол, шайх Али. Бу – сенга. Сендан ҳеч нарсамизни аямаймиз. Ўзинг айтишга тортинишингни билмабмиз-да! Одамлар гапларингни анқайиб тинглашади-ю, кейин тарқалиб кетаверишади. Сени буткул эсларидан чиқаришади. Биз сенга ғамхўрлик қилмоғимиз керак, шайх Али! Сен бўлмасанг, яна Абу Аҳмад бўлмаса, қишлоғимиздан бутунлай путур кетиб қолади-ку! Сен бизни кулдириб, кўнглимизни олиб юравер, овқатнинг ташвишини қилма – овқатинг бизнинг бўйнимизга. Гапим тўғрими, халойиқ?
Шайх Али яна тутақди, яна ҳассасини кўтариб, Мандурга ташланди. У Мандурнинг бошининг қатиғини чиқариш пайида эди.
– Мен сизларни кулдираманми? Ҳали сизларга кулги бўлиб қолган эканман-да? Шунақа демоқчимисан, итдан тарқаган Мандур! Йўқол, кўзимдан даф бўл! Ўзингга ҳам, отангга ҳам минг лаънат!
Мандур кулиб, унинг ёнидан қочди. Одамлар уларнинг тўполонини кўриб, роса кулишди ва ҳар томонга тирқираб кетишди: шайх Али дуч келган одамга лаънатлар ёғдириб, қарғанмоқда эди.
* * *
Шайх Али ҳали ҳам Миня ан-Насрда яшайди. Одамлар ҳамон унинг тўғрисида ҳар хил ҳангомаларни гапириб юришади. Fазаби тутса, у ҳали ҳам кулгили аҳволга тушади ва одамлар мириқиб кулишади. Лекин ўша кундан бери одамлар унга бошқача муомала қиладиган бўлиб қолишди. Унинг хирмон ўртасида ғалабиясиз ва салласиз, ҳукмдорини силкитиб, бақириб-чақириб турганини кўришлари биланоқ унинг Абу Аҳмад шайхни анча қийнаб қўйганини фаҳмлашади. Энди улар шайхнинг оғзидан биронта ҳам куфрона гап чиқишига йўл қўйишмайди. Бир зумда у тилаган таомларни тайёр қилишади. У ҳам энди муҳайё қилинган таомларга қаноат қилиб, тезгина ғазабдан тушадиган бўлиб қолган.
Русчадан Озод Шарафиддинов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 5-сон