Лённротнинг ақл ва заковатини такомиллаштирган беҳисоб жумбоқлар орасида “Трист-ле-Руа” чорбоғида хотима топган бир хил тусдаги, ғайриоддий қонли воқеалар ҳали бўлган эмас эди. Эрик Лённрот сўнгги жиноятнинг олдини ола билмагани рост, аммо у шундай воқеа содир бўлишини олдиндан кўра билганлигига шубҳа йўқ. Шунингдек, Ярмолинский қотилини аниқлай олмаган бўлсада, ушбу жиноятларнинг сирли тарздаги даврийлиги ва унда Шарлах Денди лақабли Ред Шарлахнинг қўли борлигини аниқлади. Ред Шарлах (бошқа кўплар қатори) Лённротни ўлдиришга онт ичган, аммо бизнинг изқувар бундай пўписалардан хайиқадиганлар тоифасидан эмас эди. Лённрот ўзини Огюст Дюпен сингари донишманд ҳисобласа-да, таваккалчилик ва жўшқинлик белгилари табиатига бегона эмас эди.
Биринчи жиноят “Отель дю Нор”да – сувларига саҳро ранг қўшган дарё этагида қад кўтарган ўша баланд иморатда содир бўлди. Талмудчиларнинг учинчи анжуманида иштирок этиш учун Подолскдан етиб келган ноиб учинчи декабрь куни мана шу минорага (шифохоналарнинг нохуш оқлиги ва қамоқхоналарнинг тартиб билан рақамланган бир хиллигини ўзида мужассам қилган мана шу минорага) жойлашди. Соқолига оқ оралаган, кўзлари эса кўкимтир бу одам доктор Марк Ярмолинский эди.
Биз “Отелъ дю Нор” унга ёққан ёки йўқлигини ҳеч қачон била олмаймиз, доктор меҳмонхонани унинг ўзига хос итоат билан, Карпатдаги уч йиллик уруш ҳамда уч минг йиллик қувғин ва қирғинга бардош қилишга кўмак берган итоаткорлик билан қабул қилди. Унга Р қаватида жойлашган бир хонали номер беришди, рўпарадаги серҳашам кўп хонали номерни эса Галилея тетрархи банд қилган эди. Ярмолинский овқатланиб бўлгач, шаҳар билан танишувни кейинги кунга қолдирди, жовонга кўплаб китоблари ва саноқли уст-бошини жойлаштирди, ҳали тун оғмасидан чироқни ўчирди. (Қўшни номерда жойлашган тетрархнинг ҳайдовчиси берган гувоҳлик шулардан иборат.)
Тўртинчи декабрь куни эрталаб соат 11дан 3 дақиқа ўтганда “Идише цайтунг” муҳаррири унга қўнғироқ қилди, аммо доктор Ярмолинский жавоб бермади; уни номерида юзлари бироз қорайган, ярим яланғоч ҳолда топишди. У йўлакка олиб чиқувчи эшик қаршисида ётар, кўксида эса пичоқнинг чуқур изи қолган эди. Орадан бир неча соат ўтгач, ўша номерда комиссар Тревиранус билан Лённрот мухбирлар, сураткашлар ва жандармлар қуршовида ушбу сирли қотиллик тафсилотларини совуққонлик билан муҳокама қилишар эди.
– Бош қотириб ўтиришга ҳожат йўқ, – деди Тревиранус қўлидаги сигаретани улуғвор тарзда силтаб қўйганча.- Галилея тетрархи энг ноёб ёқутлар соҳиби эканлиги барчамизга маьлум. Кимдир уларни қўлга киритиш пайига тушган ва адашиб бу ерга кириб қолган. Ярмолинский уйғониб кетган, ўғри бўлса уни ўлдиришдан бошқа чора топа олмаган. Шундай эмасми?
— Бу фараз ҳақиқатга яқин, аммо қизиқарли эмас, – жавоб қилди Лённрот. -Ҳақиқат қизиқарли бўлиши шарт эмас, деб эътироз билдиришингиз мумкин. Мен эса сизга шундай дейман – ҳақиқат, балки, қизиқарли бўлиши шарт эмасдир, аммо фаразлар бундан мустасно. Сизнинг йўлма-йўлакай ўйлаб топган фаразингизда тасодифларга ҳаддан ортиқ кўп ўрин берилган. Қаршимизда жонсиз раввин ётибди ва мен фараз қилинган ўғрининг фараз қилинган омадсизлигини эмас, балки соф раввинона изоҳни танлаган бўлар эдим.
Тревиранус ранжиган каби жавоб қилди:
— Мени раввинча изоҳ эмас, бошқа бировни, барчага нотаниш бошқа бировни чавақлаб ташлаган одамни қўлга тушириш кўпроқ қизиқтиради.
— У сиз айтганчалик нотаниш эмас.-Лённрот Тревирануснинг гапини тўғрилаган бўлди.- Мана унинг тўла асарлар тўплами. – У қалин жилдлар тартиб билан териб қўйилган китоб жовонига ишора қилди: “Каббала ҳимояси”, “Роберт Фладд фалсафасига шарҳ”, “Сефер Йецира”нинг айнан таржимаси, “Баал-Шемнинг таржимаи ҳоли”, “Ҳасидлар мазҳаби тарихи”, Тетраграмматон ҳақидаги тазкира (немис тилида) ва Бешкитобда Худонинг номлари ҳақидаги яна бир тазкира. Комиссар жирканиш аралаш ҳадик билан китобларга қараб қўйди. Сўнг бехос кулиб юборди.
– Мен бор-йўғи ожиз бир насронийман, – деди у, – истасангиз, бу лаш-лушларнинг барини ола қолинг. Яҳудий бидъатларини титкилашга менда вақт йўқ.
— Эҳтимол, ушбу жиноят айни шу яҳудий бидъатлари тарихи билан боғлиқдир, – ўйчан сўз қотди Лённрот.
— Худди насронийлик каби, – дея луқма ташлашга журьат қилди воқеа жойига етиб келган “Идише Цайтунг” муҳаррири. У калтабин, тортинчоқ ва Худога ишонмас эди. Миршабларнинг бири ёзув машинкасидан бир парча қоғоз топиб олди. Унда мана бу тушуниксиз сўзлар ёзилган эди:
“Исмнинг биринчи ҳарфи айтилди”
Лённрот бирдан яна жиддийлашиб, марҳумнинг китобларини боғлашни буюрди ва уларни ишхонасига олиб кетди. У тергов ишларидан четланиб, китобларни тадқиқ қилишга киришиб кетди. Китобларнинг бири уни тақводорлар мазҳаби асосчиси Исраел Баал-Шем-Това таьлимотидан огоҳ қилди; бошқаси – Худонинг зикр этиб бўлмас исми – Тетраграмматон қудрати ва ҳалокатли таьсири билан ошно қилди; яна бир китоб мутолааси Худонинг махфий исми мажудлиги ва бу исмнинг жисмига (форсларнинг нақл қилишларича, Искандар Мақдунийга тегишли бўлган шиша копток сингари) унинг тўққизинчи сифати – мангулик, яьни оламда мавжуд ҳамма нарсадан – келгусида юз берувчи, айни вақтда рўй бераётган ва ўтмишда содир бўлган ҳамма нарсадан воқифлик жо этилганлиги ҳақидаги фикрдан бохабар қилди. Аньанага кўра худонинг тўқсон тўққиз исми мавжуд, гебраистлар ушбу миқдорнинг номукаммаллигини жуфт сонлар қаршисидаги фусункор қўрқув билан боғлайдилар, ҳасидлар бўлса, шу фикрдан келиб чиққан ҳолда, мазкур нуқсон юзинчи исм – Мутлақ Исмнинг мавжудлигидан далолат, деб хулоса қиладилар.
Орадан бир неча кун ўтгач, “Идише Цайтунг” муҳаррирининг ташриф буюриши Лённротни тадқиқотларидан чалғитди. Муҳаррир қотиллик хусусида суҳбатлашмоқчи бўлган, Лённрот эса Худонинг исмлари ҳақида фикр юритишни афзал кўрди; шундан сўнг муҳаррир Эрик Лённрот қотил исмини топиш йўлида Худонинг исмларини ўрганиш билан машғул, дея газета орқали хабар берди. Газеталардаги одмилаштиришларни ўқийвериб кўникиб қолган Лённрот бундан ғазабланмади. Ҳар қандай одамни ҳар қандай китоб сотиб олишга мажбур қилиш мумкинлигини кашф этган ишбилармонлардан бири “Ҳасидлар мазҳаби тарихи” номли оммабоп нашр чоп этди.
Иккинчи жиноят учинчи январга ўтар кечаси пойтахт ғарбидаги ташландиқ ва кимсасиз жойда содир бўлди. Бу овлоқ жойни айланиб юрган отлиқ жандармларнинг бири тонг саҳарда эски бўёқчилик устахонаси остонасида пончо ёпинган одам жасадини кўриб қолди. Унинг тош қотган юзлари қонга беланганидан ниқобга ўхшар, кўксида эса пичоқнинг чуқур изи қолган эди. Деворга оҳак билан бир неча сўз ёзилган эди. Жандарм ёзувни ўқий олди…
Кечга яқин Тревиранус билан Лённрот жиноят содир бўлган ўша овлоқ жойга отланишди. Улар ўтирган машинанинг ўнг ва сўл томонидаги шаҳар тобора узоқлашар эди; осмон эса юксалиб борар, уйлар ҳам энди хаёлни чалғитмай қўйган эди, фақат ҳар замонда ғиштдан тикланган ўтхоналар ёҳуд сарвқомат теракларни кўриш мумкин эди, холос.
Мана, ниҳоят, қайғу макони: ботаётган қуёшнинг ваҳшатли нурларида тобланган пахса деворларни оралаган кўча. Мурда аниқланган, у – кўҳна шимолий даҳаларда номи чиққан Симон Асеведо исмли одам эди. Аввал юк ташувчи, кейинроқ сайловолди мавсумларида ёлланма муштумзўр бўлган бу одам ўғрилик ва ҳатто чақимчиликдан ҳам хазар қилмай қўйган эди. (Қотиллик усули икков изқуварга ҳам таниш туйилди. Асеведо тўппончадан кўра пичоқни афзал билган қароқчилар авлодининг сўнгги вакили эди.) Оҳак билан қуйидаги сўзлар ёзилган эди:
“Исмнинг иккинчи ҳарфи айтилди”.
Учинчи жиноят учинчи февралга ўтар кечаси содир бўлди. Тун ярмидан оққан маҳал комиссар Тревиранус хонасида телефон жиринглади. Сирлилик пардасига ўралган, ғаразгўйлик сезилиб турган бўғиқ эркак овози ўзини Гинзберг (ёки Гинзбург) деб таништирди ва тегишли ҳақ эвазига икки қотиллик – Асеведо ва Ярмолинскийнинг ўлдирилиши билан боғлиқ далилларни хабар қилишга тайёр эканлигини маьлум қилди. Аллақандай ҳуштак ва бурғу товушлари унинг овозини босиб кетди. Кейин алоқа узилиб қолди. Бу ҳазил бўлиши мумкинлигини эьтибордан соқит қилмаган ҳолда (ҳар қалай ўйин-кулгулар мавсуми эди) Тревиранус унга “Ливерпуль-хауз”дан – исловатхона маликалари ва Инжилфурушлар баҳамжиҳат яшаб келаётган Рю-де-Тулон кўчасидан сим қоқишганини аниқлади.
Ўз навбатида комиссар қовоқхона соҳибига қўнғироқ қилди. Обрўсига путур етиши мумкинлигидан хавотирга тушган ва дили сиёҳ бўлган соҳиб (Блек Финнеген, ирландиялик собиқ жиноятчи) қуйидагини маьлум қилди – телефондан охирги марта фойдаланган кимса унинг мижози, Грифиус исмли одам бўлиб, у яқинда улфатлари билан ташқарига чиқиб кетибди. Грифиус бир ҳафта аввал бар юқорисидаги хонани ижарага олган, унинг юз тузилиши нозик, соқолига оқ оралаган, одмигина қора либосда эди. Финнеген (Тревирануснинг фаҳмлашича, соҳиб бу хонани бошқа мақсадлар учун ажратган эди) ҳаддан ортиқ қиммат ҳақ сўраганига қарамай, Грифиус тортишиб ўтирмади. У деярли ташқарига чиқмас, ҳар гал хонасида овқатланар, бардагилар ҳам уни таний олишлари даргумон эди.
У кечқурун Финнеген идорасидан сим қоқиш учун пастга тушган маҳал қовоқхона қаршисига икки ўриндиқли фойтун келиб тўхтади. Извошчи ўрнидан жилмади, аммо баьзилар унинг айиқ ниқоби кийиб олганига эътибор қилишди. Фойтундан ўрта бўйли икки масхарабоз тушиб келди, афтидан, уларнинг дурустгина кайфлари ҳам бор эди. Бурғу садолари остида Финнеген идорасига кира солиб, Грифиусни қучоқлай кетишди. Грифиус уларни таниб турган бўлсада, муомаласи совуқ эди; учовлон идиш тилида бир фурсат суҳбат қуришди – Грифиус паст ва бўғиқ овозда, уларнинг овозлари эса сохта ва бақироқ эди – кейин ҳаммалари унинг хонасига кўтарилишди. Чорак соатлардан сўнг оғизлари қулоғида мамнун кайфиятда қайтиб чиқишди.
Грифиус шериклари каби маст эди. Оёқларида аранг турган бу одам ниқоб кийган икки масхарабозни қучоқлаб олганди. (Бардаги аёллар уларнинг либосида сариқ, қизил ва зангор шакллар борлигини эслади.) Грифиус йўл-йўлакай икки марта қоқилиб ҳам кетди. Ҳар сафар уни масхарабозлар тутиб қолишарди. Учовлон фойтунга ўтиргач, энг яқин бандаргоҳ томон елиб кетишди. Фойтунга энг сўнгида кўтарилган масхарабоз қовоқхона қаршисидаги симёғочларнинг бирига оҳак билан ножўя сурат ва аллақандай жумлани ёзиб қўйишга улгурган эди.
Тревиранус ёзувни ўқиб кўрди. Олдиндан фаҳмлаш мумкин бўлганидек, ёзув қуйидагича эди:
“Исмнинг сўнгги ҳарфи айтилди”.
Сўнг Тревиранус Грифиус-Гинзберг хонасини кўздан кечирди. Полдаги қон доғлари ёйилиб кетган, ҳар жойда мажор русумли папирос қолдиқлари сочилиб ётарди. Жовонда эса баьзи саҳифаларига белгилар қўйилган Лейденга мансуб “Яҳудий-юнонча сўзлашгич” (1739) бор эди. Тревиранус китобга нафрат билан тикилди ва Лённротга одам юборди. У кела солиб сўзлашгични варақлай кетди. Бу вақтда комиссар ҳозирча тахмин қилинаётган одам ўғирлашга оид бир-бирига зид кўрсатмалар бераётган гувохларни сўроқ қилиш билан машғул эди.
Соат тўртларда иккови ҳам кўчага чиқишди. Эрталабдан буён супуриб-сидирилмаган илон изи Рю-де-Тулон кўчаси бўйлаб юриб боришар экан, Тревиранус гап бошлади:
— Бордию ушбу тундаги ҳодиса оддий муғомбирлик бўлсачи?
Эрик Лённрот кулиб қўйди ва “Яҳудий-юнонча сўзлашгич”нинг ўттиз учинчи бўлимига оид жумлани жиддий қиёфада ўқиб берди:
— Яҳудийлар учун кун қуёш ботишидан бошланиб, кейинги кун қуёш ботишига қадар давом этади.
Ҳамроҳи заҳархандалик билан деди:
— Булар сиз бу оқшом қўлга киритган энг қимматли маьлумотларми?
— Асло. Гизнберг айтган биргина сўз бундан қадрлироқ.
Даврий тарзда содир бўлаётган бу қотилликлар ҳақида кечки газеталарда хабарлар босилиб чиқди. “Шамшир ва Хоч” зоҳидлар навбатдаги анжуманидаги ажойиб тартиб-интизомни ушбу жиноятлар учун ўрнак қилиб кўрсатди; Эрнст Паласт “Жафокаш” саҳифалари орқали “атиги уч нафар яҳудийни йўқ қилиш учун уч ой вақт сарфлаган махфий жиноятчиларнинг кечириб бўлмас сусткашлиги”ни қоралаб чиқди; “гарчи баъзи фаҳм-фаросат соҳиблари мазкур уч жумбоқнинг ўзга изоҳини кўрмаётган бўлсалар-да”, “Идише Цайтунг” яҳудийларга қарши фитна деган ваҳимали тахминни инкор этди. Жанубнинг энг кўзга кўринган ёлланма қотилларидан бўлган Денди Ред Шарлах эса унга қарашли ҳудудларда ҳеч қачон бу каби қотиллик содир этилмаганини айтиб, комиссар Франц Тревиранусни жинояткорона масъулиятсизликда айблади.
Биринчи март куни оқшом комиссар муҳр босилган конверт олди. Очиб кўрилгач, унинг ичида “Барух Спиноза” деб имзо қўйилган мактуб ва қандайдир нашрдан юлиб олинган шаҳарнинг батафсил харитаси борлиги маълум бўлди. Мактубда учинчи март куни ҳеч қандай қотиллик содир этилмаслиги башорат қилинган, зотан “Барух Спиноза”нинг таькидлашича, шаҳарнинг шарқий қисмида жойлашган бўёқчилик устахонаси, Рю-де-Тулондаги қовоқхона ва “Отель дю Нор” барча томонлари тенг бўлган сирли учбурчакнинг бенуқсон қирралари эди; харитада қизил сиёҳ билан мана шу учбурчак чизиб қўйилган эди. Тревиранус геометрик услубдаги бу далиллар билан танишиб чиққач, мактуб билан харитани Лённротга юборди – бундай бемаъни бошқотирма билан унинг ўзи шуғулланаверсин.
Эрик Лённрот юборилган мактубни диққат билан ўрганиб чиқди. Кўрсатилган уч нуқта ҳақиқатдан ўзаро тенг масофада жойлашган эди. Вақтдаги бақамтилик (3 декабрь, 3 январь, 3 фавраль), масофалар орасидаги бекаму-кўстлик… Унга бирдан жумбоқнинг сири ечилгандай туюлди. Унинг тахминларини компас ва буссол яна ҳам ойдинлаштирди. Энди мийиғида кулиб қўйди – ”Тетраграмматон”. Сўнг комиссарга сим қоқди.
— Кеча менга юборганингиз шакллар учун ташаккур, -деди у. – Шакллар жумбоқни ечишимга ёрдам қилди. Эртагаёқ, жума куни, жиноятчилар панжара ортида бўлишади. Кейин кўнглимизни хотиржам қилсак бўлаверади.
— Демак, улар тўртинчи қотилликни содир этишмас экан-да?
— Тўртинчи қотиллик содир этилади, айнан шунинг учун хотиржам бўлсак бўлаверади.
Бир соат ўтар-ўтмас, у Жанубий темир йўллар тармоғига қарашли поездда ташландиқ “Трист-ле-Руа” чорбоғи томон елиб борар эди.
Шаҳарнинг назарда тутилаётган жанубий ҳудудидан чиқинди ва ахлатларга тўла лойқа сувли анҳор оқиб ўтади. Дарё ортида эса фабрикага қарашли ерлар ястаниб ётибди. У жойларни ўзларининг барселоналик сардорлари қаноти остида ёлланма қотиллар макон тутишган. Уларнинг энг машҳури – Ред Шарлах бу махфий сафардан хабар топиш учун бор нарсадан кечишга тайёр бўлса керак, деган фикрдан ўзича кулиб қўйди. Асеведо Шарлахнинг қиёматли ошнаси эди. Лённрот тўртинчи мурда Шарлахнинг ўзи бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Кейин бу тахминдан воз кечди… Умуман олганда, Лённрот жумбоқни ҳал қилган, муайян ҳолатлар, далиллар эса (исмлар, ҳибсга олишлар, башаралар, суд ва қамоқхона тафсилотлари) уни энди деярли қизиқтирмай қўйган эди. Мазкур жиноий ишни тадқиқ этиб ўтказилган уч ойдан сўнг унинг кўнгли очиқ ҳавони, ниҳоят ҳордиқ чиқаришни тусаб қолган эди. У қотилликлар изоҳи яширинча юборилган учбурчак ва кўҳналик ғубори қўнган бир юнонча сўзда бўлиши керак, деб хаёл қилди. Жумбоқ сири ечилган, бунинг учун бутун бошли юз кунни сарф қилганидан уялиб ҳам кетди.
Поезд сукунатга чўмган бекатда тўхтади. Лённрот вагондан тушди. Эрта тонг каби сокин оқшомларнинг бири. Туман қўйнидаги кенгликлар ҳавоси намчил ва совуқ эди. Лённрот манзил томон йўлга тушди. У йўлда итларни кўрди, ёпиқ изда турган вагонга эътибор қилди, у уфқни назар ташлади, кўлмакдаги қўланса сувни ичаётган ва кумушдек товланган йўрға отга узоқ тикилиб қолди. Олисда “Трист-ле-Руа” чорбоғининг тўртбурчак шийпони кўринган маҳал қоронғи туша бошлаган эди. Шийпон – атрофини ўраган чинорлар сингари баланд эди. Исм шайдолари орзу қилган ўша дақиқадан уни атиги бир тонг ва бир шом (шарқнинг азалий тонги ва мағрибдаги яна бир тонг) ажратиб турганлигини хаёл қилди Лённрот.
Чорбоғнинг нотекис четлари занглаган темир билан иҳоталанган, асосий дарвоза берк эди. Ичкарига осонликча кира олмаслигига кўзи етган Лённрот бутун чорбоғни айланиб чиқди. Яна ишғол қилиб бўлмас дарвоза қаршисида пайдо бўлгач, қўлларини беихтиёр оралиққа суқиб, зулфинни топди. Дарвозани базўр очди. Лённрот оёқлари остидаги қат-қат япроқларни босганча чинорлар оралаб ўтган йўлак бўйлаб юрди. Чорбоғ ўзининг бемаъни бақамтилиги ва нақшларининг аҳмоқона тарзда такрорланиши билан ҳайратга солар, биринчи токчага ўрнатилган Диананинг мармар ҳайкалига бошқа бир токчадаги бошқа бир Диана бақамти эди; бир болахона худди шу каби бошқа бир болахонанинг акси бўлиб хизмат қилар, икки серҳашам зинапоя икки томондан иккита нақшинкор панжарали майдонга томон йўналган эди. Икки чеҳрали Гермесдан тушаётган кўланка ваҳимали эди. Лённрот чорбоғ каби уйни ҳам айланиб чиқди. У ҳамма нарсани кўздан кечириб бўлгач, баланд пешайвон остидаги дарпардага кўзи тушди.
Лённрот дарпардани сурди: унинг ортида ертўлага олиб тушувчи мармар супалар ётқизилганди. Меъморнинг дидини тушуна бошлаган Лённрот ертўланинг қарама-қарши деворида худди шунга ўхшаш супалар борлигини тахмин қилди. Тахмини тўғри чиқди, у супалардан юқори кўтарилди ва шифтга қўлларини тираганча чиғир қопқасини очиб, ташқарига чиқди.
Аллақайдан тушаётган ожиз шуъла уни ойна қаршисига олиб келди. У ойнани ланг очиб юборди: марказида фавворалари бўлган қаровсиз боғни думалоқ ҳилол ёритиб турар эди. Лённрот уйни ўрганишда давом қилди. Даҳлиз ва йўлаклар орқали у айнан бир хил мўъжаз ҳовлиларга чиқар ва кўпинча айнан бир ҳовлида яна қайта пайдо бўларди. У ғубор қўнган зиналардан юриб, айланмасимон даҳлизларга кўтарилар экан, қаршида турган кўзгуларда муттасил акс этар, у ҳар сафар дераза ортидаги айнан ўша маъюс боғни ҳар гал турли баландликдан ва турли нуқтадан томоша қилар эди; хоналардаги жиҳозларга сариқ ғилоф кийдирилган, матоларга эса ўргимчаклар ин қурган эди. Ётоқхоналарнинг бирида чинни гулдонга солинган якка-ёлғиз гулга кўзи тушди, унга тегиб улгурмасидан қуриган япроқлар кукунга айланиб, тўкилиб тушди. Учинчи ва тўртинчи қаватга кўтарилгач, Лённротга бу кошона адоқсиз ҳамда бўй ва энига томон муттасил равнақ топиб бораётган каби туйилди. “Уй айтарли катта эмас, -ўйлади у, – қоронғулик ва бақамтиликдан, кўзгулар ва қаровсизликдан ҳамда нотаниш вазият ва кимсасизлик туфайли менга адоқсиз туйилаётир”.
Айлана зинапоя орқали у шийпонга кўтарилди. Тунги ҳилол ойналар аро шуъла сочар, уларнинг ранги сариқ, қизил ва зангор эди. Ғаройиб ва ҳайратомуз хотирадан эсанкираб қолган Лённрот ойналардан кўзини узолмай қолди. Шу заҳоти паст бўйли, аммо чайир ва баджаҳл икки кимса унга ташланиб, қуролини тортиб олишди; баайни йўқликдан пайдо бўлган баланд бўйли учинчи одам такаллуф билан таъзим қилди:
— Илтифотингиз нақадар улуғ. Сиз биз учун бир кеча ва бир кундузни тежадингиз.
Бу – Ред Шарлах эди. Анави иккови Лённротнинг қўлини боғлашди. Лённрот ниҳоят тилга кирди.
— Шарлах, наҳот сиз бўлсангиз махфий исмни излаётган?- Шарлах индамай тураверди. У қисқа олишувда қатнашмади, фақат Лённротнинг тўппончасини олиш учун қўл узатди. Ниҳоят у гапира бошлади; унинг овозида қўлга киритилган зафардан қониқиш, бу оламнинг ўзи каби чексиз нафрат ва мана шу нафрат қадар улкан қайғу сезилиб турар эди.
– Йўқ, -деди Шарлах.- Мен бор-йўғи ўткинчи ва заифроқ бошқа бир нарсани излаяпман, мен Эрик Лённротни излаяпман. Уч йил аввал Рю-де-Тулондаги исловатхонада сиз менинг укамни шахсан қамоққа олган эдингиз. Йигитларим мени ўша олишувдан қорнимда миршаб ўқи билан олиб чиқишди. Мен мана шу бақамти ва кимсасиз чорбоғда тўққиз кеча-кундуз ажал билан олишиб ётдим; ичим иситмадан олов бўлиб ёнар, тонг ва шомларга бепарво тикилган икки чеҳрали манфур Янус бўлса тушим ва ўнгимда мени ваҳшатга солар эди. Менда ўз вужудимга нафрат уйғонди, иккита кўз, иккита қўл ва иккита ўпка худди бир одамнинг ўзида иккита чеҳра бўлгани каби даҳшатли эди.
Ирландиялик бир одам мени Исо масеҳ динига эътиқод қўйдириш илинжида “гоим”лар ҳикматини такрорлагани такрорлаган эди: “Барча йўллар Римга олиб боради”. Кечалари мен мана шу ташбеҳ билан алаҳсиб чиқар ва бу дунё ҳеч бир бағридан чиқиб кетиб бўлмас лабиринт эканлигига иймон келтирардим, илло барча йўллар – улар хоҳ шимол ва ё жануб томон йўналган бўлсин, – аслида Рим томон олиб боради, ўз навбатида Рим, бир вақтнинг ўзида, укам ўлим талвасасида ётган тўртбурчак қамоқхона ва “Трист-ле-Руа” чорбоғи эди. Шундай пайтларда мен инимни турмага ташлаган одам атрофида лабиринт барпо қиламан, деб икки чеҳрали худо ҳамда безгак ва кўзгуларнинг барча худолари номи билан онт ичдим. Мана, мен бу лабиринтни тикладим: бунинг учун менга ўлдирилган раввин, буссол, XVIII асрда фаолият кўрсатган мазҳаб, бир юноний калом, битта пичоқ, бўёқчилик устахонаси деворларидаги шакллар хом-ашё бўлиб хизмат қилди.
Бу ният тасодиф туфайли туғилди. Бир неча дўстларим билан (улар орасида Даниэль Асеведо ҳам бор эди) тетрарх ёқутларини ўғирлашни мўлжал қилдим. Асеведо бизга хиёнат қилди: олдиндан тўланган пулларни ичкиликка совуриб бўлгач, ўғирликка бир кун аввал ёлғиз ўзи отланди. Улкан меҳмонхонада адашиб қолгач, тунги соат иккиларда Ярмолинскийнинг хонасига кириб қолди. Уйқусизлик тинчлик бермаётган Ярмолинский эса алланималарни ёзиб ўтирар эди.
Афтидан, у Худонинг Исми хусусида қандайдир мақола тайёрлаётган ва эндигина мана бу сўзларни ёзиб улгурган эди: “Исмнинг биринчи ҳарфи айтилди”. Асеведо унга чурқ этмасликни буюрди, аммо Ярмолинский қўнғироққа интилгач, Асеведо унга пичоқ уришга мажбур бўлди – Ярмолинский кўксида пичоқнинг чуқур изи қолганди. Бу қарийб ихтиёрсиз ҳаракат эди; эллик йил мобайнидаги зўравонликларга тўла ҳаёт энг осон ва ишончли йўл ўлдириш эканлигидан унга сабоқ берган эди.
Ўн кундан сўнг “Идише Цайтунг” сиз Ярмолинский ёзувларида унинг ўлимига изоҳ қидираётганингизни маълум қилди. Мен “Ҳасидлар мазҳаби тарихи”ни ўқиб чиққач, Худонинг Исмини айтишга йўл бермайдиган илоҳий қўрқув мазкур таълимотни келтириб чиқарганлиги ва бу Исм қудратли ҳамда синоатлар ичра пинҳон эканлигини билиб олдим. Айни шу Махфий Исмни излаб топиш йўлида баъзи ҳасидлар қотилликларга ҳам қўл уришларидан воқиф бўлдим… Сиз раввинни ҳасидлар ўлдирган, деб тахмин қилишингизни фаҳмлагач, ишончингизни мустаҳкамлашга киришдим.
Марк Ярмолинский учинчи декабрга ўтар кечаси ўлдирилган эди; иккичи “қурбонлик” учун мен учинчи январь тунини танладим. Ярмолинский шаҳарнинг шимолий ҳудудида ҳалок бўлган, иккинчи “қурбонлик” учун эса шарқий томондан жой топиш лозим эди. Ушбу ният учун керакли одам Даниэль Асеведо бўлиб, у ўлимга лойиқ эди: у ўзбошимча ва хиёнаткор эди, унинг қўлга олиниши бутун режани барбод қилиши тайин эди. Уни одамларимизнинг бири чавақлади; бу икки ўлим ўртасида алоқа боғлаш учун мен бўёқчилик устахонаси ойналари устига мана бу жумлани ёзиб қўйдим:
“Исмнинг иккинчи ҳарфи айтилди”.
Учинчи жиноят учинчи февралда содир бўлди. Тревиранус тўғри фаҳмлаганидек, бу оддий муғомбирлик эди. Грифиус-Гинзберг-Гинзбург – бу менман; мени дўстларим ўғирлаб кетишмагунча бутун бир ҳафтани (сохта соқол ёпиштириб олган кўйи) Рю-де-Тулондаги ўша исловатхонада ўтказдим. Дўстларимнинг бири симёғочда “Исмнинг сўнгги ҳарфи айтилди” деган ёзувни қолдирди. Бу – режага кўра фақат учта қотиллик назарда тутилганлигига ишора эди. Ҳамма шундай деб тушунди ҳам; аммо мен сизга, муҳтарам донишманд Эрик Лённрот, тўртинчи қотиллик ҳам содир этилишига оид бир неча ишора қилдим. Шимолдаги битта, шарқ ва ғарбдаги иккита мўъжиза бекаму-кўст бўлиши учун жанубда тўртинчиси содир этилиши лозим эди. Ахир Худонинг Исми – Тетраграмматон – JHVH – тўрт ҳарфдан иборат; масхарабозлар ва бўёқчи ниқоби тўрт унсур ҳақида фикр уйғотар эди. Мен Лейден асарида бир жойни белгилаб қўйган эдим, унда айтилишича, яҳудийларнинг куни бир шомдан иккинчи шомга қадар давом этади; бу жумладан қотилликлар ҳар ойнинг тўртинчи кунида содир этилишини англаш мумкин эди. Мен Тревиранусга томонлари тенг бўлган учбурчакни юбордим. Мен етишмаётган нуқтани ўзингиз белгилаб қўйишингизни сезган эдим. Тўғри тўртбурчакни хотималовчи ва сизни муқаррар ўлим кутаётган жойни маълум қилувчи сўнгги нуқтани ўзингиз белгилаб қўйишингизни мен билган эдим. Мен сизни – Эрик Лённротни кимсасиз “Трист-ле-Руа”га етаклаб келувчи йўлни пухта ишлаб чиқдим.
Лённрот Шарлах нигоҳидан кўзларини олиб қочди. Лённрот атрофларини сарғиш, зангор ва қизил тўртбурчак шакллар чегаралаган дарахтлар ва осмонга назар ташлади. Унинг этлари жунжикиб, маъюсланиб қолди. Атрофни қоронғулик забтига олиб улгурган, қаровсиз боғ тарафдан аллақандай қушнинг маънисиз ва бефойда қичқириғи эшитилди. Лённрот сўнгги бор бақамти ва такрорланувчи ўлимлар жумбоғи ҳақида ўйга толди.
– Лабиринтингизда учта кераксиз чизиқ бор, -деди у ниҳоят.- Мен якка-ёлғиз тўғри чизиқдан иборат юнон лабиринтини биламан. Ушбу чизиқда шу қадар кўп файласуфлар адашиб қолганларки, фақирдай оддий изқуварнинг ҳам шу кўйга тушганидан ажабланишга ҳожат йўқ. Шарлах, навбатдаги эврилишда мени овлаётиб, А нуқтада бир сохта қотилликни амалга оширинг (ёки чинакамига содир этинг), кейинги қотилликни А нуқтадан 8 чақирим узоқликда жойлашган В нуқтада, учинчи қотилликни А ва В нуқталар оралиғидаги масофанинг қоқ ўртасида жойлашган С нуқтада содир этинг. Кейин эса мени А ва С нуқталар оралиғидаги масофанинг қоқ ўртасида жойлашган D нуқтада кутинг. Мени D нуқтада ўлдиринг, худди ҳозир “Трист-ле-Руа”да ўлдираётганингиз каби мени D нуқтада ўлдиринг.
– Сизни кейинги сафар ўлдираётганимда, -деб жавоб қилди Шарлах, – мен сизга якка-ёлғиз тўғри чизиқдан иборат бўлган лабиринт, кўзга кўринмас ва адоқсиз лабиринт ваъда қиламан.
У бир неча қадам ортга чекинди. Сўнгра диққат билан тепкини босди.
Шарифжон Аҳмедов таржимаси