Мен тарихимизнинг энг ғалати ва энг қайғули манзараларидан бирини (чамаси биринчилар қатори) ҳикоя қилиб бермоқчиман. Буни имкон қадар ҳикояга аралашмасдан, чиройли тўлдиришлар ва хатарли тахминларсиз амалга ошириш маъқул деб ўйлайман.
Иштирок этувчилар уч киши: эркак, аёл ва ҳар жойда ҳозиру-нозир мустабид кўланкаси. Эркак кишининг исми Педро Сальвадорес эди; менинг бобом Асеведо уни Касерос ёнидаги жангдан сўнг бир неча кун ва ёки ҳафта ўтгач кўрган. Ҳақиқат шуки, Педро Сальвадорес ҳамма қатори бир одам бўлган, фақат тақдир ва йилларгина унга бетакрорлик бахш этди. У ўша замоннинг ўрта ҳол соҳибларидан эди: сақланиб қолган маълумотларга кўра, унинг чорбоғи бўлиб, ўзи унитарийларга ҳайриҳоҳ эди. Хотини Планеслар хонадонидан эди; улар Суипачанинг Темпле кўчаси билан кесишган жойида истиқомат қилишар, ҳикоя қилинаётган воқеалар содир бўлган уй оддий~гина эди: оддий дарвоза, йўлак, панжарали эшик, бўлмалар ва ички кичик ҳовлилар.
1842 йил оқшомларининг бирида уй эгалари тупроқ йўлдан тобора яқинлашиб келаётган отлар дупури ва отлиқларнинг қичқириқларига эътибор қипишди. Бу гал масорка уларни четлаб ўтмади, эшикни гурсиллатиб тепа бошладилар. Аскарлар эшикни бузаётган маҳал Сальвадорес столни нари сургач, гиламни қайириб ертўлага яширинишга улгурди. Хотини столни жойига суриб қўйиши ҳамон Сальвадоресни ҳибсга олиш учун ташриф буюрган каллакесарлар бостириб киришди. Хотини Сальвадорес Монтевидеога қочиб кетди, деб айтди. Бу сўзларига ишонмасдан уни дўппосладилар, мовий чинни идишларни чил-чил қилиб, бутун уйни остин-устун қилсалар-да, гиламни кўтариш хаёлларига келмади. Улар қайтиб келишларини айтиб, ярим кечаси чиқиб кетишди.
Педро Сальвадореснинг чинакам воқеаси мана шу жойдан бошланади. У ертўлада тўққиз йил умр кечирди. Йиллар кунлардан, кунлар соатлардан иборат, тўққиз йиллик муддат эса мана шу кун ва соатлар хаёлий йиғиндисининг мавҳум шаклидан ўзга нарса эмас, деб ҳар қанча мулоҳаза қилманг бўлиб ўтган воқеа даҳшат эди. Охир-оқибат кўзлари кўникиб қолган зулмат қўйнида у ҳеч бир нарса тўғрисида, ҳатто нафрат ва хатар ҳақида ҳам ўйламаган дея олмайман. Сальвадорес ертўлада умрини ўтказар экан, ташқаридан хотинининг таниш қадам олишпари, челакнинг қудуққа урилиши, ҳовлида қуяётган жала-ўзи қувғин қилинган оламнинг товушлари эшитилар ва ҳар бир янги куннинг сўнгги кунга айланиш хавфи кезиб юрарди.
Оғизларидан гуллаб қуйишларидан чўчиган хотини хизматкорларнинг жавобини берди. Қариндошуруғларига бўлса Сальвадорес Шарқий Соҳилда, деб айтди. Ўзи ва эрини боқиш учун аскарлар кийими тикиш билан машғул бўлди. Фурсат етиб, икки ўғил туққач, оиласи уни бузуқликда айблади ва оқ қилди. Мустабид қулагач эса қариндошлари бу учун ёлвориб узр сўрашди.
Ким ва нимага айланиб қолганди Педро Сальвадорес? Ертўлада бу қадар узоқ яшашга уни нима мажбур қилди қўрқўвми ё муҳаббат, қадрдон Буэнос-Айрес хаёлими ва ё шунчаки кўникиш? Ёлғизликдан тинкаси қуриган хотини, чамаси, унга фитна ва ғалабалар ҳақидаги мужмал хабарларни етказиб турган эди. Ёки Сальвадорес қўрқоқ эдими ва буни билган хотини бечора шу қадар садоқат билан уни кўздан яширганмиди? Эҳтимол, шағамсиз, эҳгимол китобларсиз у ертўлада қай тариқа кун кечирганини тасаввур қиламан. Қоронғулик, чамаси, уни уйқуга ундар эди. Эҳгимол, дастлаб у ҳамон ўша мудҳиш кечани, кимсасиз кўчалар ва ялангликни туш кўрган эди. Орадан шунча йиллар ўтгач, у энди қочиб кета олмас ва фақат ертўланигина туш кўрганлиги ҳам ҳақиқат эди. Дастлаб бошда у таъқиб остига олинган қочоқ эди, Кейинчалик эса буни ким билсин тақдирга тан бериб инига уриб кетган йиртқич ва ё аллақандай сирли-синоатли санамга айланганди.
Бу аҳвол Росас мамлакатдан жуфтакни ростлаган 1852 йилнинг ёзига қадар давом қилди. Шундан кейингина бизнинг зоҳид ертўлани тарк этди; менинг бобом у билан суҳбатдош бўлди. Хомсемиз ва бесўнақай бу одам мум рангини олган ва паст овоз билан сўзларди. Унинг мусодара этилган ерларини барибир қайтариб беришмади; афтидан, у чўнтагида бир мирисиз қазо қилди.
Педро Сальвадореснинг қисматида мен ҳамма нарсада кўрганим тимсолни кўраман, кўнгил учида турган тимсолни кўраман.
Шарифжон Аҳмедов таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2001 йил, 3-4-сон