«Мукаммал матн деганлари, аслида, йўқ нарса. Худди буткул умидсизлик бўлмаганидек».
Буни менга талабалигимда тасодифан танишиб қолган бир ёзувчи айтганди. Бу нимани англатишини мен анча кейин тушундим — ўша кезда эса, бу, ҳарқалай, бир тасалли эди. Мукаммал матн йўқ нарса, дердим ўзимга ўзим.
Лекин барибир бирор нарса ёзишга киришдим дегунча, умидсизликка тушардим. Чунки мен ёза оладиган мавзулар доираси тор эди. Масалан, фил ҳақида нимадир ёза олардим, аммо фил билан муомала қилишни эплашим даргумон. Шунақа гаплар.
Саккиз йил мени бу иккиланиш тарк этмади. Роппа-роса саккиз йил. Озмунча вақт эмас.
Лекин бирор-бир янги нарсани ўрганаётганингда, қариш унчалик азобли туюлмайди. Мавҳумроқ фикрлаганда шундай хулосага келасан.
Йигирма йилдан ортиқроқ вақтдан бери мен доим айнан шундай яшашга уриниб келаман. Бунга жавобан беҳисоб шапалоқлар тушди, тушунмовчиликлар, алдовларга дучор бўлдим, бироқ айни пайтда — бебаҳо тажриба ҳам орттирдим. Аллақандай одамлар келишарди, мени гапга солишарди, тасир-тусур бостириб, худди кўприкдан ўтгандек босиб-янчиб ўтиб кетишар ва бошқа ортга қайтишмасди. Мен бўлсам жимгина ўтирардим, ҳатто оғзимни очмасдим. Ўттизни тўлдирадиган охирги йилни мен шу алпозда қаршиладим.
Ҳозир эса: бир бошдан гапириб берсам-чи, деган фикрга келдим.
Тўғри, бу бирор-бир муаммони ҳал қилмайди, айтиб берганим билан, барибир, ҳаммаси аслидагидай қолаверади, деб қўрқаман. Охир-оқибат, матнлар ўз-ўзини даволаш учун эмас, балки даво топиш йўлида уриниб кўриш учунгина ёзилади.
Аммо барчасини рўй-рост гапириб бериш ўлгудай қийин. Ростгўй бўлишга қанчалик интилсам, зарур сўзлар зулмат қаърига шунчалик чуқурроқ ботиб кетаётгандек туюлаверади.
Ўзимни оқламоқчи эмасман. Сирасини айтсам, ҳозирча бундан тузукроқ ёзолмайман. Ортиқча бир нима дея олмайман. Ҳа, дарвоқе, мен яна бир нимани ўйлайман. Туйқусдан, келажакка — беш-олтими ёки ўнлаб йилларми — олдинга ўтиб олсам, озод бўлганимга гувоҳ бўларман? Ўшанда менинг филларим ялангликка қайтишар ва мен дунёга ҳозиргидан кўра чиройлироқ сўзлар топиб айтарман.
* * *
Асар ёзишда мен Дерек Хартфильддан кўп нарсани ўргандим. Ҳамма нарсани ўргандим, десам ҳам бўлади. Хартфильдднинг ўзи, афсуски, ҳар жиҳатдан бесамар ёзувчи эди. Агар ўқисангиз, ўзингиз кўрасиз. Дағал матн, аҳмоқона мавзулар, қовушмаган сюжетлар. Лекин, шуларга қарамай, у матнни қуролга айлантира оладиган камдан-кам ёзувчилардан бири эди. Хемингуэйдай ёки Фитцжералддай замондошларидан жанговарликда ҳечам қолишмасди. Фақат Хартфильдга умрининг охиригача душманни топиш насиб этмади. Очиғини айтганда, унинг бесамарлигиям мана шунда эди.
Саккиз йилу икки ой у мана шу самарасиз жангу жадални олиб борди, кейин эса вафот этди. 1938 йилнинг июн ойи, қуёшли якшанба тонгида ўнг қўлида Гитлернинг суратини, чап қўлида эса шамсияни ушлаб, ўзини «Эмпайр-Стейт-Билдинг» томидан ташлади. Унинг ўлими, худди ҳаёти каби, жиддий гап-сўзларни келтириб чиқармади.
Хартфильднинг биринчи китоби менинг қўлимга тасодифан тушиб қолди — улар қайта нашр этилмаганди. Ўшанда мен ўрта мактабни тугатаётгандим ва чотимдаги тери касаллигидан қийналиб юргандим. Китобни амаким совға қилди, уч йилдан кейин у ичак саратони билан оғриди. Тиғ тегмаган жойи қолмадиёв, танидаги борки тирқишларга пластик найчалар тиқиб ташлашди — охири азоб-уқубат чекиб, қазо қилди. Уни охирги сафар кўрганимда жигарранг териси бужмайиб қолган, муғамбир маймунчага ўхшарди.
* * *
Менинг, ҳаммаси бўлиб, учта амаким бор эди — яна бири Шанхай яқинида ўлган. Уруш тугаганидан икки кун ўтиб, ўзи кўмган минани босиб олган. Тирик қолган ёлғиз амаким кўзбойлоқчи бўлди ва курорт жойларда юриб томоша кўрсатади.
* * *
Хартфильд асарнинг яхшиси ҳақида шундай деган: «Асар ёзиш жараёни ёзаётган киши билан унинг теварагидагилар ўртасидаги масофани тасдиқлашдан бошқа нарса эмас. Бу ерда туйғулар эмас, чизиқ керак». («Сизга яхши бўлса, нимаси ёмон?», 1936 й.)
Қўлимда чизғични маҳкам сиқиб, қўрқа-писа теваракка алангладим. Бу президент Кеннеди вафот этган йили рўй берганди — демак, ўн беш йил ўтибди. Роппа-роса ўн беш йил мен фақат қўлга илинганини улоқтириш билан машғул бўлибман. Худди мотори ишдан чиққан самолётнинг вазнини енгиллатиш учун дастлаб юкларни, сўнгра ўриндиқларни ва энг охирида эса бадбахт ёрдамчи учувчини улоқтиришгандай — мен ҳам ўн беш йил бўлар-бўлмас нарсаларни итқитдим. Бироқ эвазига ҳеч нарса олмадим.
Тўғри қилганман, деган ишонч йўқ. Енгил бўлди, бу рост — аммо ажалга дуч келган чоғда, мендан нима қолади, деган ўйдан қўрқувга тушаман. Жасадимни куйдиришгач, наҳотки бир уюм устихон қолса?
«Кўнглинг қоронғу бўлганда, фақат қайғули тушлар кўрасан. Агар буткул қоп-қора бўлса, унда ҳеч нима кўрмайсан». Марҳум бувим шундай дерди.
Оқшом, бувим қазо қилганда, мен қўлимни узатиб, унинг қовоқларини оҳиста ёпдим. Шу сонияда бувим етмиш тўққиз йил кўрган туш, тошкўчани савалаб ўтган қисқа ёмғирдай, тинчгина ниҳоясига етди. Ҳеч нима қолмади.
* * *
Яна матн ҳақида. Охирги марта.
Мен учун асар ёзиш — азобли жараён. Баъзан бир ой мобайнида арзигулик бир гапни қоғозга туширолмайсан. Яна, гоҳида, уч кечаю кундуз тиним билмай ёзасан — кейин ёзганларингни бошқалар қандайдир бошқача талқин қилишади.
Лекин, барибир, ёзиш — бу кўнгил машғулоти. Ёзганингга мазмун киритиш ҳаётингни маънилироқ қилишдан хийла осон.
Ўсмирлик чоғимда шуларга ақлим етганини пайқаб, чунонам ажаблангандимки, бир ҳафта эсим кетиб юргандим. Мияни озгина ишлатсам дунё менга ўзини бор-буди билан намоён эта бошлайдигандай, вақт жиловини қўлимга ола биладигандай туюларди… Гўё ҳаммаси мен хоҳлаганимдай бўлади, деб ўйлардим.
Бунинг тузоқ эканини анча кейин пайқадим. Ён дафтаримнинг варақларини чизиқ чизиб иккига бўлиб, ўнг томонига шу пайтгача эришган нарсаларимни, чап томонига эса йўқотган нарсаларимни ёздим. Йўқотган, босиб янчиб ташлаган, ташлаб кетган, қурбон қилган, сотганларим… Охиригача барибир санаб чиқолмадим.
Бизнинг ниманидир англашга уринишларимиз билан ростакамига тушуниш ўртасида тубсиз жарлик бор. Қўлимиздаги чизғич қанчалик узун бўлмасин, бу жарликни ўлчай олмаймиз. Қоғозга нимаики ёзмай — бариси рўйхатдан иборат бўлиб чиқади. Ҳеч қанақа роман ҳам, адабиёт ҳам эмас — умуман санъат эмас булар. Шунчаки, тик тортилган чизиқ билан иккига бўлинган ён дафтарча. Насиҳатгўйликка келсак — ҳа, эҳтимол, ундан ҳам бир чимдим бордир.
Агар сизга санъату адабиёт керак бўлса, юнонларни ўқинг. Ахир, ҳақиқий санъатнинг яралиши учун қулдорлик тузуми зарур-ку. Қадимги юнонларда қуллар ерга ишлов беришган, овқат пиширишган, узун кемаларда эшкак эшишган. Шаҳарликлар эса, бу пайтда Ўртаер денгизи соҳилларида қуёшга тобланишиб, шеър ёзиш ва математика машқлари билан машғул бўлишган. Бу ҳақиқатдан ҳам санъат бўлган.
Тун ярмида бўм-бўш ошхонасидаги музлаткични титкилаётган одам ёзган матн қанақа бўлиши мумкин? Фақат мана шунақа ёза олади, холос.
Бу — мен ўзим ҳақимда.
2
Воқеа 1970 йилнинг 8 августида бошланиб, 18 кундан кейин — яъни ўша йилнинг 26 августида тугади.
3
— БОЙЛАРНИНГ БАРИ — СУЛЛОҲ!
Каламуш тирсагини пештахтага тираганча бошини мен тарафга буриб зорланиб бақирди.
Бу сўзлар ортимдаги аллақандай қаҳва майдалагич-идишга тааллуқли экани эҳтимолдан узоқ эмас эди. Мен ёнгинасида ўтирардим ва атай бақириб гапиришга ҳечам ҳожат йўқ эди. Ҳарқалай, бақириб олгач, Каламуш қойил қилгандай ғўддайди ва яна пивони қўлига олди.
Айтганча, Каламушнинг бақирганини атрофдагилардан ҳеч ким эшитмади. Тор бино одамга лиқ тўла, ҳамма шундай бақириб-чақирар эди. Бу манзара чўкаётган кемани эслатарди.
— Ҳаромхўрлар! — деди Каламуш ва бошини маъносиз чайқади. — Ахир, бу муттаҳамларнинг қўлидан бирор-бир иш келмайди. Пулдор башарага кўзим тушса, тамом, кўнглим айнийди.
Қуввати паст пиво қуйилган стакандан кўз узмай бошимни силкиб имо қилдим. Каламуш жим бўлди ва қўлларини гўё гулханга тоблаётгандай — ўнги-терсига ўгириб, озғин бармоқларига термилиб қолди. Мен ўзимни камтарликка олиб, шифтга қарадим. У ўнта бармоғини бирма-бир тафтиш қилиб чиқмагунича гап қовушмайди. Доим шунақа.
Ёз бўйи Каламуш иккимиз 25 метрли ҳовуз тўладиган пивони ичиб қўйдик ва «Жейз-бар» ерини беш сантиметр қалинликда ерёнғоқ пўчоғи билан тўлдирдик. Агар шундай қилмаганимизда, билмадим, қандай яшардик, чунки ёз ўлгудай зерикарли эди.
«Жейз-бар» пештахтасининг орқасида тамаки тутунидан ранги униқиб кетган сурат осиғлиқ турарди. Қиладиган ишим йўқлигидан соатлаб унга термилсам ҳам жонимга тегмасди. Ундаги тасвир жумбоқнинг ўзи — Роршах тестига мос келарди. Масалан, мен иккита яшил маймунчани илғадим — улар юзма-юз ўтириб, бир-бирига иккита шиширилган теннис коптокчасини отиб ўйнаётир.
Шу ҳақда бармен Жейга гапирганимда, у суратга диққат билан қаради ва пинагини бузмай деди:
— Маймун бўлса маймун-да…
— Сен нимани кўраяпсан? — қизиқдим мен.
— Чап томондаги маймун — сен, ўнг томондагиси — мен. Мен сенга пиво отаяпман, сен менга — пул.
Айтилган гапдан чуқур таъсирланган кўйи пивони сипқардим.
— Улардан кўнглим айнийди!
Каламуш бармоқларининг тафтишини тугатиб, мавзуга қайтди. Бойларни Каламуш биринчи марта сўкаётгани йўқ — ростдан ҳам уларни кўрарга кўзи йўқ эди. Ўзи камбағал оиладан чиқмаган, бироқ буни юзига солсангиз: «Бундай бўлганига мен айбдор эмасман-ку!», — дерди. Баъзан (айниқса, пивони кўпроқ ичганимда): «Йўқ, сен айбдорсан!» — дердим ва кейин ўзимдан жирканиб кетардим. Каламушнинг гапларида барибир оз бўлсаям ҳақиқат бор эди.
— Нега бойларни ёмон кўришимни биласанми?
Ўша куни кечқурун Каламуш мавзуни кенгайтирмоқчи бўлди. Бу гап ҳали шунчалик чуқурлашмаган эди.
Мен билмайман, деб бош чайқадим.
— Чунки, умуман айтганда, бойлар ҳеч ҳам мияларини ишлатишмайди. Қўлида чизғичи бўлмаса кетини қаший олмайди.
«Умуман айтганда» — Каламушнинг яхши кўрган гапи эди.
— Тушунарли.
— Бу ифлослар асосий нарса ҳақида ўйлашмайди. Фақат ўзларини ўйлаётгандай қилиб кўрсатишади. Биласанми, нима учун?
— Хўш, нимага?
— Уларга бунинг кераги йўқ. Тўғри, бой бўлиш учун, сал бўлсаям мия керак. Бойман деб керилиш учун эса — шарт эмас. Бу худди ёқилғисиз ишлайдиган Ер йўлдошига ўхшайди. Эшилиб-айланишни эпласанг бўлди. Лекин мен бунақамасман, сен ҳам бунақамассан. Биз яшаш учун ҳамма нарсани ўйлашимиз керак. Эртанги об-ҳаводан тортиб ванна тиқинининг ўлчамигача. Тўғрими?
— Ҳа.
— Шунақа.
Айтгиси келган ҳамма гапларни айтиб бўлиб, Каламуш чўнтагидан дастрўмол олди ва зериккан қиёфада бурнини артди. Гапининг қайсиси жиддий, қайсиси ҳазил эканини мен ҳеч тушуна олмасдим.
— Лекин, ахир, бир кун ҳаммамиз ҳам ўламиз-ку, — гап ташладим мен.
— Ўз-ўзидан. Ҳамма ҳам қачондир ўлади. Аммо унгача эллик йил яшаш керак-да. Эллик йил ўйлаб яшаш — бу, умуман айтганда, беш минг йил ҳеч нарсани ўйламай яшашдан анча оғир. Тўғрими?
Тўғри-да ахир…
4
Каламуш билан уч йил аввал, баҳорда, университетга кирган вақтимизда танишдим. Иккаламиз ҳам бўкиб ичдик, нима баҳонада ичганимиз эсимда йўқ, тонгги соат бешда унинг олти юзлик қора «фиат»ида эканмиз. Бировникига меҳмонга бормоқчи эдик, шекилли.
Нима бўлганда ҳам, ўлгудай маст эдик. Бунинг устига, спидометр саксонни кўрсатарди. Омадгина бизни асраб қолди: боғ тўсинини бузиб ўтиб, рододендронлар уюмини ер билан битта қилганча, тош устунга зарб билан бориб урилсак ҳам бирор жойимиз лат емади.
Ўзимга келгач, пачоқланган эшикни тепиб тушуриб, ташқарига чиқдим. Капот қопқоғи ўн метргача, маймунлар солиб қўйилган қафас ёнига учиб бориб тушган, «фиат»нинг олд томони эса айнан устунга ўхшаш шаклда пачоқланганди. Қўполлик билан уйғотиб юборилган маймунлар дунёни бошига кўтаришарди.
Каламуш рулни чангаллаганча икки букилиб олган — қаеридир жароҳатлангани учун эмас, бир соат олдин еган пиццасини кўрсаткичлар тахтасига қусаётгани учун шундай букчайиб олганди. Машина томига чиқиб, туйнукдан ичкарига қарадим.
— Қалайсан?
— Ёмон эмас… Сал кўпроқ ичиб қўйибман. Блўўқ…
— Чиқа оласанми?
— Тортсанг чиқаман.
Каламуш двигателни ўчирди ва кўрсаткичлар тахтасидаги сигарет қутисини олиб чўнтагига тиқди. Кейин қўлимдан ушлаб, секин ташқарига чиқди. «Фиат» томида ўтирганча оқариб келаётган осмонга қараб бир нечтадан сигарет чекдик. Негадир бош ролда Ричард Бёртон ўйнаган танкчилар ҳақидаги филм эсимга тушди. Каламуш нима ҳақида ўйлади, билмайман.
— Ҳа-а-а… — деди у беш дақиқалардан кейин. — Сен билан иккимизнинг омадимиз чопди. Қара, бир жойимиз тирналмадиям. Шунақаям бўларкан, а?
— Гапирма, — дедим мен. — Фақат машина дабдала бўлди, шекилли?
— Э, қўйсанг-чи. Машинанинг янгисини сотиб олиш мумкин. Омадни сотиб ололмайсан!
Унга ҳайрон бўлиб қарадим.
— Сен нима, боймисан?
— Ўхшайманми, а?
— Яхши-ку, бу…
Каламуш жавоб бермади, фақат норозиланиб бошини сермади ва гапини такрорлади:
— Лекин барибир омадимиз келди.
— Бу гапинг тўғри…
Каламуш сигаретни эзғилади-да, қолдиғини бармоғининг боши билан маймунлар қафасига чертиб юборди.
— Менга қара, — деди у. — Иккаламиз бир гуруҳ тузсак-чи? Қара, нимага қўл урмайлик — охири бахайр!
— Ишни нимадан бошлаймиз?
— Кел, пивохўрлик қиламиз.
Яқинроқдаги автоматдан олти банкача пиво сотиб олдик-да, денгиз бўйига қараб юрдик. Қирғоқда чўзилиб, ҳаммасини ичдик ва денгизни томоша қила бошладик. Ҳаво жуда зўр эди.
— Мени «Каламуш» деб чақир, — деди у.
— Нега энди «Каламуш»? — ҳайрон бўлдим.
— Негалигини эслолмайман. Миямга аллақачон ўрнашиб қолган. Бошида жинимдан ёмон кўрардим, ҳозир парво қилмайман. Ҳамма нарсага кўникиб кетаркансан.
Бўш идишларни денгизга отдик ва тўлқинқайтаргичга ёнбошладик-да, палтони бошга ёпиб бир соатча мизғидик. Уйғониб, баданимга аллақандай англаб бўлмас ҳаётий куч қуйилаётганини ҳис этдим. Ғаройиб ҳиссиёт.
— Юз километр югуроламан, — дедим Каламушга.
— Мен ҳам, — деди Каламуш.
Ваҳоланки, олдимизда боғнинг таъмири учун кетадиган пулни уч йил ичида бўлиб-бўлиб фоизлари билан қўшиб шаҳар маъмуриятига тўлаш мажбурияти турарди.
5
Каламушга ҳайрон қолардим, у ҳеч нарса ўқимасди. Спорт газеталари ва реклама варақаларидан бошқа бирор-бир босма матнни ўқиганини кўрмадим. Вақт ўтказиш учун қўлимга китоб олсам, у қизиқсиниб қарайди — гўё пашша ўлдиргични текшириб кўраётган пашшанинг ўзгинаси.
— Нега сен китоб ўқийсан?
— Нега сен пиво ичасан?
Тузланган балиқ ва сабзавотли салатдан газак қилдик. Саволга савол билан жавоб қиларканман, Каламуш томонга қарамадим ҳам. У ўйланиб қолди ва беш дақиқалардан кейин деди:
— Пивонинг нимаси яхши? Ҳаммаси сийдик билан чиқиб кетади, чиқитсиз. Худди бировдан қуруқ қилиб ютиб олганингдай.
У шуни айтиб, оғзимдагини чайнашимга қаради.
— Нега сен китоб ўқийсан?
Балиқнинг охирги бўлагини ютдим-да, устидан пиво ичиб, ликопчани четга сурдим. Ёнимда «Туйғулар тарбияси»нинг ўқиб тугалланмаган жилди ётарди. Уни қўлимга олиб, бармоғимни варақларининг четида юргиздим.
— Флобер аллақачон ўлиб кетгани учун!
— Тирикларни ўқимайсанми?
— Тирикларни ўқигандан наф йўқ.
— Нега?
— Чунки ўлганларнинг деярли ҳамма ишини кечирса бўлади.
Ўгирилиб пештахтада турган кўчма телевизорга қарадим — «66-йўл»ни куйлашаётганди. Каламуш яна ўйланиб қолди.
— Тирикларнинг-чи, нима, уларнинг ишларини кечириб бўлмайдими?
— Тирикларнингми? Негадир бу ҳақда жиддийроқ ўйламабман… Лекин агар улар сени буткул чорасиз қолдиришса, қандай қилиб кечирасан? Кечирмасанг керак, ахир…
Жей келиб, олдимизга яна бир шишадан пиво қўйди.
— Кечирмасанг, унда нима қиласан?
— Бошимни ёстиққа буркайман-да, ухлайман.
Каламуш гарангсиб бошини чайқади.
— Қизиқ… Мен негадир унчалик тушунмаяпман…
Унга пиво қуйдим. Каламуш елкасини қисди ва ўйланиб қолди. Кейин гап бошлади:
— Охирги марта ўтган йили ёзда китоб ўқигандим. Номиниям, муаллифиниям эслолмайман. Нега ўқиганимни ҳам эслолмайман. Қандайдир роман, бироқ аёл киши ёзган. Бош қаҳрамони — у ҳам аёл, модельер, ёши — ўттизларда. Қисқаси, у бедаво касалликка чалинганман, деб ўзини ишонтиради.
— Қанақа касаллик?
— Эсимда йўқ. Саратон бўлса керак. Яна қанақа тузалмайдиганлари бор? Хуллас, у денгиз саёҳатига чиқади ва ўша ёқда йўл бўйи ўзининг шаҳвоний нафсини қондириб кетади. Ваннахонада, ўрмонда, тўшакда, денгизда — қисқаси, тўғри келган жойда.
— Денгиздаямми?
— Ҳа. Тасаввур қиласанми? Шунақа нарсаларни ёзишга ишқибоз улар. Ёзадиган нарса қуриб қолгандай.
— Ҳа-а…
— Кечирасану, китоблар шунақа. Улардан кўнглим айнийди.
Мен бошимни сермадим.
— Ўша аёлнинг ўрнида бўлганимда умуман бошқача роман ёзардим.
— Масалан, қанақа?
Каламуш стакан лабида бармоғини юргизди.
— Хўш, фараз қилайлик, бундай. Мен кемага ўтириб жўнайман, кема эса Тинч океанининг ўртасига бориб чўкади. Қутқарув чамбарагига ёпишиб жон сақлайман ва ёлғиз ўзим тунги океанда қалқиб, юлдузларга термиламан. Ажойиб, сокин оқшом. Кутилмаганда қаердандир ёнимга ёш бир аёл сузиб келади, у ҳам қутқарув чамбарагида.
— Яхши аёлми?
— Албатта.
Мен пиводан ҳўплаб, бош чайқадим.
— Жиннилик.
— Йўқ, сен давомини эшит. Демак, аёл икковимиз океанда қал-қиб, ҳаёт тўғрисида гаплашамиз. Қаёқдан келиб, қаёққа кетаяпмиз, нимага қизиқамиз, аввал ким билан ётганмиз, телевизорда нималарни томоша қилганмиз, кеча қандай тушлар кўрганмиз ва ҳоказо. Кейин бўлса пиво ичамиз.
— Тўхта… Пиво қаердан келди?
Каламуш ўйланиб қолди.
— Пивоям шу ерда — сувда қалқиб турганди. Банкаларда. Кемада ошхона бор эди, ўшандан тўкилган. Ёғли сардиналар ҳам. Менимча, ёмон эмас?
— Хўш?
— Шу пайт атроф ёриша бошлайди. Энди нима қиламиз? — сўрайди мендан аёл. Мен, дейди, орол борлиги аниқроқ бўлган тарафга қараб сузмоқчиман. Мен эса унга: балки ҳеч қанақа орол йўқдир, дейман. Яхшиси шу ерда — сув бетида ичиб турган маъқул, бир пайт, қарабсанки, қутқарувчи самолёт учиб келиб қолади. Лекин у гапимга кирмайди ва ёлғиз ўзи сузиб кетади.
Каламуш хўрсиниб, пиводан ичди.
— Аёл икки кечаю икки кундуздан сўнг оролига етиб олади. Пиводан боши оғриган каминани бўлса самолёт қутқаради. Ва уч-тўрт йил ўтиб, биз у билан шаҳар четидаги кичкина майхонада тасодифан учрашиб қоламиз.
— Кейин яна пиво ичасизлар, шундайми?
— Қайғули воқеа, тўғрими?
— Ҳа, бундан баттари бўлмайди…
6
Каламушнинг романида мен иккита ижобий жиҳатни кўрсатган бўлардим. Биринчидан, унда секс саҳнаси йўқ, иккинчидан эса, ҳеч ким ўлмади. Одамларни ўлишга ёки аёллар билан ётишга мажбур қилишнинг ҳожати йўқ — шундоғам улар шу билан машғул. Зоти шунақа.
* * *
— Мени ноҳақ деб ўйлайсанми? — сўради аёл.
Каламуш пиводан ҳўплади ва оҳиста бошини чайқади.
— Умуман олганда, ҳамма ноҳақ.
— Нега бундай деб ўйлайсан?
Каламуш «ҳм-ҳм»лади ва тили билан устки лабини ялади. Жавоб бўлмади.
— Ўша оролга сузиб боргунимча қўлларим узилиб тушай деди! Ўлиб қоламан, деб ўйловдим — аҳволим жуда ёмон эди. Миямни бир фикр тинимсиз пармалайди: агар сен ҳақ, мен ноҳақ бўлсам-чи? Нега мен азоб чекишим керак, сен бўлса у ёқда парвойинг палак, сувда қалқиб ётибсан?
У кулиб юборди ва қайғули алпозда ерга қаради. Каламуш ночор ва бемақсад бир ҳолатда чўнтагини ковлади. Уч йил ичида биринчи марта уни тамаки хумори тутди.
— Сен менинг ўлишимни хоҳладингми?
— Нима десам экан… Бироз.
— «Бироз»лиги аниқми?
— Эслолмайман…
Иккаласиям жимиб қолишди. Каламушнинг нимадир дегиси келди.
— Биласанми нима? Одамлар бир хил бўлиб туғилмайди.
— Ким айтди?
— Жон Ф.Кеннеди.
7
Болалигимда ҳаддан ташқари камгап бўлганман. Шу даражада индамас эдимки, ота-онам ташвишланиб таниш руҳшунос табибга олиб боришди.
Табиб тепаликда, денгизга қараган уйда яшарди. Мен қуёш тушиб турган қабулхонадаги курсига ўтирдим. Ўрта ёшлардаги уй бекаси назокатли хулқ-атворини намойиш этиб, муздек апелсин шарбати билан иккита бўғирсоқ келтирди. Шакарини тиззамга тўкиб юбормасликка уриниб, яримта бўғирсоқ едим-да, шарбатнинг ҳаммасини ичдим.
— Яна ичасанми? — сўради табиб.
Бош чайқадим. Бир-биримизга қараб ўтирардик. Девордаги суратдан ҳуркак мушукка ўхшаб кетадиган Моцарт таъна билан боқарди.
— Қадим-қадим замонларда, — гап бошлади табиб, — хушфеъл бир эчки бўлган экан…
Бошланишини қаранг! Кўзларимни юмиб, хушфеъл эчкини тасаввур қилишга уриндим.
— Эчкининг бўйнига оғир темир соатлар осилган экан. Қаерга борса шуларини осилтириб бораркан. Юрса ҳансираркан. Бунинг устига, оғир бўлгани етмагандек, соатлар ишламас ҳам экан. Бир куни эчкининг олдига таниш бир қуён келибди-да, шундай дебди: «Менга қара, эчки! Нега сен бу бузуқ соатларни осиб юрибсан? Ахир, улар оғир-ку, ҳеч қандай фойдаси ҳам йўқ». «Оғирликка оғир, — жавоб берибди эчки, — лекин соатларга ўрганиб қолганман-да. Ростдан ҳам оғир, бунинг устига ишламайди».
Табиб апелсин шарбатини ичиб тугатди-да, менга жилмайди. Индамай давомини кутдим.
— Ва кунлардан бир куни қуён эчкининг туғилган кунида унга боғич билан боғланган кичкина қутича совға қилибди. Қутичада эса яп-янги, ялтироқ, енгилгина ва жуда соз ишлайдиган соат бор экан. Эчки бениҳоя хурсанд бўлиб, уни бўйнига осибди-да, ҳаммага кўрсатиш учун чопиб кетибди.
Кутилмаганда эртак тугади.
— Сен — эчкисан. Мен — қуён. Соатлар сенинг кўнглинг.
Алданганимни ҳис қилдим ва итоаткорона бош ирғадим.
Ҳафтада бир марта, якшанбанинг иккинчи ярмида, поезддан тушиб, автобусга ўтириб, табибнинг уйига етиб олардим. У ерда эса қаҳвали ўрама, олмали пишириқлар, ширин кулчалар, асалли нонлардан еб даволанардим. Бир йил шундай муолажадан кейин менга тиш доктори зарур бўлди.
— Цивилизация маълумот узатиш дегани, — дерди табибим. — Агар сен бирор нарсани ифодалаб беролмасанг, «бирор нарса» йўқдай бўлиб қолади. Борга ўхшайди, аслида эса йўқ. Хўш, айтайлик, қорнинг очди. «Овқат егим келяпти!» десанг бўлди, мен сенга дарров кулча бераман. Ол. (Олдим.) Агар ҳеч нарса демасанг, сенга кулча йўқ. (У ёвуз қиёфада кулча солинган ликопчани стол остига яширди.) Ноль! Тушундингми? Сен буни сўзсиз ифодалашга ҳаракат қиласан. Имо-ишора билан. Уриниб кўр-чи.
Мен қорнимни чангаллаб, юзимда азобланаётганимни акс эттирмоқчи бўлдим. «Бу энди меъда касали дейилади!» — кулиб юборди табиб.
Меъда касали…
Кейин биз у билан Эркин Суҳбат олиб бордик.
— Қани, менга мушуклар ҳақида бирор нарса гапириб бер-чи. Нима бўлсаям майли.
Мен ўйлаётган кўйи бошимни чайқадим.
— Хўш, миянгга дастлаб нима келади?
— Тўрт оёқли ҳайвон…
— Демак, фил!
— Ундан анча кичкина…
— Майли, яна-чи?
— Одамларнинг уйида яшайди. Ҳуши тоблаганда сичқон тутади.
— Нима ейди?
— Балиқ.
— Дудланган гўштни-чи?
— Униям…
Хуллас, мана шу тарзда.
Табиб тўғри айтганди. Цивилизация маълумот узатиш дегани. Айтадиган ва узатиладиган ҳеч нарса қолмаганда цивилизация тугайди. «Шиқ!» этади-ю ўчади.
Баҳорда ўн тўртга тўлганимда, ғалати ҳол юз берди. Мен тўсатдан гапира бошладим — гўё тўғон ўпирилиб кетгандай бўлди. Айнан нималарни гапирганимни ҳозир эслолмайман, лекин ўн тўрт йиллик жимликнинг ҳиссасини чиқармоқчи бўлгандай уч ой тўхтовсиз вайсадим. Июлнинг ўрталарига келиб чакагим тинганида ҳароратим қирқ даражага кўтарилиб, уч кун мактабга бормадим. Кейин иситма тушди. Мен индамас ҳам, вайсақи ҳам эмас — шунчаки оддий ўспиринга айландим.
8
Мен тонгги соат олтида уйғондим, афтидан, чанқаган бўлсам керак. Бировнинг уйида уйғонганимда, доим ўзимни бировнинг танасига жойлаб қўйилган бегона жондай ҳис қиламан. Сабрим чидамай, энсиз каравотдан турдим, эшик олдидаги жўмрак ёнига бориб, уч-тўрт стакан сувни отдай симирдим ва яна ётдим.
Ланг очиқ деразадан денгиз кўзга ташланарди. Ҳали кўтарилмаган қуёш нурлари ўйноқи тўлқинларда ялтирарди. Бир неча оғиркарвон, чиркин юк кемалари сузиб юрарди. Куннинг иссиқ бўлиши тайин эди. Атрофдаги уйлар уйқуда — фақат ғилдиракларнинг темир йўлни яккам-дуккам тақиллатиши-ю, радиогимнастиканинг сокин мусиқаси қулоққа чалинарди.
Кийинмасдан, каравот суянчиғига суяндим-да, сигарет ёқиб ёнимдаги қизга қарадим. Унинг баданига жануб тарафдаги деразадан қуёш нури тушиб турарди. У устидаги енгил кўрпани очиб ташлаб, маст уйқуда ётарди. Нафас олиши дам-бадам тезлашар, чиройли кўкраги кўтарилиб-тушарди. Офтобдан қорайган бадани оқара бошлаган, чўмилганда кийиладиган кийимидан қолган яққол излар ғалати оқариб, айний бошлаган танани эслатарди.
Мен чекиб бўлиб, ўн дақиқача унинг исмини эслашга уриндим. Эслолмайман. Энг қизиғи, умуман унинг исмини билган-билмаганлигимни эслай олмаётгандим. Зўриқишни бас қилиб, эснадим ва яна унга қарадим. Йигирма ёшдан сал берида, семиздан кўра озғинга мойилроқ. Қаричим билан бўйини ўлчадим. Саккиз қарич чиқди ва товонигача яна бир бош бармоқ қолди. Тахминан 158 сантиметр.
Ўнг кўкраги остида — ўн иенлик тангадай келадиган, томган қайла томчисидай хол бор. Манглайчасидаги сийрак толалари — тошқиндан кейинги дарё қиёқига ўхшайди. Ва ниҳоят, чап қўлида — фақат тўртта бармоқ.
9
Уч соатлар ўтди ва у уйғонди. Қаердалигини, нималар бўлганини англай бошлашига нақ беш дақиқача керак бўлди. Бу беш дақиқада мен қўл қовуштириб, ёмғирли булутларнинг аста-секин шаклларини ўзгартирганча шарқ томонга ўрмалашини кузатдим.
Ўгирилиб, унинг бўйнигача кўрпага бурканиб олганини кўрдим, ичкиликнинг асоратлари билан олиша туриб, менга ҳайрон бўлиб тикилаётган эди.
— Сен… кимсан?
— Эслолмайсанми?
У бошини чайқади. Мен сигарет тутатдим ва унга ҳам узатдим, бироқ у эътибор бермади.
— Гапириб берсанг-чи?
— Қаеридан бошлай?
— Энг бошидан.
«Энг боши» қаердан бошланишига ақлим етмас, гапни қандай сўзлар билан бошлашни ҳам аниқ тасаввур қилолмасдим. Қовушармикан, қовушмасмикан?.. Ўн сонияча ўйлаб, бошладим.
— Кун жуда иссиқ, лекин яхши эди. Кундузи ҳовузда чўмилдим, кейин уйга қайтдим, сал мизғиб олиб, кечки овқатни едим. Соат тўққизлар эди. Машинага ўтириб, айлангани кетдим. Қирғоққа етиб бордим, радиони қўйиб денгизга қараб ўтирдим. Мен тез-тез шундай қилиб тураман. Ярим соатлардан кейин кимнидир кўргим келиб қолди. Денгизга узоқ қарасанг, одамларни кўргинг келади, одамларга узоқ қарасанг — денгизни. Ғалати. Қисқаси, «Жейз-бар»га боришга қарор қилдим. Биринчидан, пиво хумор қилаётганди, иккинчидан эса, у ерда кўпинча ошнамни учратардим. Бу сафар ошнам йўқ экан. Пивони ёлғиз ўзим ичишимга тўғри келди. Бир соатда уч шиша ичдим.
Сигаретнинг кулини қоқиш учун гапни шу жойда тўхтатдим.
— Айтмоқчи, сен «Қизиган томдаги мушук»*ни ўқиганмисан?
У жавоб бермади. Кўрпага ўранганча — худди қирғоққа чиқариб ташланган сув парисидек шифтга қаради.
— Мен шунчаки, бир ўзим ичсам доим шуни эслайман. Қандай эди?.. «Худди ҳозир миямда бир нима «шиқ» этади-ю, ҳаммаси жойи-га тушадигандай, гўё»… Аслида бундай бўлмайди. Ҳеч нарса «шиқ» этмайди. Умуман, кутишдан чарчадим ва унинг уйига қўнғироқ қилдим. Ичишга чақирмоқчи эдим. Аёл кишининг овози жавоб қилди. Ҳайрон бўлдим — бу умуман унга хос бўлмаган ҳолат. Уйига ҳатто элликта қизни олиб келиб, ичиб ғирт маст бўлгандаям, телефонга ўзи келарди. Тушунаяпсанми?
Ўзимни адашиб бошқа рақамни тергандай кўрсатиб, узр сўраб, трубкани илдим. Кайфиятим бузилди, сабабини билмайман ҳам. Яна бир шиша ичдим. Кайфиятим эса яхшиланмаяпти. Аҳмоқлик, албатта, лекин бўлиб туради. Ичиб тугатиб, Жейни чақираяпман. Ҳозир ҳақини тўлайман-да, уйга кетаман, бориб бейсбол натижаларини билиб оламан ва ётиб ухлайман, деб ўйладим. Жей менга, бор ювин, деди. У ҳатто бир яшик пиво ичсанг ҳам, ювинсанг рулга ўтира оласан, деб ишонади. Начора — ювиниш хонасига кирдим. Тўғрисини айтсам, чўмилмоқчи эмасдим — шунчаки, ўзимни ювиниш нияти бордай қилиб кўрсатдим. Ювиниш хонасидаги тоснинг қувури доим тиқиллиб, сув кетмай ётади. Ҳузур қилиб ювинолмайсан, кўнглинг тортмайди. Лекин негадир кеча қувурдан сув кетаётган эди. Фақат энди бошқа бир ташвиш рўй берган — ерда сен чўзилиб ётардинг.
У “уҳ” тортиб кўзларини юмди.
— Кейин-чи?
— Мен сени кўтариб олиб чиқдим, кимдир танийдими, деб сўрадим. Ҳеч ким танимади. Кейин биз Жей билан жароҳатингни боғладик.
— Жароҳатимни?
— Йиқилганингда бир ниманинг қиррасига бошинг билан урилгансан. Қаттиқмас, қўрқинчли жойи йўқ.
У бош ирғади, кўрпанинг тагидан қўлини чиқариб, бармоқларини пешонасидаги ярага текизди.
— Жей иккимиз сени нима қилишни маслаҳатлашдик. Охири шундай қарорга келдик: мен сени уйга олиб кетадиган бўлдим. Сумкангга қўл тиқиб, ҳамён, бир даста калит ва хат топдик. Мен ҳамёндаги пулдан тўлаб сени хат ёзилган манзилга олиб бордим. Эшикни калитинг билан очиб, сени тўшакка ётқиздим. Бор гап шу. Ҳисоб варақаси ҳамёнда.
У чуқур хўрсинди.
— Сен нега қолдинг?
— ?
— Нега мени ётқизиб дарров кета қолмадинг?
— Менинг бир танишим ароқдан қаттиқ заҳарланиб ўлган. Виски ичди, ҳаммага «кўришгунча» деди, тетиккина бўлиб уйига кетди. Бориб тишини тозалаб, пижамасини кийган-да, ётиб ухлаган. Тонгда эса бадани совуб бўлган экан. Дафн маросимини дабдабали қилиб ўтказишди.
— Шунинг учун тун бўйи ёнимда ўтириб чиқдингми?
— Умуман олганда, мен соат тўртларда кетмоқчи эдим. Лекин ухлаб қолдим. Тонгда уйғондим ва яна кетмоқчи бўлдим. Бироқ кетмадим.
— Нега?
— Хў-ш, ўйлаб кўрдим: воқеа қандай бўлганини сенга айтиб бериш керак-ку!
— Жинни бўлиб қолиш мумкин, қандай олийжаноблик!
Бу сўзларга сидқидилдан сингдирилган заҳар менга сачрамасин деб бошимни елкаларим орасига тортдим. Кейин эса булутларга қарай бошладим.
— Мен кеча… бирор нарса дедимми?
— Озгина.
— Нима ҳақида?
— Ҳар хил нарсалар ҳақида… Эсимда йўқ. Жиддий гап йўқ.
У кўзларини юмди ва томоқ қирди.
— Хат-чи?
— Сумкада.
— Уни ўқидингми?
— Шу етмай турувди!
— Ростдан ўқимадингми?
— Э, ўқиб нима қиламан?
Буни аччиқ аралаш айтдим: унинг гапида нимадир менга қаттиқ ботганди. Лекин бошқа томондан нимадир тинчлантирарди ҳам. Эски хотираларни уйғотарди. Агар табиийроқ ҳолатда танишганимизда — эҳтимол, вақтни ёмон ўтказмаган бўлардик. Менга шундай туюлди. Лекин, виждонан айтганда, қизлар билан табиий ҳолатда қандай танишиш кераклиги аллақачон эсимдан чиқиб кетганди.
— Ҳозир соат неччи?
Бироз енгил тортиб ўрнимдан турдим, столда ётган соатга қарадим, кейин стаканга сув қуйиб, қайтиб келдим.
— Тўққиз.
У ҳолсиз бош ирғади ва стаканни бўшатди.
— Кеча кўп ичдимми?
— Яхшигина. Агар мен шунча ичсам, ўламан.
— Мен эса ўлаяпман.
У чекди, оғзидан тутун чиқариб хўрсинди — ва қўққисдан гугурт чўпини очиқ деразага отди.
— Кийимни опкел.
— Қайсисини?
У кўзларини юмди.
— Фарқи йўқ. Фақат, худо ҳаққи, савол берма.
Жавонни очиб, нарсаларни титдим, енгсиз ҳаворанг кўйлакни танлаб, унга узатдим. У кўйлакни бошидан тушириб яланғоч танига кийди, елкасидаги боғични ўзи қадади ва яна бир марта хўрсинди.
— Кетишим керак.
— Қаёққа?
— Ишга-да…
Буни у тупургандай қилиб айтди. Кейин, гандираклаб ўрнидан турди. Мен ҳамон каравотнинг бир четида, унинг қандай ювиниб-таранаётганига қараб ўтирардим.
Хона тартибга келтирилган, лекин фақат қўл учида: бундай саришталик ортидан, одатда, бепарволикнинг ҳиди анқиб туради — бу ерда айни шу ҳид ҳавони тўлдирар ва менинг асабларимни эзғиларди. Олти татамича* келадиган майдонни бир хил арзон уй жиҳозлари банд этган. Қолган бўш жой битта кўрпача ташлашга етгулик эди — у айнан ўша ерда тик туриб, сочини тарарди.
— Қанақа иш?
— Сенга дахли йўқ.
Умуман олганда, албатта…
Индамай сигаретни чекиб тугатаётгандим. У менга орқа ўгирганча, ойнага қараб, бармоқларининг учи билан кўзларининг тагидаги сояни силарди.
— Соат неччи? — сўради у яна.
— Ўн минут ўтди.
— Кеч қолаяпман. Сен ҳам кийиниб, уйингга бор, — у қўлтиғига атир пуркади. — Уйинг бордир?
— Бор, — тўнғилладим мен ва майкамни тортиб кийдим. Ҳануз каравотда ўтирганча, деразага қарадим. — Сен қаёққа боришинг керак?
— Бандаргоҳ томонга. Нимайди?
— Мен сени ташлаб ўтаман. Кечикмаслигинг учун.
У чўткани қўлдан қўймай, йиғлагудек бўлиб менга тикилди. Агар йиғлаб олса, албатта, енгил тортади, деб ўйладим. Лекин у йиғламади.
— Менга қара, гапимни эшит, — деди у. — Тўғри, мен кўп ичиб қўйиб маст бўлганман. Яъни қандай бўлмағур аҳволга тушмайин, ўзим учун ўзим жавоб бераман.
У жиддий қиёфада чўтканинг дастаси билан кафтига урди. Яна нима деркан, деб кутдим.
— Шундайми, шундай эмасми?
— Ҳа, шундай…
— Лекин қиз билан, у ҳушини йўқотган вақтда ётиш — пасткашлик!
— Мен, ахир, ҳеч нарса қилганим йўқ-ку…
У бироз жим турди, ўзини босиб олаётгани аниқ эди.
— Яхши, унда нега мен яланғоч эдим?
— Ўзинг ечиндинг.
— Ишонмайман!
У чўткани каравотга ташлади ва сумкачасига ҳамён, лаб бўёқ, бош оғриғидан дори ва бошқа майда-чуйдаларни тиқа бошлади.
— Мана, сен, ҳеч нарса қилмаганман, деяпсан. Исботлай оласанми?
— Балки ўзинг иложини қилиб текшириб кўрарсан?
— Қандай қилиб?
Унинг ростдан ҳам жаҳли чиқаётганга ўхшарди.
— Мен сенга қасам ичаман.
— Ишонмайман!
— Ишонишга тўғри келади, — дедим. Ва ўзимни нохуш ҳис қилдим.
У жонига теккан гап-сўзни тўхтатиб, мени ташқарига туртиб чиқарди, изимдан чиқиб эшикни қулфлади.
Дарё ёқалаб кетган асфалт йўлдан юриб индамай машинам турган ташландиқ жойгача бордик. Мен сочиқ билан олд томондаги шишани артаётганимда у атрофни бир айланиб чиқди ва машина капотига оқ бўёқда катта қилиб нари-бери чизиб ташланган сигирнинг тумшуғига шубҳаланиб тикилиб қолди. Сигирнинг бурнида катта узук бор эди, тишларида эса оқ атиргулни тишлаб қўпол ишшайиб турарди.
— Буни сен чиздингми?
— Йўқ, бу менгача бор эди.
— Нега энди айнан сигир?
— Ростдан ҳам, қизиқ, — дедим мен.
У икки қадам орқага тисарилди ва яна бир марта сигирнинг тумшуғига қаради. Кейин гўё кутилмаганда гапга киришиб кетганидан афсуслангандай лабини қимтиди ва машинага ўтирди.
Ичкари иссиқ эди. Бандаргоҳга етгунимизча у оғиз очмади, сочиқ билан терини артди ва тўхтовсиз чекди. У кетма-кет тутунни ичига тортар, лаб бўёғининг изи қолган-қолмаганини текшираётгандай сигаретнинг филтрига диққат билан қарар, кейин эса сигарет қолдиғини кулдонга тиқиб, янгисини оларди.
— Менга қара, мен яна кечаги воқеа ҳақида. Ўшанда нима дедим ўзи? — кутилмаганда сўради у машинадан чиқишга шайланаркан.
— Ҳар хил гаплар…
— Бирортасини бўлсаям эслагин.
— Кеннеди ҳақида.
— Кеннеди?
— Жон Ф.Кеннеди ҳақида.
У бошини чайқаб, уф тортди.
— Ҳеч нарсани эслолмайман.
Машинадан чиқаётиб, у орқа тарафни кўрсатадиган ойнага индамай минг иенлик пулни суқиб кетди.
10
Даҳшатли жазирама эди. Қизиган ҳавода тухум пиширса бўларди.
Одатимга кўра, бутун гавдамни ташлаб «Жейз-бар»нинг зил-замбил эшигини очдим ва кондиционер ҳавосидан ютдим. Тамаки тутуни, виски, қовурилган картошка, қўлтиқлар ва канализациянинг ўтириб қолган ҳидлари худди олмон ўрамасининг қатламларига ўхшаб батартиб қалашиб кетганди.
Одатдагидай, пештахтанинг бир четдаги бурчагига ўтирдим, деворга энгашдим ва одамларга кўз югуртирдим. Кўзга ғалати кўринадиган кийим-кечакда уч нафар француз денгизчиси, улар билан иккита аёл ва бир жуфт ёш-яланг бор, холос. Каламуш йўқ эди.
Пивога қўшиб гўштли сэндвич ва маккабодроқ буюрдим. Кейин Каламуш келгунча вақт ўтказиш учун китобни қўлга олдим.
Ўн дақиқалардан сўнг бемаъни ялтироқ либосда ўттиз ёшлардаги аёл кириб келди. Унинг дум-думалоқ кўкраклари иккита цитрус мевасини эслатарди. У мендан бир курси нарига ўтирди, хонага худди шу тарзда кўз югуртирди ва ўзига гимлет* буюрди. Бир қултум ичиб, ўрнидан турди ва кишини эсдан оғдирадиган даражада узундан-узоқ телефонда гаплашди. Кейин сумкасини елкасига силкиб ташлаб олиб, ҳожатхонага қараб кетди. Қирқ дақиқа ичида бу уч марта такрорланди. Бир қултум «гимлет», узундан-узоқ телефонбозлик, сумкача, ҳожатхона.
Рўпарамда Жей пайдо бўлди.
— Ҳали кетингни яғир қилмадингми? — ачитиб сўради у. Гарчи хитойлик бўлсаям, бироқ япончада мендан анча яхшироқ гапиради.
Ҳожатхонадан учинчи марта қайтаётиб, аёл атрофига аланглади, ёнидаги курсига сирғалиб ўтирди ва паст овозда сўради:
— Кечирасиз, сизда майда топилмайдими?
Мен бошимни ирғадим, чўнтагимдаги бор чақани олиб, пештахтага тўкдим. Ўттизта ўн иенлик танга.
— Раҳмат. Катта ёрдам бердингиз. Барменнинг жонига тегиб ҳам кетдим — алмаштириб бер, алмаштириб бер…
— Сизга раҳмат, энди бу юкни кўтариб юрмайман.
У миннатдор қиёфада жилмайиб, эпчиллик билан чақаларни йиғиб олди-да, қўнғироқ қилиш учун югурди.
Китобни ёпдим. Жейдан телевизорни пештахтага қўйишни сўрадим ва пиво ичиб, тўғридан-тўғри олиб кўрсатилаётган бейсбол ўйинини кўра бошладим. Ўйин жиддий эди. Биргина тўртинчи сетнинг ўзида иккита питчернинг олтита узатган тўпини қайтаришди, бунинг устига иккита хит биттадан очко келтирди. Майдондаги ўйинчилардан бири, шармандаликка чидай олмай, майсага ётиб қолди. Питчерларни алмаштиришаётганда реклама улаворишди. Кетма-кет олтита ролик кетди — пиво, суғурта, витаминлар, авиакомпания, картошкали чипслар ва гигиена сочиқлари.
Хонимлар ёқтирмаган француз денгизчи қўлида пиво қуйилган стакан билан келиб орқамда тўхтади ва французчалаб нима кўраётганимни сўради.
— Бейсбол, — инглизчада жавоб қилдим.
— Бейсбол?
Икки оғиз қилиб унга ўйин қоидаларни тушунтирдим. Мана бу эркак коптокчани отади, буниси уни таёқ билан уради; югуриб бир айланиб чиқсанг — очко оласан. Денгизчи беш дақиқача телевизорга бақрайиб қараб турди, реклама бошланганда эса мусиқали автоматда нега Жонни Холидейнинг пластинкаси йўқ, деб сўради.
— Машҳур эмас, — дедим мен.
— Француз қўшиқчиларидан ким машҳур?
— Адамо.
— У белгиялик.
— Унда Мишел Полнарефф.
— Merde.
Денгизчи ўзининг столига кетди.
Бешинчи сет бошланди ва аёл қайтиб келди.
— Раҳмат. Кел, мен сени бирор нарса билан меҳмон қилай.
— Э, нега, кераги йўқ…
— Қарзимни қайтармагунча тинчимайман — феълим шунақа.
Хушмуомала табассумни эплолмадим — шунчаки бош ирғаб қўя қолдим. У Жейни имлаб чақирди: «Унга пиво, менга гимлет». Жей уч марта маъноли бош силкиди ва пештахта ортига ғойиб бўлди.
— Нима, келмаяптими?
— Ҳа, негадир…
— Аёл кишими?
— Эркак.
— Меники ҳам келмаяпти. Ўхшайди-а?
Иложсизликдан бош ирғадим.
— Қулоқ сол, мен неччига кирганга ўхшайман?
— Йигирма саккиз.
— Алдаяпсан.
— Йигирма олти.
У кулиб юборди.
— Менга фарқи йўқ. Сенингча қандай — эрга текканманми, йўқми?
— Агар топсам, менга нима тегади?
— Ўшанда кўрамиз.
— Эрга теккансан.
— Ҳа-а-а… Ярмини топдинг. Ўтган ой ажрашдим. Сен бирор марта ажрашган аёл билан учрашганмисан?
— Йўқ. Лекин мен невралгияга дучор бўлган сигир билан учрашганман.
— Қаерда?
— Университет лабораториясида. Биз беш киши бўлиб уни аудиторияга итаргилаб киритганмиз.
У хохолаб кулди.
— Сен талабамисан?
— Ҳа.
— Қачонлардир мен ҳам талаба бўлганман. Олтмишинчи йилларда. Яхши вақтлар эди…
— Қаерда?
У жавоб бермай қиқирлаб кулди-да, гимлетдан ҳўплади ва аниқ ниманидир эслаб, соатга қаради.
— Яна қўнғироқ қилиш керак. — У сумкачасини олиб ўрнидан турди.
Менинг саволим ҳавода қолди. Пивонинг ярмини ичиб, Жейни чақирдим ва харажатни тўладим.
— Қочишга қарор қилдингми? — деди у.
— Ҳа.
— Ўзингдан ёши катта аёлларни ёқтирмайсанми?
— Ёшнинг алоқаси йўқ. Ҳа, агар Каламуш пайдо бўлиб қолса, салом айт.
Мен бардан чиқаётганимда, аёл телефондаги гапини тугатиб, тўртинчи марта ҳожатхонага бораётганди.
Уйга қайтаётиб йўл бўйи қаердандир эшитган мусиқани ҳуштакда чалдим. Номи ҳеч ҳам эсимга тушмасди. Жуда эски нарса. Машина қирғоқда турарди ва тунги денгизга термилиб, барибир номини эслашга уриниб кўрдим.
«Микк-Маус клубининг қўшиғи» эди бу. Шундай сўзлар бор эди:
Мана, қандайин қувноқ,
Ўронимиз бор бизнинг.
Эм-ай-си-
кей-и-уай-
эм-оу-ю-эс-и!
Балки, чинданам яхши вақтлар бўлгандир.
11
ёқл
Салом! Ҳаммангизга хайрли оқшом насиб этсин! Кайфиятлар қалай? Менинг кайфиятим чоғ. Шунақанги зўр кайфиятдаманки, ярмисини сизга улашсам дейман. «Эн-И-Би» радиоси гапиради. “Талабларга биноан оммабоп мусиқа” дастури! Бугун шанба ва биз яна оқшом соат тўққизгача роппа-роса икки соат сиз билан биргамиз! Сиз бир дунё хилма-хил мусиқаларни тинглайсиз. Ғамгин қўшиқлар, ўтмишни эслатувчи ва қувноқ ашулалар сизга ҳамроҳ бўлади. Эшитганда одамнинг рақс тушгиси келадиган, ҳатто эшитганда тупургиси ва қусгиси келадиган қўшиқларни ҳам тинглайсиз. Хуллас, турли-туман қўшиқлар! Бизга қўнғироқ қилинг. Рақамимизни биласиз. Фақат рақамларда чалкашманг. Ўнғайсиз аҳволга тушиб юрманг. Ёки аллақандай фалокатга дучор бўлманг. Эҳ, қовушмаяпти… Дарвоқе, биз бу ерда бир соатдан бери талабларингизни қабул қилаяпмиз. Ўнта телефон тинимсиз жиринглайди ва дам олишга бир дақиқа ҳам фурсат йўқ. Уларнинг қандай жиринглаётганини эшитишни хоҳлайсизми?……… Эшитдингизми? Даҳшат-а, тўғрими? Хуллас, бармоқларингиз қавариб кетгунча тинимсиз бизга қўнғироқ қилаверинг. Айтганча, ўтган ҳафта чунонам қўнғироқ қилдингизки, бу ерда биздаги тиқинларнинг бариси отилиб кетди. Лекин ҳозир ҳаммаси жойида. Биз кеча махсус сим арқон ётқиздик. Сим арқон эмас, нақд филнинг оёғи. Аввалгиси сим эмас, шунчаки косов эди. Яна қовушмади… Қисқаси, ақлдан озгунингизча бемалол қўнғироқ қилаверинг. Ҳатто студияда ҳамма ақлидан озган тақдирдаям барибир тиқинлар отилмайди. Келишдикми? Бугун кўчада яна ҳақиқий жазирама — келинг уни рок шовқинига бостирамиз! Бу мусиқа шунинг учун яратилган. Худди бизнинг офатижон қизларимиздай. О’кей, биринчи ашула! Буни жимгина эшитинг, зўр қўшиқ. Жазирамани унутамиз! Хуллас, Брук Бентон, «Жоржияда ёмғирли тун»!
ўчр
………. Уф-ф-ф……… Жазирама!……… Даҳшат! ……….
………..Салқинроқ қилишнинг ҳеч иложи бормикан?……………………
……Йўқ, бу дўзахнинг ўзгинаси……….. Эй, бас қил, шундоқ ҳам терга ботганман…….
…..Яхши-яхши, буниси мазза.
………….. Менга қара, бир нима ичгим келяпти! Ким бўлса ҳам муздек кола беринглар. ………..Нима! Ҳожатхонага бориб келишга улгурмайманми? Сен менинг қовуғимни билмайсан! Меники ҳамманинг қовуғидан пеш……….
……..Раҳмат, Ми-тян, сен балосан………… Муздайгина!…
………Очқични келтирмадингми?……….
………Аҳмоқ! Нима, мен тишим билан очаманми? ……. Вой, ҳозир қўшиқ тугайди, улгурмайман! Аҳмоқона ҳазилларинги бас қил!….. ОЧҚИЧ!!!
………Жин урсин!…….
ёқл
Ажойиб қўшиқ, шундай эмасми? Ҳақиқий мусиқа! Брук Бентон, «Ёмғирли Жоржия». Менингча, ҳатто бироз салқин бўлди. Дарвоқе, нима деб ўйлайсиз, бугун ҳарорат қандай? Ўттиз етти даража! Ўттиз етти… Ҳатто ёзда ҳам бунчалик бўлмайди. Печканинг ўзи! Қиз бола билан қучоқлашганингда ҳам салқинроқ бўлади — бундай ўттиз етти даражада ёлғиз ўтиргандан кўра. Шу гапга ишонасизми? О кей, гап сотишни бас қилайлик! Кейингисини қўямиз. «Кридекс Клиэуотер Ривайвл» «Ёмғирни ким тўхтатади?» қўшиғи билан. Кетдик, бейби!
ўчр
………..Эй, энди кераги йўқ. Микрофоннинг тирговчи билан очдим………
….О-о-о-о…….Кайф!………. ………Қўрқма. Ҳиқичоқ тутмайди. ….Хавотирланма……
…..У ёқда бейсбол нима бўлаяпти? …………….Айтмоқчи, уни бошқа каналдан узатишлари керак………..
………..Тўхта, бу нимаси? Радиостудияда биттаям приёмник йўқми? Бунақа ишлар учун қамоққа ташлаш керак!……….
……………..Тушундим. Бўлди. Қисқаси, кейингиси пиво бўлади. Фақат янаям муздайроқ…………..
…… Вой, бошланяпти шекилли. Ҳозир ҳиқичоқ тутади…….. ……Ҳиқ!………..
12
Саккиздан чоракта ўтганда телефон қўнғироғи жиринглади.
Бу пайтда мен тўқима курсида ялпайиб ўтирганча пишлоқли крекерни қисирлатиб чайнаб устидан пиво ичаётгандим.
— Ҳой, салом. «Эн-И-Би» радиоси гапираяпти, «Талабларга биноан оммабоп мусиқа» эшиттириши. Ҳозир бизларни эшитаётганмидинг?
Шошилиб бир қултум пиво билан оғзимга ёпишиб қолган крекерни ювдим.
— Радио?
— Ҳа, радио. Цивилизация самараси……… Ҳиқ! ……. Техник тафаккурнинг чўққиси. Музлатгичдан кичик, телевизордан арзон ва чангютгичдан мустаҳкамроқ. Ҳозир нима қилаётгандинг?
— Китоб ўқиётгандим…
— Хи-хи-хи!.. Зўр машғулот топибсан… Радио эшитиш керак! Ўқиётганингда бутунлай ёлғиз қоласан. Тўғрими?
— Ҳа…
— Мана, айтайлик, спагеттининг қайнашини кутаяпсан, бу вақтда ўқиш мумкин. Тушундингми?
— А-ҳа….
— Ҳа, майли……… Ҳиқ!……. Бу масалани тугатдик. Энди айт: сен бирор марта ҳиқичоғини енголмаётган бошловчини эшитганмисан?
— Йўқ.
— Демак, биринчи марта эшитаяпсан. Умуман, худди ҳозир радиоприёмниклар олдида ўтирганларга ўхшаб. Дарвоқе, нимага сенга эфирдан тўғридан-тўғри қўнғироқ қилаётганимни тушунаяпсанми ўзи?
— Йўқ.
— Гап бундай… Битта қиздан талабнома тушди……… ҳиқ!……. сен учун қўшиқ эшиттиришимизни сўраб. Кимлигини биласанми?
— Йўқ.
— Қўшиқ «Калифорния қизлари» деб номланади. «Бич Бойз» ижро этади. Эски қўшиқ. Хўш, энди тушундингми?
Мен бироз ўйладим ва билмайман дедим.
— Ҳим-м-м….. Қийин-а? Агар топсанг, сенга зўр футболка юборамиз. Эсла!
Мен яна чираниб ўйладим. Бу сафар хотирамнинг узоқ пучмоқларидан ниманидир илинтиришга эришдим.
— Хўш?… «Калифорния қизлари», «Бич Бойз». Нима эсингга тушаяпти?
— Беш йиллар бурун синфдош қиздан шунақа пластинка олгандим.
— Синфдошинг ким бўлди?
— Ўқув саёҳатига чиққандик, кўзшишасини тушириб қўйганди. Мен топишга ёрдамлашдим — миннатдорчилик учун ўша қиз пластинкасини эшитишга берди.
— Хўш…. Кўзшишаси…. Ҳа, айтганча, пластинкани унга қайтаргандирсан?
— Йўқ, йўқотиб қўйдим….
— Э-э, шуям иш бўпти-ю! Худди шунақасини сотиб олиб бер. Қизларга бирор нарса бериш бошқа нарса….. Ҳиқ!………. Олиш бошқа нарса! Тушундингми?
— Ҳа.
— Яхши. Беш йил бурун ўқув саёҳатида кўзшишасини тушириб қўйган қиз! Албатта, сиз ҳозир бизни эшитяпсиз! Ҳа, унинг исми нимайди?
Исмини айтдим.
— Хўш. У худди шундай пластинка сотиб олиб сизга бераман, деяпти. Жуда зўр, тўғрими? Айтмоқчи, неча ёшдасан?
— Йигирма бирда.
— Ажойиб давр! Талабамисан?
— Ҳа.
— ……. Ҳиқ!..
— Нима?
— Мутахассислигинг нима деяпман!
— Биология.
— О-о-о…. Жониворларни яхши кўрасанми?
— Яхши кўраман.
— Нимасини яхши кўрасан?
— …… Хўш, эҳтимол, улар кулмайди, шунинг учундир.
— Ана, холос!.. Ҳайвонлар кулмайдими?
— Ит ва отлар сал-пал кулади.
— Хо-хо… Қачон кулади?
— Хурсанд бўлганида.
Кўп йиллардан бери биринчи марта жаҳлим чиқа бошлади.
— Бундан чиқди…… ҳиқ!…….. итдан қизиқчи чиқаркан-да?
— Сиздан чиқиши аниқ.
— Ха-ха-ха-ха!…..
13
«Калифорния қизлари»
Шарқий қирғоқ томонда
Пўрим қизлар жуда кўп.
Жанубдагилар эса бир уришда йиқитар!
Юришлари кинодагидай…
Ўрта Ғарб ҳам ёмонмас,
Фермаларда гўзаллар сероб,
Шимоллик қизлар эса — ўпишишга устадир,
Улар билан ҳеч совқотмайсан.
Бироқ Калифорния қизлари олдида уларга йўл бўлсин!…
14
Футболка уч кундан кейин почта орқали келди.
Мана бунақа:
15
Эртаси куни эрталаб янги сарпони кийдим, у баданимга ёқимли санчиларди, ва бандаргоҳ атрофида тентирагани кетдим. Йўлимда грампластинкалар сотиладиган кичкина дўконча учради, ичкарига кирдим. Дўконда зоғ ҳам йўқ эди — фақат сотувчи қиз пештахта ортида банкадан кола ҳўплаб зериккан қиёфада чекларни текшираётир. Пластинка терилган токчаларга қарадим ва қўққисдан қиз билан танишлигимни пайқаб қолдим. Худди ўша, жимжилоғи йўқ қиз — бир ҳафта олдин у Жейнинг баридаги ювиниш хонасида йиқилган эди.
— Салом! — дедим. У эсанкираганча менга, кейин кўйлагимга қаради ва коланинг қолганини ичиб тугатди.
— Бу ерда ишлашимни қандай билдинг?
— Бу шунчаки тасодиф. Пластинка сотиб олишга кирувдим.
— Қанақа?
— «Бич Бойз». «Калифорния қизлари»ни.
У менга шубҳали қараганча ўрнидан турди, токча тарафга уч қадам ташлади ва яхшилаб ўргатилган кучукдай, пластинка билан қайтди.
— Мана бу бўладими?
Бошимни ирғадим-да қўлимни чўнтагимдан чиқармай дўконни кўздан кечирдим.
— Яна Бетховенни. Учинчи фортепиано концерти.
У иккита пластинка келтирди.
— Кимнинг ижросида, Глен Гулднингми ёки Бакхаузнингми?
— Глен Гулднинг.
У пластинкани пештахтага қўйди ва бошқасини қайтариб олиб кетди.
— Яна нима?
— Майлз Девисники. «Чит кўйлакли қиз» бор пластинкаси.
Бу сафар у узоқроқ қидирди — лекин яна топди.
— Яна нима?
— Бўлди, шекилли. Раҳмат.
У пештахтага учта пластинкани терди.
— Буларнинг ҳаммасини эшитасанми?
— Йўқ, булар совға учун.
— Феълинг кенг экан.
— Шундай туюлади…
У ўнғайсизлангандай елкасини учирди ва нархини айтди, 555 иен. Пулни тўлаб, пластинка солинган халтани қўлга олдим.
—Буни қара-я… Сен баҳона бугун тушгача учта пластинка сотдим.
— Ажойиб.
У “уҳ” тортди, пештахта ортига ўтириб, чекларнинг бошқа бир дастасини қўлига олди.
— Сен бу ерда доим бир ўзинг ўтирасанми?
— Яна битта қиз бор. Ҳозир тушликда.
— Сен-чи?
— У қайтса мени алмаштиради.
Чўнтагимдан сигарет чиқариб тутатдим ва чекиб унинг ишини кузатдим.
— Менга қара, балки бирга тушлик қилармиз?
У чеклардан кўзини узиб, бош чайқади:
— Бир ўзим тушлик қилишни яхши кўраман.
— Мен ҳам.
— Сен ҳамми?
У қовоғини уйди, чекларни нарироқ суриб граммофонга «Харперз Бизарр»нинг охирги пластинкасини қўйди.
— Нимага энди сен мени таклиф қилиб қолдинг?
— Ҳар замонда анъанани бузиб туриш керак.
— Ўзинг бузавер. Менга тирғалганинг етар.
У бир даста чекни ёнига сурди ва яна ишга киришди.
Мен бош ирғадим.
— Сенга айтувдим шекилли — сен ярамассан, — деди у. Кейин лабини қисди ва тўрт бармоғини бир даста чекнинг гирдидан шитирлатганча юргизди.
16
«Жейз бар»га кирганимда Каламуш пештахтага тирсагини тираб, хўмрайган алпозда Генри Жеймснинг қалинлиги телефон китобидай романини ўқиётганди.
— Қизиқми?
Каламуш китобдан кўзини узди ва бош чайқади.
— Унчамас. Гарчи мен ҳозир фақат ўқишга берилгандай кўринсам-да. Ўша суҳбатдан кейин. «Ночор ҳақиқатдан кўра мен чиройли ёлғонни афзал кўраман». Шунақасини эшитганмисан?
— Йўқ.
— Роже Вадим. Франциялик кинорежиссёр. Мана яна: «Ривожланган интеллект қарама-қарши тушунчаларни бир пайтда ўзига қамраб оладиган фаолиятдан иборат».
— Буниси кимники?
— Эсимда йўқ. Лекин ҳақиқатга ўхшайди, а?
— Ўхшамайди.
— Нега?
— Хўп, мана айтайлик, оқшом соат учда оч-ночор уйғонасан-да, музлатгични титкилайсан — ҳеч вақо йўқ. Шунда ривожланган интеллектинг билан нима ҳам қила олардинг?
Каламуш бироз ўйланиб турди ва хохолаб кулиб юборди. Мен Жейни чақириб, пиво билан қовурилган картошка буюрдим. Кейин пластинка солинган халтани олиб, Каламушга топширдим.
— Бу нима?
— Туғилган кунга совға.
— Меники бир ойдан кейин.
— Бир ойдан кейин мен бўлмайман.
Халтани қўлида ушлаб, Каламуш ўйланиб қолди.
— Йўғ-э… Эсизгина, ўрнинг билинади. — У пакетни очди ва бир муддат пластинкага қараб қолди.
— Бетховен. Оркестр билан ижро этиладиган фортепиано учун учинчи концерт. Глен Гулд, Леонард Бернстайн. Ҳм-м-м… Мен буни эшитмаганман. Сен-чи?
— Мен ҳам.
— Хўп, раҳмат… Умуман айтганда, мен жуда хурсандман.
17
Уни уч кун қидирдим. Менга «Бич Бойз» пластинкасини берган қизалоқни.
Мактаб маъмуриятига учраб, битирувчилар рўйхатини сўрадим ва унинг телефон рақамини топдим. Лекин тушиб бўлмади — автомат бундай рақам энди ҳақиқий эмас, деб жавоб қилди. Маълумот бюросига қўнғироқ қилдим — алоқачи қиз беш дақиқача унинг исмини қидирди, кейин бунақа исм китобларда йўқ эканини айтди. «Бунақа исм» — бу менга ёқди. Миннатдорчилик билдириб, трубкани илдим.
Эртаси куни собиқ синфдошларига сим қоқиб, у ҳақида бирор нарса биласизларми, деб суриштирдим. Ҳеч ким ҳеч нарса билмади, кўпчилиги эса умуман бундай қиз бўлганини эслай олишмади ҳам. Уларнинг охиргиси мен билан гаплашиш истаги йўқлигини айтди ва трубкани илиб қўяқолди. Нега бундай қилганига ҳатто ақлим етмайди.
Учинчи кун мен яна мактабга бордим ва битирувдан кейин унинг қаерга ўқишга кирганини суриштириб билдим. Чет жойдаги бир харобгина аёллар олий ўқув юртининг инглиз тили бўлимига кирган экан. Ўша ёққа қўнғироқ қилиб, ўзимни «Маккормик» салат зираворини сотиш бўйича вакил деб таништирдим: анкета сўрови учун менга шу қиз керак эди, унинг манзили билан телефонини айтиб юборолмайсизми? Кечирасиз, албатта, лекин бу иш жуда муҳим, дедим. Қидириб кўрамиз, — дейишди менга, — ўн беш дақиқалардан кейин қайта қўнғироқ қилинг. Бир банка пиво ичдим ва қайта қўнғироқ қилдим. Шу йилнинг мартида талабалар сафидан чиқаришни сўраб ариза берганини менга маълум қилишди. Касаллиги туфайли. Қанақа касаллик? — У аллақачон тузалгандир? — Салат ея оладими? — Бутунлай кетди, академик таътилгамасми? — бу саволларнинг ҳаммасига мен жавоб ололмадим.
— Менга эски манзили ҳам бўлаверади, — дедим. — Балки қидириб кўрарсиз?
Эски манзилини топишди — ўқув юрти яқинидаги пансион. Ўша ёққа қўнғироқ қилдим. Овозига қараганда, комендант жавоб қилди. Ёзда жўнаб кетган, қаёққа — билмайман, — тўнғиллади у ва трубкани ташлаб қўйди. «Билишни ҳам хоҳламайман», демоқчи бўлгани аниқ.
Уни топиш умидидаги энг сўнгги ришта шундай узилди.
Уйга қайтдим, пиво банкасини очиб, «Калифорния қизлари»ни эшита бошладим.
18
Телефон жиринглаб қолди.
Оромкурсида қўлимда очиқ китоб билан мудраб ўтиргандим. Ҳозиргина қисқа жала ёғиб ўтди — боғдаги дарахтлар ивиб кетди. Ёмғирдан кейин қуруқ, денгиз ҳиди анқиган шамол эсди. Айвонда тувакчадаги ўсимликларнинг барглари титради, уларнинг кетидан парда титради.
— Алло, — аёл овози эшитилди. Худди биров мўртгина стаканни қийшайиб турган столга авайлаб қўйгандай. — Мени эслайсанми?
Ўзимни бироз ўйланган кўйга солдим.
— Пластинкалар қандай? Сотиляптими?
— Э, унчаликмас… Касод… Ҳеч ким пластинка эшитмаяпти.
— Ҳа.
У тирноқлари билан трубкани чертди.
— Телефонингни топгунимча жинни бўлиб қолишимга сал қолди.
— Йўғ-э?..
— «Жейз-бар»дан сўрадим. Бармен сенинг дўстингдан сўради. Баланд бўйли, сал ғалатироқ. Мольерни ўқиётганди.
— Тушунарли.
Жимлик.
— Сени ҳамма қаёққа йўқолди, деб сўраётганди. Бир ҳафтадан бери келмаяпсан, улар: касал бўлиб қолгандир, деб ўйлашаяпти.
— Мени шунчалик яхши кўришларини билмасдим…
— Сен мендан хафамисан?
— Нега?
— Сенга бўлмағур гапларни айтиб юбордим. Кечирим сўрамоқчийдим.
— Мен учун қайғурма. Бироқ, агар бу сени шунчалик безовта қилаётган бўлса, унда кел, боғда каптарларга бирга овқат берайлик?
У хўрсинди, сигарет ёққичнинг шиқиллаганини эшитдим. Орқа тарафда Боб Дилан куйларди — «Нэшвиллдаги уфқ»ни. Дўкондан қўнғироқ қилаётган бўлса керак.
— Сирасини айтганда, гап сенда эмас. Шунчаки мен бунақа гапирмаслигим керак эди, — шошиб-пишиб деди у.
— Ўзингга нисбатан қаттиққўл экансан.
— Э, ҳар ҳолда, шундай бўлишга ҳаракат қиламан.
У жимиб қолди.
— Бугун учраша оламизми?
— Бўпти.
— «Жейз бар»да, кечқурун саккизда.
— Яхши.
— Мен шунчаки… ноқулай аҳволга тушиб қолдим.
— Тушунаман.
— Раҳмат.
У трубкани илди.
19
Менинг ёшим йигирма бирда. Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин.
Ҳали ёшман, лекин аввал ёшроқ эдим. Агар ёқмаса, якшанба тонгини кутиш ва «Эмпайр-Стейт-Билдинг» томидан сакраш мумкин.
Буюк Турғунлик даври ҳақидаги бир эски кинода шундай ҳазилни эшитгандим:
«Эмпайр-Стейт-Билдинг тагидан ўтаётган чоғимда доим соябонни очаман. Тепадан одам тўкилгани-тўкилган».
Мен йигирма бирдаман ва ҳали ўлмоқчимасман. Учта қиз билан ётиб кўрганман.
Биринчиси мен билан бир синфда ўқирди. Биз ўн етти ёшда эдик ва бир-биримизни севамиз, деган қарорга келдик. Кечга яқин ўрмоннинг ичкарисига кирдик: у жигарранг туфлисини, оқ пайпоқ, оч яшил кўйлагини ва ўзига лойиқ келмаслиги кўриниб турган ғалати ич кийимини ечди. Кейин, бироз каловланиб — соатини ечди. Ва биз «Асахи Симбун»нинг якшанба сони устида қучоқлашдик.
Мактаб тугаганидан кейин қандайдир икки ой ичида биз қўққисдан ажралишдик. Сабаби ёдимда йўқ, бу шунақа сабаб эдики, эсда ҳам қолмайди. Ўшандан бери у билан бирор марта ҳам учрашмадим. Баъзан уйқум қочганда ёдимга тушади — вассалом.
Иккинчи қиз дарвиштабиат эди. Ўн олти ёшли, ҳамёнида сариқ чақасиз, бошида капаси йўқ, устига устак кўкраги пачоқ — кўзлари, аксинча, маъноли ва чиройли эди. Мен уни «Синдзюку» метро бекати ёнида, атрофдаги ҳаракатни тўхтатиб қўйган кучли намойиш авжига чиққан пайтда учратдим.
— Бу ерда сўррайиб турсанг, полиция ушлаб олиб кетади, — дедим унга. У беркитилган ғов устунлари орасида чўққайиб ўтирганча ахлат қутисидан олган спорт газетасини ўқиётганди.
— Майли, олиб кетишсин, — деди у. — У ёқда боқишади.
— Сени қара-ю!
— Ўрганиб кетганман.
Мен сигарет тутатдим ва унга ҳам таклиф қилдим. Ёш оқизувчи газ кўзни ачиштирарди.
— Бугун овқат еганмисан?
— Эрталаб…
— Менга қара, сени овқатлантираман. Кетдик чиқиш томонга.
— Қанақасига сен мени овқатлантирасан?
— Ҳа энди… — Нима деб жавоб қилишни билмасдим, лекин уни ғовдан тортиб олиб, беркитилган кўча орқали Мэдзиро томонга олиб кетдим.
Бу ҳаддан ташқари камгап қиз уйимда бир ҳафтача яшади. Ҳар куни тушга яқин уйғонар, нимадир ер, чекар, китоб варақлар, телевизорга бақраяр, баъзан ҳафсаласи бўлиб-бўлмай мен билан жинсий яқинликда бўларди. Унинг бор нарсаси — оқ бўз сўмкаси-ю, унинг ичидаги иккита кўйлак, жинси, уч жуфт кир ич кийим ва бир сиқим дока эди.
— Сен қаердансан? — сўрадим бир сафар ундан.
— Э, сен билмайсан, — берган жавоби шу бўлди.
Бир куни дўкондан озиқ-овқат солинган халта кўтариб қайтдим, уйда унинг изи ҳам қолмабди. Оқ сумкаси ҳам кўринмади. Яна айрим лаш-лушлари ҳам. Стол устида бир сиқим танга, тамаки қутиси ва ювилган футболкам ётарди. Яна қоғоз парчасига тирнаб ёзилган хат. Битта сўздан иборат: «ифлос». Мен ҳақимда деб қўрқаман.
Учинчи хушторим француз бўлимининг талабаси билан университет кутубхонасида танишдим. Кейинги йили баҳорги таътил пайтида теннис корти ёнидаги сўлиган дарахтзорда у ўзини осди. Мурдани кейинги семестр бошланганида кўриб қолишди, шунгача у роппа-роса икки ҳафта шамолда тебраниб турган. Энди, қоронғи тушганда, ҳеч ким дарахтзорга яқин йўламайди.
20
У «Жейз-бар» пештахтаси ортида ноқулай алпозда ўтирар ва чўпни ликиллатиб жинжер-эл қуйилган стакан тубидаги муз қолдиқларини чайқаларди.
— Келмайсан деб ўйлай бошловдим, — енгил тортиб хўрсинди ёнига ўтирганимда.
— Ахир ваъда бергандим-ку. Шунчаки, ишлар билан ушланиб қолдим.
— Қанақа ишлар?
— Пойабзал. Пойабзал тозаладим.
— Мана буними? — У шубҳаланиб оёқ кийимимга кўз қирини ташлади.
— Ҳа йўқ, отамнинг пойабзалини! Оиламизда шунақа анъана бор. Фарзандлар отанинг оёқ кийимини тозалашлари шарт.
— Нима учун?
— Ҳа энди… Пойабзал — бу ахир бир тимсол. Тасаввур қил: отам, маҳкумга ўхшаб, ҳар куни кечқурун саккизда уйга қайтади. Мен унинг пойабзалини тозалайман, кейин кўнглим хотиржам бўлиб, пиво ичишга кетаман.
— Яхши анъана…
— Йўғ-э?
— Ҳа-да! Отани ҳурмат қилиш керак-ку.
— Мен жуда ҳурмат қиламан. Иккита оёғи борлиги учун, холос.
У “пиқ” этиб кулиб юборди.
— Ажойиб оиланг бор экан.
— Нимасини айтасан… Пулни ҳисобга олмаганда, шунақа ажойибки, йиғлаб юборгинг келади.
У чўп билан стакан тубини чайқалашни давом этарди.
— Менинг оилам ундан-да камбағал эди.
— Сен қаердан биласан ким кўпроқ камбағаллигини?
— Ҳидидан. Бой бойга боқади, сув сойга оқади.
Жей бир шиша пиво келтирди, мен ўзимга қуйдим.
— Ота-онанг қаерда яшашади?
— Айтишни хоҳламайман.
— Нега?
— Одобли одамлар бошқаларга уйида нима бўлаётганини айтишни ёмон кўришади.
— Сен одобли одаммисан?
У ўн беш сонияча ўйлади.
— Шундай бўлишни хоҳлардим. Жиддий айтганда. Ким ҳам хоҳламасди?
— Йўқ, барибир айт.
— Нега?
— Биринчидан, бу ҳақда барибир кимгадир гапиришинг керак, иккинчидан эса, мен ҳеч кимга айтмайман.
У жилмайди, чекди ва пештахтадаги ёғоч толаларига миқ этмай термилганча оғзидан уч марта тутун чиқарди.
— Отам беш йил аввал миясидаги шишдан ўлди. Роппа-роса икки йил азоб чекди, даҳшат. Бор пулимизни ишлатдик, ҳаммасини. Устига устак, шу қадар абгор бўлдикки, оқибатда оила бузилиб кетди. Бу аслида оддий ҳол.
Мен бош ирғадим.
— Онанг-чи?
— Қаердадир яшайди. Янги йил арафасида табрик хати юборади.
— Уни яхши кўрмайсан, шекилли?
— Шунақа, шекилли…
— Ака-сингилларинг-чи?
—Битта синглим бор. Эгизакмиз.
— Хўш, у қаерда?
— Бу ердан ўттиз минг ёруғлик йили нарида.
У асабий кулди ва стаканини четга қўйди.
— Нега оилам ҳақида бўлмағур гапларни айтаяпман ўзи? Юрак сиқилиб кетади бу гаплардан ҳатто.
— Ҳечқиси йўқ, қўявер. Ҳар қандай одамдаям шунга ўхшаш дарди бўлади.
— Сендаям борми?
— Мендаям. Баъзан яхши кўрган ўйинчоғимни қучоқлайману йиғлайман…
— Яхши кўрган ўйинчоғинг қанақа?
— Соқол олганда сурадиган крем.
Бу гапдан у энди қувнаб кулди. Бир неча йилдан бери шундай кулмаган бўлса керак.
— Менга қара, — дедим, — нега сен аллақандай шарбат ичиб ўтирибсан? Ичкиликни ташладингми?
— Ҳм, умуман айтганда, бугун ичиш ниятим йўқ эди… Ҳай майли, кўндирдинг.
— Хўш, нима ичасан?
— Оқ вино, фақат совуқроғидан.
Жейни чақириб, яна пиво ва оқ вино буюрдим.
— Эгизагинг ёнингда бўлганда ўзингни қандай ҳис қиласан?
— Ғалати ҳиссиёт. Бир хил қиёфа, тенг тақсимланган ақл, бир хил ўлчамдаги сийнабанд… Бадга уради.
— Сизларни кўп адаштиришганми?
— Кўп. Саккиз ёшгача. Кейин менда тўққизта бармоқ қолди ва бизни бошқа ҳеч ким адаштирмади.
У худди концертга ҳозирланган пианиночидай диққат ва эҳтиёткорлик билан қўлларини ёнма-ён қўйди. Чап қўлини олдим, ёруғга тутдим ва эътибор бериб қарадим. Кичкина қўл, коктейлли стакандай совуқ. Ундаги тўрт бармоқ чиройли — худди туғилганида улар тўртта бўлгандай. Бунақа табиийлик мўъжизадай туюларди. Ҳар ҳолда, олтита бармоқ анча ишонарсиз кўринса керак.
— Саккиз ёшимда жимжилоғимни чангютгичнинг моторига тиққанман. Шу ондаёқ узиб олган.
— Ҳозир у қаерда?
— Ким?
— Жимжилоқ.
— Эсимда йўқ. — У кулиб юборди. — Менга ҳали бунақа савол беришмаганди, сен биринчисан.
— Жимжилоқ йўқлиги безовта қилмайдими?
— Агар қўлқоп кийсам — безовта қилади.
— Шу, холосми?
У бош чайқади.
— Умуман безовта қилмайди деб бўлмайди. Лекин бўйни йўғон ёки оёғини жун босганларчаликмас.
Мен бош ирғадим.
— Сен нима билан шуғулланасан? — сўради у.
— Университетда ўқийман. Токиода.
— Таътилга келдингми?
— Ҳа.
— Нимани ўрганяпсан?
— Табиатшуносликни. Ҳайвонларни яхши кўраман.
— Мен ҳам яхши кўраман.
Пивони ичиб бўлиб, картошкали чипсдан бир сиқим олдим.
— Мана, биласанми… Бхагалпурда донғи кетган қоплон бўлган — уч йилда у уч юз элликта ҳиндини еган.
— Йўғ-э?
— Кейин «қоплонлар кушандаси» лақабли инглиз полковниги Жим Корбетт саккиз йил ичида, буни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бир юз йигирма бешта қоплон ва йўлбарсни отган. Сен барибир ҳайвонларни яхши кўраверасанми?
У сигаретни ўчирди, винони ичиб бўлиб, менга завқ билан қаради.
— Йўқ, сен бошқачасан!
21
Учинчи маъшуқамнинг ўлимидан икки ҳафта ўтгач, Жюль Мишленинг «Жодугар»ини* ўқидим. Зўр китоб. Унда шундай жойи бор эди:
«Бош судья Реми Лоренский саккиз юз нафар жодугарни оловга ташлаган эди ва ўзининг қўрқитиш сиёсати билан жуда ғурурланарди. Бир сафар у шундай деган: Мен ўзимнинг адолатпарварлигим билан шунчалик машҳурманки, шу кунларда қўлга туширилган ўн олти асира жаллодни кутмасдан ўзларини осишди.»
«Ўзимнинг адолатпарварлигим билан машҳурман»… Анчайин ҳайратланарли!
22
Телефон жиринглади.
Мен жиддий машғулотдан узила олмасдим: бассейнда офтобда куйиб қизариб кетган юзимга махсус мой суртаётгандим. Ўнинчи бор жиринглагандагина юзимдан пахта доғларини ғалвирчага сидириб ташлаб, курсидан қўзғалдим ва трубкани олдим.
— Салом, бу мен.
— Салом.
— Ҳозир нима қилаётгандинг?
— Ҳеч нима.
Буткул юзим ёнарди; бўйнимда осиғлиқ сочиқ билан юзимни арт-дим.
— Кечаги ўтириш учун раҳмат. Анчадан буён бунақа дам олмагандим.
— Бу яхши.
— М-м-м… Гўштни яхши кўрасанми?
— Яхши кўраман.
— Мен жуда кўп димлабман, ўзим бир ҳафтадаям еб тугатолмайман. Ёрдамлашасанми?
— Нега энди ёрдамлашмас эканман.
— Унда бир соатдан кейин кел. Агар кечиксанг, ҳаммасини тўкинди пақирга ташлаб юбораман. Тушундингми?
— Ҳа.
— Кутишни ёмон кўраман-да.
У трубкани қўйиб қўйди, ҳатто оғзимни очишимга ҳам имкон бермади.
Диванга ағанадим ва ўн дақиқача шифтга қараб радиодан хит-парадни эшитдим. Кейин душга тушиб, соқолни тозалаб қиртишладим. Ҳозиргина кимёвий тозалашдан келтирилган бермуд ва кўйлагимни кийдим. Ажойиб шом палласи эди. Кун ботишини завқланиб томоша қилиб, денгиз қирғоғини ёқалаб юрдим, катта йўлга чиқиладиган жойга етганда эса икки шиша совутилган вино билан бир қути сигарет сотиб олдим.
У столни бўшатиб, идишларни жой-жойга қўйгунича, мен меваларга ишлатиладиган пичоқ билан шишани очдим. Хонани димланган гўштнинг иссиқ буғи қоплади.
— Ҳатто ўйламовдим бунча иссиқ бўлади деб. Дўзахнинг ўзи-я…
— Дўзахда иссиқроқ.
— Нима, у ёқда бўлганмисан?
— Одамлар айтишади. У ер миянг қайнайдиган даражада қизиб кетганда сени салқинроқ жойга ўтказишади. Сал четроққа чиқасан — кейин яна жазирамага.
— Саунадагидай.
— Айнан. Лекин шундайлар ҳам борки, уларни ортига қайтаришмайди, чунки улар энди ақлдан озиб бўлишган.
— Уларни нима қилишади?
— Жаннатга жўнатишади. Девор оқлашга. Жаннатда, ахир, деворлар оппоқ бўлиши керак-да. Сал-пал доғ тегсаям, тамом, тартибсизлик. Бу, ахир, жаннат! Шунинг учун ҳам улар эрталабдан кечгача, кекирдагидан ўпкасигача чириб, девор оқлашади.
У бошқа савол бермади. Мен шишанинг ичида сузиб юрган тиқин бурдаларини илдириб олдим ва стаканларга вино қуйдим.
— Совуқ вино — қайноқ юрак, — деди у қадаҳ сўзи ўрнига.
— Бу гап қаердан?
— Рекламадан. Совуқ вино — қайноқ юрак. Кўзинг тушмаганми?
— Йўқ.
— Телевизор кўрмайсанми?
— Камдан-кам. Олдинлари кўп кўрардим. Ҳаммасидан ҳам Лэсси ҳақидаги кино ёқарди. Энг биринчи ит ўйнаган пайтда.
— Ҳа, айтганча, сен ҳайвонларни яхши кўрасан-ку.
— Ҳа.
— Агар вақтим бўлганида мен эрталабдан кечгача кўрардим. Нима кўрсатса ҳаммасини. Мана, масалан, кеча табиатшунос билан кимёгарнинг баҳсини кўрсатишди. Кўрмадингми?
— Йўқ.
У винодан ҳўплади ва эслаётгандай бошини чайқади.
— У ерда Пастер ҳақида гап кетди. У илмий интуиция кучига эга бўлган.
— Илмий интуиция кучига?
— Э, қисқаси… Олимлар одатда шундай муҳокама қилишади: А Вга тенг, В бўлса Сга, демак, А Сга тенг. Мана, шуни исботлаш талаб этилганди. Тўғрими?
Мен бошимни ирғадим.
— Пастер эса унақа бўлмаган. Унинг бошида фақат А Сга тенг деган фикр бўлган, холос. Ҳеч қандай исботларсиз. Унинг ҳақлигини тарих кўрсатди. У ўзининг умри давомида сон-саноқсиз жуда қимматли кашфиётлар қилди.
— Ҳа, тўғри, чечакка қарши эмлашлар…
У стаканни столга қўйиб, менга гарангсиб қаради.
— Чечакка қарши эмдорилар — бу Женнерники! Университетга қандай қилиб киргансан ўзи?
— Ҳа, эсимга тушди: антителалар! Ва паст ҳароратли тозалаш.
— Тўғри.
У тишларини кўрсатмай, ғолибона кулди. Винони ичиб тугатиб, ўзига яна қуйди.
— Мунозарада бу қобилиятни илмий интуиция деб аташди. Сенда шунақа борми?
— Мутлақо йўқ.
— Агар бўлганда-чи?
— Бўлганда, балки бирор нарсага асқотарди. Мисол учун, қиз билан ётганингда нафи тегиши мумкин.
У кулиб юборди ва ошхонага чиқиб кетди. Димланган гўшт солинган кострюл, салат солинган ликопча ва тўғралган бўлканон кўтариб қайтиб келди. Ланг очилган деразадан, ниҳоят, салқин шабада эсди.
Биз пластинканинг жўрлигида шошмасдан овқатланишга киришдик. У, асосан, университет ва Токиодаги ҳаёт ҳақида саволлар берди. Суҳбат унчалик сермазмун чиқмаётганди. Мушуклар устида қилинган тажрибалар тўғрисида (“Нима деяпсан, биз уларни ўлдирмаймиз! Бу психологик тажрибалар!” — дея алдадим мен, гарчи икки ойда ўттиз олтита мушук ва мушукваччаларнинг жонини олган бўлсам-да), намойиш ва иш ташлашлар ҳақида гурунглашардик… Полициячи уриб синдирган тиш кўрсатилди.
— Ундан ўчингни олишни хоҳламайсанми? — сўради у.
— Шу етмай турувди…
— Нега? Сенинг ўрнингда бўлганимда уни излаб топиб, ҳамма тишини болғача билан қоқиб ташлаган бўлардим.
— Биринчидан, мен — бу менман. Иккинчидан, бу аллақачонги иш. Учинчидан эса, уларнинг ҳаммасининг башараси бир хил — уни мен қандай топаман?
— Демак, маъни йўқ экан-да?
— Ниманинг маъниси?
— Нега сенинг тишингни уриб синдирганининг.
— Демак, йўқ экан.
У ҳафсаласи пир бўлиб ғўлдиради ва бир бўлак гўштни оғзига ташлаб юборди. Қаҳва ичиб бўлингач, тор ошхонада идиш-товоқларни ювдик, кейин столга қайтиб ўтириб, “Modern Jazz Quartet”нинг қўшиғини эшитиб чекдик.
Унинг устида кенг калта шим ва ичидан сийналарининг тугмаси аниқ-тиниқ кўриниб турган юпқа матодан тикилган кўйлак бор эди. Устига устак бир неча марта стол остида оёқларимиз тўқнашди — ва мен баттар қизардим.
— Овқат қалай? Ёқдими?
— Жуда.
У пастки лабини хиёл тишлади.
— Нега сўрамагунча ўзинг бир нарса демайсан?
— Ҳа, негадир… Одат… Энг муҳим гапни айтишни доим унутаман.
— Сенга маслаҳат берсам майлими?
— Бера қол.
— Бунақа одатдан қутулиш керак. У сенга қимматга тушиши мумкин.
— Ҳа, эҳтимол. Лекин бу худди ахлатхонадан олинган машинадай: бир жойини тузатсанг, бошқа нобоп жойи кўзга тушади.
У кулиб юборди ва бошқа пластинкани қўйди — энди Марвин Гэй куйлай бошлади. Соат миллари саккизга яқинлашиб қолганди.
— Пойабзаллар қандай — бугун тозаламасаям бўладими?
— Ухлашдан олдин тозалайман. Тишларимниям бир йўла.
Гаплаша туриб, у столга озғин тирсакларини тиради, қўлларига иягини қулайроқ қилиб қўйди-да менга тикилди. Бу ғашимга тегарди. Кўзимни олиб қочиш учун чека бошладим, бир неча марта қизиқсингандай деразага нигоҳ ташладим — лекин, афтидан, қилиғим фақат кулгини қистарди.
— Мана энди ишонса бўлади, — деди у.
— Нимага?
— Ўшанда сен мени ҳеч нарса қилмаганингга.
— Нега сен бундай деб ўйлаяпсан?
— Айтайми?
— Керакмас.
— Сезгандим, шундай дейишингни. — У ҳиринглади, менга вино қуйди ва туйқус эсига нимадир тушгандай, дераза ортидаги қоронғуликка қаради.
— Мен баъзан: ҳеч кимга халақит бермай яшаш қандай яхши, деб ўйлайман! Сенинг-ча, бунинг иложи бормикан?
— Билмайманам…
— Айт-чи: мен сенга халақит бермаяпманми?
— Мутлақо.
— Ҳозир, деяпман мен.
— Ҳа-да, ҳозир.
У тортинибгина стол устидан қўлини узатди, менинг қўлимни ушлади ва бир муддат тутиб туриб, кейин қўйиб юборди.
— Эртага кетаяпман.
— Қаёққа?
— Ҳали бир қарорга келганим йўқ. Бирор тинч ва салқин жойга кетмоқчиман. Бир ҳафтага.
Мен бошимни ирғадим.
— Келишим билан қўнғироқ қиламан.
* * *
Машинани уйга ҳайдаб борарканман, беихтиёр биринчи учрашувимни эсладим. Етти йил бурунги. Учрашувнинг бошидан охиригача мен гўё унга айнан битта саволни беравергандайман: “Зерикмаяпсанми?”
Биз бош ролда Элвис Пресли ўйнаган кинони кўрдик. Унда шунақа сўзлар айтиладиган қўшиқ бор эди:
Биз аразлашгандик,
Ва мен мактуб юбордим.
Кечирим сўрадим,
Лекин етиб бормади.
Қайтиб келди,
Ортга қайтди.
Манзил ноаниқ,
Олувчи нотайин.
Вақт ҳаддан ташқари тез оқаётир.
23
Мен бирга ётган учинчи қизча аъзойимни “raison d’etre” деб атарди. “Ҳаёт мазмуни”.
* * *
Бир пайтлар инсоннинг raison d’etreси ҳақида чоғроқ бир эссе ёзмоқчи бўлгандим. Ёзишга ёзмадим-у, лекин ўйлаб юрган вақтларимда ўзимга ажойиб — дунёдаги ҳамма нарсани сон қийматига кўчиришдек одат орттирдим. Бу одат саккиз ойча мени банд этди. Электр поездда кетаётганимда йўловчиларни санаб чиқардим. Зинадан юрсам — поғоналарини санардим. Қиладиган ҳеч ишим қолмаганда томиримнинг уришини ўлчардим. Ёзувларимга қараганда, бу вақт ичида — айнан 1969 йилнинг ўн бешинчи августидан кейинги йилнинг учинчи апрелигача — мен 358 та маърузага кирганман. 54 марта жинсий алоқа қилганман ва 6921 дона сигарет чекканман.
Ўша пайтлар мен чиндан ҳам бундай сон қийматлари одамларга бир нималар ҳақида хабар бериши мумкин, деб ўйлардим. Модомики, одамлар хабардор бўладиган “бир нималар” бор экан, демак, ўз-ўзидан аёнки, мен ҳам мавжудман! Лекин маълум бўлдики, аслида одамларнинг мен чеккан сигаретлар ёки мен оёқ босиб чиққан поғоналар сони билан зиғирча ишлари йўқ экан. Ҳатто аъзоимнинг ўлчами билан ҳам уларнинг иши йўқ. Шу кўйи мен ўзимнинг raison d’etreмни кўздан қочирдим ва бутунлай ёлғиз қолдим.
* * *
Унинг ўлими ҳақида эшитиб, 6922-сигаретни чекдим.
24
Ўша оқшом Каламуш бир томчиям пиво ичмади. Хавотирли аломат. Пиво ўрнига у бир ўтиришда беш ҳисса муз солинган вискини сипқарди.
Биз нимқоронғу узоқ бурчакдаги пинболда вақт ўтказдик. Маълум миқдор майда пул эвазига бу дардисар матоҳ анчагина вақтни ейди. Аммо Каламуш ҳамма нарсага жиддий қарарди. Дарвоқе, менинг олти ўйиндаги иккита ғалабам қарийб мўъжиза эди.
— Ҳой, сенга нима бўлди ўзи?
— Ҳеч нима, — жавоб берарди Каламуш.
Пештахта ёнига қайтиб, ичдик — мен пиво, у виски. Кейин мусиқа автоматидаги пластинкаларни бирин-кетин эшита бошладик, бир сирасига ҳаммасини — жим, бир сўз демай эшитдик. “Еveryday People”, “Woodstock”, “Spirit in the Sky”, “Hey There, Lonely Girl”…
— Сенга илтимосим бор, — деди Каламуш.
— Қанақа?
— Э, биттаси билан учрашиш керак…
— Аёл биланми?
У бироз талмовсираб, бош ирғади.
— Менинг нима алоқам бор?
— Бошқа кимдан сўрайман мен яна? — тўнғиллади Каламуш ва олтинчи ҳиссадан ҳўплади. — Костюм билан бўйинбоғинг борми?
— Бор. Фақат…
— Унда эртага иккида. Менга қара, аёллар — улар ўзи нима ейишади?
— Пойабзалнинг тагчармини.
— Бор-э…
25
Каламушнинг хуш кўрган таоми янги пиширилган қуймоқ эди. У қуймоқдан бир йўла беш-олтитасини чуқур ликобчага уярди-да, пичоқ билан тўрт бўлак қилиб кесиб, устидан бир шиша кока-кола қуярди.
Биринчи марта Каламушнинг уйига келганимда у очиқ ҳавога чиқарилган столда, май ойининг майин қуёши нурлари остида айнан шу иштаҳа тортмайдиган таомни ютаётганди.
— Бунақа егулик шуниси билан маззаки, — тушунтирди у менга, — унда овқат билан ичимликнинг хусусиятлари мужассам.
Кенг, қалин боғда турли-туман тур ва рангдаги қушлар йиғиларди. Улар ғайрат билан ўтлоққа мўл-кўл сочилган маккабодроқни чўқилашарди.
26
Учинчи қаллиғим ҳақида гапирмоқчиман.
Йўқ одамлар ҳақида гапириш доим қийин. Ёшлигида ўлган аёл тўғрисида-ку — жудаям қийин. Улар, ахир, абадий ёшлигича қолишган…
Бизлар эса, тирик юрганлар, қарияпмиз. Ҳар йил, ҳар ой ва ҳар кун. Менга баъзан шундай туюладики, соат сайин қариётгандайман. Ва, энг даҳшатлиси — аслидаям шундайлиги.
* * *
У айтарли чиройли эмасди. “Чиройли эмас” дегани ўзи нимани англатади? Бундай деса тўғрироқ бўлади: “У ўзига муносиб даражада чиройли эмасди”.
Менда унинг фақат битта фотосурати бор. Орқа томонига: “август 1963 й.”, деб ёзиб қўйилган. Президент Кеннедининг бошини тешишган йил. Аллақандай дала-ҳовлилар жойлашган жойдаги денгиз тўғони — у ўтирибди ва зўрма-зўраки кулаяпти. Сочлари Жин Себергникига* ўхшатиб (гарчи, тўғрисини айтсам, бу турмак менга кўпроқ Освенцимни эслатарди) калта қирқилган, қизил катакли узун кўйлак… Суратда у бесўнақай — ва чиройли. Бу шундай гўзалликки, кўнгилни ўртаб юборади.
Хиёл очиқ лаблар. Сал кўтарилган бурун. Пала-партиш кокил — ўзи кесгани аниқ. Шишинқираган ёноқлар ва биттасида — аранг кўз илғайдиган ҳуснбузар…
Суратда у ўн тўрт ёшда. Йигирма бир йилга жам бўлган ҳаётининг энг гўзал лаҳзаси. Кейин буларнинг бари қаёққа ғойиб бўлганини фақат тусмоллаш мумкин, холос. Нима сабабдан, қандай мақсадда… Мен билмайман. Ҳеч ким билмайди.
* * *
“Мен университетга самовий янгиликни эгаллаш учун кирганман”, деди у бир сафар жиддий оҳангда. Тонгги соат тўрт эди, биз тўшакда ялонғоч ётгандик. Мен қизиқдим, нима ўзи бу самовий янгилик дегани, деб сўрадим.
“Буни тушунтириб бўларканми?”, — деди у. Ва сал ўтиб қўшиб қўйди: “У осмондан, худди фаришталарнинг қанотига ўхшаб, тушиб келади”.
Мен осмондан тўғри университет ҳовлисига тушиб келаётган фаришталарнинг қанотларини тасаввур қилишга уриндим. Узоқдан улар қоғоз қўлсочиқларни эслатарди.
* * *
У нега ўлди, ҳеч кимга маълум эмас. Буни ҳатто унинг ўзиям тушуниб етмагандай туюлади менга.
27
Ёмон туш кўрибман.
Мен катта қора қуш эмишман, чангалзорлар устидан ғарбга учармишман. Қанотларимга оғир жароҳатдан оққан қоннинг қуюлган қора қуйқалари ёпишиб қолганмиш. Осмоннинг ғарбий ён-бағрини қора булутлар қоплаб олаётир. Сийрак ёмғирнинг ҳиди келади.
Анчадан бери туш кўрмагандим. Ҳатто бунинг туш эканиниям дарров англолмадим.
¬¬¬¬¬¬¬Каравотдан сакраб турдим ва душга тушиб, баданимдаги шилимшиқ терни ювдим, қотирилган нон ва олма шарбати билан нонушта қилдим. Тамаки ва пиводан томоғим қичишар, гўё бўғзимга эски увадани тиқиб қўйишгандай. Идиш-товоқни ошхонага элтиб, кийим жавонидан ботқоқ рангидай қорамтир-қўнғир енгил костюм, дазмолланган кўйлак ва қора бўйинбоғни олдим, уларни кўтариб меҳмонхонага кирдим ва кондиционернинг рўпарасига ўтириб олдим.
Телеянгиликларда ёзнинг энг иссиқ кунини тантанавор оҳангда ваъда қилишди. Телевизорни ўчирдим, акамнинг хонасига кириб, уюлиб ётган китоблардан бир нечтасини танладим ва уларни олиб диванга чўзилдим.
Икки йил бурун акам бир уюм китоб билан битта қаллиғини ташлаб, сабабини ҳам айтмай Америкага жўнаб кетди. Баъзан унинг қаллиғи билан тушлик қилардим. У мен билан акам бир-биримизга жуда ўхшашлигимизни айтарди.
— Қайси томондан? — ҳайрон бўлардим.
— Ҳамма томондан, — дерди у.
Балки, шундайдир. Менингча, ҳамма гап биз акам иккаламиз ўн йилдан ортиқ навбатма-навбат тозалаган пойабзалларда бўлса керак.
Соат миллари ўн иккини кўрсатди. Ижирғаниб жазирама ҳақида ўйланган кўйи, бўйинбоғни боғлаб камзулни кийдим.
Вақт сероб эди, қиладиган ишнинг эса тайини йўқ. Шошмасдан машинада шаҳар айландим. Кўримсизгина шаҳрим денгиздан тоғларга қараб чўзилганди. Анҳор, теннис корти, гольф майдони, турна қатор кенг данғиллама ҳовли-жойлар, девор, яна девор, бир нечта бежирим ресторан ва дўкончалар, эски кутубхона, эшакўт босиб кетган майдон ва маймунлар солинган катаклари бор боғ. Шаҳар ўзгармаган.
Мен шаҳар ташқарисидаги эгри-бугри йўлларни гир айландим ва дарё қирғоғи бўйлаб денгизга эндим. Дарёнинг қуйилиш жойи яқинида оёғимнинг чигилини ёзай деб машинадан тушдим. Теннис кортида оқ кепкали, қора кўзойнак таққан, баданлари офтобда қизарган иккита қиз бир-бирига коптокчани ирғитишарди. Қуёш энг юқори нуқтадан оғиб тағин кучлироқ куйдирар, улар эса тинмай ракеткаларини силкитишар ва бутун корт бўйлаб улардан тер томчилари сачрарди.
Уларга беш дақиқача қараб тургач, машинага қайтдим, ўриндиққа суяниб ўтирдим ва кўзларимни юмдим. Эринчоқлик билан тўлқинлар шовқинини ва ракетканинг тўқиллашини эшитдим. Енгил жануб шабадаси эсди, денгиз ва қайноқ асфалт ҳиди димоғимга урилди. Узоқ ўтган ёзни эсладим. Қиз терисининг тафтини, эски рок-н-роллни, кирхонадан ҳозиргина олиб келинган кўйлакни, бассейннинг ечиниш хонасидаги сигарет тутунини, ноаён туйғуларни… Ширин туш — у гўё абадий такрорланаётгандай. Лекин бир сафар ёз келди (қайси йил эди?) — туш эса, қайталамай қўйди.
Роппа-роса иккида мен “Жейз-бар”нинг олдида тўхтадим. Каламуш йўл четидаги тўсиқда Казандзакисни — “Исонинг сўнгги васвасаси”ни ўқирди.
— Қизинг қани? — сўрадим мен.
Каламуш индамай китобни ёпди, машинага кирди ва қора кўзойнагини тақди.
— Қизим келмайди.
— Қанақасига келмайди?
— Шунақасига.
Мен хўрсиндим, бўйинбоғни ечиб, камзул билан бирга орқа ўриндиққа отдим ва чека бошладим.
— Хўш, бирор ёққа борамизми?
— Ҳайвонот боғига.
— Бўпти-да…
28
Энди ўзимнинг шаҳрим ҳақида гапириб бераман. Мен туғилган, ўсиб-улғайган ва биринчи марта қиз билан ётган шаҳар тўғрисида.
Олдда — денгиз, ортда — тоғлар, ёнбошда — улкан бандаргоҳ. Кичкинагина шаҳарча. Бандаргоҳдан қайтаётиб, рулни катта йўлга бурганингда, ҳатто чекишга ҳам ҳожат қолмайди. Гугурт чақишга улгурмай туриб етиб келасан.
Аҳоли — етмиш мингдан сал ортиқроқ. Бу беш йил бурунги рақам, лекин ўша вақтдан бери ўзгаргани даргумон. Ўртаҳол оила боғи бор икки қаватли уйда яшайди, автомобилга эга, айримларда иккита.
Бу рақамларни мен ўйлаб топганим йўқ — уларни молия йилининг якунида ҳокимликнинг маълумотлар бўлими эълон қилади. Менга, айниқса, икки қаватли уйлар ҳақидагиси ёқади.
Каламуш томида болохонаси бор уч қаватли уйда яшарди. Ер ости гаражида унинг “ТR-3”и* отасининг “Мерседес”и билан дўстона қўшничилик қиларди.
Шуниси қизиқки, уйдаги ягона кўнгилочар жой гараж эди. Ҳайҳотдай — чоғроқ самолёт учун сарой ўрнини ҳам ўташи мумкин. Эскирган ёки шунчаки бадга урган телевизор ва музлаткичлар, стол ва юмшоқ ўриндиқлар, идиш-товоқ жавони-ю стереосистемалар билан тўлдириб ташланган. Биз у ерда кўп пиво ичганмиз.
Каламушнинг отаси ҳақида мен деярли ҳеч нима билмайман. Уни бирор марта кўрмаганман ҳам. Каламушдан отаси ҳақида сўраганимда, у аниқ-тиниқ қилиб: “Мендан ёши анча катта ва бунинг устига эркак”, деб жавоб берди.
Узунқулоқ гапларга қараганда, Каламушнинг отаси қачондир бир пайтлар, ҳали уруш бошланмасдан бурун, камбағал бўлган. Уруш арафасида у кимё фармацевтика корхонасини қўлга киритишнинг уддасидан чиққан ва ҳашаротларга қарши суркайдиган дори савдоси билан шуғулланган. Унинг қанчалик фойдали эканини ҳеч ким аниқ билмаган, бироқ фронт чизиғи жанубга силжигани сайин дори ҳам қўлма-қўл сотилаверган.
Уруш тугагач, у дорини омборга жойлаб, шубҳали озиқ моддалар сотишга киришган, Кореядаги урушдан сўнг эса, уй-рўзғорда ишлатиладиган кир ювиш воситалари савдосига ўтган. Яна айтишларича, ингредиентлар ҳамма жойда бир хил бўлган. Худди шундай бўлган бўлиши мумкин.
Йигирма беш йил бурун ҳашаротга қарши суркайдиган дори қопланган япон аскарларининг мурдалари Янги Гвинея чангалзорларида тахланиб ётган. Бугун эса, ҳар бир ҳожатхонада — қувур тозалаш воситаси муҳайё, айнан ўша савдо белгисида.
Мана шу тариқа Каламушнинг отаси бойиб кетган.
Албатта, менинг ошналарим орасида камбағал оиладан чиққан бир йигит ҳам бор эди. Унинг отаси шаҳар ичида қатнайдиган автобусни ҳайдарди. Автобус ҳайдовчилари орасида, балки бойлари ҳам бордир — лекин ошнамнинг отаси камбағаллар тоифасидан эди. Мен тез-тез ошнамникига меҳмонга келардим — ота-онаси ҳеч қачон уйда бўлмасди. Отаси ўзининг чамбарагини айлантирар ёки отчопарда ўтирарди, онаси эса кун бўйи қаердадир қўшимча иш билан банд бўларди.
Йигит мен билан бир синфда ўқирди, лекин дўстлашишга дарров баҳона топила қолгани йўқ.
Бир куни танаффус пайти мен кичик эҳтиёжимни қондираётган эдим, у ёнимда саф тортди. Ишни ими-жимида ва бир пайтда битириб, бирга-бирга қўлларимизни ювдик.
— Менда-чи, бир нарса бор! — деди у, қўлини шимига артаркан. — Кўришни хоҳлайсанми?
Ҳамёнидан фотосурат чиқариб, менга узатди. Яланғоч аёл, оёғини кериб, ўзиникига пиво шишасини тиқарди.
— Зўр-а?
— Бундан зўри бўлмайди!
— Уйимга кел. Менда шунақалари борки, кўриб анқайиб қоласан.
Биз у билан шундай дўстлашдик.
Шаҳримизда ҳар хил одамлар яшайди. Ўн саккиз йил ичида мен бу ерда кўп нарсага ўргандим. Шаҳар менинг юрагимда шундай бақувват томирлар ёйдики, хотираларнинг бари деярли у билан боғлиқ. Лекин ўша кўкламда, университетга кириб шаҳримни тарк этганимда, руҳимда енгилликни ҳис этган эдим.
Энди, ёзги ва кўкламги таътилда, қиладиган ишим фақат пиво ичиш, холос.
29
Ҳафта бўйи Каламуш бошини осилтириб юрди. Куз яқинлашиб қолганиданми, қизлар туфайлими… Оғзини пойлаган билан гап ололмайсан.
Каламуш узоқ кўринмаган пайтлар мен Жейга тирғалардим:
— Менга қара, Каламушни нима жин урдийкан, сен қандай фикрдасан?
— Э, ўзим ҳам ҳеч тушунмайман… Балки, ёз оёқлаётгани учунми?
Куз яқинлай бошлаганда Каламуш доим умидсизликка тушарди. У маънисиз нигоҳини китобга қадаб, пештахта ортида ўтирарди, мен у билан гаплашишга уринганимда қисқа ва кайфиятсиз жавоб қиларди. Ғира-шира кўчада салқин шамол эсиб, кузнинг ҳиди сал-пал димоққа урилган пайтда у дабдурустдан пивони ёддан чиқарар, муз солинган виски ичишни бошларди, мусиқали автоматга тинимсиз пул ташлар, машина у билан ўйнашни рад этмагунча пинболни азоблар — ва Жейни асабийлашишга мажбур қиларди.
— Унинг, афтидан, кайфияти чатоқ, гўё ташлаб кетишаётгандек ҳис қилаётир ўзини, — деди Жей. — Мен уни тушунаман.
— Қанақасига?
— Ахир, ҳамма ҳар ёққа кетаётир — кимдир ишлашга, кимдир қайта университетга… Сен ҳам-а?
— Ҳа, мен ҳам.
— Мана, кўрдингми…
Мен бош ирғадим.
— Бу қизча-чи?
— Салгина вақт ўтсин, унутилиб кетади. Гапим эсингда турсин.
— Уларга нима бўлган ўзи?
— Ким билади уларни…
Жей тўхтаб қолган юмушига тутинди. Бошқа ҳеч нарса сўрамадим. Мусиқали автоматга майда танга ташлаб, бир нечта қўшиқ эшитдим-да, пивом турган пештахтага қайтдим.
Ўн дақиқача ўтиб, рўпарамда тағин Жей пайдо бўлди.
— Менга қара, Каламуш сен билан бирор нарса ҳақида гаплашмадими?
— Йўқ.
— Ғалати.
— Нега?
Жей стаканни арта туриб ўйланиб қолди.
— У, албатта, сен билан маслаҳатлашиши керак.
— Унда нега бунақа қилади?
— Бу осон эмас. Қўрқади, сенинг мазах қилишингдан.
— Э, калака қилмайман уни!
— Авзойингга қараганда бу сезилмайди. Боз устига, кўпдан бери. Сен яхши йигитсан, лекин — нима деса бўлади — айрим нарсаларни сен негадир бемаъни, эътиборга арзимайди, деб ҳисоблайсан. Шундай бўлса-да, мен бирор ёмон гап гапирмоқчи эмасман.
— Бу тушунарли.
— Мен, ҳар ҳолда, сендан йигирма ёш каттаман ва ҳаётда кўп нарсани кўрганман. Шунинг учун ҳам сизларга муносабатим худди…
— Худди бувиникидайми?
— Ҳа.
Кулгидан пивога бўғилиб қолишимга сал қолди.
— Майли, у билан ўзим гаплашишга уриниб кўраман.
— Шундай қил, бу тўғри иш бўлади.
Жей сигаретани ўчирди ва ишига қайтди. Қўлимни ювмоқчи бўлдим. Жўмракнинг устидаги ойнадан аксим менга қараб турарди. Ортга қайтиб, ёқимсиз ҳислардан қутилиш учун яна бир шишани бўшатдим.
30
Бир вақтлар ҳамма қайсар бўлиб кўрингиси келарди.
Мактабни тугатишимдан бироз олдинроқ мен ўзимнинг ичимга яширган фикрларимнинг ярмиларини ташимга чиқаришга қарор қилдим. Нега бундай қарорга келганман, ҳозир эслолмайман — бироқ буни бир неча йил қатъий бажардим. Кейин эса, кутилмаганда фикрларимнинг тенг ярмини умуман сўз билан ифодалаб беролмаслигимни пайқадим.
Бунинг қайсарликка қандай алоқаси бор, менга унчалик тушунарсиз. Инглизчасига бу cool, “совуққон” дейилади — бу маънода мени йил бўйи музини эритишолмаган эски музлаткичга қиёслаш мумкин.
Вақт ботқоғида типирлаб, мулгиб кетаётган идрокимни пиво ва тамаки билан қамчилаб, шу сатрларни ёзишда давом этаяпман. Бир неча марта қайноқ душ қабул қиламан, ҳар куни икки маҳал соқол оламан ва тинимсиз эски пластинкаларни эшитаман. Мана, ҳозир ҳам орқа тарафимда аллақачон унутиб юборилган Питер, Пол ва Мэри куйлашаяпти:
“Don’t think twice, it’s all right”*.
31
Эртаси куни Каламуш билан шаҳар четидаги меҳмонхоналардан бирининг ҳовузида учрашишга келишдим. Ёз оёқлаб бораётганди, устига устак у ёққа етиб олиш ўнғайсиз эди, шунинг учун бассейнга халойиқ кам йиғилган, ўнтача одам бор. Уларнинг ярмини меҳмонхонага тушган америкаликлар ташкил қиларди, — сувда чўмилиш ўрнига улар астойдил офтобга тобланишарди.
Меҳмонхонани оқсуякларнинг қасрига ўхшатиб қуришган. Унинг ҳашаматли яшил ҳовлиси бўйлаб, ҳовузни бош бинодан ажратиб турган, пуштиранг буталар ястанган. Буталар унчалик баланд бўлмаган қирга тирмашиб кетган, қирдан, шунингдек, кўрфаз ва шаҳар яққол кўриниб турарди.
Биз Каламуш билан 25 метрли ҳовузда бир неча марта ким ўзарга сузишдик, кейин шезлонгларда ёнма-ён ўтириб, муздек колани очдик. Нафасимни ростлаб олиб, сигарет тортдим. Каламуш ёш америкалик аёлнинг ҳовузда сузишига жимгина қараб ўтирарди.
Булутсиз осмон бўйлаб оппоқ, худди музлатилгандек из қолдириб бир нечта реактив самолёт учиб ўтди.
— Кичкиналигимизда, — деди Каламуш тепага қараб, — самолёт кўп учгандай туюларди. Бунинг устига, асосан, американики, икки фюзелажли, парраги бор.
— “Р-38”ми?
— Йўқ, юк ташийдиган. Катта, “Р-38” қаёқда… Бир пайтлар жуда паст учишарди, ҳарбий белгиларини аниқ кўрса бўларди. Яна “ДС-6”, “ДС-7”ни эслайман, бир сафар “Сейбер”ни кўрганман!
— Бироқ, бу аллақачонлар…
— Ҳа, Эйзенхауэр даврида. Ўшанда бандаргоҳимизга ҳарбий кема ҳам кирган. Шаҳарда қаёққа тупурма — денгизчига тушади. Қўриқчилар ҳам жуда кўп. Қўриқчиларни сен кўрганмисан?
— Ҳа.
— Ҳозир ҳаммаси қаёққадир ғойиб бўлган… Лекин буни мен ҳарбийларни ёқтирганим учун айтмаяпман.
Мен бошимни ирғадим.
— Аммо “Cейбер” зўр самолёт эди! Напалм ташлашни бошламагунча. Сен ҳеч кўрганмисан, напалмни қандай ташлаётганини?
— Кўрганман, уруш ҳақидаги филмларда.
— Одамлар нималарни ўйлаб чиқаришмайди-а! Лекин буни зўр ўйлаб топишган. Ким билади, балки ўн йилча ўтар — напалмни соғинишар тағин.
Мен кулиб юбордим ва иккинчи сигаретни олдим.
— Самолётларни яхши кўрасан-а?
— Бир пайтлар учувчи бўлишни хоҳлардим. Кейин кўзимни ишдан чиқариб, фикримдан қайтдим.
— Тушунарли.
— Осмонни яхши кўраман. Унга истаганча термулиб ўтиришим мумкин — жонга тегмайди. Хоҳламасам, қарамай қўя қоламан.
Каламуш беш дақиқача жим бўлди, кейин эса туйқусдан гапга тушиб кетди:
— Баъзида тоқат қилолмайсан. Бой эканингни англаш ва шунга ўхшаш… Баъзан қочиб кетгинг келади. Тушунасанми?
— Қанақасига бу — “қочиб кетгинг келади”? — ажабландим. — Лекин… Агар сен ростдан ҳам шуни хоҳласанг — ол-да қочивор.
— Эҳтимол, бу энг яхши иш бўлармиди. Бирор-бир бегона шаҳарга кетиб, ҳаммасини бошида бошлаш… Ёмонми?
— Нима, университетниям ташлайсанми?
— Э, мен уни аллақачон ташлаганман. Қайтишга ҳечам хоҳиш йўқ.
Қора ойнаклар ортидан Каламушнинг кўзлари ҳовузда сузаётган қизни кузатишда давом этарди.
— Нима учун ташладинг?
— Э… Жонга тегиб кетгани учун-да. Бошида ҳаракат қилувдим бўлмаса. Роса куч сарфлагандим, ҳозир ўзимнинг ҳам ишонгим келмайди. Ҳамма билан ишим бор эди менинг — ўзим ҳам тинчимасдим, бошқаларни ҳам тинчитмасдим. Ҳатто шунинг оқибатида полициячилар мени уришган. Лекин вақти келиб, ҳар бир одам ўзининг жойини топади. Фақат мен жойимни топганим йўқ. Биласанми, шунақа ўйин бор — болалар курсининг атрофида айланиб югуради-да, кейин бирдан курсиларга ўтириб олади — бир болага эса курси етмайди.
— Энди нима қилмоқчисан?
Каламуш ўйга толиб оёқларини сочиққа артди.
— Қисса ёзишни ўйлаяпман. Сен шунга қандай қарайсан?
— Ол-да, ёзиб ташла.
Каламуш бош ирғади.
— Қанақа қисса ёзмоқчисан?
— Яхши қисса. Ўзимнинг қаричимга лойиқ. Мен, ахир, ўзимни истеъдодли деб ҳисобламайман-ку… Аммо ёзувчиликнинг моҳиятини мен шунда кўраманки, ҳеч бўлмаганда, киши бир нимага ўрганади. Тўғрими?
— Тўғри.
— Одам ўзи учун ёзиши керак… Ёки, дейлик, чирилдоқлар учун.
— Чирилдоқлар учун?
— Ҳа-да.
Каламуш яланғоч кўкрагида осилиб турган президент Кеннедининг сурати туширилган ярим долларлик тангани сийпалади.
— Уч-тўрт йил бурун мен бир қиз билан Нарага* бордим. Даҳшатли жазирама эди ва биз у билан уч соатча қирлар орасидан юрдик. Бирор-бир зоғ йўқ, фақат қушлар чирқиллаб учади. Оралиқдан юриб ўтаётганимизда оёқларимиз остида сайроқи чирилдоқлар чириллайди. Бошқа тирик жон йўқ. Жуда қаттиқ иссиқ эди.
Биз чарчаб, ўт-ўлани майинроқ қия ёнбағирга ўтирдик. Шабадада ҳузурландик ва терларимизни артдик. Ёнбағир этагидан чуқур зовур ўтган, унинг ортида — сувдан чиқиб турган оролга ўхшаш эски сердарахт қўрғон. Император қабри. Сен уни ҳеч кўрганмисан?
Мен бош ирғадим.
— Ўшанда мен: бунақа баҳайбат нарса нима учун қурилган экан, деб ўйладим. Албатта, ҳар қандай қабрда маъно бор. Ҳамма ҳам қачондир ўлади — ва бу эслатишга ўхшайди. Лекин бу ердагиси қандайдир ҳаддан ташқари катта эди. Улкан ҳажм баъзан нарсаларнинг моҳиятини билиб бўлмас даражада ўзгартириб юборади. Аслида, бу умуман қабрга ўхшамасди. Бу тоғ эди. Зовурда қурбақалар сузиб юрарди, деворни эса ўргимчак тўри қоплаб олганди.
Мен жимгина қўрғонга қарадим ва зовур тарафдан елаётган шамолни эшитдим. Ўшанда менинг ҳис қилганларимни бирор-бир сўз билан таърифлаб бўлмайди. Йўқ, ҳатто ҳис қилмадим ҳам — гўё мени нимагадир ўрашди. Яхлит ва буткул. Гўё чирилдоқлар, қурбақалар, ўргимчаклар, шамол — айнан бари — бир бутунга эврилиб, Коинотда оқаётгандай!
Каламуш ҳовури кўтарилган колани ичиб тугатди.
— Шундай қилиб, қачонки бирор нарса ёзмоқчи бўлсам, доим ўша ёз кунини ва дов-дарахт босган ўша қўрғонни эслайман. Ва ўзимча: чирилдоқлар, ўргимчаклар, қурбақалар учун, яшил майса ва шамол учун бирор нарса ёзсам зўр бўларди-да, деб ўйлайман…
Каламуш жим бўлиб қолди, қўлларини бошининг орқасига қўйиб, осмонга тикилди.
— Хўш… Бирор нарса ёзишга уриниб кўрдингми?
— Йўқ. Бир қатор ҳам.
— Бир қатор ҳам.
— Сиз — ер тузисизлар…
— Нима?
— Агарда туз кучини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиш мумкин?*
Каламуш Шундай Деди.
Кечга бориб осмонни булут қоплади. Ҳовуздан меҳмонхонанинг чоғроқ майхонасига ўтиб, у ерда биз Мантовани қайта ишлаган италиян қўшиқлар садоси остида совуқ пиво ичдик. Катта деразада бандаргоҳ чироқлари чарақларди.
— Қаллиғинг билан ораларингда нима бўлган ўзи? — жазм этиб сўрадим мен.
Каламуш қўлининг орқаси билан лабидан пиво кўпигини артди ва ўйга ботганча шифтга тикилиб қолди.
— Умуман айтганда, сенга бу ҳақида гапирмоқчи эмасдим. Ҳаммаси шунчаки аҳмоқона…
— Лекин сен мен билан дардлашмоқчи эдинг-ку?
— Дардлашмоқчийдим. Аммо кечқурун ўйладим — дардлашгим келмай қолди. Дунёда шундай нарсалар борки, уларни биз барибир ўзгартиролмаймиз.
— Масалан?
— Масалан, тиш оғриғи. Кунлардан бир кун туйқусдан тишинг оғрий бошлайди — ва биров қанчалик юпатмасин, босилмайди. Шунда сен ўзингдан ғазабланасан. Кейин эса, бошқалар ўзларидан ғазабланмаётганини кўриб, баттар ғазаблана бошлайсан. Тушундингми?
— Қисман, — дедим мен. — Лекин агар яхшилаб ўйлаб кўрилса, ҳамманинг шароити бир хил. Биз ҳаммамиз — бузуқ самолётдаги ҳамроҳлармиз. Албатта, омадлилар бор, омадсизлар ҳам бор. Кучлилар бор, заифлар ҳам бор. Бойлар бор, камбағаллар ҳам бор. Лекин барибир ҳеч кимда ғайритабиий куч йўқ. Ҳамма бир хил. Бир нимаси борлар уни йўқотишдан қўрқишади — ҳеч нимаси йўқлар эса, энди ҳеч нимага эга бўлолмасликдан ғамга ботишади. Ҳамма тенг. Ва буни пайқашга улгурган одам сал бўлса-да кучли бўлишга уриниши керак. Жилла қурса, шунчаки муғомбирлик қилиш лозим, биласанми? Аслида, кучли одамлар ҳеч қаерда йўқ — фақат ўзларини шундай кўрсатадиганлар бор.
— Савол берсам майлими?
Мен бошимни ирғадим.
— Сен, ростдан ҳам, шунга ишонасанми?
— Ҳа.
Каламуш бир муддат, пиво қуйилган стаканга тикилиб, жим бўлиб қолди. Кейин ўта жиддий тарзда деди:
— Ҳазиллашган эдим, демайсанми?..
Мен Каламушни уйига элтиб қўйдим ва қайтишда “Жейз бар”га кирдим.
— Гаплашиб олдингларми?
— Гаплашиб олдик.
— Худога шукур-э, — деди Жей ва олдимга қовурилган картошка солинган ликопчани қўйди.
32
Дерек Хартфильд, асарлари сони кўплигига қарамай, жуда камдан-кам ҳолларда ҳаёт, орзу ёхуд севги ҳақида очиқчасига ёзган. Ўзининг ярим автобиографик, нисбатан жиддий “Камалак атрофида бир ярим ўрам” (1937), деб номланган — ўзга сайёраликлар ва қўрқинчли маҳлуқлар тасвирланмагани учун ҳам жиддий — китобида Хартфильд, кейинчалик камсўзлик билан юрагидагини ифодалаш учун, киноя ва беодоблик, ҳазил-ҳузул ва кутилмаган гаплар билан китобхонни чалғитади.
“Менинг хонамдаги муқаддас китобларнинг энг муқаддаси — телефон маълумотномасига қўлимни қўйиб, фақат ҳақиқатни гапиришга қасам ичаман. Ҳаёт — бўм-бўш. Лекин маълум бир нажот, албатта, бор. Ҳаёт азалдан бўм-бўш, деб бўлмайди. Уни буткул бўм-бўш қилиш учун жуда катта куч сарфлаш, силла қурийдиган даражада курашиш талаб этилади. Бу курашнинг айнан қай тариқа кечишини, айнан қандай усуллар билан биз ҳаётимизни йўқликка гирифтор этишимизни баён қилишнинг ўрни эмас — гап жуда чўзилиб кетади. Агар кимгадир буни билиш ўта зарур бўлса, Ромен Ролланни — Жан Кристофни ўқий қолсин. Унда ҳаммаси ёзилган.”
Нега “Жан Кристоф” Хартфильдни бунчалик ўзига жалб этганини тушуниш қийин эмас. Бу беҳад чўзилиб кетган роман қатъий хронологик батафсиллик билан инсон ҳаётини туғилганидан ўлгунигача тасвирлаб беради. Хартфильд эса, роман худди жадвал ёки чизмага ўхшаб хабар ташиши керак, деган қараш тарафдори эди. Ва бу хабарнинг чинлиги унинг ҳажмига тўла мутаносиб бўлиши даркор.
Одатда, у Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”ини танқид қиларди. Ҳажми учунмас, албатта, Коинот Ғоясининг етарли даражада ифодалаб берилмагани учун. Ана шу нуқсон туфайли романдан Хартфильднинг олган таассуроти чала ва нотўғри эди. “Коинот Ғояси” ибораси унинг тилидан, одатда, “бепуштлик” дегандай чиқарди.
“Фландрия кўппаги”ни* у севимли китобим, деб атарди. “Нима деб ўйлайсиз, — сўрарди у, — ит картина учун ҳаётини бахш эта олармиди?”
Бир суҳбатда мухбир Хартфильддан сўради:
— Сизнинг китобингизнинг қаҳрамони Уорд икки марта Марсда ва бир марта Венерада ҳалок бўлади. Наҳотки бунда зидлик бўлмаса?
Саволга Хартфильд шундай жавоб қилди:
— Наҳотки сиз коинот бўшлиғида вақт қандай ўтишини билмасангиз?
— Йўқ, — деди мухбир. — Бироқ бундай нарсаларни ҳеч ким билмайди!
— Унда ҳамма биладиган нарса ҳақида ёзишдан қандай маъно бор?
* * *
Хартфильднинг “Марс қудуқлари” номли ҳикояси бор — унинг учун ноодатий, кўп жиҳатдан Рей Бредберининг пайдо бўлишини олдиндан дараклаган асар. Мен ўқиб чиққанимга кўп бўлган, батафсил эслолмайман. Лекин мазмуни тахминан бундай.
Марс юзаси бўйлаб беҳад кўп тубсиз қудуқлар бор. Қудуқларни марсликлар ўн минглаб йиллар бурун қазишгани маълум. Лекин энг қизиғи — бу қудуқлар ғоят эҳтиёткорлик билан ерости дарёларини ёнлаб ўтган. Марсликлар уларни нима мақсадда қуришгани ҳеч кимга маълум эмас. Сирасини айтганда, марсликлардан қудуқлардан бошқа ҳеч қандай ёдгорлик қолмаган. На ёзув, на кулба, на идиш-товоқ, на темир-терсак, на қабрлар, на ракеталар, на шаҳарлар, на савдо автоматлари. Ҳатто чиғаноқлар ҳам қолмаган. Фақат қудуқлар. Ерлик олимлар буни тамаддун деб аташ керакми, йўқми, бир қарорга келишолмаётир — айни дамда қудуқларнинг ўн минглаб йиллар давомида битта ҳам ғишти кўчмаган, виждонан ишланган.
Албатта, қудуқларга саргузашт ишқибозлари ва тадқиқотчилар тушишганди. Аммо қудуқлар шу қадар чуқур, ёнбошлаб кетган ерости йўлаклари шу қадар узун эдики, ҳеч арқон еткизиб бўлмас, қайтиб чиқишга тўғри келарди. Арқонсиз тушганлардан эса бирортаси қайтиб чиқмади.
Ва кунлардан бир кун қудуққа ёш йигит, коинот дайдиси тушди. Коинотнинг улуғворлиги уни ҳолдан тойдирган ва у ими-жимида ҳалок бўлгиси келди. Тушиб бораркан, қудуқ унга тобора қулай туюлар, бадани эса юмшаб аллақандай қувват билан тўлишарди. Бир километр чуқурликда у қулай ерости йўлагини топди ва унга тушди. У мўлжалсиз, лекин сабот билан майин бурилган йўлак бўйлаб борарди. Унинг соати тўхтаб қолди, вақт туйғуси йўқолди. Эҳтимол, икки соат ўтгандир, балки — икки кун. У на очликни, на чарчоқни ҳис этар, ноаён қувват эса вужудини бирдай тўлдириб турарди.
Қўққисдан у қуёш нурини кўрди. Ер ости йўлаги икки қудуқни туташтирганди — кўтарилиб, у ўзини яна юқорида кўрди. Бир четга ўтирди, бепоён саҳрога ва тепасида осилиб турган қуёшга кўз ташлади. Қандайдир ўзгариш рўй берган эди. Шамолнинг ҳиди, қуёш бошқача… Қуёш баландда турарди, лекин улкан тўқсариқ лўнда ботаётгандай туюларди.
— Икки юз эллик минг йилдан сўнг қуёш сўнади! — шивирлади унга шамол. — “Шиқ!” этади-ю ўчади. Икки юз эллик минг йил — бу жуда оз муддат. Менга эътибор берма, мен шунчаки шамолман. Хоҳласанг мени “марслик”, деб чақир. Ёмон жарангламайди. Гарчи мен учун сўзлар маъносиз бўлса-да…
— Ахир сен гапираяпсан-ку?
— Мен? Сен гапиряпсан! Мен фақат сенга айтиб турибман.
— Қуёшга нима бўлган ўзи?
— У қариди. Яқинда ўлади. Биз бу ерда ожизмиз — сен ҳам, мен ҳам.
— Нега бунча тез?
— Ҳечам-да. Сен қудуқда юрганингда бир ярим миллиард йил ўтди. Вақт ўқдай учади — сизларда, ахир, шундай дейишади-ку? Сен тушган қудуқ вақт буруми бўйлаб қазилган. Биз унда сайр қила оламиз. Коинотнинг ибтидосидан унинг интиҳосигача. Шу боис, бизда туғилиш ҳам, ўлим ҳам йўқ. Фақат Шамол бор.
— Бир саволимга жавоб бер.
— Бажонидил.
— Сен нимага ўргандинг?
Шамол қаҳқаҳ уриб кулди ва ҳаво титраб кетди. Шундан сўнг Марс сатҳини яна абадий сукунат қоплади. Йигит чўнтагидан тўппончани олиб, оғзини чинтоғига тиради ва тепкини босди.
33
Телефон жиринглади.
— Қайтиб келдим, — деди у.
— Кел, учрашамиз.
— Бугун имконинг борми?
— Албатта.
— Соат бешда YWCAга* кириш жойида.
— У ерда нима қилаяпсан?
— Французча дарс олаяпман.
— Oui*.
Трубкани қўйиб, чўмилиб олдим ва пиво ичдим. Ичиб бўлмасимдан шариллаб жала қуйиб юборди.
Ўша жойга етиб борганимда, жала тўхтаганди — лекин бинонинг эшикларидан чиқиб келаётган қизлар шамсияларини гоҳ очиб, гоҳ ёпиб осмонга хавотирланиб қараб қўйишарди. Машинани кириш жойи рўпарасида тўхтатдим-да, моторни ўчириб, чека бошладим. Эшикнинг ҳар икки ёнида худди саҳродаги қабр тошларидай ёмғирдан қорайиб кетган устунлар қўққайиб турарди. Яқинда YWCAнинг чиркинроқ, қорамтир биноси ёнида, турли фирмаларга ижарага бериш мақсадида яна битта бино қуришганди. Томига музлатгич реклама қилинган улкан лавҳа осилган. Камқон, ўттиз ёшлардаги пешбандли аёл кулимсираб эгилганча, музлатгичнинг эшигини — менга ичидаги нарсалар кўринадиган қилиб очиб турарди.
Музлатгичнинг ичида муз, ванилли музқаймоқ бир литрли идишда ва бир қути креветка бор эди. Пастдаги поғонада тухум, ёғ, “камамбер” пишлоғи ва чўчқанинг сон гўшти сақланган. Учинчи поғонага эса, балиқ ва товуқнинг оёқлари ташлаб қўйилган, энг қуйида — помидор, бодринг, сарсабил ва грейпфрутлар. Эшикнинг токчаларида — уч катта шиша кока-кола ва пиво. Яна бир картон қути сут.
Мен рулга тирсагимни тираб, буларнинг барини қай тартибда жиғилдонга урган бўлардим, деб ўйладим. Ҳар қанақасига кўрганда ҳам музқаймоққа қорнимда жой йўқ эди. Зираворларнинг йўқлигига эса, асло чидаб бўлмасди.
У олтидан ўтганда — енги калта пуштиранг кўйлакда ва оқ калта этакли кўйлакда кўринди. Сочлари орқага бир тутам қилиб йиғилган. Бир ҳафта ичида унинг ёшига уч ёш қўшилгандай туюлди — эҳтимол, соч турмагиданми, балки бурун тақмаган кўзойнакдандир.
— Қанақа жала қуйди-я! — деди у машинага жойлашиб ўтириб, этагини асабий тўғрилаб.
— Ивиб кетдингми?
— Бироз.
Мен орқа ўриндиқдан, ҳовузда чўмилгандан сўнг шу ерда унутиб қолдирган сочиқни олиб унга узатдим. У сочиқ билан юзини, сочларини артди ва сочиқни менга қайтарди.
— Жала қуйганда мен шу яқин-орада қаҳва ичаётгандим. Худди сел босгандай!
— Лекин бироз салқин бўлди.
— Ҳа, энди…
У деразадан қўлини чиқарди. Гапимиз қовушмаётганди. Охирги учрашувдан сўнг нимадир ўзгарганди.
— Қандай бориб келдинг? — сўрадим мен.
— Э, мен ҳеч қаёққа борганим йўқ. Сенга ёлғон гапиргандим.
— Нега?
— Кейин айтиб бераман.
34
Баъзан шундай бўладики, мен ёлғон гапираман.
Бу охирги марта ўтган йили бўлганди.
Ёлғон гапиришни жуда ёмон кўраман. Ёлғон гапириш ва сукут сақлаш — ҳозирги инсонлар жамиятида авж олган икки оғир гуноҳ. Биз ҳақиқатдан ҳам кўп алдаймиз — ёки сукут сақлаймиз.
Лекин бошқа томондан, агар биз йил бўйи фақат гапирганимизда — устига устак, ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни гапирганимизда, ким билади дейсиз, эҳтимол, ҳақиқат ўзининг бор қадр-қимматини йўқотган бўлармиди…
* * *
Ўтган йили кузда биз қаллиғим билан тўшакка кириб олдик, кейин жуда қорнимиз очди.
— Бирор егулик борми? — сўрадим мен.
— Ҳозир қидириб кўраман, — деди у.
У тўшакдан ялонғоч чиқиб, музлатгични очди, қотган бўлканон топиб, дудланган гўшт ва салатнинг баргларидан сэндвич ҳозирлади, қаҳва қайнатди ва бунинг барини менга олиб келди. Бу воқеа октябрда бўлганди, оқшомлари совуқроқ эди. У банкага консерваланган сулаймон-балиқдай қотиб тўнган аҳволда тўшакка кирди.
— Аттанг, хантал йўқ-да…
— Мазза!
Кўрпага бурканиб, сэндвичларни туширганча, телевизордан эски — “Квай дарёсидан ўтган кўприк”* филмини кўрдик.
Охирида кўприкни портлатишганда у “оҳ”, деб юборди.
— Ўзи нима учун улар буни қуришди, шунча уринишиб? — деди у бармоғи билан қути учган Алек Гиннесни кўрсатиб.
— Бу улар учун ор-номус эди.
— Ҳм. — У оғиз тўла луқма билан бир муддат инсон ор-номуси ҳақида ўйлаб қолди. Доим шунақа — унинг миясидан нималар кечаётганини мен ҳатто тасаввур ҳам қилолмасдим.
— Менга қара, сен мени яхши кўрасанми?
— Албатта.
— Уйланишни ҳам хоҳлайсанми?
— Нима, ҳозироқ, шу ердами?
— Вақти келиб… Кейинроқ.
— Хоҳлайман, албатта.
— Ўзим сўрамагунимча, сен менга бу гапни айтмадинг.
— Э, айтиш эсимдан чиқибди…
— Болалар нечта бўлишини хоҳлайсан?
— Учта.
— Ўғилларними? Қизларними?
— Иккита қиз, бир ўғил.
У кофени сэндвич билан қўшиб ютди-да, синчиклаб юзимга тикилди.
— Ёлғончи!
У шундай деди.
Лекин бу унчалик тўғри эмасди. Мен фақат бир нарсада ёлғон гапиргандим.
35
Бандаргоҳ яқинидаги кичкина ресторанга кириб, озгина тамадди қилиб, “блади мэри” ва бурбон буюрдик.
— Ҳақиқатни билишни хоҳлайсанми? — сўради у.
— Мана, ўтган йили мен сигирни ёриб кўрдим, — дедим мен.
— Хўш?
— Қорнини ёрдим. Ошқозонида бир лўнда ўт бор экан. Мен бу ўтни полиэтилен халтачага солиб, уйга олиб келдим ва столга тўкдим. Кейин, ҳар гал кўнгилсизлик рўй берганда шу бир лўнда ўтга қараб ўйлардим: “Қизиқ, нега энди сигир мана шу жирканч, қўланса бўтқани қайта-қайта кавшаркан-а?”
У кулимсиради, лабини қисди ва менга қаради.
— Тушундим. Ҳеч нарса демайман.
Мен бош ирғадим.
— Фақат бир нарсани сўрамоқчиман. Майлими?
— Қани.
— Одамлар нега ўлади?
— Чунки эволюция давом этмоқда. Якка шахсларда қувват ҳаддан ташқари кам, шунинг учун эволюция авлодлар алмашинуви орқали амалга ошади. Аммо бу назариялардан биттаси, холос.
— Нима — ҳозир ҳам давом этаяптими, ўша эволюция?
— Оз-оздан.
— Ўзи нима учун давом этаяпти?
— Бу масалада ҳам кўплаб хилма-хил қарашлар бор. Фақат бир нарсани аниқ айтиш мумкин: Коинотнинг ўзи ривожланаяпти. Унинг қандайдир мақсади борми, уни кимнингдир хоҳиши йўлга солаяптими — бу алоҳида саволлар. Коинот ривожланаяпти, биз эса — шу ҳаракатнинг бир қисмимиз, холос.
Мен вискини нарироқ суриб, чекдим ва қўшимча қилдим:
— Бунинг учун қувват қаердан олинади, ҳеч ким билмайди.
— Ҳеч ким?
— Ҳеч ким.
У стакандаги музни бармоғининг учи билан сурганча оппоқ дастурхонга тикилиб турарди.
— Мана, мен ўламан, орадан юз йил ўтади — ва ҳеч ким мен ҳақимда эсламайди.
— Шундай бўлса керак, — дедим мен.
Ресторандан чиқиб, ғаройиб ойдин тун бағрига шўнғидик ва жимжит бандаргоҳ омборхоналарини ёнлаб секин-секин қадам босдик. У ёнимда борарди, мен унинг сочларининг ҳидини туйдим. Тол баргларини тараётган шамол ёз тугаб бораётганини шивирлаб эсга соларди. Бироз юриб, у менинг қўлимдан ушлаб олди — беш бармоқли қўли билан.
— Қачон Токиога қайтасан?
— Кейинги ҳафта. Имтиҳон…
Жимлик.
— Қишда яна келаман. Мавлуд байрамига. Туғилган куним 24-декабрда.
У бошқа нарсани ўйлаётгандай, бошини ирғади. Кейин сўради:
— Сен Тоғ эчкисимисан?
— Ҳа. Сен-чи?
— Мен ҳам. 10 январ.
— Бу бурж негадир унча хайрли эмас. Исо Масиҳ ҳам Тоғ эчкиси.
— Ҳа…
У қўлимни қулайроқ ушлаб олди.
— Сенсиз зериксам керак.
— Биз, ахир, яна учрашамиз-ку…
У жавоб бермади.
Бир-биридан хароб омборхоналар тизилиб турарди; ғиштлар орасига сирпанчиқ тўқ-яшил йўсин чирмашган. Баланд қоронғи деразаларда — оғир панжаралар, занг босган эшикларда — савдо фирмаларининг ёрлиқлари. Туйқусдан димоққа денгизнинг ҳиди урилди, омборхоналар қатори тугади. Толзор хиёбон ҳам ортда қолди — дарахтлар, худди касалланган тишлардек, тўкилиб тушганга ўхшади. Биз ўт босган темир йўллардан ўтиб, ташландиқ тўлқинтўсарнинг тош зиналарига ўтирдик ва денгизни томоша қила бошладик.
Олдимизда кема таъмирланадиган жой доклар чироқлари билан ёришиб турарди. Юкдан бўшаган, сув чизиғи кўтарилган кўримсиз грек кемаси нари кетарди. Бортидаги оқ бўёқни денгиз шамоли қизил занг билан кемирган, ён томонларини эса худди яра-чақадай чиғаноқ босганди.
Биз анча вақт бир сўз демай денгизга, осмон ва кемаларга қараб ўтирдик. Денгиздан эсган кечки шамол ўт-ўланларни тўзғитар, ғира-шира қоронғулик эса аста-секин рангпар тунга айланарди. Доклар тепасида юлдузлар милтиллади.
Узоқ жимликдан сўнг у чап қўлини мушт қилди ва ўнг қўлининг кафтига асабий тарзда бир неча марта урди. Кейин қизарган кафтига маъюс тикилиб қолди.
— Ҳаммани ёмон кўраман, — деди қўққисдан.
— Мениямми?
— Кечир. — У ийманиб кафтини яна тиззасига қўйди. — Сен унақамассан.
— Унчалик эмасман, а?
У жилмайган кўйи бошини ирғади ва титраётган қўллари билан оловни сигаретга тутди. Тутун гўё унинг сочларини ўраб олмоқчидай ўрлади, лекин тутунни шамол суриб кетди ва қоронғуликда тарқатиб юборди.
— Ёлғиз ўзим ўтирганимда одамлар мен билан гаплашишаётганини эшитаман. Айримларини танийман, бошқаларини танимайман… Отам, онам, мактабдаги ўқитувчилар — ҳар хил одамлар.
Мен бошимни ирғадим.
— Ва ҳар хил бўлмағур гапларни гапиришади. Сенинг ўлишингни хоҳлаймиз, дейишади ва ҳоказо. Ёки, умуман, аллақандай ифлосликларни…
— Қанақа?
— Айтишни хоҳламайман.
Икки марта тортгач, у сигаретни чарм шиппаги билан эзғилаб ўчирди ва ёноқларига бармоқларини босди.
— Ҳечам ёлғон гапиргим келмади, тўғриси…
— Тушунаман.
Яна сукут сақлаб, тўлқинтўсарга келиб урилаётган кучсиз тўлқинлар шовуллаши остида жимгина ўтирдик. Тасаввурга ҳам сиғмайдиган даражада кўп вақт ўтди.
Унинг йиғлаётганини кўриб, бармоғим билан кўз ёшларидан ҳўл бўлган юзини силадим ва елкасидан қучдим.
Ёзнинг ҳидини мен аллақачон унутганман. Авваллари ҳаммаси бошқачайди: денгиз сувининг ҳидию олисдаги кема гувиллашлари, қиз боланинг сочларидан таралаётган хушбўй лимон ифори, кечки шамолнинг эсишию ҳуркак умидлар. Энди ёз тушга айланди.
Гўё нусха аслиятдан кўчгандай: бу ёқда бир миллиметр, у ёқда бир миллиметр — ва ҳаммаси аллақачон бошқача.
36
Унинг уйигача ярим соатда етиб келдик.
Ажойиб оқшом палласи. Йиғлаб олгач, у бирдан хурсанд бўлиб кетди. Уйига бораётиб биз йўл-йўлакай дўконларнинг барига кириб чиқдик. Ва бир талай икир-чикир сотиб олдик. Ер тутидан тайёрланган тиш пастаси, соҳилда артинадиган гулли сочиқ, бир нечта дания мозаика паннолари, шарикли ручкаларнинг олти хил рангдаги йиғмасини харид қилдик. Тоғ йўлида баъзан тўхтаб, бандаргоҳга қараб қўйдик.
— Машинани сен шундай ташлаб қўйдингми?
— Кейин олиб кетаман.
— Эртага эрталаб кеч бўлмайдими?
— Э, фарқи йўқ!
Биз унинг уйига етиб келгандик.
— Бугун ёлғиз қолгим келмаяпти, — деди у тош йўлнинг чақиртошларига қараб.
Мен бошимни ирғадим.
— Унда сен пойабзалларни тозалай олмайсан-ку?
— Ҳечқиси йўқ, ўзиям ҳар замон тозаласин.
— Қизиқ тозалайдими, йўқми?
— Бўлмасам-чи? У ўз бурчига содиқ одам!
Тун сокин эди.
У секин ўгирилиб, бурнини елкамга тиради.
— Совуқ.
— Қанақасига “совуқ”? Ўттиз даража-ку.
— Билмадим. Совуқ, вассалом.
Оёқ учидаги кўрпани йиғиб олиб, елкаларини ўрадим. Уни сезилар-сезилмас титроқ босганди.
— Ўзингни ёмон ҳис қилаяпсанми?
У бош чайқади:
— Қўрқаяпман.
— Нимадан қўрқаяпсан?
— Ҳамма нарсадан. Сен қўрқмаяпсанми?
— Мутлақо.
У, гўё менинг жавобимни кафтида салмоқлаб кўраётгандай бироз жим қолди.
— Сексни хоҳлайсанми?
— А-ҳа.
— Кечир. Бугун мумкинмас.
Индамай бошимни ирғадим.
— Мени яқиндагина операция қилишди.
— Абортми?
— Ҳа.
Унинг белимдан қучоқлаб турган қўли бўшашди. Бармоғи елкамда бир нечта доирача чизди.
— Қизиқ… Ҳеч нимани эслолмайман.
— Ростданми?..
— Ўша йигит ҳақида айтаяпман. Бутунлай унутибман. Ҳатто юзини ҳам эслаб бўлмаяпти.
Мен унинг сочини силадим.
— Севиб қолгандай эдим. Тўғри, узоқмас. Сен ҳеч севиб қолганмисан?
— Ҳа.
— Юзини ҳам эслайсанми?
Мен ўзим юрган учта қизнинг юзларини эслашга уриндим. Ғалати ҳол — биронтасини ҳам аниқ-тиниқ эслай олмадим.
— Йўқ, — дедим мен.
— Ғалати-я, тўғрими? Қизиқ, нега шундай?
— Шуниси маъқулроқ бўлса керак-да.
У бошини елкамдан кўтармай ирғади.
— Менга қара, агар жуда хоҳлаётган бўлсанг, балки биз буни қандайдир бошқача қилармиз?..
— Керакмас. Қўрқинчли жойи йўқ.
— Ростданми?
— Ҳа.
У яна менга ёпишди. Кўкраги билан қорнимга. Ўлгудай пиво хумор қилди.
— Худди бир неча йил аввал бари тескарисига кетгандай — ўшандай ҳозиргача.
— “Бир неча” — бу қанча?
— Ўн икки. Ёки ўн уч. Отам касал бўлиб қолгандан бери. Ўшандан кейин ҳеч нарсани эслолмайман ҳам. Бошдан-охир ифлослик. Доим бошимнинг устида ёвуз шамол эсади.
— Шамол йўналишини ўзгартиради.
— Ростдан ҳам сен шундай деб ўйлайсанми?
— Ахир, у қачондир йўналишини ўзгартириши керак-ку…
У бироз жимиб қолди — саҳро ўзининг қақраб ётган қумига менинг сўзларимни шимиб олган ва мени фақат оғзимдаги тахир таъм билан қолдиргандай.
— Мен ҳам шундай ҳаракат қилиб кўрдим. Лекин бўлмаяпти. Севиб қолишга ҳам уриниб кўрдим, шунчаки чидамлироқ бўлишга ҳам. Бўлмаяпти — тамом-вассалом…
Биз бошқа ҳеч нарса ҳақида гапирмадик. Унинг боши менинг кўкрагимда ётарди. У анча вақт қимир этмади — худди ухлаб қолгандек.
У узоқ вақт миқ этмади. Жуда узоқ. Мен гоҳ мизғиб, гоҳ қоронғи шифтга термилиб ётдим.
— Ойи…
Буни у шивирлаб айтди, гўё тушига бир нима киргандай. У ухлаётган эди.
37
Салом, ишлар қалай? “Эн-и-Би” радиоси гапираяпти, “Талабларга биноан оммабоп қўшиқлар” дастури. Яна шанба оқшоми. Икки соат — ва бир талай зўр мусиқа. Дарвоқе, ёз фасли тугай деб қолди. У сизга ёқдими? Ёзни яхши ўтказдингизми?
Бугун, биринчи пластинкани қўйишдан аввал, сизни бир мактуб билан таништираман, уни биз яқинда олдик. Ўқийман.
“Салом.
Мен ҳар ҳафта сизнинг эшиттиришингизни бажонидил тинглайман. Кузда касалхонадаги ҳаётимга уч йил тўлишига ҳатто ишонгим ҳам келмайди. Вақт ростдан ҳам тез ўтаяпти. Албатта, менинг ҳаво совутгич ўрнатилган хонамнинг деразасидан кам нарса кўринади, йил фаслларининг алмашиши мен учун жуда муҳим эмас — лекин бир мавсум кетиб бошқаси келганда, юрагим шодланиб дукиллайди.
Ёшим ўн еттида, лекин мен на ўқий оламан, на телевизор кўра оламан, на сайр қила оламан — ҳатто ётган каравотимдан ағдарила олмайман ҳам. Шундай аҳволда уч йилни ўтказдим. Бу хатни менинг учун опам ёзаяпти, у ҳар доим ёнимда. Менга қарайман деб у университетни ташлади. Албатта, мен ундан жуда миннатдорман. Тўшакда ётиб ўтказган уч йил ичида, мен бир нарсани тушундим: ҳатто энг абгор аҳволда ётиб ҳам бир нималар ўрганса бўларкан. Айнан шунинг учун ҳам яшаса арзийди — ҳеч бўлмаганда оз-оздан ўрганиб.
Менинг касалим бу — орқа мия касаллиги. Жуда оғир. Тўғри, тузалиб кетиш эҳтимоли ҳам бор. Уч фоизгина… Бундай касалликларнинг тузалиб кетиш даражаси шунақа — менга буни шифокорим айтди, у ажойиб инсон. Унинг гапига қараганда, менинг тузалишим янгигина питчернинг “Девлар”ни тор-мор қилувчи ҳисоб билан мағлубиятга учратишидан осонроқ, бироқ шунчаки енгиб қўя қолишидан бироз қийин экан.
Баъзан ҳеч қачон тузалмайман, деб ўйлаганимда қаттиқ қўрқув босади. Шу қадар қўрқаманки, бировни ёрдамга чақирай дейман. Бутун умр шифтга термилиб каравотда тошдай ётиш — ўқимай, тоза ҳавода сайр қилмай, севмай — ўнлаб йиллар шу зайлда ётиш, тўшакда қариб-қартайиб, жимгина ўлиш — бунга сираям чидаб бўлмайди. Баъзан ярим оқшом уйғониб кетаман ва умуртқа поғонам эриётганини эшитаётгандай бўламан. Балки, у ростдан ҳам эриётгандир?
Бас, етар ғам-ҳасрат ҳақида. Опам бир кунда юз марталаб насиҳат қилганидек, мен фақат яхши нарсалар ҳақида ўйлашга ҳаракат қиламан. Тунда эса, яхшилаб ухлаб олишга уринаман. Чунки ёмон хаёллар менинг миямга, одатда, тунлари келади.
Касалхона деразасидан бандаргоҳ кўриниб туради. Ҳар кун: тонг саҳарда каравотдан туриб, бандаргоҳга бордим ва кўксим тўлиб денгиз ҳидидан нафас олдим, деб тасаввур қиламан… Агар шунга менинг қурбим етганидайди — ҳеч бўлмаса бир марта, менга бир марта ҳам етарди — шунда, эҳтимол, бу дунё нега бундай яратилганини тушунган бўлардим. Менга шундай туюлади. Агар озгина бўлса ҳам буни тушунганимда, унда балки қимирламай ётишга маҳкумлигимга ўлгунимча чидардим.
Кўришгунча. Яхши қолинг.”
Имзосиз.
Мен бу хатни кеча соат тўртларда олдим. Уни ошхонамизда қаҳва ичаётганимда ўқиб чиқдим. Шом маҳали, ишдан кейин бандаргоҳга бордим ва ўша ёқдан тоғларга қарадим. Сенинг касалхонангдан бандаргоҳ кўринса, демак, бандаргоҳдан ҳам сенинг касалхонанг кўринади, тўғрими? Ростдан ҳам мен жуда кўп чироқларни кўрдим. Тўғри, бу чироқларнинг қайси бири сен ётган хонада ёнаётганини билиб бўлмайди. Бир хил чироқлар фақирроқ хоналарда, бошқалари — ҳашаматли уйларда ёниб турганди. Яна меҳмонхоналарда, мактабларда, идораларда ҳам чироқлар ёғду сочарди… Ўйладим: бир-бирига ўхшамаган одамлар шунчалик кўп-а! Мени биринчи марта шундай туйғу чулғади. Ва шу ҳақда ўйлаганимда, туйқусдан кўзимдан ёш думалади. Менинг, ахир, йиғламаганимга жуда кўп бўлган. Сенга раҳмим келганидан йиғламадим, йўқ. Мен бошқа бир нарсани айтмоқчиман. Ва буни фақат бир марта айтаман, шунинг учун яхшилаб эшитиб ол.
Мен Сизларнинг Ҳаммаларингни Севаман!
Агар ўн йилдан кейин ҳам сен бу эшиттиришни, мен қўйган пластинкаларни ва менинг ўзимни эсласанг — унда ҳозиргина айтган сўзларимни ёдга ол.
Бу қизалоқнинг истагини адо этамиз. Элвис Пресли, “Омадинг чопсин, гўзалим”. Қўшиқ тугагандан сўнг эса, мен яна бир соату эллик дақиқа шўх кучукчадай қизиқчилик қилиб тураман.
Эътиборларинг учун ташаккур.
38
Токиога жўнаб кетиш олдидан “Жейз-бар”га кириб бордим — тўғри жомадон билан. Бар ҳали ишламаётганди, лекин Жей мени ичкарига киритди ва пиво қуйди.
— Бугун кечки автобус билан кетаяпман.
Жей, картошка тозалаётиб, бошини ирғади.
— Сенсиз зерикарли бўлади. Маймунларни қувишга ҳам тўғри келади, — деди у, бармоғи билан пештахта устидаги расмни кўрсатиб. — Каламушнинг зерикиши аниқ.
— Ҳа.
— Токиода, ҳар қалай, қизиқ бўлса керак?
— Э, ҳамма жойда бир хил.
— Эҳтимол… Мен ўзимизнинг шаҳримиздан охирги марта Токиода олимпиада бўлган йили чиққанман.
— Шаҳарни яхши кўрасанми?
— Ўзинг айтдинг-ку: ҳамма жойда бир хил деб.
— Тўғри.
— Лекин бир неча йилдан кейин Хитойга бориб келмоқчиман. Ахир, бир марта ҳам бўлмаганман. Бандаргоҳда кемаларни кўрсам — дарров мияга шунақа фикрлар келади.
— Менинг тоғам Хитойда ўлган.
— Йўғ-э… У ерда кўп одам ҳалок бўлган. Лекин барибир ҳамма бир-бирига биродар.
Жей мени яна пиво билан меҳмон қилди. Ҳатто картошка қовуриб, елим халтачага солиб берди.
— Раҳмат.
— Ош бўлсин. Кайфият шундайки… Болалар тез бўй чўзаяпти — қайрилиб қарашга улгурмайсан. Сен билан танишганимда, сен ҳали мактабда ўқирдинг.
Кулиб юбордим, кейин бош ирғаб хайрлашдим.
— Омон бўл, — деди Жей.
“26 август”, деб таъкидларди бар деворидаги тақвим. Сана тагида ҳикматли сўз жойлашган: “Афсусланмай берган киши доим олади”.
Чипта сотиб олиб, ўриндиққа ўтирдим ва чироқларга қарадим. Оқшом тушиб келарди, чироқлар ўча бошлади. Ниҳоят кўча ёритқичларию, неон реклама қолди. Денгиз шамоли кеманинг гудогини элас-элас олиб келарди.
Автобус эшигининг икки томонида икки нафар чиптачи турарди. Биттаси чиптамга қараб: “Йигирма биринчи жой, чайна”, деди.
— Чайна?
— Ҳа-да, 21-С. Биринчи ҳарфи бўйича “Эй” — Америка, “Би” — Бразилия, “Си” — Чайна*, “Ди” — Дания. Анави чалкаштирмаслиги учун.
Чиптачи тушиладиган жойлар жадвалини текшираётган шеригини кўрсатди. Бош ирғаб автобусга чиқдим ва 21-С жойга ўтириб, қовурилган, ҳали ҳовури кўтарилмаган картошкани ейишга тутиндим.
Ёнгинамиздан жуда кўп нарсалар ўтиб кетади — уларни ҳеч ким тутиб қололмайди.
Шу алфозда яшаяпмиз.
39
Бошимдан кечирганларим шу ерда тугайди, лекин, албатта, хотима ҳам бор.
Мен йигирма тўққизга кирдим, Каламуш эса ўттизда. Жудаям оз. Кўчани кенгайтиришаётганда “Жейз-бар”ни қайта қуришди — бинойидай батартиб муассасага айланди. Бунга қарамай, барибир, Жей бурунгидай ҳар куни бир челак картошка тозалайди, кунда-шундалар эса, ўша-ўша — пиво симиришиб, эски замонларда қандай яхши бўлгани ҳақида вайсашади.
Мен уйландим. Токиода яшаяпман.
Сэм Пекинпанинг* янги филми экранларга чиққанда, хотиним билан кинотеатрга борамиз, қайтишда эса Хибия боғига кириб, икки банкадан пиво ичамиз ва каптарларни маккабодроқ билан озиқлантирамиз. Сэм Пекинпа филмлари орасидан менга ҳаммасидан кўра “Альфредо Гарсиянинг бошини келтир” ёқади, хотиним эса “Соқчилар”ни яхши кўради. Бошқа филмлар орасида мен “Кукун ва олмос”ни* яхши кўраман — хотиним эса “Синглим Жоанна”ни яхши кўради. Узоқ вақт бирга яшасанг, ҳатто дидлар ҳам ўхшаб қоларкан.
Мен бахтлиманми? Агар мендан сўрасангиз, ҳа, шундай бўлса керак, деб жавоб беришдан бошқа иложим қолмайди.
Хулласкалом, орзу — у, ахир, шунақа кўринишда-ку.
Каламуш қисса ёзишни давом эттираяпти. Ҳар йили Мавлуд айёмида у менга бир неча нусхадан юборади. Ўтган йили жиннихонада ишлайдиган ошпаз ҳақида эди, ундан аввалги йили — “Ака-ука Карамазовлар” мотивида ёзилган қизиқчилар тўдаси ҳақидаги воқеа эди. Каламушнинг қиссаларида ҳали ҳам жинсий алоқа саҳналари йўқ ва биронта ҳам қаҳрамон ўлмайди.
Қўлёзманинг биринчи бетида доим шундай ёзилган бўлади:
“Туғилган кунинг билан!”
ва кейин:
“Мавлуд айёми муборак!”
Мен, ахир, 24 декабрда таваллуд топганман-да.
Чап қўлининг бармоғи тўртта қизни бошқа бирор марта кўрмадим. Қишда шаҳарга қайтганимда, у аллақачон пластинкалар дўконидан бўшаб, уйидан кўчиб кетганди. Одамлар тўдаси ва вақт гирдоби уни изсиз ютиб юборганди.
Ёзда ўзимнинг шаҳримга келганимда, мен доим омборхоналар ёнидаги ўша йўлдан ўтиб, тўлқинтўсарнинг тош зиналарига ўтираман ва денгизга қарайман. Баъзан ўзимни йиғлаб юборадигандай ҳис қиламан — лекин кўзларимдан ёш оқмайди. Шунақа гаплар.
“Калифорния қизлари” ёзилган пластинка ҳалиям жавоним токчасининг бурчагида турибди. Ёз келганда, мен уни олиб эшитаман. Кейин пиво ичаман ва Калифорния ҳақида ўйлайман.
Пластинкалар териб қўйилган токча ёнида стол бор, унга мўмиёга ўхшаш нарсага айланиб қолган бир туюр қуруқ ўт қадаб қўйилган. Бу ўша, сигир қорнидан олинган луқма.
Ҳалок бўлган француз бўлимидаги қизнинг фотосурати кўчганда қаергадир йўқолди.
“Бич Бойз” эса узоқ танаффусдан сўнг янги пластинкасини чиқарди.
“Уларга Калифорния қизларига етишга йўл бўлсин…”
40
Ва Дерек Хартфильд ҳақида охирги марта.
Хартфильд 1909 йил Огайо штатидаги кичик шаҳарчада туғилди. Ўша ерда ўсиб-улғайди. Отаси камгап телеграфчи, онаси — пакана семиз аёл, пишириқлар пишириш ва юлдузларга қараб фол очишга моҳир бўлган. Кичкина Хартфильд бадқовоқ бола бўлиб ўсди, унинг дўстлари йўқ эди. У бўш вақтини комикслар ва олди-қочди журналлар ўқиш билан — ёки онасининг пишириқларини еб ўтказган. Мактабни битириб шаҳар почтасида ишлашни бошлагандай бўлган-у, лекин кўп ўтмай романлар ёзишга киришишни маъқул кўрган.
1930 йили у ўзининг бешинчи “Ғалати эркаклар” ҳикоясининг қўлёзмасини йигирма долларга сотди. Кейинги йили ойига 70 мингтадан сўз ёзди, яна бир йилдан сўнг сермаҳсуллиги 100 мингта сўзгача ошди, ўлими арафасида бу кўрсаткич 150 мингга етди. Узунқулоқ гапларга қараганда, ҳар ярим йилда у янги “Ремингтон” ёзув машинкасини сотиб оларкан.
Асосан, у фантастик ва саргузашт асарлар ёзган. Мана, масалан, қирқ қисмли “Уорд саргузаштлари” — унинг ёзганлари орасида энг машҳури. Бу асар саҳифаларида Уорд уч марта ўлади, беш минг душманни ўлдиради ва марсликларни ҳам қўшганда уч юз етмиш беш аёлни мафтун қилади. Бу туркумдан айрим парчаларини таржимада ўқиш мумкин.
Хартфильд жуда кўп нарсаларни ёмон кўрган. Почтани, мактабни, нашриётларни, сабзини, аёлларни, итларни — ҳаммасини санаб бўлмайди. Фақат уч нарсани яхши кўрган: ўқотар қуролни, мушуклар ва онаси тайёрлаган пишириқларни. “Парамаунт” киностудияси ва МБРдан кейин, эҳтимол, Штатлардаги энг яхши ўқотар қуроллар коллекцияси фақат унда бўлган. Бу қуроллар орасида зенит қурилмаларию танкка қарши отиладиган гранатомётлар йўқ, холос. Лекин коллекцияда унинг фахри — 38 калибрли, дастаги марварид билан нақшланган ва ўқдонида ягона ўқи турган револьвер бор эди. “Қачондир бу ўқни манглайимга қадайман”, — тез-тез шундай дерди Хартфильд.
Аммо 1938 йили, онасининг қазосидан кейин, у Нью-Йоркка бориб, “Эмпайр-Стейт-Билдинг”га чиқиб томдан сакради ва қурбақадай мажақланди.
Қабр тошига, васиятига биноан, Нитшедан қуйидаги гап битилган:
“Бизга кундузнинг ёруғида туннинг теранлигини англаш имкони берилганмикан?”
ЯНА ХАРТФИЛЬД ҲАҚИДА
(Хотима ўрнида)
Дерек Хартфильднинг китобларисиз мен ўзимча ёзиб кетолмасдим, деб айтиб бўлмайди. Лекин бир нарсани биламан: бу ҳолатда менинг йўлим мутлақо бошқача бўларди.
Юқори синфларда мен бир неча бор Хартфильднинг юпқа муқовали китобларини сотиб олганман — уларни Кобэнинг эски китоблар дўконига хорижлик денгизчилар топширарди. Биттаси 50 иен. Агар уларни китоб дўконидан бошқа жойда учратганимда, бу матоҳларни китоб деб ўйлаш хаёлимга ҳам келмасди. Муқовалари дағал, варақлари сарғайиб кетган… Улар кейинчалик менинг столимда пайдо бўлиши учун қандайдир юк ташувчи кемалар ёки эсминецларда денгизчилар ёстиғининг тагида Тинч океанидан сузиб ўтишарди.
* * *
Бир неча йилдан кейин, фақат Хартфильднинг қабрини зиёрат қилиш ниятида — мен ўзим океанни кесиб ўтдим. Қабрнинг қаердалигини Хартфильд ижодига қизиққан (ва бунинг устига ягона) татқиқотчи Томас Макклюрнинг хатидан билиб олдим. “Мўъжазгина қабр, товондай келади. Кўрмай қолмагин тағин”, деб ёзганди у менга.
Нью-Йоркда улкан тобутнусха автобусга ўтирдим ва тонгги еттида Огайо штатидаги кичкина шаҳарчага етиб бордим. Мендан бошқа, бу бекатда, бирорта ҳам йўловчи тушмади. Ўт босган майдонни кесиб ўтиб, қабристонга кириб қолдим. Майдонига кўра, қабристон шаҳарнинг ўзи билан беллашиши мумкин эди. Бошим устида тўрғайлар чирқиллаб, ҳавода доира ясаб учарди.
Хартфильднинг қабрини бир соатча қидириб топдим. Шу атрофдан узилган чанг босган ёввойи атиргулларни қабрга қўйиб, бироз кафтларимни қовуштириб турдим, кейин ўтириб, чека бошладим. Май қуёшининг майин нулари остида ҳаёт ва ўлим — иккаласи ҳам бир хил — хайрли туюлади. Бошимни кўтариб, кўзларимни юмдим — ва бир неча соат тинимсиз тўрғайлар қўшиғини тингладим.
Мана, бу ҳикоя қаердан бошланиб, давом этиб келаяпти. У мени қаерга олиб кириб қўйганини эса ўзим ҳам билмайман. “Коинотнинг мураккаблигига қиёсан, — деб ёзади Хартфильд, — бизнинг дунёмиз ёмғир чувалчангининг миясидай гап”.
Мен ростдан ҳам шундай бўлишини хоҳлайман.
* * *
Ниҳоят, Хартфильд асарлари ҳақида гапирарканман, Томас Макклюрнинг йирик тадқиқоти “Бепушт юлдузлар афсонаси” (Thomas McClure; “The Legend of Sterile Stаrs”, 1968)дан олинган кўчирмалардан фойдаланганимни айтиб ўтишим керак. Жаноб Макклюрга ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Май 1979 й.
Рус тилидан Алишер Отабоев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 9-сон
__________
* «Қизиган томдаги мушук» – Америкалик драматург Тенесси Уилямснинг (1911— 1983) пьесаси (1955).
* Татами – (похол солинган кўрпача) бир ярим квадрат метрча жойни олади ва уй-жой майдонининг ўлчов бирлиги вазифасини бажаради.
* “Гимлет” — лайма шарбатини қўшиб, асосан жин ва ароқдан тайёрланадиган коктейль.
* Жюль Мишле (1798-1874) — француз тарихчиси, кўп жилдли “Франция тарихи” муаллифи. “Жодугар” (1862) китобида черков томонидан жодугарлиги учун таъқибга олинган аёлларни ҳимоя қилиб чиққан.
* Жин Себерг (1938-1979) — америкалик киноактриса.
* “Triumph TR-3” — инглиз спорт машинаси маркаси.
* “Don’t think twice, it’s all right” – Ўйга ботма, ҳаммаси жойида (ингл.). Боб Диланнинг шу номдаги қўшиғидан бир сатр.
* Нара — Кансай ҳудудидаги шаҳар, Япониянинг қадимги пойтахти.
*Агарда туз кучини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиш мумкин? – Матто баён этган Муқаддас Хушхабар, 5:13.
* “Фландрия кўппаги” (1871) — инглиз ёзувчиси Киднинг (1839–1908) болалар учун ёзган сентиментал қиссаси.
* YWCA (Young Women’s Christian Association) — ёш аёлларнинг Насронийлар уюшмаси, халқаро хайрия ташкилоти.
* Oui – Ҳа (фран.)
* “Квай дарёсидан ўтган кўприк” – 1957 йилги америка-британ кинофилми (реж. Дэвид Лин). Филм воқеалари Иккинчи жаҳон уруши пайтида бўлиб ўтади. Японларга асир тушган инглиз полковниги, Ғарбнинг ақлан устунлигини намойиш этиш мақсадида, душман қўшини учун кўприк қуришга раҳбарлик қилишга рози бўлади. Қурилган кўприкни қўпорувчилар гуруҳи портлатади.
* “Девлар” – “Giants” (“Кёдзин”) — Япониядаги энг кучли бейсбол жамоаси.
* Чайна (China) (ингл.) — Хитой.
* Сэм Пекинпа (1925-1984) — америкалик кинорежиссёр.
* “Кукун ва олмос” – Анжей Вайда филми, 1958 й.