Қиш тунларининг бирида йўл бўйлаб кетаётган тулкининг қорни оч эди. Булутлар осмонда осилиб турар, далага қор учқунлари сочилиб – сочилиб тушар, қор майдалаб ёғарди.
«Ҳечқурса, бир тишлам егулик бўлсайди», — дебди тулки. У йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди; йўлда ётган чипта кавушни кўриб қолибди. «Жойи келса, шу чипта кавуш ҳам асқотиб қолар» — ўйлабди у. Кавушни тишлаб олибди — да, йўлида давом этибди. Қишлоққа кириб, биринчи кулбани тақиллатибди.
— Ким у? – сўрабди деҳқон дарчасини очаётиб.
— Бу – мен, эй, яхши одам, тулкихон – сингилжонман. Тунашга жой бер!
— Биз сенсиз ҳам тиқилиб ётибмиз! – дебди қария ва дарчасини ёпмоқчи бўлибди.
— Менга кўп нарса керак эмас, — ўтиниб сўрабди тулки. — Ўриндиққа ётсам ҳам бўлаверади, думимни эса унинг тагига қўяман.
Чолнинг унга раҳми келибди ва уйига уиргизибди. Тулки унга дебди:
— Ҳой, деҳқон, чипта кавушимни беркитиб қўй!
Деҳкон унинг кавушини олиб, печканинг тагига отиб юборибди.
Ҳамма уйқуга кетибди, шунда тулки ўриндиқдан секин тушибди-да, кавушни ўғирлаб, печкадан узоқроқ жойга ташлабди.Ортига қайтиб, ҳеч нарса бўлмагандай, ўриндиққа ётиб олибди , думини ўриндиқнинг тагига жойлабди.
Тонг ота бошлабди. Одамлар уйғонишибди; кампир печга ўт қалабди, чол ўтин териб келгани ўрмонга отланибди. Тулки ўрнидан турибди-ю, чипта кавуши томон ошиқибди. Қараса, кавуши жойида йўқ. У чинқира бошлабди:
— Мени хафа қилди бу қария, очиқ кўнгиллигимдан фойдаланди. Чипта кавушимнинг ўрнига товуқ ҳам олмайман!
Чол печнинг остига кўз югуртирибди — чиндан ҳам чипта кавуш йўқ! Нима қилиш керак? Ахир, ўз қўллари билан қўйган эди-ку! Товуқни олибди-да, тулкига тутибди. Тулки тинмай товуқни олмайман, деб бақирар, овози қишлоқни тутиб кетар, ҳадеб қария уни хафа қилганини таъкидлар экан.
Чол билан кампир тулкининг кўнглини олай деб унга косачага сут қуйиб беришибди, нонни ушатиб, тухум қовуришибди. Тулки шуни кутиб турган экан. Ўриндиққа сакраб чиқиб олибди, нонни ебди, сутни симирибди. Тухумни паққос тушириб, товуқни олиб, тўрвасига солибди. Уй эгалари билан хайрлашиб, йўлга тушибди.
Йўл бўйи қўшиғини бошлабди:
Зим-зиё тун оралаб
Кетиб борар тулкихон
Қорни оч ва бедармон.
Юриб-юриб бир куни
Топиб олибди кавуш.
Оқкўнгил одамларни
Алдаб, қипти айёр иш –
Битта чипта кавушни
Товуққа алишибди.
Кеч яқин у бошқа қишлоққа етиб борибди. Тақ-тақ-тақ! – тулки кулбани тақиллатибди.
— Ким у? – сўрабди деҳқон.
— Бу – мен, тулкихон – сингилжон. Амакижон, тунашга жой бер!
— Сенсиз ҳам тиқилиб ётибмиз, йўлингдан қолма, — дебди деҳқон ва деразасини ёпиб олибди.
— Мен сизларни сиқиб қўймайман, — дебди тулки. – Ўзим ўриндиққа ётиб оламан, думимни ўриндиқнинг тагига қўяман, вассалом!
Тулкини уйга киритишибди. У уй эгасига эгилиб салом берибди-да, товуғини сақлаб беришини сўрабди. Ўзи ўриндиқнинг бир чеккасига ўрнашиб, ётиб олибди. Думини ўриндиқнинг тагига бураб қўйибди. Хўжайин товуқни олиб, панжара ортидаги ўрдаклар орасига қўшиб юборибди. Тулки буларнинг ҳаммасини кўриб турган экан. Уйдагилар уйқуга кетгач, товуғини ўрдаклар ичидан чиқариб олибди ва бир пасда еб қўйибди. Патлари, суякларини печка остига кўмиб, ишни қойиллатгандай ўриндиқнинг устига сакраб чиқибди, кучала бўлиб ётиб олибди — да, уйқуга кетибди.
Тонг ёришибди. Кампир печни ёқишга киришибди, деҳқон сигирларга ем берибди. Тулки уйғониб, йўлга тайёрланибди. Уй эгаларига миннатдорчилик билдириб, товуғини сўрабди.
Деҳқон қараса, тулкининг товуғи йўқ! У ёққа югурибди – бу ёққа югурибди, ўрдакларини бирма – бир кўриб чиқибди. Жуда ғалати – товуқ йўқ!
Тулки овозини баралла қўйиб, айтиб – айтиб йиғисини бошлабди:
— О, менинг товуқчам, қорамағиз товуқчам! Сени семиз – семиз ўрдаклар битталаб чўқиб — чўқиб, зангор патли ўрдаклар қоқиб — қоқиб ташлашдими? Сени ҳеч қандай ўрдакка алмашмайман!
Кампирнинг тулкига раҳми келибди, чолига дебди:
— Унга ўрдак берамиз, қорнини ҳам тўйдирамиз.
Тулкини едириб – ичириб, қўлига ўрдакни тутқазиб, дарвозадан чиқариб қўйишибди.
Тулкихон йўл бўйи лабларини ялаб – ялаб, қўшиқ айтибди:
Зим-зиё тун оралаб
Кетиб борар тулкихон
Қорни оч ва бедармон.
Юриб – юриб бир куни
Топиб олибди кавуш.
Оқкўнгил одамларни
Алдаб, қипти айёр иш –
Битта чипта кавушни
Товуққа алишибди.
Товуққа эса – ўрдак.
Тулки узоқ — яқин, қисқа-узун йўл босибди. Қош қорайибди. Уйлар кўринган томонга бурилибди. Эшикни тақиллатибди: тақ-тақ-тақ.
— Ким у? – сўрабди уй эгаси.
— Тулкихон – сингилжонман, йўлда сирғалиб кетдим, жудаям совқотдим. Қочавериб — қочавериб оёқларим толиқди! Эй, яхши одам, мени уйингга киргаз, дам олиб, исиниб олай!
— Қўяй дейману, тулкижон, жой йўқ-да!
— Эй, отагинам, ўзим ўриндиққа сиғаман, думимни унинг тагига ташлаб қўяман – бўлди!
Қария ўйлай-ўйлай, тулкини ичкарига киргазибди. Тулки хурсанд бўлибди. Уй эгаларига таъзим қилибди, эрталабгача яссибурун ўрдагини сақлаб беришларини сўрабди. Улар тулкининг ўрдагини ғозлар орасига қўйиб юборишибди. Тулки эса ўриндиққа ўрнашиб, думини ўриндиқ тагига жойлаб, хуррак ота бошлабди.
— Кўнгли очиқ экан, бечора чарчабди, ухлаб қолди, — дебди кампир.
Кўп ўтмай уй эгалари уйқуга кетишибди. Тулки ўриндиқдан секин тушиб, ғозларнинг орасидан яссибурун ўрдагини ушлаб олибди. Уни тишлаб – тишлаб, патларини юлиб-юлиб, тозалабди, ебди. Суяклари ва патларини печнинг остига кўмибди. Бамайлихотир уйқуга кетибди, кун ёришиб кетгунча уйғонмабди. Кўзини очиб, керишибди, атрофга қарабди. Кулбада кампирнинг бир ўзи экан.
— Бекажон, хўжанг қани? – сўрабди тулки. – у билан хайрлашиб, иссиқ жой учун миннатдорчилик айтмоқчи эдим.
— У бозорга кетган, — дебди кампир.
— Унда хуш қол, бекажон, — дебди тулки эгилиб-эгилиб. – Яссибурун ўрдакчам ҳам уйғонгандир. Уни келтир, тезроқ йўлга тушишимиз керак.
Кампир қараса — ўрдак йўқ! Нима қилсин, қаердан топсин? Қайтариш керак, ахир! Кампирнинг ортида тулки турар, кўзларини олайтириб, бор овози билан, йиғисини бошлабди: ўрдаги бор унинг — довруқли, бетакрор, дўмбоққина, кумушранг. Бундай ўрдагини ҳеч қандай ғозга алмашмайди.
Бека қўрқиб кетибди. Тулкига эгилиб — эгилиб дебди:
— Олақол, онажоним Тулкихон Патрикеевна, истаган ғозни олақол! Мен сени меҳмон қиламан. Ёғимни ҳам, тухумимни ҳам аямайман.
Тулки қорнини тўйдириб олибди. Семиз, ёғли ғозни танлабди, тўрвасига солибди. Бекага таъзим келтириб, йўлга тушибди. Йўлда кетаётиб, қўшиғини бошлабди:
Зим-зиё тун оралаб
Кетиб борар тулкихон
Қорни оч ва бедармон.
Юриб – юриб бир куни
Топиб олибди кавуш.
Оқкўнгил одамларни
Алдаб, қипти айёр иш –
Битта чипта кавушни
Товуққа алишибди.
Товуғига – ўрдакни,
Ўрдакка – семиз ғозни!
Тулки йўлда чарчаб қолибди. Тўрвадаги семиз ғозни кўтариш қийинлашиб бораркан: дам ўтирибди, дам югурибди, дам турибди. Қоронғу тушибди. Қайси эшикни тақиллатмасин, очишмабди, рад этишибди. Энг сўнгги кулбага етиб келибди, астагина тақиллатибди: тук – тук – тук.
— Нима керак? – овози келибди уй эгасининг.
— Қадрдоним, исиниб олай, тунашга жой бер!
— Жой йўқ! Сенсиз ҳам тиқилиб ётибмиз!
— Мен ҳеч кимни сиқиб қўймайман, — дебди тулки. – Ўзим ўриндиққа ётиб оламан, думимни унинг тагига қўяман.
Хўжайиннинг раҳми келибди, уйига киритибди. Тулки ундан ғозини сақлаб беришини сўрабди. Уй эгаси уни панжара ортидаги куркаларга қўшиб қўйибди –да, ўйланиб қолибди. Шу кунларда бозор томонлардан айёр тулки ҳақида миш – мишлар тарқалаётган экан. «Бу ўша – ҳамма гапираётган тулки эмасмикан?» – ўйлабди чол ва уни кузата бошлабди. Тулки ўзини эсли – хушли, одоблидай тутибди. ўриндиқнинг устига чиқиб, ётиб олибди, думини унинг тагига жойлабди. Кампирнинг хурраги эшитилибди. Чол кўзларини жўрттага юмиб олибди. Тулки панжара ортига сакраб тушибди. Ғозини тутиб, тишлаб – тишлаб, тозалаб олибди — да, ейишга тушибди. Еб – еб дам оларкан. Ахир, бирданига шундай семиз ғозни бирдан тугатиб бўлмас экан-да! Чол барисини кузатиб турган экан. Тулки суяк ва патларни печканинг тагига кўмибди-да, жойига бориб ётибди ва уйқуга кетибди.
У узоқ ухлаб қолибди, хўжайин уни уйғотибди:
— Тулкижон, яхши ухлаб турдингми?
Тулки керишиб, кўзларини ишқалабди.
— Иззатинг борида йўлга туш, — дебди хўжайин эшикни ланг очиб.
Тулки унга жавобан:
— Уйни совутмасангиз яхши бўлармиди, йўлимни ўзим топиб оламан. Олдин бериб қўйган омонатимни олай, девдим. Қани, ғозимни бер!
— Қайси?
— Қечқурун сенга берганим –да. Олган эдинг, тўғрими?
— Ҳа, олгандим, — деди хўжайин.
— Олган бўлсанг, қайтар, — қистади тулки.
— Ғозинг панжара ортида йўқ, ишонмасанг, ўзинг бориб қара, — куркалар бор, холос.
Буни эшитган айёр тулки ўзини ерга ташлаб, ҳар ёққа уриб, йиғисини бошлаби: у ғозини ҳеч бир куркага алмашмайди!
Деҳқон тулкининг шумлигини фаҳмлаб қолибди. «Тўхтаб тур, — дебди у ичида. – Сен бу ғозингни кўп эслайсан ҳали!»
— Нимаям қилдик, сен билан келишиб оламиз, шекилли.
Унга ғоз ўрнига курка беришга ваъда берибди. Тўрвага куркани эмас, билдирмай итини солибди. Тулки буни сезмабди. Тўрвасини елкасига ортиб, хўжайин билан хайрлашиб, йўлга тушибди.
Йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Ўзи ва чипта кавуши ҳақидаги қўшиғини айтгиси келибди. Тўрвасини ерга қўйиб, ўтирибди. Қўшиғини бошламоқчи бўлган экан, бирдан тўрвадан хўжайиннинг ити отилиб чиқибди, тулкига ташланибди. Ит қувгандан — қувибди, бир қадам ҳам ортда қолмабди.
Иккаласи югуриб – югуриб, ўрмонга кириб келишибди. Тулки кундалар, бутоқлар оралаб, ит унинг изидан чопибди. Тулкининг бахтига қаршисидан уя чиқиб қолибди, унга ўзини отибди. Ит уяга сиғмабди, тулки чиқиб қолармикан деб, унинг ёнида кута бошлабди.
Тулки қўрққанидан нафас ололмас экан. Сал ўзига келгач, ўзига – ўзи гапира бошлабди:
— Қулоқларим, жон қулоқларим, сизлар нима қилдингизлар?
— Бизлар ит тулкини еб қўймасин деб диққат билан тингладик.
— Кўзларим, жон кўзларим, сизлар нима қилдингиз?
— Бизлар ит тулкини еб қўймасин деб киприк қоқмай қарадик.
— Оёқларим, жон оёқларим, сизлар нима қилдингиз?
— Бизлар ит тулкини ушлаб олмасин деб тўхтамасдан тез югурдик.
— Думчам, ҳой думчам, сен нима қилдинг?
— Тўнкалар, бутоқларга чирмашиб қолмагин деб йўл бермадим.
— Ҳали сенми мени қочишимга йўл бермаган! Мана, сенга бўлмаса! – дебди тулки ва думини ўрадан чиқариб, итга қичқирибди:
— Ол, мана буни е!
Ит тулкини думидан ушлабди — да, уядан тортиб олибди.
Ойгул Суюндиқова таржимаси