Бундан етти ё саккиз йил аввал Парижда Клод Гё исмли қашшоқ бир ишчи бўларди. У ўзининг маъшуқаси ва битта боласи билан яшарди. Мен ҳақиқатда бўлиб ўтган воқеани ёзяпманки, мазкур воқеа жараёни китобхонга унинг ибратли мазмунини яққол намоён этсин. Бу ишчи йигит ақлли, лаёқатли, уддабурон одам бўлса ҳам, маълумоти йўқ эди, аммо табиат уни ўз фазилатларидан бенасиб қилмаган эди; гарчи у саводсиз бўлса ҳам, фикрлаш лаёқати яхши эди. Қиш кунларининг бирида у иш тополмай бекорчи бўлиб қолди. Кулбасида на ейишга нони, на ёқишга ўтини қолган эди. Эр, хотин ва бола аёз ва очликдан азоб чека бошлашди. Шунда Клод ўғирлик қилди. Унинг нима ўғирлаганини ҳам, қаердан ўғирлаганини ҳам айтолмайман. Фақат биламанки, ўша ўғирликдан кейин хотини билан боласи уч кунгача қоринлари нонга тўйиб, иссиқ кулбада яшашди, йигит эса беш йилга қамоққа ҳукм қилинди.
Жазо муддатини ўташ учун уни Клерво Марказий қамоқхонасига жўнатишди. Клерво — бу сургунгоҳга айлантирилган ибодатхона, камерага айлантирилган роҳиблар ҳужраси, сазойигоҳга айлантирилган меҳроб. Айрим одамлар тараққиётни мана шу тарзда тушунадилар ва шу зайлда уни амалга оширадилар. Улар “тараққиёт” сўзини мана шундай маънода ифодалайдилар.
Келинг, ҳикоямни давом эттирай.
Қамоқда уни кечасига камерага қамашар, кундуз эса, турма ихтиёридаги устахонага олиб боришарди. Лекин, айтиб қўйишим керак, мен маҳбусларнинг устахонада ишлашларини қораламоқчи эмасман.
Бир пайтлар ҳалол ишчи бўлган, эндиликда ўғри ҳисобланган Клод Гёнинг қиёфасидан салобат ва улуғворлик уфуриб турарди. У ёш бўлишига қарамай, ҳалитдан пешонаси ажинлардан бурушган, тим қора сочлари орасида бир нечта оқ толалар пайдо бўлган эди, чиройли қайрилма қошлари остидаги чуқур жойлашган кўзлари мутеона аммо дадил боқардилар, унинг бурун катаклари кенг, ияги бақувват, оғзи нафратона чирт юмилган. У хушрўй йигит эди. Ҳали жамият уни не кўйга солганини кўрамиз.
У камсухан, ҳаракатлари камтарона эди, унинг важоҳатида қандайдир доҳилий қувват мавжуд эдики, бу нарса атрофидаги одамларни унга итоат этишга ундарди. У доим ўйчан юрар, гарчи чеҳраси жиддий кўринса ҳам, асло изтиробли эмас эди. Ҳолбуки у ҳаётда беадад изтироблар чекканди.
Клод Гё ҳибс этилган қамоқхонанинг бош нозири бу ернинг мансабдор шахси бўлиб, айни пайтда у ҳам нозир, ҳам ишбоши ҳисобланарди — у маҳбусларга худди ишбошидек иш буюраркан, қўлларига асбоб-ускуналар тутқизар ва бош нозир сифатида уларнинг оёқларига кишан уриб назорат қиларди. Клерво қамоқхонасининг бу бош нозири қаҳри қаттиқ, золимтабиат ва шу билан бирга, калтабин одамлар тоифасидан бўлиб, маҳбусларга ўз ҳукмини ўтказишни яхши кўрар эди, лекин зарурат туғилган пайтларда, у ўзини дўлвор, оқкўнгил одам қилиб кўрсата олар, ҳатто ҳазил-ҳузулга, ўйин-кулгига ҳам мойиллик билдирарди. Қаттиққўл бўлишдан ҳам кўра кўпроқ қайсартабиат бўлган бу одам ҳеч кимнинг фикр-мулоҳаза юритишига йўл қўймас, ўзи ҳам мулоҳаза қилишни хуш кўрмасди. Эҳтимол у оилада яхши эр, меҳрибон ота ҳамдир, лекин бу ҳар бир эркакнинг бурчи, зинҳор фазилати эмас, қисқаси, уни ёвуз одам деб ҳам, яхши одам деб ҳам бўлмасди. У шундай тоифа одамлар жумласидан эдики, бундайлар на ғамхўрлик қилишни, на мушфиқликни билади, бундайларга ҳеч қандай мулоҳаза, ҳеч қандай оғир кечинма таъсир этмайди, бундай одамлар одатда ёвузтабиат, ичи қора бўлади, раҳм-шафқат нималигини билмай нафрат ўтида ёнадилар — ёнадилар-у, аммо исина олмайдилар, зеро уларнинг қалбига илиқ, одамий ҳиссиётлар бегона. Бундай одамларни бир томони ёнаётган бўлса ҳам, иккинчи томонига ҳеч бир иссиқ ўтмайдиган ёғочга ўхшатиш мумкин. Бу одамнинг табиатида энг муҳим ва асосий хусусият — қатъиятлик эди. У ўзидаги мана шу қатъийлик хислатидан фахрланар ва доим ўзини Наполеонга қиёс қиларди. Лекин бу фақат хомхаёл эди. Шунга қарамай, бундай хомхаёллар домига илинган, ўжарликни ирода кучи деб, маълум масофадаги шам шуъласини юлдуз деб эътироф этувчилар орамизда ҳали ҳам топилиб туради. У биронта бемаъни фикрга, шу тўғри, деб ёпишиб олса ёки ўзи шундай бир бемаъни иш қилса, унинг хато қилаётганини исботлаш учун қанчадан-қанча мақбул ва одил далиллар келтирган бўлишига қарамай, у ўз фикрида оёқ тираб туриб олар ва бу билан ўз феъли қудратини намойиш қилмоқчи бўларди. Бемулоҳаза ўжарлик — шундай бир тентакликки, у аҳмоқлик билан ўпишиб кўришади ва бора-бора, муқаррар, шу аҳмоқлик мақомига етишади. Бундай ўжарлик жуда кўп нарсаларга мубтало қилиши мумкин. Филҳақиқат, мабодо бирон жамоатчиликнинг ё бирон-бир шахснинг бошига оғир мусибат ёхуд фалокат тушса-ю биз бу фалокат сабабини билиш учун унинг оқибатларини кўздан кечиргудек бўлсак, деярли ҳаммавақт ўшал фалокат ўзининг ҳақ эканлигига кўр-кўрона ишонувчи қандайдир ўзига бино қўйган, калондимоғ нокас ва ўлгудек қайсар одамнинг айби билан юз берганининг шоҳиди бўламиз. Ўзининг хоҳиш-иродасини тақдир деб ва ўзини пайғамбар деб ҳисобловчи бундай нотавон ва ҳақир одамлар бу дунёда ҳали кўп учрайди.
Клерво Марказий турмаси устахонасининг бош нозири мана шундай одамлардан эди.
Жамоатчилик кун-уззукун айнан мана шунақа чақмоқ тошни маҳбусларга уриб учқун чиқариш ва олов олдириш билан машғул бўлади.
Бундай чақмоқ тошнинг метин тошга тинмай урилаверишидан ҳосил бўлган учқун кўпинча ёнғинларни вужудга келтирарди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Клервога ҳибс этилган Клод Гё қамоқхона қошидаги устахонага ишга тайинланган ва у маълум бир иш билан таъминланган эди. Устахонанинг бош нозири Клод билан яқиндан танишиб ва бу ишчи йигитнинг қўлидан иш келишини билиб, унга яхши муомала қила бошлади. Бир куни яхши кайфиятда бўлган нозир Клод Гёнинг ғамга ботиб ўтирганини ва нуқул хотиним деб атаган аёлни ҳеч тилдан қўймаётганини кўриб, унга таскин бермоқчи бўлгандай гап орасида ҳазил аралаш, ҳозир у шўрпешона аёл фоҳиша бўлиб кетган, деб айтди. Клод ўзини босиб, болам нима бўлибди, деб сўради вазминлик билан. Лекин буни ҳеч ким билмасди.
Орадан бир неча ой ўтди, Клод турма ҳаётига кўникиб қолди, энди у ҳеч нима ҳақида ўйламаётгандай, ҳеч нимани эслолмаётгандай бўлиб кўринарди. Унинг табиатига хос бўлган совуқ хотиржамлик яна уни жиловлаб олган эди.
Тахминан шу пайтларда Клод ўз ўртоқларига қандайдир алоҳида таъсирини ўтказа бошлади. Гўёки маҳбуслар ўртасида вужудга келган гунг битимга кўра, — ваҳоланки нима сабабдан бундай битим тузилганини ҳеч ким, ҳаттоки Клоднинг ўзи ҳам билмас эди, — маҳбуслар унга маслаҳат сола, гапига қулоқ оса бошладилар, унга қойил қолиб, тақлид қила бошладиларки, бу энди таҳсин ва тасаннонинг энг юқори даражаси эди. Шунча бебош, итоатсиз одамларни ўзига итоат эттириш беҳад шарафли иш эди, албатта. Ҳолбуки, Клод бунақа шарафга эришишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган эди. Чамаси, бундай ҳукмронликка сабаб унинг кўз қараши бўлса керак. Ҳар бир одамнинг кўзида доим унинг тафаккури акс этиб туради. Мабодо мутафаккир одам фикрлай олмайдиган оми кишилар даврасига кириб қолса, орадан бирмунча вақт ўтиши билан барча ақли ноқис одамлар тиниқ ақл соҳиби истиқболи сари астойдил ва иззат-эҳтиром ила интила бошлайдилар. Ҳа, шундай одамлар борки, улар ўзга кишилар қалбини худди темирни ўзига тортган магнит каби жазб этадилар. Клод Гё шундай магнитлардан эди.
Орадан уч ой вақт ўтар-ўтмас Клод устахонанинг қонуни, низоми ва қалбига айланди. Унинг ҳар бир сўзи бу ердаги маҳбуслар учун қонун эди. Баъзида унинг ўзи ҳам: мен кимман ўзи, Қиролманми ё маҳбусманми, деб ҳайрон қоларди…
Бундай вазият оқибатида, жамиятнинг барча табақалари даврасида учрагувчи ҳол содир бўлди: барча маҳбуслар томонидан эъзозланувчи Клодни турма ходимлари ёмон кўриб қолишди. Ҳаётда ўзи шунақа бўлади. Шон-шуҳрат ва нафрат ҳамиша елкама-елка юради. Қуллар меҳри хожалар нафратини икки ҳисса оширади.
Клод Гё кўп овқат ерди. Унинг ошқозони шундай эдики, икки киши еб тўядиган овқат унга зўрға етарди.
Илгари, Клод Гё эркинликда бўлганида, ўз чордоғида ўтириб олиб, кун бўйи меҳнат қилар ва ишлаб топган пулига тўрт қадоқ нон сотиб олиб, ҳаммасини ўзи ерди. Қамоқхонада ҳам у кун бўйи ишлар, лекин қилган хизмати учун фақат бир ярим қадоқ нон билан тўрт унция, яъни 100 гр. тарж.) гўшт оларди. Бу миқдор ҳеч қачон оширилмасди. Шунинг учун Клод Гё Клерво қамоқхонасида доимо очликда кун кечирарди.
У оч эди, вассалом. Лекин бу ҳақда чурқ этиб оғиз очмасди. Зеро, у зорланишни ёқтирмасди.
Кунларнинг бирида Клод ўзининг ғарибона тушлигини апир-шапир еб бўлиб, ҳаммадан олдин ишга киришди — у очлик азобини шу йўл билан босмоқчи бўлганди. Бу аснода қолган маҳбуслар чақчақлашиб, овқат тановул қилишда давом этардилар. Шу пайт бирдан Клоднинг олдига ранги заҳил, нимжонгина ёш бир маҳбус келди. Унинг бир қўлида пичоқ, иккинчи қўлида ҳали тегилмаган овқати бор эди. У Клоднинг рўпарасига туриб олиб, бир гап айтмоқчи бўлардию, лекин айтишга ҳеч журъат эта олмасди. Бу маҳбус йигитнинг қиёфаси ҳам, унинг қўлидаги нон билан гўшт ҳам — ҳаммаси Клоднинг ғашини келтирди.
— Нима керак? — деб жаҳл билан сўради Клод.
— Менга бир яхшилик қил, — деб қўрқа-писа илтимос қилди йигит.
— Нима дейсан? — деди Клод.
— Илтимос, овқатимни мен билан баҳам кўр. Бу менга жуда кўплик қилади.
Клоднинг мағрур кўзлари ёшланди. У пичоқни қўлига олиб нонни тенг икки бўлакка бўлди-да, бир бўлакни ўзига олиб ея бошлади.
— Раҳмат, — деди ёш маҳбус. — Агар хўп десанг, доим шунақа бўлишамиз.
— Отинг нима? — деб сўради Клод Гё.
— Альбен.
— Нега қамашган сени?
— Ўғирлик қилганим учун.
— Мени ҳам, — деди Клод.
Шу пайтдан бошлаб улар ҳар куни овқатни бўлашиб ея бошладилар.
Клод Гё ўттиз олти ёшда эди, лекин баъзида уни элликка кирган одам деб ўйлаш мумкин эди — у шунчалик жиддий ва салобатли эди. Альбен йигирма ёшда бўлса ҳам бу ўғри йигитнинг болаларга хос соддадиллик билан боқувчи кўзларини кўрган одам уни, нари борса, энди ўн еттига кирган, деб айтарди. Клод билан Альбен қалин дўст бўлиб қолишди; бу ака-ука ўртасидаги дўстликдан ҳам кўра, кўпроқ ота билан бола дўстлигига ўхшаб кетарди. Зеро, Альбен ҳали деярли бола, Клод эса — деярли чол эди.
Улар битта устахонада ишлашар, битта камерада ётишар, турма ҳовлисида бирга сайр қилишар, икковининг ҳам ейдиган нони бир хил эди. Улар бир-бирлари учун мисоли сув билан ҳаво эди. Кўринишдан, улар хушбахт эдилар.
Биз юқорида устахона бошлиғи ҳақида гапириб ўтдик. Маҳбуслар уни ёмон кўришарди, шунга кўра, у маҳбусларни ўзига итоат эттириш мақсадида, кўпинча Клод Гёга юзланиб, ундан ёрдам сўрарди, сабабки, Клод Гёни барча маҳбуслар ҳурмат қилардилар. Қамоқхонада етилиб келаётган бирон норозилик ё ғалаённинг олдини олишда Клод Гёнинг киши билмас ҳукмронлиги бир эмас, бир неча марта нозирнинг расмий мансабига катта далда бўлган эди. Дарҳақиқат, маҳбусларнинг қаҳрини тизгинлашда ўн нафар жандармдан кўра Клод Гёнинг атиги ўн дона сўзи кўпроқ наф келтирар эди. Клод турма нозирига тез-тез шундай хизмат кўрсатиб турарди. Қарангки, бунинг оқибатида, нозир Клодни жинидан ортиқ ёмон кўриб қолди. У бу маҳбусга ҳасад қила бошлади. Унинг қалбида Клодга нисбатан ғоятда теран, махфий ва ҳеч тарк этиб бўлмайдиган нафрат уйғонди. Бу — қонуний ҳукмдорнинг амалдаги ҳокимга, куч ҳукмининг руҳ ҳукмига нафрати эди.
Бундай нафратдан ёвузроқ нарса бўлмайди.
Лекин Клод Альбенни жонидан ортиқ яхши кўрар, шу боис бош нозир ҳақида ўйламас ҳам эди.
Бир куни эрталаб соқчилар маҳбусларни жуфт-жуфт қилиб сафлаб камералардан устахоналарга олиб кетишаётганда, бир соқчи Клод билан ёнма-ён бораётган Альбенни чақириб олиб, унга, сени бош нозир сўраяпти, деб айтди.
— Нимага чақиришибди сени? — ажабланди Клод.
— Билмайман, — деб жавоб қилди Альбен.
Соқчи уни ўзи билан олиб кетди.
Шу куни эрталаб Альбен устахонага келмади. Кундузги дам олиш пайтида Клод, Альбенни ҳозир турма ҳовлисида кўраман, деб ўйлади. Лекин Альбен ҳовлида ҳам кўринмади. Ҳамма маҳбуслар устахонага қайтишди, лекин яна Альбендан дарак бўлмади. Кеч кирди. Маҳбусларни камера-камераларига тарқатишаётганда Клод кўзлари ола-зарак бўлиб Альбенни қидирди, лекин у ҳеч қаерда йўқ эди. Чамаси, Клод шу куни қаттиқ изтироб чеккан бўлса керак, ҳеч қачон қилмаган ишни қилди — турма нозирларидан бири билан гаплашди.
— Нима, Альбен касал бўлиб қолдими? — деб сўради у.
— Йўқ, — деб жавоб қилди нозир.
— Бўлмаса, нега қайтиб келмади? — деди Клод.
— Уни бошқа бўлимга ўтказишди, — деди бепарво оҳангда соқчи.
Кейинчалик судда гувоҳлик берганлар, соқчининг бу гапини эшитган Клоднинг ёниқ шам ушлаб турган қўли қалтираб кетганини кўрганларини айтишганди. Шундай бўлса ҳам, Клод жуда хотиржам оҳангда сўради:
— Бу буйруқни ким берди?
— Жаноб Д. — деб жавоб қилди нозир.
Устахона бош нозирининг исми шундай эди.
Эртанги кун ҳам олдинги кун каби Альбенсиз ўтди.
Кечқурун ишдан кейин бош нозир жаноб Д. ҳар кунги одати бўйича устахоналарни айланиб чиқа бошлади. Клод унинг келаётганини узоқдан кўриб, дағал жундан тўқилган қалпоғини ечиб, қўлига олди ва кулранг камзули — машъум маҳбуслик либосини яхшилаб тугмалади, зеро, турмада маҳбус камзулининг ҳамма тугмалари жо-бажо қадалгани раҳбариятга нисбатан ҳурмат маъносини билдиради. Клод бошяланг ҳолда, ўз ўтирғичи олдида бош нозирнинг яқин келишини кута бошлади. Нозир унинг ёнидан ўтиб кетди.
— Жаноб бош нозир! — деб мурожаат қилди унга Клод.
Нозир юришдан тўхтаб, Клод томонга хиёл ўгирилди.
— Жаноб бош нозир, — дея такрорлади Клод, — Альбенни бошқа бўлимга ўтказишганмиш — шу ростми?
— Ҳа, — деди нозир.
— Афандим, — деб гапида давом этди Клод, — мен Альбенсиз яшай олмайман.
Сўнг яна қўшиб қўйди:
— Биласиз, менинг паёгим ўзимга етмайди, Альбен ўз нонини мен билан баҳам кўрар эди.
— Бу унинг иши, — деди бошлиқ.
— Альбенни бизнинг устахонамизга қайтаришнинг наҳотки иложи бўлмаса?
— Иложи йўқ. Бу ҳал қилинган.
— Ким ҳал қилган?
— Мен.
— Жаноб Д. Бу масала менинг тақдиримни ҳал қилади. Бу ёғи фақат сизга боғлиқ.
— Мен ҳеч қачон ўз қароримни ўзгартирмайман.
— Афандим, мен сизнинг олдингизда бирон гуноҳ иш қилиб қўйдимми?
— Йўқ.
— Бўлмаса, нега мени Альбендан жудо қиляпсиз? — деб сўради Клод.
— Шунга… — деб қисқагина жавоб қилди нозир.
У шу изоҳи билан чекланиб, нари кетди.
Клод ҳеч қандай эътироз билдирмай, бошини хам қилди. Қафасдаги бечора шерни жонажон дўсти — кучукчадан жудо қилган эдилар.
Бари бир, айтиб ўтиш жоизки, бу жудолик оқибатида Клоднинг бошига тушган дарду ҳасрат унинг ғайриоддий ва ҳатто изтиробли иштаҳасини бўға олмади. Шу билан бирга, бу маҳбуснинг феъл-атворида, зоҳиран ҳеч қандай ўзгариш юз бермагандай эди. У маҳбус ўртоқларидан биронтаси билан ҳам Альбен тўғрисида гаплашмади. Фақат турма ҳовлисида бўладиган сайр чоғида бир ўзи юрар ва доим қорни оч бўларди. Вассалом.
Бу орада Клодни яхши билган маҳбуслар унинг чеҳрасига маҳзунлик ва ташвиш булути тобора кўпроқ қора кўланка сола бошлаганини пайқаган эдилар. Лекин у ҳеч қачон ҳозирдагичалик беозор бўлмаганди.
Кўпчилик маҳбуслар ўз паёкларини у билан баҳам кўришга иштиёқ билдирдилар, лекин у доим жилмайиб туриб рад жавобини берарди.
Бош нозир ўз қилмишини унга изоҳлаб берган кундан бери, Клод ҳар куни кечқурун жуда ғаройиб ва аломат бир қилиқ чиқардики, бу қилиғи ғоят жиддий ва салобатли бўлган бу одамга сира қовушмасди: нозир ҳар куни кечқурун, ўз одати бўйича, маҳбусларни айланиб чиқаётганида Клоднинг иш столи ёнидан ўтаркан, у бошини кўтариб, жаноб Д.га қаттиқ тикилганча, ҳасрат ва ғазаб тўла овоз билан, доим бир хилда:
— Альбен масаласи нима бўлди? — деб сўрардики, бу сўров замирида ҳам илтижо, ҳам таҳдид маъноси ётарди.
Бошлиқ, одатда, ўзини эшитмаганга олар ёки елкасини учириб қўйиш билан чекланарди.
У елка учириб яхши қилмаётган эди, сабабки, бу антиқа можарони кузатиб турган барча маҳбуслар Клод Гёнинг бир нимани кўзлаётганини аниқ сеза бошлагандилар. Бутун турма аҳли қайсарлик билан қатъий қарор ўртасида бораётган бу курашнинг қандай якунланишини қаттиқ таҳликага тушиб кутарди.
Бир марта маҳбуслар Клоднинг нозирга айтган қуйидаги гапларини эшитишди:
— Менга қаранг, афандим, ўртоғимни ёнимга қайтаринг. Ишонинг, жуда оқилона иш қилган бўласиз. Унутманг, мен сизни огоҳлантирдим.
Яна бир марта, — бу якшанба куни бўлган эди, — Клод турма ҳовлисида бир харсангтош устида тирсакларини тиззаларига тираб, бошини қўлларига қўйганча узоқ вақт қимир этмай ўтирди. Шунда Файет деган бир маҳбус унинг рўпарасига келиб, тиржайганча қичқирди:
— Ҳой Клод, нима қилиб қоққан қозиқдай ўтирибсан?
Шунда Клод аста бош кўтариб, Файет томонга қаради-да, маъюс оҳангда деди:
— Ҳукм чиқаряпман.
Ниҳоят, 1831 йил 25 октябр куни кечқурун бош нозир устахоналарни айланиб чиқаётган пайтда, Клод шу куни эрталаб йўлакдан топиб олган соат ойнасини пошнаси билан эзиб чирсиллатиб синдирди. Бошлиқ, нима бўлди, деб сўради.
— Парво қилманг, — деди Клод, — бу мен эдим. Жаноб бош нозир, ўртоғимни ёнимга қайтаринг.
— Бу мумкин эмас, — деб жавоб қилди у.
— Аммо у менга жуда зарур, — деди Клод пичирлаб, лекин кескин овоз билан, сўнг бошлиқнинг юзига тик қараганча илова қилди: — Яхшилаб ўйлаб кўринг. Бугун йигирма бешинчи октябр. Сизга тўртинчи ноябргача муҳлат бераман.
Турма соқчиси жаноб Д. нинг эътиборини Клоднинг таҳдидига қаратиб, уни карцерга қамаш керак, деб айтди.
— Карцернинг ҳожати йўқ, — нафратона истеҳзо билан эътироз билдирди бош нозир, — бу халқ билан яхши муомала қилишимиз керак.
Эртаси куни ҳамма маҳбуслар турма ҳовлисининг офтоб тушган ерига тўпланишиб, гангир-гунгир гаплашиб туришган пайтда Клод ёлғиз ўзи ҳовлининг нариги чеккасида теран ўйга толиб, у ёқдан-бу ёққа юрарди; шунда унинг олдига Перно исмли маҳбус яқин келди.
— Сен ҳадеб нималарни ўйлаяпсан, Клод? Нега бунчалик ғамгинсан? — деди у.
— Бизнинг олийҳиммат нозиримиз жаноб Д. яқинда бир фалокатга учрамасайди, деб қўрқаман,— деди Клод.
25 октябрдан 4 ноябргача роппа-роса ўн кун бор. Клод Гё шу ўн кун мобайнида муттасил равишда, Альбенсиз аҳволим кун сайин ёмонлашаяпти, деб жаноб Д. га қайта-қайта гапираверди.
Бу зорланишлар нозирнинг жонига тегди ва у Клодни бир суткага карцерга қаматди — Клоднинг илтимоси энди талабга ўхшаб кетаётган эди. Хуллас, Клод бошқа ҳеч нимага эриша олмади.
Тўртинчи ноябр куни етиб келди. Шу куни эрталаб Клод шундай хотиржам кайфиятда уйғондики, жаноб Д. нинг буйруғи билан Альбендан айрилган кундан бери ҳеч ким уни бундай хуш кайфиятда кўрмаган эди. У ўрнидан туриб, даставвал каравотининг оёқ томонида турган одмигина ёғоч сандиқчасини кавлашга тушди. Унинг барча ғарибона бисоти шу сандиқчада эди. Клод у ердан кичкинагина қайчи олди. Бу қайчи ва “Эмил”нинг1 бир жилди у севган аёлдан — боласининг онасидан, унинг аввалги бахтиёр оиласидан қолган эсдалик эди. Қайчи ҳам, китоб ҳам Клодга мутлақо керак эмас эди. Қайчи фақат бичиш-тикишни биладиган аёлга асқотиши, китоб — саводхон одам учун керак бўлиши мумкин эди. Клод эса тикишни ҳам, ўқишни ҳам билмасди.
У кўҳна монастирнинг оҳак билан оқланган равонидан ўтиб кета туриб (қиш фаслида маҳбуслар шу равонда сайр қилардилар), деразага ўрнатилган темир панжаранинг йўғон чивиқларини диққат билан кузатаётган Феррари исмли маҳбус олдига яқинлашди. Клоднинг қўлида бояги кичкина қайчи бор эди; у Феррарига ўша қайчини кўрсатиб, деди:
— Мен бугун кечқурун мана шу қайчи билан панжарани кесаман.
Феррари унга ишонқирамай кулиб қўйди, Клод ҳам кулиб юборди.
Ўша куни эрталаб Клод астойдил тиришқоқлик билан ишлади. Ҳеч қачон унинг қўллари бу қадар эпчил ва чаққон бўлмаган эди. Бу ҳаракатидан, у гўё олган буюртмаси — похол шляпани тушликкача тўқиб битиришга жазм қилгандай кўринарди, бу шляпани унга Труа шаҳрининг диёнатли фуқароси, Бресье деган одам буюрган ва хизмат ҳақини олдиндан тўлаб қўйган эди.
Клод тушга яқин бир нимани важ қилиб, бир қават пастдаги дурадгорлик устахонасига тушди.
Клод бу устахонага жуда кам кирарди, ҳолбуки бу ердаги маҳбуслар ҳам уни яхши кўришарди.
— Қаранглар, Клод келди!
Уни ўраб олишди. Ҳамма суюниб кетди.
Клод дарҳол бутун устахонага кўз югуртириб чиқди — нозирлардан ҳеч ким йўқ эди.
— Ким менга болтасини бериб туради? — деб сўради у.
— Нима қиласан? — дейишди ҳайрон бўлган маҳбуслар.
Клод жавоб қилди:
— Бугун кечқурун бош нозирни ўлдирмоқчиман.
Унга, ўзинг танлаб ол, деб бир нечта болтани кўрсатишди. У ўткир қилиб чархланган энг кичкина болтачани танлаб олди ва уни камзули остидан шимининг липпасига қистирди-да, устахонадан чиқиб кетди. Бу пайт дурадгорлик устахонасида йигирма еттита маҳбус ишлаётган эди. Гарчи Клод улардан ўзи жазм қилган иш ҳақида ҳеч кимга айтмасликни илтимос қилмаган бўлса ҳам, ҳеч бирлари бу ҳақда оғиз очмади. Ҳаттоки ўзаро гаплашганларида ҳам бу масалани тилга олишмади. Ҳар бир маҳбус воқеа ечимини сукут сақлаб кутарди. Бу ниҳоятда даҳшатли, лекин айни пайтда ҳаққоний ва барча учун кундай равшан бўлган иш эди. Бунинг амалга ошишига ҳеч ким монелик қила олмас эди. Клодни аҳдидан қайтариш ҳам, бу ҳақда чақув қилиш ҳам ҳеч кимнинг қўлидан келмасди.
Орадан бир соат ўтди. Клод сайр чоғида нуқул ҳомуза тортаётган ўн олти ёшли маҳбус бола олдига бориб, унга ўқиш-ёзишни ўрганишни маслаҳат берди. Худди шу аснода бошқа маҳбус — Файет Клодга яқин келиб сўради:
— Нима у камзулинг ичига яшириб олганинг?
Клод жавоб қилди:
— Болта. Бугун кечқурун жаноб Д. ни ўлдирмоқчиман.
Сўнг ўзи сўради:
— Нима, сезиляптими?
— Сал-пал, — деб жавоб қилди Файет.
Иш куни, одатдагидек, ниҳоясига етди. Кеч соат еттида маҳбусларни ўзлари ишлаган устахоналарга қамашди; нозирлар ҳар кунги одатлари бўйича чиқиб кетишди, улар бошлиқ ҳамма устахоналарни айланиб чиққанидан кейин қайтиб келишарди.
Клод Гёни ҳам ўртоқлари билан бирга устахонага қамаб чиқиб кетишди.
Ана шундан кейин бу устахонада мутлақо ғайриоддий воқеа — ҳам таҳликали, ҳам улуғвор, ягона ва беқиёс воқеа содир бўлди.
Кейинчалик, суд терговида аниқланишича, ўша чоғда бу устахонада ўғрилик қилиб қамалган саксон иккита маҳбус бор эди: Клод ҳам шу ҳисобда эди.
Нозирлар чиқиб кетиши билан, Клод бир скамейка устига сакраб чиқди ва ҳаммага эшиттириб, сизларга бир гап айтмоқчиман, деди. Одамлар сукутга толишди.
Шунда Клод баралла овоз билан баёнот берди:
— Ҳаммангиз яхши биласиз, Альбен менинг иним эди. Бу ерда берадиган овқатлари менга етмайди. Четга ишлаб топган беш-олти чақа пулимга ҳам нон сотиб оламан — шундаям қорним тўймайди. Альбен эса ўз улушини мен билан баҳам кўрарди. Дастлаб мени боққани учун, кейинроқ эса, мени яхши кўргани учун мен ҳам уни яхши кўриб қолгандим. Бош нозир жаноб Д. бизни бир-биримиздан жудо қилди. Бизнинг иноқ бўлганимиз унга заррача ҳам зиён қилмасди, лекин у ичи қора, ёвуз одам бошқаларни азоблашдан ҳузур қилади. Мен унга жуда кўп марта илтижо қилиб, Альбенни ёнимга қайтаришни сўрадим. Ҳаммангиз кўрдингиз, у илтижоларимга қулоқ солмади. Мен унга то тўртинчи ноябргача муҳлат бердим. Шу гапим учун у мени карцерга қамади. Ана шу вақт ичида мен уни суд қилиб, ўлимга маҳкум этдим. Бугун тўртинчи ноябр. Икки соатдан кейин у бизни кўздан кечиргани шу ерда бўлади. Билиб қўйинглар, мен уни ўлдираман. Хўш, сизлар нима дейсизлар?
Ҳамма сукутда.
Шунда Клод яна гапира бошлади. Энди у шундай ғайритавсиф фасоҳат билан гапирдики, бу хислат унинг табиатига хос эди. У ўзининг қандай мудҳиш жиноятга қўл ураётганини яхши тушунишини, аммо ўзини ҳақ деб ҳисоблаётганини баён қилди. У ўз нутқини тинглаётган саксон бир нафар ўғрини ҳалол, инсофли бўлишга даъват этиб, ўзининг тамомила умидсизликка тушганини;
бошқа иложи қолмаганлигидан ўзи адолатли ҳукм чиқаришга мажбур эканлигини;
турган гапки, бошлиқни ўлдиргани учун, ўзи ҳам ўлиши кераклигини лекин шунга қарамай, ҳақиқат йўлида жонини фидо қилишга тайёр эканлигини;
у икки ой муттасил мулоҳаза қилиб, ниҳоят, комил ишонч билан шу қарорга келганлигини;
унинг бундай иш тутишга даъват этаётган нарса асло қасос туйғуси эмас, балки адолат талаби (бунга у қатъий ишонади) эканлигини, бинобарин, агар хато қилаётган бўлса, ўртоқлари бу ҳақда дангал унинг юзига айтишларини;
у ўз далилларини одилона мулоҳаза қилиш лаёқатига эга бўлган одамлар ҳукмига очиқ-ойдин ҳавола қилаётганини;
у жаноб Д.ни ўлдирмоқчи эканлигини, аммо агар бунга бирон киши эътироз билдирадиган бўлса, унинг мулоҳазасини эшитишга тайёр эканлигини баён қилди.
Клоднинг бу нутқига жавобан фақат бир кишининг овози эшитилди.
Кимдир деди:
— Бош нозирни ўлдиришдан олдин Клод охирги марта унга мурожаат қилиб, уни гапга кўндиришга уриниб кўрсин.
— Тўғри фикр, — деб рози бўлди Клод, — мен худди шундай қиламан.
Девордаги каттакон осма соат саккиз марта занг чалди. Бош нозир роппа-роса соат тўққизда келиши керак эди.
Бу ғайриоддий кассация суди Клод чиқарган ҳукмни тасдиқлагандек бўлгани ҳамоно, унинг дили мутлақо таскин топди. У ўзида қолган жамики фақирона кийим-кечакларни, маҳбуслигида олган барча лаш-лушларни стол устига ёйиб қўйди-да, Альбендан кейин ўзи хуш кўрган бошқа маҳбусларни биттама-битта чақириб, шу буюмларини уларга бўлашиб берди. Фақат кичкина қайчини ўзида олиб қолди.
Кейин ҳамма билан бир-бир видолашди. Бу видолашувдан кўзёш қилганлар ҳам бўлди, лекин Клод уларга мулойим жилва қиларди.
Бу охирги соатнинг айрим дақиқаларида Клод шу қадар хотиржам ва ҳатто қувноқ кайфиятда бўлдики, кўпчилик ўртоқлари, кейинчалик ҳикоя қилиб беришларича, шояд, у ўз ниятидан қайтса, деб умид ҳам қилган эканлар. У ҳатто устахонани ёритиб турган шамлардан бирини бурун тешиги билан пуфлаб ўчириб ҳазилкашлик ҳам қилди…
… У бир ёш маҳбуснинг авзоига эътиборини қаратди: унинг ранги қув ўчиб, Клоддан кўз узмай бақрайиб қолган ва ҳозир юз берадиган фожиани аъзои-бадани дағ-дағ қалтираб, юрак ҳовучлаб кутарди.
— Бардам бўл, болакай, — меҳрибонлик билан деди унга Клод, — бу атиги бир дақиқалик иш!
Клод ўз нарсаларини улашиб бўлиб, ҳамма ўртоқлари билан маҳкам қўл сиқишиб, видолашганидан кейин, устахонанинг бурчак-бурчакларидан эшитилаётган ҳаяжонли гапларни бас қилишни ва яна ишга киришишни буюрди. Ҳамма унинг буйруғига сўзсиз итоат этди.
Мазкур воқеа юз бераётган устахона тўғри тўрт бурчакли узун хона бўлиб, деразалари иккала узун деворларга ўрнатилган, унинг икки эшиги эса, бир-бирига қарама-қарши тарафда эди. Дастгоҳлар деразалар ёқалаб қатор терилиб турарди, ўриндиқлар дастгоҳлар олдига бир учи девор томонга қаратиб қўйилганди. Икки қатор тизилган дастгоҳлар оралиғида очиқ жой бўлиб, бу икки эшикни бир-бирига уловчи узун йўлак вазифасини бажарарди. Устахонани кўздан кечириш учун кирган бош нозир мана шу узун ва торгина йўлакдан ўтиб кетиши керак эди. Одатда, у жануб томондаги эшикдан кирар ва икки тарафда ишлаётган ишчиларга назар ташлаб ўтиб, шимол ёқдаги эшикдан чиқиб кетарди. Бу йўлни у доим ҳеч ерда тўхтамай тез босиб ўтарди.
Клод ўз ўрнига бориб ишга киришди.
Юракни эзадиган кутиш они бошланди. Машъум пайт яқинлашиб келаётган эди. Қўнғироқ жом чалди.
— Соат чорак кам тўққиз, — деди Клод.
У аста ўрнидан турди, устахона ўртасидаги тор йўлдан секин-секин юриб бориб, кириш эшигига яқин турган чап томондаги дастгоҳга суянди. Унинг чеҳрасида хотиржамлик, ҳаттоки хайрихоҳлик нишонаси акс этарди.
Соат тўққизга жом чалинди. Эшик очилиб, бош нозир кирди. Устахонада қабристон сукунати ҳукм сурарди. Бошлиқ, ўз одати бўйича, ёлғиз эди. Унинг чеҳрасида ҳар сафаргидек, қувноқ такаббурлик, мағрурлик ва бешафқатлик акс этарди; у кираверишда чап томонда, ўнг қўлини чўнтагига тиқиб қимир этмай турган Клодни пайқамай, дастлабки дастгоҳлар ёнидан ниманидир ёқтирмагандай, бошини сарак-сарак қилиб, бир нималар деб тўнғиллаб тез юриб ўтди; у атрофга лоқайдлик билан назар ташларкан, бу ердаги ҳамма маҳбусларнинг нигоҳи ўзига қаратилганини ҳам, ҳаммани битта мудҳиш фикр қамраб олганини ҳам пайқамади.
У бирдан оёқ товушини эшитиб, шахт орқасига ўгирилди.
Клод эшик олдидан бошлаб, бошлиқнинг орқасидан жимгина изма-из келаётган эди.
— Нима қиляпсан бу ерда? — деди ажабланган нозир. — Нега сен ўз ўрнингда эмассан?
Турмада одам одамгарчиликдан чиқади, у — бу ерда ит, унга сен дейдилар.
Клод Гё бошлиқнинг ҳурматини ўрнига қўйиб, жавоб берди:
— Жаноб бош нозир, сизга айтадиган икки оғиз гапим бор эди.
— Яна нима гап?
— Альбен ҳақида.
— Янами? — деди бошлиқ қаҳри қайнаб.
— Ҳа, яна! — деди Клод.
— Бундан чиқди, — деди бошлиқ йўлида давом этаркан, — бир сутка карцерда ётиб чиққанинг камлик қилибди-да?
— Жаноб бош нозир, ўртоғимни ёнимга қайтаринг, — деб гапида давом этди Клод нозирнинг орқасидан эргашиб бораркан.
— Бу мумкин эмас!
— Жаноб бош нозир, — деб Клод шундай аянчли овоз билан ёлбора бошладики, агар иблис эшитса, унинг ҳам кўнгли юмшаб кетган бўларди, — ўтиниб сўрайман сиздан, Альбенни қайтариб беринг менга. Кўрасиз, унда астойдил тиришиб ишлайман. Сиз эркин одамсиз, аҳволимни тушунмаяпсиз, ҳақиқий дўст нималигини билмайсиз. Менинг ҳеч вақоим йўқ… Қамоқхонанинг шу тўрт деворидан бошқа. Сиз ҳамма ерга боришингиз, хоҳлаган одамингиз билан учрашишингиз мумкин, менинг эса ҳеч кимим йўқ шу Альбендан бошқа. Илтимос, уни ёнимга қайтаринг. Фақат Альбен туфайли менинг қорним тўқ эди, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Сизга бир оғизгина: “майли” дейиш қийинми? Клод Гё деган ва Альбен деган иккита одам биргаликда битта устахонада ишлашса, сизга барибир эмасми. Бунинг нимаси қийин? Жаноб бош нозир, меҳрибоним жаноб Д., раҳм қилинг, азиз авлиёлар ҳаққи-ҳурмати, илтижо қиламан!
Клод ҳали ҳеч қачон турма нозирига бу қадар кўп гапирмаган эди. Унинг асаб торлари таранг тортилганидан буткул тинкаси қуриди ва сукут сақлаб, жавобни кута бошлади. Бошлиқ ғижиниб, эътироз билдирди:
— Бу мумкинмас. Сенга айтганман. Гапни бас қил. Жонимга тегдинг.
Шундай деб, у шошиб тургани учун қадамини илдамлатди. Клод унинг орқасидан эргашиб бораверди. Шу зайлда икковлари нариги эшик олдига яқин бориб қолишди; саксон битта маҳбус нафратини ичларига ютганча буларни кузатар, гапларини эшитиб турардилар.
Клод бошлиқнинг қўлига секингина қўл учини теккизди.
— Ҳеч бўлмаса, битта саволимга жавоб беринг: қайси гуноҳим учун мени ўлимга маҳкум этяпсиз? Нега бизни бир-биримиздан жудо қилдингиз? Нега?
— Сенга буни айтганман, — деди нозир, — шунга… — Сўнг Клодга орқа ўгириб, эшикнинг тутқичидан ушлади.
Бундай жавобни эшитган Клод бир қадам орқага тисарилди. Саксон битта одам унинг чўнтакдан қўл чиқарганини, қўлида болта борлигини даҳшатдан тош қотиб кузатиб турарди. Клод болта ушлаган қўлини юқорига кўтарди ва нозир чинқириб юборишга ҳам улгурмай, жон-жаҳд билан унинг фақат бошига то бошчаноғини ёнғоқдек чақиб юбормагунча зарб билан ураверди. Нозир чалқанчасига йиқиларкан, Клод тўртинчи зарба билан унинг башарасини мажақлаб ташлади. Лекин сиртига отилиб чиққан ғазаб алангасини ўчириш осон эмас — Клод бешинчи зарба билан узала тушиб ётган нозирнинг сонини жароҳатлади. У ўлган эди.
Шундан сўнг Клод болтани отиб юбориб:
— Энди навбат бошқасига! — деб чинқирди.
Бошқаси, деганда у ўзини назарда тутган эди. У камзулининг чўнтагидан хотинининг қайчисини чиқарди ва, одамлар унга халақит қилишга улгурмай, уни ўз кўксига санчди. Қайчининг тиғи калта, кўкракдаги юрак эса чуқур эди. У кўкрагига йигирма мартача кетма-кет қайчи санчди.
— Эй лаънати юрак, сенга ҳеч етолмаяпман! — деб ҳайқирди Клод.
Ниҳоят, у қора қонига беланганча, ҳушидан кетиб, ўлик жасад устига йиқилди.
Бу икковидан қайси бири қотил ва қай бири қурбон эди?
Клод ҳушига келиб, ўзини касалхона каравотида кўрди. Унинг ҳаммаёғи дока билан ўраб ташланган, тепасида шафқат ҳамширалари парвона эди. Ҳатто уни сўроқ қилгани келган терговчи ҳам ҳамдардлик билан деди:
— Қалай ҳис қиляпсиз ўзингизни?
Клод жуда кўп қон йўқотган эди, лекин ўз жонига қасд қилиш учун қайчи билан қилган жароҳатларидан биронтаси ҳам уни маҳв этолмади. Аммо унинг жаноб Д. га берган зарбаларидан вужудга келган жароҳатлар маҳвкор жароҳатлар эди.
Тергов бошланди. Клерво турмасидаги устахоналар бошлиғини сиз ўлдирдингизми, деган саволга Клод: ҳа, деб жавоб қилди. Ундан: нега, деб сўрашганда у: шунга, деб жавоб қайтарди.
Бу орада унинг жароҳатлари йиринг боғлаб, қон бузилиши оқибатида ўлишига бир баҳя қолди.
Ноябр, декабр, январ ва феврал ойлари Клодни даволаш ва судга ҳозирлик кўриш билан ўтди. Врачлар ва судьялар Клоднинг тепасида парвона бўлдилар. Биринчилари унинг жароҳатларини даволаш билан овора бўлсалар, иккинчилари унинг учун жаллод кундасини ҳозирлаш билан банд эдилар.
Гапни мухтасар қилайлик, 1832 йилнинг 16 мартида тамомила соғайган Клод Труа шаҳрининг маслаҳатчилар судига рўпара қилинди. Бу суд мажлисида бутун шаҳар аҳли иштирок этди.
Клод судда ўзини жуда яхши тутди. У соқол-мўйловини яхшилаб олган ва суд олдида бошяланг турарди. Эгнига Клерво турмаси маҳбусларининг кулранг матодан тикилган кўримсизгина либосини кийганди.
Қирол прокурорининг буйруғи билан бутун округдаги солдатларни суд залига йиғиб келишди “гувоҳ сифатида сўзга чиқувчи маҳбусларни жиловлаб туриш учун”, деб изоҳлади прокурор суд мажлиси пайтида. Гувоҳларни сўроқ қилиш бошланганда ҳеч кутилмаган қийинчилик юзага келди. 4 ноябр воқеасининг шоҳидларидан бирон киши ҳам гувоҳлик беришни хоҳламади. Раис, қаттиқ чора кўрилишини айтиб, уларни қўрқитиб ҳам кўрди. Лекин унинг гапи заррача ҳам таъсир қилмади. Бу ҳолни кўрган Клод маҳбусларга юзланиб, итоат этинглар, деб буюрди. Шундан кейин гувоҳларнинг тили бийрон бўлиб, ҳамма кўрганларини гапириб бера бошлашди.
Клод гувоҳларнинг гапларини зўр диққат билан эшитди. Агар биронта гувоҳ судланувчининг айбини оғирлаштирувчи битта-яримта тафсилотни эсидан чиқариб қўйса ё уни атайин тилга олмаса, Клод дарҳол унинг гапини тузатарди.
Шундай пайтлар ҳам бўлдики, залда ҳозир бўлган аёллар юм-юм йиғлашди. Суд ижрочиси Альбенни чақирди. Энди гувоҳлик навбати унга келганди. У беҳол қадам босиб, йиғидан ўпкаси тўлиб, энтика-энтика кириб келди. Кира солиб ўзини Клоднинг қучоғига отдики, ҳатто жандармлар ҳам унга тўсқинлик қилишга улгуролмадилар. Клод уни бағрига босиб, йиқилиб тушишдан ушлаб қолди ва қирол прокурорига жилмайиб туриб деди:
— Мана ўша ўз нонини бошқалар билан баҳам кўрувчи ёвуз одам. — Шундай деб у Альбеннинг қўлидан ўпди.
Одамларнинг судда гувоҳлик бериши тугаганидан кейин, қирол прокурори ўрнидан турди ва ўз нутқини қуйидаги сўзлар билан бошлади:
— Жаноб суд маслаҳатчилари, агарда одил суд қаршингизда турган мана бу энг ашаддий жиноятчини жазога тортмас экан, бутун жамоатчилик то энг туб негизигача ҳайратга тушади… ҳоказо ва ҳоказо.
Мазкур унутилмас “нодир” нутқдан кейин Клоднинг адвокати сўз олди. Прокурорнинг нутқи билан ҳимоячининг сўзи тингловчиларнинг кайфиятида шундай оғишувларни вужудга келтирдики, одатда бу нарса жиноий процесс деб номланувчи тортишув чоғида содир бўлиб турадиган ҳол эди.
Клод, ҳали ҳамма гап айтилмади, деган қарорга келди ва ўрнидан туриб, ғоят ажиб ва ҳайратомуз нутқ сўзлади; шу суд мажлисига қатнашаётган ўткир дидли бир зиёли киши бундай нутқдан зўр ҳаяжон ва ҳайратга келди.
Бу дўлвор, саводсиз ишчи йигит қотилга эмас, кўпроқ нотиққа ўхшаб кетарди. У суд олдида очиқ юз, ойдин чеҳра билан дадил боқиб тураркан, овозини баландлатмай, аммо дил-дилидан чиқариб, қўлларини бир хилда, лекин салобат билан ҳаракат қилдирганча гапирди. У ҳамма бўлган воқеани, қандай юз берган бўлса шундайлигича, лўнда қилиб сўзлар экан, ҳеч бир нарсани бўрттирмади ҳам, бўлган бирон ишни яширмади ҳам. У айбловнинг тўғри эканлигини эътироф этиб, 296 нчи моддага мардона тик қараганча, бошини кундага қўйишга рози бўлди ва бу билан бутун жамоани қаттиқ ҳаяжонга солди; одамлар унинг нутқидаги айрим жумлаларни бир-бирларининг қулоқларига пичирлаб гапира бошладилар.
Залда дам-бадам пичир-пичир, ғўнғир-ғўнғир овозлар кўтарилиб турарди; Клод шундай пайтларда нафасини ростлаб олиб, бутун жамоага мағрурона нигоҳ ташларди.
Лекин шундай дақиқалар ҳам бўлдики, бу саводсиз ишчининг сўзлари худди яхши маълумот олган зукко одамнинг нутқи сингари назокат ва фасоҳат билан йўғрилди. Айни пайтда у ўзини камтарин, сипо тутар, гўё тубсиз жар ёқалаб бораётган одамдай сўзида эҳтиёт бўлар, суд ишининг боришини диққат билан кузатаркан суд маъмурлари билан самимий муносабатда бўларди.
У фақат бир марта — қирол прокурорининг, биз юқорида тилга олиб ўтганимиз, нутқида, Клод Гё устахоналар бошлиғини ҳеч қандай сабабсиз ўлдирган, зеро, бошлиқ томонидан унга нисбатан на зўрлик, на зуғум ўтказилган, деган сўзларини эшитганида ўз ғазабини тийиб туролмади.
— Ие, қанақасига! — деб юборди у бирдан. — Ҳали унинг томонидан менга нисбатан ҳеч қандай зуғум ўтказилмабдими? Ҳа, албатта, сиз ҳақсиз, тушунаман ниятингизни. Агар менга бир маст одам бир мушт туширса-ю мен шу сабабли уни ўлдириб қўйсам, — “мурувват” кўрсатиб, мени каторгага сургун қилардингиз, негаки маст одам томонидан менга зуғум қилинган. Илло ичкилик ичмаган, эс-ҳуши жойида бўлган одам тўрт йил муттасил мени таҳқирласа, камситса, тўрт йил давомида ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқа сайин ҳеч кутилмаган сўзлар билан ҳақорат қилса майли-а — тўрт йил сурункасига! Мен ўз аёлимни севардим — шуни деб ўғирлик қилдим, — у ана шу аёл ҳақида ҳар хил сассиқ гаплар айтиб, дилимни оғритди; менинг болам бор эди, шу болам деб ўғирлик қилгандим — у бўлса, болам ҳақида бўлар-бўлмас гаплар айтиб, мени изтиробга солди; турмада бериладиган нон менга камлик қиларди, дўстим ўз улушини мен билан баҳам кўра бошлади, — лекин у мени дўстимдан жудо, нондан маҳрум қилди. Мен ундан дўстимни ёнимга қайтаришни илтимос қилсам, у мени карцерга ҳибс этди. Мен у полиция айғоқчисини сиз деб чақирсам, у менга сен деди. Мен унга ўз дардимни айтсам, у менга, жонга тегдинг, деди. Айтинг, нима қилишим керак эди сизнингча? Ҳа, мен уни ўлдирдим. Ҳа, мен ёвуз махлуқман, чунки бу қотиллик ҳеч қандай сабабсиз юз берди. Сиз энди мени қатл этмоқчимисиз? Майли, қатл этаверинг!
Мен аминманки, бу қудратли ва ҳаққоний далил, фақат жисмоний иғвогина жиноятчининг айбини юмшатиши мумкин, деган тузумнинг нақадар адолатсиз эканлигини очиқ-ойдин фош қилиб ташлади. Ҳолбуки, бизнинг қонун чиқарувчи идораларимиз ахлоқий иғвонинг нақадар машъум айб эканлигига эътибор беришни ҳеч ўйлаб кўрмайдилар.
Музокара ниҳоясида судья аниқ ва лўнда хулоса чиқарди. Унинг хулосаси қуйидагича бўлди: “Унинг бутун умри қабоҳатдан иборат. Бинобарин, у — маънавий мажруҳ махлуқ. Ўз ҳаётини фоҳиша билан қовушишдан бошлаган, кейин ўғирлик қилган ва ниҳоят, одам ўлдирган”. Буларнинг ҳаммаси ҳақиқат эди.
Суд маслаҳатчилари ўз хоналарига чиқиб кетишлари олдидан раис судланувчидан, судда қўйилган сўроқлар юзасидан бирон-бир айтадиган гапинг борми, деб сўради.
— Фақат икки оғиз, — деб жавоб қилди Клод. — Чунончи, гап бундай. Тўғри, мен ўғри ва қотилман, ҳа, мен ўғирлик қилдим ва одам ўлдирдим. Лекин нима учун ўғирлик қилдим? Нега одам ўлдирдим? Сизлар, жаноб суд маслаҳатчилари, бошқа сўровлар қаторига шу иккита саволни ҳам қўйиб кўринглар.
Ўн беш дақиқалик муҳокамадан кейин Шампань вилоятининг жаноб суд маслаҳатчилари деб номланувчи ўн икки нафар фуқароси Клод Гёни ўлим жазосига ҳукм қилди.
Турган гапки, айрим суд маслаҳатчилари суд жараёни бошланган чоғдаёқ судланувчининг қулоққа хунук эшитилувчи фамилиясига эътибор қаратган эдилар1 ва бу нарса уларга ёмон таъсир этган эди.
Ҳукмни Клодга ўқиб эшиттиришганда, у фақат ушбу сўзларни айтиш билан чекланди:
— Жуда соз. Лекин нима сабабдан бу одам ўғирлик қилди? Нега у одам ўлдирди? Мана шу иккита саволга суд маслаҳатчилари барибир жавоб бермадилар.
Клод турмага қайтиб келгач, бамайлихотир кечлик қилди ва деди:
— Мана, ўттиз олти йил умр кечирдим.
У шикоят аризаси беришни хоҳламади. Лекин бетоб ётган чоғида уни парвариш қилган ҳамширалардан бири юм-юм йиғлаб, ариза беришни илтижо қилди. Клод ҳамширага раҳми келганидан бунга рози бўлди. Лекин у, афтидан, аввалига анча тихирлик қилган бўлса керак, аризага имзо чекканида, ариза бериш учун қонун белгилаган уч кунлик муҳлат ўтиб кетган эди.
Клоднинг рози бўлганидан суюниб кетган шафқат ҳамшираси унга беш франкли танга совға қилди. Клод пулни олиб, миннатдорчилик билдирди.
Труа шаҳридаги барча маҳбуслар Клодни, унинг аризасига жавоб келмасдан бурун, қамоқдан қочирмоқчи бўлишди, улар унга шунчалик содиқ эдилар. Лекин Клод бу таклифни қатъиян рад этди.
Маҳбуслар унинг камерасига туйнукча орқали жуда усталик билан мих, темир чивиқ ва челакнинг бандини ташладилар. Клод фаросатли, уқувли одам бўлгани учун, бу нарсалардан биронтаси билан албатта оёғидаги кишанни арралай олиши мумкин эди. Лекин у челак бандини ҳам, темир чивиқни ҳам, михни ҳам турма ходимига топширди.
Бир минг саккиз юз ўттиз иккинчи йилнинг саккизинчи июнида, қотиллик юз берган кунга етти ой-у тўрт кун бўлганида Клоднинг ўз айбини ювадиган пайти етиб келди.
Шу куни эрталаб соат еттида Клоднинг камерасига суд ижрочиси кирди ва унинг бир соатлик умри қолганини эълон қилди.
Клоднинг авф этиш тўғрисидаги аризаси рад этилганди.
— Ҳай, майли, — деди у бепарволик билан. — Бугун кечаси жуда яхши ухладим, келаси тунда яна ҳам мириқиб ухларканман.
Иродаси бақувват одамларнинг ўлим олдидан айтган сўзлари бениҳоя улкан салобат касб этади.
Камерага руҳоний ота, сўнг жаллод кирди. Клод руҳонийга эҳтиром, жаллодга ройиш кўрсатди. У ўз руҳи ва жисмини ҳеч эътирозсиз бахшида қилганди.
У мудом руҳан тетик кайфиятда бўлди. Унинг сочини устара билан олишаётганда, камеранинг нариги бурчагида турган кимдир Труа шаҳрида вабо тарқалиши хавфи борлиги ҳақида гапириб қолди.
— Лекин энди мени, — деди шунда Клод жилмайиб, — ҳеч қандай вабо қўрқитолмайди.
У руҳоний отанинг калималарини диққат билан тингларкан, илгари ҳеч ким у билан дин ҳақида суҳбатлашмаганидан таассуф қилди.
Клоднинг илтимосига кўра, унинг қайчисини ўзига қайтариб беришди. Қайчининг битта тиғи йўқ эди — Клод ўз жонига қасд қилган пайтда тиғ синиб, унинг кўкрагида қолган эди. У турма хизматчисидан, қайчини Альбенга бериб қўйишни ва қайчига қўшиб ўзининг бугунги шувағаси — нонини ҳам унга беришни илтимос қилди.
У яна, қўлини боғлаётганлардан, ўзининг охирги ва ягона бойлиги — шафқат ҳамшираси совға қилган беш франкли тангани ўнг қўлига тутқазишларини илтимос қилди.
Соат чорак кам саккизда у одатда ўлимга маҳкум этилганларни кузатиб борувчи тумшайган шотирлар билан турмадан чиқди. У ранги қув ўчиб, яёв юриб бораркан, руҳоний отанинг қўлидаги хочдан кўзини ҳеч узмади. Лекин у руҳан тетик, қадам ташлаши дадил эди.
Бозор куни эди. Кўпроқ одамни гувоҳликка даъват этиш учун қатлни атайин шу кунга тайинлашган эди. Маълум бўлишича, Францияда ҳали яримваҳший қасабалар бор эканки, у ерларнинг жамоалари нафақат одамларни ўлдиришар, шунингдек, одам ўлдирганларини айтиб мақтанишар ҳам экан.
Клод, ҳамон кўзини хочдан узмаганча, тахта супага шахдам-шахдам юриб чиқди. У аввал руҳоний отани, кейин жаллодни ўпмоқчи бўлди — бу билан у биринчисига миннатдорчилик билдиришни, иккинчисини кечиришни ният қилган эди. Жаллод, суд ҳисоботида баён қилинишича, астагина уни ўзидан четлатибди. Жаллоднинг ёрдамчиси уни машъум машинага боғлаётганида, Клод руҳоний отага, ўнг қўлимнинг сиқимидаги беш франкни олинг, деб ишора қилди ва деди:
— Қашшоқлар учун.
Шу маҳал шаҳар минорасидаги соат жом чалиб, Клоднинг овозини босиб кетди. Руҳоний ота, эшитмадим, деб жавоб қилди. Клод чалинаётган жомлар орасидаги танаффус пайтини кутиб туриб, қисқагина такрорлади:
— Қашшоқлар учун.
Соат саккизинчи марта жом чалиб улгурмасдан бу покдомон ва доно бош бўйнидан чўрт узилиб тушди.
Бундай томошалар оломонга зўр таъсир этади. Майдон ўртасида турган гильотина пичоғидаги қон ҳали ювилмай ўша куниёқ бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланувчи одамлар янги жорий этилган қандайдир солиққа қарши исён кўтаришди ва солиқ йиғувчилардан бирини ўлдириб қўйишларига сал қолди.
Бизнинг қонунларимиз халқни ана шундай итоаткорликка даъват этади.
Биз Клод Гё тарихини муфассал баён қилишни ўз бурчимиз деб ҳисобладик, зеро, имонимиз комилки, бу тарих саҳифаларидан олинган ҳар қандай парча ҳам XIX асрда яшаётган халқларнинг буюк муаммоларини ҳал қиладиган китоб учун муқаддима вазифасини ўташи мумкин.
Бу инсоннинг ажойиб ҳаётини асосан иккита босқичга — тушкунликка тушгунча бўлган ва ундан кейинги даврга ажратиш мумкин. Бундан иккита масала келиб чиқади: тарбиялаш ҳақидаги масала ва жазога тортиш масаласи: бу икки масаладан учинчи масала — бутун жамият тақдири масаласи вужудга келади.
Клод Гё, табиатан шубҳасиз, ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол инсон эди. Хўш, ундаги шу эзгу фазилатларни такомиллаштиришга нима халақит қилди? Мана шу ҳақда ўйлаб кўринглар.
Ҳали ечими топилмаган бу ғоят буюк муаммо инсоният ҳаётида зарурий мувозанатни тиклаш учун хизмат қилиши мумкин: табиат инсоннинг инсон бўлиши учун қанча ҳисса қўшган бўлса, жамият ҳам шунча улушини қўшсин.
Сиз Клод Гёга назар ташланг, ҳеч шубҳа йўқки, у — ўткир ақл ва ажойиб қалб соҳиби. Лекин тақдир уни қабоҳатли жамият даврасига улоқтиргандики, бунда у ўғрилик қилишга мажбур бўлди, кейин ўша жамият уни манфур турмага олиб бориб тиқдики, бу ерда у қотиллик қилишга мажбур бўлди.
Хўш, аслида ким айбдор бунга?
Уми?
Ё бизларми?
Бугунги кунда барча заковат аҳлининг миясини банд этган масалалар шу қадар муҳим ва долзарбки, ҳадемай улар бизга албатта рўпара келадилар, ана унда биз у масалалардан асло кўз юма олмаймиз, бинобарин, ҳақиқатга тик қараб, биздан нималар талаб қилинишини ҳал қилишимизга тўғри келади.
Ушбу сатрлар муаллифи мазкур саволга жавоб беришга уриниб кўрмоқчи.
Шундай далилларга дуч келаркансан, бу масалаларнинг нақадар ошиғич ва долзарб эканлиги ҳақида ўйларкансан, беихтиёр ўзингга ўзинг, ҳамонки мансабдор маъмурлар шу масала тўғрисида ўйламаётган эканлар, унда нима ҳақда бош қотириб ётибдилар, деб савол берасан.
Депутатлар палаталари ҳар куни ғоят муҳим ишлар билан банд. Албатта, меҳнат қилмай катта даромад топувчиларни йўқ қилиш ва давлат бюджетини ортиқча харажатлардан тозалаш — булар жуда жиддий иш. Шунингдек, менинг яхши ватанпарвар сифатида ўзим танимаган ва танишни ҳам истамаган граф Лобау жанобларининг эшиклари тагида қоровул бўлиб туришим учун ёхуд мансабдор шахсларнинг амри билан менинг зобитим бўлиб қолган баққол қўшнимнинг хоҳишини бажариш учун Мариньи майдонидан парадда марш қилиб ўтиш учун менга солдат мундирини мажбурлаб кийдирувчи қонунлар жорий қилиш ҳам муҳим масала.
Ҳа, жаноб депутатлар ва жаноб министрлар, самарасиз баҳслашиш, маза-матрасиз ҳар хил масалалар ва мулоҳазалар билан бош қотириш сизлар учун жуда муҳим. Масалан, энг оғир жиноятчи ҳисобланмиш — XIX аср санъатини суднинг қора курсисига жалб қилиб, ўзингиз бераётган саволингизнинг маънисига тушунмай сўроқ қилишингиз сиз учун ниҳоятда муҳим вазифа; яхшиямки, у жиноятчи саволларингизга жавоб беришни истамайди ва истамай тўғри қилади; жаноб ҳукмдорлар ва қонун чиқарувчилар, ҳаттоки чекка шаҳар ҳамда қишлоқларнинг ўқитувчиларини таажжубда елка қисишга мажбур этувчи мумтоз адабиёт конференцияларини ўтказиш билан вақт ўтказишингиз жуда муҳим масала; шунингдек, фақат замонавий драма яқин қариндошларнинг жинсий алоқа қилиши, эрнинг хотинга, хотиннинг эрга вафосизлиги, падаркушлик, ўз фарзандини ўлдириш, одамларни заҳарлаш каби энг машъум иллатларни кашф этди, деб жар солиш ва бу билан, орангизда ҳеч қачон на Федра ҳақида, на Иокаста билан Эдип ҳақида, на Медея ё Родогуна2 тўғрисида ҳеч нима эшитмаганингизни исботлашингиз ҳам фойдали иш; ҳа, сиёсий нотиқларимизнинг Корнель ва Расиннинг асарларини чоп қилиш учун бюджетдан маблағ ажратиш масаласи юзасидан уч кунлаб, то овозлари бўғилиб қолгунча мубоҳаса юритишлари ва шу адабий тортишув чоғида бир-бирларига сўз бермай (хусусан, француз грамматикасига хилоф равишда тилни бузиб жаврашлари) ҳам бениҳоя зарур масала.
Буларнинг ҳаммаси муҳим албатта, ҳолбуки, бизнинг фикримизча, бажарилиши керак бўлган булардан ҳам муҳимроқ ишлар бор.
Масалан, депутатлар палатасида мухолифат ва министрлик ўртасида тез-тез авж олиб турадиган нокерак музокаралар орасида кимдир ўрнидан туриб ёки минбарга чиқиб, баралла овоз билан қуйидаги гапларни айтса, депутатлар нима деган бўлардилар:
— Ҳей, бу ерга йиғилиб олиб, бўлар-бўлмас гаплар билан бошни қотирувчилар, жим бўлинглар. Сизлар ўзингизни муҳим масалалар билан машғулдек қилиб кўрсатмоқчисизлар. Лекин аслида ҳеч ундай эмас! Энг муҳим масала у гапларингиз эмас, балки ушбудир:
Бундан бир йилча муқаддам одил суд Памье шаҳрида бир инсонни қиймалаб ташлади, кечагина Дижонда бир аёлнинг боши танасидан жудо этилди, Парижда Сен-Жак қопқаси олдида одамлар махфий тарзда қатл этилмоқда.
Биринчи навбатда ана шу ҳеч кечиктириб бўлмайдиган масалалар билан шуғулланиш лозим!
Ана ундан кейин сизлар яна миллий гвардия аскарларининг мундиридаги тугмалар қанақа рангда — оқми ё сариқми — бўлиши ҳақида ҳам қайси сўздан: ишонч сўзиданми ё эътиқод сўзиданми фойдаланиш мақбулроқ эканлиги ҳақида бир-бирларингиз билан баҳслашаверишингиз мумкин.
Эй, марказий ўриндиқларда ўтирган ҳамда залнинг ўнг ва сўл тарафларидан жой олган жаноб депутатлар, халқнинг изтироб чекаётганидан хабарингиз борми?
Франция республика деб аталадими ё монархия давлати деб юритиладими, халқ барибир азоб чекаверади — бу шубҳасиз ҳол.
Халқ оч ва юпун. Қашшоқлик уни жиноят сари йўлламоқда, фаҳш ботқоғига чўктирмоқда. Ўғилларини қамоқхоналар, қизларини фоҳишахоналар тортиб олаётган халққа раҳмингиз келсин. Бизда маҳбуслар кўпайиб кетди, фоҳишалар кўпайиб кетди.
Бу оммавий тус олган икки иллат, икки бало нимани билдиради?
Бу — жамият вужудига ёмон қон аралашганидан далолат беради.
Баски сиз беморнинг тепасига консилиум ўтказгани йиғилган экансиз, дардини даволаш билан шуғулланинг.
Сиз у дардни даволашни билмайсиз. Демак, уни олдин пухта ўрганиб олишингиз керак. Сиз чиқараётган қонунлар фақат вақтинча енгиллик туғдирувчи найранглардир. Сиз жорий қилган низомларнинг ярми — мутаассиблик, ярми — лўттибозлик.
Баданни куйдириб тамға босиш — янги ярага туз сепишдек азоб. Бу ўта бемаъни жазо жиноятчини умрбод жиноят билан ошно қилиб қўяди.
Сургун (қамоқ) — бу ярамас малҳам; у аввал ёмон қонни сўриб олиб, кейин уни яна-да кўпроқ заҳарлаб баданга сингдиради.
Ўлим жазоси — ваҳшиёна қассоблик.
Шунга қарамай, тамға босиш ҳам, сургун ишлари ҳам, ўлим жазоси ҳам ҳануз амалга оширилмоқда. Сизлар тамға босиш жазосини бекор қилдингизлар, бу ёғига ҳам ўз фаолиятингизда изчил бўлинг — қолган икки жазони ҳам бекор қилинг.
Чўғдек қиздирилган темир тамға, сургун ва гильотина — булар битта мантиқий хулосанинг учта таркибий қисмидир.
Сизлар қиздирилган темир тамғадан воз кечдингиз. Лекин айтинг-чи, маҳбуснинг оёғидаги кишаннинг ва гильотина пичоғининг аҳамияти каттароқми?
Сизлар жиноят билан жазо оралиғидаги босқични ифодаловчи ўзингизнинг алмисоқдан қолган ва бетутуруқ градациянгизни энди бузиб ташланг ва уни қайта ишланг, жазонинг янги таркибларини, қонунларнинг янги кодексини яратинг, янгича турмалар барпо этинг, янги судьяларни тайёрланг. Жорий этган қонунларингизни замонавий расм-таомиллар билан уйғунлаштиринг.
Францияда ҳар куни жуда кўп одамларнинг каллалари узилмоқда, жаноблар. Ҳамонки, сизлар тежамкорликка амал қилаётган экансиз, бу соҳада ҳам қўлланг ўша тежамкорлигингизни.
Ҳамонки, сизлар ортиқча нарсаларни йўқ қилиш иштиёқида ёнаётган экансиз, биринчи галда жаллод лавозимини бекор қилинг. Франциядаги саксонта жаллод оладиган маош билан мактаб ўқувчиларидан олти юз кишини таъминлаш мумкин.
Халқ ҳақида ўйланглар. Болаларни мактаб билан, катталарни иш билан таъминланг.
Бошқа Европа мамлакатларига қиёс қиладиган бўлсак, энг кўп саводсиз одамлар Францияда — сизлар шуни биласизларми? Шу яхшими? Швейцария саводхон, Белгия саводхон, Дания, Греция, Ирландия — ўқиш-ёзишни билади, лекин Франция билмайди! Қандай шармандалик!
Сизлар сургунга боринг. У ерга сурилганларнинг ҳаммасини йиғинг. Қонундан ташқарида бўлган ўша жабрдийдаларнинг ҳар бирини диққат билан кузатинг. Уларнинг юз тузилишини ўлчаб, бош чаноғини пайпаслаб кўринг. Ана шунда, сиз у кимсаларнинг ҳар қайсиси бирон зоологик махлуқни эслатаётганини, инсон зотининг ҳайвонот оламидаги жониворлар билан омухта бўлиб кетганини кўрасиз. Улардан бири силовсинни, иккинчиси мушукни, яна бири маймунни эслатади, баъзилари қирғийга ё чиябўрига ўхшаб кетадилар. Бундай бадбашараликка, биринчи навбатда, турган гапки, табиат сабаб, ундан кейин — тарбия.
Табиат инсонни яратиш чоғида унинг тарҳини ёмон чизган, тарбия эса, тарҳдаги нуқсонларни тузата олмади. Сизлар шу ҳақда ғамхўрлик қилинглар, халққа яхши тарбия беринглар, уни маълумотли қилинглар. Бу нодон ва жоҳил кишилар онгини ривожлантиришга урининг, уларни фикр юритишга ўргатинг. Халқнинг ақл даражасини имкон борича камол топтиринг.
Франция саводини чиқаргандан кейин уни янада маърифатли қилишни давом эттиринг. Йўқса, халқ ҳаётида яна бошқача ишкаллик юзага келиши мумкин. Шуни билингки, ғирт нодонлик ёмон билимдан афзалроқдир… Лекин бу ўринда мен баъзи изоҳларни айтиб ўтмоқчиман.
Сизлар қанча ҳаракат қилманг, оломоннинг, халқ оммасининг — хулласи калом, аксарият одамларнинг қисмати, уларнинг ҳаёти ҳамиша, озми-кўпми оғир, ғамгин ва аянчлидир. Кўпчилик одамларнинг пешонасига умрбод оғир меҳнат қилиш битилган, ҳаётнинг жамики машаққатларини шу кўпчилик ўз елкасига ортмоқлаган.
Қаранг, қандай адолатсизлик! Ҳаётнинг барча қувончлари — бойлар мулкию, жамики бадбахтлик ва қайғу-ҳасрат эса камбағалларга ато этилган. Ҳаёт торозусига қўйилган юк мутлақо тенг эмас. Торозининг бир палласи, шубҳасиз, босиб кетаверади ва шу туфайли жамият ҳаётидаги тенгсизлик тенгсизлигича қолаверади.
Лекин сиз қашшоқ одамнинг торози палласидаги саодатли келажакка умид, мангу масъудлик иштиёқи, жаннат ҳаловати каби салмоқли қадоқ тошларни қўйинг — шунда сиз паллалар вазнини тенглаштирасиз. Ана унда камбағалнинг ҳиссаси бойники билан баробар бўлади.
Буни Исо масиҳ билган.
Сизлар зулматда ҳаёт кечираётган заҳматкаш, жабрдийда халқнинг қалбига унинг учун ҳозирлаб қўйилган бошқа, саодатли дунёга ишонч туйғусини сингдиринг.
У таскин топиб, сабр-бардош билан кута бошлайди. Умид кишини бардошли қилади.
Қишлоқларга инжил уруғини сочинг. Ҳар бир хонадонга Библия улашингки, ҳар битта китоб ва инжил уруғи сочилган ҳар қайси дала ҳамжиҳат бўлиб, меҳнаткаш одамнинг маънавий камолотига ёрдам берсин.
Бутун масала халқни маърифатли қилишга қаратилган. Инсонда жуда кўп туғма хайрли истеъдодлар мавжуд. Бу истеъдодлар ривож топиб, яхши маҳсул бериши учун, сиз одамга эзгу фазилатнинг нақадар мунаввар ва муборак эканлигини кўрсатинг.
Одам қотиллик қилди, лекин агар унга яхши раҳнамолик қилинганда, у жамиятнинг фойдали аъзосига айланган бўларди.
Халқнинг саводини чиқаринг, уни тарбияланг, маърифатли қилинг, онгига ахлоқ-одоб тушунчаларини сингдиринг, ундаги мавжуд лаёқатни керакли томонга йўналтиринг, ана унда одамларнинг бошини кундада чопишингизга важ қолмайди.
Қодир Мирмуҳамедов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 2-сон