Паромчи Филипп Тюрин радиодан сўнгги ахборотни охиригача эшитиб бўлгач, анча вақтгача дастурхон устида миқ этмади.
– Нимага тинч ўтиришмайди-а, – деди жаҳл билан.
– Яна ким ғашингга тегаяпти? – сўради дўриллаган овоз билан қўллари эркакларникидай бақувват, баланд бўйли кампири.
– Бомба ёғдираяпти! – радиокарнай томонга қош учирди Филипп.
– Кимнинг устига?
– Въетнамликлар устига-да.
Кампирга чолининг сиёсатга қизиқиши ёқмас, ғашини келтирар, баъзида шу бемаъни сиёсатни деб иккиси жиғиллашиб қолган вақтлари ҳам бўлган. Аммо ҳозир кампирнинг уришишга ҳуши ҳам, вақти ҳам йўқ эди. У бозорга шошилаётганди.
Филипп паромга бориш учун иссиқроқ кийиниб олгач, диққатини жамлаб жиддий ҳолда уйдан чиқди. У анчадан бери, урушдан қайтгандан буён паромчи бўлиб ишлайди. Урушда бошидан яраланган, шунинг учун ҳам энгашиб ишлайдигани – ўз касби дурадгорликка ярамаслигини билиб паромчиликни танлаганди.
Сентябрнинг охирлари эди, ёқимсиз совуқ шабада эсарди, оёқ остидаги ер билчиллаб ғашга тегади. Қишлоқ дўкони ёнида ўрнатилган радиокарнайдан шамол тонгги жисмоний тарбия мусиқаси садоларини юлқиб олиб келади. Қишлоқни чўчқаларнинг чийиллаши-ю хўрозларнинг қичқириғи тутиб кетган.
Йўлда учраган қишлоқдошлари Филипп билан бошини қимирлатиб саломлашар, улар нон олиш учун дўконга ёки бозорга бориш учун автобус бекатига шошилишарди. Филипп уйидан паромгача бўлган бу йўлни эрталаблари ҳеч қандай ўй-хаёлларсиз босиб ўтишга ўрганиб қолган эди. Тўғри, у хаёлга бериларди, лекин ҳозиргидай паром ҳақида ёки бугун кун бўйи кимнидир тарбиялаб қўйиши ҳақида эмас. Бугун ҳаммаси тушунарли. У ҳозир қандай қилиб америкаликларни уруш қилмай тинчитишни ўйлаб борарди. Бир нимага ҳайрон бўлса-да, аммо ҳеч кимдан сўрамайди: нима учун, уларни ракеталаримиз билан туртиб қўйиш мумкин эмас? Ахир икки кунда ҳаммасини ҳал қилса бўлади-ку. Филипп ёшлигидан жуда уддабурон эди. Янги ҳаёт тарзига осонгина кўникди, колхозлаштириш даврида ғайрат кўрсатди… Ҳеч ким билан муштлашмасди-ю, аммо кўп баҳслашар, бақирар… иккиланганларни ишонтирар, ҳаяжонланарди. Коммунист эмас эди, раҳбарлар бу хусусида негадир гап очишмаган бўлса-да, Филипп билан доим ҳисоблашар, у эса сидқидилдан ёрдам бериб юраверарди. Унингсиз ишлари битмаслигини ўйлаб Филипп ич-ичидан ғурурланиб қўярди. Масалан, унга сайловолди компаниясида келган масъул кишилар билан қишлоқ кенгашида сайловни қандай ўтказиш тўғрисида маслаҳатлашиш ёқарди. Кимнинг уйига овоз бериш қутисини олиб бориш керак, ким ўзи келади, фақат эрталаб бориб хабардор қилинса, бас… Баъзан сайловчилар орасидан қайси бири қайсарлик қилиб: “Улар менга ўтинимни олиб келишга от бериб туришадими?!” деса, Филиппнинг бундан тепа сочи тикка бўларди. “Ҳой Егор, – дерди шунда у, – ахир бу нима деганинг. Буни сайловга тенглаштириб бўларканми?! Гапингни қара-ю..! Бу ерда сиёсий масала кўндаланг турса, сен отни нимага тиқиштирасан, бузоқни ғунажин билан чалкаштирасан”.
Қишлоқ бўйлаб баҳс, тортишувлар елдай кезарди. Филипп билан ҳам одамлар жон деб баҳслашишар, аммо ундан гина қилишмас, аксинча, дардини тўкиб сочишар ва “Сен уларга етказиб қўй” дея тайинлашарди. У эса вазиятнинг муҳимлигини ҳис қилар, ҳаяжонланар, ташвиш чекарди. “Эҳ одамлар! – деб ўйларди улкан ишлар оғушида куйиниб. – Уйқусираган каллаварамлар! Йиллар ўтган сайин Филиппнинг ғайрати сўна бошлади. Миясига бир фикр келди: “Бас!” Энди унинг ҳаяжонланиб, бундай ташвишлар ортидан югуришга кучи етмайди. Лекин ҳамон жамоат ишлари, жамиятнинг муҳим масалаларини юрагига яқин олар, хавотирланарди.
Дарёда ёқимли шабада эсарди.Беозор урилади, туртади. Арқонлар шамолда силкиниб ғувиллайди. Лекин яхшиямки, қуёш кўриниб сал кўнгли ёришди.
Филипп паромда у ёқдан бу ёққа сузди, энг шошқалоқ йўловчиларни ўтказиб бўлгач енгил тин олди. Асаббузарлик тўхтади. Филипп яна америкаликлар ҳақида хаёлга берилганда, баянни варанглатиб тўйчилар келиб қолишди… Замона зайлини қаранг –енгил машиналар рангдор тасмалар, пуфаклар билан безатилган.
Қишлоққа ҳам шу нарса урф бўлиб кириб келаяпти. Учта машинада келишди… Тўйчилар қирғоққа тушишди. Ширакайф, сершовқинда ўзини жиндай кўз-кўз қилиб мақтанишга мойил тўда. Янгича урф, машиналарда. Боз устига улар тасмалар билан билан безалган бўлса-да, бунақа тўйлар ҳали камчил қишлоқда, ҳамманинг ҳам енгил машина топишга қурби етмайди.
Филипп тўйни қизиқиш билан кузатди. Бу одамларни танимайди – бу ерлик эмас улар, афтидан қаергадир меҳмонга кетишаётган кўринади. Шляпали бир одам ҳадеб қийшангларди. Бу машиналарни ўша топган чоғи. У тўй тўйдай бўлсин деб тинимсиз чиранарди. Баянчини куй чалишга қистаб, ўзи биринчи бўлиб ўйинга тушди. У бургутдек ўткир кўзларини ҳаммага тикиб, бақир-чақир қилиб оёқларини дўпирлатарди. Фақат унинг бу қилиқларига қараш ноқулай ва уятлироқ. Келин ва куёв ҳам ўзларини ноқулай сезишар, чунки улар бошқаларга нисбатан ҳушёрроқ эдилар. У ҳарчанд ирғишламасин, ҳеч нарсага эришолмади, унинг бу сохта қувноқлиги ҳеч кимга юқмади ва чарчаб қолди…
Паром сузиб ўтди, машиналар қирғоққа чиқди. Тўйчилар жўнаб кетишди. Филипп эса ўз ҳаёти ҳақида ўйга толди. Унинг уйланиши бунақа бўлганди. Уларнинг қишлоғида Марья Ермилова деган сулув қиз бор эди. Кулча юз, ёноғи қизил, ширин сўз… Силлиққина, кўзни қувнатарди. Бундай гўзал қаллиқ ҳақида фақатгина орзу қилиш мумкин эди. Филипп уни жуда ҳам севар, Марья ҳам уни севарди. Лекин тўй бўлиши арафасида…
Филипп комсомоллар билан алоқадор эди… ўзи комсомол эмас эди-ю, лекин улар билан бирга юрар, қичқирар, суришишарди. Филиппга комсомолларнинг қишлоқ қариялари раъйига қарши чиқиши ёқарди. Мана қандай бўлганди: замонасоз ёшлар черков никоҳига қарши кўтарилди. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеа… Қариялар бирон нарса қилолмас, ғазабланар, қўлига хивчин олиб, гарчи хивчин билан ҳали оғзидан сути кетмаганларнинг эсини киритолмасалар-да, қайтанга баттар уларнинг қаршилигига дуч келишарди. Қувноқ дамлар эди. Филипп ҳам худди шундай, черковда никоҳдан ўтишларига қарши эди. Марья эса черковда никоҳдан ўтишга қарши эмасди. Марьянинг ота-онаси бир сўзли эдилар, унинг ўзи ҳам охири черковда никоҳдан ўтамиз деб қайсарлик қила бошлади. Филипп оғир аҳволга тушиб қолди. У турли гаплар билан Марьяни аврай бошлади, (гапга чечанлик қишлоқда камёб ҳол, балки Марья уни шу учун севиб қолгандир) ишонтирмоқчи бўлар, қишлоқча кўрсаводликни ёмонлар, ҳар хил мақола ва фельетонлардан парчалар ўқиб берар, юраклари эзилиб тишларини ғижирлатарди.
Марья эса ҳеч нарсани эшитгиси келмас, черковда никоҳдан ўтамиз, тамом, дея бир гапда туриб олган эди. Филипп ўтмишини ўйларкан, ўшанда жудаям аҳмоқона хатога йўл қўйганини тушунди. Ўшанда йўллари айро тушди, ажралишди. Филипп кейинчалик ҳам ўзгармади, қилган ишига афсусланмади, ҳозир ҳам афсусланмайди, ахир қўлидан келганча янги ҳаётни қуришда қатнашди. Бироқ Марьяни қўмсарди.
Бир умр юрак-бағри қон бўлиб йиғлаб, эзилиб яшади. Бирор кун йўқ эдики, у Марьяни эсламаган бўлса. Бошида шунақаям оғир эдики, ҳатто ўзини бир бало қилмоқчи ҳам бўлувди. Йиллар ўтса ҳам юрагидаги дард аримади. Энди оиласи бор – янги фуқаролик қонуни бўйича хотини билан никоҳдан ўтган. Серфарзанд. Юрак эса ҳамон ўртанар, Марьяни деб ўртанарди. Хотини Фекла Кузовникова Филиппдаги бу доимий ғамни сезиб қолгандан буён эрини кўрарга кўзи йўқ. Ва бу теран нафрат аёл қалбида у билан бирга яшаб келмоқда. Филипп эса хотини Феклани ёмон кўрмасди… йўқ. Аммо-лекин, масалан уруш пайти “Сизлар ўз оналарингиз ва хотинларингизни ҳимоя қилаяпсизлар…” – дейишганда у Феклани эмас, хаёлан Марьяни кўз олдига келтирарди. Агар ҳалок бўлганида ҳам Марья ҳақидаги хаёллар билан ҳалок бўларди. Йиллар ўтса-да, ишқ дарди уни тарк этмади. Бироқ юрагини ёндирган олов аввалгидек– эндигина уйланган йилларидагидек ўртамас эди, албатта. Тўғри, ўшанда бир оз камгап бўлиб қолди. Барибир, тарғиботни сусайтирмасди. Аммо гапирганда, ўзининг аччиқ ўй-хаёллари таъсирида, хаёлотидай гапирарди. Гоҳо ўй суриб қолар, бирдан нимадир эсига тушиб, яна одамларни янги ҳаётга ишонтирмоқ ниятида, уларнинг ғафлат босган кўзларини очмоқчи бўларди. Марья эса…
Марьяни ўшанда қишлоқдан олиб кетишди. Унга қандайдир сўтак (қандайдир эмас, Филипп у билан кейинчалик кўп бора юзма-юз келди) бойвачча Краюшкин қишлоғидан совчи жўнатди… келишди, унаштиришди ва олиб кетишди.. Албатта, черковда никоҳ ўқилди. Орадан бир йил ўтгач Филипп Марьянинг эри Павелни учратиб қолиб:
– Виждонинг қийналмадими?.. Черковга боришга… – дея уни сўроққа тутди.
Павел ўзини ажаблангандек кўрсатиб:
– Нега виждоним қийналиши керак? – деди.
– Қарияларнинг йўриғига юриб, никоҳ ўқитдингми?
– Уларнинг йўриғи билан эмас, – деди Павел. – Мен ўзим шуни хоҳладим.
– Мана шунинг учун ҳам сўраяпман-да, – деди ўзини йўқотиб Филипп. – Виждон қийналмадими? Қарияларни тушуниш мумкин, аммо сизлар-чи?.. Ахир, бу ҳолда ҳеч қачон қоронғуликдан чиқа олмаймиз-ку!
Бунга жавобан Павел сўкинди.
– Тошингни тер! – деди-да, бошқа гапиришни истамади.
Бу учрашувдан Филипп шуни сездики, Павелнинг нигоҳида унга нисбатан яширин нафрат, ҳаттоки азобланиш акс этиб турибди. Нималарнидир англашга ҳаракат қилди, ҳеч нарсани тушунмади. Кейинчалик гап чиқди: у Марья билан яхши яшамаётганмиш, аёл доимо ғамгин эмиш…
Филиппга фақат шу етмай турувди; эски дарди янгиланди, ичкиликка берилди, аммо кейинчалик ичкиликни ташласа-да, лекин доимо ўзи билан ўша илон чаққандай оғриқни олиб юрди. Илон эса чақаверар, чақаверарди, унинг эса чидашдан бошқа иложи йўқ. Машиналарда келган келин-куёвнинг тўйи унга мана шунақанги ғамгин хотираларни эслатди. Шу хаёллар оғушида у яна у ёқдан бу ёққа бориб келди, тушликда бир стакан ароқ ичишим керак, деган фикр ўтди хаёлидан. Шамол суяк-суягидан ўтиб, негадир кўнгли ғашлана бошлади.
“Яна икки марта бориб келаман-да тушликка чиқаман” – қатъий қарор қилди Филипп. Бегона қирғоққа яқинлашганда (Филипп ўз қишлоғи томондаги қирғоқни ўзиники, нариги қирғоқни бегона деб атарди) усти ёпиқ машина ҳамда унинг атрофида тумонат одам кўринди. Бу қанақа машина эканлигини, унда майитни олиб келишаётганини синчи нигоҳлари билан ўқиб билди. Одамлар майитни ҳар доим шу ҳолда олиб келишарди. Паромга келгач ҳаммалари машинадан тушишар ва қирғоққа келиб дарёга жим қараб туришарди. Буни тушунса бўларди.
“Кимни олиб келишаётган экан?” ўйлади Филипп, одамларга нигоҳ ташлаб, – дарёнинг юқорисидаги қайсидир қишлоқдан шекилли, чунки яқинроқдаги қишлоқлардан кимнингдир қазо қилганини эшитмаган эди. Лекин нима учун бошқа ердан олиб келишаяпти? – Ёки уйида ўлмагану, дафн қилиш учун қишлоғига олиб келишаяптимикин?”
Паром қирғоққа етгачгина Филипп тик турган одамлар ичида Павелни – Марьянинг эрини таниди. Ва бирдан кимни олиб келишаётганини англади. Марьяни олиб келишаётганди… Ёз бошланган кунларида Марья шаҳарда турадиган қизиникига бораётган чоғда Филипп у билан учрашгани ёдига тушди. Паромда қирғоққа сузиб ўтгунча гаплашишганди. Марья шаҳарда қизи туққанини, у қизига ёрдам бериш учун кетаётганини айтганди. Ширин суҳбат қуришганди. Марья ўшанда ёмон яшашмаётганини, уч нафар фарзандиям уйли-жойли бўлиб кетганлигини, ўзи нафақа олаётганини, Павел ҳам нафақа олаётгани-ю, аммо уйда ҳалиям дурадгорлик қилаётганини айтиб ўтганди. Мол-ҳолни унча кўпайтиришмаган бўлса-да, аммо ҳамма нарса етарли эканини, курка боқаётгани, ўтган йили уйларини қайта таъмирдан чиқаришда шаҳардан фарзандлари келиб ёрдам берганини ҳам гапирганди.
Филипп ҳам ҳамма нарса етарли эканини, нафақа олаётганию соғлиги дурустлигини, фақат об-ҳаво ўзгаришига қараб боши сал-пал оғриб туришини айтиб кўнглини юмшатганди. Марья эса негадир юраги безовта қилиб туришини айтганди. “Баъзида ярим тунлари юрагим илкис сиқувга олиб, қаттиқ оғриб қоладики, йиғлагудай бўласан”, – деганди ўшанда Марья.
Мана, охири куни битибди-да, Марьяни… Филипп Павелни таниган заҳотиёқ “оҳ” деб юборди ўз-ўзига, вужудига ўт туташди. Паром қирғоқда лиққиллаб қолган ускунага бориб урилди. Қирғоқдаги занжирни олиб, илгакка илдирди. Биринчи усти ёпиқ машина олдинги ғилдираклари билан чиқа бошлади, паромдаги ғўладай ёғочлар қисирлар, гоҳо ғичирларди. Филипп худди сеҳрлангандай эшкак ёнида қотиб турар, машинадан кўз узмасди. Худойим, Худойим, Марьяни олиб келишаяпти, Марьяни…
Филипп ҳайдовчига машинани паромга қандай қўйиш кераклигини тушунтириши лозим эди, чунки орқадан яна иккита машина бир-бирига тиралиб турарди, у эса худди қоққан қозиқдек жойидан қимирламас, ҳамон машина юкхонасига тикилиб турарди.
– Қаерга қўяй? – қичқирди ҳайдовчи.
– А?..
– Қаерга қўяй деяпман?
– Қўявер…
Филипп қўлини ноаниқ силтади. У ҳалиям жонсиз Марьяни олиб келишаётганларини тасаввурига сиғдира олмас эди. Фикрини йиғиб ололмай боши тошдай қотганди. Гоҳо Марья билан паромда гаплашиб кетишаётгани, турмушидан мамнунлиги, гоҳо эса унинг қизлик маъсум дамлари кўз ўнгидан ўтарди. Ё Худойим , ё Худойим… Марья… Наҳот бу сен бўлсанг?
Ниҳоят Филипп оёқларини аранг жойидан силжитиб Павелга яқинлашди. Павелни турмуш букиб қўйганди. Юзлари ҳали сўлмаган, тийрак ва маънодор бўлса-да, аммо қадди дол эди. Ақлли кўзларида мусибат ва сабот зоҳир.
– Павел…нима бўлди? – сўради Филипп.
Павел зимдан секин қаради, аммо нимани сўраётганини тушунмади, шекилли, нигоҳини яна пастга, паром тахталарига қадади. Қайта сўраш Филиппга ноқулай туюлди… У яна эшкаги ёнига қайтиб келди. Қайтаётиб ёпиқ машинанинг орқасидан ўтаркан қаради – тобут. Зумда юрагига оғриқ кирди, фикри равшанлашди: ҳа, бу – Марья.
Паромда сузиб кетишди. Филипп ихтиёрсиз эшкак эшиб бошқарар, хаёл сурарди: “Марья, Марьягинам”… Дунёдаги энг азиз одами у билан охирги марта сузиб бормоқда… Ўтган ўттиз йил давомида, паромчи бўлиб ишлаётгандан буён Марьянинг неча марта у ёқдан бу ёққа сузиб ўтганини аниқ биларди. Асосан болаларининг ҳолидан хабар олгани шаҳарга тушарди: гоҳо ўқиши, гоҳо ишга жойлашиши деб, гоҳо эса набиралари туғилганда… Мана энди – Марья йўқ. Паром қирғоққа етиб келди.
Яна занжирлар шарақлаб, машиналар мотори гувилларди. Филипп эса эшкаги ёнида турганча усти ёпиқ машинага тикиларди. Ақлга сиғмайди. Марья ўлиб қолса нима бўлади деб сира хаёлига келтирмаган. Ақалли, бир марта ҳам ўйлаб кўрмаган. Унинг ўлимига тайёр эмас эди. Усти ёпиқ машина жўнаб кета бошлаганда Филипп кўкрагида чидаб бўлмас оғриқни ҳис қилди. Ўй-хаёлини “нима қилишим керак?” деган безовталик чулғаганди. Ахир ҳозир марҳумани қабристонга олиб кетишади. Бутунлай. Уни шу кўйи, нигоҳи билан кузатиб қолаверадими? Бу қандай гап? Безовталик вужудини чирмади, у эса жойидан қимирлай олмас, лаҳза сайин ўзини йўқотиб борарди.
“Ахир видолашишим керак эди-ку!” – машина йўлга чиқиб олганда ўзига келди ва буни тушуниб етди. – “Ҳеч бўлмаса, видолашай-да!.. Ҳеч бўлмаса, охирги марта бир кўрай. Тобутнинг қопқоғини ҳали ёпишмаган, кўриш мумкиндир, ахир”. Филиппнинг назарида, унинг ёнгинасидан Марьяни олиб ўтаётган анови одамлар, бунақа иш тутмасликлари керак эди. Нима, олиб ўтишди – тамомми. Агар бу кимнингдир мусибати бўлганда ҳам… ҳаммадан кўпроқ бу унинг – Филиппнинг ғам-қайғуси-ку! Тобутда Марья ётибди, ахир.. Улар уни қаёққа?..
Филиппнинг ёдига у яшаб ўтган оғриқли ҳаётдаги вақт йўқотолмаган, унутиш мумкин бўлмаган энг азиз нарсалар ёпирилиб кела бошлади. Ўтган бутун умри, энг асосийси, энг кераклиси, нима учун яшаган бўлса, кўз олдида турарди… У йиғлаётганлигини ҳам сезмаётган эди.
Тобут ортилган машина ортидан кўз узолмади. Машина юқорига кўтарилиб муюлишга етгач бурилиб кўздан ғойиб бўлди. Мана энди унинг ҳаёти қандай кечади? Ахир у ер юзида Марья борлигига ўрганиб қолганди. Кўнгли ўксиган, ғамзада бўлган дамлар – у Марьяни эслар ва ўзини сағир эмасдай ҳис этар, у билан дунё тўлиб турарди. Энди-чи, энди нима бўлади? Э Худо, усиз ҳаммаёқ ҳувиллаб қолади: бўм-бўш, қандай оғир-а?
Филипп паромдан отилиб тушди; бахтига сўнгги машина нимагадир жилмай турарди. Филипп ҳайдовчининг ёнига келди-да:
– Усти ёпиқ тобут олиб кетаётган машинани қувиб ет, – деди ўтинч билан кабинага чиқиб оларкан.
– Нега? Нима учун?
– Шундай қилмасанг бўлмайди.
Ҳайдовчи елка учириб, бошқа гап қотмай машинани жилдирди. Қишлоқ оралаб кетишаётганда эса у Филиппга бир неча бор синчков назар ташлади.
– Булар Краюшкинларданми? – дея сўради ҳайдовчи боши билан олдинда секин илдамлаётган машина тарафга имо қилиб.
Филипп секин бош ирғади.
– Қариндошингми? – яна сўради ҳайдовчи. Филипп бу гал чурқ этмади.
У ҳамон усти ёпиқ машина ортидан кўзларини тикиб борарди. Кузовнинг орқа тахтаси туширилган юкхона ўртасидаги тобут кўриниб турарди. Тобут атрофида ўтириб олган одамлар бирдан ўзи учун ҳам, мана бу тобут учун ҳам бегона туюлди. Қайси урфга биноан улар у ерда ўтиришибди? Ахир, тобутдаги Марья-ку.
– Қувиб ўтайми? – сўради ҳайдовчи.
– Қувиб ўт… Ва мени тушир.
Машинани қувиб ўтишди. Филипп кабинадан тушди ва қўлини кўтарди. Шунда юраги қинидан чиққудай бўлиб ўйнаб кетди, худди назарида, ҳозир нимадир юз беради ва ҳаммага, Филиппга ҳам бир сир – аслида, Марья унинг кими бўлгани ошкор бўлади-қолади.. Машина тўхтагандан сўнг нима воқеа юз беришини ва қандай сўзларни тўкиб-сочишни билмасди. Марьяни эса жудаям кўргиси келарди. Бу унинг учун ҳамма нарсадан муҳим ва зарур эди. Марья шундай кетаверадими, ахир унинг – Филиппнинг умри ҳам ўтиб бўлди, кўнглига яқин одам ҳам қолмади.
Машина тўхтади. Филипп орқа томонга ўтди… Қўллари билан орқа тахтани ушлаб, оёғини темир нарвончага қўйиб кузовга чиқиб олди.
– Павел, – деди ўзи кутмаган ялинчоқ овозда (у бундай ялинчоқ овозда гапирмоқчи эмас, ўзи ҳам кутмаган эди) – У билан видолашишимга изн бер. Ҳеч бўлмаса, бир бор кўрай, оч.
Павел ўрнидан кескин қўзғалди ва тўғри унга қараб юрди. Филипп унинг бўздай оқарган юзини кўришга улгурди. Заҳилланган юзлар, боя ғамга тўлиб турган кўзлари туйқусдан чақчайиб кетди, бирдан ғазабга тўлди.
– Кет, бу ердан! – секингина, аммо кескин буюрди Павел ва Филиппнинг кўкрагига туртди. Филипп буни кутмаган эди, мункиб кетди, кузовни маҳкам ушлаб қолмаганда…
– Кет!! – қичқириб юборди Павел. Ва яна уни туртди, бу гал қаттиқроқ туртди. Филипп бор кучи билан тахтани маҳкам ушлаб турар, Павелга қарар ва уни таний олмаётганди. Ва ўзи ҳам ҳеч нарсани тушуниб етмасди.
– Ҳой, сизларга нима бўлди? – машинадагилар қўзғалишди. Бир йигит, Павелнинг ўғли бўлса керак, дарров отасини елкасидан ушлаб нарироққа тортди. – Сизларга нима бўлди?
– Кетсин? – яна ғазаб билан ўкирди Павел. – Кетсин у бу ердан! Мен унга кўрсатиб қўяман кўришни. Судралиб келганини қаранг илонни! Жўна! Жўна! – Павел жойида тепинар ва аламдан шайтонлаб қолганди.
Филипп машинадан тушди. Шундагина Павелдан нима ўтганлигини тушунди. Барибир, пастда туриб ҳам унга ғазаб билан тикилди. Ўзи англамаган ҳолда нималарнидир гапира бошлади. Бу сўзларни бир умр юрагида тугиб юрган кўринарди.
– Нима, ачидими?… Бировникини тортиб олиб, … энди ачиняптиларми. Ўшанда қувонган эдинг-ку?…
– Сен-чи, қувонмаганмидинг! – деди кузовдан туриб Павел, – мени билмайди дейсанми, қанчалар қувонганингни!
– Бошқаларнинг бахти эвазига қурилган ҳаёт, мана қандай бўларкан, – давом этди Филипп, унинг тепадан нима деяётганига эътибор бермай. Муҳими, юрагида борини айтиб қолмоқчи бўларди. – Ҳузур-ҳаловатда яшайман деб ўйлаганмидинг. Йў-ўқ, унақа бўлмайди. Мана энди кўриб турибман, буларнинг ҳаммаси сенга қанчалик қимматга тушганини…
– Ўзинг-чи, ашула айтиб юрдингми? Сен-чи.. Ўзинг… Ўзингни ҳам эгиб ташлабди-ку! Яхши яшаганингда эгилармидинг?
– Ўшанда қувонгандинг. Мана – қувониб бўлдинг… Тиланчи! Ҳа, тиланчисан!
– Ҳой, нима қилаяпсизлар?!. – жаҳл билан деди бояги йигит. – Эсдан оғиб қолдиларингми? Топган вақтларингни-чи!
Машина жўнаб кетди. Павел яна бир бор бақиришга улгурди:
– Мен тиланчиманми? Сен эса бир умр дарвозадан киролмаган итга ўхшаб ғингшиб ўтдинг! Мен эмас, сен тиланчисан!
Филипп секин ортига қайтди.
“Марья, – ўйларди у, – эҳ, Марья, Марья… Мана қандай қилиб ҳамманинг қанотини қирқиб ташладинг. Иккита аҳмоқ – роса ҳурдик… Аслида-ку, иккаламиз ҳам тиланчимиз, Павел, сен кўпам акиллайверма. Агар сен гадой бўлмасанг, нега бунча ғазабланасан? Нима кераги бор ғазабланишнинг? Ёшликда бахтнинг бир бўлагини ушатиб олгандинг, хурсанд бўлиб яшайвермайсанми? Аслида сен ҳам қувонч нималигини билмай ўтдинг. Сени у севмасди-да, мана, ичингдаги ғам бўғзингдан тошиб чиқди. Ўшанда тортиб олмаслик керак эди. Келдинг, олдинг, кетдинг!.. Хурсанд бўл”.
Алам қилди Филиппга… Энди алам ёнига Марьяга бўлган гинахонлик ҳам қўшилди. Марьяга хаёлан мурожаат қилди: “Сен ҳам ўзингга ярашасан, кутиб туролмадинг, чопдинг Краюшкинга қараб, фойдаси бўлмаса ҳам. Чидамасанг чиллак ур”.
– Ҳаммаси тугади, остин-устин бўлди,– дея ўзича ўйлади Филипп. – Энди бир амаллаб судралиб умргузаронлик қилишу, унинг ортидан бу фоний дунёдан кетиш қолди.
Шамол анча пасайди, осмон очилди, қуёш нур сочса-да, илитмайди. Атроф қандайдир шип-шийдам ва совуқ. Куз бўлгандан кейин иссиқ қаёқдан ҳам бўлсин?
Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 9-сон