Биз янги полигонда учинчи кун қазиш ишлари билан машғул эдик. Ҳар кимнинг ўз қудуғи бўлиб, уч кун ичида нари борса ярим метр чуқур кириб борардик. Ҳали музликкача ҳеч ким етиб бормаганди. Фақат бизнинг бригада ишларди. Ҳамма гап ёмғирда эди. Ёмғир бўлса, уч кундирки, эзиб ёғяпти. Ёмғир бир соатдан бери ёғяптими, бир ойдан берими, тошли тупроқда билиб бўлмасди. Бизга қўшни бригаданинг ишини аллақачон тугатиб уйга олиб кетишган, чунки у ўғрибошилар бригадаси эди-да. Ҳатто ҳасад қилишга ҳам ҳолимиз қолмаганди. Чўққисимон, бесўнақай ўнбоши йигит намиқиб кетган катта брезент ёмғирпўшида кам кўринарди. Орқамиздан қамчидай савалаб турган сув қамчиси – ёмғирга бошлиқлар катта умид боғлашганди. Биз аллақачон шалаббо бўлиб кетгандик. Ички кийимимизгача дея олмайман, негаки бизда ички кийимнинг ўзи йўқ эди. Ёмғир ва совуқ бизни ишлашга мажбур этарди – бошлиқларнинг яширин, жўн мўлжали шундай эди. Лекин ишга нафратимиз ундан-да кучли эди ва ҳар кеч ўнбоши сўкиниб, лаънат ўқиб, белги қўйилган ёғоч ўлчагичини қудуққа тиқарди. Лагердаги таниқли маълум бино – “қўзиқорин” тагига паналаган соқчининг икки кўзи бизда бўларди.
Бизнинг қудуқдан чиқишимиз мумкин эмасди – шартта отиб ташлашарди. Қудуқлар орасида фақат бригадиримиз юриши мумкин эди. Бир-биримизга баланд овозда гапиришимиз ҳам мумкин эмасди – бунга ҳам чора битта: отиб ташлаш. Қуриб қолган дарё қирғоғи ёқалаб чўзилиб кетган қатор қудуқларда ярим белгача тошлоқ чуқурларда тишни тишга қўйиб жимгина туришга мажбур эдик.
Тун бўйи бушлатларимизни қуритишга улгурмадик, гимнастерка ва шимларимизни эса кечаси танамизда иситдик ва деярли қуритишга улгурдик. Мени – оч, қаҳрли одамни дунёда ҳеч нарса ўзини ўлдиришга мажбур этолмаслигини билардим. Худди шу онларда ҳаётнинг буюк ҳис-туйғуси моҳиятини – инсонга олий даражада берилган хусусият-сифатни тушуна бошлаган эдим. Мен отларимизнинг ҳолдан тойгани ва ўлганини кўрдим – буни бошқача ифодалай, бошқа феъллардан фойдалана олмайман. Отларнинг одамлардан ҳеч фарқи йўқ эди. Улар Шимолдан, бениҳоя оғир ишдан, ёмон озиқдан, калтаклардан – гарчи калтакни одамларга қараганда минг бор кам еса ҳам, ўлиб кетарди. Охири мен энг муҳим нарсани тушуниб етдим: инсон яратганнинг бандаси бўлгани, қўлларида моҳир бармоқлари борлиги учун, инсонга айланмаган. У барча ҳайвонлардан кўра жисмонан кучли, чидамли бўлгани боис кейинчалик ўзининг маънавий қудратини жисмоний қувватига хизмат қилдиришга мажбур эта олган.
Қудуқда туриб шулар ҳақида юз мартача ўйлагандирман. Ўзимни ўлдирмаслигимни билардим, негаки жонга қасд қилиш нималигини бошдан ўтказгандим. Яқинда мана шундай, фақат бундан чуқурроқ қудуқда баҳайбат тошни йўнгандим. Бу ваҳимали зил-замбил нарсани бир неча кун авайлаб тарашладим – шоирлар айтмоқчи, нафис бир ҳолатга келтирмоқчи бўлгандим. Чиндан-да, бу ажойиб ният эди, эстетика қоидаларига ҳам мос келадиган ҳодиса бўларди. Тош ағдарилиб тушиши ва оёғимни мажақлаши керак эди. Бир умр ногиронлик нашъасини сурардим-да! Бу эзгу орзу тагида ўзига яраша ҳисоб-китоб ётарди: чўкични секин қайиришим билан тош босиб, оёғимни янчиб кетадиган жойни ҳозирлаб қўйган эдим. Белгиланган кун, соат ва дақиқа ҳам етиб келди. Ўнг оёғимни осилиб турган тош тагига қўйдим, босиқлигим учун ўзимни ичимда мақтаб, қўлимни кўтардим ва тош ортидаги чўкични пишангдек қайирдим. Тош девор бўйлаб мен олдиндан чамалаб қўйган жойга ваҳимали сирғалиб туша бошлади. Шунда оёғимни қандай тортиб олганимни ўзим ҳам билмайман. Минг қилса ҳам қудуқ тор эди, бир оёғим эзилди. Икки жойи кўкарди, уч жойи шилинди – обдон тайёргарлик кўрган ишимнинг натижаси шу бўлди.
На аъзои баданимга шикаст етказишга, на ўзимни ўлдиришга яроқсизлигимни тушуниб етдим. Катта омадсизликдан кейин кичик омад келишини, катта омадсизлик палласи тугашини кутишдан ўзга чора қолмади. Яқин омад иш кунининг охирида, уч қошиқ иссиқ шўрвада эди, шўрва совуқ бўлса ҳам уни темир печкада иситиб олса бўлади, қозончам, бир литрлик консерва банкам бор. Папиросни, тўғрироғи, қолдиқни навбатчимиз Степандан сўрарман. Аъзои баданим ивиб, шалаббо бўлсам ҳам, миямда икир-чикирлардан иборат катта масалалар айланар, ўзим ниманидир кутар эдим, лекин вазмин, хотиржам эдим. Бу мулоҳазаларим шунчаки миямнинг машқимиди? Йўқ, ҳеч ҳам-да, бунинг бари табиий эди, ҳаёт тарзи эди. Танам, демакки, мия ҳужайралари керакли озиқ ололмаётгани, мия анчадан буён оч-наҳор ва ақлдан озиш, эртага склероз ва яна алланималарга дучор бўлишини тушунардим. Узоқ яшамаслигимни, склерозгача бориб етмаслигимни ўйлаш кўнгилли эди. Ёмғир ҳамон қуярди. Кеча бизнинг ёнимиздан, соқчининг бақиришига эътибор бермай ўтган аёлни эсладим. Биз қўл силкиб, аёлга салом бердик. Уч йил ичида хотин зотидан биринчи кўриб турганимиз бу аёл кўзимизга чўғдай бўлиб кўринди. У ҳам бизга қўл силкитди, осмонни, унинг қайсидир бурчагини кўрсатиб, “Яқин қолди, йигитлар, яқин қолди! “ дея қичқирди. Шод-хуррам жавоб қайтардик. Мен уни бошқа ҳеч қачон қайтиб кўролмаган бўлсам-да, бизни тушунгани ва далда бергани учун яхши эслаб қолганман. Осмонни кўрсатар экан, у дунёни назарда тутгани йўқ эди. Йўқ, у фақат кўзга кўринмас қуёшнинг уфқ ортига ботаётганини, иш куни тугашига яқин қолганини айтмоқчи эди, холос. У Гётенинг тоғ чўққилари ҳақидаги сўзларини ўзича такрорлаётган эди. Бу оддий аёлнинг – қандайдир собиқ ва ё шу кунлардаги фоҳишанинг – бу пайтларда бу ҳудудларда фоҳишалардан бошқаси бўлмайди – донолиги, унинг катта қалби ҳақида ўй сурардим ва ўйларим ёмғир шитир-шитирига жуда ҳамоҳанг эди. Кулранг тош қирғоқ, кулранг тоғлар, кулранг ёмғир, кулранг осмон, кулранг йиртиқ кийимдаги одамлар – буларнинг бари майин, бир-бирига мос, муносиб эди. Буларнинг бари қандайдир якранг уйғунлик – ёвуз, иблисона уйғунлик эди. Худди шу пайт қўшни қудуқдан кучсиз қичқириқ эшитилди. Бу қўшним Розовский деган ёши катта агроном эди, унинг ихтисослигига оид бой билимлари врачлар, инженерлар, иқтисодчиларнинг билимлари сингари кераксиз эди. У мени отимни айтиб чақирди, мен олисда, “қўзиқорин” остида турган соқчининг таҳдидли ишорасига эътибор бермай, жавоб қайтардим.
– Қулоқ солинглар! – қичқирарди Розовский. – Қулоқ солинглар! Мен узоқ ўйладим! Охири тушуниб етганим шу бўлдики, ҳаётнинг маъноси йўқ экан… Йўқ экан…
Мен қудуғимдан отилиб чиқдим-да, Розовский соқчиларга ташланишга улгурмасдан ёнига етиб бордим. Иккала соқчи ҳам яқин келиб қолганди.
– У касал бўлибди,– дедим мен.
Шу пайт узоқдан ёмғирдан бузилган гудокнинг босиқ овози эшитилди-ю, биз сафга тизила бошладик.
Биз Розовский билан яна бир мунча муддат, у тепадан келаётган юкли вагонеткага ўзини ташлагунча, бирга ишладик. У ғилдирак тагига оёғини қўйганди, лекин вагонетка оёғи устидан сакраб ўтиб кетди, ҳатто шиш ҳам қолдирмади. Шундай бўлса-да, ўз жонига қасд қилганликда айблови билан жиноий иш очишди. Розовский судланди ва биз ажралишиб кетдик, нимага деганда суд бўлиб, ҳукм қилинган одам илгари ишлаган жойига ҳеч қачон қайтиб бормаслиги ҳақида қонун бор. Терговчию, гувоҳлардан қасд олишидан чўчишади. Бу бир ҳисобдан тўғри қонун. Лекин Розовскийга нисбатан бу қоидани қўлламаса ҳам бўларди.
Русчадан Сайди Умиров таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 5-сон