– Агар сен бошдан оёқ таътилингни ўша шумшук уруғларингга бағишлашни ният қилган бўлсанг, нима ҳам дердим… – дея елкасини қисди Валентина.
Темур хотинининг бу гапини эшитиб, бирдан кайфияти бузилди. У ичида Питер сафарига қарши далиллар ҳозирлаб ўтирган эди, лекин айни дамда уларни ўртага ташласа борми, бу ҳол тасодиф бўлиб, вақтинчалик ўчиб турган кўпдан-кўп қисмли оилавий можаро алангасига мой қуйиш билан баробар келарди.
Поезд уч кеча-ю уч кундуз юрди. Темур жануб томонга кетадиган йўлни булутлар, лип-лип ўтиб турган манзараларга қараб кузатмоқчи бўлди. Ойнага қараб, об-ҳавонинг беқарорлигини билди, вагон деразаси ортидаги манзара эса фақат оқшомдагина алмашар эди. Онда-сонда учраб турган нимжон буталар, фақат жарликлар ва жилғалар бўйида кўм-кўк бўлиб яшнаб турган тол, жанғил ва cаксовуллар уни бундан ўн бир йил илгари қандай кузатган бўлса, худди шундай лоқайд қарши олаётган эди.
– Мана кўрасан, отам жуда хурсанд бўладилар, – деди Темур юқоридаги ўрнидан осилиб тушаркан. – Бир ҳафтада сенга ҳамма жойларни кўрсатаман, бутун шаҳарни айланамиз.
– Унинг нимасини ҳам айланардик… – уф тортди Валентина бодринг тўғраркан.
Ўзи туғилиб-ўсган қадрдон кўчаси кўзига анча кичрайган ва аллақандай ясама кўринди. У аста қийшайиб қолган тахта тўсиқлар ва анчадан буён оҳак кўрмаган деворлар ёқалаб кетди. Йўлида учраган кир-чир, қорайиб кетган болалар саломига негадир хотинининг олдида хижолат тортиб, унут бўлган тилда: “Ваалайкум салом”, дея алик олди.
Афтидан, ҳаммаси жойида эди, бироқ бу манзара кўзига аллақандай хира тортгандай кўринди. Агар бирор ҳовлининг кўча эшиги ним очиқ бўлса, унинг нигоҳи илгаригидай олазарак бўлмади: кўзи олис болалик чоғларидаги сингари ҳовлидаги сон-саноқсиз буюмлар – арава-ю велосипед рамаси, пластмасса машинка қисмлари сочилиб ётган, дами чиққан, бир ёни пуччайиб қолган резина коптокка тушмади, ҳар жой-ҳар жойи ўйдим-чуқур асфальт йўлдан кетаркан, шундоққина қаршисидаги девор ҳовлисига тош отганлари ёдига келди.
Темур уйларига яқинлашаркан, кўчаларида эски русумдаги “Запорож” ва “Москвич”лар, дўппи, чопон кийган одамлар кўплигидан ажабланди. Баъзилари белига белбоғ бойлаб олганди. Бир одам ўтирган жойидан турди, шунда Темур отасини таниди.
– Телеграммани олдингми? Баракалла, вақтида етиб келдинг. Самолётда келдингларми? Охирги пайтлар Хосият опангнинг мазаси бўлмай қолувди, боёқиш оғир дардга чалинган экан… – отаси шундай деркан, унинг яшил рангли кўзларига тўлган ёш юмалаб, оқ оралаган, соқоли олинмаган юзига оқиб туша бошлади.
Темур тўпланиб турган эркаклар билан сўрашди-да, аста ўтирғичга чўкди. Кимдир унга тўрт букланган дўппи узатди. Дарвоза олдида тўпланганлар жанозага ҳозирланди. Шу пайт Темурнинг назарида бу ерда яшаган вақтларидаги сингари олам бирдан кичрайди, гўё ана шу дунё абадиятни ўзига михлаб қўйгандай осмонга кўтариб очилган кафтларига сиғди ва ёппасига айтилган “Омин!” сўзларига итоат этиб, иссиқ тўлқин билан юзини силади. Орадан бирмунча вақт ўтиб, одамлар орасида машина ана-мана келиб қолади, гўр бўлса, ҳали қазилмапти, деган шивир-шивир қулоғига чалинди.
– Хотининг ичкарига кириб, аёлларга қарашсин, – деди отаси, Валентина индамай ичкарига йўналди.
Темур ҳовлида ака-опаларини учратди. Ажабланарлиси, мана, орадан шунча йил ўтибди-ю, улар кўзига ўша-ўша, бироқ жиддийлашгандай кўринди.
– Салом, Тима! Финални кўрдингми? – сўради Асқар. – Французлар бразилияликларни боплади-я.
У чой қайнатиладиган титан бак ёнида чўккалаб ўтирар, ҳар қўзғалганида бак остида ёниб турган ғўлаларни қимирлатиб юборарди.
“Агар жим ўтириб, қийшайиб кетган темир қопқоқни гулдуратган аланга ҳаётига назар солсанг, олов ўчоқ ичида туриб, вақтни қанчалик сездирмасдан ёндириб юбораётганининг гувоҳи бўласан…” Негадир унинг хаёлига шундай ўй келди. Аланга ғўланинг силлиқ кесигини ялар, чеккаларини шахд ва ғазаб билан чўққа айлантириб борарди. Бундай дақиқаларда ҳовлида бирор тантана ёки тўй важидан тўпланган меҳмонлар чой кутар, одамлар буғ пуркаган бак атрофида ўтирар, аксига олгандай, титан жим ва ҳаракатсиз кўринарди. Фақат катталарнинг: “Нима, ҳалиям чойдан дарак йўқми?” деган сўроғигина уни жонсиз ҳолатидан чиқаргандай бўларди.
– Ўшанда шарикни топувдингларми, ишқилиб? – деб сўради Темур теннис, бадминтон коптокчалари, ҳар хил ўйинчоқ аскарчалар, машинкалар уюми, тўғрироғи, мох босиб кетган шифер ёпилган бу ашёларнинг эски “қабристон”ига ишора қилиб.
Асқар тилини тақиллатди, “йўқ” маъносида бош чайқади.
– Тимурчик, салом! – Севара айвон зиналаридан югургилаб тушиб келди. – Ишлар қалай? Хотинингнинг расмини олиб келдингми?
– Унинг ўзи келди.
– Эсингдами, мен сенга қўлда палов ейишни ўргатганим? Ўшанда сен нега кафтимдан ош тўкилиб кетмаяпти, деб ҳайрон бўлгандинг.
Шу пайт ҳовлининг хотинлар юрган томонида Валентина кўринди. У ҳам бу ердаги бошқа аёллар сингари бошига рўмол ўраб олганди. Унинг қўлида тоғора билан чойнак бор эди, хотинининг дадил ҳаракатларига қараганда, у қўлидаги нарсаларини нима қилиш кераклигини яхши биларди.
Кўчадан йиғи овозлари эшитилди. Темур таъзия билдиргани яна бир гуруҳ аёллар келганини фаҳмлади. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас уч кампир, кўп ўтирганидан бўлса керак, қийшайиб кетган, ялтироқ, ғижим, қора маҳси кийган оёқлари билан лапанглаганларича шошилмай ҳовлига кириб келишди, уларнинг қўлларида дастурхонга ўралган тоғора бор эди. Темур ҳозир уларга рўпара келса, димоғида нордон исни туйган ҳолда ҳар бирининг шалвираб қолган ёноқларидан ўпиб қўйиши, ўзбекчалаб сўрашишига тўғри келиши, бу бувилар эса “айланай”, дея уни суйишини тасаввур қилди-ю, ўзини “лип” этиб уйга урди.
Бу ерда, узун хонтахта атрофида аммалари ўтирарди. У аммалари билан бир-бир кифт тутганича кўришаркан, кўзи Хосият опага тушди. Бир сония довдираб қолгандай бўлди, сўнг унга ҳам кифтини тутди.
– Хотинингга қойил қолдим! – дея мақтади Хосият опа. – Барака топкур, ётсирамай бирдай ёрдам беряпти, уриняпти. Ўзбекдан фарқи йўқ, бир келиндай хизмат қиляпти. Ўтир, чой ич. Уёқда онанг қандай, яхши юрибдими? Салом деб қўй. Биз уни унутмаганмиз, доим эслаб турамиз. Мана, поччанг сенга совға бериб юбордилар, – у қўлига тахлоғлиқ кўйлакни олиб, унга узатди. – Ол, кийиб кўр.
Кўйлак унга кичик келди, қаттиқ ёқа остидаги ёрлиғи бўйнини тирнади.
– Ҳечқиси йўқ, худди ўзингга атаб тикилгандай, кийсанг, ташлайди, – дея бошларини ирғади аммалари.
Темур одоб юзасидан аммалари олдида беш дақиқаларча ўтирди-да, сўнг ўрнидан туриб, ҳовлига тушди. Анча нарида, ошхонада қўлларида идиш, хотинлар куймаланиб юрарди. Темур улар орасидан хотинини дарров илғаб ололмади. Отаси ташқарида ўтирғичларни қаёққа қўйиш кераклигини кўрсатаётган эди. У Темурга кўзи тушиб, чақирди:
– Машинани кутиб олиш керак. Фаррух билан чиқинглар, бўлмаса, ҳайдовчи маҳаллада адашиб қолади.
– Хосият опа уёқда… – Темур бошлаган гапини қандай тугатишни билмай, тутилиб қолди.
– У ичкари уйда, – Темурнинг гапини бўлди отаси. – Ҳечқиси йўқ, сўнг акаларинг билан кириб видолашиб чиқасизлар.
– Нега доим, индамай тур, маҳмадоналик қилма, шунда ақлинг киради, дейишаркан-а? – дея гап бошлади Фаррух чорраҳага етганларида. – Баъзан ўзимча ўйлаб қоламан: дунё нега шундай яралган? Яшайсан-яшайсан, ҳамма ишлар ўз ўзанида кетаётгандай бўлади. Лекин мундоқ бошингни қўйиб, ўйлаб кўрсанг, бошқача, таг-замини чуқур бўлади!.. Айтишларича, ҳаммаси коинот билан боғлиқ эмиш, юз берган ҳодисалар бирининг ортидан бири занжирдай уланиб кетганмиш. Яъни ҳеч бир воқеа ўз-ўзидан содир бўлмайди, ҳа, шундай. Йўқ, аслида инсон ақли билан барибир ҳақиқатнинг тубига етиб бўлмайди. Мамардашвилини ўқиганмисан? У ерда озодлик ҳақида шундай… – У бирмунча муддат индамай қолди. – Бизнинг муаммомиз нимада, биласанми? Биз жуда ювош, мўмин-қобилмиз. Катталар нима деса, шуни қиламиз. Ахир, киши ўз ақли билан ҳам иш қилиши керак эмасми? Сен тўғри қилдинг, кетиб, ўзинг уйландинг. Қара, менга ҳалиям қиз қидиришяпти…
Шу пайт машина келиб қолди, улар ким ҳайдовчининг олдида, ким кузовга чиқишини анча талашдилар. Фаррух ахири ён берди, кабинада сен ўтирақол, деди Темурга.
Уйга қайтганларида, Темур ҳовлида юрган хотин-халаж орасида Валентинани кўрмади.
– Валя қани? – дея юрак ютиб сўради у отасидан.
– Хотинингдан хавотир олма. Сен, яхшиси, укаларинг билан мачитга бор, идиш-товоқ, столларни олиб келасизлар.
Темур маййитнинг юзига қарашга улгуролмади. У келмасиданоқ марҳумани оппоқ кафанга ўраб бўлишган экан. Маййитни машинага олиб чиқаётганларида, Темурга унинг бош томони тегди. Шу дам Темурда кафанни очиб, маййитни кўриш истаги пайдо бўлди. Аммо бир одим босаркан, қулоғига маййитнинг аста инграган нидоси эшитилгандай бўлди, шу он кўнглидаги истак ҳам йўқолди.
Таомилга кўра, марҳума кун ботгунга қадар дафн этилди. Оппоқ “пилла” эҳтиётлаб кенг лаҳадга қўйилди. Шунда Темурнинг хаёлига бир фикр келди: балки инсонга тириклигида бундай эҳтиром кўрсатилмас, лекин у омонатини топширгач, бошқа динлардан кўра ислом дини ўтганларнинг ҳурматини жойига қўяди.
Орадан ярим соат ўтар ўтмас дафн этилган жой ўрнида дўнглик пайдо бўлди, панжарасимон тўсиққа араб ёзувида битиклавҳа осилди.
Сўнг уйда юмуш кўп бўлди. Дастурхонга чой ташилди, палов тортилди, таъзияга келган меҳмонлар кузатилди, стол-стул, идиш-товоқлар келтирилган жойига олиб бориб қўйилди. Темур шу кун ҳам, эртасига ҳам хотини билан кўришолмади. У энди отасидан хотинини сўрашга ботинолмади.
Уни вокзалга бутун оила жам бўлиб кузатгани чиқдилар.
– Онангга салом айт, – тайинлади Муқаддас келинойи.
– Кейинги сафар сурат эсингдан чиқмасин, – Севара жилмайганича унга оқ йўл тилади.
Рус тилидан Маъсума Аҳмедова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 11-сон