“Қандайсан қароғим?” дейсан, “Яхшиман она!” дейман. “Овозинг бироз бошқача эшитиляптими…” деб сўрайсан, “Телефондан бўлса керак!” дейман. Ишонасан. Сўнг келинингни, набираларингни сўрайсан. “Ҳаммаси яхши, ҳаммасининг ишлари жойида…” дейман , сен яна ишонасан.
Сен менга ҳар доим ишонасан она. Тўғри гапирсам ҳам, ёлғон гапирсам ҳам ишондинг. Ёлғон сўзлаётганимни билсанг ҳам бирор марта юзимга солмадинг. Сен уни ёлғонлигини била туриб, керак бўлганлиги учун гапиряпти деб ўйладинг, ёлғонга эмас менга ишондинг она. Ва ҳар сафар мени кечирдинг. Мана яна ишоняпсан. Мени яна бир марта кечиришинг керак. Чунки келинларинг, набираларинг, ҳеч қайсиси яхши эмас она, ҳеч қайсисининг иши жойида эмас она, ҳаммаси менинг олдимда, атрофимда…
Мен дафъатан ҳаммасини қўрқитиб юбордим она. Улар мени йўқотишдан, отасиз, бобосиз қолишдан қўрқдилар. Оз қолди, сен кичик ўғлингсиз қолганинг каби бир куни катта ўғлингсиз ҳам қоласан. Иккинчи марта ўғлингни йўқотишга бардошинг етармикан она?
Ҳаммаси ҳеч кутилмаган пайтда бирдан содир бўлди. Бу шунчалик тез юз бердики, нима бўлганини, нимага дуч келганимизни ҳеч қайсимиз англамай қолдик. Кўзимни очганимда операция столида эдим. Хаёлимга фақат сен келдинг, она. Олдингда аянчли аҳволда ўлмаганимга суюндим. Шунча сиқилишларинг, чеккан аччиқ аламларинг устига менинг қайғум, ҳасратимни ҳам қўшиб йиғлардинг. Шунинг учун жуда севиндим она. Сўнг мени бошқа жойга олдилар. Яна бир бор кўзимни очганимда қаттиқ боғланган эдим. Сен ҳеч кимдан хафа бўлма меҳрибоним. Сенга айтмасликларини мен хоҳладим. Ҳар гал кўзимни очганимда “Онамга билдирманглар” деб айтдим. Билдирмадилар. Билганингда ҳам нима қила олардинг… Эзилиб йиғлашдан бошқа қўлингдан яна нима келарди…
Икки кун каравотнинг темирларига боғлиқ ҳолда хушсиз ётдим, ҳар дақиқа иситма, қон босими, юрак уриши, қон баҳоси, яна мен отини билмаган бошқа нарсаларга қарам бўлиб яшаганимни сенга ҳеч қачон билдирмайман она. Бир лаҳза бўлса ҳам, мен ҳақимда ҳар тарафдан танамга инмалардир уланган, тумшуғи чиққан ўринда, қимирлашга мажоли қолмаган бир фарзанд сифатида ўйлашингни истамадим. Бу қийинчиликни енгиш осон эмасди. Жуда жоним оғриса “Девор ошиб ёнингга бораману қайтаман!” деган хаёлга борардим. Кейин беҳуда гаплар, мавзулар аралаш-қуралаш бўлиб кетар, уларни англаб-англамаганим учун, сенга қандай тушунтиришдан қутилардим.
Алоҳида хонага олганларидан кейин ярим соат ўтгач қулай фурсат бўлиши билан сени йўқладим, она. Энг катта хавотирим ҳис-ҳаяжонга берилиш, таъсирланиш эди. Ҳали ҳам буткул ўзимни англайдиган ҳолатга келмаганим учун, овозим титрарди. Бундай овозни эшитиб, тамом бўлардинг, она.
Буни қўрққанимдан қилмадим. Фақат бир ерлари кесилган, тикилган, ўралган, ҳали ҳамон таҳликали даврни бошдан кечираётган бемор сифатида эмас, ҳамма ишлари жойида, ҳеч бир муаммоси бўлмаган, соғ-саломат, совуққон ва ҳатто бир оз ҳиссиз эркак мисоли гаплашдим.
“Ҳаммаси яхши, ҳаммасининг ишлари жойида”, деганча мен билан боғлиқ тушни айтиб бердинг.
Бола эканман, ким ҳақида гапирганингни англадиму сой тўшагида кимларнингдир икки боласи билан ўйнаётган эмишман. Ҳаво очиқ, осмон ярақлармиш. Ёмғир ёққан, ҳамма жой хўл бўлишига қарамасдан дарахт ортидан шундай бир сел келаёганмишки, йўлига нима чиқса юҳодек ютармиш, судрармиш. Қаттиқ гумбурлаганганга ўхшаш ғувиллаган овоз жуда тез яқинлашармиш. Селнинг келиши кўриб, тенгдошларим, қўрққанларидан четга қочармишлар. Фақат менгина сой тўшакда қолибмишман. Резина оёқ кийимимга қум тўлдириб юк машинаси қилиб ўйнармишман. Шунчалик берилиб кетибманки, на селни кўрибман ва на унинг овозини эшитибман. Оғзимда юк машинасининг овозини қилиб, қум ташишда давом этармишман. Сен даҳшатга тушиб, типирчилаб мени олиб қочишга ҳаракат қилармишсан, ҳар қанча уринсанг ҳам менга ета олмасмишсан. “Қоч қўзим, сел келяпти, қоч” дея бақиришга уринармишсану, аммо овозинг чиқмасмиш. Етиб келган селдан мени қандай олганингни, қандай судраб кўтарганингни кўрмаслик учун кўзларингни маҳкам юмиб олганмишсан. “Ўтиб кетди болажоним. Ўзимнинг қўзичоғим, жоним, жигарим ўтиб кетди!” дея инграганча бир лаҳзадан сўнг кўзларингни очиб, кўрганларингга ишонмасмишсан. Чунки мен у ерда типпа-тик турармишман. Юк машинаси қилиб ўйнаётган оёқ кийимимнинг бир пойи қўлимда, иккинчиси оёғимда, ҳартумли аждарҳо сингари ёнимдан оқиб ўтаётган лойқаланган сувга шоша-пиша қарармишсан. Сен қўрқувдан эмас, хурсандлигингдан йиғлаб уйқудан уйғонибсан.
Аслида кўрган тушинг ҳаётимнинг уйқунгдаги рўёби эди, она. Ҳаётим тушингга кирибди. Қилдан нозик умримдан бор эканми, ўлимдан қутилиб, тирик қолгандим. Буларни сенга айтмоқчи эмасдим.
“Худо хоҳласа хайрли бўлади!” дедим.
“Яхшиликка йўйдим, хайрли бўлсин,” дединг сен ҳам.
Дастлабки ой кундузлари бир нави, кечалари билан мижжа қоқмадим. Кипригим кипригимга тегмади десам ишонасанми, она? Ҳа, шундай, дастлабки бир ой умуман ухламадим. Бир ой киприк қоқмасдан тепага қараб ётдим. Кечалари қолиб кундузлари ҳам қараб ётавердим. Баъзан ҳеч нарсани тушунмасдан, баъзан жуда яхши тушуниб, баъзан хаёлларим чуқурлашиб кетганини англасамда қараб ётавердим. Баъзи пайтлари келининг ёнимга келиб “Нега йиғлаяпсан севгилим?” деди. “Тақдир!” деди. “Қани сени тақдирга ишонганинг? Қани Раббимиз кўрсатганига розилигимиз? Қани бизнинг бир-биримиз учун яратганига, нима тиласак берганига, бахтли бўлганимизга, ҳузур-ҳаловатда эканлигимизга, борига шукур қилганимиз? Мана яна сени менга, мени сенга бағишлади, қандай яхши. Мен бахтлиман, шукур қиламан, биламан сен ҳам бахтлисан. Йиғламасанг бўларди?”
Болаларимнинг ғамхўр онаси менга шундай сўзлар билан тасалли берди.
Аммо унинг ҳам йиғлашини билардим. Йиғлардию менга кўрсатмасди. Касалхона йўлагининг ёлғизоёқ бурчакларида, касалларни зиёрат қиладиган хонада, баъзан деразадан ташқарига қараганча йиғларди. Қизарган кўзлари қуруқ бўлсада, киприклари ҳали ҳам қуримаган ҳолда ёнимга қайтарди. Овозига одатдагидан кўра совуққон қилиб, йиғлаганини яширишга уринарди, гўё. Билмайди деб ўйларди. Билганимни билса ўйинида давом этарди. Бунақанги ўйин кайфиятимни кўтариб, мени яна қайғуга ботмаслигимга ишонарди. Нотўғри ҳам деб бўлмасди. У гапирганда ҳақиқатан кайфиятим кўтарилар, роҳатланардим. Қисқа вақт ичида тузалиб кетишимга ишонардим. Ҳар бир ўтган кун бироз ўзимга келардим.
Кейин нима бўлганини биласанми, она?
Бир куни оқшомда суюкли ҳамроҳимдан чой сўрадим. Ҳа, она, жоним чой истади. Ҳамроҳим шунчалик севиндики, тасвирлолмайман. Қувончдан кўзларига ёш тўлди. Гипсда ётишимга қарамасдан қўлтиғимдан тиргаб ўтқаздида, ўзи навбатчи докторга чопди. “Аччиқ қора чой; қуштили, чойларни ичмагунча энди ҳеч тинчлик йўқ!” дебди доктор. Зумда орқага қайтди. Электр иситгичда сув қайнатди. Бир аччиқ чой менга ва ўзига дамлади. Ғилдиракли стол устига рухсат берилган овқатларни чиқарди. Туннинг саҳарга яқин пайтида Ўрташарқда очилган энг катта давлат касалхонасининг бир кишилик махсус хонасида келининг билан торт едик, чой ичдик, ҳузур қилдик, она. Ва укол қилгани келган ҳамширага тутилдик. Иккаламиз ҳам чайналаётганимиздан жуда уялдик. Гапиришга сўз тополмадик. Юзларимиз уятдан қизарди. Аммо ҳамширанинг жаҳли чиқмади, фақат мийиғида кулимсираб, “Ooo… беморимиз яхши бўлиб, чой ичяпти…” деди ёқимли бир овоз билан.
Курсига ўтирадиган бўлгунимча мен ҳар кеча саҳарга яқин ҳамроҳимни севинтириш учун аччиқ чой хоҳлардим. У бундан чиндан ҳам хурсанд бўларди.
Ҳеч оғринмасдан ҳар кеча менга чой дамларди, стол тузарди. Бу тайёргарликни ҳар доим менги қаттиқ севгани ва аёлим бўлгани учун қилди. Ҳар кеча тонга яқин кимлардир уйқуда бўлган, кимлардир уйқусизликдан бедор бўлиб қийналган пайтда биз иккимиз хонамизда чойхўрлик қилиб, дам олардик. Бу бахт бўлмай нима, она?
Уйга чиққанимдан сўнг сен билан телефонда қилган суҳбатларим минг марта осон бўлди. Овозим эски ҳолига қайтган, ичимдаги оғриқлар сийраклашган, ҳиссиётларим анча камайганди. Заъфарон рангим ўз ҳолига келиши бир неча ойлар керак бўларди, зотан сен мени кўрмаясанку ва бир неча ой кўрмайсан ҳам. Нима бўлганини сендан ойлаб сир сақламоқчи эдик. Сен билан ойлаб кўришмадик. Бошқа-бошқа жойда яшаётганимиз ҳар иккимиз учун ҳам катта имконият эди. Фақат сендан эмас, ҳаммадан ойлаб кечишимга тўғри келди, она. Бу бизнинг хоҳишимиз эмас, шифокорларнинг буйруғи эди ва унда менинг жоним гаровда эди. Мени жуда нозик қилиб ўстирдинг, жоним жуда ширинлигини биласан, она.
Ойлаб ўринга қадалиб қолиш очлик каби, йўқсиллик каби, бегона юртларга тушиб қолиш каби, номардга муҳтож бўлмаслик учун энг оғир ишлар билан машғул бўлиш каби ва севиб қолиш каби инсонни пишитишини, комилликка етаклашини билмасдим, она. Қисматда яшаш бор бўлгани каби, ўрганиш ҳам бор экан.
Уйқуда ёки уйғоқ бўлганда киприк қоқиш, ўнга чапга бурилиш қанчалик буюк неъмат экан, она. Ҳаракатсиз ҳолатда қуш патли ўриннинг танангга тикан бўлиб ботишини яшаб кўриб ўргандим. Яна қанча неъматлар борлигини, уларнинг фарқига бормасдан, қимматини билмасдан яшадик…
Никоҳ ўқилаётганда айтиладиган “яхши кунда, ёмон кунда” сўзининг шунчаки, хўжакўрсинга айтилмаслигини, йиқилиб, ётиб қолганингда қўл беришни, ҳаётда ҳақиқий ёнинга киришни, шўрва ичиришни, пайпоқ кийгазишни, илк бор оёққа туришда, илк қадамни кўмаксиз ташлашда, севинганда йиғлай билишни яшаб ўргандим..
“Севгилим” деган сўзнинг ҳақиқий кучини “Аввал сен!” дейишни, “Сен жим турсанг, мен хафа бўламан, сен хафа бўлсанг, мен йиғлайман, сен йиғласанг, мен ўламан!” дейишни дунёнинг бир гўзали ўргатди менга.
Соғлик, саодат, оила, муҳаббат, ҳузур, самимийлик, боғлиқлик, бахтиёрлик ва бахт сўзларининг сирини ҳам яшаб ўргандим.
Бир жуфт кўз ҳеч тугамайдиган, чўзилган, зим-зиё, қоронғу кечаларнинг ёруғ бўлишига ета олар экан.
Бир жуфт кўз буткул “Тугади” деган лаҳзада, инсонни янгидан ҳаётга қайтара олишга қодир экан.
“Биласан, фақат дуоларим эмас, юрагим ҳам сен билан, икки юрак билан кетаяпсан, кучлисан, қайтасан” дейдиганнинг борлиги дунёларга тенг экан.
Ҳаётнинг мазмунини; ўлим билан юзма-юз келганда, ҳатто бир лаҳза нариги дунёга бориб қайтганда яна ҳам яхши англаб етар экансан.
Буларнинг барини яшаб ўргандим, она!
Туркчадан Назира Қурбон таржимаси