(Болалик хотираларидан)
Ҳар эрта Чорсу жомиъсининг орқасидаги хароб жандармерия отхоналари олдидан чумчуқлар галаси каби чуғуллашиб ўтардик. Мактаб яна бир оз нарида… паст деворли, кенг бир ҳовли ўртасида эди. Бино бир қават эди. Атрофдаги баланд каштан дарахтларининг бир-бирига туташиб кетган қуюқ кўланкалари, бутун том устини қопларди. Биз ҳали ҳовли дарвозасидан кирмай туриб, Хўжа афандининг (домла жанобларининг) келган-келмаганлигини бир кўз югуртириб билар эдик:
— Абдураҳмон тўра келганмикин?
— Келган, келган…
Абдураҳмон тўра — Хўжа афандининг қари эшаги эди. Қора, бадфеъл, ўжар бир ҳайвон… Ҳар эрта худди биз каби вақтли мактабга келиб, оқшомга қадар қолади; уйларимиздан навбат билан келтирган қучоқ-қучоқ ўтларни, ёзда дарахтларнинг тагида, қишда чап тарафдаги таҳоратхона айвончасининг остида секин-секин ер эди. Унга сув бериш, қараб туриш мактабда бир имтиёз эди. Хўжа афандига ким ёқиб қолса, бу мукофотга эга бўлар эди. Мактаб эшигига тор бир тош зинапоядан чиқиларди. Ичкари кирилгач, худди рўпарада Хўжа афандининг пастак курсичаси кўринарди. Курсича тепасида худди кичкина боласи сингари мудҳиш, ажойиб бир милтиқ каби қоп-қора қайишли оғир фалақ осилиб турарди. Ҳаммамиз қирқта бола эдик. Қизларни бир неча ой илгари биздан айириб, бошқа ерга жўнатган эдилар. Синфга тақсим қилиш деган нарса йўқ эди. Алифбени, тилни, ҳар нарсани бирдан бараварига ўқишар, рақамларни бир оғиздан санашар, бир оғиздан нашра айтардик. Ҳамма дарсларимиз бир хил, умумий бир оҳангда айтилар, маъноларини асло тушунмас эдик. Хўжа афанди оқ соқолли, узун бўйли, бақироқ бир чол эди. Ёзин-қишин доим чопонсиз, худди таҳоратга ҳозирлангандай қўллари ва оёқларининг почаси шимарилган ҳолда ўтирарди. Пешиндан кейин Чорси жомиъсини шипиргани кетиб, ҳалигача қайтиб келмаган халфа анча ёш бўлиб, муаззинлик ҳам қилар эди. Бизга ширинлик, бодроқ, ўрик, жийда ва шунга ўхшаш нарсалар сотарди.
* * *
Гунандан келганимиз кундан бери мен шу мактабга қатнар эдим. Аммо дарс-марсдан ҳеч хабарим йўқ эди. Бараварига ўқишга бошланган ҳамоно, нима бўлса бўлсин, мен ҳам қўшилишар, қичқирмоққа бошлар эдим. Энг биринчи завқим фалақни тутиб туришда эди. Фалақ тутмоқ… Лекин бир кун ҳоким афанди билан тоза костюм кийган, жиддий қиёфали бир одам келди.
— Ҳоким бек, ҳоким бек! — дедилар. Соқолсиз, қорача, узун бўйли, тажанг бир одам эшикдан кирар-кирмас Хўжа афандининг ишораси билан ҳаммамиз ўрнимиздан турдик. У бировни чақираётгандек қўлини, бошини қимирлатиб, бизни ўтқизди. Барчамизни бирма-бир кўздан кечирди. Бир нечамизни ўқитиб кўрмоқчи бўлди. Ҳолбуки биз оғзаки сўзлар билан, оҳангсиз ўқий олмас эдик. Юзини буриштирди. Ерга қараб бошини чайқади. Сўнгра Хўжа афандининг боши устида осиқлик турган фалаққа кўз тикди: анчагача қараб турди. Умрида фалақни биринчи марта кўраётган кишидай диққат билан боқди. Орқасига қайрилиб, хайрлашмасдан чиқаётиб, деди:
— Бир нафас ташқарига чиқсангиз, Хўжа афанди!..
Хўжа афанди титраб, қўлларини қовуштириб, эшик томонга юрди. Ҳоким афанди билан Қаймақомнинг орқасидан боғчага чиқди. Ташқарида нима гаплашганларини биз билмадик. Лекин фалақ эртаси кун жойидан йўқолди.
— Фалақ тақиқланибди… — деб гаплашдилар. — Қаймақом бек тақиқ этибди!
Таёқ қўрқувси йўқолгач, биз қирқ бола шу қадар шўхлик қилдик, шу қадар қутурдикки… Нима қилганнмизни билмас, домлага қулоқ солмас эдик, юзига бодроқ отардик, кўрпачасига игна қўярдик, кавушини яшириб соатларча ахтартирар, ялинтирар эдик. Таёқсиз бизни ўқитолмаслигини тушунган Хўжа афанди ниҳоят бир кун яна фалақни чиқарди. Аммо боши устига осмади. Ўтирган кўрпачаси остида сақлади. Фақат энди ким ёмонлик қилса, аввалгидан қаттиқроқ урар эди.
* * *
Жуда яхши хотиримда: қирқ бола ҳаммамиз иттифоқ эдик. Орамиздан бузиқи чиқмас, Хўжа афандига қарши бир тан-бир жон каби ҳаракат қилардик. Бир кун боғчада тил бириктирдик. Ичкарида ҳаммамиз бирдан эснаша бошладик. Хўжа афанди ҳам эснай бошлади. Бояқиш чол ухлаб қолди. Шу ондаёқ ўрнимиздан турдик, курсича устидаги нос қутисини олиб, ҳаммамиз нос искадик. Бутун мактаб ичида аксириш бошланди. Хўжа афанди шовқиндан уйғониб, ишни англади. Носни ким ўғирлаганини сўради. Бараварига шовқинлашиб:
— Билмаймиз, билмаймиз, — дедик.
— Ҳаммангизни фалаққа осаман.
— Билмаймиз, билмаймиз.
— Ҳеч ким бўйнига олмайдими?
— Билмаймиз ахир, билмаймиз-ку…
— Билмайсизми, жуда соз, Нажиб бор, жомиъдан халфани чақириб кел, чаққон.
Беш минутдан кейин халфа келди. Қўрқинч бир манзара бошланди. Таёқни бири қўйиб, бири оларди. Навбат билан фалақ тутардик. Ҳаммамизни бирин-кетин таёқлаб чиқдилар. Шу кундан кейин Хўжа афанди, эснашни ва аксиришни энг катта жиноят ҳисоблайдиган бўлди. Айниқса, аксирганни ёмон кўрарди… Тасодифан бирорта бола аксириб қўйса, дарров:
— Мени масхара қилаётибсанми? — деб ерга ағанатар ва ҳушидан кеткизгунча савалар эди. Аксига олиб, менинг тўхтовсиз эснагим ва аксиргим келаверарди. Бунинг учун бир қанча марта таёқ едим. Хўжа афанди таёқлаб бўлгач, қуввати борича курсичасига урар:
— Ким аксирса, шарт бўлсинки, ўлгунча калтаклайман, — деб бақирарди.
— Шарт бўлсин, ким аксирса…
* * *
«Шарт бўлсин!» қандай қасам? Уйда онамдан суриштирдим. Бошини қимирлатди. Кўзларини катта очиб:
— Жуда зўр қасам! — деди.
— Ёлғондан шундай қасам ичган жазо тортадими?
— Йўқ.
— Йўқса нима бўлади?
— Ундан ҳам ёмон.
— Қандай?
— Хотини талоқ бўлади.
Бу гапни яхши тушунмадим. Лекин бу қасамнинг даҳшатини мактабда болаларга сўзладим. Шундан бери, худди уйланган одамлар каби, биз ҳам ёлғон-яшиққа «Шарт бўлсин!» қасамини ича бошладик. «Валлоҳи, биллоҳи!» унутилди, Хўжа афанди ҳам ҳар эрта курсига чўккаларкан, ҳеч унутмасдан:
— Ким аксирса, шарт бўлсин, ўлдираман, — деб такрорларди.
* * *
Бир кун пешиндаги танаффусдан кейин ичкари кирдик. Ҳар вақтдаги каби важир-вужур… Мен қарасам, Хўжа афанди чарчаб, ухлаб ўтирибди! Дарров ўрнимдан турдим. Кўрсатгич бармоғимни лабларимга тегизиб болаларга:
— Жим турингиз! — дегандай ишора бердим. Шовқин-сурон тинди. Ҳамма нима қилишимга қараб қолди. Кўзимга курси устида қопқоғи очиқ турган нос қутиси илашди. Оёқларимнинг учи билан юриб бориб, қутини олдим. Ичидаги носларни дафтар орасига бўшатдим. Қутисини яна очиқлигича жойига қўйдим. Болалар нос чекмоқ учун атрофимга тўпландилар.
— Йўқ, биз нос чекмаймиз, — дедим. — Нос ҳидидан аксирсангиз, домла уйғониб қолади.
— Сен нима қилмоқчисан?
— Кўрарсиз…
— Нима қилажаксан, нима қилажаксан?
— Ҳозир айтмайман. Кўп кулажакмиз. — Шундай бир шайтонлик қилмоқчи эдимки, ҳалитдан кулгим қистаб, қиқирлаб юбордим. Болалар ҳам менга қараб кулишди. Кулги овозларидан Хўжа афанди уйғонди. Дарров қутига қаради. Ичида нос йўқ… Ғазабланди:
— Ким олган бўлса сўзласин, шарт бўлсин, ўлдираман.
Ҳаммамиз бир оғиздан, оҳанг билан:
— Шарт бўлсин, хабаримиз йўқ! — дедик.
— Ким олди? Сўзласангиз-чи!
— Билмаймиз, билмаймиз.
— Жуда соз, мен сизга кўрсатаман, энди ким аксирса майдонга чиқади. Шарт бўлсин, уни фалаққа осаман. Ўлгунча ураман.
Тўсатдан аксириб юбормайлик, деб ҳаммамиз қўрқиб ўтирардик.
— Шарт бўлсин… Оҳ, бугун бирортангиз аксирсангиз… Шарт шу — уриб ўлдираман…
— Оҳ, шарт бўлсин, бирортангиз аксирса…
Хўжа афандининг ғазаби сира тарқалмади. Мен хонтахта остида дафтардан йиртиб олганим икки вараққа труба сингари буклаб, ичига нос тўлдирмоқда эдим.
* * *
Кеч яқинлашди. Хўжа афанди қўлларини фотиҳадан туширди. Пайпоқларини, маҳсисини кийди. Чопонини елкасига олди. Бараварига зарб жадвалини куйлагандан сўнгра, нашрага бошладик. Тугаш олдида мен, ёнимдаги болани туртиб, ўрнимдан турдим. Бола ҳам турди. Қўлларимизни қовуштирдик. Хўжа афанди бақирди:
— Нима гап?
— Абдураҳмон тўрани эгарлаб турайликми?
— Боринг, жуда соз, чаққонроқ.
Эшикдан чиқдик. Ҳар кеч, Хўжа афандининг рухсати билан икки бола чиқиб, эшакнинг эгар-жабдуғини урарди. Тош зинапоядан югуриб тушдик. Абдураҳмон тўра нушхўрд ўтлар устида чўзилиб ётарди. Тепиб-тепиб ўрнидан тургиздик. Эгар-жабдуғини урдик. Мактабхона ичидаги дуохонлик товушлари ҳам тўхтади. Мен китоб халтамдан ичи нос билан тўла қоғоз трубаларни чиқардим. Аста эгилдим. Абдураҳмон тўра ҳали ҳеч нарсадан хабарсиз эди. Трубалардан бир донасини кучим борича унинг бурнига пуфладим. Бурин тешигига тўппонча отилгандай, сакраб тушди. Иккинчи трубани пуфлай олмадим. Жиловидан маҳкам тутдим. Сакрата-сакрата тош зинапоя олдига олиб келдим. Бояги бола ҳам ёнимда келмоқда, кулмаслик учун қўли билан оғзини беркитмоқда эди. Хўжа афанди чопонини кийиб, виқор билан секин-секин зинапоялардан тушмоқда эди. Болаларнинг ҳаммаси худди турнадай тизилишиб унинг орқасидан келардилар. Эшак эса ҳадеб олдинги оёғини кўтариб сапчимоқда эди.
— Нима бўлди бу ҳайвонга?
— Билмадим, афандим, ухлаб ётган эди…
— Жиловини нотўғри солгандирсиз.
— Йўқ.
— Бери келтиринг, кўрай-чи!
Ҳамма болалар қараб турардилар. Эшакни тош остонага яқинлаштирдим. Худди шу аснода Абдураҳмон тўра тумов бўлган одам сингари:
— Апшу, апшу… — қилиб бошини силкитди.
Ҳамма болалар кулмоққа бошлади. Хўжа афанди ҳайрон бўлди. Нос таъсирини сезмоққа бошлаган Абдураҳмон тўра тинимсиз аксирарди. Мен гўё ҳеч нарсадан хабарим бўлмагандек:
— Сизни калака қилаётир, афандим, — дедим.
— Бемазалик қилма…
Мен яна қаттиқроқ ҳазиллашдим:
— Буни ҳам фалаққа осишингиз керак!
— О ҳайвон, о…
Кулгидан ичаклари узилаёзган болалар:
— Фалаққа, фалаққа… — деб қичқиришди.
Мен жасоратланиб, дедим:
— Хўжа афанди, бугун мактабда ким аксирса, шарт бўлсин, фалаққа осаман деган эдингиз. Агар Абдураҳмон тўрани афв этгудай бўлсангиз, хотинингиз талоқ бўлажак.
Болалар худди дарс ўқиётгандай бараварига, оҳанг билан:
— Хотинингиз талоқ бўлади! Хотинингиз талоқ бўладн!.. — деб ҳайқиришдилар.
Хўжа афанди бир лаҳза эсанкиради. Бир неча замонлардан бери: «Оҳ менинг Абдураҳмон тўрам, оҳ менинг Абдураҳмон тўрагинам!» деб муҳаббат билан эркалатгани эшагига ҳозир энди ғазаб билан боқди. Эшик ёнида турган бир бола ичкарига кириб, фалақ билан таёқни олиб чиқди. Абдураҳмон тўрагинаси тушмагур тўхтовсиз аксирар, бурнини ерга ишқаламоқчи бўларди.
Фалақ билан таёқ қўлма-қўл Хўжа афанди олдига келди. Болалар кулавериб қотмоқда ва:
— Хотинингиз талоқ бўлади! Хотинингиз талоқ бўлади! — деб қайта-қайта турли оҳангда чинқиришмоқда эди. Болаларгами, эшакками, нимага аччиғланганиаи билмаган Хўжа афанди ғайри ихтиёрий равишда:
— Ағанатинг! — деб буйруқ берди.
Йигирма чоқли бола Абдураҳмон тўранинг бошига тўпланди. Бирмунча урингандан сўнг ерга йиқитдик. Орқа оёқларини фалаққа боғладик. Хўжа афанди таёқни қўлига олди. Тақа қоққансимон «тақ-тақ» урмоққа бошлади. Эшак типирчилар, болалар бақиришар, кулишар, турли нарсалар отишарди. Мудҳиш бир шовқин… Тўсатдан орқа томондан бир бола:
— Қаймақом бек! — деб қичқирди. Ҳаммамиз жим бўлдик. Юзимизни ҳовли дарвозасига ўгирдик; қора костюмли, қизил фас кийган афтини буриштирган бир одам… Ўнг ва сўл томонида биттадан жандарм тип-так турарди.
— Нима бўлаяпти, Хўжа афанди? — деб сўради.
Хўжа афанди эсанкираб қолди. Қаршисига боқди. Таёқ қўлидан тушди. Фалақни ушлаб турганлар ташлаб қочдилар. Қутулган эшак ҳуркиб, жуфтак ота-ота дарахтлар остига қочди ва овози борича ҳангради. Қаймақом ҳовлига кирди. Секин-секин юриб келиб, мактаб олдида тўхтади. Қошлари чимирилган эди. Ғазаб билаи қайта сўради:
— Нима қилаётибсиз?
— Ҳеч нарса… афандим…
Хўжа афанди дудуқланиб қолди.
— Нима?
— Шарт этган эдим.
— Бу нима демак?
— Аксиргани учун…
— Ким аксиргани?
— Эшак аксирди.
— Эшак аксирдими?..
— !!!
— !..
Болалар ҳам аксиришар, ҳам кулишар эдилар. Қаймақом ўз шаънига доғ солувчи бу орсизликдан аччиқланди. Худди тишлаб олаётгандай тишларини ғижирлатиб:
— Йўқолинг бу ердан, тарбиясизлар! — деди
Биз қўрқдик, дарров жим бўлдик. Сўнгра эсанкираган паришон ҳолда ерга қараган Хўжа афандига қайрилди:
— Мен билан бирга юринг!
Қаймақом олдинда, жандармлар билан Хўжа афанди орқада, чиқиб кетдилар.
* * *
Шундан сўнг мактабда на фалақни кўрдик, на… Хўжа афандини!
Ҳозир мен кимнинг аксирганини кўрсам, кичкиналигимда қилганим бу масхарабозликни хотирлайман. Кулимсирайман. Қалбимда нотайин бир изтироб сезилади. Мен туфайли домлаликдан қувилган, эҳтимол, оч қолган мўйсафид, фақир чолнинг бахтсиз ҳаёти кўз олдимга келади. Замон ўтган сари енгиллик сезиш ўрнига, яна кўпроқ оғирлашувчи бир виждон азоби сезаман.
Лекин…
Лекин, бунинг каби, ҳаётдаги ҳар бир кулгили нарса остида кўринмас фожиа йўқмикин?
Туркчадан М. Даврон таржимаси