Умар Сайфиддин. Баланд пошналар (ҳикоя)

Ҳатижа Ҳоним жуда вақтли тул қолган бой бир хонимафанди эди. Ўн уч ёшдалигида олтмиш олти ёшли қарияга теккани учун “ерга тегиш” деган нарсадан нафратланган эди. Ўн йилга яқиндирки, эркак деса унинг хаёлига роматизм, балғам, пахта, банка, ёд йиғимларидан иборат кир, сиқувчи, лаънати ўйлар келар эди.
– Ёшлар бошқачадир! – деганларга эса:
– Вой, вой! Худо сақласиней, улар ҳам бир кун қаримайдими? Кейин уларнинг дардини ким чекади, – деб ҳайқирар эди.
Eнг асосий машғулоти тозалик билан номуслилик эди. Гўзтепадаги кўшкини ҳар куни эрталаб ҳизматкори Элени, боқиндиси Гултер билан бирга тозалар, ошпази Меҳмедни ҳар кун соч-соқолини кестирар, бечора Болулик болани бошдан оёғ оппоқ кийишга мажбур қиларди. Элени ҳам, Гултер ҳам жуда номусли эдилар. Омборни қулфламас, пуллари ҳам очиқ ерда турар эди. Айниқса Меҳмеднинг номуси ҳақида шубҳа бўлиши мумкин эмас эди. Биров билан гаплашаётганда ҳеч кўзига тик қарамас эди. Ҳатижа Ҳоним уйдан ташқарига чиқмагани учун бутун иши ҳизматкорларини тафтиш қилишдан иборат эди. Тўхтамай хоналарни айланар, чордоққа чиқар, ошхонага тушарди. Дердики:
– Менга ўхшанглар. Мен ҳеч биров билан кўришяпманми? Сиз ҳам асло қўшниларнинг хизматкорлари, югурдаклари билан гаплашманглар. Бегона кишилар инсонни йўлдан чиқаради!
Ҳаттоки Меҳмед ҳам бу насиҳатни қулоғига қуйиб олган эди. Орқа ҳовлидаги ошхонасига меҳмон, ҳамшаҳари тугул ҳатто бир мушук ҳам кира олмас эди. Ҳатижа Ҳоним балки кунда ошхонага ўн марта тушар, уни қозонининг ёнида ёлғиз турганини кўрар эди. Ҳатижа Ҳонимнинг тозаликга мойиллиги билан биргаликда баланд пошналарга ишқибозлиги ҳам бор эди. Гўзал, дўмбоққина ва нашъали бир аёл эди. Фақат бўйи пастроқ бўлгани учун, уй ичида ҳам бир қаричга яқин баланд пошнали туфли кияр эди. Худди дорбозга айланган эди.
Бу баланд пошналари билан зиналардан тақир-туқир қилиб бир ҳамлада тушар, оёғини қайирмасдан бир пастга бир тепага югурар эди. Ниҳоят бир кун боши айлана бошлади. Чақирган доктори унга дори бермади.
– Ҳоним афанди, бутун роҳатсизликларингизнинг сабаби бу баланд пошналар, – деди, – уларни ечинг. Жундан тўқилган, қулай, юмшоқ бир шиппак кийинг. Кўрмагандай бўлиб кетасиз.
Ҳатижа Ҳоним докторнинг тавсияси билан жунли шиппак олдирди. Ростанам жуда қулай эди. Икки кун ичида бошининг айланиши тўхтади. Тиззаларида, болдирида зирқираш қолмади. Фақат вужуди ҳузурга қовушган пайтда руҳи чуқур бир азобни ҳис этди. Тўққиз йил унга хизмат қилган одамларининг икки кун ичида бирданига ахлоқлари бузилган эди. Эленини ўзининг тиш чўткаси билан тишини ювар экан, Гултерни омборда мураббони ошалаётганини кўриб қолди. Меҳмедни гўшт ейиладиган кун бўлмаслигига қарамай бир товоқ қовурмани паққос тушираётган пайтида ушлаб олди.
– Буларга нима бўлди, ё Раббим! Нима бўлди, буларга? – дерди.
Бир ҳафта ичида одамларининг он бешдан ортиқ хиёнатини, қинғирликларини ушлади. Айниқса Меҳмедни қўшни генералнинг уйини қўриқлаётган аскарлар билан каттакон лаганда паловни паққос тушираётганини кўрганида жаҳли чиққанидан нима қилишини билмай қолди. Шу куни ҳамма тарафга қулф солди.
– Мана энди кўрамиз, нимани ўғирлашар экан? – деди.
Ростдан ҳам ўғирланадиган ҳеч нарса қолмаган эди. Эртаси куни уйқудан бироз кеч турди. Пастга тушди. Элени билан Гултер атрофда кўринмас эди. Тўппа-тўғри ошхонага қараб йўл олди. Очиқ эшикка кўзи тушиши билан нафаси ичига тушди. Меҳмед ўчоғнинг бошидаги кичкина курсида ёйилиб ўтирар, бир тиззасига Эленини, бир тиззасига Гултерни ўтирғизиб олган эди. Бақувват қўллари билан иккаласининг белларини арқондан қилинган камардай боғлаб олган эди. Ҳатижа Ҳоним бу манзаранинг разолатини кўрмаслик учун дарров кўзларини юмди. Фақат қулоқларининг қопқоғи бўлмагани учун уларнинг гапларини эшитмай қолмасди.
Меҳмед: “Ҳей Гултер, сен кўпдан бери ширинлик олиб келмаяпсанку?”, деди.
Гüлтер эса: Ҳамма жой қулф, нима қилай?”, деди. Меҳмед ғарип бир шапиллаган овози билан Эленига:
– Ҳей сен, кечаси нимага келмаяпсан? Сенга ҳолва қилип сақлаяпман!, –  деб сўрар,  Элени эса: Вой, қўлга тушамиз. Кейин Ҳоним бизни қувади, деб унинг қучоғида тўлғонар эди. Ораларида ноз-карашмали дардлашув бошланди.
Ҳатижа Ҳоним кўзларини очмас, юраги ҳапқириб диққат билан тингларди. Гултер:
– Воҳ бу шиппаклар!, – деди. – Ҳамма ишимизни бузди. Ҳонимнинг келгани ҳеч эшитилмайди. Нима қилсак қўлга тушяпмиз. Олдин қандай яхши эди. Баланд пошналарининг тақир-туқиридан уйнинг энг тепа қаватдаги овозни ҳам эшитардик”.
Суҳбат узайган сайин кўзи билан кўролмаган бошқа разолатларнинг муфассал ҳикояларини эшита бошлади. Чидаёлмади. Кўзларини очди.
– Ҳай сеними олчоқ, ўғри, номуссизлар. Қани уйимдан даф бўлинглар”, деб ҳайқирди. Шу ондаёқ тўққиз йиллик содиқ хизматчиларини кавушини тўғрилаб қўйди.
Шундан сўнг қанча ошпаз, хизматчи олган бўлса ҳаммаси орсиз, ўғри, юзсиз, номуссиз чиқарди. Икки йил одамга ўхшаган бир хизматчига ёлчимади. Мол-мулки зиёда, ҳеч бир дарди бўлмаслигига қарамай бу хизматчи дардидан озиб, сарғайиб сўлар эди. Қаради, бўлмайдиганга ўхшайди! Яна баланд пошнали туфлиларини кия бошлади. Хизматчиларининг ўғриликларини, номуссизликларини кўролмайдиган бўлди.
Юзига қон югирди. Воқеа яна бошдан такрорланиб, боши айлана бошлади. Энди овози эшитилмайдиган пошнасиз шиппак кийдиришини ўйлаб докторга мурожаат қилмас, “ҳеч бўлмаса юрагим ҳузурли-ку”, дер эди.

Турк тилидан Замира Ҳамидова таржимаси