Уильям Фолкнер. Қуёш заволи (ҳикоя)

1

Энди Жефферсонда душанба куни ҳафтанинг бошқа кунларидан зиғирча ҳам фарқ қилмайди. Чунки шаҳарга сон кириб қолди — кўчаларга тош ётқизилган; телефон ва электр компаниялари эман, акас, қайрағоч каби серсоя дарахтларни кесиб, ўрнига ғуж чироқли темир устунлар ўрнатяпти. Шаҳарда кир ювиш корхонаси қурилиб аллақачон ишга туширилган, Душанба куни эрталаб турли-туман машиналар кўзни қамаштириб шаҳар кўчаларини айланиб юради; ҳафта мобайнида йиғилиб қолган кир уст-бошлар ортилган бу машиналар чийиллаганча ғизиллаб ёнгинангиздан ўтиб қолади. Эски урф-одатларга кўра оқ танлиларнинг эгни-бошини ювиб тирикчилик қиладиган занжи аёллар ҳам ҳозир кирларини машиналарга ортиб кетадилар.
Аммо бундан ўн беш йил муқаддам душанба куни осойишта бўлар, соя- салқин, тупроқ кўчалар эрталабданоқ каттакон тугунни рўмол танғилган бошларига қўйиб кўтариб бораётган занжи аёллар билан тўлиб-тошар эди. Бу хотинлар роса бир той пахтадек тугунни бошларида шундай кўтариб ўтишардики, оқ танлилар уйидан то занжилар маҳалласидаги кулбаларига бирор ерда тугунга қўл теккизмасдан етиб борар эдилар. Нэнси бошининг қоқ ўртасига тугунни қўяр, тугун тепасига эса қишу ёз бошидан тушмайдиган похол шляпасини ташлаб олар эди. У бадқовоқ, ялпоқ юзли, тишлари тўкилиб битганидан лунжи сал-пал салқиган, бўйчан аёл эди. Кўпинча бизлар кўчанинг у бошигача, баъзан ундан ҳам узоқроққа, ўтлоқнинг нариги чеккасигача, тугунни осонгина кўтариб кетишига қойил қолиб, ортидан эргашиб борардик: тугуннинг қоқ тепасидаги шляпа у зовурга тушаётганида ва қайта юқорига чиқаётганида ҳам, ҳатто чий орасидан ўтаётганида ҳам, оғиш тугул, қимир этмасди. Нэнси бошини орқага ташлаб тешикдан эмаклаб ўтар экан, тугун қилт этмай, худди ҳаво шаридек боши узра турарди; сўнгра у қаддини ростлар ва яна йўлга тушар эди.
Онда-сонда кўйлак-иштонларни олиб кетгани кирчи хотинларнинг эрлари келарди, аммо Иисус бундай ишга қўл урмасди; илгари дадам уни уйимизга қадам бостирмай қўйганидан аввал ҳам, ҳатто кейинроқ Дилси оғриб, унинг ўрнига Нэнси бизникида пазандалик қилиб юрганида ҳам ақалли бирон марта бўлсин Иисус кир ташимаганди.
Деярли ҳар кун эрталаб тезроқ нонушта ҳозирлагани чақириб келиш учун Нэнсининг уйига боришга тўғри келарди. Отам, Иисус билан — у пакана, чандиқ юзли ҳабаш эди — ади-бади айтишиб ўтирманглар, деб қаттиқ тайинлаганидан зовур ёқасида тўхтардик ва ўша ердан туриб, то остонада яп-яланғоч Нэнсининг қораси кўринмагунча уйга тош отаверардик.
—Бир ками тош отишларинг қолувди, — дерди Нэнси. — Нима керак сизга, шумтакалар?
— Тезроқ бориб нонушта тайёрлар эмишсан, дадам шундай деяптилар,— дерди Кэдди. — Нонушта шусиз ҳам ярим соат кечикяпти экан, шунинг учун ҳозироқ йўлга тушар эмишсан.
—Ҳе, нонушталаринг ордона қолсин, — дерди Нэнси. — Буларнинг дастидан тўйиб ухлай ҳам олмайсан-а!
—Сен мастсан шекилли? — дерди Жейсон. — Дадамнинг гапига қараганда, сен маст экансан. Шунақами, Нэнси?
—Кимдан чиқди бу гап? — дея тўнғилларди Нэнси. — Уйқуниям ҳаром қилдиларинг, э, нонуштангизданам ўргилдим.
Яна бир неча тош ирғитгач, кейин уйга қайтиб кетардик. То Нэнси судралиб етиб келгунича анча вақт ўтар ва мен мактабга кечикардим. Биз ҳаммасига виски сабаб бўлган деб ўйлардик. Бундан аввалроқ уни ушлаб қамоққа олиб кетаётганларида, йўлда банк кассири, баптистлар черковининг мубошири жаноб Стовель учраб қолиб, Нэнси уни кўрибоқ ёпишиб олган:
—Қачон менинг ҳақимни берасиз, мистер? Қачон пулимни берасиз, мистер? Меникида уч марта бўлибсиз-у, ҳалигача бир цент берганингиз йўқ… — дея бақираверган.
Жаноб Стовель жаҳл устида уни бир урган, Нэнси ағдарилиб тушган, аммо шунда ҳам жағи тинмаган.
—Қачон пулимни берасиз, жаноб? Меникида бир эмас, уч марта бўлсангиз ҳам ҳалигача… — деган.
Шунда жаноб Стовель хотиннинг юзига тепиб юборган, шериф уни ажратиб олган, аммо Нэнси ётган ерида кулаверган. Сўнг юзини четга буриб, қон аралаш тишларини тупуриб ташлаб:
—Меникига уч марта кириб, бир тийин ҳам бермади-я, — дея тўнғиллаган.
У мана шу тариқа тишсиз қолган эди. Ўша куни ҳамманинг оғзидан Нэнси билан Стовель тушмади, қош қорайганда эса қамоқхона девори ёнидан ўтган-кетганлар дам ашула айтиб, дам дод-вой солаётган Нэнсининг овозини эшитган эди. Деразадан унинг панжарани чангаллаб олган қўллари кўринар, девор ёнида эса оломон тўпланган эди. Ҳамма унинг бўкиришини ҳам, назоратчининг овозингни ўчир, деб ўдағайлашини ҳам эшитиб турарди. Бироқ Нэнси овозини ўчирмади, кечаси билан дод солиб чиқди. Тонготар олдидан назоратчи тепада нимадир деворни дукурлатиб, тирнаётганини эшитиб қолибди. Юқорига чиқиб қараса, Нэнси дераза панжарасида осилиб турганмиш. Кейинчалик назоратчи, гап вискида эмас, балки кокаинда, ҳабаш зоти кокаин ҳидламагунча ҳеч қачон ўз жонига қасд қилмайди, модомики кокаин ҳидладими, бас, ҳабашлигини унутади-қўяди, деди.
Назоратчи уни сиртмоқдан чиқариб олгач, ҳушига келтириб, роса дўппослаган. Нэнси кўйлагини йиртиб ўзини осиб қўя қолган эди. Ҳибсга олишганида унинг эгнида кўйлагидан бўлак уст-боши йўқ эди, қўлини боғлагани ҳеч нарса тополмай, ноиложликдан дераза панжарасини чангаллаб осилиб тураверган. Назоратчи худди мана шу пайтда шовқинни эшитган, югуриб юқорига чиқиб, қип-яланғоч Нэнсининг панжарада осилиб ётганини кўрган.
Дилси касалга чалиниб, Нэнси бизникида овқат пишириб юрган чоқда фартўгининг остида қорни тўлишиб бораётганини ҳаммамиз пайқаб қолдик; бу ҳали отам Иисусни уйимизга киритмай қўймасидан аввалроқ содир бўлганди. Иисус ошхонадаги плита ёнида ўтирарди, унинг қоп-қора юзидаги чандиқ изи исқирт тасмани эслатарди. Нэнсининг қўйнида тарвуз бор, деди у бизга. Ҳолбуки, ўша кез қиш фасли эди.
—Тарвузни қишда қайдан олдинг? — деб сўради Кэдди.
—Бу меники эмас,—деб жавоб берди Иисус. — Мен берганим йўқ уни. Аммо-лекин меникими, бошқаникими, бари бир, бир куни шартта оламану сўйиб ташлайман.
—Нега болаларнинг олдида бунақа нарсаларни гапиряпсан? — деди Нэнси. — Нега ишлагани қўймаяпсан? Ошхонада лақиллаб, болаларнинг олдида бўлар-бўлмас гапларни вайсаб ўтирганингни Жейсон кўриб қолишига кўзинг учиб турибдими?
—Нима деяпсан ўзи? Нэнси, у нима деб вайсаяпти? — дея сўради Кэдди.
—Мен учун оқ танли одамнинг емакхонасида лақиллаб ўтириш мумкин эмас, — деди Иисус. — Менинг емакхонамда эса оқ танли одам лақиллаб ўтирса майли. У хоҳласа меникига кирадн, мен эса унга келмагин деёлмайман. Қачон оқ танли уйимга келса, ўзим уйимда ортиқча бўлиб қоламан. Майли, унга келма дейишга ҳаққим бўлмай қўяқолсин, аммо у мени уйимдан асло ҳайдаб юборолмайди. Йўқ, бу унинг қўлидан келмайди.

II

Дилси ҳамон бетоб эди. Отам Иисусни бизникига киргизмай қўйди. Дилси ҳамон кўрпа-тўшак қилиб ётарди. У ҳадеганда тузалавермади. Кунлардан бирида, кечки овқатдан кейин, отамнинг хонасида ўтиргандик, онам:
—Нэнси бўлай деб қолдими? — деб сўради. —Назаримда шу вақт ичида идиш-товоқларни ювиб улгуриш мумқин эди.
—Квентин бориб хабар олақолсин, — деди отам. — Квентин, қара-чи, Нэнси ишини тугатибдими-йўқми? Унга айт, уйига кетаверсин.
Мен бориб ошхонага бош суқдим. Идиш-товоқлар ювилиб, жой-жойига тахланган, плитанинг алангаси ўчирилган, Нэнси аллақачон совуб улгурган плита ёнидаги курсида ўтирар эди. У менга назар ташлади.
—Ишларингни тугатдингми-йўқми, ойим сўраяптилар, — дедим.
—Ҳа, бўлдим, — деди Нэнси. У менга бошдан-оёқ разм солди. — Тугатдим, — дея яна кўзимга қаради.
— Нэнси, нима гап ўзи? Сенга нима бўлди? — дея сўрадим.
—Мен бор-йўғи бир ҳабаш хотинман, — деди Нэнси. — Лекин минбаъд бунга мен айбдор эмасман.
У похол шляпасини кийиб, совуган плита яқинидаги курсида ўтирганича мендан кўз узмасди. Мен хонага қайтиб бордим. Ким билсин, плита ўчиб қолгани учунми, емакхона жуда файзсиз эди, чунки одатда емакхонага кирган одамнинг кўнгли очиларди, ҳамманинг димоғи чоғ, доимо иссиқ ва ғала-ғовур бўларди. Ҳозир эса плита ўчган, идиш-товоқлар йиғиштирилган ва айни овқат ейдиган маҳалда ҳеч ким овқатланишни ўйламас эди.
—Хўш, тугатибдими? — деб сўради онам.
—Ҳа, ойи, — деб жавоб бердим.
—Ундай бўлса, нима қилаётган экан?
—Ҳеч нима. Ўтирибди.
—Мен қараб келаман,—деди отам.
—У балки, кузатиб қўярди, деб Иисусни кутаётгандир, — деди Кэдди.
—Иисус кетиб қолди, — дедим мен.
Нэнси менга бир кун эрталаб ўрнидан тургани ва Иисуснинг дом-дарагини тополмагани ҳақида гапириб берганди.
—Мени ташлаб кетди, — деди Нэнси. — Мемфисга жўнаб кетган бўлса керак. Ўшоқларда полициядан яшириниб юрганга ўхшайди.
—Минг қатла шукрки, ундан қутулдинг, — деди отам. — Менимча, бедарак кетган.
—Нэнси қоронғидан қўрқади, — деди Жейсон.
—Нима бўпти, ўзинг ҳам қўрқасан, — деди Кэдди.
—Ҳечам қўрқмайман, — деди Жейсон.
—Қўрқоғ-ей, — деди Кэдди.
—Ҳечам-да, — деди Жейсон.
—Кендейс! — дея дашном берди онам.
Отам кирди.
—Нэнсини пича кузатиб қўймасам бўлмайди, — деди у. — Айтишига қараганда, Иисус қайтиб келганмиш.
— Ўз кўзи билан кўрибдими? — деб сўради онам.
—Йўқ, аллақандай ҳабаш Иисусни шаҳарда кўрганини унга етказибди. Мен тезда қайтаман.
—Сен то Нэнсини кузатиб қўйгунингча мен уйда ёлғиз ўтираманми? — деди онам. — Сенга ҳабаш хотиннинг тинчи менинг тинчимдан кўра зарурроқ шекилли.
—Бораману қайтаман, — деди отам.
—Анави ҳабаш шу атрофда дайдиб юрган бўлса ҳам, болаларни ёлғиз қолдириб кетишга кўзинг қиядими?
—Мен ҳам бораман, — деди Кэдди. — Борсам майлими, дада?
—Сенинг болаларингга унинг кўзи учиб тургани йўқ, — деди отам.
—Мен ҳам бораман, — деди Жейсон.
—Жейсон! — дея бақирди онам. Буни отамга қарата айтгани унинг авзойидан сезиларди. Шу билан у гўё, қандай қилиб бўлмасин юрагимни кўпроқ сиқиш учун кун бўйи турли баҳоналар ахтарган эди, мана, ниҳоят ниятига етди, демоқчи эди. Мен нафасимни ичимга ютиб ўтирардим, чунки онам пайқаб қолса, шак-шубҳасиз, мени ташлаб кетишини хоҳлаб қолажагини отам иккимиз яхши билардик. Шунинг учун отам мен томонга ақалли бир марта ҳам қарамади. Болаларнинг тўнғичи мен эдим. Кэдди мендан икки ёш кичик — еттида, Жейсон эса беш яшар эди.
—Бекор гап! — деди отам. — Биз тезда қайтиб келамиз.
Нэнси аллақачон шляпасини кийиб олганди. Биз тор кўчага чиқдик.
—Иисус доим менинг кўнглимга қарагани қараган эди, — деди Нэнси. — Неча пул топишидан қатъий назар, ярмини менга берарди.
Биз тор кўча бўйлаб борардик.
—Шу тор қўчалардан чиқиб олсам бўлгани, — деди Нэнси, — у ёғи икки қадам.
Тор кўча худонинг берган куни зимистон эди.
—Азиз-авлиёлар куни Жейсон мана шу ерда роса қўрққанди, — деди Кэдди.
—Ҳечам қўрқмагандим, — деди Жейсон.
—Рейчел хола ҳам ҳеч нарса қилолмайдими уни? — деб сўради отам.
Рейчел хола жуда қариб қолган эди. У Нэнсининг уйидан сал наридаги кулбада ёлғиз яшарди. Унинг сочлари оппоқ оқариб кетган, аллақачонлардан бери ҳеч ерда ишламас, ҳар куни эрталабдан кечгача бўсағада ўтириб трубка чекишдан бошқа ишга ярамас эди. Одамларнинг орасида, Иисус унинг фарзанди, деган миш-мишлар юрарди. Рейчел холанинг ўзи баъзан бу гапни тасдиқлар, баъзан эса, мутлақо бўлмаган гап, у ҳеч кимим эмас, деб туриб олар эди.
—Ёлғон, сен қўрқиб кетгандинг, — деди Кэдди. — Фронни у ёқда турсин, ҳар қандай ҳабашдан кўра беш баттар қўрққандинг.
—У ҳеч кимнинг сўзига кирмайди, — деди Нэнси. — Ўзининг айтишича, мен унинг жинини қўзғатиб юборганмишман, шунинг учун то мени бирёқли қилмагунча кўнгли жойига тушмасмиш.
—Ҳечқиси йўқ, — деди отам, — гапираверади. У жўнаб кетди, энди қўрқмасанг ҳам бўлаверади. Фақат оқ танлилар билан ўчакишмаса бас.
—Нима қилйб ўчакишади? — деб сўради Кэдди. — Қанақа оқ танлилар билан?
—У ҳеч қаерга кетмаган, — деди Нэнси. — Кўнглим сезяпти, у шу ерда. Манови тор кўчада яширинган. Нима деяётган бўлсак ҳаммасини эшитиб турибди. Беркиниб олиб кутяпти. Мен уни кўрганим йўқ, кўрсам ҳам, атиги бир марта, қўлида устара билан кўрсам керак. Устарани у бўйнига осиб юради. Мабодо кўриб қолган тақдирда ҳам сира ажабланмасдим.
—Мен сира қўрқиб кетмагандим,—деди Жейсон.
—Агар орқа-олдингга қараб юрганингда, ҳеч нарса юз бермаган бўларди, — деди отам. — Аммо бўлар иш бўлди. Эҳтимол у ҳозир Сент-Луисдадир, аллақачон бошқа хотинга уйланиб, сени эсидан ҳам чиқариб юборгандир.
—Мабодо шундай бўлса ҳам, — деди Нэнси, — менинг билмаганим яхши. У ҳолда, кўнглингизни тўқ қилаверинг, кунини кўрсатардим. Ўшани қучоқлаб бағрига босиб кўрсин-чи, қўлларини чопиб ташлайман. Мен уни қонига ташна қилиб қўяман, қорнидан дарча очиб қўяман, мен уни…
—Жим!—деди отам.
—Кимнинг қорнидан, Нэнси, — деб сўради Кэдди.
—Мен сираям қўрқиб кетмагандим, — деди Жейсон.—Тор кўчадан бир ўзим юра оламан, бўптими?
—Қўйсанг-чи, — деди Кэдди. — Биз бўлмасак, бу «ўчадан етти чақирим наридан юрардинг.
Дилси ҳамон бетоб ётарди. Биз ҳар куни кечқурун Нэнсини уйига кузатиб қўярдик. Охири онамнинг сабри чидамади.
—Бу қачонгача давом этади? — деди у. — Токай мен ҳувиллаган уйда ҳар куни кечқурун сўппайиб ўтиравераман, сен восвос ҳабаш хотинни кузатиб қўяверасан?
Ошхонада ётар деб, Нэнсига тўшак солиб бергандик. Бир кун кечаси зимзиё тун қўйнида зинапоя тагидан келаётган, ашула деса ашулага, нола деса нолага ўхшамайдиган аллақандай товушдан уйғониб кетдик. Онамнинг хонасидаги чироқ ёниқ эди. Отам йўлакка чиқиб, кейин махфий зинапоя томонга ўтганини пайқадик-да, Кэдди икковимиз ҳам коридорга югуриб чиқдик. Пол муздек эди. Биз эшитилаётган товушга жимгина қулоқ солиб тураверганимиздан оёғимиздан совуқ ўтиб, бармоқларимиз увишиб қолаёзди. Бу ашулага ўхшарди, бироқ айни чоқда ўхшамасди ҳам. Бу ҳабашларга ҳайронсан, нималар қилишмайди-я.
Кейин у жим бўлди, отам зинадан пастга туша бошлаганини эшитиб, биз ҳам зина панжараси ёнига бориб қарадик. Зум ўтмай энди зинапоянинг ўзидан, секингина яна бояги товуш келди ва девор ёнидаги пиллапояда Нэнсининг кўзлари кўринди. Унинг кўзлари бамисли мушукнинг кўзларидек ёнар, худди девор тагида баҳайбат мушук яшириниб олиб, бизга тикилиб турганга ўхшарди. Бизлар бир неча поғона пастга тушгандик, Нэнсининг уни ўчди ва, биз то ошхонадан тўппонча билан отам чиқмагунча, ўша ердан жилмай туравердик. Отам Нэнси билан пастга тушиб кетди, зум ўтмай Нэнсига тегишли тўшакни қўлтиқлаб бирга қайтиб чиқди.
Уни болалар бўлмасига тўшаб бердилар. Онамнинг хонасидаги чироқ ўчганида Нэнсининг кўзлари ёна бошлади.
—Нэнси, — дея шивирлади Кэдди. — Ухламаяпсанми?
Нэнси бир нималар деб шивирлади, нима деганини мен тушунмадим. Шивир-шивир, худди у ерда Нэнсининг ўзи тугул арвоҳи ҳам йўқдек ва ўз-ўзидан туғилаётгандек, қоронғилик қўйнидан келарди; бу ялтираган кўзлар эса қуёшга узоқ қараб, сўнг кўзларингни юмганингдагига ўхшаб, шунчаки, боя зинапояда ўта диққат билан тикилганим учун, қорачиқларимда суврати қолганлиги учун кўринаётгандек эди.
—Вой, худойим-ей, — дея хўрсинди Нэнси. — Вой худойим-ей!
—Иисус бор эканми ўша ерда? — дея шивирлади Кэдди. — У ошхонага кирмоқчи бўлдими?
—Худойим-ей, — деди Нэнси. У то нафаси тугагунча чуқур хўрсиниб: «худоййимейййййй!..» деди.
—Нэнси, сен бизларни кўряпсанми, — дея шивирлади Кэдди.— Сен ҳам бизнинг кўзларимизни кўряпсанми?
—Мен бор-йўғи бир ҳабаш хотинман, — деди Нэнси. — Худога ҳаммаси аён, ҳаммаси аён…
—Ошхонада нима бор экан? — дея шивирлади Кэдди. — Ким кирмоқчи бўлибди?
—Худо билади, — деди Нэнси. — Худо билади. — Бизга унинг кўзлари кўринарди, холос.
Дилси касалдан турди, Қозон-товоқни ўз қўлига олди.
—Сен яна бирон кун ётатурсанг бўлармиди, — деди отам.
—Нима фойдаси бор? — деди Дилси. — Худо кўрсатмасин, яна бир кун ётсам, уйнинг чанги бошингизга чиқиб кетади. Қани, энди чиқинглар ошхонадан. Сал одам кирадиган қилиб қўймасам…
Кечки овқатни ҳам Дилси тайёрлади. Қош қорайди, деганда ошхонага Нэнси кириб келди.
—У қайтиб келди, деб ким айтди сенга? — деди Дилси. — Ўз кўзинг билан кўрдингми?
—Иисус — қоратаппи, — деди Жейсон.
—Кўнглим сезяпти,—деди Нэнси, — у ўша зовурда яшириниб ётибди, кўнглим сезяпти.
—Ҳозирми? — деб сўради Дилси.—Ҳозир ўша ердами?
—Дилси ҳам — қоратаппи,— деди Жейсон.
—Ул-бул еб олсанг бўларди,— деди Дилси.
—Ҳеч нарса егим йўқ, — деди Нэнси.
—Мен қоратаппи эмасман,—деди Жейсон.
—Қаҳва ич, ҳеч бўлмаса, — деди Дилси ва қаҳва қуйиб узатди. — Сенингча у ҳозир ҳам ўша ердами? Қаердан биласан?
—Билмасам гапирармидим, биламан-да, — деди Нэнси. — У ўша ерда, мени пойлаяпти. Шунча йил бекорга яшаганим йўқ. Ҳар доим нима қилишини олдиндан билардим.
—Қаҳвадан ҳўпла, — деди Дилси.
Нэнси пиёлани лабига яқин келтириб пуфлади. Лунжи салқиб, худди қаҳвани совутаман деб ҳамма бўёғини пуфлаб юборгандек, лаблари кулранг тус олди.
—Мен қоратаппи эмасман, — деди Жейсон. — Сен-чи, Нэнси, қоратаппимисан?
—Мен худонинг қарғишига учраган хотинман, — деди Нэнси. — Ҳадемай ҳаммасидан қутуламан. Қаердан келган бўлсам, ҳадемай ўша ерга қайтиб кетаман.

III

Нэнси қаҳва ичишга чоғланди. Иккала қўли билан пиёлани кўтариб ётган чоғида яна ҳиқиллай бошлади.
Нафасидан қаҳва чайқалиб кетиб, Нэнсининг қўлига, кўйлагига тўкилди. Кўзлари бизда эди. У тирсаклари билан тиззасига суянганча, пиёлани қўлидан қўймай, пиёла оша бизга тикилиб ўтираркан, кўксидан шундай товуш чиқарди.
—Нэнсига қара, — деди Жейсон. — Дилси тузалгани учун у энди овқат пиширмайди.
—Бирпас жим тур, — деди Дилси.
Нэнси пиёлани кафтларида тутиб бизга қарар, гўё бир эмас, хонада икки нафар Нэнси ўтиргандек туюларди; бири бизга қараб турар, иккинчиси эса товуш чиқарарди.
—Нега мистер Жейсон телефон қилиб шериф билан гаплашишини хоҳламаяпсан? — дея сўради Дилси.
Қоп-қора, косовдек қўлларидан пиёлани қўймай ўтирган Нэнси чурқ этмади. Қаҳвадан ҳўпламоқчи бўлган эди, лекин қаҳва чайқалиб кетиб, қўли билан тиззасига тўкилдию у пиёлани секин столга қўйди. Жейсон унга қараб турарди.
— Томоғимдан ўтмаяпти, — деди Нэнси. — Ютяпман-у, аммо ўтмаяпти.
—Ҳозир меникига бор, — деди Дилси. — Фрони сенга жой солиб беради. Мен эса орқангдан етиб бораман.
—У дуч келган ҳабашдан қўрқади деб ўйлайсан шекилли, — деди Нэнси.
—Мен ҳабаш эмасман, — деди Жейсон. — Дилси, мен ҳабаш эмасман-а?
—Балки шундайдир, — деди Дилси. У Нэнсига кўз ташлади. — Балки қўрқмас ҳам. Лекин ўзинг нима қилмоқчисан?
Нэнси бизларга қаради. У қимир этишга ҳоли келмайдигандек ўтирар, бироқ худди бирон нимани кўрмай, пайқамай қолишдан чўчигандек, кўзлари тинмай аланг-жаланг қилардй. У бир вақтнинг ўзида учовимизни назардан қочирмасликка уринарди.
—Хонангизда сизлар билан тунаб қолганим эсингиздами? — деди Нэнси.
У эрталаб ўрнидан тургач қандай тўполон қилганимизни гапира бошлади. Биз то отам уйғониб Нэнси нонушта ҳозирлагани пастга тушиб кетгунича унинг тўшагида роса ўйнаган эдик.
—Бугун ҳам сизлар билан тунаб қолишимни онангиздан сўранг, — деди Нэнси. — Менга тўшак ҳам керакмас. Яна бирга ўйнаймиз.
Кэдди, орқасидан Жейсон онамнинг ёнига югуриб чиқиб кетди.
—Қаланғи-қасанғи ҳабашлар менинг уйимда тунашга йўл қўёлмайман.
Жейсон йиғлаб юборди. У то онам, агар ҳозироқ хархашангни тўхтатмасанг, уч кунгача ширинлик емайсан, деб койимагунча йиғлайверди. Бироздан сўнг Жейсон, агар Дилси шоколадли торт пиширса, йиғламайман, деди. Отам ҳам ўша ерда ўтирарди.
—Нега сен бирон чора кўрмаяпсан? — деди онам. — Бизнинг полиция нима билан шуғулланаяпти?
—Нэнси Иисусдан нега қўрқади? — деб сўради Кэдди. — Ойи, сиз-чи, сиз отамдан қўрқасизми?
—Полициянинг қўлидан нима келарди? — дея эътироз билдирди отам.
—Нэнси, ҳатто уни кўрмаган бўлса, ўзинг айт-чи, уни қаердан излаш керак?
—Унда нега бунчалик қўрқади?
—Ўзининг гапига қараганда Иисус бу атрофда юрганмиш. Буни кўнгли сезаётганмиш. Айтишича, бугун ҳам шу яқин орада эмиш.
—Нималар учун солиқ тўлаяпмиз полицияга, ҳеч тушунолмадим, — деди онам. — Сен қаёқдаги ҳабаш хотинларни кузатиб қўйишинг, мен эса ҳувиллаган уйда ёлғиз қолишим яхшими?
—Мен ўлдираман деб сени пойлаб юрганим йўқ-ку, тушунсангчи?!—деди отам.
—Агар Дилси шоколадли торт пиширса, йиғламасдим, — деди Жейсон.
Онам бизларга, боринглар энди, деди, отам эса, Жейсон шоколадли торт ейдими, емайдими, билмайман-у, лекин ҳозироқ хонадан чиқиб кетмаса, таъзирини ейди, деди. Бизлар ошхонага йўл олдик. Кэдди Нэнсига юзланди:
—Отам сен уйингга бориб эшикни тамбалаб олсанг, ҳеч ким тегмасмиш, деди. Ким тегмайди, Нэнси? Иисусми? Сен уни хафа қилдингми? — деди.
Нэнси ҳамон тирсаклари билан тиззасига таяниб, қўлидаги пиёлани тиззалари орасидан осилтириб, ушлаб ўтирар, пиёладан кўз узмас эди.
—Иисуснинг жаҳлини чиқарадиган нима иш қилувдинг? — дея сўради Кэдди.
Пиёла Нэнсиминг қўлидан тушиб кетди. Пиёла синмади, фақат қаҳва тўкилди, Нэнси ҳамон қўлларида пиёла бордек кафтларини ҳовуч қилиб ўтирарди. У яна, паст овозда ҳиқиллай бошлади. Бир қарасанг, ашулага ўхшайди, бир қарасанг ўхшамайди. Ҳаммамиз унга қараб турардик.
— Сени қара, бўлди энди, — деди Дилси. — Етар. Бунчалик куйинаверишдан фойда йўқ. Шу ерда ўтира тур, мен бориб Вершга айтай, сени кузатиб қўйсин. Унгача шу ерда қимирламай ўтир.
Дилси чиқиб кетди.
Ҳаммамиз Нэнсига қарадик. Унинг елкалари титради, аммо чурқ этмади. Биз унга қараб ўтирардик.
—Иисус сени нима қилмоқчи? — деб сўради Кэдди. — У жўнаб кетган шекилли?
Нэнси бизга назар ташлади.
—Мен сизларникида тунаб қолганимда роса мириқиб ўйнагандик, тўғрими?
—Ҳечам, — деди Жейеон. — Мен сира ҳам мириқиб ўйнамагандим.
—Сен ухлагандинг, — деди Кэдди. — Сен биз билан ўйнамагандинг.
—Кетдик бизникига ҳозир. Яна ўйнаймиз,—деди Нэнси.
—Онам рухсат бермайди,—дедим мен. — Кеч бўлиб қолди.
—Сизлар рухсат сўраманглар, — деди Нэнси. — Эртага айтсанглар аччиғи чиқмайди.
—Онам рухсат бермайди, — дедим мен.
—Ҳозир унга билдирманглар деяпман-ку, — деди Нэнси, — қайта-қайта сўраб безор қилиб юборманглар.
—Онам, борманглар, деб айтмаганлар, — деди Кэдди.
—Биз сўраганимиз йўқ-ку! —дедим мен.
—Агар кетсанглар айтиб бераман,—деди Жейсон.
—Биз ҳаммамиз роса ўйнардик-да, — деди Нэнси. — Фақат менинг уйимга бориб олсак бўлгани. Онангизнинг аччиғи чиқмайди. Мен ахир шунча пайтдан бери сизникида ишлаяпман-ку, отангиз билан онангиз урушмайди.
—Мен қўрқмайман,—деди Кэдди. — Жейсон қўрқади. У ойимга айтиб беради.
—Мен қўрқмайман,—деди Жейсон.
—Йўқ, сен қўрқасан. Сен ойимга чақиб берасан.
—Чақиб бермайман, — деди Жейсон. — Мен қўрқмайман.
—Жейсон ёнимда бўлса, ҳеч нарсадан қўрқмайди, — деди Нэнси. — Тўғрими, Жейсон?
—Жейсон ойимларга айтиб беради, — деди Кэдди.
Тор кўча зимистон эди. Биз бориб орқа эшикдан ўтлоққа чиқдик.
—Агар бирон нарса дарчадан сакраб тушса борми, Жейсон қўрққанидан додлаб юборарди.
—Ҳечам додлаб юбормасдим, — деди Жейсон.
Биз йўлга тушдик. Нэнси шанғиллаб, баланд овозда гапирарди.
—Нега бунча бақириб гапиряпсан, Нэнси? — деб сўради Кэдди.
—Ким? Менми? — деб сўради Нэнси. — Ол-а, Кэдди, Жейсон билан Квентингларнинг гапини кўринг! Гўё мен бақириб гапираётганмишман.
—Сен шундай гапиряпсанки, худди орамизда яна биров, бешинчи киши бордек,—деди Кэдди. — Худди дадам биз билан бирга кетаётгандек.
—Ким бақириб гапиряпти? Мен бақириб гапиряпманми, жаноб Жейсон? — деди Нэнси.
—Нэнси Жейсонни «жаноб» деяпти, — деди Кэдди.
—Қаранг, Кэдди, Жейсон ва Квентинлар нима дейишяпти? — деди Нэнси.
—Биз ҳеч нарса деётганимиз йўқ,—деди Кэдди.
—Сендан бошқа ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти, худди дадам…
—Секин, — деди Нэнси. — Секинроқ, жаноб Жейсон.
Аввал зовурдан, сўнгра Нэнси доимо бошида тугуни билан ўтиб юрадиган ғов орасидан ўтдик, у бутун йўл бўйи жавраб борди. Ниҳоят, уйига яқинлашдик. Биз жуда тез етиб келгандик. Нэнси эшикни очди. Уйда ўтириб қолган ҳид гўё чироғу Нэнсининг баданидан уфураётган ҳид бамисли пиликдек, улар яна ҳам кучлироқ ҳид анқитиш учун бир-бирларини кутаётгандек эди. Нэнси чироқни ёқди. Эшикни ёпйб тамбалади. Шундан кейин шанғиллашдан тўхтаб, бизга қаради.
—Энди нима қиламиз?’—деб сўради Кэдди.
—Нима қилмоқчисизлар? — деди Нэнси.
—Ўйнаймиз, дегандинг.
Нэнсининг уйида бир кўнгилсизлик шарпадек кезиб юргани худди ҳид сингари сезиларди. Буни ҳатто Жейсон сезди.
—Мен бу ерда қолишни истамайман,—деди у.—Уйга кетгим келяпти.
—Кетсанг кетавер, ким қўлингдан ушлаб турибди? — деди Кэдди..
Бир ўзим кетмайман, — деди Жейсон.
—Мана, ҳозир бошлаймиз, — деди Нэнси.
—Қанақа ўйинни бошлаймиз? — деб сўради Кэдди.
Нэнси эшик олдида турарди. У бизга тикилди, бироқ ҳеч нимани кўрмаётгандек кўзлари маънисиз боқарди.
—Ўзингиз нимани хоҳлайсиз? — дея сўради у.
—Яхшиси бизга эртак айтиб бер,—деди Кэдди. — Эргак айтишни биласанми?
—Айта оламан, — деди Нэнси.
—Ундай бўлса, айт,—деди Кэдди.
Биз Нэнсига қарадик.
—Сен биронта ҳам эртакни билмайсан шекилли? — деди Кэдди.
—Нега ахир, биламан, — деди Нэнси. — Ҳозир айтиб бераман…
У бориб ўчоқ ёнидаги курсига ўтирди. Ўчоқда қип-қизил чўғлар кўринарди. Нэнси яхшилаб пуфлаган эди, лоп этиб аланга олди. Ўт ёқишнинг ҳожати ҳам қолмади. Нэнси алангани гуриллатиб юборди-да, эртак айта бошлади. У шундай гапириб, шундай қарар эдики, худди овози ҳам, кўзи ҳам ўзиники эмас, бировникидек, ҳатто ўзи ҳам бу ёрда йўқдек эди. Гўё бошқа бир ерда эдию ўша ерда ниманидир кутарди. У уйда эмас, балки ташқарида, қоронғилик қўйнида юрарди гўё.
— … Ниҳоят, малика ёвуз одам яширинган зовур ёқасига келибди. У зовурга тушибди-да: «Агар зовурдан ўтолсам эди», дебди.
—Қанақа зовур? — деб сўради Кэдди. —Бизникига ўхшаганми? Нега у зовурга тушади?
—Уйга етиб олиши учун, — деди Нэнси. — Ундан бошқа борадиган йўл йўқ экан.
—Уйга бориб нима қиларди? — деб сўради Кэдди.

IV

Нэнси бизларга тикилган кўйи, ҳикоя қилишдан тўхтади. Жейсоннинг оёқлари калта иштончасидан чиқиб турарди. У ҳали ёш бола бўлганидан калта иштон кийиб юрарди.
—Емон эртак экан, — деди у. — Уйга кетгим келяпти.
—Айтганча, бўлди, уйга кетамиз, — деди Кэдди ва ўрнидан турди.— Бизлардан хавотир олиб қидиришаётган бўлмасин яна, — дея у эшикка қараб юрди.
—Тўхта, — деди Нэнси, — очма.
У сапчиб ўрнидан турди-да, Кэддининг олдидан тўсиб чиққани эшик томон талпинди. Аммо эшикка ҳам, тамбага ҳам қўл урмади.
—Нега? — деб сўради Кэдди.
—Юр, чироқ ёнида яна бироз ўтирайлик, — деди Нэнси. — Ўйнаймиз, ҳали кетишга эрта.
—Узоқ қолиб кетсак бўлмайди, — деди Кэдди. — Қолишга арзигулик нарса бўлмаса, нимаям қилдик.
Улар Нэнси билан бирга ўчоқ бошига қайтишди.
—Уйга кетгим келяпти, — деди Жейсон, — ҳаммасини айтиб бераман.
—Мен яна битта жудаям қизиқ эртакни биламан, — деди Нэнси.
УКэддидан кўзини узмас, худди бурнининг учига чўпни яқин келтириб, пастдан қарагандагидек, кўзлари ғилайлашиб кетарди. Кэддига тепадан пастга қарашга тўғри келса ҳам, Нэнсининг кўзлари шундай эди.
—Эшитишни истамайман, — деди Жейсон, — мен полни тапиллатиб ўтираман.
—Буниси жуда қизиқарли эртак, — деди Нэнси.— Ановинисидан анча қизиқроқ.
—Нима ҳақда у? —деб сўради Кэдди.
Нэнси чироқ ёнида турарди. Қўли билан чироқ шишасини ушлади. Чироқ нурида унинг қўли яна ҳам узунроқ ва қорароқ кўринди.
—Сен шишасини ушлаяпсан, — деди Кэдди. — Қўлинг куймаяптими?
Нэнси қўлларига қаради ва истар-истамас қўлини чироқ шишасидан олди.
У Кэддига назар солатуриб, қўлини чунонам айлантирдики, худди қўли арқон билан осиб қўйилганга ўхшарди.
—Келинглар, яхшиси бошқа бирон нима билан шуғулланамиз, — деди Кэдди!
—Уйга кетгим келяпти, — деди Жейсон.
—Менда жўхори бор, — деди Нэнси. У Кэддига, кейин менга, сўнгра Жейсонга, яна Кэддига қараб чиқди. — Келинглар, жўхори қовурамиз.
—Жўхорини ёмон кўраман, — деди Жейсон. — Мен конфетни яхши кўраман.
Нэнси Жейсонга назар солди.
—Мен жўхори пишираётганимда сен товани ушлаб турасан, хўпми?
У ҳамон қўлини айлантирарди. Узун, қоп-қора қўли худди бесуякка ўхшардж
—Бў.пти, — деди Жейсон. — Агар товани ушлаб турсам, қоламан. Кэдди товани ушлаб туришни билмайди. Агар товани Кэддига берсанг, уйга кетаман.
Нэнси пуфлаб-пуфлаб оловни алангалатди.
—Ҳатто, Нэнси оловни ушлаяпти! — деди Кэдди. — Сенга нима бўлди, Нэнси?
—Менда жўхори бор, — деди Нэнси. — Озгина бор.
У каравот тагидан товани олди. Тованинг дастаси синиқ эди. Жейсон йиғлаб юборди.
—У ҳеч нарсага ярамайди, — деди у.
—Энди уйга кетмасак бўлмайди,—деди Кэдди.
—Шошманглар, — деди Нэнси. — Шошманглар. Мен уни ҳозир тузатаман. Наҳотки, менга ёрдам беришни истамасанг?
—Мени жўхори егим келмай қолди, — деди Кэдди. — Кеч бўлди энди.
—Унда сен ёрдам бер, Жейсон, — деди Нэнси. — Сен менга ёрдам берасан, тўғрими?
—Йўқ, —деди Жейсон. — Мен уйга кетаман.
—Ундай қилманглар, — деди Нэнси. — Керакмас. Қара, мен нима қиламан. Ҳозир уни тузатаман-да, кейин Жейсон товада жўхори қовуради.
У бир бўлак сим билан тованинг дастагини маҳкамлади.
—Э, барибир бўлмайди, — деди Қэдди.
—Бўлади,—деди Нэнси. — Мана кўрасан. Ана энди жўхори тозалаймиз, қани, қарашиб юборинглар.
Жўхори ҳам каравот тагида эди. Биз уни сўтасидан ажратиб товага солишга тутиндик. Нэнси эса Жейсоннйнг товани оловда тутиб туришига кўмаклашди.
—У ёрилмаяпти, — деди Жейсон. — Мен уйга кетаман.
—Шошма, — деди Нэнси. — Ҳозир бодрай бошлайди. Жудаям қизиқ бўлади.
У ўчоқнинг ёнгинасида ўтирарди. Чироқнинг пилиги жуда баландлатиб қўйилганидан, тутай бошлади.
—Нега пилигини пасайтириб қўймаяпсан, — деб сўрадим.
—Ҳеч қиси йўқ, — деди Нэнси. — Қоракуяни кейин артиб оларман, ана, қара, ҳозир ёрила бошлайди.
Сира ёриладиганга ўхшамаяпти, — деди Кэдди. — Лекин барибир уйга кетишимиз керак. Хавотир олишади.
—Йўқ, — деди Нэнси. — Ҳозир ёрила бошлайди. Дилси уларга мен билан бирга кетганингизйи айтиб қўяди. Сизларникида шунча пайт ишлаб келдим. Меникига келганинигизни эшитса, уларнинг жаҳли чиқмайди. Шошманглар. Кўз очиб юмгунча ёрила бошлайди.
Дафъатан кўзига тутун кирдию Жейсон йиғлаб юборди. У товани оловга ағдарди. Нэнси ҳўл латтани олиб Жейсоннинг юз-кўзини арта бошлади. У эса йиғлашдан тўхтай демасди.
—Вой-бў, бўлди қилақол, — деди Нэнси. — Бўлди қилсанг-чи.
Аммо Жейсон йиғлайверди.
Кэдди товани оловдан тортиб олди.
—Ҳаммаси куйиб кетибди, — деди у. — Нэнси, яна жўхоридан борми?
—Сен товага ҳаммасини солганмидинг? — деб сўради Нэнси.
—Ҳа,—деди Кэдди.
Нэнси унга хомуш боқди. Сўнгра товадаги куйган жўхорини этагига солиб, узун, қоп-қора бармоқлари билан битталаб ажрата бошлади. Биз уни кузатиб турардик.
—Бошқа жўхоринг йўқми уйда? — деб сўради Кэдди.
—Брр, — деди Нэнси. — Бор. Мана, ҳаммаси куйиб кетмаган экан. Фақат булари…
—Мени уйга кетгим келяпти, — деди Жейсон. — Ҳаммасини айтиб бераман.
Овозингни ўчир! Жим!
Биз нафасимизни ютиб атрофга қулоқ солдик. Нэнси ўша заҳоти эшикка юзланди, унинг кўзларида чироқнинг қизғиш шуъласи акс этарди.
—Кимдир келяпти? — деди Кэдди.
Шунда олов ёнида тиззаларининг орасидан қўлларини осилтириб ўтирган Нэнси паст овозда яна ҳиқиллай бошлади: дафъатан унинг юзидан йирик-йирик тер томчилари юмалай бошлади, томчилар иягига оқиб тушаркан, бу томчиларнинг ҳар бирида ўчоқдаги аланганинг оловли ҳалқалари акс этарди.
—У йиғламайди, — дедим мен.
—Мен йиғламайман, — деди Нэнси; унинг кўзлари юмиқ эди. — Мен йиғламайман. Бу келаётган ким?
—Билмадим, — деди Кэдди, сўнг эшикдан бошини чиқариб қаради. — Оббо, энди уйга кетмасдан бошқа иложимиз қолмади. Отам кептилар.
—Мен ҳаммасини айтиб бераман, — деди Жейсон. — Мен бормайлик дегандим, сизлар мени зўрлаб олиб келдингиз.
Нэнсининг ёноқларидан ҳамон томчилар оқиб тушмоқда эди. У ўтирган ерида ўгирилди.
—Менга қаранглар, унга айтингларки… Биз шу ерда бирга ўйнаймиз, денглар. Нэнси эрталабгача бизлар билан бирга ўйнайди, денглар. Нэнси биз билан кетсин, деб илтимос қилинглар. Ерда бўлса ҳам ётавераркан, денглар. Менга тўшак ҳам шарт эмас. Биз эрталабгача роса ўйнардик. Эсларингдами, ўтган сафар қанақа маза бўлганди?
—Мен сира ҳам маза қилмагандим,—деди Жейсон. — Сен мени урдинг. Сени деб кўзимга тутун кириб кетди.

V

Отам кирди. У бизларга қаради. Нэнси ўрнидан турмади.
—Унга айтинглар, — деб илтимос қилди у.
— Мен бормайман дегандим, — деди Жейсон, — Кэдди мажбур қилди. Отам ўчоқ тепасига келди. Нэнси бошини кўтарди.
—Рэйчел холангникига бориб, ўша ерда тунасанг бўлмайдими? — деб сўради отам. Нэнси қўлларини тиззаси орасидан осилтириб ўтирган кўйи унга разм солди. — Бу атрофда ўзи тугул арвоҳи ҳам йўқ унинг, — деди отам. — Бўлса мен кўрардим. Бу атрофда тирик жон кўринмайди.
—У зовурда, — деди Нэнси. — Зовурда яшириниб ётибди.
—Бекор гап, — деди отам. У Нэнсига тикилди.—Ўша ердалигини сен қаердан биласан?
—Менга ишора қилишган, — деди Нэнси.
—Ким ишора қилган?
—Билмадим. Уйга кирганимда стол устида ётарди. Гўштидан қони оқиб турган чўчқа суяги. У столда, чироқ ёнида ётарди. У ўша ерда. Сиз кетишингиз ҳамоно мана бу эшикдан кирадию, қарабсизки, куним битди деяверинг.
—Куним бйтади нима дегани, Нэнси? — деди Кэдди.
—Мен чақмачақар эмасман,—деди Жейсон.
—Бекор гап!—дёди отам.
—У ўша ерда, — деди Нэнси. — Кетишингизни кутиб ҳозир деразадан қараб турибди. Кетдим, дейишингиз биланоқ куним битади.
—Бўлмаган гап! —деди отам. — Қани, эшикларни тамбала-чи. Сени Рэйчел холаникига обориб қўямиз.
—Нима фойда, — деди Нэнси. У отамга бошқа қарамади, аммо отам унинг учун, териси ҳилвираган қоп-қора қўлларидан кўз узмай турарди. — Чўзишдан нима фойда?
—Сен ўзинг нима қилмоқчисан? — деб сўради отам.
—Билмайман, — деди Нэнси. — Қўлимдан нима ҳам келарди. Яна озгина чўзиш мумкин. Декин нима фойдаси бор! Пешонамга ёзилгани шу экан. Пешонамдагини кўраман.
—Нимани кўрасан? —деб сўради Кэдди. — Пешонангга нима ёзилган экан?
—Буларнинг ҳаммаси қуруқ сафсата, — деди отам. — Сизлар эса ҳозироқ бориб ухлашингиз керак.
— Мен бормайман, дегандим, Кэдди келишга мажбур қилди, —деди Жейсон.
—Тўғри Рэйчел холаникига бор, — деди отам.
—Бундан нима фойда, — деди Нэнси. У тиззасига таяниб, узун қўлларини оёқлари орасида осилтирганча ўчоқ ёнида ўтирарди. — Тўғриси, уйингизда, сизга қарашли ошхонада тунасам ҳам нажот йўқ. Башарти, борингки, болалар хонасида, мана шу кичкинтойларингиз хонасида ётган тақдирда ҳам, эрталаб қарасангиз, танамни тилка-пора қилиб…
—Бас! Жим! — деди отам. — Ичкаридан эшикни қулфлаб, чироқни ўчиргин-да, ётиб ухла!
—Қоронғидан қўрқаман, — деди Нэнси. — Мен бу воқеа кечаси юз беришини хоҳламайман.
—Нима, кечаси билан чироқ ёнида ўтириб чиқасанми? — дея сўради отам.
Нэнси ўчоқ ёнида узун қўлларини тиззалари орасида осилтириб ўтирганча яна ҳиқиллай бошлади.
—Э, қуриб кетсин!—деди отам. — Қани, миттивойлар, марш уйга! Ётар вақти бўлди.
—Сизлар кетгандан кейин менинг куним битди деяверинг, — деди Нэнси. — Эртага менинг ўлигим чиқади шу уйдан. Ўлимлигимни йиғиб қўйганман, жаноб Лавледига тўлаб қўйганман…
Жаноб Лавледи ҳабашлардан омонлик ҳақини йиғувчи ўрта бўйли, доим исқирти чиқиб юрадиган одам эди: ҳар шанба куни эрталаб у ҳамма кулбаларни айланиб, ҳабашлардан ўн беш центдан чиқарди. У хотини билан мусофирхонада яшарди. Кунлардан бир куни хотини эрталаб ўзини-ўзи ўлдирган эди. Уларнинг қизчалари бор эдй. Хотини ўз-ўзини ўлдиргач, жаноб Лавледи боласини олиб жўнаб кетган эди.
Орадан кўп ўтмай у қайтиб келди. Шанба кунлари эрта билан, кўпинча, тор кўчаларда кетаётганда уни кўриб қолардик.
—Бўлмаган гап! — деди отам. — Бемаза хаёлга берилма.
—Насиб қилгани бўлади. Аммо нима насиб этади, ёлғиз эгамга аён.

VI

Нэнсининг уйидан чиқаётганимизда у ҳамон ўчоқ ёнида ўтирарди.
—Эшикни тамбалаб ол, — деди отам. Нэнси қимир этмади. У бизга қайрилиб ҳам қарамади. Биз жўнаб кетдик, у эса ўчоқ ёнида қолди: эшиги лднг очиқ хонада липиллаб лампа ёниб турарди.
—У нимадан хавотирланяпти, дада? — деди Кэдди.— Нима бўлиши керак экан?
—Ҳеч нима, — деди отам. Жейсон унинг елкасида ўтирар, шунинг учун ҳаммамиздан баландда эди. Биз зовурга тушдик: мен қилт этган нарсани кўздан қочирмаслик учун индамай атрофни кузатиб борардим. Бироқ, ой нури соялар билан уйқашиб кетган ерларда бирон нарсани ажратиб олиш амри маҳол эди.
—Агар Иисус шу ерда яшириниб ётган бўлса, у бизни кўриб турибди, тўғрими? — деди Кэдди.
—У бу ерда эмас, — деди отам. — У аллақачон жўнаб кетган.
—Сен мени мажбур қилдинг, — деди Жейсон ўзининг «тахтиравониядан туриб; осмон фонида отам худди бири кичкина, бири катта икки бошли одамга ўхшаб кўринарди. — Менинг эса боргим келмаганди.
Ҳаммамиз ёлғизоёқ йўл билан зовурдан кўтарилдик. Бу ердан ҳали ҳам эшиги ланг очиқ Нэнсининг уйи кўринар, аммо Нэнсининг ўзи — ўчоқ ёнида бир аҳволда ўтирган, кутавериб тоқати тоқ бўлган Нэнсининг ўзи кўринмасди. «Чарчадим,— деди у ортимиздан. — Уф, шундай чарчадимки, мен бор-йўғи бир ҳабаш аёлман. Ахир бунинг учун мен айбдор эмасман».
Аммо унинг овози ҳамон эшитилиб турарди, чунки бизлар зовурдан чиққан ҳамоно у яна ўша — ашула деса ашула эмас, куй деса куйга ўхшамайдиган — товушда ҳиқиллай бошлаганди.
— Энди киримизни ким ювиб беради, — деб сўрадим мен.
—Мен қоратаппи эмасман, — деди Жейсон отамнинг боши узра қалқиб, турган «минора»дан.
—Сен ундан баттарсан, — деди Кэдди. — Сен чақмачақарсан. Агар бирон нарса чиқиб қолсами, сен ҳар қандай қоратаппидан баттар қўрқиб кетган бўлардинг.
—Ҳечам-да, деди Жейсон.
—Сен додлаб юборган бўлардинг, — деди Кэдди.
—Кэдди! — деди отам.
—Мен ҳечам додлаб юбормасдим,—деди Жейсон.
—Қўрқоқ! — деди Кэдди.
—Кэндейс!—деди отам.

Рус тилидан Олим Отахонов таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 7-сон.