Уильям Фолкнер. Эмили учун атиргул (ҳикоя)

Мисс Эмили Грирсон ўлганда, уни кўмиш учун бутун шаҳар йиғилди: эркаклар қулаган маъбудга эъзоз-икром юзасидан, хотинлар эса камида ўн йил инсон қадами етмаган хонадонни ўз кўзлари билан кўргани ичлари ошиқиб келдилар, чиндан ҳам бу эшикка ҳам боғбон, ҳам ошпаз бўлган қари хизматкордан бошқа ҳеч ким яқин йўламасди.
Синчкор қилиб қурилган ҳайҳотдай чорси уйнинг сувоқлари кўчганига не замонлар бўлган, етмишинчи йилларнинг ҳавойи алфозида гумбазчалар, найзадор қуббалар, жимжимадор балконлар билан безатилган бу иморат шаҳримизнинг бир маҳаллар оқсуяклар маҳалласи деб саналган кўчасида жойлашган эди. Замонаси келиб гаражлар ва пахта йигирувчи заводлар бу ердан энг кибор хонадонларни ҳам қисиб чиқарди ва фақат Грирсонларнинг кўҳна тарзли иморатигина худди беллашсанг, беллашаман дегандай пахта ортилган фургонлар ҳамда бензин қуядиган станциялар узра кибр ва қийиқлик ила кеккайиб турарди. Мана энди қазо соати етиб мисс Эмили ҳам
қарағай буталари ўсиб ётган шаҳар мозоридаги ўз жойига равона бўлди, бу мозорликда ҳамон Жефферсон яқинидаги жангда ҳалок бўлган федерал қўшинлар ва конфедерат солдатларининг (улар ичида номсиз қабрлар ҳам кўп) сўнгги оромгоҳлари сақланиб келар эди.
Мисс Эмили ҳаёт экан, шаҳар ўз устига олган қадим анъана, қарздорлик ва ўзига хос маънавий бурчнинг мужассам тимсоли эди, бу нарса Жеферсоннинг мэри полковник Сарторис 1894 йилда (бу — негр аёлларга шаҳар кўчаларида этаксиз юришни ман қилган ўша Сарторис эди) қизнинг отаси ўлгандан сўнг дарҳол уни солиқ тўлашдан бир умрга озод қилгандан бери давом этиб келарди. Бу мисс Эмилига хайр-эҳсон бўлиб туюлмади. Полковник Сарторис қизнинг отаси бир замонлар шаҳарга пул қарз бериб турган эди, деган чигал бир баҳонани ўйлаб топди, ўша қарзни шундай йўл билан қайтариш осонроқ кўчар экан. Бундай нарсани полковник Сарторис авлодига мансуб одамгина тўқиб чиқариши мумкин эди.
Бироқ шаҳар муниципалитетига бошқа бир даврда тарбияланган, замонавийроқ ғоялар эгаси бўлмиш янги одамлар насллари келишганда, ушбу аҳднома маълум бир норозиликларга сабабчи бўла бошлади. Янги йилнинг биринчи куни мисс Эмилига солиқ тўлаш ҳақида баёнот жўнатилди. Февраль кирди, лекин жавоб йўқ эди. Унга ўзингизга қулай бўлган вақтда шерифнинг идорасига келиб учрашинг деган расмий хат ёзилди. Яна бир ҳафта ўтгач, мэрнинг ўзи унга хат ёзиб, ё мен ҳузурингизга борай ва ё сизга автомобиль юборай ўзингиз келинг, деб хабар қилди ва қадимий қоғоз варағига ранги ўчиб кетган сиёҳ билан бениҳоя нафис ҳуснихатда ёзилган жавоб олди. Хатда маълум қилинишича, мисс Эмили узоқ вақтлардан бери эшикка чиқмас экан; хатга ҳеч қандай изоҳсиз солиқ ҳақидаги баёнот ҳам қўшиб жўнатилган эди.
Муниципалитет махсус мажлис чақирди ва мисс Эмили ҳузурига делегация жўнатилди. Делегация саккиз-ўн йиллардан бери ташқаридан келувчиларга тим-тирс беркилган эшикни тақиллатди. Эшик чиннига гул солиш дарслари тугагандан бери очилмаган эди. Қари негр уларни ним қоронғи пастки залга олиб кирди, бу ердан яна ҳам қоронғироқ бўлган юқорига пиллапоя билан кўтарилар эди. Уврин-тўда ва чанг ҳиди анқирди, ҳаво чирик ва дим эди. Негр уларни вазмин чарм мебеллар қўйилган меҳмонхонага олиб кирди. У деразалардан бирининг тўсиғини очган эди, чармларнинг ёрилиб кетгани кўзга чалинди, хонага кириб келган қуёшнинг бир толим нури ўриндиқлар узра кўтарилган тўзон издиҳомларини ёритди. Камин олдидаги унниққан тилла суви юритилган мольбертда мисс Эмили отасининг пастелда ишланган сурати турарди.
Улар бошдан-оёқ қора кийинган, тилла занжир осган, занжири белигача тушиб, сўнг кенг белбоғ ичра ғойиб бўлган, паст бўйли, тўлачагина хотин қора оғочдан ишланган, дастаси хира олтиндан қуббаланган асога таяниб кириб келганда, ўринларидан турдилар. У бўйчан, суяги нозик эди, шунинг учун ҳам бошқа пайтда тўлалик бўлиб кўринадиган ҳол ҳозир хомсемизлик каби туюлар эди. Унинг вужуди худди узоқ вақт ботқоқлик тагида ётгандай шалвайган ва шишганга ўхшарди. Мурданикидай туссиз бетининг семиз ўрмаларида хамир бўлагига тиқиб қўйилган икки бўлак кўмирдай кўзлари биқинган эди. Мушрифлар нега келганликларини баён қилишаркан, бу кўзлар уларни бирма-бир сузиб чиқди.
Уларга ўтиринглар ҳам демади. У эшикда туриб жимгина қулоқ солди, гапираётган киши тутилиб жим бўлиб қолди. Шунда ҳаммалари олтин занжирнинг учида беркинган соатнинг чиқиллаб юраётганлигини баралла эшитдилар.
У совуқ ва қуруқ оҳангда деди: «Мен Жефферсонда солиқ тўламайман. Менга буни полковник Сарторис тушунтирган. Ичингиздан истаган киши агар қизиқса, шаҳар қоғозларига қараб кўрсин».
— Биз шундай қилдик, мисс. Биз шаҳар идорасиданмиз. Наҳот сиз шериф имзо чеккан хатимизни олмаган бўлсангиз?
— Ҳа, бир нима келгандай бўлувди, — деди мисс Эмили. — Демак, у ўзини шериф деб ҳисоблар экан-да… Лекин мен Жефферсонда солиқ тўламайман.
— Шаҳар қоғозларида ҳеч қаерда бундай эслатма йўқ. Биз афтидан…
— Полковник Сарторисга учрашинглар. Менинг Жефферсондан ҳеч қандай қарзим йўқ.
— Лекин мисс Эмили…
— Сарторис билан гаплашиб кўринглар. (Полковник Сарториснинг ўлганига чамаси ўн йилча бўлиб қолган эди.)
Менинг Жефферсондан цеч қандай қарзим йўқ. Тоб! — Эшикда негр пайдо бўлди. — Жентльменларни кузатиб қўй.

II

Хуллас калом, у ғалаба қилди, уларнинг пиёдалари ва отлиқларини буткул тору мор этди. Ўттиз йил бурун ҳид хусусида гап чиққанда уларнинг оталари устидан у худди мана шундай ғалаба қозонганди. Бу отаси вафот этгач, икки йилдан сўнг рўй берганди, ўшанда биз ҳаммамиз энди тўй бўлади деб турганимизда, қаллиғи бирдан ташлаб кетиб қолган эди. Отасининг ўлимидан сўнг у эшикка камдан кам чиқар, қаллиғи қочиб кетгач, у сира қорасини кўрсатмай қўйди. Шаҳар хонимлари бир неча маротаба мисс Эмилини кўрмоқчи бўлиб уриндилар, лекин уларни қабул қилмади. Хонадонда ҳали ҳаёт нишонлари сўнмаганлигини негр — у пайтлар ёш йигит эди — онда-сонда қўлида сават билан майда-чуйда харид қилгани эшикка чиққанидангина билса бўларди.
— Нима деганингизда ҳам эркак — эркак-да, товоқ-қошиқни эплай олмайди, — дейишарди хонимлар, шунинг учун ҳам, ҳид тарқалганда, ҳеч ким бундан ажабланмади. У шу дағал ва жўн кишилар дунёси билан улар узра баланд қад кўтарган улуғвор Грирсонларни боғлаб турган мисоли бир ҳалқа эди.
Бироқ мисс Эмилининг қўшниси шаҳар мэри, саксон яшар судья Стивенсга шикоят қилди.
— Мендан нима истайсиз, хоним? — деб ўсмоқчилади судья.
— Унга айтинг, бир чорасини кўрсин.
— Хўш, бунга ҳеч қандай зарурат йўқ, — деди судья Стивенс. — Негр хизматкори ҳовлида илонми ё каламушми ўлдирган бўлса керак-да. Мен у билан гаплашиб кўраман.
Эртасига яна икки кишидан шикоят тушди — уларнинг бири эркак эди, у қўшнисидан бутунлай фарқли ўлароқ ғоятда эҳтиёткорлик ва назокат билан сўйлади.
— Бир нарса қилмаса сира бўлмайди, судья. Мен ўлсам ҳам мисс Эмилининг тинчини бузишни истамасдим, лекин нимадир қилиш керак.
Кечқурун шаҳар кенгаши чақирилди: учта оппоқ соқолли мўйсафид ва яна ёшроқ бирови — келажак насллар даракчиси.
— Бош қотириб ўтирадиган жойи йўқ, — деди у. — Унга хат ёзиб юбориш керак, уйини тартибга келтириб қўйсин. Бир озгина фурсат берайлик, агар шунда ҳам нафи тегмаса…
— Э, йўқ, бўлмайди, сэр, — унинг сўзини кесди судья. — Ким ледининг юзига қараб туриб, сасиб кетяпти дейди.
Шундай қилиб, эртаси куни кечқурун тўрт эркак мисс Эмилининг кўк бута деворини ошиб ўтдилар-да, худди қароқчилардай пусиб биқинганча ҳовлини чарх уриб айланиб, барча тешик-ёриқларни искаб кўришди, орқадаги бириси эса елкасига осиб олган қопдан ниманидир олиб дон сочгандай сочди. Уйнинг ертўласига, ҳовли юзасидаги барча иморатларнинг атрофига улар хлорли оҳак сепиб чиқдилар. Сўнг бута девордан ошиб кетаётган чоғларида шу пайтгача қорайиб турган дераза ойнасига бирдан ёруғ тушиб, унда шам қотган маъбуд каби мисс Эмилининг қораси кўринди. Улар бу ердан аста пусиб ўтиб, кўча ёқаларида ўсган дарахтлар қорасида кўздан йўқолдилар. Бир-икки ҳафта ўтиб, ҳид бутунлай билинмай кетди.
Ана ўшандан бошлаб, одамлар мисс Эмилига юраклари ачиб қарайдиган бўлиб қолдилар. Унинг холаси Уайет кампир охири бориб миясини еб қўйганлигини эслашган одамлар, ниҳоят, бу Грирсонларнинг ўзлари доим такаббур бўлганлар, деган хулосага келдилар. Ҳар қалай, қариндош-уруғларининг назарида мисс Эмилига тенг келадиган йигит бизнинг шаҳарда топилмас эди. Мисс Эмили билан унинг отаси эшик олдига қандай қилиб чиқиб турганлари ҳали ҳозиргача ҳам кўз ўнгимиздан кетмайди. Отаси олдинда оёқларини керганча, қўлида қамчисини маҳкам қисиб туради, унинг пича орқасида — ланг очиқ эшикнинг ўртасида оппоқ кийинган мисс Эмилининг нозиккина қомати. Шунинг учун ҳам, қизнинг ёши ўттизга чиққанда ва у ҳамон турмуш қурмаганда, бутун шаҳар заҳарханда қилди десак бўлмас-ку, лекин ҳарҳолда, ундан ўчини олиб аламидан чиққандай бўлди. Агар, ким бўлмасин, биров унга талабгор бўлганда эди, ҳатто телба холасидан ҳам ҳайиқиб ўтирмай, дарров кўниб қўя қоларди-да, деб ўйлар эдик биз.
Отаси ўлгандан кейин унга уйдан бошқа ҳеч нарса мерос қолдирмагани маълум бўлди, яшириб нима қилдик, бундан кўплар хурсанд ҳам бўлди. Ана энди у ҳақда ғамхўрлик қилиш мумкин деган қарорга келдик биз. Мисс Эмили ҳам муҳтожлик ва кимсасизликда яшаб кўрса, доим учини учига етказолмай фиғони кўкка чиқиб, мудом қўрқинч ичида кун кечириш нима эканлигини билади.
Ота ўлимининг эртасига эрталаб шаҳарнинг барча хонимлари мисс Эмилига ҳамдардлик билдириш, мадад бериш учун одатга биноан жам бўлдилар. Уларни одатдагича кийинган ҳолда эшикда қарши олди. Кўзларида бир қатра ёш йўқ эди. Отам ўлгани йўқ, дер эди у яккаш, руҳонийлар ва докторларнинг мурдани олишга шунча уринишларига қарамай, уч кунгача у шу гапни такрорлашдан қолмади. Қонунда кўрсатилгани бўйича чора кўрмасак бўлмайди деб турганларида, у ниҳоят, рози бўлди ва мурдани тезлик билан дафн қилдилар.
Ўшанда биз уни ҳали телба деб ҳисобламасдик. Мисс Эмили бекорга шундай қилаётгани йўқ, деб мулоҳаза қилар эдик биз, ахир унинг отаси қанчадан қанча йигитларни эшигидан нари қувиб юборди, одам келмайдиган қилиб қўйди, энди эса қиз охирги бор нарсасини қўлдан чиқармасликка уринарди, одамлар одатан шундай қиладилар-ку.

III

Кейин у узоқ бетоб бўлиб ётди. Уни яна кўрганимизда, сочи калта қирқтирилган ва шундан ёш қизчаларга ва тағин жиндаккина черковларга қўйиладиган маъюс ва ўйчан фаришталарга ўхшаб кетарди.
Худди ана шу пайтларга келиб, шаҳар ҳукумати кўчаларга йўлка ётқизишга қарор қилди, ишга одамлар ёлланди ва ёз кунларида (бу пайтга келиб унинг отаси ўлган эди) ишлар қизиб кетди. Шаҳарга Гомер Бэррон деган сочлари қора, қадди-қомати йирик, иш деганни чайнаб ташлайдиган, овози ўткир ва ўктам, юзи офтобда қорайган, кўзлари шишадай тиниқ — ҳақиқий янки бошчилигида негрлари, улов ҳамда асбоб-ускуналари билан қурувчилар бригадаси келди. Болалар Бэрроннинг кетидан тўдалашиб чопиб юришар, унинг негрларни қора терга тушириб ишлатиши, уларнинг қўшиқ айтиб оғир чўкичларни бир маромда кўтариб ташлашларини завқланиб томоша қилишарди. Тезда Гомер Бэррон бутун шаҳар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Кўчанинг бирон ерида одамлар тўпланишиб, хахолаб кулашаётган бўлса, билаверингки, демак, Бэррон ҳам шу ерда эди. Кўп ўтмай уни ва мисс Эмилини якшанба кунлари ғилдираклари сариқ, ёллаб олинган бир жуфт тўриқ от қўшилган усти очиқ икки ўринли коляскада биргаликда сайр қилиб юришганини учрата бошладилар.
Бошида биз ҳаммамиз қандай бўлмасин мисс Грирсон яна ҳаётга қизиқиб қарай бошлаганидан қувондик, бунинг устига шаҳар хотинлари: «Э, қўйинглар, ахир шу Грирсонлар шимолдан келган ва бунинг устига ёлланиб ишлайдиган одамни назар-писанд қилишармиди?», деганлари деган эди. Лекин ёшлари улуғроқлар бошқача ўйлашарди: чинакам леди ҳатто бошига кулфат тушганда ҳам ор-номус тузукларидан чиқмаслиги керак, деб ҳисоблашарди улар, лекин бу сўзларни оғиз очиб айтишмасди. Улар оддийгина қилиб: «Шўрлик Эмили. Қариндош-уруғлари унга қарашса бўларди», деб қўйишарди. Қизнинг рости билан ҳам Алабамада қариндош-уруғлари бор бўлиб, бироқ отаси улар билан ақлдан озган Уайет кампирнинг мулкини талашиб, шундан хонадонлар юз кўрмас бўлиб кетган эдилар. Чолни кўмиш маросимига Алабамадан ҳеч ким келгани ҳам йўқ.
«Шўрлик Эмили» деган сўзлар кимнингдир оғзидан чиқиши биланоқ дарҳол турли миш-мишлар ўрмалаб қолди. «У ерда бир нима бор деб ўйлайсизми?», деб сўрардик биз бир-биримиздан. «Албатта-да, бошқача бўлиши мумкинми?» Шундай қилиб, унинг орқасидан, якшанбанинг кўзни қамаштирадиган офтобидан тўсиб ёпилган дераза тавақалари орқасидан, кўчадан ўтиб бораётган қурувчилар билан изма-из ивиршивир қўзғалди: «Шўрлик Эмили».
Гарчи ҳамма мисс Эмили ўзини тийиб юра олмади, деб ҳисобласа-да, қизнинг ўзи ҳамон бошини мағрур кўтариб юрар, худди одамларнинг койиш, гап-сўзлари унга ўзининг ҳақлиги ва ягоналигига ишонч-эътимодини орттираётгандай, Грирсонлар наслининг сўнгги вакили шаън-шукуҳини ҳимоя қилиб, ҳар қачонгидан кўра ҳам кибриё эди. У дорихонадан каламуш дори, маргимуш сотиб олаётганда ҳам ўзини ана шундай тутди. «Шўрлик Эмили» деган сўзлар биринчи маротаба айтилганига ҳам бир йилдан ошиб, ниҳоят унинг ҳолидан хабар олгани икки холаваччаси келишди.
— Менга заҳар керак, — деди у.
— Хўп бўлади, мисс Эмили, лекин қанақасидан бўлсин? Каламушга бўлса керак-да? Мен сизга тавс…
— Менга энг яхшиси керак — нима деб аталиши билан ишим йўқ.
Аптекачи бир неча хил заҳарларни санаб чиқди.
— Улар филни ҳам қулатади. Лекин чамаси, сизга яхшиси…
— Маргимуш, — деди мисс Эмили, — яхши заҳарми?
— Маргимуш? Ҳа, мэм. Лекин сизга…
— Менга маргимуш керак.
Аптекачи унга бошини кўтариб қаради, у заррача ўзгаргани йўқ; унинг шамдай қотган чеҳраси полк туғидай таҳдид эларди.
— Майли бўлмасам, — деди аптекачи. — Агар сизга худди шу заҳар керак бўлса. Лекин қонун бўйича, сиз уни нимага ишлатмоқчи эканлигингизни айтишингиз керак.
Мисс Эмили бошини пича орқага ташлаганча унинг кўзларига тик қараб турар, ва ниҳоят, аптекачи дош беролмай юзини ўгирди-да, хонадан чиқиб кетди. У бошқа қайтиб келмади, маргимуш солинган қоғозни югурдак негр боладан бериб юборди. Мисс Эмили уйга кириб қоғозни очди, калла суягининг расми солинган қутичанинг тагида: «Каламушларга қарши» деган сўзларни ўқиди.

IV

«У ўзини ўзи ўлдиради», дердик биз эртасига, шундай қилса ўзига яхши бўлади, деган хулосага келди ҳамма. Улар Гомер Бэррон билан энди-энди учрашиб юрганларида, унга турмушга чиқишига ҳамманинг ишончи комил эди. Буғулар клубида ёшлар билан чақчақлашиб туришни ёқтирадиган Гомер атрофдагиларга ўзининг бўйдоқ яшаш тарафдори эканлиги ҳақида оғиз кўпиртирганлигини эшитиб, «қиз уни эгиб олади», дердик биз кейинроқ. Кейин дераза тавақалари туширилгач, якшанба кунлари офтобда ярақлаб турган коляскада ёнларимиздан ўтиб боришаркан, биз: «Шўрлик Эмили!», деганимиз деган эди. Коляскада мисс Эмилининг боши тик кўтарилган, Гомер Бэррон эса шляпасини бошига боплаб қўнқайтириб, оғзидан сигара тушмай, сариқ қўлқоп кийган қўлларида жилов ҳамда қамчинни маҳкам ушлаб борарди.
Шунда баъзи бир шаҳар хонимлари улар ёшларга ёмон ўрнак кўрсатишяпти ва шаҳримизнинг обрўсини ерга уришяпти, деб гап-сўз қила бошлашди. Эркаклар бу ишга аралашмасликни маъқул кўрдилар, лекин уларнинг хотинлари баптистлар руҳонийсини мисс Эмилини бориб кўришга кўндирдилар, мисс Эмили барча қавму қариндошлари каби епископ черковига мансуб эди. Руҳоний бу учрашув қандай ўтганлиги тўғрисида ҳеч кимсага ҳеч нарса демади, лекин яна бир марта боришдан қатъий бош тортди. Келаси якшанба куни улар яна коляскада сайрга чиқдилар, яна бир кун ўтгандан сўнг руҳонийнинг хотини мисс Эмилининг Алабамадаги қариндошларига хат жўнатди.
Ниҳоят, унинг уйига одамлар келишди ва биз буёғи нима бўларкин деб кута бошладик. Аввалига ҳаммаси илгаригидай давом этаверди. Кейин биз улар барибир турмуш қурсалар керак, деб юрдик. Мисс Эмили заргар қошига борганмиш, унга эркакларнинг кумушдан ишланган анжомларини буюрганмиш, анжомларнинг ҳар бирига Г. Б. деган ҳарфлар ўйилиб ёзилармиш деган гаплар тарқалди. Икки кун ўтгач, у эркакларнинг кийим-кечакларини, ҳатто ички кўйлаккача қўшиб харид қилганлигини эшитдик. Ҳаммамиз енгил нафас олдик: «Улар уйланишибдилар». Чиндан, ҳаммамиз юрак-юракдан хурсанд эдик. Биз яна шунга ҳам хурсанд эдикки, Эмилининг ҳар иккала холаваччаси унинг ўзидан ҳам ўтиб тушган Грирсонлардан экан.
Шундай экан, шаҳар кўчаларидаги ишлар ниҳоясига етгач, бир оз вақт ўтиб Гомер Бэрроннинг йўқ бўлиб қолганлигидан ҳеч ким ажабланиб ўтирмади. Тўй ҳақида ҳаммага эшиттириб эълон қилинмагани бир оз шаштимизни туширди, лекин Гомер мисс Эмилининг келишига ҳаммасини ҳозирлаб қўйиш учун кетган бўлса керак ёки бўлмаса, қизга холаваччаларидан қутулишга имкон туғдиргандир (холаваччаларга қарши бутун бошли фитна тузилган, ҳаммамиз мисс Эмили томонида эдик), деган фикрда эдик. Ростдан ҳам, яна бир ҳафта ўтиб, унинг қариндошлари жўнаб кетишди. Ҳамма кутгандек, уч кундан сўнг Гомер Бэррон яна шаҳримизда пайдо бўлиб қолди: шом қоронғиси тушганда, негр хизматкор орқа эшикни очиб уни ичкарига қўйганлигини мисс Эмилининг аёл қўшниси кўрган экан.
Ўшандан бери Гомер Бэрронни бошқа ҳеч ким кўрмади. Мисс Эмили ҳам, ҳар қалай, бир оз вақт ўтгунча бутунлай кўринмай қолди. Негр хизматкор майда-чуйда олгани сават кўтариб чиқиб қолар, сўнг яна қайтиб кириб кетар, лекин катта эшик доим тим-тирс берк эди. Баъзан деразадан мисс Эмилининг қораси кўзга чалинар (кечаси унинг ҳовлисига оҳак сепиб чиқишганда шундай бўлган эди), лекин ярим йилгача у кўчага қадам босмади. Биз буни ҳам тушунса бўлади деб ҳисоблардик — чунки унинг аёллик қисматининг очилиб кетишига шунчалар қаршилик қилган отасининг руҳи, афтидан, ҳаддан ташқари қудратли ва яшовчан бўлса керак эди.
Мисс Эмили, яна қайтиб кўрганимизда, бироз тўлишган, сочларига эса оқ оралаган эди. Йиллар ўтган сайин оқлари кўпайиб, ниҳоят, улар мурч билан туз аралашган тусга кирди. Ғайратли, ишга чанқоқ эркакларнинг сочлари одатда шундай оқаради. Мисс Эмили етмиш тўртга кириб дунёдан кўз юмгунча унинг сочлари шундайлигича қолди.
Шу вақт ичида хонадоннинг катта эшиги бир марта ҳам очилмади. Мисс Эмили чиннига гул солишдан болаларга дарс берган олти-етти йил (ўшанда у қирқларга бориб қолганди) бу ҳисобга кирмайди. У пастки қаватдаги хоналардан бирини дарсхонага айлантирди, полковник Сарторис қурдошларининг қизчалари ва набиралари унинг олдига қатнай бошладилар, қатнаганда ҳам, худди якшанба кунлари йигирма беш цент танга хайр-эҳсон учун олиб черковга келгандай бир кайфият ва мунтазамлик билан қатнардилар.
Лекин мана шаҳарнинг қалби ва вужудига айланган янги насл юзага чиқди. Мисс Эмилининг шогирдлари катта бўлиб вояга етишди ва унинг қошига болаларини юбормай қўйишди, бўёқлар, чўткалар, журналлардан қирқиб олинган суратлар шу қадар жонларига тегиб кетган эди. Катта эшик сўнгги шогирд ортидан гурсиллаб ёпилдию бошқа ҳеч қачон очилмади. Шаҳарда текин почта хизмати йўлга қўйилганда ёлғиз мисс Эмили уйига тунука тахтача ва почта қутиси қоқиб қўйишни ман қилди. Уни кўндирмоқчи бўлиб уриндилар, лекин у ҳеч кимнинг гапини эшитишни истамади.
Кун кетидан кун, ой кетидан ой, йил кетидан йил ўтар, биз эрталаблари озиқ-овқат харид қилгани чиққанда негрнинг сочлари тобора оқариб, беллари тобора букилиб бораётганлигини кўрардик. Ҳар декабрь ойи келганда, мисс Эмили солиқ тўлаш ҳақида баёнот олар ва ҳар сафар бир ҳафта ўтгач, уни очмасдан орқасига қайтариб жўнатар эди. Онда-сонда уни пастки қаватдаги хоналардан бирининг деразасида кўриб қолардилар — чамаси юқори қават хоналари ҳамон берк эди — у қотиб турар, мисоли тошдан йўниб ишланган маъбудга ўхшарди. У бизлардан биронтамизни кўрармиди-йўқми, аниқ билиб бўлмасди. Насллардан наслларга худди мана шу алфозда ўтиб борар эди бу ҳаммамизга яқин ва ажойиб, безабон, ўқ ўтмас, сув тешмас, қайтмас ва тонмас аёл.
Шундай қилиб, у оламдан ўтди. Қариб-чуриб путурдан кетган негр хизматкордан бошқа қарайдиган одами бўлмай, чанг-ғубор ва қоронғилик қоплаган уйда касалланиб ётиб қолди. Ҳатто шаҳарда ҳеч кимса унинг касал ётганлигини билмас, биз қари хизматкордан сўраб-нетиб туришликни аллақачонлар йиғиштириб қўйгандик. Хизматкор ҳеч ким ва ҳатто бекаси билан гаплашмас, худди узоқ замонлар ишлатилмай ётганидан занглагандай товуши хирқираб чиқадиган бўлиб қолганди.
У пастки қаватнинг хоналаридан бирида ёнғоқдан ишланган, атрофи парда билан тўсилган каттакон каравотда жон берди. Унинг оппоқ оқарган боши қуёш нурларини сира кўрмаган вақтнинг забтига дош беролмай сарғайган ва моғор босган болишга сокин чўккан эди.

V

Биринчи бўлиб келган хотинларни негр эшикда кутиб олди ва ичкарига олиб кирди. Бўғиқ шивир-шивир шилдиради, нигоҳлар олазарак чопдилар. Негр эса шу дамдаёқ ғойиб бўлди. У уйнинг барча хоналаридан ўтиб бориб, орқа зинадан пастга тушди-да, шунинг билан бошқа ҳеч ким ҳеч қачон уни кўрмади. Кўп маҳтал қилмай тезда унинг икки қариндоши ҳам етиб келишди ва эртасига бутун шаҳар мисс Эмилини кўмиш маросимига йиғилди. У гулларга кўмилиб ётар, бош томонида отасининг пастелда ишланган теран ўйга ботган сурати осиғлиқ турар, атрофда эса шақар хонимлари ғамбода бир қиёфада ғуж бўлиб, пичир-пичир қилишарди. Эшик олдида ва ҳовлида мўйсафид қариялар ўтиришар, уларнинг айримлари конфедерат қўшинларининг артиб-тозаланган либосларини кийиб олишган, уларнинг хотираларида мисс Эмили худди уларга тенгқурдай гавдаланар, назарларида улар мисс Эмили билан неча-неча бор рақсга тушгандай ва ҳаттоки неча-неча мароталаб унинг қўлини сўрагандай бўлардилар. Барча кексайган одамлар каби улар воқеалар ҳамда саналарни чалкаштириб айтишар, ўтмиш улар назарида олис-олисларда йўқолиб кетадиган арава изимас, кенг, абадиян ям-яшил ўтлоқ эди, бу ўтлоқ бизнинг кунларимиздан фақат сўнгги ўн йил ичида тор жарлик билангина ажралган эди.
Уйнинг тепа қаватида қирқ йилдан бери инсон қадами тегмаган, эшиги қулфлаб ташланган хона борлиги ҳозир маълум бўлган эди. Мисс Эмилининг жасади аппон-саппон ўз қабрига қўйилгандан сўнггина бу хонани бузиб очдилар.
Худди янги келин-куёвлар турадигандай қилиб ясатилган ва жиҳозланган хонанинг узоқ йиллар ўтириб қолган чанги қаттиқ ҳаракат туфайли бирдан тўзиб кетди. Уй ичи ачимсиқ гўр ҳидига тўлганди. Ранги ўчиб кетган пушти кимхоб чойшаб қатлари, чироқларнинг пушти соябонлари, биллур шишачалар ва кумушдан ишланган, соч-соқол анжомлари сочилган мўъжаз столчалар — ҳаммаёқ гардга қопланганди. Кумуш буюмлар шунчалар ҳам хиралашиб кетгандики, энди уларга ўйиб ёзилган бош ҳарфларни кўриб бўлмасди. Шу ернинг ўзида худди ҳозиргина ечилгандай ёқа ва галстук ётарди, уларни ердан кўтариб кўрганларида чанг пардаси ичра ярим гардиш аниқ из қолди. Стулнинг суянчиғида текислаб ташлаб қўйилган костюм осилиб турарди. Полда ботинкалар, уларнинг ёнида пайпоқлар ётарди.
Эр кишининг ўзи эса каравотда эди.
Жағи иршайиб очилиб қолган қўрқинчли бош суяк чаноғига қараганча анчагина жим туриб қолдик. Мурда худди кимнидир қучоқлагандай бўлиб ётарди, лекин муҳаббатдан боқийроқ узун уйқу вақт ўтиши билан унинг барча аъжубаликлари ва найрангларини текислаб, ундан маъшуқасини тортиб олгандай эди. Унинг суяклари узра тунги кўйлакнинг чурик парчалари лахталаниб ётарди. Ўлик худди каравотга сингиб кетгандай эди. Лош ҳам, унинг ёнидаги болиш ҳам бир текис хоки туробга ботганди.
Ва фақат шу ондагина биз иккинчи ёстиқда енгилгина бош изи қолганлигини кўрдик. Ичимиздан кимдир қўли билан изни пайпаслади ва олдинга энкайиб, кўзга ташланмас тўзоннинг қуруқ ва аччиқ ҳидини димоққа тортганча биз бўзранг пўлат тусидаги узундан узун соч толасига кўзимиз тушди.

Иброҳим Ғафуров таржимаси
“Ёшлик” журнали, 1986 йил, 6-сон.