Адабиёт назариясидан дарс берган Аган Никифорович Сидоровнинг маслаҳатларидан:
…Адабиёт — ҳар ким кириб, тўйиб кетаверадиган тўйхона эмас. Шуҳрат тақсимлайдиган таванхона ҳам эмас. Табиат ато этган чинакам истеъдодингга қўшимча атрофлича билиминг, ақл-фаросатинг, одамзод учун қимматли эзгу ниятинг, пок виждонинг бўлсагина “Адабиёт” деб аталмиш муҳташам қасрнинг дарвозасига яқинлашишингда маъни бор. Унутма: бу даргоҳнинг тўрида Гомер, Данте, Умар Хайём, Навоий, Шекспир, Маҳтумқули, Гёте, Пушкин, Бальзак, Лев Толстой, Бердақдек сиймолар ўтиришибди. Улар адабиёт даргоҳига қабул қиладими — йўқми, ҳамма гап мана шунда!
“Адабиёт” деб аталмиш қасрга киришни сидқидилдан истасанг, қўлингдаги шамга маҳлиё бўлавермай, ўзинг учун бу даргоҳдан муносиб ўрин қолдиришинг керак. Пойгакроқдан ўрин топсанг ҳам майли, муҳими ҳеч ким кўкрагингдан итариб: “ўрнинг йўқ” демаса бас! Мабодо бир муддат ташқарига чиққудек бўлсанг, ўрнинг бўшаб-ҳувиллаб қолгани бошқаларга сезилиб туриши ҳам керак.
Бунинг учун сенда икки нарса: аввало, билим, қолаверса, ҳаётий тажриба етишмайди.
…Ҳаётнинг бошқа жабҳаларида бировга биров суянчиқ бўлиши мумкин. Адабиётда сенга ҳеч ким тиргович бўлолмайди. Ёзувчиликка ҳеч ким ҳеч кимни ўргатолмайди. Бировнинг сенга ижирғаниб қарамай, астойдил хайрихоҳ бўлиши учун, аввало, ўзингда мустаҳкам пойдевор яратишинг шарт!..
“Қани ўша пойдевор?”
“Энди мен нима қиламан?”
Камчилигим кўп деб қўрқма, бошқалардан кичкинаман деб ўксинма, тез улгурай деб шошқалоқлик қилма, лекин хотиржамликка ҳам берилма! Ёдингда тут: сен яшаётган аср нечоғли фавқулодда серғалва, суронли бўлмасин, аввалги асрларнинг давоми, холос.
Ўзинг туғилган овулда турибоқ буткул инсоният тақдирини ўйлаш, кишилик жамияти тарихи, унинг келажаги ҳақида қайғуриш мумкин.
Мен кичкинагина бир халқ вакилиман, ҳаммадан юксакроқ чўққига интилишнинг нима кераги бор, дема. Ҳамма халқларнинг эрки ўзида. Бироқ ҳеч бир халқ ўз ҳолича ривожланмайди. Адабиёт ҳам яхлит бир организм: унинг кичиги йўқ.
Инсон орзулари шу қадар бениҳояки, гоҳо улар ўз соҳибини ерда қолдириб, чексиз коинотга парвоз этиши мумкин. Эзгу орзу йўлида астойдил интилган нияти холис одам эртадир-кечдир мурод-мақсадига етиши муқаррар.
Она юртингга, она халқингга қандай кўз билан қараш керак — энг муҳими мана шу! Буюк ёзувчиларнинг сезгирлиги, интуицияси, ноёб истеъдоди, бутун қудрати, аввало, шунда бўлса керакки, улар жузъий бир воқеада бутун жамият аҳамиятига молик моҳиятни кўра олади.
Гомерни ўқиганда қадимги дунёнинг афсонавий манзаралари, Дантени ўқиганда Ўрта асрларнинг бадиий тафаккур уфқлари, Умар Ҳайём, Навоийни ўқиганда муаззам Шарқ донишмандлиги, Лев Толстойни ўқиганда XIX асрда фавқулодда жунбишга келган Россия, Михаил Шолоховни ўқиганда инқилоб даврининг бутун мураккаблиги кўз олдингда рўй-рост намоён бўлади.
Нима учун шундай?
Дунё фақат икки қутбдан: яхши билан ёмондангина иборат эмас. Муҳими — ёмонни ёмондан, яхшини яхшидан фарқлай олиш. Бу иш ҳар хил воситаю бўёқларнигина эмас, аввало, пўлатдек мустаҳкам ирода, қатъий мантиқни талаб қилади.
Классик адабиётни ўқимай, билмай туриб, ёзувчи бўлишга интилиш ҳеч бир устахонани кўрмай моҳир дурадгор бўлишни хаёл қилиш билан тенг.
…Шарқ одамларининг бадиий идрок психологиясини ҳам яхши билган бу ўқитувчининг насиҳатларига амал қилмаслик, назаримда, мен учун кечирилмас гуноҳдек эди. Энди бу устознинг ўзини яхшироқ ўрганай, деган қарорга келиб тўхтадим.
* * *
Қанчалик кўп ўқиб, жаҳон адабиёти уммонига теранроқ шўнғиганим сайин рус адабиёти менга тобора қадрдонлашиб бораверди. Бу адабиёт мен учун энг теран уммон, энг юксак чўққи бўлиб кўринаверди. Ўзим ўқиган китоблардаги рус кишиларининг энг аъло характерларида меҳрибон Аган Сидоровни топгандек бўлдим.
Буюк рус ёзувчиларидан Успенскийнинг кўпроқ статистикага, Короленконинг публицистикага мойиллиги, Лев Толстойнинг аввалбошдан фалсафа ва тарихга мустаҳкам таянгани, Тургеневнинг даврга хос сиёсат, замон оқимига ҳамоҳанг асарлар ёзгани хусусида кўп лекциялар тингласам-да, уларнинг айрим асарларини синчиклаб ўқиш натижасида шуни фаҳмладимки, бу санъаткорларнинг ҳеч бирини лекцияда айтилган айрим ўзига хосликлар билангина чеклаб қўйиш мумкин эмас экан. Бошқача айтганда, уларнинг бирига хос хусусиятларни иккинчисида, учинчисида… ҳам топиш мумкин экан.
Лев Толстой ижоди хусусидаги беҳисоб қарашлар орасида, айниқса, бир фикр менга манзур бўлди: Толстойнинг буюклиги адабиёт учун нимадир қилганидагина эмас, бепоён Россияни қудратли кўзгуга айлантириб, Россиянинг ўзини ўзига ва бутун дунёга ҳар томонлама кўрсата олганида. Назаримда, бу ғоят теран маъноли фикр эди!
Нима учун Лев Толстой ўз замонаси учунгина эмас, бизнинг давримиз учун ҳам ижодий новаторликнинг тимсоли бўлиб хизмат қилади?
Адабиётдаги новаторлик эски бино ўрнида тикланган янги бинонинг ўзига хослигидек нарса эмас. Назаримда, Лев Толстойга хос новаторликнинг муҳим белгиси — ҳаётни, одамлар қисматини, характерларни бутун мураккаблиги билан бевосита ёритганида, батафсил тасвир ва таҳлил этганида, уларни оширмай ё камайтирмай айнан кўрсата олганидадир.
Лев Толстойни яқинроқдан таниганим сайин юрагимни ваҳима босаверди. Адабиёт йўлида дастлабки қадамини қўяётган мендай бошловчи ижодкор учун санъаткордек бўлиш у ёқда турсин, у яратган асарларни ўқиб-ўзлаштиришнинг ўзи мушкул туюлди. Агар ҳар бир халқнинг адабиётини унинг шаҳодатномаси деб билсак, Лев Толстой буюк Россиянинггина эмас, инсоният йилномасида XIX асрнинг бетакрор шаҳодатномаси бўлиб қолади. Спортчилар тили билан айтганда, Лев Толстой сўз санъатининг энг юксак чўққисига кўтарила олган альпинистдир.
Халқидан ўрганмаган ёзувчи — бемақсад тентираган кема. Бундай кемалар адабиёт уммонида, афсуски, оз эмас. Аммо Лев Толстойни халқдан ўрганиш ва халқнинг руҳий чанқоғини қондиришнинг бемисл намунасини кўрсатган буюк толиб ва буюк устоз дейиш мумкин. Адабиёт тарихи ундан оламшумулроқ ёзувчини ҳали билмайди.
* * *
…Билиш жараёнининг чеки-чегараси йўқ, аммо билимнинг чегараси бор. Одамнинг билими, маънавий-маданий савияси унинг ҳар бир иши, хатти-ҳаракати, гап-сўзида аён кўриниб туради. Шу ташқи аломатлар орқалиёқ бошқа одамни била оладиган киши, бир сўз билан айтганда, мутафаккирдир.
Қуёш чарақлаб турганида унинг қадри билинавермагандек, адабиёт тарихида ҳам чинакам мутафаккирни тушуниб етмаслик ҳоллари учраб туради. Тушунган тақдирда ҳам мутафаккирни мутафаккир деб мардона эътироф этган одам хусусида ўзини ҳам буюкликка дахлдор кўрсатмоқчи, деб ўйлаш ҳоллари йўқ эмас. Одамни бундай манманликда айблашдан аввал ҳар бир давр ва унинг маҳсули бўлмиш ҳар бир шахсга холисона сергак назар, очиқ кўз билан қараш малакасини ҳосил қилиш бизни кўпдан-кўп англашилмовчиликлардан халос қилган бўлур эди.
Нечоғли буюк бўлмасин, ҳар бир ёзувчи, аввало, тирик жон, ўз замонасининг вакили.
Одам меҳнати билан одам. У дунёни ўзига хос идрок этиш йўлидаги муттасил интилиши, бетакрор руҳий олами туфайлигина одам!
Рус адабиётининг ҳар бир классиги ботиний тўлқинлари бор теран уммонга ўхшайди. Бу уммонларда чўкиб кетиш ҳам мумкин, кенг қулоч ёзиб эмин-эркин сузиш ҳам мумкин.
Фёдор Достоевский яратган уммон шу қадар теранки, унинг ҳар бир асари билан танишганингизда, дам ёруғликда туриб қоронғуликка қараётгандай, дам зулмат исканжасидан халос бўлиш учун олис-олисларда милтираган хира шуълага талпинаётгандек бўлади киши! Назарингда, шу шуъланинг нарёғида мангу фароғат ўлкаси ястаниб ётгандек. Такрор-такрор ўқиганингиз сари хаёлингизни асир этган манзаралар тобора кенгайиб, жозиба касб этиб, ойдинлашиб бораверади. Санъатнинг бош мақсади — одамдан одам қидириб топишдир, деган мутафаккир ёзувчи ҳар бир қаҳрамонида одам боласининг нечоғли муаммолигини кўрсатибгина қолмай, бу муаммони ҳар бир асарида бетакрор тарзда ечганига амин бўлаверасиз.
* * *
…Гоголь асар ёзаётганида ўз қувваи ҳофизасига ишонмай, тасвирланаётган воқеаларга доир тафсилотларни бошқа одамлардан, дўст-биродарларидан сўраб-суриштираркан. Мабодо, ким биландир тортишиб қолса, баҳс пайтида муносиб сўз тополмай, тезда таслим бўларкан. Лекин эртасига ўша баҳсни келган жойидан давом эттиришни истаб қоларкан. Бу одатдан дастлаб хабар топганимда Гоголни ўзимга қиёслаб, ўзимнинг баъзи одатларимдан фахрланганларим ҳамон ёдимда.
Буюк рус адабиёти билан яқинроқдан танишиш туфайли унинг тўрт буржида қад кўтарган бири-биридан маҳобатлироқ, бақувватроқ тўрт чинор кўз олдимда намоён бўлди: Пушкин, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Михаил Шолохов. Бу чинорларнинг ҳар бири ўзича, бири иккинчисига дахлсиз тарзда яшнаб турган бўлсалар-да, аслида уларнинг илдизлари рус заминининг туб-тубида ўзаро туташиб-чатишиб кетган. Бугунги кунда жаҳон адабиёти бўстонидаги ҳар бир ниҳол бу чинорларга ҳавасланиб бўй чўзади.
Мазкур тўрт санъаткор ижодига доир тадқиқотлар ҳозир шу қадар беҳисобки, ҳатто, назаримда, улар қаламига мансуб ҳар бир жумла таҳлил этилгандек. Бироқ ҳеч бир танқидий-илмий асар бу буюк мутафаккир санъаткорлар меросининг моҳиятига етиб боролгани йўқ. Ҳали-вери етиб бориши ҳам амримаҳол. Бу санъаткорлар билан тиллашмай туриб, ижод майдонига қадам қўйиш — эшкаксиз қайиқда уммонга чиқиш билан баробар.
Баъзи қаламкаш дўстларим ўз интервьюларида Пушкин ё Толстой, Достоевский ё Шолохов номини устоз сифатида тилга оладилар. Буюк санъаткорларни устоз деб билиш яхши. Бироқ унутмаслик керакки, устоздан ўзмаган шогирд эмас. Бинобарин, устозининг номига доғ тушириб қўйишдан эҳтиёт бўлмоқ, оқибатини ўйлаб мақтанмоқ зарурдек кўринади менга.
* * *
Кўз қўрқоқ, хаёл ботир… Гарчи кўп ўқиганим сайин қўрқоқлашаётган бўлсам-да, шоирлик орзусидан кўнгил узмадим. Билим юртида ёзган “Тилагим” номли шеъримни қайта ишлаб, яна редакцияга юбордим. Орадан кўп ўтмай, 1951 йилнинг ёзида Нукусдаги марказий боғда жойлашган кутубхонада газета-журналларни варақлаб ўтириб, республика ёшлар газетасида “Тилагим” деган шеърга кўзим тушиб қолди. Бундоқ зеҳн солиб қарасам, менинг шеърим! Кутилмаганда юрагимни тарс ёргудек бу қувончимни баҳам кўриш учун ён-веримга қарайман. Аксига олиб бирон танишим учраса-чи! Кутубхоначи аёлга: “Манови менинг шеърим!” дейишдан ўзимни базўр тўхтатиб қолдим.
— Мақтаниш йигит кишининг иши эмас, — деб огоҳлантирарди онам.
Нима бўлса-бўлсин, ўша газетани яширинча қўйнимга тиқиб, биронта танишим учраб қолармикин, деган умидда боғ оралаб кетаётган эдим, қарасам, нақд дарвоза олдидан овулимизнинг Кўча бийи ўтиб боряпти. Қувончим ичимга сиғмай, салом берган заҳоти қўлига газетани тутқаздим. Ички саҳифани очиб кўргунича сабрим чидамай, газетани ёзиб, фамилиям билан шеъримни бармоғим билан нуқиб кўрсатдим. Кўз югуртириб чиққунига қадар ўз келажагимни қандай тасаввур қилишимни ҳам айтиб улгурдим. Гўё гапларимни қувватлаётгандай бош қимирлатиб турган Кўча бийи бир пайт менга мийиғида кулиб қаради:
— Ҳалиям шоир бўлиш фикридан воз кечмадингми?
— Ие, нега воз кечарканман? — дедим ҳафсалам пир бўлиб.
У андак сукут сақлаб турди-ю, тағин саволга тутди:
— Бу деганимки, шоирлар ҳақидаги латифани ҳалигача эшитмадингми?
— Институтга келганимдан бери ўзимизнинг қорақалпоқ шоирларидан бошқа Пушкин, Гёте… деган шоирларнинг китобларини ўқиб юрибман. Жаҳон адабиётининг улкан намояндаси Лев Толстойни ҳам оз-моз биламан. Бироқ шу пайтгача ҳеч бири ҳақида латифа эшитмадим, — деб ноилож иқрор бўлдим.
— Мен уларингни айтаётганим йўқ. Ўзимизнинг қорақалпоқ шоирлари ҳақидаги бир латифани сўраб турибман, — деди Кўча бийи.
— Йўқ, эшитмадим. Хўш, қанақа латифа экан бу?! — деб сўрадим астойдил таажжубланиб.
Кўча бийининг айтгани: Уруш йилларида маҳаллий ҳокимият қорақалпоқ шоирларидан иборат махсус бир команда тузмоқчи бўлибди. Шоирлар ўта-кетган ватанпарвар халқмасми, ҳаммалари: “Яхши! Зўр!” деб бу ташаббусни қўллаб-қувватлашибди. Айтилган вақтда ҳарбий комиссариат олдига йиғилишибди. Уларни бўй-бўйи билан сафга тизиб:
— Қани, “биринчи, иккинчи…” деб сананглар-чи! — дейишган экан, ҳар бир шоир ўзига навбат келганида “биринчи”, “биринчи” деяверибди. Командир булар тушунмаяпти шекилли, деб санашдан мақсад кимнинг нечанчи эканини эмас, нечта одам йиғилганини аниқлаш эканини айтиб бўлгач, тағин:
— Қани, қайта бошдан “Мен биринчи”, “Мен иккинчи”, “Мен учинчи” деб ҳисоб бўйича сананглар-чи! — деб буюрибди.
Шоирлар яна аввалгидек:
— “Мен биринчи”, “Мен биринчи”, “Мен биринчи” деяверишибди. Шундай қилиб, десанг, қорақалпоқ шоирларининг ҳеч қайсиси иккинчи бўлишни истамагани сабабли улардан команда тузилмай, ҳар бири бошқа-бошқа командага қўшилиб урушга кетган экан.
…Кўча бийи, ўзининг фавқулодда иштиёқ билан илҳомланиб айтган бу латифаси гўё бутун шаҳарни кулдираётгандек, кўкрак кериб ғоз турарди. Яшириш не ҳожат, қаттиқ аламим келди.
— Бу латифани фақат шоирларга эмас, ҳаммага нисбатан айтса бўлаверади, — дедим андак жаҳл билан. — Бу дунёда биринчи бўлишни ким истамайди?! Масалан, цехдаги ишчи биринчи бўлишга интилмайдими? Интилади. Колхозда бригадир биринчи бўлишга ҳаракат қилмайдими? Ҳаракат қилади. Бошқа касбдагилар ҳам шундай. Бутун-бутун районлар, областлар, республикалар-чи? Ҳаммалари ҳам биринчи бўлишни хоҳлайди. Чунки ҳар бир одамнинг кўнглида: “Мен биринчи бўлишим керак”, деган яхши ният бўлади. Масалан, мана, мен ҳам биринчи бўлгим келади. Айтайлик, сиз ҳам Кўча бийларининг орасида биринчи бўлишни хоҳлайсиз. Билсангиз, бу нуқсон эмас, фазилат. Яхши ният — ярим давлат, деб бежиз айтишмайди-ку, ахир. Аслида бу ҳаёт талаби!..
Кўча бийи менинг қизишиб уқтиришларимдан мамнун бўлиб:
— Гап шоирлар ҳақида кетаётгани учун айтдим-қўйдим-да! — деди ўзини оқламоқчидек.
— Шоирларнинг қуроли — сўз! — дедим яна бўш келишни истамай. — Биласиз, кўпинча бир сўз бир неча маънони англатади. Мен сизга ҳозир “Ёмонсиз” десам, ўйланиб қоласиз. Сабаби шу биргина сўз билан сизни тупроққа қориштириш ҳам, кўкка кўтариш ҳам мумкин. Шоирларнинг сўз тизиши ғишт теришдек осон эмас. Уста шогирдга: “ўиштни қийшиқ қўйибсан-ку”, деб танбеҳ берса, у хафа бўлмайди-ку, тўғрими? Шоирларнинг ўзаро талашиб-тортишишларига ҳам шундай кўз билан холисона қараш керак. Улар бир-бирини кўпинча матбуот орқали танқид қилади. Айрим сўзларни ноўрин қўллаб, баъзи фикрларни чалкаштирганини айтади. Бу бир-бирини камситгани эмас, аксинча, бир-бирига ўргатиб, хатоларни тузатишга чақиргани.
— Шоирлар бир-бирларининг камчиликларини матбуотда ёзиб чиққунча юзма-юз туриб айта қолса бўлмасмикин? — деб сўради Кўча бийи андак юввош тортиб.
— Шундай қилсаям бўлаверади. Бироқ гап аллақачон чоп этилган асар ҳақида кетади-да. Асар матбуотда эълон қилиндими, унга муаллиф жавобгар бўлса-да, энди кўпчиликнинг мулкига айланади. Кўпчиликнинг мулкидаги камчиликлар яна матбуотда кўпчиликка очиқ-ошкор айтилиши керак, — дедим.
— Айтмоқчи, шоирга қалам ҳақини қандай тўлашаркин? — деб сўради у дабдурустдан ўзгариб.
— Ҳозирча олиб кўрмадим-у, бироқ бир шоир танишим ҳар сатрига ўн сўмдан (1961 йилдан бери — бир сўмдан) пул олганини, бу энг кам нарх эканини айтган эди, — дедим.
— Энг кўпи қанча экан? — деб сўради у.
— Ҳар сатрига йигирма сўмгача (ҳозир — икки сўмгача) тўлайди, дейишади.
— Кунига неччи сатр ёзса бўлади? Сен, масалан, манови йигирма сатр шеърингни қанча вақтда ёздинг?
— Бир кечада, — дедим жўрттага.
Кўча бийи кутилмаганда ўзгариб:
— Юрсанг-чи, овқатланайлик, — дея таклиф қилиб қолди. Илтифотига кўнглим бўй бермай, истаб-истамай турганимни сезди, шекилли:
— Катта шоир бўлиб, бойиб кетганингда қайтарарсан. Ҳозирча талабанинг бир тўйгани — чала бойиганими. Юр, менинг ҳисобимдан ресторанга кирамиз, — деб қисталанг қилаверди.
Ноилож (бажонидил) рози бўлдим.
Ресторанда қулоқларни қоматга келтирар даражада оркестр садолари янграётган экан. Кўча бийи жойлашиброқ ўтиргач, бир музикантни олдига чақириб, қўлига ўттиз сўм берди ва бизлар овқатланиб бўлгунимизча чалмай туришларини илтимос қилди. Чолғувчи лом-мим демай ортига бурилиб кетди-ю, бир оздан сўнг яна қошимизга келиб, Кўча бийига олтмиш сўм узатди. Кўча бийининг юзи дувва қизарди, бироқ пулни олмади.
Оркестр музикасини давом эттирди.
— Кўрдингми, музикачилар қанчалик маданиятсиз, — деб пўнғиллади Кўча бийи.
Шу орада туркманча куй чалиниб қолди.
— Туркманлар музика бобида биздан ортда қолиб кетган, — деди у ижирғаниб. — Эшитяпсанми, ёқимсиз-а?
— Сизга қайси халқнинг куйлари ёқади ўзи? — деб саволига чап бериш учун ўсмоқчиладим мен.
— Зўр куйлар қорақалпоқларда-да! — деди у жўжахўрозлардек кўкрак кериб.
Мен ўзимнинг мусиқа бобидаги қарашларимни баён қилиб, аксинча, бизнинг бастакорларимиз ортда судралиб қолаётганини айтмоқчи, улар басталаган куйлар зўр бўлганида бошқа юртларда ҳам ижро этилмасмиди, демоқчи эдим… Кўча бийи ҳисоб-китоб учун официантка аёлни чақириб қолди.
Ташқарига чиқдик. Ўтмиш адабиёти классигига ўрнатилган ҳайкалнинг нақд бошида ўтирган қарғани менга кўрсатиб:
— Шуям ёдгорлик бўлибди-ю! — деди масхараомуз кулиб. — Бу армонли дунёда ўзидан мангулик хотира қолдиришни истовчилар жуда кўп экан-да, а? Мен, масалан, ўзимга ҳайкал ўрнатишларини ҳечам истамасдим. Манавиндай бошимга қарға ўтирадиган бўлса, ҳайкалнинг нима кераги бор? Сен ҳам шоирликни ҳавас қилганингда вақти келиб ўзингга ҳайкал ўрнатишларидан умидвор бўлсанг керак-да?!
Мен унга жавоб бермай, ҳайкалнинг бошига қўниб турган қарғани ҳуркитиб юбордим-да, шаҳар ташқарисига чиқадиган автобуслар бекати томон юрдим.
— Шоир классикка айланиши учун унинг камчиликларидан бехабар ҳамма таниш-билишлари ўлиб кетиши керак, — билағонлик билан деди Кўча бийи ортимдан эргашиб келар экан. Сўнг тағин мени саволга тутди:
— Қани, айт-чи, шеър эмас, оддий сўз билан ёзганларга қалам ҳақини қандай тўлашади?
— Билмасам. Ҳар қалай, ҳажмига, ҳарфлар сонига қараб аниқлашади, дейишади. Масалан, қирқ мингта ҳарф бир босма табоқ бўларкан, — жавоб бердим индамаслик одобдан бўлмас, деб ўйлаб.
— Демак, ҳарфларни кўпайтиравериш керак экан- да! Бунақа экан, сен оддий сўз билан ёзишга ўтсанг бўларкан.
— Насрий асар ёзишни уддалай олишимга ҳозирча шубҳам бор, — очиғини тан олдим.
— Ўйларингни шеърий йўл билан ёзиш осонми ё қора сўз биланми? — дея яна ўсмоқчилади у.
— Бир хил полвонларнинг ўнг қўли кучлироқ, бир хиллари, аксинча, чапақай бўлади. Тўғри, шундай полвонлар ҳам борки, уларга ўнг-чапи баробар. Ёзувчилар ҳам шунақа: кимдир шеърга, кимдир насрга уста, — дедим.
— Ие, унда Йўлмирза Оймирзаев адабиётда ўнги-чапи баробар полвон экан-да! — дея у яна мени масхаралаб кула бошлади. — Демак, сен ҳам Йўлмирза Оймирзаев бўлмоқчи экансан-да, а?
— Менинг Гёте ё Пушкин, Бальзак ё Толстой, Хемингуэй ё Шолоховдек бўлгим келади, — дедим масхараомуз кулгидан оғриниб.
— Бундай қаёқдаги нотаниш одамларга эргашиб ўзингни пастга урма, — деди у энди менга сидқидилдан жони ачиётган меҳрибон ака қиёфасига кириб.
Автовокзалда Кўча бийи чиқиши керак бўлган автобус ҳали йўқ экан.
— Шу пайтгача овулимиздан шоир чиқмаган эди, — дея гапни гапга улаб кетди у. — Бундан кейин сенга маслаҳат беришга ҳам жиддийроқ тайёрланиш керакка ўхшаб қолди. Ҳозирча бир-иккита енгил-елпи маслаҳатимни айтиб турсам майлими?
— Маслаҳат тош эмас, кўтараверса бўлади, — дедим мен.
Кўча бийининг маслаҳатларидан:
Бу дунёни ёлғончи дейдилар. Ёлғончини эса, фақат ёлғончи енга олади.
Одамнинг нодонлигини кўра-била туриб, унга маслаҳат бераверма, вақти келиб ўзининг хатоси учун ҳам сени айблайди.
Кўпчиликнинг иши учун айбдор саналсанг хафа бўлма, ўзингни бардам тут. Яшин ҳам, аввало, мевали дарахтга тушади.
Ёлғиз чопганида югурик кўринган отни мақташдан эҳтиёт бўл! Югурик от кўпкарида маълум бўлади.
Юкни нор кўтаради. Қаторда норинг бўлсин, бироқ бошқаларнинг юкини кўтаришдан ҳеч қачон бўйин товлама.
Ўзингда бошқаларни, бошқаларда ўзингни кўр. Бироқ ўзингнимас, ўзгаларни кўпроқ авайла. Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса дўстингга ур, деган халқ мақоли бежиз айтилмаган.
Хафа бўлсанг, сабабини ўзингдан ахтар. Хурсанд бўлсанг, сабабини бошқалардан ахтар…
Қорақалпоқчадан Раҳимжон Отаев таржимаси.