Мен уни илк дафъа Спайк шаҳри таъмирлаш устахонасида учратдим. Машина бўлимида кичикроқ динамо учун тагкурси ётқизаётган эдилар, у ишни бошқараётганди: гоҳ кимнидир бақириб сўкар, гоҳ амрона овоз билан ниманидир буюрарди. Унинг қўл остида ўнтача италиялик ишлар, уларнинг ҳаммаси бир хил – ўрта бўйли, буғдойранг, чорпаҳилдан келган одамлар; каттаси эллик ёшларда, кичиги йигирма бешдан ошмаган, улар бинодан унча узоқ бўлмаган захира йўлда турган вагондан қурилиш материалларини ташимоқда эдилар. Вагонда цемент, шағал, эски-туски тахталар, замбилғалтак ва бошқа меҳнат қуроллари бор эди.
У бўлса, пиджаксиз, енглари шимарилган, машина бўлмаси эшиги олдида турар ва асл ирланд лаҳжасида жон куйдириб қичқирарди:
– Эй, Мэтт! Эй, Жимми! Белкуракни ол! Қум таши, тош таши! Цемент қани, а? Цемент деяпман! Менга цемент керак! Бу ерда нега ивирсиб юрибсиз? Сизни лайлак ҳайдаш учун ёллашганми? Тезроқ! Қани, жонли-жонли ишланглар-чи! – у дағдағани тугатгач, ёруғ оламда фақат ўзигина шошилмасдан ҳаракат қилишга ҳақли эканлигини кўрсатмоқчи бўлаётгандек у ён-бу ёнга бўйнини секин буриб, ғоз қараш қилиб қўйди.
Бу пайтда мен бошимдан унча-мунча саргузаштларни кечириб, ҳар хил хўжайинларга нисбатан норозилик кайфиятим, айниқса, мана бунақа бақироқларига нисбатан нафратим шаклланиб бўлганди. “Буни қаранг, нақ қулдорнинг ўзгинаси! Ҳўкизга ўхшамай ўл!” деб ўйладим ичимда. Ваҳоланки, у ташқи кўринишидан ёқимтойгина кўринарди. Бу ўрта бўйли, митти гавдали, бўйни йўғон бир киши эди. Оқ оралаган мўйлаби ва сочлари калта қилиб кузалган. Таъсирчан, ўйноқи, жигарранг кўзлари асл ирландларга хос ялтираб, оловланиб турарди. У ўзини шундай ҳокимона тутардики, менга кимдир бўйсунмаслиги ҳам мумкин, деган фикрни хаёлига яқин йўлатмасди, чамаси. Барча хатти-ҳаракатлари билан: “Мен бу ерда хўжайинман”, деяётгандай эди. Дарҳақиқат, у бу ернинг ҳақиқий хўжайини эди. Ирландлардан ер юзининг барча бурчакларида аъло даражали бошлиқлар чиқаётганига сабаб ҳам айнан шу хусусият эмасмикин?
Унинг бу ерда олиб бораётган иши нечоғли мураккаб ва муҳим эканлиги ёлғиз худога аён, аммо бу қизиқарли иш эди. Ўнга ўн икки фут ўлчамда чуқур қазиб, ичида тахтадан шакл ҳосил қилиш, кейин бетон қориб, бу шаклларга қуйиш ва мотор ўрнатиш учун унда темир излар қолдириш керак эди. Бу иш у қадар ҳам шошилинч бўлмай, хотиржамроқ бажариш ҳам мумкин эди. Аммо кишининг ғайрати ошиб-тошиб ётган бўлса, агар унга атрофидаги шовқин-сурон ва ғала-ғовур ёқса, иш гарчи бир жойда турган бўлса-да, киши ишим олға кетяпти, деб ўйлашни ёқтирса, нима ҳам қила олардингиз. Афтидан, у бу шовқин-сурон ва шошма-шошарликдан қониқиш ҳосил қиларди. У бошлаган ишни тезроқ тугатишни шу қадар истардики, чарчаш нималигини билмасдан цех бўйлаб елиб-югурар ва қичқирарди.
– Эй, Мэтт! Эй, Жимми! Жимми! Белкуракларни келтир! Керкини обкел! Қани, тезроқ! – вақти-вақти билан оғзидан буйруқ гаплар шаршарадай отилиб турарди.
– Ол! Пастга! Ўнгга! Ҳа, юқорига! Чапга! Тўғрига! Орқага! Олға! – ва бу буйруқларнинг ҳар бирини ўзининг тенгсиз “Жин урсин” жумласи билан қувватлантириб турарди. Кейинчалик мен шунга ишонч ҳосил қилдимки, “Жин урсин” унинг оғзида ҳар қандай дўстона мурожаатдан ҳам беозорроқ янграйди. Қисқаси, бу ўзининг беқиёс таланти билан атрофдагиларни мафтун қилувчи, Киплингнинг Нэмгей Дуласига ўхшаган ўзига хос, ажойиб нусха эди.
Аввал айтганимдай, дастлаб у менда даҳшатли, тўғриси, жирканч таассурот қолдирди. “Ирланд махлуқи! – дедим ичимда. – Тирик одамлар унинг учун ишлаши керакмиш, гўё. Унинг зардаларию, таҳқирлашларини ким кўтаради?” Ваҳоланки, тез орада унинг кўпам аҳмоқ эмаслигини англаб етдим, кейинчалик у менга ёқиб қолди.
Мендаги бундай тез ўзгаришга қўл остидагиларнинг унга муносабати сабаб бўлди. У қанча қўполлик билан уларни ишга ҳайдамасин, ишчилар асло кўнглига олмас, нима бўлганда ҳам ишдан чалғимасди. У ишчилар тепасида туриб: “Тепага! Тепага! Тепага! “ ёки “Пастга! Пастга! Пастга!” – деб бақириши, бунга асаб толалари эмас, арқон ҳам дош беролмаслиги мумкин. Улар бўлса, шовқинга соатнинг чиқиллашидан ортиқ эътибор беришмасди. Улар бу шундай бўлиши керакдай, одатдан ташқари ҳеч иш бўлмаётгандай қабул қилишарди, афтидан, ишчилар аллақачон ўрганиб қолишганди. Ўзларининг эринчоқ қадам ташлашлари билан улар чорбоғда ёки хиёбонда сайр қилувчи бекорхўжани эслатар, тахта ва тошларни бебаҳо ва нозик нарсадай авайлаб кўтариб ўтарди. Бу манзарани кўрган ҳар қандай кишининг лабига табассум югурарди. Бўлиб ўтаётган воқеаларнинг кулгили моҳиятини англаб етгач, мен чидай олмадим ва беихтиёр кулиб юбордим. Рурк менга ўгирилди ва истеҳзо билан, аммо беғараз танбеҳ берди.
– Ҳа-ҳа-ҳа! Булар каби ишласанг эди, бундай кулмаган бўлардинг!
“Ишчиларинг қурсин!” деб жавоб бермоқчи бўлдим, аммо бунинг ўрнига оғзимдан қуйидагилар чиқди:
– Қўйсангиз-чи? Мен уларнинг ҳаддан зиёд қийналганини кўрмаяпман. Ўзингиз ҳам қийналмаяпсиз! Сиз сиртдан шафқатсиз кўринсангиз-да, аслида, унчалик шафқатсиз эмассиз.
Шундан кейин италияликларнинг эмас, унинг устидан кулаётганимни тушунтирдим. У эса буни бағрикенглик билан қабул қилди. Биз секин-аста темир йўл ишлари ҳақида гаплашдик. (Камина номигагина ишчи ҳисобланардим, соғлиғим туфайли қанча ишлай олсам, шунча ишлашга рухсат берилган эди. Бу ишим учун соатига ўн икки цент олардим.) Бизнинг дўстлашувимиз шундай бошланганди.
Ўша куни эрталаб Руркнинг қурилиш ишлари бўйича пудратчи эканлигини билдим. У Нью-Йоркдан эллик учинчи километргача чўзилган ҳудудда мураккаб бўлмаган ҳар хил ишларни бажарарди – бетон платформалар, сув юриши учун зовурлар, тошкўмир бункерлари, йўлаклар, кўприклар учун таянчлар, иморат деворлари – умуман, бетон, ғишт ёки тошдан нимаики қуриш мумкин бўлса, барини қурарди. Қўл остида ўнлаб ишчилар меҳнат қилар, ихтиёрида вагон ҳам бор эди, Рурк қаёққа борса, вагон ҳам ўша ёққа олиб бориларди. Уни эса қаерда хизмати керак бўлишига қараб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа жўнатиб турардилар. Ўзининг айтишига қараганда, баъзан соат еттида иш жойига улгуриш учун тонгги соат тўртда уйқудан уйғонарди. У хизмат қилаётган катта темир йўл компанияси фақат ўз манфаатларини кўзлаб ишларди. Рурк ва ишчилари дам оладими, йўқми, бу уларни асло қизиқтирмас эди. Рурк бўлса, ўзининг тан олиб айтишича, оғир ишдан қочмасди ҳам. У оғир ишни ёқтирарди. У бу компанияда роппа-роса йигирма икки йил ишлаганди. “Ёмғирдаям ивидим, қуёшдаям қорайдим – ҳаммасини кўрдим”. Бўрон ҳам, момақалдироқ ҳам, гўристондагидай зулмат ҳам, ҳеч нарса уни тўхтата олмасди.
– Ўз вақтида иш жойимда бўлишим керак-ку, ахир, – деди у бир куни ўзининг ўйноқи ирландча табассуми билан. – Менга тўшакда ётганим учун ҳақ тўламайдилар-ку! Мана, сен, – қўшимча қилди у менинг озғин ва сўлғин гавдамга ишора қилиб, – бир йилгина шундай ишлаганингда эди, худонинг бермиш куни хўроз қичқириғи билан уйғонганингда эди, балки сендан ҳақиқий эркак чиққан бўлармиди?
– Шундай деб ўйлайсизми? – хотиржам оҳангда сўрадим мен. – Сиз қанча пул оласиз?
– Кунига икки ярим.
– Нималар деяпсиз! – қичқирдим ясама ҳайрат билан.
Мана, қандай саховат кўрсатмоқда бу темир йўл корпорацияси, ўзимча ўйладим мен. Ўн соатлик иш куни, шундай муҳим қурилиш ишини олиб бориш ва назорат қилиб туриш учун икки ярим доллар! Рурк бизнинг америкача шиоримизга кўра “бахтли бўлишга ҳақли” эди, шубҳасиз, аммо бу бахт унинг қўлига тегиши даргумон эди. Мен ўзим бу вақтда ундан ҳам баттарроқ аҳволда эдим. Узоқ беморликдан сўнг ўн соатлик иш кунида соатига ўн икки цент ола бошлагандим. Энг ёмони, ўз иш бошқарувчимни ўлгудай ёмон кўрардим. У сурбет ва бақироқ, жоҳил бир киши бўлиб, пешонасида оловранг кокили ёқимсиз ҳурпайиб турарди. Ундан жон-жон деб кетишга тайёр эдим. Бу унчалик қийин эмасди: темир йўлда менинг ўзимга яраша алоқаларим мавжуд бўлиб, энди каминага муносиброқ бир ишни берадиган одамни топишим керак эди. Мана шундай одамни топишим қийин кечаётганди. Руркни кузатганим сайин у менга ёқиб қолаётганди. Кўриниб турибди, яхши одам, ҳақиқий дилкаш, муомалада ҳайратланарли даражада содда, самимий одам. Мен унинг қўлида ишлашга қарор қилдим.
– Мени ўзингизга ишга олмайсизми, мистер Рурк? Сизда ишлашни жуда хоҳлайман, – бу ерга қандай келиб қолганимни айтиб бергач, тортинибгина сўрадим.
– Яхши, нега олмас эканман. Керак бўлиб қоларсан, – дея жавоб берди у.
– Италияликлар билан ишлайманми? – белкурак ва керки билан ишлай олишимга кўзим етмай сўрадим мен. Бу савол афтидан унинг завқини қўзғатди – каминанинг заифгина қоматим унинг тасаввуридаги жисмоний меҳнатда чиниққан кишилар образига тўғри келмасди.
– Сенга шундоғам иш топилади. Белкурак ва керки оқ танлилар учун эмас, – мени тинчлантирди у, – майли, негрлар азобланаверсин. Уларнинг белига қара, елкаларини кўр! Қандай бақувват! Сеники-чи?
Уятдан қизара бошлаганимни сездим. Мен юқоридан қарашга мойил бўлган бу италияликлар жисмоний ривожланишда каминадан ўзиб кетишганди.
– Рурк, нега сиз уларни негрлар деб атайсиз? – деб сўрадим бироз жим тургач, – улар қора эмас-ку?
– Эй-й, оқ ҳам эмас-да, – сўнг қатъий ишонч билан қўшимча қилди. – Буни уларга қараган ҳар қандай одам дарҳол тушунади.
Бу бемаъни гапни у шундай ишонч билан айтдики, мен ҳатто кулиб қўйдим.
– Майли, – рози бўлдим мен, – қора бўлсалар, бўла қолишсин.
Шу билан бу мавзуга чек қўйдик.
Тез орада Руркнинг таклифига кўра, унинг бошқарувига ўтказишларини сўраб ариза ёздим. Талабимни қондиришди. Унинг жамоасига ўтганимда улар Нью-Йорк шимолидаги Харлем дарёси бўйидаги кичик станцияда, Вильямсбриж олдида тошкўмир сақлаш учун бетон бункер қуришаётганди. Бу ғоят гўзал манзарали гўша бўлиб, тўрт тарафда майсазору дарахтлар. Қоронғи ва диққинафас устахонага нисбатан беқиёс хушманзара маскан. Менга бу ер жаннатдай кўринди. Эркаловчи тонг қуёши! Дарахтлардаги ям-яшил япроқлар! Ёқимли, салқин шабада! Қандай гўзал!
Руркни платформа остидаги ҳозиргина қазилган чуқурликдан топдим, у ҳар хил асбоблар ёрдамида ниманидир ўлчаб, белгиламоқда эди. Мени кўриб, жилмайиб қўйди.
– Аҳ-а, ахийри бизга келибдилар-да, – деди у табассум аралаш.
– Ҳа, – жавоб бердим мен ҳам жилмайиб.
– Айни вақтида келдинг. Сенга иш бор! Идорага кир.
“Хўп” деб улгурмасимданоқ, янги қазилган тупроқ ҳидини таратганча чуқурдан сакраб чиқди ва ўзининг эскириб қолган малла пиджагига эгилди, унинг чўнтакларини кавлаштириб, ўралган ва ифлосланиб кетган хат чиқарди. Хатни йўғон ва қўпол бармоқлари билан очиб, нафрат билан кўз югуртириб чиққач, менга тутқазди.
– Вудлонга жўна, – давом этди у, – у ердан болт ол – бир бочка болт бор, талабномани тўлдириб бу ёққа жўнат. Сўнг идорага кириб уларга мана бу нарсани бер. – шундай деб у яна чўнтакларини кавлаштирди ва ғижимланиб кетган бошқа бир қоғозни топди, буниси сариқ рангли эди (улар менинг хотирамда шундай ўрнашиб қолди). Бу муҳрланган бланкалар эди – тез орада мен улар билан яхшилаб танишиб олдим! – ҳар қандай материални олиш учун тўлдирилиб, қўл қўйиладиган махсус бланкалар, бу “материал” ҳатто бир дона тахта, мих ёки болт бўлса ҳам ана шу бланкалар тўлдирилиши шарт эди. Компания бундай қоғозларни ҳамма ўнбошилардан талаб қилар ва шу орқали аниқ ҳисоб-китоб олиб борарди. Бу талабномаларсиз бухгалтерия қўли кесилгандай бўлиб қоларди. Рурк эса буларнинг барини кераксиз ва бемаъни нарсалар деб биларди. Унинг фикрича, одамдан ҳар қадамда қоғоз талаб қилиш мумкин эмас.
– Булар мени алдаб кетади деб ўйлайдиларми? – дерди у хафа бўлиб ва алами келиб.
Мен бундан шуни тушундимки, Рурк компания томонидан ўрнатилган тартибларни бузган ва бунинг учун яхшигина таъзирини ҳам олган бўлиши керак. Уларнинг таъбири билан айтганда, “думини бураб” қўйишган. У ирландларга хос жанговар феъл-атворининг бор қудратини намоён қилиб ғазабланар, безовталанарди. Шу билан бирга, энди бу бемаъни ишларнинг барчасини мен ўз елкамга олиб, уни шу юкдан халос қилишим ҳақидаги фикр Руркни бироз тинчлантирарди. У тажрибали киши бўлиб, мендан яхшигина ёрдамчи чиқиши мумкинлигини бир қарашдаёқ тушуниб етди. Кейинчалик фақат шу юмуш учунгина мени ишга қабул қилганига тўлиқ ишонч ҳосил қилдим. Йўлга отланганимда у бошлиқлар шаънига яна бир қўпол гап айтди:
– Уларга айтиб қўй, қачонки материални олсам, кейин қўл қўяман, ундан олдин булбулчамни ҳам қўймайман!
Мен бу охирги гапни “айтиб қўйиш” керак эмаслигини тушунардим, албатта. Руркнинг ўзи ҳам бу гапларни етказишимни истамасди, шунчаки унинг ирландча ҳамияти қўзиб турганди, холос. Вудлонга келиб, болтларни қўлга киритдим, кейин идорага бориб ёзув-чизув ишлари билан шуғулланадиган ходимлар бошлиғини топдим. У башанг костюм кийган, миқти жуссали, рақс устасига монанд озғингина киши эди. Маълум бўлдики, у ҳам ғазабланиб юрган экан. Рурк материаллар ҳақидаги маълумотларни юбормайди. Бу материалларга ҳам, аввалгиларига ҳам қайдномаларни юборгани йўқ. Ҳисобот бериш учун бу қоғозлар муҳим эканини тушунмайди. Рурк маълумотларни бир ойлаб кечиктириб юборади, баъзан ундан ҳам кўпроқ кечиктиради – бу вақтда материал ундан фойдаланишларини кутиб қаердадир чанг босиб ётади! Бош ҳисобчи Рурк бу ҳолни қандай изоҳлашини билмоқчи. У, афтидан, материалларни бирор станцияга тўплаб, ўша ердан уларни керак бўлган вақтда олиб, сўнг қайдномаларни расмийлаштириш лозим деб ҳисоблайди, шекилли, дегандим, бош ҳисобчи ғазабдан портлаб кетаёзди.
– Нима?! – деди у бошини чангаллаб. – Мен кимман унга? Унинг фикрича, мен ҳисоботларни қандай тузаман? Ҳали у ҳамма материалларни бир жойга тўплаб, керагича олавермоқчими?! Рурк деганингиз бедаво бир овсар! Унга менинг сўзларимни худди шундай етказинг. Ҳозироқ унинг олдига боринг ва унга айтингки, бирор материал унинг ҳисобига ўтганини айтганлари ҳамоно у қайдномаларни тўлғазиб, қўл қўйиб менга етказиши шарт. Нима олишидан қатъи назар, бир дона ёнғоқ оладими, бир вагон қум оладими, менга барибир. Менга маълумотлар керак. Нима чала қолган бўлса, ҳозироқ тўлдирсин, акс ҳолда яхши бўлмайди. Мен бунга ортиқ чидаёлмайман. Унга қолса, мен ҳисоб-китобни кандай юргизаман? Бу ишни сизга юкласин, бахтига сиз ҳозир шу ердасиз. Бу бизни кўп ноқулайликлардан қутқаради, Руркка эса жойини сақлаб қолишига ёрдам беради. Эслаб қолинг, бундан кейин сира кечикманг! Қайдномаларни вақтида тақдим қилинг! Акс ҳолда ё у кетади, ё менинг кетишимга тўғри келади.
Бу қайдномалар ва яна йигирмага яқин узундан-узоқ хомчўтлару ҳисоботлар, қайсики, иш билан боғлиқ материалларни қабул қилгани учун имзо чекишдан тортиб, нархи бир чақалик бир варақ оқ қоғознинг ишлатилгани ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйишгача бўлган икир-чикирлар Руркнинг ҳаётини чидаб бўлмас ҳолатга олиб келганди. Кейинчалик менга маълум бўлишича, унинг бутун оиласи, ҳеч бўлмаганда катта ўғли ва иккита қизи кўпинча тун бўйи ана шу ҳисоботлар устида тер тўкиб чиққан. Бу юмушларнинг Рурк ёқтирадиган қурилиш ишларига ҳеч қандай алоқаси йўқ; аммо шу икир-чикирлар у ишлайдиган бошқарув тизимининг муҳим қисми эди. Буни у сира қабул қила олмасди. Бу ёзув-чизувларнинг салбий томони ҳам бор эди: агар қоғоз билан ишлай оладиган, сабр-тоқатли одам ҳозирги ишнинг ярмини бажарса ҳам бошлиқлар назарида яхшилар қаторида ҳисобланиши мумкин эди; аксинча, қанча яхши ишламасин, маълумотлари тушунарсиз ёки чала тўлғазилган кишининг ютуқлари ҳисобга олинмасди. Рурк буни тушунгани учун баттар ғазабланарди. У ўз ишини иложи борича яхшироқ бажаришга интилар, виждонан ишларди, шу билан фахрланарди, аммо худди жўрттага қилгандай, ундан ёзув-чизувни сўраб, ишдан қолдиришарди. Унинг фикрича, бу қайдномалар ва ҳисоботлар қурилишга халал беришдан бошқасига ярамайди – Руркнинг хатоси ҳам шунда эди. Шунинг учун ҳам кўплардан яхши хизмат қилаётган Рурк ҳисобот тузишни билмагани сабабли, айниқса, бош ҳисобчининг назарида обрўси паст ходим ҳисобланарди. Бош ҳисобчига айтганларини сўзма-сўз Руркка етказишга ваъда бериб, ундан узоқлашдим.
Қайтиб келгач эса, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга қарор қилдим. Агар шу ишни эплай олмасам, белкурак ва кетмон билан ишлашимга тўғри келади, бундай меҳнатга ярамаслигим эҳтимолдан йироқ эмас. Шунинг учун ҳам мен бош ҳисобчининг ҳолатини энг таъсирли оҳангда тасвирлаб бергач, Рурк олган материаллари учун қайдномаларни лозим тарзда етказиб бермаса, шўрлик бош ҳисобчи ишдан кетиб қолиши ҳам мумкинлигини гап орасида қистириб ўтдим.
– Билсангиз, ишлар шунақа, Рурк, – деб сўзимни якунладим.
У, афтидан, ҳамма гапга тушунди, аммо ғазаби ҳали пасаймаганди.
– Қайдномалар! Қайдномалар! – ғудранди у оғриниб, аммо аста-секин юмшай бошлади. – Қайдномалар керакми, унга? Бу қайдномалар унга нима қилиб берармиш? Ёпишиб олганини кўр! Нон ўрнига қайднома ейдими, бу? Мен ҳам ўнбоши, ҳам ҳисобчи бўлишим керак – бир йўла ҳаммасини бажаришим лозим! У кишимга қайдномаларни тўлғаз! Менинг бошқа ишим йўқми? – у ёнига тупурди ва жим бўлиб қолди.
Бироз вақт ўтгач бағрикенглик билан тан олди:
– Ўзим ҳам қайдномаларни мутлақо унутиб қўйибман-да.
Кейинги ойда бизни ишга кўмиб ташлашди. Морисанияда платформа қуриш, Тарритаунда дудбурон ўрнатиш, Уайт-Пленсда пиёдалар учун йўлакча ётқизиш, Такахода эса, каттакон цистернани кўмиб, тош билан қоплаб чиқиш керак эди. Бундан ташқари, биз Ван-Кортлен ва Маунт-Кискода платформа қуришимиз, Хай-Бридж ва Ардслида сув миноралари, Кэриледа – йўлка ва зовур, Бронкс-Паркда ариқ ва оқовалар учун зовур, Мелрозда иморат учун қирқтача дераза орасига бетон устунлар қуришимиз керак эди.
Бунинг учун фақат Руркнинг ўзи эплай оладиган қурилиш ишларини бажариш ва назорат қилишдан ташқари катта ҳажмдаги ҳисоб-китоб ва ҳар хил ёзишмалар билан шуғулланиш талаб этиларди. “Бу нимаси, – ўйлардим мен, – оғир қурилиш ишлари билан қулоғигача кўмилиб ётган кишини ҳисоб-китобдан ақалли қисман халос қилиш учун унга ёрдамчи ёки ҳисоб юритувчи беришмаса”. Агар Рурк озгина зийрак бўлганда, ўзига шундай ёрдамчини аллақачон топарди – ўз ишчиларидан бирини идора хизматчисига айлантириб қўйса, олам гулистон эди. Аммо афтидан, бу Руркнинг хаёлига ҳам келмаган. У фақат ўз оиласининг меҳнатидан фойдаланишга одатланганди. Буюртма берилган материалларни ишга тайёрлаш, ўз вақтида етказиб бериш ва керакли жойга тушириш учун ҳам алоҳида ходим талаб қилинар, аммо Рурк буларнинг барини ўзи бажаришга мажбур эди.
Шунга қарамай, у аъло даражада ишларди. Мен меҳнат қилишда унга тенг келадиган бошқа бир одамни учратмаганман. Тўғри, у буйруқ беришни ёқтирарди – девор тепасигами, тупроқ уюмигами чиқиб олиб ўша ердан ниманидир ўлчаш, ҳисоблаш, кўрсатма беришни севарди. Аммо бирор ишни тез бажариш талаб қилинганда, у белкурак ёки чилвир ё шоқулни қўлига олиб, соатлаб ишларди. Чарчоқдан сира шикоят қилмас, аксинча, ниманидир хиргойи қилиб, ҳуштак чалиб, токи бирор ишкал чиқиб қолмагунча ишлайверарди. Ишкал чиқиши билан жазавага тушиб, қичқира бошларди:
– Тўхта! Тўхта! Сен бирон нарсани тушунасанми ўзи? Нима қилаяпсан? Мен сенга нима дедим? Ерга қўй! Қўй деяпман! Нима, калланг ишламайдими? Калтафаҳм! Эсипаст! Миясини еган овсар!
“Ё, Худо! – ўйлардим мен, – яна нима рўй бердийкин?” Қандайдир фалокат юз берди, деб ўйлаш мумкин эди. Аммо одатда арзимаган хатолик ўтган бўлиб чиқар, ёмон оқибатга олиб келиши мумкин бўлган бу камчилик осонгина тузатиларди. Италияликлар бир неча дақиқа югуришиб, шошиб қолишар, кейин яна ҳаммаёқ тинчиб, Рурк қадимий бир ирландча қўшиқни хиргойи қилар, ёки бирор оҳангни ҳуштак қилиб чала бошларди.
Руркнинг энг ёқимли хислати, унинг ҳаётга очиқ кўз билан қарашида, асосийси, гап-сўзлар ҳам, ҳисоб-китоблар ҳам эмас, муҳими, ниманидир қуриш, барпо этиш, моддий неъмат яратиш эканига қатъий ишончида эди. Тўғри, мен унинг қўлида ишлаб турган кезларимда ёзув-чизув билан боғлиқ юмушларнинг унга ҳеч бир дахли йўқ эди. Аммо ўзига қолса, осмон ёрилиб саккиз минг бош ҳисобчи сафга туриб қайднома ва ҳисоботларни тўлдиришни талаб қилганда ҳам, уларнинг барчасини ишни битказиб олгунга қадар кутиб туришга мажбур қила оларди. Кунларнинг бирида ўша идорага қандайдир маълумотнома бериш керак бўлиб қолди ва мен шунинг учун Руркни ишдан чалғитишга журъат этдим. У менга роса ўдағайлади:
– Ҳисоботлар! Ҳисоботлар! Улардан нима фойда бор? Қани, айт, қани! Шу ҳисоботинг учун ишни ташлаб кетишим керакми? Шу иш бўлмаса, сенинг ҳисоботинг кимга керак? – мен чин юракдан унинг фикрига қўшилдим. Ҳақиқатан ҳам кимга керак бу “ҳисобот” деган даҳмазалар?
Руркнинг яна бир таъсирли хислати унинг қўл остидагиларга муносабатида намоён эди. Улар билан дўстона муносабатда бўларкан, вақти-вақти билан тўполон кўтариб қолса-да, кейин яна хушмуомала бўлиб, мулойим тортиб қоларди. У ишчиларини беғараз ҳазил билан рағбатлантиришнинг уддасидан чиқа оларди ва бу уларга ижобий таъсир қиларди.
Эрталаб ишга келаркан, у қувнаб қичқирарди:
– Салом, йигитлар! Бугун бир ишлайлик! Жимми, белкуракларни келтир! Чилвирни бу ёққа узат, Мэтт! – агар қазиш ишлари кетаётган бўлса, ариққа дастлаб ўзи тушарди.
То яна бир ишкал чиқмагунча қурилишда осойишталик ҳукм сурарди. Йўл-йўлакай Руркнинг абадий қурол ташувчилари – Мэтт ва Жимми ҳақида бир неча сўз айтиб ўтаман. Иккови ҳам қирқдан ошган. Қисмат бадарға қилган дарбадарлар, озғин, кир-чир, қўполлашиб кетган, Худо билади, ким қайси йўллар билан Америкага келиб қолишган, бошларидан қандай саргузаштларни ўтказганлари ҳам ёлғиз Худога аён. Энди улар Руркнинг қаноти остидан паноҳ топиб, бир бурда нонларини ҳалоллаб топишмоқда, Рурк улар учун қудратли ҳомий мақомида эди.
Мэтт паст бўйли, қувноқ италиялик, майин овози ва назокатли хатти-ҳаракатлари билан ўзгалардан ажралиб турарди. Рурк уни жуда яхши кўрар, аммо унга аямай танбеҳ берарди ҳам – у Рурк ишлаётган зовурда пайдо бўлган заҳоти қулоқни қоматга келтирадиган шовқин кўтариларди:
– Бу ёққа қўй! Бу ёққа дейман! Қўй! Бу ёққа! Бу ёққа! Жин урсин сени! Бефаросат!
Руркнинг дарғазаб қичқириқлари орасидан Мэттнинг норози тўнғиллаши эшитилиб турарди. Афтидан, у бошлиғи олдида ҳеч қандай қўрқувни ҳис қилмас, жазоланиб қолишни ўйламасди ҳам. У Рурк билан анчадан бери бирга ишлагани боис бундай бақир-чақирлар унга таъсир қилмай қўйган, ҳатто норозилик билдиришдан ҳам ҳайиқмасди. Ҳар доим эмас-у, лекин баъзида, шундай норозиликдан сўнг Рурк чуқурдан қип-қизариб сакраб чиқар, унинг ҳатто бўйинларига ҳам қон қуюлиб келар ва қичқирарди:
– Мен сени ҳайдайман! Сабрим тугади! Ялқов ҳўкиз! Аҳмоқ! Сен ўзи нимага ҳам ярайсан? Нима қила оласан? Ҳеч бало! Ҳеч бало! Ана энди мен сени ҳайдайман! Шояд сендан қутулиб, ором олсам.
У чуқур атрофида югуриб, бақириб, тишини қайрар, токи яна бирор нарса унинг диққатини чалғитмагунча тинчимасди. Сўнг у яна бирданига тинчланиб, кенгфеъл бўлиб қоларди. Бу шовқин-суронлар Руркка лаззат бағишларди, назаримда. У жанг қилгандагина бахтли бўладиган кишилар тоифасидан эди. Шундай ҳам бўлардики, у Мэттга бир оғиз ҳам гапирмасдан уйига кетиб қоларди. Мен “Тамом, Мэтт энди ҳайдалади”, деган хаёлга борардим. Аммо бундай эмаслигига тезда гувоҳ бўлардим. Эртаси куни Мэтт ҳеч гап бўлмагандай ишга келар, Рурк эса, ўтган воқеа ҳақида бошқа эсламасди ҳам.
Бир куни шундай тўполондан кейин мен Руркдан кейинги уч йилда неча марта Мэттни ишдан ҳайдайман, деб қўрқитганини сўрадим.
– Қўйсанг-чи, – деди у ўзининг таъсирчан табассуми билан, – айтганингнинг ҳаммаси ҳам ҳисобга киравермайди.
Унинг жамоасидаги энг ғалатиси юқорида эслатилган Жимми эди – овози ширали, кўзлари хумор, Калабрияда туғилган буғдойранг Жимми тулкидай айёр, қарғадай қақилдоқ эди. У Харлемдаги кўплаб италияликлар яшайдиган шаҳарчалардан бирида Рурк билан қўшни яшарди – Рурк она товуқдай ўз жўжаларини қанотлари остида сақларди. Жимми унга хизматкор қаторида эди. Рурк ундан хат-хабар юборишда фойдаланарди. Қандай хислатлари учун унга бундай ҳурмат кўрсатилгани номаълум, ҳар ҳолда тезкорлиги учун эмас. Нима бўлганда ҳам у доимо қандайдир топшириқ билан чопиб юрар, елкасида шалвираб турган, эскириб, чанг босиб кетган кийими уни ҳозиргина ташландиқ бошпанасидан чиқиб келган маст-аласт дайди қилиб кўрсатарди. Оғир ишга уни мажбурлаш ҳали ҳеч кимга насиб этмаган. Жимми бундай ишни ўзи учун ҳақорат деб билар ва ҳар доим ўзига бошқа бир осонроқ иш топишнинг тадоригини кўриб юрарди. У цемент тайёрлаш, ускуналарни ташиш бўйича мутахассис бўлгани учун ҳам бунга эришишда сира қийналмасди.
Агар-да, кимдир, масалан, мен (менга у ёт унсурга қарагандай қарарди) уни тартибга чақирмоқчи бўлсак, Жимми одатда шундай жавоб берарди:
– Қўявер, қўявер, мен ўз ишимни жуда яхши биламан. Худога шукр, Рурк билан ўн беш йилдан буён бирга ишлайман. Нима қилишим кераклигини ўзим биламан.
Агар Руркка шикоят қилгудай бўлсангиз, у бундай дерди:
– Шунақами, айёрлигини қара-я!
Ёки:
– Шошмай турсин, мен унга кўрсатиб қўяман! – ваҳоланки ҳеч нимани ҳеч қачон “кўрсатиб” қўймасди.
Аммо кунларнинг бирида Жимми жазоланди: у Рурк томонидан ишониб топширилган вазифани бажармади, тўғри, унинг хатоси ҳеч қандай зарар келтирмади, шу муносабат билан Руркка хос бўлган жуда кулгули саҳна ўйналди. Бизнинг темир йўл компаниямизда шундай қатъий қоида бор эди: “ Поездларнинг жадвал билан белгиланган келиши, тўхтаб туриши ва жўнаш вақтида станцияда ёки бошқа тўхташ жойларида бахтсиз ҳодисага сабаб бўладиган бирорта чуқур очиқ турмаслиги шарт!” Рурк буни яхши биларди. Юқоридаги кўрсатма қачонлардир юборилган бўлиб, бир нусхаси унинг жамланма ҳужжатлар жилдида сақланарди. Рурк шу қоиданинг ижросини Жиммига топширди. Топшириқ Жиммига жуда ёқиб тушди, энди у поездлар келиб-кетишини кузатаётган киши бўлиб, хоҳлаганча бекор юриши мумкин эди. Шунинг учун ҳам у икки баравар айбдор бўлиб қолди.
Бу воқеа шундай рўй берганди. Биз Вильямсбрижда платформада ишлаётгандик, кўмир бункери учун ўра тайёрланаётганди. Худди шу пайт станцияга келиб тўхтаган поезддан усталар бошлиғи тушиб келди, у бажарилган ишни текширмоқчи эди. Тўхтаб турган поезднинг ёнгинасида Рурк ишлаётган чуқур оғзини осмонга ланг очиб турарди. У қўлини силтаганча нимадир деб бақирарди, – топшириғи бажарилмай қолган бўлиши мумкинлиги унинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Менимча, Руркни юқори баҳолайдиган усталар бошлиғи чуқурга қаради ва хотиржамгина деди:
– Бундай қилиш мумкин эмас, Рурк, сиз поезд келишидан олдин чуқурни ёпиб қўйишингиз лозим эди. Мен бу ҳақда аввал ҳам сизга айтгандим.
Рурк бошини кўтариб юқорига қаради ва тили танглайига ёпишиб қолди. Бошлиқ олдида бундай ноқулай аҳволга тушганидан хижолат тортди. Шуни ҳам айтиш керакки, у бошлиқларни ҳаддан ортиқ ҳурмат қиларди. Ғазабдан бўғилиб, бир лаҳза туриб қолди-да, кейин гулдираган овоз билан Жиммини чақира бошлади. Жимми одатига кўра:
– Нима? Нима? Нима керак? – деганча чопиб келди.
– Нима! Нима! – бақирди ирландиялик ғазабдан бутун вужуди қалтираб. – Сен, шайтоннинг эркатойи, ўзинг билмайсанми нималигини? Қайси гўрга даф бўлдинг? Ўра нимага очиқ ётибди? Мен сенга ҳеч иш қилмасанг, қилма, лекин поезд келганда чуқурни очиқ қолдирма, деб айтмаганмидим? Сен нима қилдинг? Ў-ў, меров! Нега чуқурни очиқ қолдирдинг, жин ургур? Шунақа ҳам бўладими, мистер Вильсон шахсан ўзлари бу ерга келдилар, чуқур эса очиқ!
У жиққа терга ботиб, шолғомдай қизариб кетди – ҳозир юраги хуруж қиладигандай туюлди. Қўнғир сочли, рангпаргина, маъюс кўринишли, афтидан ошқозон касалига чалинган киши – мистер Вильсон унинг ёнида зўрма-зўраки хўмрайиб турар, аммо лабларида истеҳзоли табассум жилваси сезиларди. Афтидан, бу ҳодиса уни завқлантирар ва ишончим комилки, у қаттиққўллик қилмоқчи ҳам эмасди.
Шошиб қолган Жимми нима дейишини билмас, Руркнинг бош уста ҳузурида бундай ғазабланганидан ўзини йўқотиб қўйганди. Ўз айбини ювмоқчи бўлиб, чуқурни ёпишга тутинаркан, гўёки белкурак олиб келиш учун кетгани ҳақида нималарнидир ғўлдирарди.
– Белкурак! – кўзлари ёниб қичқирди Рурк. – Белкурак! Худо урган эшаксан! Белкурак излаганмиш! Поездни кўрмай қолибди! Хайрият, сен аҳмоқни поезд босиб кетмапти! Ўра бўлса очиқ! Вильсон жаноблари эса шу ердалар! Мен сенга нима дегандим? Сенга нима учун ойлик тўлайман? Мишиқи! Белкуракмиш-а? Мен сенга белкуракни кўрсатиб қўяман! Бошингни ёраман! Тахтани қўй! Яна бир марта ўрани очиқ қолдирсанг, изингни ўчираман, овсар!
Усталар бошлиғи минган поезд станциядан узоқлашгач, Рурк тинчланди, аммо шундан кейин ҳам бир неча маротаба тутоқиб олдики, бечора италиялик ҳамма вақт ўзини худди игнанинг учида ўтиргандай ҳис қилиб турди.
Орадан бир соат ўтиб яна поезд келди, бунинг бирор сабаби бормиди, ёки Жиммининг ялқовлиги ва ўта боқибеғамлиги сабаблими, ишқилиб, ўра яна очиқ қолганди. Жиммининг ўзи вокзал ортида, аллақаерда ўралашиб юрар, Рурк бўлса, одатдагидай ўрада ишлаётганди. Бу сафар Руркни тақдир аяб ўтирмади, зеро, унга усталар бошлиғини эмас, жиддий ва вазмин киши – инспекторнинг ўзини йўллаганди, Рурк унинг олдида қўрқувдан доим титраб турарди. Инспектор ҳаддан зиёд салобатли, вазмин ва талабчан киши эди. Мен унинг жилмайганини кўрган эмасман. У ўрага яқинлашди ва пастга таънали қараб деди:
– Сиз поезд келишига ўрани шундай бекитасизми? Темир йўл қоидаларини ўрганадиган вақтингиз келди.
– Жимми! – бор овози билан бақирди Рурк ўрадан учиб чиқаркан. – Жимми! Шайтон! Қайси гўрга йўқолди бу ярамас италиялик! Мен унга ўраларни ёпишни буюргандим-ку! – Унинг ўзи шошиб-пишиб тахталарни ўра устига тера бошлади.
Яна бир кўнгилсизлик рўй берганини англаган Жимми оёғини қўлига олиб ўра томон чопаркан, қўрқувдан ақлдан озаёзди. Табиийки, қорамағиз юзи оқариб кетганини пайқаш қийин эмасди. Унинг юз ифодаси сония сайин ўзгариб турарди. Рурк, афтидан, уни жойида ўлдирган бўларди, ва ҳаяжондан бир сўз ҳам дея олмасди. Аммо олдида инспекторнинг ўзи турарди, – қоида! Тартибни сақлаш мажбурияти! – Рурк италияликни бошлиқни олдида ўлдира олмасди. У фақат ғазабланиши ва кутиши мумкин эди. Уни шахсан инспекторнинг олдида калака қилишди! Қандай даҳшат! Унинг юзи ва бўйни арғувон тусга кирди, кўзларида учқун чақнарди; қулоқсиз ходимга қадалган оловли нигоҳи гўё: “Шошмай тур, ҳали!” – деяётгандай эди. Ниҳоят, поезд жўнаб кетди: станциядаги гап-сўзлар улуғ бошлиқнинг муборак қулоқларини ҳақорат қила олмайдиган даражада ортда қолиши билан Рурк Жиммига ўз ҳукмфармо ва жиззаки табиатининг бутун тийиқсизлиги билан ташланди:
– Демак, сен ўрани ёпмадинг? Мен ўн беш дақиқа олдин сенга атайлаб тайинлагандим-а? Қани, энди ўзингни нима деб оқлайсан?
– Мен бетон қориш учун сув ташиётгандим, – деди нолиган оҳангда Жимми.
– Бетон қориш учун сув! – инграб юборди Рурк – у аллақачон сокин гапира олмайдиган ҳолга келганди – ва ғазабдан қийшайиб кетган башарасини италияликни бетига яқин олиб борди.
– Бетон қориш учун сув! Мен бўлсам бу ерда ўтирибман аҳмоққа ўхшаб! Мистер Милз эса, келиб кўрдики… Эҳ, сен ҳўкиз! Эҳ, сен бахтиқаро ҳароми! Ўҳ, мен бетон қориш учун сенинг ўзингдан сув сиқиб оламан! Итальянча қовоқ каллангни янчиб ташлайман! Ҳозир бошини шу сувга тиқаман-да, бўғилиб ўлгунингча ушлаб тураман, ярамас масхарабоз, сенинг миянг ачиган! Мен сенга кўрсатиб қўяман, ўрани очиқ қолдиришни! Бунинг устига мен ўзим ўрадаман-а! Қани коржомангни ечиб бер-у кўзимдан даф бўл! Еч дейман сенга! Йўқол кўзимдан! Керагинг йўқ менга! Нима керагинг бор! Етар! Тур, жўна! Қайта кўзимга кўринма!
Руркнинг қўллари италияликни бурда-бурда қиладигандай ҳаракатга келди.
Аммо Жимми аҳволи қай даражада хатарли эканини билгани учун Руркнинг чангалига тушмасликнинг чорасини олдиндан кўриб қўйган эди. Рурк унга бақиришни бошлагани ҳамоно у қадам-бақадам орқага чекиниб, тобора узоқлашиб борди ва энди ўзига ярашмаган тезлик билан қоча бошлади: бунақа ҳолатга олдин ҳам бир неча бор тушгани кўриниб турарди. Зум ўтмай у станция биноси ортига ўтиб, кўздан ғойиб бўлди, бироз вақт ўтиб, Рурк тинчланиб, яна ишга киришиб кетгач, Жимми астагина ўша Худо қарғаган ўра тепасига келиб, уни қўриқлай бошлади. Паровоз овозини эшитар-эшитмас жон-жаҳди билан тахталарга ёпишиб, ўранинг устини ёпа кетди, поезд тўхташидан аввал тахталар ўранинг устида тартиб билан терилиб турарди. Бу ҳодисага Рурк заррача эьтибор бермади. Куннинг қолган қисмида у Жиммини мутлақо эътибордан соқит қилди, гўё у бу ерда йўқдай. Эртаси куни тонгда Жимми ҳар доимгидек ишга келди ва тезда Руркнинг одатий ҳайқириғи янгради: “Эй, Мэтт! Эй, Жимми!” – гўёки ҳеч гап бўлмагандай. Ҳайратимнинг чегараси йўқ эди.
Бундан ҳам кулгилироқ, устига-устак Руркни қуршаб турган муҳитни тавсифловчи бошқа бир воқеа октябрнинг совуқ якшанбаларидан бирида рўй берди. Хай-Брижда темир йўл қиялигидан булоқ чиқиб қолди, сув темир йўл полотносини қўпориб ташлаши мумкин эди. Руркка зудлик билан сув қочириш канали қуриш топширилди. Буйруқ шанба куни кечаси берилди, уни бажариш учун якшанбада кун бўйи ишлашга тўғри келар, Рурк эса бунга сира одатланмаганди. Буйруқ ўз йўлига, аммо Рурк барча иймон-эътиқодли католиклар сингари якшанба кунлари эрталаб, ишга киришишдан олдин ибодат қилиш учун черковга бориб, у ерда ақалли тонгги ибодат куйини тик туриб тинглашга ўзида маънавий эҳтиёж сезарди. Шунга кўра у ўзининг якшанбалик либоси – узун этакли сюртугини кийиб олди – мен уни бу либосда аввал ҳеч кўрмаган эдим. Бу маросим либоси унинг бақувват гавдасига жуда ажойиб кўриниш бахш этган эди. Сюртук унга тор келиб қолган, бунинг устига анчагина эскирган – менимча, Рурк уни никоҳ тўйига атаб тиктиргану, шундан буён уни ҳар якшанба куни албатта қолдирмай киярди. Бошига малларанг қалпоқ қўндириб, таниб бўлмайдиган ҳолга кирганди.
Қизиқишнинг зўридан, шунингдек, тоза ҳаводан кўпроқ нафас олиш учун соат тўққиздан иш жойимга келиб олдим. Руркни соат ўнгача кутишга тўғри келди. Яқингинамиздан оқиб ўтаётган Харлем дарёсидан салқин шамол эсарди, мен гулхан ёқдим. Кейин Рурк черковдан келди, қувноқ, хушчақчақ, байрамона кайфиятда, аммо маросим кийимларидан бироз хижолат тортаётгани сезилиб турарди.
– Рурк, – дедим уни тўрт тарафидан томоша қилиб, – бугун сиз нақадар пўримсиз. Мен сизни ҳеч қачон бундай башанг либосда кўрмаганман.
– Беҳуда гапларни бас қил, – жавоб берди у, – пўримлигимни яхши биламан.
Кейин у, одатдагидек, ғайрат билан ишга киришди: қилинган ишларни текшира бошлади. Бироқ юзидаги жиддий, ишчан ифодага қарамасдан, костюми ҳақида ўйлаётгани сезилиб турарди, бизнинг фикримизга ҳам эътиборсиз эмас эди. Нима дейсизки, ҳар кунлик либосида у ўзини анча эркин ҳис этарди.
Дастлаб, ҳаммаси яхши кетаётган эди, булутсиз чошгоҳимизга бирор нарса соя солмаётганди. Тушга яқин темир йўлда биз томон югуриб келаётган бир кишига кўзим тушди. У Руркни кўрмоқчи экан. Бу Руркка ўхшаш паҳлавонкелбат, сарғиш соқоли силлиқ олинган гирдиғум бир киши эди. Офтобда ранги ўчиб кетган малларанг костюм гавдасини сириб турар, қора қалпоғини кўзларига бостириб олган эди. Унинг ичиб олгани шундоққина кўриниб турарди, уни кўрган Руркнинг ғазаби қайнаб кетди ва доим бундай кезларда бўлгани каби гўё уни ичидан биров пуфлаётгандай шиша бошлади.
– Ярамас! – ғудранди у, – бунга яна нима керак? – Нотаниш одам яқин келганда қўшимча қилди: – Менинг бу ердалигимни қай гўрдан билибди? Идорадан айтишдимикан?
Бу орада муҳокама объекти темир йўлни кесиб ўтиб, тўғри Руркка қараб кела бошлади. Унинг афтидан ва бутун бўй-бастидан яхшилик билан келмаётгани сезилиб турарди.
– Қани, балки энди сиз менга пулимни берарсиз? – гап бошлади у келган заҳоти. Рурк унга ёвқараш қилди, аммо ҳеч нима демади; шунда у давом этди:
– Скарбородаги меҳнат ҳақимнинг қолган қисмини қачон тўлашингизни билмоқчиман. Кутиш жонимга тегди.
Рурк нафратдан титраб кетди. Афтидан бизнинг олдимизда бу нусханинг пайдо бўлиши унга жуда алам қилди – бунинг устига шундай осуда ва тантанали тонгда келса-я.
– Мен сенга айтдим-ку, – ўпкалагандай гапирди у бироз жим тургач, – сен иш ҳақингни тўлиқ олдинг. Ҳатто ортиғи билан олдинг. Ишни тугатмай кетганинг учун мендан ортиқ бир цент ҳам ололмайсан. Яна олмоқчи бўлсанг, идорага бор. Кўрамиз, у ерда сенга нима дейишаркин. Менда сенинг ҳаққинг қолгани йўқ, – сўнг Рурк қўлларини орқасига қилиб гулханга яқинроқ борди.
– Сиз мендан яна етти доллар қарзсиз, – эътироз билдирди нотаниш киши, Руркнинг тушунтиришларини эътиборсиз қолдириб, – шу пулни тўлаб қўйинг.
– Нима бўлганда ҳам, – жавоб берди менинг хўжайиним, – бермайман дейилдими, бўлди-да! Мен сенга ҳеч вақо бермайман.
– Ҳали шунақами? – деди келган киши. – Кўрамиз! Яхшилик билан бермасанг, ҳақимни тортиб оламан. Лақиллатиб кетавераман, деб ўйлаяпсанми? Мени чув туширишларига йўл қўймайман.
– Менинг сендан қарзим йўқ, – такрорлади Рурк. – Оёғинг бутунлигида жўнаб қол. Сенга ҳеч нарса бермайман. Норозимисан, идорага бор. – У бутун вужуди билан ортиқ эшитмаслигини намойиш қилиб, кескин бурилди ва йўл-йўлакай бу нусханинг мастлиги ҳақида тўнғиллаганча италияликлар томон кетди. Аммо нотаниш киши унга эргашиб, мунозарани давом эттирди. Рурк иложи борича сабр қилиб турди, аммо ахийри чидай олмай ўшқирди:
– Мени ўз ҳолимга қўй, бадмаст!
– Мен маст эмасман, – тишларини ғичирлатди нотаниш кимса, – охирги марта сўраяпман – пулимни берасанми, йўқми?
– Йўқ, бермайман! – жавоб берди Рурк.
– Унда ҳақимни сендан тортиб оламан, – пўписа қилди нотаниш кимса. Лекин пўписасига яраша ҳаракат қилиш ўрнига фақат турган жойида журъатсизгина тепиниб қўйди. Афтидан нима қилишни унинг ўзи ҳам билмасди.
Рурк унга ортиқ эътибор бермай, гулхан ёнига қайтди, у ўзини вазмин тутишга уринса-да, ҳамон жаҳлидан тушмаганди. Нотаниш киши ёки бошқачароқ айтганда собиқ ғишт терувчи – менимча, касаба уюшма аъзоси эмасди – унинг изидан эргашиб келди, гулхан ёнида сармастларга хос сурбетлик билан Руркнинг башарасига бақрайиб тураркан, қандай чора кўришини билмасди. Ниҳоят Рурк, кўпроқ вазиятни юмшатиш учун (чунки нотаниш киши унинг шаънига яна ҳақоратомуз сўзларни ёғдира бошлаганди), тескари ўгирилиб кўмирни кавлаштира бошлади, сўнг эса бир неча ўтин-чўпни олиб, оловга ташлади. Ҳалиги киши худди шу пайт бир лаҳзалик ғазаб алангасига бўйсуниб, олдинга сапчиди ва сюртукнинг орқа этагига маҳкам ёпишди. Жони борича тортиб, уни охиригача қақратиб юбораркан қичқирди:
– Ҳали сен қарзингни тўламайсанми? Ҳақимни бермайсанми? А?
Бир лаҳзада худди саҳнадаги каби ҳамма нарса ўзгарди. Рурк қоматини тиклади, кескин қайрилди ва қичқирди:
– Ҳа, сен ҳали сюртугимни йиртадиган бўлдингми? Кўрсатиб қўяман! Попугингни пасайтираман ҳали! Шошмай тур! Энди ҳазир бўл! Оёғингни синдираман! Бекорхўжа! Пиёниста!
Ва ғалати юришлар қилиб, рақибига яқинлаша бошлади. Унинг кўзлари қисилиб, муштлари титроқ ҳолатда бир тугилар, бир очиларди. Нотаниш киши хатарни сезиб, Руркдай ғалати юришлар билан чекина бошлади. Улар мисоли қандайдир ҳарбий рақсни ижро этаётгандай эди. Юзларида чексиз ғазаб, қонга ташналик ифодаси акс этарди. Улар гўё икки ҳинду ёки Зулу қабиласининг икки жангчиси мисоли бир-бирини пойлаб айланарди, фақат қуш патлари ва эшакмунчоқлардан ясалган кийим-бош ўрнида эскироқ бўлса ҳам маросим сюртуклари кийишганди. Рурк тинимсиз қичқирарди:
– Бу ёққа кел! Яқинроқ кел! Тайёр бўлдингми? Мен сенга кўрсатиб қўяман! Мажақлаб ташлайман! Ҳали менинг кийимимни йиртадиган бўлдингми? Шошмай тур! Яқинроқ кел! Тайёрлан! Ҳозир сени пора-пора қиламан! Ўлгунингча эслаб юрасан! Қани! Бу ёққа кел! Кел!
Уларга қараб туриб, булар бир-бирини кўрмаяпти, айланиб ахтараяпти, деб ўйлаш мумкин эди. Яқинлашиб келаётган муштлашув хурсанд қилмасди, албатта, аммо Руркнинг белини кўриб мен кулгидан ўзимни зўрға тийиб қолдим. Манзара шундай: сюртук этагидан ёқагача йиртилган, жандаси чиқиб шамолда ўйнаб ётибди, тагидан крахмалланган кўйлак ва нимча кўриниб турарди. Нотаниш кишининг юзида қандайдир мастона тантанаворлик акс этганди, гўё: “Ўлсам, ўламан, лекин таслим бўлмайман!” деяётгандай эди. “Эҳ, ҳали бир мириқиб кулиб оламан-да!” – деб ўйладим.
Билмадим, агар ташқаридан чек қўйишмаганда бу жанжалнинг охири нима билан тугарди. Атрофда оломон йиғилиб бўлганди. Мен ва ҳаяжонланган, хўжайинларини ҳимоя қилишга тайёр турган италияликлардан ташқари бир қанча ўткинчилар ва қўшни станциядан келган йўловчилар гулхан атрофида тўпланишганди. Биз билан ишлаётган қўшни гуруҳнинг бошлиғи ҳам бу ёққа чопиб келди. У Руркни ҳам, унинг рақибини ҳам бир ҳамлада саранжомлашга қодир давангирдай киши эди. Дастлаб у нима гаплигини суруштирди, кейин жанжалкашларни тинчлантира бошлади:
– Тўхтанг! Нима гап? Нима тўполон? Ҳозироқ бас қилинг! Рурк, сен полицияни чақирсанг-чи? Қамаб қўйишсин буни! Ёки сен унинг уйини биласан-ку, бор, ўша ерда хоҳлаганча жанжаллашинглар! Бу ерда уришиш мумкин эмас! Бирор бошлиқ келиб қолса, нима бўлади? – у шундай деб ўзининг оғир гавдаси билан рақиблар орасига туриб олди.
Бу аралашувдан Рурк бироз ўзига келди, аммо ҳамон ғазаб ва уятдан қони қайнаганча, ҳансираб қичқирди:
– Кийимимни кўр! Қара, нима қилди! Эй, яхшилар! Мен бунга чидай оламанми? Учраган бадмаст мени ҳақорат қилади! Мен унга ишлаганидан ортиқ пул тўлашим керак эмиш! Ишни ташлаб кетсаям, пул тўлашим керак экан! Унга кўрсатиб қўяман! Қовурғасини эзиб ташлайман! Одамларни ишдан қолдириб, дайдиб юриш қандай бўлишини билиб қўйсин! – шундай деб у яна жангга киришди, аммо орага тушган девкелбат кишига бас келиш қийин эди.
– Қани, шундай бўлса, полицияни чақирайлик-чи, – дерди ўртага тушган қўшни гуруҳ раҳбари тинчлантирувчи оҳанг билан, – бу ерда уришиш мумкин эмас. Сен уришмаслигинг керак, Рурк! Бошлиқлар нима деб ўйлашади? Кейин ўзинг пушаймон бўласан.
У нотаниш кимсага тушунтириш учун ўгирилганда, ўша нусха аллақачон қочиб қолганди. Оломоннинг тобора кўпаяётганини кўриб, жиддий хавфга рўбарў келаётганини ҳис қилган Руркнинг рақиби Матт-Хевнга борадиган темир йўл бўйлаб қочиб борарди. Унинг узоқлашаётган гавдасини кўриб, Рурк яна қичқира бошлади:
– Мен сенга кўрсатиб қўяман! Ҳали бу учун жавоб берасан! Турмада чиритаман! Шошма! Қутулиб бўпсан! Ернинг тагидан бўлса ҳам топаман!
Аммо бу момақалдироқнинг сўнгги гулдираги эди, холос. Дилозор кетган, бўрон тинганди. Бироздан сўнг Рурк ҳам йиртилган кийимларини алмаштириш учун Маунт-Вернонга, уйига жўнади. Мен уни ҳеч қачон бундай гангиган ҳолда кўрмаган эдим: унинг қовоғидан қор ёғар, безорини жазолаш учун қонунга мурожаат қилар ҳолатда эди. Аммо орадан ҳафта ўтиб ўша бадмаст билан боғлиқ иш қай аҳволда эканини секин суриштирганимда, у бундай деди:
– Нима ҳам қила оласан? Унда пул йўқ, қаматай десанг, хотини, болалари бор…
Шу билан бу соф ирландча воқеа якун топди.
Мен Вильямсбрижга келганимдан сўнг тез орада Рурк компания Мат-Хевнда, ўзининг йирик саралаш станцияларидан бирида бино қурмоқчи бўлаётгани ҳақида гапириб қолди. Унинг айтишича, қурилиш ҳажми жуда катта эди. Ғишт ва тошдан узунлиги икки юз ва эни олтмиш футли бино барпо этилиши керак. Қурилиш муддати – уч ой. Компания ташқаридан кўмак олмасдан, ўз кучи билан бундай бинони эплай олиш-олмаслигини аниқлаш учун шунақа муддат белгилаганди. Руркнинг юз ифодасидан мен шуни англадимки, бу ишни бажаришни ўз зиммасига олишни жудаям истаётганди; бу компанияга ишга келишидан олдин шунақа йирик қурилишларда кўп бор ишлаган Рурк, афтидан, ҳозир бундай имкониятдан маҳрумлиги учун ич-ичидан куйинмоқда эди. У ўзини ҳозир бажараётган майда-чуйда ишларидан анча юқори деб билар, яна қайтадан катта миқёсдаги қурувчи сифатида ўзини намоён этиб, компания раҳбарияти назарида обрў орттирмоқчи эди. Ваҳоланки, менинг назаримда, барибир ундан яхши иш бошқарувчи чиқмасди.
Матт-Хевндаги қурилиш Руркка қанчалик жозибали кўринса, бу лойиҳа билан боғлиқ идора ёзув-чизувлари – ҳисоботлару қайдномалар унга шунчалик қўрқинчли туюларди. Идора ишлари унинг учун азоб эди.
– Ўзингни қандай ҳис қилаяпсан, Тедди? – тез-тез сўрайдиган бўлди у энди менинг соғлиғимга олдингидан кўра кўпроқ эътибор бериб (мен унга моддий сабабларга кўра тез орада бу ердан кетишимга тўғри келади, шекилли, деб бир неча бор айтган эдим).
– Яхши, Рурк, аъло десам ҳам бўлади, – деб жавоб берардим одатда, – кундан-кун тузалиб бораяпман.
– Ана! Кўрдингми? Демак, бу ерда сенинг ҳам ўз ўрнинг бор! Яна бир-икки йил қолсанг, отдай бўлиб кетасан. Қара, қандай озғинсан. Кўкрагинг қувват олиши керак, – шундай деб у қоқсуяк кўксимга секин уриб қўйди, – мана, мен умримда бирор марта касал бўлмаганман.
– Ҳа-а, – саломатлик манбаи бўлган бу одамнинг ёнида узоқроқ қолиш истагини чуқур ҳис қилган ҳолда, унга дўстона жавоб бердим: – Бу ерда иложи борича кўпроқ қолишга ҳаракат қиламан.
– Ҳаракат қил. Ҳаракат қил, бу сенинг фойдангга! Агар янги бино қурилишини менга топширишса, сенга яна ҳам яхшироқ бўлади! Бу сени овутади.
“Ҳа, ажойиб овунчоқ!” – деб ўйладиму, фикримни овоз чиқариб айтмадим. Бу бақувват ирландияликни шунчалик ёқтириб қолсаму, унинг ҳеч бир ғаразсиз шуҳратпарастлик орзулари каминага шунчалар тушунарли бўлса-ю, унга қандай ёрдам бермаслик мумкин? У буюртмани қўлга киритиб бинони қуриб бўлмагунича бу ердан кетмаслигимни айтдим. Бу Руркка қаттиқ таъсир қилди. Унга миннатдорчилик туйғуси бегона эмасди, аммо ўзига ишонган ва сал нарсага ранжиб қолаверадиган ғалати феъли бор эдики, ўзига сездирмасдан, яширин ҳолда ёрдам бериш керак бўларди. У ҳамма нарсани ўзи бажаришни хоҳларди, ҳатто бу омадсизликка олиб келса ҳам. Лекин мен унинг омадсизликка учрашига ишонмасдим – Руркнинг куч-ғайрати ҳаддан зиёд эди.
Орадан уч ҳафта ўтиб унга ўша ишни ростдан ҳам беришди. Ана шунда унинг ҳақиқий ирландча манманлик ва ҳокимлик жиҳатлари намоён бўлди. Биз ҳар хил йирик станция қурилишлари бораётган Матт-Хевнга кўчиб ўтдик: у ерда, кўплаб темир йўллар кесишадиган жойнинг қоқ марказида биз янги бинони барпо қилишимиз лозим эди. Руркка кўплаб ишчилар беришди. Дурадгорлар, ғишт терувчилар (булар, албатта, ишчилар уюшмалари аъзолари, қўлидан иш келадиганлар ва уддабуронлар, шунингдек, иши юришмаган омадсизлар) дан ташқари қирқта италиялик меҳнат қиларди. Улар тайёргарлик ишларини олиб боришарди – пойдевор учун тупроқ чиқаришар, шунга ўхшаш бошқа юмушларни бажаришарди. Рурк уларга катта завқ-шавқ билан иш буюрар ва ўзини сувдаги балиқдай эркин сезарди. Уни айниқса, ишнинг тез бориши қувонтирарди. У қурилиш бўйлаб қандайдир ғайриихтиёрий табассум билан кезиб юрар ва буйруқларни шу қадар баланд овоз билан айтардики, бутун атрофга эшитилиб турарди. Мен уни завқ билан кузатардим. Баъзан у ер ковловчилар тупроқ чиқараётган чуқур тепасига келиб, белкуракка энгашган елкаларнинг узун қаторини томоша қилиб турарди-да, қўлларини бир-бирига ишқаганча дерди:
– Иш кетаяпти, Тедди! Кетаяпти! Мен аллақачон ўзимни томда тасаввур қилаяпман. – Ва у шу заҳоти ишчиларни шошириб, турткилай бошларди, буни у шунга эҳтиёж бўлгани учун қилмасди, шунчаки тошиб бораётган ғайратини намойиш этарди, холос.
– Шундай ҳам кавлайдиларми! Эҳ, сиз! Маҳкам, маҳкам олинг!
Ёки:
– Кетмонни нотўғри ушлаяпсан, кўрмайсанми? Мана бундай ушла, – бақирарди у, баъзан ўзи чуқурга сакраб тушар ва кетмонни айнан қандай тутиш кераклигини кўрсатиб, ишчиларни хурсанд қиларди. Баъзан у менинг олдимда ўз соҳасининг турли ғаройиб усулларини намойиш этарди, масалан, ўн фут наридаги тахтага белкуракни отиб қадаб қўяр ёки белкуракка тупроқ олиб, уни ҳавода шундай айлантирардики, тупроқ ерга тўкилмасди; бу пайтда: “Ана шуни эпламагунингча ҳақиқий ғишт терувчи бўла олмайсан”, дея гап қўшарди.
Ишчилар билан айтишиш жонига тегса, мен материалларга талабнома-ю хомчўтлар ва ҳисоботларни тиришқоқлик билан ёзаётган ёғоч уйчага – олдимга келарди. Қоғозларни кўздан кечирар – бу пайтда унинг юзида ифодаланган ифтихорни томоша қилганингизда эди! – ишлар силлиқ кетаётганини кўриб одатда шундай дерди:
– Сенинг жойинг худди шу ер, Тедди! Сендан ажойиб ҳисобчи чиқади, агар мени президентликка сайлашса, сени давлат маслаҳатчиси қилиб олардим.
Аммо ҳаммадан кўпроқ уни қизиқтирган ва ҳаяжонлантирган нарса, шу кунларда кутилаётган ғишт терувчиларнинг келиши эди. Улар билан муомаласи қандай бўлади? Ишчилар дунёсининг бу ўзбошимча қароқчилари қачон хоҳласа, келади, қачон хоҳласа, кетади, ҳеч кимдан шафқат ҳам сўрамайди, ҳеч кимнинг ишларига аралашишига йўл ҳам қўймайди. Менимча, у ғишт терувчиларнинг ёввойиларча эркинликларини кўролмасди, шу билан бирга уларни қўлга олиб, ўз билигича бошқаришига ишонарди – бу жуда нозик дипломатия талаб қиладиган иш эканини айтиб ўтиш керак. Ишчилар уюшмаси ғишт терувчилари! Ғалати халқ! Ҳаётга нисбатан бунақа қувноқ, беғам, инсофсизларча муносабатни мен бошқа ҳеч кимда учратмадим. Булар айтиш мумкин бўлса, замонавий қароқчилар, бизнинг кунларимизнинг капитан Киддилари, улар “кунига олти долларни бериб қўйгину, мен билан ишинг бўлмасин”, деб талаб қўйишарди. Ишни бошлашар ва хоҳлаган пайтларида тугатишар, ўзларини иложи борича озроқ койитишга интилишарди. Энг масъулиятли, энг қийин лаҳзада кетиб қолишаверар, умуман, уларнинг хизматидан фойдаланишга мажбур бўлган корпорация вакилларини жонидан тўйғазишдан роҳатланишарди. Мени касаба уюшмаларига қарши деб ўйламанг, менга уюшган ишчилар ёқади. Бу бақувват халқ. Уларнинг томирида ҳаёт жўш уриб қайнайди. Аммо улар билан ишлаш унчалик ҳам осон эмас.
Рурк улар ҳақида ўйлаб, бўлажак жанжалларни олдиндан сезиб ҳузурланарди. Уларнинг келиши унга юраги нимани ҳаммадан кўп истаса, ўшани – ҳақиқий одамлар билан, ўзига ўхшаган кучли, қатъий, жўшқин кишилар билан тортишиб-талашиш, хумордан чиққунча сўкишиш имкониятини ваъда қиларди. Бу азаматлар унинг таъна-ю, дашномларини индамай, жимгина кўтариб кетаверишмайди, улар унга жавоб қайтаришади, – унинг фикрича, ҳақиқий эркаклар шундай бўлиши керак. Улар ҳақида гапириб чарчамасди.
– Шошмай тур, улар ўттиз киши, ҳатто қирқ киши бўлиб келишганда, – деди у бир куни менга, – ҳар бири “олти юзта ғишт тераман – тамом!” деб қичқиради. Ана ўшанда кўрасан. Бир томоша бўлади! Бир томоша бўлади!
– Нимани кўраман? – сўрадим қизиқиш билан. – Ўшанда нима рўй беради?
– Ёқалашиш бошланади, нима бўларди. Ахир улар ўламса италияликлар эмас-да. Улар ўзларини хафа қилдириб қўймайди! Уларга бақириб кўр-чи. Шу ернинг ўзида билагингни шимаришга тўғри келади!
– Ҳа, ёқимсиз ҳолат, – дедим мен, кейин қўшимча қилдим. – Рурк, нима деб ўйлайсиз, сиз уларни қўлга ола биласизми?
– Қўлга ололаманми? Менми? – ҳайқирди у бўлажак тўқнашув ҳақидаги ўйнинг ўзиданоқ жанговар руҳга кириб. – Менга деса минг киши бўлмайдими, барини қўлга оламан! Уларнинг барча найрангларини биламан! Мени алдаб бўпти уларинг. Дўстгинам, – насиҳатомуз қўшимча қилди у, – сенга ҳам машғулот топилади: улар билан ҳисоб-китоб қилиш учун идорага қатнайсан. Роса югур-югур бўлади, буниси аниқ.
– Сиз, нима, уларни ишдан ҳайдамоқчимисиз? – ажабландим мен.
– Сен нима деб ўйловдинг? – қатъий жавоб берди у. – Нега ҳайдамас эканман? Нима улар бошқаларга ўхшаган одам эмасми? Нега уларни аяшим керак? – бироз жим тургач, қўшиб қўйди. – Э, йўқ, мен уларни ишдан ҳайдамайман, қўрқма. Ўзлари ҳисоб-китоб патталарини сўраб қолишади. Ахир, улар ади-бади айтиб ўтиришни ёқтиришмайди. Эҳ, сизга бизнинг иш услубимиз ёқмаса, марҳамат, мана паттангиз! Кўрасан, ишга шунақа азамат келади, ичкиликдан карахт боши ёрилгудай – чунки улар ҳеч қачон ҳушёр бўлмайдилар, – ана шунда кўрасан улар нималарга қодирлигини!
Тан олишим керак, бундай келажак менга қизиқарли туюлмади, лекин ишнинг кулгили жиҳатларини қадрладим.
– Агар шунақа жанжалкаш бўлишса, ўша ғишт терувчиларни ёллаш шартми? – деб сўрадим Руркдан.
– Қаердан топасан ишчиларни? – жавоб берди у. – Яхши ишчиларнинг бари касаба уюшмасида. Бошқалари бир пулга қиммат. Ялқов ва ароқхўр. Компания уюшмага қарши бўлмаганда, мен уюшмага ёзилмаган бирор кишини ишга олмасдим. Тўғрисини айтганда, – ўйланиб давом этди у, овозида ҳамдардлик оҳанглари сезилиб, – уюшма ғишт терувчилари ўзини шундай тутишга ҳақли. Ахир улар оддий ишчилар эмас. Агар улар хоҳлашса, кунига саккиз юзта ғиштни ҳам тера оладилар. Уларга буйруқ беришнинг ҳам ҳожати йўқ. Уларнинг ўрнида сен ҳам шундай бўлардинг. Бошқа иш топишнинг имкони бўлганида сени эзишларига йўл қўйишнинг нима кераги бор? Мен уларни айбламайман. Ўзим бир пайтлар ғишт терувчи эдим.
– Аммо сиз ўзингизни бу ғишт терувчилардай тутмаган бўлсангиз керак?
– Нега энди? Худди шундай тутганман!
– Сиз бу билан фахрланаётгандайсиз?
– Нима қипти? – қизишиб кетди у. – Мен ўз ҳуқуқимни ҳимоя қилганман. Қанақа одам бўлди бу, бошига чиқиб олишса ҳам индамай турса, бу аҳмоқлик. Бундай бўлиши мумкин эмас.
Мен уни янаям ғазаблантирмаслик учун фикрини тасдиқлаб қўя қолдим.
Ниҳоят, ғишт терувчилар ҳам етиб келишди, ҳақиқатан ҳам жанговар халқ экан! Қандай эркинлик! Қандай талабчан оҳанг! Ҳуқуқ ва эркинликларига алоқадор низом қоидаларига нисбатан инжиқликни кўринг! Мен уларга ҳайрат билан қарардим.
Уларнинг аксарияти бақувват, соғлом, қўлидан ҳар қандай иш келадиган кишилар эди. Аммо ўз ҳуқуқлари ҳақида шунчалик қичқиришар, касбий маҳоратлари билан шунчалик мақтанишардики, улар билан бирга ишлаш жуда ёқимсиз эди. Бундай ҳолатда қайсар ва қизиққон ирландиялик эмас, черковнинг попи ҳам чидай олмасди. “Биринчи навбатда”, бизнинг қурилишда шундай ибора қўлланарди, улар касаба уюшмаси аъзоси бўлмаганлар бу ерда борми-йўқми, шуни билиш учун келишганди, агар бор бўлса, уларни ишдан ҳайдаш маъмуриятга фойдали эмасмикин? Талаблари рад этилса, улар дарҳол ишни ташлашади. Шу муносабат билан Рурк адоқсиз сўкишлар ва ҳақоратларга анча-мунча куч ва сўзамоллик сарф этди. Аммо барибир уюшмага алоқаси бўлмаган ишчиларни ишдан ҳайдашди. Шундан сўнг бизнинг “севимли” ғишт терувчиларимиз пулни уларга қачон, қаерда ва қандай тўлашлари билан қизиқишди. Улар иш ҳақини қачон сўрашса, биринчи мурожаатдаёқ беришларини исташарди – бу янги тортишувларга сабаб бўлди, чунки темир йўл компанияси ойда бир марта маош берарди. Аммо бу борада ҳам ғишт терувчилар ғолиб чиқишди. Қурилиш бўлими билан тузилган алоҳида шартномага кўра, ғишт терувчилар талаб қилишлари биланоқ иш ҳақи тўлиқ берилишига қарор қилинди. Мен эса қачон улар талаб қилишса, шу заҳотиёқ идорага бориб уларнинг иш ҳақини олиб келишга мажбур эдим. Сўнг яна тортишувлар бошланди – улар соатига қанчадан ғишт теришлари керак, ҳар бир деворни териш учун неча киши белгиланади ва улар қанча муддатда ишни тугатишлари ёки тугатишни хоҳлашлари мумкин ва ҳоказо ва ҳоказолар. Руркка худди шу керак эди. Ниҳоят, у ўзини қадрдон муҳитда ҳис қилди – у бақирар, қўлини силтар, улардан ади-бади айтишни бас қилишни ёки қораларини ўчиришни талаб қиларди. Буларнинг барчаси бир ёқлик бўлгач, ғишт терувчилар ниҳоят белкурак ва андаваларни қўлга олишни лозим топдилар ва иш қайнади. Иш улуғвор ва илҳомбахш бир тарзда борарди – қирқ, ҳатто эллик нафар ғишт терувчи бир қатор бўлиб тизилиб олишди, уларнинг атрофида йигирма чоғли киши ёрдамчилик билан овора; италияликлар янги-янги ғишт уюмларини ташиб улгуришолмайди, бошқа ўнбоши раҳбарлигидаги дурадгорлар тез кўтарилаётган деворларга тўсин ва тўсиқлар ётқизишга тайёрланмоқда.
Рурк майдончадан бир қадам ҳам жилмасди. У бир вақтнинг ўзида ўн ерда кўриниш бера оладигандай эди. Бир ишчи билан тортишар, иккинчисининг адабини берар ва албатта кимнидир ҳисоб-китоб қоғозини олиб келиш учун ҳайдарди. ”Туш! Туш пастга деяпман!” – эшитилиб қоларди ғазабли қичқириқ, сўнг Рурк пайдо бўлар, унинг ортидан ғазабланган ғишт терувчи таҳдидли сўзларни ёғдириб эргашарди. Рурк мендан ҳозироқ идорага бориб унинг ишлаган соатлари учун иш ҳақини келтириб беришимни талаб қиларди. Мен идорага бориб келгунимча ғишт терувчи қурилиш бўйлаб дайдиб юрар ва бошқаларни ҳам иш ташлашга даъват қиларди. Баъзан, аммо доим ҳам эмас, жанжал келишув билан якун топарди. Кўпинча эса, ғишт терувчининг ўзи пулни олиб, уни тезроқ сарф қилганидан хурсанд бўларди. Рурк бунақа жанжалкашнинг кетиши ёки қолишига ҳайратланарли даражада хотиржам муносабатда эди.
– Йигитчанинг ичгиси келиб қолибди, – дерди истеҳзо билан. Менинг назаримда, гўё кичик-кичик саҳна кўринишлари намойиш этилаётгандай туюларди.
Аста-секинлик билан ҳамма нарса изига тушиб кетди. Ғишт терувчилар ҳам, Рурк ҳам жанжалдан тўйишди. Иш яна-да тезроқ илгарилай бошлади. Рурк қўлларини орқага қилиб тобора ўсиб бораётган деворлар устида ёки пастда, майдончада, пойдевор ёнида юрар; иш натижаларини кўргач, унда ғалати кеккайиш пайдо бўлганди, ишчиларга қизғин табассум ҳадя қиларкан, бутун вужуди билан гердайиб юрарди. Иш шундай яхши кетаётгандики, кимга танбеҳ беришини билмасди, аммо жанговар кўринишини сақлаб қолишни ўз бурчи деб биларди. У ҳатто ҳозир ҳам қандайдир жангари ғишт терувчи билан жанжаллашиш йўлини излаб топар, ҳатто ҳисоб-китоб қилиш учун идорага йўллаб қоларди. Аммо бундай воқеа энди жуда кам юз берарди.
Уч ҳафтадан сўнг, мен кетишим лозимлиги, соғлигим анча-мунча тиклангани, ҳамёним эса бўшаб қолгани ва молиявий аҳволимни ўнглаб олишим кераклиги ҳақида Руркка айтмоқчи бўлиб турганимда, декабрнинг совуқ кунларининг бирида фалокат юз берди. Рурк ва бир неча италиялик (жумладан, Мэтт ва Жимми ҳам) битай деб қолган марказий залда ишлашаётганди. Уч девор туташган жойда, бино ичида жойлашган буғ қозони портлаб кетди; портлаш бир деворни йиқитиб, тўсин ва тўсиқларни учириб юборди, иккинчи ва учинчи қават – ўн беш минг ғишт – тўлалигича ичкарига қулаб тушди. Бир неча дақиқа ғишт ва ёғочлардан иборат бўрон қўзғалиб турди. Ҳамма тинчиганда Рурк ва беш нафар италияликнинг кўмилиб қолишгани маълум бўлди. Жиммидан бошқа ҳаммаси жиддий жароҳат олганди. Иккита италиялик жойида жон таслим қилган, учинчиси бир неча кундан сўнг вафот этди. Рурк портлаш пайтида энг хавфли жойда тургани боис жуда оғир жароҳатланганди. Уни ғишт уюми белигача кўмиб қолган, баҳайбат тўсин елкасидан босиб тушган, боши эзилган, қулоғи узилган эди. Унга қараган одам қўрқиб кетарди – бутунлай қонга беланган, оғриқдан афти қийшайиб кетган. Аммо у на қўрққан ва на руҳи чўкканди, ундан бошқача ҳолатни кутиш ҳам мумкин эмасди.
– Эҳ, мени эзиб ташлади-я! – деди у сўзга лаб очиб. – Яхшиямки, фақат оёқларимни, ҳамма еримни эмас. Қўйинг, қўйинг, мени чиқариб олишга шошилманг, бошқаларни қидиринг. Италияликлар шу атрофда.
Биз гапига қулоқ солмай, уни қутқара бошладик. Ғиштларни олиб тўрт тарафга итқитаётгандик, яна бизни тўхтатди.
– Италияликларга ёрдам беринг! – ҳамишаги ҳокимона оҳанг билан бақирди у. – Италияликлар кўмилиб қолди. Жимми ва Мэтт шу ерда. Менга ҳеч нарса қилмайди, кутиб тураман! Уларга нима бўлганини аниқланг!
Айтганини бажаришга тўғри келди. Биз Руркни қўйиб, италияликларни қазиб ола бошладик. Бу пайтда станция ва устахонадан кўплаб одамлар югуриб келиб, бизга кўмак беришди. Қаттиқ шикастланган Рурк азобли оғриққа бардош бериб, ҳамон бақириш, буйруқ беришга тиришарди. Аммо энди Руркда илгари унга хос бўлмаган аллақандай улуғворлик мавжуд эди. У худди афсонавий паҳлавонга ўхшар, ярим одам, ярим худо, белигача эт ва қондан, белидан пасти ғишт ва тошдан яратилган, тоғдай баландликдан бизнинг заминий уринишларимизга қараб тургандай эди.
– Тўсинни кўтар! Учидан ушла! Ана у ерда! Энди ғиштларни устидан ол! Ана, ана унинг боши! Кўрмайсанми? Эҳ! Аҳмоқ! Ана, ана-ку боши!
Буни кўриб шундай ўйлаш мумкин эди: бизлар унинг халоскори эмас, унинг буйруқларини кўр-кўрона бажаришга мажбур бўлган хизматкорлари ва қулларимиз.
Рурк ва унинг бешала ёрдамчисини тезда қутқариб олдик. Иккитаси вафот этган, Мэтт бошидан оғир жароҳат олган, Жимми безиён, арзимас жароҳат олган – юзи кўкариб, елкаси шилинган эди. Қўрққанидан бироз ўзини йўқотиб қўйгани сабабли шундай фожеали лаҳзада ҳам беихтиёр кулги қўзғатарди.
– Мана бу гурсиллаб тушди! – деди у ўзига келиб. – Мен охирзамон бўлди деб ўйладим! Миста Рук! Миста Рук! Қаердалар Миста Рук?
– Мен шу ердаман, ярамас италянча! – хурсандлик билан жавоб берди енгилмас Рурк синиқ ғиштлар остидан. Бу пайтда биз унинг ярим гавдасинигина қутқаргандик. Кейин у кучсизроқ овоз билан қўшимча қилди: – Сени яхшигина эзғилагандир?
– Йўқ, йўқ, Миста Рук! Ҳечқиси йўқ, Миста Рук! Миста Рукка ёрдам беринг! – бақирарди Жимми югурганча “Миста Рук”ни кавлаб олаётганлар олдига бориб, ғишт бўлакларини улоқтираркан.
Ниҳоят, биз уни ғишт бўлаклари остидан кавлаб олдик. Унинг атрофида елиб-югурарканмиз, шунча одам унинг учун куйиб-пишаётганидан уялиб бизни ўзидан узоқлаштирарди, бир сафар тўсинни олиш учун зўр берарканмиз шундай қичқирди:
– Астароқ! Шошманглар! Нима кераги бор? Аҳволим унчалик оғир эмас. Шошма! Жимми, ҳов анави тахтани йўлдан ол!
Аммо уни кавлаб олганимизда аҳволи анча оғир эканлиги, жуда қаттиқ, ҳатто ўлар даражада эзилгани маълум бўлди. Кейинчалик дўхтирларнинг аниқлашича, унинг бели эзилган, икки оёғи синган ва ички аъзолари шикастланган эди. Руркни босиб ётган ғишт бўлакларидан озод қилганимиздагина аҳволи нақадар оғир эканлигини ўзи тушунди, чамамда. Қиринди тўшалган ерга вагон парки бошлиғи келтирган брезентни тўшаб, устига Руркни ётқизишди, худди шу пайт иккита тез ёрдам каретасида шифокорлар етиб келди ва текширувни бошлаб юборишди. Улар текширишаётганда Рурк дўхтирларни киноядан холи бўлмаган танқидий нигоҳ билан кузатиб турди ва ҳатто икки марта қандайдир ҳазил гап ҳам қилди. Уни олиб кетишаётганда менга нима қилибди, деган саволига шифокор тетик жавоб берди: “Хавфли жойи йўқ!”. Рурк атрофга безовта бўлиб қарай бошлади. Кўзларимиз тўқнашди. Мен унинг кўзларидан ўз ҳолининг нақадар хароблигини жуда яхши англаб турганини уқдим.
– Руҳоний бўлгандайди, Тедди! – шивирлади у. – Кейин малол бўлмаса, Маунт-Вернонга бориб хотинимга воқеани айтиб бер. Телеграмма юборишганда қўрқиб юрмасин. Сен унга эҳтиёт бўлиб… Менга жиддийроқ бир гап бўлган деб ўйламасин. Керакмас… Ахир мени унчалик кучли эзган эмас-ку.
Унинг ваъдасини бажаришга сўз бердим. Шу пайт дўхтирлардан бири бемор чидаб бўлмас азоб чекаётганини кўриб, белига кокаин укол қилди. Бир неча дақиқадан сўнг Рурк ҳушидан кетди. Мен уни тиббий ходимнинг ихтиёрига қолдириб, руҳонийга одам жўнатдим, ўзим эса, Маунт-Вернонга шошилдим.
Рурк шафқатсиз дард исканжасида яна бир ҳафта яшади. Ўлимидан бир ёки икки кун олдин мен у ётган касалхонада бўлдим. Иложи борича ҳамдардлик изҳор қилиб, ҳаётда ҳеч нарсани олдиндан билиш мумкин эмаслиги нақадар қўрқинчли эканини гапирдим ва эҳтиётсизлиги портлашга сабаб бўлган юк кўтариш машинаси бошқарувчисини койидим. Аммо Рурк ҳеч нарсадан шикоят қилмади.
– Бу исталган вақтда юз бериши мумкин, – деди у, – бундан сақланиб бўлмайди. Шу пайтгача қўлимда ишлаганлардан ҳеч ким майиб ҳам бўлмаган, ўлмаган ҳам эди. Энди эса, аҳвол бунақа. Демак, тақдир шу экан.
Қудратли Рурк! Дафн маросимига келган италияликларнинг кўплигига қараб, Маунт-Вернонда яшовчи ҳамма италиялик уни билар ва севар экан деб ўйлардингиз. Гўёки, улар учун бу давлат аҳамиятидаги ишдай эди. Улар тўда-тўда бўлиб келиб, Рурк доим ибодат қиладиган ғиштин черковни тобора тўлдириб боришарди. Боши боғланган, бетоб ва ҳаддан ташқари ғамгин Мэтт ҳам келди. Жимми, биз билган найрангбоз, қитмир Жимми ўзини мутлақо йўқотиб қўйгандек кўринар эди. У юзини қўллари билан бекитиб, аччиқ-аччиқ йиғлар, хўрсинар, энтикар, дағаллашган қоп-қора қўлларидан кўз ёшлари сизиб тўкиларди.
– Миста Рук! Миста Рук! – энтикиб такрорларди у жасадга қараб. Кейин тобутни қабристонга олиб кета бошлашди, у бошини қуйи қилиб тобутга эргашди, тобутни қабрга қўйишаётганда Жимми яна ўкириб йиғлашдан ўзини тия олмади.
– Миста Рук! Миста Рук! Мен у билан ўн беш йил бирга ишлагандим!
Рус тилидан Ориф Ҳожи таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 7-сон