Бир вақтлар мен Мисрнинг кичик шаҳарларидан бирида прокуратурада терговчи бўлиб хизмат қилган эдим. Сирасини айтганда, ўша кезларда ҳеч ким вилоят прокуроричалик ғашимга тегиб, ҳаётимни заҳарлаган эмас. Бу одамнинг топиб олгани чилим чекишу, одамларни таҳқирлаб масхаралаш эди. У одамларга ёмонлик қилмаса, куни ўтмайдиган бўлиб қолди. Шуни ҳам айтиб қўяйки, мен ҳозир фақат унинг бу иллатлари унга тобе ходимлар ўртасида қандай намоён бўлиши тўғрисида гапиряпман, холос, унинг хизмат фаолияти доирасидаги кирдикорларини мутлақо тилга олаётганим йўқ – эҳтимолки, бу соҳадаги ўзбошимчаликларини “хизмат юзасидан мажбуран қиляпман” деган важ билан жиндай оқлаши мумкиндир. Одатда тергов олиб борилаётганда у гумондорларни оч қолдириб ва сув бермай қийнар эди. Суд вақтида эса оқловчиларнинг ишига мунтазам равишда халақит бериб, уларга ўз ҳимояларидаги одамларни бемалол оқлашга йўл қўймас эди. Агар судланаётган одам жимжимадор ва илмоқли ибораларда берилган саволлар чангалзорида адашиб, довдираб қолса, у буни кўриб, дил-дилидан хурсанд бўларди. Буни у ўз фаолиятида ғоятда ўринли ва жоиз деб ҳисобларди. Бироқ мен ҳозир унинг фаолиятининг бу қирраси тўғрисида гапираётганим йўқ, мен ҳозир унинг бизга – ўз ёрдамчиларига, идорасидаги ўз тобеинларига ғайриинсоний муомаласи тўғрисида гапиряпман, холос. Лекин у ҳаммамизни баравар таҳқирламас, балки катталарнинг ичида бирон-бир мададкори йўқларимизни қаттиқ эзарди. Бадавлат, қўли узун одамлар орасида қариндош-уруғлари борларимизга эса жуда қулай шароитлар яратиб берар, ҳар хил қўшимча ишлардан халос этиб қўяр ва қора ишларни менга ўхшаган ҳомийси йўқ “етим-есирлар” ва “ожиз бандалар” зиммасига юклаб қўярди.
Вазирликда менинг суянчиғим йўқ эди, шунинг учун мен ўзимнинг ўркачимгагина, яъни астойдил қиладиган меҳнатимга суянмоғим мумкин эди, холос. Прокурор менга ҳатто кечалари ҳам уйқу бермас эди – у мени ҳар хил майда-чуйда “ҳодисалар” бўйича протоколлар тузишга жўнатарди. Бирор жойда арзимаган ёнғин бўлиб қолса ҳамки, бунга мен югурар эдим, ҳолбуки, бунақа ишлар азалдан прокуратура терговчиларининг эмас, маҳаллий полициячиларнинг зиммасида эди. На байрам, на дам олиш кунлари ҳам ундан ижозат олиб, шаҳарнинг ташқарисига чиқиб, дам-пам олиб келишнинг ҳам имкони йўқ эди. Ёлғон бўлмасин, у бир марта менга Искандарияга боришга ижозат берган эди. Мен бориб, денгиз бўйида мириқиб дам олиб келгандим. Лекин нима бўлиб ўшанда менга бунақа илтифот қилганини ҳанузга қадар билмайман. Ўша куни у ғоятда паришонхотир бўлган бўлса керак, илтимосимни тузукроқ англаб-англамай жавоб бериб юборган бўлиши мумкин. Чилимини хўриллатиб ўтириб, менинг ижозатимга у тўнғиллаб жавоб берди:
– Эрталаб ишга етиб келинсин.
“Фақат бир кечагагина бориб келмоқчиман, холос” деб унинг хотирини жам қилдим.
Мен симфоник мусиқани яхши кўраман. Ўша куни кечқурун эса Искандарияда “Сан-Стефано” хазинасида симфоник оркестрнинг концерти бўладиган эди. Дастурда Бетховен асарлари бор эди. Мен бу концертга тушишга жуда-жуда орзуманд эдим. Бу ерда – авлоқ бир жойда, нодон ва чала мулла ҳамкасабаларим қуршовида. Ҳаммаёқда фаросатсизлик, жиноятчилик ҳукмрон бўлган бир муҳитда мен юксак санъат қувончларидан баҳраманд бўлиш имкониятидан бутунлай маҳрум эдим. Мен Искандарияга етиб келишим биланоқ билдимки, прокурор Искандария губернаторлигининг идорасига қўнғироқ қилиб, менинг зудлик билан қайтиб келишимни буюрибди. Биринчи поездга чиқишимни, ҳатто у юк поезди бўлган тақдирда ҳам, ундан қолмай йўлга чиқишим кераклигини уқдирибди. Қайтиб бориб, у ерда “содир бўлган намойишлар” бўйича ишни тергов қилмоғим керак эмиш. Мен ўша тундаёқ қайтишга мажбур бўлдим ва албатта, қайтиб келиб билдимки, ҳеч қанақа намойиш бўлмаган экан. Полиция идорасида мени шаҳарда ҳеч қанақа нохуш воқеа рўй бермаганига ишонтиришди. Прокурор, илло-билло, мени қийнамоқни ихтиёр этиб қолганини англадим – шундан у лаззат оларди.
Бир-бирига ўхшаш зерикарли, диққинафас кунлар олдинма-кетин ўтиб борарди. Бу йил ёз, айниқса, иссиқ келди. Ёзнинг авж палласида шаҳарчамизга Қоҳирадан менинг эски қадрдоним артист ва режиссёр Умар Васфи раҳбарлигидаги театр труппаси гастролга келди. Аккаши театрида у менинг биринчи пьесамни саҳнага қўйган эди. Мен Умар афандини ўша вақтдан бери яхши биламан ва истеъодини юксак қадрлар эдим. Ўша кунларнинг қувончи ҳали-ҳали эсимда – ахир, мен унда ҳали янги эдим ва бу менинг биринчи ишим эди-да!
Мен эски қадрдоним билан кўришиб, унинг труппасида қўйилган спектаклни кўриш иштиёқида эдим. Шунинг учун ўша оқшомдаёқ театрга боришга аҳд қилдим. Уйга қайтиб келиб, овқатландим-да, театрдан олдин тўйиб бир ухлаб олмоқчи бўлдим. Кундуз кунлари жазирама иссиқ эди. Мен эса кеча кун бўйи ва ҳатто кечаси ҳам ҳар хил ишларни тергов қилиб, жуда толиққан эдим. Шунинг учун дарҳол ухлаб қолдим. Аммо орадан кўп ўтмай, уйимнинг эшиги қаттиқ тақиллаганидан уйғониб кетдим. Прокурор қоровулни юборган экан – у менинг дарҳол прокурор ҳузурига етиб боришим зарурлигини айтди. Уйқум тузукроқ тарқамай, энсам қотиб, ётган жойимдан сапчиб туриб кетдим.
– Дарҳол етиб келсин дедими? Шу аҳволда-я! Тинчликми? Нима гап экан ўзи?
Енги билан терлаб кетган юзини артган қоровул жавоб берди:
– Худо ҳаққи билмайман.
Мен соатга қарадим – кундузги уч эди.
Куннинг энг жазирама вақтида мендан бу одамга нима керак экан-а! Мен билардим – бизнинг прокуроримиз тушликдан кейин ухлашни одат қилмаган. У бу вақтни бир пиёла қаҳва ичиб ва чилим чекиб ўтказарди. Қоровул менга ҳамма гапни айтиб берди. Прокурор қаҳва “қабул қилиши”ни эсон-омон тугатибди, чилимини чекиб бўлибди, жиндай мизғиб, дам олмоқчи бўлган қоровулни уйғотибди-да, прокуратурадаги ҳамма мирзаларни уйидан чақириб келишни буюрибди ва уларнинг ҳар қайсисига иш топиб бера бошлабди. Бундан кузатган ягона мақсади – уларни шундоқ иссиқда дам олиш имконидан маҳрум қилиш эди.
Мен ўйланиб қолдим, кейин қаршимда турган қоровулга қарадим. У шўрлик прокуратурадан менинг шаҳар чеккасидаги уйимгача бўлган анча узоқ масофани ўтгунча қора терга ботиб, тили осилиб қолганди. Кейин дедим:
– Кўчалар қалай? Иссиқдир?
– Баайни жаҳаннамнинг ўзи, – деб жавоб берди у.
Шунда мен уйимдаги салқингина йўлакка ишора қилдим:
– Манави ерда ўтириб, салқинда бироз нафасингни ростлаб ол! Манави идишда муздек сув ҳам бор.
– Ғоятда миннатдорман бей-оға! Барака топинг, илоҳим! – деди хурсанд бўлган қоровул.
Уни йўлакда қолдириб, ўзим хонамга қайтдим, яна ўрнимга ётиб, қаттиқ уйқуга кетдим. Ўтган бўлса, орадан ярим соатча ўтгандир, яна эшикнинг қаттиқ тақиллашидан уйғонибман. Эшик олдида прокурор юборган яна бир қоровул турарди – у ҳам ўша топшириқ билан келибди. Уни нафасини ростлаб олишига ҳам қуймай, дарҳол сўрадим:
– Кўчалар қалай? Иссиқми?
– Сўрамаёқ қўйинг. Дўзахнинг ўзи.
Мен унга салқин йўлакдан жой кўрсатдим.
– Бирпас ўтириб, оғайнинг билан дам ол. Муздек сувдан ич.
У чин юракдан миннатдорчилик билдирди, мен эса хонамга қайтиб, ўрнимга ётдим-да, яна ҳеч нарса бўлмагандай уйқуга кетдим. Билмадим яна қанча вақт ўтдийкин – эҳтимол, ярим соат ўтгандир. Мен яна эшикнинг тақиллаганидан уйғониб кетдим. Яна битта қоровул келибди. Хонадан чиқиб, унга ҳам ўша осон савол билан мурожаат қилдим:
– Кўчалар қалай. Ҳали ҳам иссиқми?
– Чидаб бўлмайдиган дим, – деб зўрға жавоб берди учинчи қоровул.
Бу ёши ўтинқираб қолган одам эди. Толиққанидан зўрға оёқда турар, йиқилиб тушмаслик учун эшикнинг кесакисига суяниб олганди.
Уни ҳам йўлакка кирдим. Иккита шериги билан бирга салқинда бироз дам олишни таклиф қилдим. Ўзим эса, хонамга кириб, яна ўрнимга кириб ётдим. Лекин бу гал ухлашнинг иложи бўлмади. Мен мулоҳаза юрита бошладим: прокурорнинг учта қоровули бор, уларнинг уччови ҳам ҳозир шу ерда. Улардан биронтаси ҳали-бери ишига қайтмайди. Бу ёғи нима бўларкин? Нима бўларди – иккидан бири бўлади-да: ё энди у полиция гурухини жўнатади ёки бўлмаса, ўзи ҳаллослаб кириб келади. Ҳар иккала ҳолда ҳам оқибати яхши бўлмайди. Нима қилмоқ керак? Бир амаллаб, бирон иложини қилмаса бўлмайди! Шу чоқ мен сапчиб ўрнимдан турдим-да, апил-тапил кийиниб, йўлакка чиқдим ва қоровулларга дедим:
– Бемалол ўзларингни уйларингдагидек ҳис этаверинглар. Яхшилаб дам олинглар. Агар иссиқдан қўрқсаларинг, иссиқ қайтмагунча, прокуратурага бормай туратуринглар. Агар биров келиб, “нима қилиб ўтирибсизлар?” деб сўраса. Мени уйдан топмаганларингни, қайтиб келишимни кутиб ўтирганингларни айтинглар.
* * *
Уйдан чиққандан кейин ўзимга ўзим дедим: модомики, исён байроғини кўтарган эканман, роса ўн соат кўнглим тусаган нарсани қиламан. Энди у менинг қаерда эканимни билмайди. Уйимдан чиқиб кетар эканман, борадиган жойимни ҳеч кимга айтганим йўқ. Демак. мен эркинман. О, эркинлик онлари нақадар тотли! Майли, эркинлик бир лаҳзалик бўлса-да, ҳечқиси йўқ! Орқангдан прокуратуранинг қоровули ёки чопари эргашиб юрмаса, сайр қилиб, айланиб юриш қанчалик роҳат! Бугун театрга бораман. У ерда прокурордан ном-нишон ҳам бўлмайди. Прокурор икки дунёда ҳам театрга қадам босмайди. Йўқ, бутун оқшом давомида қаҳвахонада чилимини тортиб ўтираверади. Мен эса шаҳарни айланиб сайр қиламан. Бирон қаҳвахонада ўтирсам, мени бир зумда топиб олишлари мумкин, лекин шаҳар кўчаларида гурас-гурас одамлар орасидан мени қидириш кимнинг ҳам хаёлига келар эди.
Мана, мен оддий бир шаҳар фуқароси каби кўчаларда бемалол тентираб юрибман, ўтган-кетганларни бемалол томоша қиляпман. Мен энди уларга ортиқ прокуратура терговчисининг кўзи билан қараётганим йўқ. Терговчи ҳар бир одамда жиноятчини кўради, ҳар бир башара унга шубҳали туюлаверади. Мен терговчи бўлиб тайинланганимдан бери ўзимни вазиятнинг хўжайини деб ҳис қилаётганим йўқ, балки тенглар ичида тенгдош деб, узилмас ришталар орқали бутун жамият билан боғланган махлуқдай ҳис қиляпман.
Ҳамма деворларда келган труппанинг афишаларини кўряпман. Бугун “Хорун-ар-Рашид” драмаси қўйилар экан. Беихтиёр ўтмишда қолиб кетган олис кунлар эсимга тушади: ўша пайтларда Қоҳира кўчаларида сайр қилиб юриб, деворларда Аккоши гуруҳининг афишаларини кўрардим. Уларда мен ёзган “Куёв” деган комедиянинг биринчи томошаси ҳақида хабар қилинарди. Афишанинг пастида майда ҳарфлар билан ёзилган исм-шарифимни ўқиб, ўзимни шу куннинг қаҳрамони деб ҳис қилган эдим. Ҳар қандай бошловчи ёш ҳаваскор муаллиф сингари ўзимни аллақачон санъат арбоби деб билардим. Орзулар! Ёшлик орзулари!
Ўтган кунларни хотирамдан ўтказар эканман, Умар афанди менинг асаримни саҳнага қандай қўйганини ва унда асосий қаҳрамонлардан бирининг ролини ўша пайтлардаги энг машҳур, ҳозир раҳматли бўлиб кетган Муҳаммад Бехчет ўйнаганини эсладим. У пайтлар театрларда ўзининг кийим тикадиган устахонаси бўлмас эди, спектакллардаги либосларнинг ташвишини актёрларнинг ўзлари қиларди. Эсимда, Бехчет спектаклга ўзининг энг башанг кийимларини кийиб келганди, негаки, у спектаклда бадавлат одам ролини ижро этмоғи керак эди. Драмани саҳнага қўяётган Умар афанди унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди-да, деди:
– Сен бу кийиминг билан бадавлат одамнинг ролини ўйнаш эмас, масжиднинг олдида ўтириб, тиланчилик қилсанг бўлар экан.
Бехчет унинг гапига қойилмақом қилиб жавоб берди:
– На чора! Театримизнинг энг яхши ва энг истеъдодли артистининг либоси шунақа-да! Агар биз саҳнада чиндан-да, башанг, бадавлат одамлар қиёфасида кўринишимизни истасангиз, марҳамат қилиб, бизни театр ҳисобидан кийинтириб қўйинг.
Бу жавоб шу қадар ўринли туюлганки, Умар афанди режиссёр ва саҳналаштирувчи сифатида театр директори Заки Аккашидан Агаба ал Ҳадра кўчасида жойлашган тайёр кийимлар магазинидан янги костюм харид қилдиришга эришган. Артист Бехчет уни дарҳол кийиб олган.
Эртаси куни эрталаб директор Бехчетни янги костюмда шаҳар кўчаларида сайр қилиб юрганида учратган.
– Бу қанақаси бўлди! – деб қаттиқ уришиб берган директор. – Дарҳол бу костюмни ечиб қўйсинлар! Сен уни фақат спектакл вақтидагина кийишинг мумкин. Бошқа вақтда бу костюм худди Отелло ёки Шерюрак Ричарднинг либослари каби декорациялар ва бошқа реквизитлар билан бирга омборда сақланмоғи керак.
* * *
Ниҳоят, оқшом ҳам чўкди. Шаҳар театрига бориб, мен эшик олдида полициячиларни кўрдим. Демак, спектаклни томоша қилгани вилоят губернаторининг ўзи ҳам келар экан. Мен партернинг ўрта жойидан чипта олдим. Менинг орқамда оддий, қашшоқ шаҳарликлар ва қишлоқлардан келган одамлар ўтиришарди. Сўнгги қаторларда маҳаллий хизматчилар ва савдогарлар ўтиришибди. Ҳадемай залга вилоят губернатори ўзининг муовини ва полиция бошлиғи ҳамроҳлигида кириб келди. Залдаги одамлар ўртасида шивир-шивир бошланди, ҳамманинг диққат-эътибори биринчи қаторга қаратилган эди. Қўнғироқ чалинди, парда кўтарилди ва “Хорун ар-Рашид” спектакли бошланди. Умар афанди вазир Жаъфар ролини маҳорат билан ижро этди. Мен уни кўрмаган йилларим мобайнида у катта тажриба орттирибди ва зўр маҳоратга эришибди.
Спектакл тамом бўлиши билан мен парда орқасига чиқдим ва Умар афандини излаб топдим. Бу кутилмаган учрашувдан у жуда хурсанд бўлиб кетди. У паригини олиб, уст-бошини ечиб, гримларини артиб чиққунича, мен уни кутиб турдим, кейин иккиимз бирга кўчага чиқдик.
Биз шаҳар бўйлаб сайр қилдик, ўтган кунларни эсладик, мириқиб гурунглашдик, кулишдик ва фақат санъат тўғрисида гаплашдик. Аввалига мен ундан артистлар дунёсидаги янгиликлардан, кейин ундан ўз фаолиятини қачон ва қандай қилиб бошлаганини айтиб беришини сўрадим. У фақат ўзига хос жозибадорлик билан жилмайди:
– Бу мавзуни тилга оладиган бўлсак суҳбатимиз эрталабгача ҳам тамом бўлмайди.
– Эрталабгача тугамаса, майли, тугамасин, – дедим мен шавқ билан. – Ахир бу суҳбатдан муҳимроқ нарса йўқ-ку, биз учун…
– Эрталаб ишга боришинг керакмасми? – деб сўради Умар афанди. – Айтганча, сен ҳали ўзинг тўғрингда гапириб берганинг йўқ. Ҳозир нима иш қиляпсан?
Дарҳақиқат, мен ҳали ўзим тўғримда ҳеч нарса деб оғиз очганим йўқ эди. Ишимни гапириб беришга унча иштиёқим ҳам йўқ эди.
– Кейин гапириб берарман. Ҳозирги ғанимат фурсатларни санъатга бағишлай қолайлик. Мен сенинг қандай қилиб артист бўлганингни, бу йўлдаги биринчи қадамларингни билгим келади.
Умар афанди чуқур сўлиш олиб, гап бошлади:
– Бу воқеа ҳижрийнинг бир мингу уч юзинчи йили содир бўлган эди.
Ҳижрий! Умар афандининг бу сўзлари менга болалик йилларимни эслатди.
Отам масжидда имомлик қилар ва мени диний руҳда тарбиялар эди. У мени “Хан Жаъфар” мадрасасига берди, у ерда мен ўқишни, ёзишни, “Қуръони Карим” сирларини ўргандим. Болалигимданоқ мен чопон кийиб, салла ўраб юришга ўрганганман. Катта бўлганимда маҳаллий масжиднинг имоми бўлмоғим керак эди. Билмадим, бахтимгами ёки бунинг аксими – бир куни тенгдошларим менга театр ҳақида гапириб беришди ва “Подшо Навуходоносор” деган спектаклга олиб боришди. Мен умримда биринчи марта театр тамошасини кўрдим. Балкон чиптаси бор-йўғи бир пиастр турар экан. Спектаклдаги бош ролни ҳозир раҳматли бўлиб кетган Маҳмуд Ҳабиб ўйнар эди. Шуниси эсимда – спектакл икки ой мобайнида сурункасига ҳар куни қўйилди ва биз дарсларни йиғиштириб қўйиб, ҳар куни театрга қатнадик. Табиийки, бу вақт ичида мен ота-онамдан фақат дакки едим ва юракни сиқадиган насиҳатлар эшитдим. Аммо оқшом тушгунича даккилар ҳам, панд-насиҳатлар ҳам паққос эсдан чиқиб кетар ва мен яна орқа-олдимга қарамай, театрга ошиқардим. Кейин биз ал-Кардахи гуруҳи пайдо бўлганини эшитдик. Унинг Қоҳира опера театрида томоша кўрсатишидан хабардор бўлдик. Бу гуруҳлаги артистлардан бири хонанда ва бастакор шайх Саляма Хигази эди. Аммо, афсуслар бўлғайким, чипталар ҳаддан ташқари қиммат бўлиб, балконнинг ўзи тўрт пиастр турарди. Мен бу гуруҳнинг томошасига атиги бир марта боришга муваффақ бўлдим, холос. “Аида” операси намойиш қилинаётган экан. Лекин ўзи ҳам кишини энтиктириб юборадиган даражада зўр томоша эди-да! Мен декорацияларнинг ғаройиблигига, қадимги сарбозлар ва ҳабашларнинг башанг кийим-кечакларига лол қолиб, спектаклни анграйганча тамоша қилгандим. Операдан кейин уйга келгач, ҳаяжондан эрталабгача ухлай олмадим. Эрталаб, ўрнимдан туриб қатъий аҳд қилдим: “Артист бўламан! Ҳар қандай қилиб бўлса-да, артист бўламан!”
Ёпирилиб келган хотиралардан бошимни кўтариб, яна илтимосимни такрорладим:
– Қани, айтақол. Қандай бўлган эди?
Умар афанди ҳикоясини бошлади:
– Бу воқеа ҳижрий бир минг уч юзинчи йилда рўй берган эди. У пайтлар Қоҳирада Хелдив опера театрида бир неча гуруҳ томоша кўрсатарди. Кунлардан бир куни ўзи билан томошага олиб борган оғайнимдан менга саҳна ортидаги актёрларни ёки лоақал улар кандай машқ қилишларини кўрсата олмайсанми, деб сўрадим. Икки кундан кейин у менга қувончли хабар келтирди – спектакллардан бирининг машқини бориб кўришимизга рухсат олган экан. Кеч тушиши билан биз оёғимизни қўлимизга олиб, театрга югурдик – таниқли режиссёр Насим афанди Габриэл Манбарави артистлар билан қандай шуғулланишини кўрмоғимиз керак эди. Биз келган пайтимизда у бир болани спектаклдаги хизматкор ролига тайёрлаётган экан. Насим афанди унга бир иборани қандай оҳангда айтиши кераклигини такрор-такрор уқтирмоқда-ю, бироқ бола уни сира эплаб тўғри айта олмай, режиссёрни роса хуноб қилмоқда эди. Шунда мен ортиқ чидаб туролмадим ва саҳна ортидан овозим борича қичқирдим: “Шу ролни ижро этишга менга ижозат беринг, афандим!” Шу ерда ҳозир бўлганлар менинг шижоатимдан ва довюраклигимдан ҳайрон бўлишди. Режиссёр менинг илтимосимни инобатга олди ва болага ролнинг сўзлари ёзилган дафтарни менга беришини буюрди. Мен бу сўзларни ёд олмоғим керак эди. Бироқ мен аввалгидан ҳам баландроқ овозда бақирдим: “Мен сўзларнинг ҳаммасини биламан. Машқ вақтидаёқ уларни ёдлаб олганман!” Менга ижозат беришди ва мен синовдан муваффақият билан ўтдим. Артистлар қарсак чалиб, мени қутлашди. “Балли! Баракалла!” деган овозлар янгради. Фақат бояги болагина ўксиниб қолди. У кўзидаги ёшларини милтиратиб, гина қилди: “Бу ёғи қандоқ бўлди? Мен бу ролни ёд олгунимча неча кун меҳнат қилгандим, сиз бўлсангиз уни бугун келган одамга бериб ўтирибсиз?” Менинг артистлик фаолиятим ана шу хизматкор ролини ўйнашдан бошланган. Мени “Миллий идтиҳод” гуруҳига қабул қилишди. Бу гуруҳ Ал-Азхарни тугатган шайх Муҳаммад Басра томонидан ёзилган “Қирол Нўъмоннинг қизи — Ҳинд” деган пьесани тайёрлаётган экан. Кейин мен Маҳмуд Ҳабибнинг труппасига ўтдим ва улар билан бирга бутун Мисрни кезиб чиқдим. Аммо Ҳаддод труппасига ўтганимдан кейингина мен чинакам театр санъати билан танишдим. У машқ вақтида кўпинча биз – артистларга: “Ҳамиша ҳаётдагидек оддий ва содда бўлишга ҳаракат қилинглар” деб тайинларди. У табиий ва чиройли гапира олмайдиганларни, баъзан жиғибийрон бўлиб, айюҳаннос солишгача бориб етадиган, ясама овозда гапирадиганларни жинидан баттар ёмон кўрарди. “Хириллаб қолгунча қичқирманг, жўнгина, оддийгина гапиринг” деб такрорлашни яхши кўрарди Ҳаддод. Унинг санъатга қарашлари бошқача эди.
Кейин Кардахи янги труппа тузганида мен унга қўшилдим ва “Мазлум” спектаклида зиндонбон ролини ўйнадим.
Умар афанди ҳикоясини давом эттирди, мен эса унинг гапини бўлмай, диққат билан тингладим. Тун жуда ажойиб, беғубор эди. Биз кўчанинг ўнг томонидан кетиб борардик. Бирдан бизга яқинлашиб келаётган полициячига кўзим тушди. Унинг қўлида қандайдир бир нарса оқариб кўриниб турарди. Ҳаммаси равшан бу – прокуратуранинг қоровули, прокурорнинг чақириқ қоғозини топшириш учун мени излаб юрибди. Мен Умар афандини қўлидан олиб, кўчанинг нариги бетига судрадим.
– Нима жин урди сени? Тинчликми? Нима бўлди ўзи? – деб сўради қўрқиб кетган Умар афанди.
– Полиция! Бу ердан қочамиз! – дедим мен ҳаяжон билан шивирлаб.
Шу сўзлар билан мен ҳайратда қолган Умар афандини кўчанинг қарама-қарши томонига судрадим. Тун қоронғи эди. Мен полициячи деб ўйлаган одам оддий шаҳарлик киши экан, у бир қўлида оқ редиска кўтариб олганди. Дарров тинчлана қолдим. Лекин энди дўстимнинг юраги така-пука бўлиб қолганди. У кетаётган жойида таққа тўхтаб, менга тикилди-да, рўйи-рост сўради:
– Нима гап ўзи? Барака топкур, айтсанг-чи, нега полициячидан қўрқиб кетдинг?
– Эртага ҳаммасини айтиб бераман – дедим мен. – Ҳозирча санъат ҳақидаги гурунгимизни давом эттирайлик.
Аммо менинг жавобим уни тинчлантирмади, балки, аксинча, янада қаттиқроқ ҳаяжонга солди. У санъат тўғрисида бошқа гапиришни истамаслигини айтди, у ҳатто ҳозирнинг ўзида гап нимада эканини тушунтириб бермасам, дарҳол мени ташлаб, кетиб қолишини айтиб, пўписа қилди. Ҳа, рост, бир вақтлар у саёқ артистлар тўдасида иш юритган, буни инкор қилмайди, лекин у ҳеч қачон полиция таъқиб қиладиган гуруҳ – жиноятчиларга дахлдор бўлмаган.
– Жиноятчиларга дейсанми? – деб ҳайрон бўлдим мен.
– Бўлмасам-чи? Мени маъзур тутадилар, лекин қотил бўлмаса, ўғри бўлмаса, ким полициячидан қўрқиб, ўзини панага уради?
–Қаёқдаги гапларни гапирасиз-а, Умар афанди! – дедим мен хотиржам кайфиятда.
– Мен бор ҳақиқатни билишни истайман. Майли, гап орамизда қолсин, лекин айт – сен кимсан? Нима билан шуғулланасан?
Зўр-базўр кулгимни яшириб, жавоб бердим:
– Нима билан шуғулланасан, деяпсизми? Ростини айтсам, менинг машғулотим чиндан-да, жиноятчилар дунёси билан боғлиқ.
– Ё, Парвардигор! – деб хитоб қилди ўлгудай қўрқиб кетган Умар афанди ва беихтиёр мендан ўзини олиб қочди.
– Шошмасангиз-чи, Умар афанди, – деб мен уни бу шахдидан қайтармоқчи бўлдим. Лекин у қўлларини силкитиб, унга яқинлашмаслигимга ишора қилиб, деди:
– Менинг бу шаҳарда янги одам эканимдан фойдаланиб, бошимга кўнгилсизликлар ёғдирмоқчимисан?
– Шошманг, ахир, – деб таъкидладим яна. – Ҳозир ҳаммасини айтиб бераман.
Бироқ у мендан ўзини олиб қочишда давом этиб деди:
– Мен сени билмайман! Авваллари ҳам сира билган эмасман!
Шу сўзлар билан Умар афанди менга орқасини ўгирди-да, жон-жаҳди билан мендан қочиб кета бошлади.
Мен унинг кетидан қувдим. Югура-югура икковимиз қандайдир бир тор кўчага кириб қолдик. Бу ерда соқчилик қилиб юрган полиция гурухининг сержанти унинг йўлини тўсди. У актёрнинг ёқасидан олиб, сўради:
– Бунақа бемаҳалда қаёқдан қочиб келяпсан?
– Мен эмас, манави. Мен кимдан қочиб келардим. Манавини ушланглар!
Мен бу даҳанаки жангнинг нима билан тугашини кутиб турдим.
Полиция сержанти менинг дўстимни дағаллик билан туртди-да, югуриб келган полициячига буюрди:
– Ушланг уни!
Умар афанди эса юраги қинидан чиқиб кетай деб теварак-атрофга аланг-жаранг қарар ва менга ишора қилиб қичқиришдан тўхтамас эди.
– Мана – у! Мана-у! Мен уни билмайман. Худо ҳақи, билмайман!
– У деганинг ким? – деб сўради сержант ва мени кўриб буюрди:
– Қани, бери кел-чи, оғайни!
Менинг бўйсунишдан бошқа иложим йўқ эди. Шахдам қадам ташлаб, полициячининг олдига бордим. Афтидан, сержант маҳкама мажлисларида мени аввал кўриб юрган бўлса керак. Унга яқинлашишим билан оёқларини бир-бирига уриб, чест берди-да, дона-дона қилиб деди:
– Мени кечиргайлар, бей-афандим!
Шу пайт Умар афандининг юзида қандай даҳшат ва ҳайрат зуҳур бўлганини таърифлаб бериш жуда қийин! Буларнинг ҳаммаси жуда тез рўй берди – Умар афанди ҳеч нарсани англашга улгурмай ҳам қолди. Сержантга мурожаат қилиб, сўрадим:
– Нега сен бу жанобни қўлга оляпсан, сержант?
– Фармойишингизга мунтазирман.
– Унга тегма ўз ҳолига қўй, – деб буюрдим мен.
Умар афандини дарҳол қўйиб юборишди. Сержант эса менга мурожаат қилди:
– Яна қандай кўрсатмалар бор, бей-афанди?
– Бўлди! Сен – бўшсан! – дедим мен.
Сержант яна товонини бир-бирига уриб, чест берди-да, соқчиликда бирга юрган полициячилари билан нари кетди. Биз Умар афанди билан икковимиз қолдик. У ҳайрон бўлганидан ҳайкалдек қотиб қолганди.
– Нима бўлди сизга! – деб унга хитоб қилдим.
– “Нима бўлди” деганинг нимаси? Ҳеч нарсага тушунмай қолдим. Барака топкур, тушунтирсанг-чи, бу шаҳарда сен кимсан, ахир?
Шунда мен Умар афандига бу шаҳарда ким эканимни ҳам, бугун прокурордан нима учун қочиб юрганимни ҳам батафсил гапириб бердим. Дўстим менинг тўғримда ноўрин гумонларга боргани учун ўзидан кулди-да. хотиржам бўлди ва биз санъат ҳақидаги гурунгимизни давом эттирдик. Бироқ кўп ўтмай, мен бизнинг муносабатларимизда аввалги самимийлик ва соддалик қолмаганини ҳис қилдим. Умар афанди бирдан қуюлиб қолди, мени “сизлай” бошлади. Унинг назарида мен ортиқ камтарин санъат мухлиси эмасдим. Тунги соат икки бўлди. У менга:
– Ҳойнаҳой, чарчаган бўлсангиз керак, жаноби олийлари? Вақт анча кеч бўлиб қолди, — деди.
“Жаноби олийлари” деган ибора қулоғимни тешиб юборай деди, улардан совуқ расмиятчиликнинг ҳиди келиб турарди. Мен бу иборада киноя ёки пичингга ўхшаган бирор нарса бормикан деб қидирдим. Аммо афсуслар бўлғайким, улар жуда жиддий оҳангда талаффуз этилган эди ва бундан буён орамизда расмий эҳтиромга қурилган муносабатларгина бўлиши мумкинлигидан далолат берарди. Мен кулиб, ҳазил-ҳузуллар қилиб, Умар афандига бунақа муомаланинг ҳожати йўқлигига, унинг бемаънилигига шама қилдим. Аммо унинг чеҳрасидаги ифодадан англадимки, дўстимни фикридан қайтара олмайман. У суд терговчиси қалбида санъатга чинакам муҳаббатни сақлаб қолиши мумкинлигига ишонишни истамас эди. Ахир, унга шаҳар кўчаларида полициячилар ялтоқилик билан честь беришади, у эса бемалол “Уни ушла!”, “Буни қўйиб юбор!” дея буйруқ бераверади. Мен унга жон-жаҳдим билан бизнинг орамизда бирон-бир муҳим фарқ йўк эканини, санъат ходими ҳам, маҳкама амалдори ҳам бир хил одамлар эканини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Ахир, биз ҳам одамлар олдида аввалдан белгилаб қўйилган ролларда намоён бўламиз, биримиз айбдор, биримиз айбловчи, яна биримиз гувоҳ, бошқа биримиз эса ҳимоячи сифатида кўринамиз. Фарқ фақат шундаки, биз аввалдан ёзилмаган ҳаётий фожеани ўйнаймиз, артистлар эса олдиндан ёзилган фожеани ижро этишади. Истаган маҳкама протоколини олиб кўринг, сиз у ерда ҳам худди трагедияга ўхшаш диалогларни кўрасиз, фақат маҳкамадаги актёрлар ўзларининг ҳақиқий қиёфаларини яширмай, гримсиз рол ўйнайди. Ниҳоят, хайрлашиш вақти ҳам келди. Мен уйимга йўл олдим. Умар афанди эса меҳмонхонага кетди. Биз эртасига кечқурун учрашишга келишиб олдик. Уйда ҳамма нарса тинч ва осойишта эди. “Бу бўрон олдидаги осойишталик” деган хаёл кечди кўнглимдан. Қаттиқ чарчаганимдан дарҳол ухлаб қолдим.
Эртаси куни мен ишга ўз вақтида келдим ва ҳар доимдагидек ишларни варақлай бошладим. Атрофимда ҳукм сураётган ғалати тинчлик кетидан бир нохушлик келадигандай туюлди менга. Нима гап бўляпти ўзи? Нега прокурор мени ҳузурига чақирмаяпти? Кечаги исён учун нега таъзиримни бермаяпти? Ҳатто оддий кунларда ҳам у ўзининг хархашасини канда қилмас эди, бугун бўлса, негадир ҳаммаёқ сув қуйгандай…
Пешин яқинлаб келмоқда, чалкаш ишлар ва протоколларни титкилаб, миям ғовлаб кетди. Мен бир пиёла қаҳва сўрадим ва янги газеталарни кўздан кечира бошладим. Тўсатдан ҳукумат ахборотига кўзим тушди. Унда ҳокимиятдаги ўзгаришлар ҳақида хабар қилинган, адлия вазири янги бўлгани тўғрисида айтилган эди. Янги вазир эски ходимлардан эмас эди. У ҳокимият тепасига келган янги партия аъзоси, бизнинг вазирлигимизда у биринчи марта бунақа юксак рутбани эгалламоқда. “Ие, гап бу ёқда экан-ку! – деб ўйладим мен. – Бугун прокурор мени нега тортқилаб юлқимаётганининг сабаби бор экан-да! Бунақа ишларга ҳозир унинг фурсати йўқ. У ҳозир адлия вазирининг алмаштирилиши ўзининг тақдирига қандай таъсир қилишини тусмоллаб билиш билан банд бўлиши керак”.
Газеталарни қўйиб, ишга чоғланиб тургандим, қоровул кириб, мени аллақандай Умар афанди сўраётганини айтди.
– Айт кирсин! – дедим мен.
Идорага Умар афанди ҳайиқибгина кириб келди ва минг бора узрлар айтиб, ёнидан икки варақ ёзилган қоғоз чиқарди. Қоғозларни менга тутқазар экан, деди:
– Сиз ҳақ экансиз, жаноби олийлари. Театр билан маҳкама ўртасида чиндан-да, муайян муштараклик бор экан.
Мен уни ўтиришга таклиф қилдим. У ўзининг кутилмаган ташрифи сабабларини гапириб берди.
– Бир замонлар, – деб бошлади у, – мен ҳали машҳур режиссёр Маҳмуд Ҳабибнинг театр труппасида ишлаб юрган кезларимда, менга Юқори Миср шаҳарларидан бирида гастролда бўлишга тўғри келган эди. “Хорун ар-Рашид”нинг навбатдаги қўйиладиган куни оқшом тушишини кутиб, театр эшиги олдида ўтирардим. Шу пайт бозор майдони томонидан икки фаллоҳ мен томонга кела бошлади. Улардан бирининг қўлида қандайдир қоғоз бор эди – кейинчалик уларнинг тушунтиришича, бу қоғоз Хорун ар-Рашид ёки қирол Нуғмон номига ёзилган арзнома экан. “Бозор майдонида ўқишни биладиган одамлардан эшитдикки, – деб ёзибди фаллоҳлар, – бу қироллар бугун кечқурун шу ерга – театрга келишар экан. Биз маҳаллий ҳукмдорлар устидан ёзган ушбу аризамизни шахсан уларнинг қўлига етказмоғингизни илтимос қиламиз. Ҳар ҳолда, қироллар ҳамма нарсани адолат қилишига шубҳамиз йўқ”.
Умар афанди менга иккита аризани тутқазар экан, шундай қўшимча қилди:
– Ҳозир мен сизга айтадиган воқеа ўша эски воқеа-ю, фақат янги, замонавий шаклга эга. Замонлар ўзгариб кетди, одамлар ўсиб-улғайди, энди улар Хорун ар-Рашидга ёки унинг вазири Жаъфарга ариза ёзишмайди. Энди улар тўғри ҳокимият амалдорларига ёзишади. “Қўлимга манави арзномаларни тутқазган фаллоҳлар кеча томошага боришибди. Улар театрда ўз кўзлари билан биринчи қаторда ўтирган вилоят губернаторини, полиция бошлиғини, жамийки аъёнларни, ҳатто полициячиларни ҳам кўришибди. Бинобарин, – деб хулоса чиқаришибди улар, – артистлар бошлиқларнинг назарида ҳурматга сазовор катта одамлар бўлар экан-да. Шундай бўлгач, улар ҳукмдорлар олдида воситачилик қилиб, бизга ҳомийлик қилишса бўларди”.
Иккала арзномани ҳам олиб, мен шу заҳотиёқ уларни ўқиб чиқдим. Фаллоҳлар маҳаллий ҳукмдорларнинг, шу жумладан, оқсоқолнинг ўзбошимчалигидан шикоят қилишарди. Мен тафтиш ўтказмоқ ва зарур чоралар кўрмоқ учун тегишли уезд идораларига жўнатиш тўғрисида кўрсатма ёзиб бергач, дўстимга мурожаат қилдим:
– Прокуратура вазир Жаъфарнинг илтимосини бажо келтиради.
Умар афанди сарой маросимларидаги қонун-қоидаларга риоя қилган бўлиб, бир қўлини пешонасига, иккинчи қўлини кўксига қўйиб таъзим қилди. Бу билан у ўзининг миннатдорлигини ифодаламоқчи бўлган эди. Мен унга бир пиёла қаҳва олиб келишларини буюрдим. У шошмасдан, пуфлаб-пуфлаб қаҳва ичиб ўтирар экан, қўққисдан эшиклар қасир-қусур очилиб кетиб, хонага кўзлари чақнаган прокурорнинг ўзи кириб келди. Унинг ғазабнок қиёфаси, кескин хатти-ҳаракатлари, еб қўйгудек ўқрайишларидан бирор тузукроқ нарса кутиб бўлмасди. Лекин мен уни ҳайрон қоладиган даражада хотиржам кутиб олдим. Мен хатарнинг кўзига тик қарадим. Тутаққан шерни жаҳлидан туширмоқчи бўлган гладиатор унинг кўзига шундай қарайди.
– Ижозат бергайсиз, жаноби олийлари, сизга таништирай: вазир…
Мен “вазир Жаъфар” дейишга улгурмай қолдим – негаки, прокурор оғзимни очиргани қўймади. Кўз очиб югунча у ергача эгилиб таъзим қилди-да, беҳад катта эҳтиромлар намойиш этиб, менинг дўстимга – артистга қўлини узатди.
– Бизнинг бурчимиз, – деб ғўлдиради прокурор, – адлия вазирлигини чин юракдан табриклашдир. – Уни бошқарув замонамизнинг энг атоқли арбоби, ҳазрати олийлари, вазир жанобларига…
Дастлаб мен ҳайратдан тилим калимага келмай қолди, лекин бироз ўтиб, ношуд прокуроримизнинг адашганини пайқаб қолдим. Бу ишдан воқиф бўлиб қолганимни сира сездирмаган ҳолда воқеаларнинг боришини кузата бошладим. Прокурорнинг таъзимига жавобан Умар афанди ҳам муносиб таъзим билан жавоб берди. У, албатта, нима бўлаётганини тушунгани йўқ, “жаноби вазир ҳазрати олийлари” деган иборани эса кеча кечқурун ўзи ролини ўйнаган вазир Жаъфарга мурожаат сифатида қабул қилган. Умар афанди бажо келтирган таъзим эса ўта ясама бўлган ва адлия вазири қилиши мумкин бўлган таъзимга сира ўхшамай чиққан. Агар прокурор ўша дақиқада соғлом фикрлаш қобилиятини йўқотиб қўймаганда, агар у ҳукумат таркибидаги вазирлар алмашиши масаласи билан бу қадар банд бўлмаганида, у албатта, қаршисида турган одам вазир эмас, артист эканини фаҳмлаган бўларди. Унинг ергача эгилиб таъзим қилганини прокурор янги адлия вазирининг ўта камсуқумлигига йўйди. Катта чалкашликларнинг олдини олмоқ ва вазиятдан ўз фойдамга фойдаланмоқ учун мен ҳам мужмалроқ қилиб ғўлдирадим:
– Жаноб вазир – менинг эски қадрдоним…
Менга ҳамиша мутакаббирлик билан шафқатсиз муносабатда бўлғувчи прокурор бу гал менга ғоятда дўстона ва илиқ бир нигоҳ билан қаради. Бундан дадилланиб, гапимга қўшимча қилдим:
– Жаноб прокурор, марҳамат қилиб, вазир дўстимга айтсангиз – менинг хизматимдан мамнунмисиз-йўқми?
Прокурор шу заҳотиёқ Умар афандига ўгирилиб, менга ишора қилди-да, ҳаяжон ичида деди:
– Жаноби вазир, сизни ишонтириб айтаманки, ҳазрати олийлари, бу киши вилоятимиздаги энг яхши терговчи. Жуда иқтидорли, ишга берилган, маиший ҳаётда камсуқум, маънавий жиҳатдан жуда покиза, яхши тарбия кўрган, шунингдек, ғоятда зийрак ақл эгаси. У менинг терговчиларим ичида ҳаммага ибрат қилиб кўрсатса, арзийдигани, ҳазрати олийлари!
Прокурордан менинг шаънимга шундай таъриф-тавсифни ундирганимдан ғоятда мамнун эдим. Лекин ҳақиқат ошкор бўлиб қолмасин, деб ҳозирданоқ хавотир ола бошладим. Шунинг учун мисим чиқиб, шарманда бўлгандан кўра, вақтида этагимни ёпақолганим тузук деган тўхтамга келдим.
– Ўзингизга маълум, – деб яна прокурорга мурожаат қилдим. – Мен жуда қаттиқ толиққанман, яхшилаб дам олмасам бўлмайди. Мендан марҳаматингизни дариғ тутмасангиз, бугундан бошлаб мени икки ҳафталик таътилга чиқарсангиз…
Прокурор махтал қилмай жавоб берди:
– Албатта! Албатта! Менинг ҳеч қандай эътирозим йўқ. Хоҳласанг, ҳозирнинг ўзидаёқ таътилга чиқмоғинг мумкин. Сенинг ишларингни бошқа терговчига топшираман.
–Бағоят миннатдорман. Мен бир соатдан кейин жўнаб кетаман.
Прокурор бошини енгил ирғаб, фариштасифат қараш қилиб, розилигини билдирди ва Умар афандига мурожаат қилиб, деди:
– Жаноб вазир ҳазрати олийлари, бизникига бугун келишни ихтиёр этадиларми?
– Йўқ, биз бу ерда кеча кечқурунданоқ ишларимизни бошлаб юборганмиз.
Прокурорга нимадир равшан бўлмай қолди, шекилли, мен шоша-пиша мужмал изоҳларимни тиқиштирдим:
– Кеча кечқурун жаноб вазир борган жойи…
Прокурорнинг бу сўзлардан англагани шу бўлдики, адлия вазирини тайинлаш ҳақидаги фармонга фақат кеча имзо чекилган. Умар афанди эса гап унинг кеча спектаклда ўйнаган роли ҳақида кетяпти, деб ўйлаб, соддадиллик билан сўради:
– Сиз, албатта, кеча кечқурун губернатор жаноблари билан бирга спектаклни томоша қилган бўлсангиз керак?
Аммо прокурор гап нима тўғрида кетаётганини яна тушунмади. Шунда мен сўраб-суриштиришлар оқибатида, икковлари ҳам ҳақиқатдан воқиф бўлиб қолмасликлари учун прокурорнинг ёнига бордим-да, унинг қулоғига шивирладим:
– Бугун мен вазир ҳазрати олийларини дўстона зиёфатга таклиф қилганман. У киши мен билан холи ўтиришни ихтиёр этгандилар. Агар сиз икковимизга ҳам ҳозир жавоб берсангиз, жуда улуғ иш бўлур эди.
– Марҳамат… марҳамат… Хизматингизга бажону дил тайёрман, – деди прокурор.
Мен дўстимни қўлтиғидан олдим-да, кўчага судрадим.
* * *
Биз кўчага чиқишимиз биланоқ, Умар афанди билан хайр-хўшлашиб, уйимга югурдим, уйда тезгина чамадонимни жойлаб, Искандарияга жўнаб қолдим. Менинг юрагим така-пука эди – прокурор Қоҳирада чиқадиган газеталарнинг янги сонларини олса, унда янги тайинланган адлия вазирининг суратини кўриб қолса, ҳамма гапни билиб олади деган хавотирда эдим. Аммо тақдир бу гал менга кулиб боқди – фош бўлиш хавфидан ва прокурорнинг қасд олишидан қутулиб қолдим. Эртаси куни газеталарда ўқиб қолдим – янги адлия вазирининг кўрсатмаси билан бу соҳада мансабдор одамлар ўртасида баъзи бир ўзгартиришлар содир бўлибди. Бизнинг прокуроримиз ҳам ишдан олиниб, бошқа олисроқ вилоятга яна ўша лавозимига тайинланибди.
Мен энди бутунлай бехавотир яшамоғим мумкин эди.
Бу воқеа рўй бергандан бери кўп йиллар ўтиб кетди. Юридик соҳани йиғиштириб қўйиб, бутунлай бошқа иш билан шуғуллана бошлаганимга ҳам анча бўлди. Ҳамманинг ўтакасини ёрадиган бу прокурор билан яна учрашганимда, у шикоят судидаги энг юқори мансабдан истеъфога чиққан эди. Мен уни Қоҳирадаги бир қаҳвахонада тасодифан учратиб қолдим. У жуда қариб, мункиллаб қолган эди. Мени учратиб, хурсанд бўлиб кетди. Ҳазилларимни эслаб, чин юракдан жилмайиб, шундай деди:
– “Вазир ҳазрати олийлари” эсингда борми?
– Вазир Жаъфарми? Бўлмасам-чи! – дедим мен ҳам жилмайиб.
Оғзини карракдек очиб куларкан, ясама тишларини кўз-кўз қилиб, собиқ прокурор деди:
– Ҳа, ҳа, афандим, мен улуғ халифа Хорун ар-Рашиднинг вазирини назарда тутяпман. Фақат сен жўнаб кетгандан кейингина, унинг артистлигини билибман!
Рус тилидан Озод Шарафиддинов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 8-сон