Онам ўлибди. Мен бу ҳақда озодликка чиққан куним эшитдим. Мени кутиб, кўмиш маросимини кечиктиришибди. Ҳаммалари: «Охирги нафасигача сени эслади…» — дейишди.
Шаҳарга, менинг олдимга фақат отам билан Америкалик келишганди. Мен соат тўққиз бўлишини кутиб турдимда, кейин индамай сўридан камзулимни олдим. Эгнимга аввалги якшанбада уйдан юборишган крахмалланган қордай оппоқ кўйлак кийиб олгандим. Кўйлакнинг қаттиқ ёқаси бўйнимни эзарди. Галстук тугунини бир оз бўшатдим. Мен мана шу ҳолда бошлиқнинг олдида намоён бўлдим.
У менинг қандай кирганлигимни билмай қолди. Мен оҳиста йўталдим, у қоғозлардан бошини кўтариб менга худди эндигина кўриб тургандек ажабланиб қаради.
Мен қўлларимни кўксимга қўйганча кутиб турардим. Бошлиқ стул суянчиғига ёнбошлаб, кўзойнагини ечдида, анчагача қаншарини ишқаб ўтирди. Кейин шабкўрларга ўхшаб кўзини қисиб юзимга тикилди.
— Хўш, Ҳасан, тугадими?
— Тугади, афанди, — деб жавоб бердим бетоқатлик билан у оёғимдан бу оёғимга оғирлигимни ташлаганча.
У яна кўзойнагинb тақиб, хўрсинди.
— Мана, кўрдингми, ҳаммаси ўтди-кетди. Кўз очиб юмишга ҳам улгурмайсан, қарабсанки… — У гапларига деярли қулоқ солмаётганимни кўриб, тилини тишлаб қолди.
Ойна ортида оҳиста қуёш кўтарилиб келарди. Шу ўтган йиллар давомида қуёш у ерда, яъни озодликда чиқиб ботган эди, лекин мен уни кўрмасдим. Ҳаётда қуёшни кўришлик қанчалик муҳимлигини кейинчалик тушуниб қолдим.
Мен кўз узмай кўчага қараб турардим: олдин от-арава ўтди, кейин шалдираганча юк машинаси, ундан кейин қандайдир одамлар ўтишди — эркакларми ёки аёлларми ажратолмай қолдим.
— Шундай қилиб, — деди бошлиқ, — ҳамма ҳужжатларинг тайёр, ишончим комилки, бундан бу ён.
Мен бошимни буриб унга қарадим. Соқол-мўйлови тарошланган, ёноқлари кўкимтир тусда, фақат иягида бир нечта ўжар толалар тиккайиб турарди.
Бошлиқ менга қўлини узатди. Мен унга ўзимникини бердим. У стол ортидан туриб, олдимга келдида, елкамга қоқиб қўйди.
— Ҳаёт йўли узун. Сен ҳали ёшсан, соғлигинг жойида.
Мен қоғозларни ҳамда паспортни олиб, ички чўнтагимга солволдимда, хайрлашдим.
У жилмайишга ҳаракат қилди-ю, лекин негадир кулгиси сохта эди. У нимадандир таъби хира бўлганди, лекин мен бунинг айнан нимаданлигини билолмадим. Унинг ўзи олдинга ўтиб, менга эшикни очиб берди.
— Оқ йўл, Ҳасан!
Мен жавоб бермай, коридорга чиқдим. Ортимдан эшик ёпилди. Хайриддин шу ерда мени кутиб ўтирган экан.
— Сеникилар пастда ўтиришибди. У жилмайди, мен ҳам.
Биз пиллапоядан пастга туша бошладик, лекин бу гал мен олдинда, назоратчи эса орқада келарди.
Отам билан Америкалик пастда ёғоч скамейкада ўтиришган экан. Мени кўришлари биланоқ сакраб ўрниларидан туришди. Америкалик биринчи бўлиб югуриб келдида, мени қучоқлаб олди. Унинг елкаси оша отамга қарадим. У негадир паришонҳол бўлиб, худди учрашувимиздан хурсанд эмасдай, ғалати қараб турарди.
— Ҳаммаси яхши бўлиб кетади, Синчо,— деди Америкалик.
Мен меҳр билан унинг юзини силаб қўйдим. У ҳам қандайдир ғайритабиий, нимтабассумла жилмайди. Мен отамга яқинлашдим. Мен унинг қўлини ўпмоқчи бўлгандим, лекин у қўлини кўтариб елкамга қўйдида, сикчковлик билан юзимга тикилиб қолди. Кўзи қаърида ожизлик, ғам-андуҳ ҳамда ночорликнинг хоинона ифодаси мангу ўралашиб қолганди. У хўрсинди, кейин тишларини гириҳ қилиб жилмайишга уриниб кўрди-ю, лекин бари бир бунинг уддасидан чиқолмади. Фақат хириллаганча:
— Ҳасан… — дея олди холос.
Мен унинг ҳолатини тушунгандай қўлтиқлаб олдим ва учаламиз узун йўлакни ортда қолдириб, ҳовлига чиқдик. Мўъжазгина эшикни итариб, учаламиз ҳам тўхтаб қолдик. У ерда, очиқ эшик ортида кўча, ундан нарроқда эса бош проспект кўзга ташланарди.
Ёрқин нур кўзимга урилди. Бу нурга қарашга қурбим етмай, кўзимни қисиб олдим. Бирдан оғзим қуруқшаб қолди. Юрагим худди бигиз санчилгандек дукиллаб, бутун танам ғайритабиий сирқирашидан ларзага келди.
Америкалик четланди-да:
— Қани, Синчо, йўл бошла! — деди.
Мен унга, кейин отамга қарадим. Дастлабки дақиқада қадам ташлашга қурбим етмайдигандай бўлиб туюлди. Отам мулойимгина елкамга қоқиб қўйди.
— Қани, қадаминг қутлуғ бўлсин, Ҳасан, худонинг ўзи ярлақасин…
Бирдан чидаб бўлмас даражада чекким келиб кетди. Кейин бурним қичишиб кетди — агар ҳозир қўл теккизсанг, йиғлаб юборадиганга ўхшардим…
— Бўла қол, Ҳасан! Бошла, ўғлим! — дея далда берарди отам.
Ниҳоят, кўз олдим ёришиб, гириҳ қилинган тишларимни бўшатдим-да, қадам ташладим. Бор-йўғи ўн қадамгина мени озодликдан ажратиб турарди. Бир… Икки… Уч… Тўрт… Беш… Олти… Тош деворлар борган сари ортга чекинмоқда эди. Етти… Саккиз… Қўлингда чўзсанг, эшик тутқичини ушлашинг мумкин. Мен уки ушладим-да, ўша заҳоти бутун борлиғимла темирнинг муздайлигини ҳис қилдим, Кўзимни қисганча остонадан ҳатлаб ўтдим: ўн!..
— Кўзингни оч, Синчо, —деди Америкалик.— Ҳаммаси тугади.
Мен ён-атрофимга алангладим. Шундоққина тумшуғимнинг тагида кўча чўзилганди. Мен қуёшни, уйларни, бош проспектни кўрдим.
Отам сигарета узатди.
— Ма, чекиб ола қол…
Мен рад этмоқчи бўлдиму, лекин у олишга мажбур қилди.
— Чек, чекавер, тортиниб ўтирма!
Қўлим худди бегонаникидек, титрарди. Америкалик гугурт чақиб тутганди, мен тутагиб олдим. Тутунни ичимга чуқур тортгандим, томирларимдаги қон тезроқ югурганини сездим. Қулоғим шанғилларди.
— Денгизни томоша қиламизми?—деб таклиф қилди Америкалик.
Биз индамай денгизга йўналдик.
Проспектнинг икки томонида уйлар тизилганди. Сариқ рангга бўялган икки қаватли уйлардан бирининг балконида ёшгина аёл гилам қоқмоқда эди. У шунақанги ёш эдики, оқ батист рўмолидан шундоққина нафосат уфуриб турарди. Ёғочни қулочкашлаганча жон-жаҳди билан гиламни чангдан фориғ қилмоқда эди. Чанг қуёш нурларида олтинмисол жилоланганча балкондан йўлкага учиб тушарди. Уйнинг олдида иккита қизалоқ копток ўйнашарди. Сал каттароғи кичигига коптокни отди. Қизалоқ коптокни ушлолмади, қўлидан думалаб кетиб, сакраб-сакраб нақ оёғим тагига келиб қолди. Қизалоқ олдимга чопиб келди. Мен эгилиб коптокни олдимда, қўлимда бир оз ушлаб турдим. Қизалоқ қўлини чўзганча миқ этмай кутиб турарди. Мен унга коптогини индамай бердим, қизалоқ шундан кейингина жилмайди. Унинг юқоридаги тишлари йўқ эди. Мен унинг бошини силамоқчи бўлувдим, лекин у хаш-паш дегунча чопиб кетиб қолганди.
Америкалик мени қўлтиқлаб олди.
— Бу ерда эҳтиётроқ бўлиш керак…
Шундоққина тумшуғимиз тагидан енгил ҳаворанг йўлли троллейбус ўтиб кетди. Такси ўтди. Йўл бўшагандан кейин, кўчанинг нариги бетига ўтиб олдик.
— Овқат егинг келяптими, Синчо?—деб сўради Америкалик.
— Йўқ.
— Яхши.
Бир нечта дўкончаларни ҳамда ҳарбий бошқарманинг собиқ биносини ортда қолдириб, ҳайратланганча тўхтаб қолишди. Аввал бу ерда казармалар жойлашган бўлиб, унга тураржой ҳамда боққоллик дўконлари туташиб кетган эди. Энди бўлса уларнинг ҳаммасини бузиб ташлашибди: шундоққина кўз олдингда улкан майдон нақ денгиз қирғоғигача чўзилиб кетганди.
— Анавини қара-я, ҳаммасини бузиб ташлашибди,—деди Америкалик.—Айтишларича, тез кунда қурилиш ишлари бошланиб кетаркан.
Майдонда маршрут такси ва микроавтобуслар тиқилиб ётарди. Бақириқ-чақириқлар эшитилар, шофёрлар йўловчиларни чақиришарди. Майдоннинг тупроғи билқиллаб ётганидан, қадам босишинг билан чанг тўзони оламни тутарди.
Денгизга яқинлашган саринг унинг ҳиди нақ димоғингни ёрай дерди—унутилган, ўткир, юракни ларзага келтирувчи, қайтарилмас, денгизнинг ўзигагина хос ҳид. Денгизга яқинлашган саринг, тўлқинларнинг шов-шуви янада яққолроқ эшитилади.
Мен чуқур нафас олдим. Денгиз ҳавоси ҳали-ҳозиргина димоқни қичиштираётган чанг ҳидини тозалаб, томоғим ҳам очилди.
Олдинда кетаётган Америкалик шундоққина сувнинг олдида тўхтади. Биз унга яқинлашиб, ёнма-ён турдик. Қирғоқ яқинидаги денгиз бўтана бўлиб, унинг юзида ҳар хил қуйқиндилар, ахлатлар, ифлосликлар қалқиб турарди. Қучлироқ тўлқин келиб мазкур пардани пароканда қилгандагина кўкимтир денгиз сувини кўриш мумкин эди.
Биз қумга ўтириб, оёғимизни узатдик. Мен папирос қолдиғини сувга итқитдим.
— Оғайнилар қалай юришипти?
— Сенга кўзлари нигорон,— деб жавоб қилди Америкалик.—Бу ёққа келишмоқчийди, мен рухсат бермадим. Одамлар олдида уяласан, деб айтдим. Балки, нотўғри қилдиммикин-а?
— Тўғри қилибсан, яшавор.
Биз чекиб, индамай ўтирардик. Отамга қарадим, назаримда у янада кичрайиб кетганга ўхшаб туюлди. Соқоллари оппоқ оқариб кетибди, ёноғини анчадан бери тарошламаганидан қалин соқол босиб ётарди. У ғужанак бўлиб ўтирар ва худди сақич чайнаётгандай тўхтовсиз чакагини қимирлатарди.
Америкалик йўталиб олдида, нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин шу заҳоти яна жимиб қолди.
— Уйда аҳволлар қалай?— деб сўрадим.
Отам илкис мен томонга ўгирилиб, шошқич назар ташладида, яна бошини ўгириб, денгизга тикилиб қолди. Кейин:
— Музайян эри билан жудаям келишни хоҳловди,— деди.— Лекин ўғлини тоби бўлмай қолдн шекилли, келолмади…
— Хусом ишдами?
Отам яна асабийлаша бошлади, ҳатто титроғимни билдириб қўймасин дегандай, лабини ҳам тишлаб олди.
— Йўқ, у бугун мазаси бўлмай ишга бормади.
Сигаретам ўчиб қолди, мен Америкаликникидан тутатиб олдим.
— Ҳасан…— худди узоқдан келаётгандай отамнинг бўғиқ овози эшитилди.
Назаримда, отам эмас, бошқа одам гапираётганга ўхшарди. Мен унга қарадим: у ён-атрофдаги нарсаларга парво қилмай йиғларди. Кейин яна бир бор: «Ҳасан— деди-да, жимиб қолди.
Мен Америкаликка қарадим.
У ўзини гўё ҳеч нарса эшитмаётгандек тутиб, камоли диққат билан Бахрибобо томонга қараб ўтирарди. У томонда, Варьенгга борадиган йўлда автобуслар, юк машиналари, таксилар икки қатор бўлиб тизилишиб борарди.
— Биз онангдан ажраб қолдик, Ҳасан,— деди ниҳоят юрак ютиб отам.
Бирдан қулоғим битиб, инсон овозларини эшитмай қолдим. Денгиз кўпчиб баланд кўтарилдида, қулоқни қоматга келтирувчи қичқириқ билан устимга бостириб кела бошлади…
Бу тўс-тўполоннинг тинчишини кутиб индамай ўтирардим. Денгиз ортига қайтиб, шовқин-сурон сокинлик билан ўрин алмашди…
— Қачон?—деб сўрадим.
Отам сўлагини ютиб, жавоб бермоқчи бўлди-ю, лекин гапиролмади.
— Кеча,— деди отамнинг ўрнига Америкалик.— Агар кеча чиққан бўлганингда, улгурган бўлардинг Атиги бир кунга кечикдинг, худо ўзинг бандам дегин.
Мен ўрнимдан турдим. Америкалик ҳам ортимдан сакраб турди. Отам эса ўтирган жойидан қимирламади.
— Кўмиб бўлдингларми?
— Йўқ, сени кутаётгандик.
— Яхши.
Мен отамга энгашдим.
— Туринг, дада, кетамиз.
У бошини кўтариб бизга қаради. Мен унга қўлимни узатиб, ўрнидан туришига ёрдамлашдим. У қушдай енгил бўлиб қолганди.
— Мен такси олиб келаман,— деди Америкалик. У машина ёллагани кетди, биз отам иккаламиз қолдик. Нима дейишимни билмай:
— Сигаретанг ўчиб қолибди,— дедим.
У сигаретасини лабига қистирган жойидан олиб, қаради.
— Ростданам ўчиб қолибди…
— Тутатиб оласанми?
У сигаретанинг куйган тарафини эзиб ташлади. Мен гугурт чақиб, унга олов тутдим.
Ортида чанг-тўзон булутини эргаштирганча шундоқ ёнгинамизда машина тўхтади. Шофёрнинг ёнида Америкалик ўтирарди.
— Ўтиринглар, кетдик.
Мен отамга ўтиришга ёрдамлашдимда, бор кучим билан машина эшигини ёпдим. Машина ўрнидан жилди. Биз майдон, қаҳрамонлар хиёбонидан ўтиб Басманга бурилдик, кейин қияликдан ўтиб Хамам кўчасидан кета бошладик. Йўл тоғ ён бағридан юқорилаб борарди.
Тонгги сўлимлик ўрнини жазирама иссиқ эгаллай бошлаганди. Қуёш ўт-ўланларни куйдириб-қовжиратганидан улар сап-сариқ тусга кириб бўлганди, менга бу йил уларни кўм-кўклигида кўриш насиб қилмади. Яланғоч қоялардаги йўсин қўнғир тусга кириб қолганди.
Биз Қизилчуллига кириб бордик. Бир неча вақт тош йўл темир йўл билан ёнма-ён кетганди. Биз поезд билан ёнма-ён кетиб борардик. Кейин темир йўл бир томонга бурилдида, паровоз кескин қичқириб биздан узоқлаша бошлади. Қарағайлар орасида қуёшда ярқираб Музаффарбейнинг пуштиранг қасри кўринарди. Уйнинг деразалари. ланг очиқ бўлиб, боғчадаги шийпонлар эса оқ ясминлар орасида кўзга чалинарди.
Автобус бекатига яқинлашдик. Бозорга бурилишда шофёрдан машинани тўхтатишни илтимос қилдим.
— Шу ерда тушиб, ундан у ёғига яёв кета қоламиз. Отам кира ҳақини тўламоқчи бўлганди, лекин
Америкалик унамади. Биз машинадан тушдик. Шу ердан, муюлишдан бозорчани, станцияни, Пепенинг қаҳвахонасини яққол кўриб турардим. Ҳеч нарса ўзгармабди. Дорихонанинг олдидаги яланглик қандай бўлса шундайлигича турарди. Аввалгидек сарғиш-кўк рангга бўялган бошқарманинг биноси ҳам ўша-ўша ҳолда: қор-ёмғир ҳам, лой-тупроқ ҳам, ёзги жазирама ҳам таъсир қилмабди.
Мени биринчи бўлиб машиначи Ёқуб кўриб қолди. У тикаётган камзулини ташлаб, устахонасидан югуриб пешвоз чиқди.
— Сени кўрганимдан хурсандман, Синчо!
Биз қучоқлашиб кўришдик. Унинг кўзлари жиққа ёш. Ҳаяжонланганидан бармоғидаги ангишвонасини дам ечар, дам яна киярди.
— Қайтганинг жуда яхши бўлди-да, Синчо! Биз бир-биримизнинг кўзимизга қарадик.
— Қайтдим…
— Сенга хабар қилишдими?
— Ҳа, айтишди.
— Кўп куйинаверма! Бу ерда сенинг айбинг йўқ. Ҳаммаси олло таолонинг хоҳишига боғлиқ…
— Ҳа, албатта… У хўрсинди.
— Уйга бора қол, мен ҳам дўконимни ёпиб ортингдан етиб бораман. Болаларнинг ҳаммаси ўша ерда, сени кутишяпти…
Бизнинг дўконимиз ёпиқ эди. Шифтда гўшт осиладиган илмоқлар осилиб турарди. Витрина ойнасига пашшалар ўтириб ташлаганди. Тўр билан тортиб қўйилган эшикдан гўштнинг қўланса ҳиди димоққа урилди. Отам қўлимни қисди.
— Эртага очаман. Энди сен келдинг-ку, эртагаёқ очганим бўлсин…
У ёнимда одимлаганча:
— Эртага вақтлироқ тураманда,— дея гапида давом этди,— қушхонага бориб, нимта олиб келаман.
Пепенинг қаҳвахонасида доктор ўтирган экан. У тезда менга пешвоз кўтарилди, унинг ортидан Пепе ҳам чопиб чиқди.
— Вой! Синчо-ку! Вой… вой…
У шундан бошқа бирор нарса дейишга чоғи келмас, фақат баланд овозда оғзини катта очиб… «А-а-а-а!»— деярди, холос,
— Бандалик-да, қайғунгга ҳамдардман, Синчо, — деди доктор.
— Раҳмат, худо басаломат қилсин.
— Уйгами?
— Уйга.
— Мен ҳам сизлар билан бораман.
Биз ҳаммамиз биргаликда — мен, доктор, отам, Америкалик, Пепе — бизнинг уйимиз томон йўл олдик.
Ҳикоят Маҳмудова таржимаси