Сюгоро Ямамото. Қуриган дарахт (ҳикоя)

Хэй ўзи қуриб олган кулбада ёлғиз яшайди.
Ерга тўртта устун кўмди-да, эски-туски тахталар қоқиб, атрофини беркитди, томига эса, ахлатхоналарда занглаб ётган тунукаларни келтириб босди. Кейин бир эшик топиб ўрнатдики, ундан кириб-чиқиш учун нақд икки букилиш керак. Кулбанинг жануб томонидан тўртбурчак туйнук очиб, ёруғликни аранг ўтказадиган хира ойна қўндирди.
Бу кўчада яшайдиган одамлар қандайдир йўллар билан ўз кулбаларининг ғариблигини яширишга ҳаракат қиладилар: деворга чиройли барглардан бир дастасини илиб қўйишадими, тувакларда чирмовиқ ўстиришадими, уйнинг олдидаги бир парча ерга гул экишадими, устунларни, остоналарни ишқалаб-ишқалаб йилтиратишадими, эшик ва ромларни тинмай тозалашадими-ей, ҳамма-ҳаммасидан ўзлари учун қандайдир завқ ва тиним оладилар.
Хэй бўлса, бундай ишларни ўйламайди. Унинг кулбаси овлоқ жойда, ўт ҳам аранг ўсадиган, сопол парчалари, шиша синиқлари ва шлак уюмлари билан тўлиб кетган ташландиқ бир ерда. Кулбанинг эшигидан бошланиб, харобазорни кесиб ўтган, билинар-билинмас ёлғизоёқ йўл Хэйнинг қадамларидан ҳосил бўлган. Дарча олдида баландлиги бир метрдан ҳам ошмайдиган дарахтнинг қуп-қуруқ танаси қўққайиб туради. Кўринишидан у анча йиллар илгари қуриган ва энди, қанақа дарахт эканини ҳам билиб бўлмайди.
Хэй,  одамлар билан онда-сонда гаплашиб қолганини айтмаса, ҳеч ким билан мулоқот қилмайди, саломлашмайдиям, саломга алик ҳам олмайди. Ҳеч ким унинг ҳақиқий исмини, ёшини билмайди. Бир қараган одам уни эллик-олтмиш ёшда, дейиши мумкин, гоҳида куч-қувватдан қолиб силласи қуриган етмиш беш ёшли чолдек туюлади. Унинг бўйи баланд эмас, қотма, бироқ мушаклари офтобда қорайган, териси ялтираб туради. Умуман, Хэй – соғлом одам, нозик ва қуюқ қошли чеҳрасида олийжаноблик аломатлари бор.
— Ёшлигида зап йигит бўлган, шекилли, — дейишади қудуқ тепасига йиғилиб қолган хотинлар. – Ҳозир ҳам ёмон эмас. Яқинда, тун қоронғисида унинг ёнига биттаси  келганмуш.
— Ким унга “ўлиб турган” экан?
— Ким келган бўлса, ўша-да. Бировнинг ишига тумшуқ суқиш керак эмас.
Хэй бу ердаги ғийбатлардан хабардорми, йўқми, билиб бўлмайди, ҳар ҳолда, индамайгина юраверади, бўйдоқлик ҳаётини ўзгартириш хаёлига келмайди.
У латта-путталардан поёндоз тўқийди. Латтафурушлардан эски-тускиларни сотиб олади. Харобазорда ўз қўли билан ғишт териб, қуриб олган печкаси бор, шунинг устига тоғора қўйиб, эски-тускиларни обдон  қайнатади, кейин офтобга ёйиб қуритади. Қуриган латталарни икки энлик-икки энлик қилиб қирқади-да, бураб-бураб пишитади. Хэйнинг оддийгина тўқув дастгоҳи бор. Ўзи ясаб олган бўлса керак. Тўқиган поёндозлари жўнгина бўлади. Бунақаларни одамлар ҳаммомдан кейин оёқ остига ёки хабати тагига қўйишади. Жўн бўлса ҳам пишиқ-пухта поёндозлар, чаққон сотиб олишади.
Хэй ҳар тонгда, барвақт, сочиғи билан тоғорасини ва яна бир эски челагини кўтариб, қудуқ тепасига келади. Ювинади, челагини тўлдириб сув солади, кулбасига қайтади. Токчасидан мандарин солинадиган қутини олиб, ундан алюмин кастрилкасига керагича гуруч ва арпа солади яна қудуқ тепасига боради, гуруч ва арпани ювиб кулбага қайтади, кастрилкани оловга қўяди.
Бу ернинг аҳолиси кўпинча кунбай ишлайди, шунинг учун саҳар туриб, Хэй билан олдинма-кейин қудуқ тепасига боришади. Баъзилар у билан гаплашмоқчи бўладилар, лекин у ўз одатича, индамайди. Кунларнинг бирида унга дуч келган жиззаки йигитчанинг жаҳли чиқиб кетди: “Нима, кармисан? Саломлашгандан кейин жавоб бермайсанми?” деганча мушт тугиб, Хэйнинг устига бостириб борди, бироқ унинг ниқоб сингари қотиб қолган афтини, қилт этмаган кўз қорачиқларини кўриб, тўхтаб қолди, аламидан қаттиқ сўкиниб, нари кетди.
— Этим жимирлаб кетди! – деб юрди кейинчалик бу йигитча. – Кўзларига шундоқ қараганимни биламан. Вуй! Мурданинг кўзлари! Гаров ўйнайман, унинг томирларида қон эмас, муздек сув оқади!
Хэй ҳар куни бир хил овқат ейди: гуруч ва арпадан баббаравар солади, мисо ва тузламалар қўшади, ҳаммасини қайнатади. Мисони дўкондан сотиб олади, тузламаларни ўзи тайёрлайди.
У доимо ҳаракатда. “Ишлайди” эмас, ўрганиш бўлиб қолган ҳаракатларни бажаради. Эски-тускилар тиқиб ташланган қанорни елкалаб келади, ерга ағдаради, саралайди, қўлбола печга ўт ёқиб, латталарни тоғорага солади, устидан озгина ишқор сепади, қайнатади. Вақти-вақти билан тоғорадаги латталарни айлантиради. Бу ишларнинг ҳаммасини индамай, ҳеч қаёққа алангламай, ҳатто қандайдир ашулани хиргойи қилмай бажаради. Унинг гавдаси, қўллари, оёқлари зарур бўлганича ҳаракатлар қилади, холос. Хаёл, ҳиссиёт деган “нарса”лар ҳеч қайси ҳаракатида иштирок этмаётгандек.
Қудуққа келган хотинлар Хэй тўғрисида гапиришни қўймайдилар:
— Тўқиган поёндозлари бозорда талаш бўлиб кетади. Анчагина йиғиб қўйган   бўлса керак.
— Нима қиласан, шунча пулни? Бир ўзинг яшасанг, қариндошларинг  кўринмаса, гўрингга олиб кетасанми?!
— Кўнгилочар қилиб кинога бормаса, ҳатто радиоприемник сотиб олмаса! Балки хуфёна қилиб, қизларга сарфлар?
— Эсинг жойидами? Бизнинг кўчада ўйин қилиб, битта ҳуштак чалса, ҳар қандоғи бекорга югуриб келади-ку…

* * *

Бир кун Хэйнинг кулбаси олдида ёши элликларга борган аёл, қўлида кичкина тугуни билан пайдо бўлди. Ўрта бўй, хушбичим, юзлари оппоқ, сочлари қоп-қора, қуюқ, қўғирчоқникидек чеҳрасида қоп-қора қошлари, тиниқ қалин лаблари яққол кўзга ташланиб туради.
Хэй уйида йўқ эди, аёл кутишга қарор қилди. Кулбани айланиб ўтиб, қуриган дарахт олдида туриб қолди, унинг шохларини ушлаб кўрди, кейин чўнқайди, девор тахтасига суяниб, кўзларини юмди.
Кулба овлоқ жойда бўлгани учун синчков қўшниларнинг хиралик қилиб берадиган саволларидан қўрқмаса ҳам бўлади. Шу ердан дайди ит лўкиллаб ўта туриб, аёлга бир қаради, ундан ўзи учун бирор қизиқ “нарса” топмагач, алангламасдан югуриб кетди.
Икки соатдан кейин Хэй келди. Аёл ўйга чўмиб кетганидан унинг келганини билмай қолди. Эшик ғийчиллаб очилганини эшитгач, дик этиб турди ва ҳаяжондан нафаси   тиқилиб, жойида қотиб қолди. Унинг чиройли, оппоқ  юзларига мўйқалам билан суртиб қўйилгандек, қизиллик югурди. Тугунчани ушлаган қўллар зўриқди.
Аёл кулбанинг эшигини очганда Хэй унга орқа    қилиб турган ва эскириб кетган палтосини ечаётганди. Аёл эшикни ёпиб, секингина “Бу мен”, деди. Хэй ярим ечилган палтосини ерга судраганча ўгирилиб қаради. Аёл тугунчани икки қўллаб кўкрагига босди, гўё шу билан ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлгандек. Таъзим қилди. Хэй унга тешиб  юборгудек қаради. Аёлнинг ҳозиргина чиройли ва жозибали кўринган чеҳраси бирданига хиралашиб, сўлғин бўлиб қолди.
Хэй индамай тескари қаради, палтосини, унниқиб кетган қалпоғини ечиб, хонанинг нариги ярмига тўшалган тахта кат устига ташлади. Аёл хонанинг қуруқ ердан иборат “даҳлизи”ни кўздан кечириб чиқди: стол, унинг остида   ювинадиган тоғора, ишқор кукуни солинган тунука қути, катта шиша идишлар, иккита челак; рўпарада, девор остида – пастак жавон, унинг юқори токчасига идишлар тартиб билан терилган, бир қутича писка, совун идиш, пастки токчада – мандарин солинадиган учта қути ва алюмин кастрилка.
Аёл тугунчасини кат четига қўйиб, ичидан боғичини олди ва кимоносининг кент енгларини танғиди. Кейин бўш челакни кўтариб, ташқари чиқди. Шу кундан бошлаб Хэйнинг кулбасида яшайверди.
Хэй аёл билан гаплашмади, ҳатто бетига қарамади. Назар-писанд қилмагани эмас, бу. Шунчаки, аёлнинг кулбага келиши ва бу ерда яшаб юриши унинг учун мутлақо бўлмаган гап эди. Аёл сув ташиди, овқат пиширди, супирди, кир ювди, озиқ-овқат олиб келиш учун юрди. Хэй аёл пиширган овқатларни еб юраверди, ювиб тозалаган кийимларни кийди, солиб берган ўринга ётиб ухлади. Буларнинг барини бошқа ҳамма ишлари сингари онгсиз харакатлар билан қиларди. Овқат тановул қилаётганда ҳам “мен еяпман” деб ўйламас, шунчаки, зарурий ҳаракатларни бажарарди: чўплар билан овқатни илаштиради, оғзига юборади, чайнайди ва ютади.
Аёл келгани билан Хэй ўрганиб қолган кун тартиби тариқча ҳар ўзгармади. У, илгаригидек, латтафурушлардан эски-тускиларни олиб келади,  қайнатади, қуритади, тасмалар қирқади, поёндозлар тўқийди. Агар аёл унга ёрдам беришни хоҳлаб қолса, индамай рухсат беради. Хэй дастгоҳига ҳеч кимни йўлатмайди, деган миш-мишлар чиппакка чиқди. Ахир, поёндозларнинг бозори чаққонлиги шу дастгоҳ билан боғлиқ-да. Аёл дастгоҳда ишлагиси келганда хотиржамгина жойини бўшатиб берадида, ўзи бошқа ишларга уннаб кетади.
Бир нечта поёндоз тайёр бўлгач, Хэй бозорга олиб боради. Аёл ёлғиз қолиб, кулбани тартибга келтиради, ташқарини супиради, сопол бўлакларини, шиша идиш синиқларини, қоғоз парчаларини ва яна минг хил чиқиндиларни нарига суриб ташлайди.
Кечки овқатдан кейин Хэй бироз дам олади-да, соат ўнларгача яна поёндоз тўқийди. Заруратдан эмас, шунчаки, вақтни ўтказиш учун. Шамнинг хира ёруғидан кўзлари чарчаб, ёшлана бошлагач, дастгоҳни йиғиштириб ухлашга ётади. Аёл унинг ёнига аста чўзилади-да, юпқа адёл билан устини ёпади. Шамни ўчирганда, агар осмонда Ой бўлмаса, хонани зимистон қоплайди. Хэй уйқусида у ёғидан бу ёғига ағанайди, бироқ ҳеч қачон хуррак отмайди.
Аёл секингина пиқиллаб йиғлайди. Унинг фиғони далада шамол эсишига ўхшайди, гоҳо тебранган ўтларнинг шитирлашига монанд билинар-билинмас шивирлаб қўяди:
— Дўкондаги ишлар яхши кетяпти. Куёвим, барака топсин, тиним билмай ишлайди. Яхши одам! Мени ҳурмат қилади. Сен тўғрингда гап очилгудек бўлса, меҳмонга чақираман, дейди, нуқул…
Яна бир пиқиллаб, давом этади:
— Мен нима қилай, айт… Ота-онамнинг ёлғиз меросхўри, эркатойи эдим, нима иш қилсам, ихтиёрим эди. Гоҳо ножўя иш қилиб қўярдим, лекин яхши эмаслигини тушунмасдим… Ўша одам … ҳечам ёқтирмаганман… “ўлиб турганим” йўқ эди… бола ундан экан. Ўзим билмай қолдим… Ҳеч бўлмаса, шу гапимга   ишонгин.
Хэй қимир этмай ётаверади.
— Нима қилай, энди? Сен кетиб қолганингга ҳам ўн беш йил бўлибди. Тушунаман, сенга оғир бўлди, ахир, менга ҳам осон эмас, қийналдим.
Раҳматлик онам, гуноҳинг оғир, сени кечирмайди, дерди. Вафот этгандан кейин, ўзимни ўзим  айблайвериб, ўзимдан нафратланиб кетдим.
Бу гаплар неча марта қайталанган бўлса, ҳар гал бир хилда, бир тартибда, ёдлаб олинган монолог сингари айтиларди: “оғир”, “қийин”, “чидаб бўлмайди”, “ўзимдан ўзим нафратланаман”. Такрорланавериб, уларнинг маъноси учиб кетган, фақат, ҳеч нарсани билдирмайдиган сўзларнинг  шитирлаши қолган, холос.
— Жазо муддатини ўтаб бўлгандан кейин ҳатто қотилдан гуноҳ олиб ташланади, — шивирлайди аёл. – Сен нега мени кечиришни истамайсан? Айтсанг кифоя, ҳамма гапингга кираман.
Аёл нималар демасин, Хэй сукут сақлайди. У ҳеч нимани эшитмайди. Йўлда ётган тош нимаю у нима! Шамол тошни пуфлаб ўтади, тош эса, шамолга жавоб бермайди.
Аёл кулбада ўн икки кун яшади, ўн учинчи кун кетишга қарор қилди. Хэй навбатдаги поёндозларни сотиб келса, аёл тахта катнинг чеккасида, тугунчасини тиззасига босганча ўтирибди.
Қиш оқшоми  қуюқлашди.  Хэй одатдагидек палтосини, қалпоғини ечиб, аёлнинг ёнидан ўтиб, тахта кат устига чиқди. Аёл мунғайиб ерга қаради. Унинг юзи сўлғин, қони қочган, тиззалари устига қўйган қўллари анча бурушган. Ортидан Хэйнинг қадам товуши эшитилди. Балки, аёл Хэй бир нима деб қолармикин, деб умид қилгандур. Ниҳоят, аёл ўрнидан турди, сочларини қўли билан силади ва унсизгина хўрсинди.
— Демак, ҳеч нарса ўзгармайдими? – деб сўради у аранг эшитиладиган овоз билан. – Кечиришни истамаяпсанми?
Хэй катдан ерга тушди, токчадаги алюмин кастрилкани очди, у бўм-бўш экан, демак овқат пиширилмаган.

* * *

Кастрилка бўш ётганини кўриб, Хэй гуруч ва арпа олиш учун қутига қўл солди. Аёл бугун овқат пиширмагани учун ҳеч ажабланмади. Одатий ҳаракатлар билан гуручни, арпани ўлчаб солди, кастрилкасини кўтариб, кулбадан чиқди.
Аёл тиззасига қўйган тугунчасини қўлига олиб ўрнидан ҳорғин турди ва ҳеч нарсани илғамаётган кўзларини кулба ичида паришон айлантирди. Кейин қўрқа-писа ташқарига чиқиб, эшикни ёпди.
Осмондаги булутларни уфқ ортига ботиб кетган Қуёш сал-пал ёритади ва шундан, ерни қоплаган зулмат янаям қоронғироқ туюлади. Аёл кулбани айланиб ўтди, дарча олдидаги қуриган дарахт ёнида тўхтаб, уни қўли билан пайпаслади.
— Ҳа, ҳа, бу – зайтун бўлса керак, — деб шивирлади. “Дарахт қуриган бўлса-да, зайтунлигича қолган”, демоқчи эмас. Йўқ. Аёлнинг овози “Бу дарахт умуман дарахтлигини йўқотган” дейишга ҳам боролмайдиган даражада умидсиз эди. У яна ҳам мункайиб нари кетди.
Хэй кастрилкасини печга қўйиб, олов ёқди. Оппоқ тутун ингичка тасма бўлиб, тепага ўрлади ва оловнинг қип-қизил тили идишнинг остини ялай бошлади. Шўълада Хэйнинг кўлагаси ажралиб кўринди. Унинг бепарво юзи қотиб қолган, қорачиқлари кенгайган, ҳеч нимани кўрмаётган кўзлари қоронғилик томон нигоҳ солган.
Шамол кучайиб, печкадан тутун чиқди, Хэй йўтала-йўтала оловга ўтин ташлади.

Изоҳлар:
Хабати – хонани иситадиган кўчма манқал.
Мисо —  соя донларидан эзиб тайёрланган ачитқи зиравор.

Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1999 йил, 2-сон.