Светлана Василенко. Тиканли симлар ортидаги шаҳар (ҳикоя)

Мен туғилиб ўсган шаҳарчага болалик даврим ҳақида ҳужжатли филмни суратга олиш учун ҳарбий “газик”да киночилар гуруҳи билан кетмоқдамиз. Ўнг томонимизда — ҳарбий шинел рангидаги уфққа қадар чўзилиб кетган тап-тақир чўл, чапимизда эса Оқтепа — Ахтуба дарёсининг шошқин ўзани. Оқтепа эса, ўз навбатида, тўлиб-тошиб оқадиган улуғвор, барча Рус дарёларининг маликаси бўлмиш Волганинг бир тармоғидир. Яъни, у Волганинг қариндоши, балки синглиси, балки қизидир, фақат Оқтепанинг феъли мутлақо Волгага ўхшамайди. Оқтепа тез оқади, ўзбошимча, шўх-шаддод, чўл эмас, тоғ дарёсидек бесабр. Гўё ана шу бебошлиги туфайли подшо саройидан қочиб кетгану, энди ўзича ёввойи ҳаёт кечирмоқда. Аммо у ҳам Волга билан ёнма-ён оқиб бориб, охир-оқибат Каспий денгизига қуйилади.
— Оқтепа… — ўйчан такрорлади режиссёр, гўё унинг таъмини тотиб кўраётгандай тамшанаркан. — Номи ғалати экан, а? Русча эмас шекилли?
— Русча эмас, — дея таъкидлайман мен ва ҳикоя қиламан. — Бир вақтлар, Ботухон бошчилигидаги мўғуллар бутун Осиёни эгаллаб бўлгандан сўнг айнан мана шу ерда, Оқтепа қирғоқларида тўхтаган. Ботухон кичкинагина дарёнинг бу қадар ўйноқи, бебошлигидан завқланиб кетган, балки бунда ўзини, ўз феълини ҳис этгандир. Теварак-атрофнинг гўзаллиги ҳам уни мафтун этган ва айнан мана шу ерда, Оқтепа қирғоқлари бўйида мўғул давлатининг Ғарбий улусини ташкил этиб, унга Олтин Ўрда деб ном берган ва унинг маркази — Сарой шаҳрини қурдирган. Айнан мана шу ер, Олтин Ўрдадан туриб, мўғуллар Рус ерларига ҳужумлар уюштиришган, йўлларида дуч келган нарсанинг ҳаммасини ёққан, қирган, шаҳарлар ва қишлоқларнинг кулини кўкка совурган. Ана шу ердан туриб, мўғуллар Русни бўйсундиришган, Русни давлат сифатида йўқ қилишган. Айнан мана шу ерга, Олтин Ўрда марказига — Саройга, Рус князликларининг ишонган аёнлари амал дардида бош уриб келишган. Рус ерларининг вилоятларига хокимлар мана шу ерда тайинланган.
Мен, албатта, гапим ишонарли чиқиши учун унча-мунча қўшиб-чатиб, ёлғон аралаштириб гапиряпман. Ботухон ўз Олтин Ўрдаси Саройини бу ердан анча жанубда, Волганинг этакларида қурдирган. Кўп йиллардан сўнг эса бошқа бир хон Марказни бу ерга кўчириб келган экан. Гапинг ишонарли чиқиши учун ёлғон тўқишнинг айби йўқ ахир.
— Бир гал рус князи хоннинг Туба исмли қизини севиб қопти. Туба ҳам ўз навбатида йигитга кўнгил қўйипти. Кейин княз кетаётиб, бир йилдан кейин қайтиб келаман-да, сенга уйланаман, деб ваъда берипти. — Киночилар гуруҳига маҳаллий афсонани айтиб бердим. Қизнинг отаси бу гапдан хабар топиб қолиб, қизини қари, хунук қрим хонига беришга…
— Мункиллаган! — гап қўшди тасвирчи Ира (Гап келганда айтиб қўяй, Ира Россиянинг энг яхши тасвирчиларидан бири.)
— … қарор қилипти, — давом этдим мен.
— Унинг ўзи-чи, Туба? — қизиқиб қолди “газик” ҳайдовчиси, ёшгина аскар. — Тегиб кетавериптими?
— Машинангни анави тош ёнида тўхтат, — дея илтимос қилдим ундан.
Машина кулранг, беўхшов бир ёдгорлик ёнида тўхтади. Ёдгорликнинг бетон деворида ҳарфлар изи. . Ҳойнаҳой, мис ҳарфларни маҳаллий “алюминчилар” ёки алкашлар қириб олиб, юз грамм ароққа алмаштириб юборишган кўринади. Режиссёр ёзувни ўқишга уринди. Уддалай олмади-да, менга ўгирилди.
— Бу ерда нима ёзилган?
— Бу ерда Олтин Ўрда маркази Сарой шаҳри бўлган.
— Шу ердами?! — Режиссёр анг-танг ҳолатда теварак-атрофни кузатди. — Шу саҳрода-я?! Қатор-қатор саройлари, бозорлари, фонтанлари бўлган улкан шаҳар, бутун дунёнинг тенг ярми тақдирини ҳал қилган давлат маркази мана шу саҳрода қурилганми?
Қайтиб машинага ўтирдик. Мен режиссёрга болалик давримизда дўстлар билан кўплашиб келиб, саҳрода ер қазиганимизни айтиб бердим. Олтин тулпорни излаганмиз.
— Яна қанақа тулпор? — салкам аччиқланиб сўради режиссёр. Гўё ҳозирданоқ орамизда ижодий рахна бошланаётганга ўхшарди, сабаби ҳали ўзимизга-да аён эмасди. Биргаликдаги ижод даврида бу дарз кетиш албатта қаэрдадир сезилиб қолиши аниқ эди.
— Олтин тулпор деяпман-ку, — дея тўнғилладим мен ҳам унга жавобан. — Ботухон ўлаётиб, ўзида бор тиллаларнинг ҳаммасини қуйдириб, олтин тулпор ясатибди-да, саҳрога, яширин бир жойга кўмдирибди. Ўшандан бери ҳамма ўша жойни излайди. Олтин тулпор эса ҳар йили бир марта, энг ойдин тунда мана шу саҳро бўйлаб югуради. Кўплар унинг туёқлари дупурини эшитишган. Ана шунақа афсона бор.
— Афсона устига афсона, — дея режиссёр пичинг қилди. — Ҳеч нарса қолмади. Фақат афсоналар.
— Биз, маҳаллий аҳоли учун булар афсона эмас, — дедим мен секин.
— Нима бўлмаса?
— Аниқроқ айтадиган бўлсам… бу ҳаётий ҳақиқат. Биз ана шу ҳақиқатлар билан туғилганмиз, ана шу ҳақиқатлар билан яшаяпмиз.
— Ҳар қалай, энди ҳеч ким олтин тулпор илинжида саҳрони қазиб ётмаётгандир? — минғирлади режиссёр. — Энди эртакларга ҳеч ким ишонмай қўйган-ку.
— Сени ўзинг ҳаётдан фақат афсоналар қолади, дединг-ку, — дея унинг фикрига қўшилмадим мен.
— Биз филмимиз учун сенинг афсоналарингни суратга олмаймиз-ку ахир! — деди режиссёр, норози оҳангда. — Биз ҳаёт ҳақидаги филмни суратга олишимиз керак. Ҳужжатли филм. Тушундингми?
Бир-биримиздан норози бўлиб, машинага ўтирдик. Бетлари қизарган аскар бола машинани ўт олдираётиб, болаларча нигоҳини менга тикди.
— …Кейин нима бўлган? Хон қизи Тубани айтаяпман? Сиз охиригача айтмадингиз.
— Ўша куёвидан, қрим хонидан тўй маҳали қочиб кетган. Дарёга қочиб бориб, ўзини ўзи ғарқ қилган.
— Ўў-ў! — Аскар бола ҳайратга тушди.
— Воқеани эшитган хон, қизнинг отаси дод-вой солибди. Ах, Туба, Туба, нима қилиб қўйдинг, деб йиғлапти. Шундан бу дарёнинг номи Ахтуба — Оқтепа бўлиб қолган экан.
— Кейин-чи? Кейин нима бўпти? — аскар бола воқеага тобора қизиқиб борарди.
— Кейин қиз сув парисига айланипти…
— Вой худойим! Мен жинни бўлиб қоламан, — режиссёр йиғламсиради. — Ҳайда машинангни.
Машина ўрнидан қўзғалди.
Саройдан мен туғилиб ўсган шаҳаргача эллик километр.

Бу ҳарбий шаҳар кўп йиллар давомида тиканли симлар билан ўраб олинган эди. Унга кириш ва чиқиш фақат махсус назорат-тафтиш пунктлари орқали махсус рухсатномалар билан амалга ошириларди. Бу шаҳар ҳақида айтиш ва ёзиш мумкин эмас. Бу шаҳар узоқ йиллар давомида дунё харитасида ҳам кўрсатилмаган. Ҳозир ҳам йўқ. Шаҳарнинг номи ҳам ҳарбий сир эди. Кассадан билет олаётиб: “фалон шаҳаргача” дейилмасди. Душман эшитиб қолиши мумкин эди-да. (Гапингни панада писиб эшитаётган душман айғоқчиси сурати — плакатлар шаҳарнинг ҳамма жойига илиб, ёпиштириб ташланганди. “Менга саксон бешинчи разъездга қадар билет беринг”, дейиш керак бўларди. Шаҳарнинг номи кўп эди. Бу, душманни алдаш, унинг айғоқчисини чалғитиш ниятида ўйлаб топилган бўлса ажаб эмас. Уни Байроқдор, Ўнинчи Майдон, ёки оддийгина Ўнинчи деб ҳам аташрди. Юқорида айтилган саксон бешинчи разъезд, Шаҳарча ва ҳатто Москва-400… Ҳозир ҳам мазкур номларни санаётиб, беихтиёр болаларча ишонувчанлик билан “тағин ҳарбий сирни ошкор этмаётганмиканман”, деган ваҳима ичимга ўрмалади). Аммо шаҳар аҳолиси ўз шаҳрини қадимги Аштархон яқинидаги қишлоқ Капустин Яр номи билан аташарди. Ёки қисқагина Кап-яр.
Эллигинчи йилларнинг ўрталарида шу ерда туғилишни Худо менга раво кўрган экан.
Жудаям қадим замонларда бу ерда Каспий денгизи бўлган. Денгиз чекиниб, икки юз қадам пастга тушиб кетган. Бизнинг шаҳар денгизнинг ана шу қуриб қолган тубида жойлашган. Тепасида булутларсиз кўм-кўк осмон ястаниб ётарди. Биз гўё қопқоғи беркилган банка ичида яшардик. Тунлари Янги йил арчасидаги ўйинчоқлардай, юлдузлар шаҳарга қулаб кетадиган даражада осилиб турарди гўё. Айнан ана шу хислати, салкам йил давомида бу ерда ҳаво очиқ бўлишини инобатга олиб, бу ерда ҳарбий машқлар ўтайдиган жой — полигон қуришган.
Мен туғилган жой — ракета-ядро полигони бўлиб, айнан шу ерда ракета ва ядровий қуролларнинг энг янгиларини синовдан ўтказишарди. Капустин Ярда эса мана шу полигон хизматчилари, ҳарбийлари, уларнинг оилалари истиқомат қиларди. Полигонга 1946 йили асос солинган.. Улуғ Ватан урушидаги ғалабамиздан кейиноқ, Германиядан олиб чиқилган ФАУ-1, ФАУ-2 ракеталарини шу ерга олиб келиб, улар асосида ўзимизникилар ўзимизникини ясашган. Бахтимизга Рейх олимлари бу қурилмаларни охирига етказишга улгуришмаган, Гитлер ундан фойдалана олмаган. Айтмоқчи, худди шу даврда дунёнинг бошқа бир бурчагида — Америкада, ана шу ракеталарнинг бошқа бўлаклари асосида биринчи америка ракеталари яратилган. Аждарнинг ерга экилган тишлари мисол, гитлер ракеталари дунёнинг барча бурчакларида иккинчи ҳаётини бошлаган. Ва икки улкан давлат Америка ва СССРнинг қарама-қаршилиги вужудга келган. “Совуқ уруш” бошланган.
Мана шунақа шаҳарда биз ҳужжатли филмни суратга олишимиз керак эди
Назоратчилар ҳужжатларимизни, рухсатномалари¬мизни ва Ҳарбий Мудофаа вазирлиги, Генштабдан олган бошқа йўл-йўлакай қоғозларимизни текширувдан ўтказгандан сўнг ҳам бизни ичкарига киритишмади. Бизни ўтказмаган аскарларга, зобитларга дўқ урдик, биз юқоридан махсус рухсатнома билан келганмиз, кўзларингга кўрсатиб қўйишимиз мумкин дея ваҳима қилдик, у-бу ерларга сим қоқдик, аммо уларга ҳеч нарса таъсир қилмасди. Қўриқчилар бизнинг аҳволимизга мутлақо парво қилмай, безрайиб туришарди. Ғалати эди бу. Қайта қуриш даврида махфийлик пардаларига дарз кетган бўлса… Шаҳарда аллақачонлароқ полигонга мутлақо алоқаси йўқ одамлар ҳам яшай бошлаганди. Аммо шаҳарда яшаш бошқаю, шаҳар ҳақида филмни суратга олиш — мутлақо бошқа нарса экан-да. Гўё Шаҳар бизга ишонқирамаётганди. Шаҳарнинг барча ҳимоя воситалари бизга қарши иш бошлаганди. Биз нотаниш, бегона, балки душман кишилар эдик. Нима қилмоқчилигимиз номаълум эди. Шу сабабли Шаҳар типратикон мисоли тиконларини ҳурпайтириб олганди. Унга қўл тегизишимизни истамасди. Очилишни истамасди. Ичкарига киритмасди. Режиссёр бошини тошларга урадиган даражага етди.
Ана шунда мен масалани ҳал қилдим. Ҳушёр қўриқчилар кўз ўнгида мен ўт-ўланлар, смородиналар ўсиб ётган тарафга, гўё шунчаки, балки енгил ҳожат чиқарадиган жой излаб юра бошладим. Қўриқчилар — ёш-ёш аскарлар — мени ўнғайсиз аҳволга солмаслик учун оқилона юз ўгирдилар. Мен енгил юриб, назорат доирасидан чиқдим-да, салгина билиниб турган, аммо болалигимдан менга таниш ёлғизоёқ йўлак бўйлаб юрдим ва бетон деворлар орасидаги одам ўтадиган тешикка етиб бордим. Тиконли симлар ўрнини энди ана шу бетон деворлар эгаллаган эди. Тешик орқали шаҳарга рухсатномасиз кираверса бўларди. Ҳамма шунақа қиларди: “Кетдик, тешикдан кирамиз”. Мен енгилгина ичкарига кирдим. Мен ахир шу шаҳар фуқаросиман, бу тешиклардан юз марталаб ўтганман. Мен Совет Армияси кўчасидан чиқдим. Кўчада қатор бир қаватли фин уйлари жойлашган. Мана бу уйда биз онам билан яшаганмиз, онам шу уйда мени кутяпти. Москвадан, боряпман деб, телефон қилганман Аммо мен уйга бурилмай, тўппа-тўғри гарнизон штабига кириб бордим.
Киногуруҳ аъзоларини ноқулай аҳволдан олиб чиқиш керак.
Штабда бизни генерал билан таништиришди.
— Ўйлайманки, сиз шаҳримиз шаъни ва ҳамшаҳар қизимиз номига мос келадиган, арзирли филмни суратга оласиз, — деди генерал майин ва босиқ овозда режиссёрга.
Кейин бизни бир полковникка рўбарў қилишди. Бу ўзимизнинг қишлоқ боласи Юра Данилов эди. Болаликда икковлон муз қирлардан бирга тойиб тушардик. Биз филм олиш учун болаларни танлашимиз кераклигини тушунтирдик. Битта ўғил бола ва иккита қиз бола. Қизларнинг бири менинг болалигимга ўхшаши керак. Қолган иккови эса менинг дўстларим ролини ўйнайди. Бадиийлаштирилган ҳужжатли филм бўлади. 1962 йил. Мавзу — Кариб кризиси. Шаҳарда ва қишлоқда суратга оламиз. Бизга: қайси жойларни суратга олиш мумкин, қайси жойлар мумкин эмас, қайси жойлар учун фақат ёзма рухсатнома кераклигини тушунтиришди. Махфий иш жойлари, масалан, ҳозир биз ўтирган штабни суратга олиш — мутлақо маън этилади.
— Ракеталар учирилишини олиш мумкинми? — сўради режиссёр.
— Рухсатномангиз борми?
— Йўқ.
— Демак, рухсат йўқ.
Мен аччиқланиб режиссёрга ўқрайдим. Ракеталар учирилишини “тириклай” суратга олиш масаласи — режиссёрнинг бўйнидаги гуноҳ. У Мудофаа вазирлигидан махсус рухсатнома (махфийлик тамғаси) олишни истамади, чунки шундай қилса, бир неча йил мамлакатдан чиқиш имкониятидан маҳрум бўларди. Бу эси паст чет элга, Канн кинофестивалига ошиқиб турарди.
— Лекин бизда киноархив бор. У ерда ракета учирилиши ҳақида ленталар кўп, — дея бизга таскин берди полковник.
Суратга олиш даври учун бизга текинга ҳарбий автобусни битта маёр билан биргаликда топширишди. Маёр ташкилий ишларни бажириши, бизга ёрдам бериши, шунингдек, ҳушёр кўзларини биздан узмаслиги лозим эди. Маёрнинг юзи бояги қўриқчиларники мисол безрайган, безбет эди. Хайрлашаётиб, филм учун болаларни ўзимиз топишимизни маълум қилдик.
— Қалайсан ўзи? — сўради мендан полковник, расмий савол-жавоблардан сўнг.
— Яхшиман. Кўриб турганингдай, филм олаяпман, романлар ёзаяпман…
— Ўқидим, ҳаётий ёзаяпсан.
— Ўзинг-чи?
— Мен ҳам доимгидай, — жавоб берди Юра. — Кўриб турганингдай, полковникман. Ярим йилдан сўнг — пенсияга чиқаман… — у ногоҳ менга қийшиқ қараб, кўз қисиб, кулимсиради. Мен ҳам кулимсирадим. Мен уни ана шу ҳолатда хотирамда сақлаб қолган эдим. Болаликда муз қирларда биргаликда сирпанчиқ ўйнаганимизда у мени қучоқлаб олиб, лабларимдан ўпарди. Мен ҳикояларимдан бирида бу ҳолатни тасвирлаганман: “Унинг сўлаклари худди меники каби тоза эди”. Қирдан пастгача бирга қучоқлашиб сирпаниб боргач, биз ўрнимиздан турардик-да, бир-биримизга қарамай, худди маст одамлар каби тебраниб, яна тепага, қирга — бошқатдан ҳаммасини такрорлашга — шошардик.
Бу воқеани фақат иккимиз биламиз.

— Лёша, қара, мана бу М ҳарфи. Бу эса А. Ёз: МА-МА… — Амакисининг қизи Инна Лёшага ўқиш-ёзишни ўргатарди. Лёша ўн бешга кириб қўйган бўлса-да, туриши болакайни эслатарди. Сочлари калта қирқилган, эгнида бировнинг кир кўйлаги, нуқул бурнини ковлаб, кейин бармоқларини сўради. Иннага нима кераклигини у тушунмайди. У зерикарди. У бошқа бир нарса билан машғул бўлишни истарди. У стол устидаги юмронқозиқ қамалган симтўрга қўл тиқиб, хо-холади.
— Мен сенга ёз деяпман! — қичқирди чиройли кийиниб олган чиройли қўшни қизалоқ Катя. — Аҳмоқсан!
— Ўзий аҳм… — хафа бўлди Лёша. У гапларини тўғри ва охиригача талаффуз этолмасди. Ўн беш кириб ҳалигача ўқиш ва ёзишни билмасди. У етим, онаси бир неча йил бурун вафот этган. Эртаю-кеч ичиб, сасиб ётадиган отаси билан яшарди. У ақлан заиф. Халқ орасида бунақаларни эркалаб “жиннивой” деб аташади..
Лёша, Катя, Инна филмни суратга олиш учун биз танлаган болалар. Учовиям мен илгари онам билан яшаган кўча болалари. Иннанинг келбати қандайдир менинг қизалоқлик давримга ўхшаб кетарди. Уни бош ролга тасдиқладик.
— Зўр саҳна! — дедим режиссёрга. — Хоҳла, ҳозир суратга ол.
Режиссёр бошини кўтариб менга, кейин бизнинг соямизга айланган маёрга қаради. Маёр дераза олдида ўтирганча лоқайд кўзларини ташқарига тикиб ўтирарди. Гўё унинг биз билан мутлақо иши йўқдек.
— Юр-чи ташқарига, — менга ўгирилди режиссёр. Ташқарига чиққандан сўнг норозилигини яшириб ўтирмади. — Филмимиз йўққа чиқаётганини тушуняпсанми, йўқми?
— Сабаб?
— Мана бу маёр биз камерани ишга туширишимиз билан ҳаммасини тушуниб етади.
— Ишончинг комилми?
Режиссёр афсус билан бош чайқади. Биз жимгина бир-биримизга тикилиб қолдик.
Гап шундаки, биз романлар ёзиб, ўз шаҳрини машҳур қилган адиба қизнинг болалиги тўғрисидаги филмни суратга олишни ҳеч қачон хаёлимизга келтирмаганмиз. Бу биз ўйлаб топган аҳмоқона ниқоб бўлиб, ҳарбий шаҳарчада суратлар олиш учун баҳона эди холос. Аввал бошда биз нуқул бурнини ковлаб, бармоғини сўрадиган, биронта ҳарфни танимайдиган, зўрға чала гапирадиган, ақлан заиф бола ҳақида филм қилмоқчи бўлдик. Мана шу кўзлари кўм-кўк, Худо билан гаплашадиган замонавий руҳоний хақида! Тентак ҳақида! Ахир мана бу махфий, жиддий ҳарбий шаҳар, демак, бутун дунё шундайлар ҳисобига тик турибди. Аммо Шаҳар бизга бунақа филм олиш учун рухсат берармикан? Тентак кўзлар назари билан Шаҳарга қарашга рухсат берармикан?
Биз гўё айёрлик билан шаҳарга кирган, энди очиқкўнгил шаҳарликларни шарманда қилишга уринаётган душман айғоқчиларига ўхшардик.
— Йўли топилди, — дедим мен. — Иккита филм оламиз, мен ҳақимда ва у ҳақда. Камера суратга олишни мендан бошлайди, кейин унга ўгирилади. Шу йўл билан маёрни чалғитамиз.
— Қийин иш бу, — деди ишонқирамай режиссёр.
— Ҳечқиси йўқ, уддалаймиз. Энг асосийси, плёнканг етса бўлди.
— Стсенарийни қайтадан кўриб чиқишингга тўғри келади. — Режиссёр умид билан менга тикилди.
Мен бош силкиб, далдали, аммо бир қадар совуқ кулимсирадим. Чунки мен ўзимни икки томонлама сотқин ҳисоблардим. Мен фақат ўз шаҳримнигина алдаб қолмай, уни, режиссёрни ҳам алдаётгандим. Чунки мен биламанки, худди Китеж шаҳридек кўзга кўринмас учинчи филмни ҳам суратга оламиз. Бу ҳақда режиссёр ҳеч нарса билмайди.
Шаҳар ҳохлардики, у ҳақда яхшигина ҳужжатли филм олинса, филмда Шаҳарнинг кўзга кўринарли жойлари, ғалабалари кўрсатилса, камчиликлари ҳам бир қадар айтилса. Хуллас, чидаса бўладиган ҳақиқатга яқин филм олинса.
Режиссёрга эса инсон ҳақида бадиий ҳақиқат керак эди.
Менга эса ҳаётимиз, турмуш тарзимиз ҳақда афсона керак. Чунки замонлардан фақат афсоналар қолади.
Мен режиссёр билмайдиган битта ҳарбий сирни биламан. Режиссёр учун бу ер шунчаки: баланд-баланд тераклари саф тортган марказий кўчаси, Ленин ҳайкали, штаби, Зобитлар уйи, дўкони, ресторани, ҳаммоми, бозори мавжуд бўлган кўплаб шунақа ҳарбий шаҳарчаларнинг бири эди. Мен учун эса одатий уйқусираган одам ниқобидаги бу шаҳар беқиёс Ларзалар Шаҳри эди. Айнан шу ерда, 1962 йили, Кариб кризиси даврида, СССР ва Американинг ўзаро ядровий уруши бошланиши хавфи арафасида, дунё соч толасидай омонат бўлиб қолган даврда, мен, олти ёшли қизалоқ, Охирзамон қандай бошланишига гувоҳ бўлганман…
Ўша кеч, 1962 йил 28 октябр куни сирена бутун шаҳарга аянчли ва ваҳимали қичқирганда биз, болалар боғчасининг суткабай тарбияланувчилари, ошхонада кечки овқатни танаввул қилиб ўтирардик. Сиреналарга ўрганиб қолгандик. Охирги ой давомида тунлари бир неча марталаб ўқув сиреналари вой-войлар эди. Аммо бугунги вой-войлаш бутунлай бошқача, бутунлай ваҳимали эди. У тўхтамай, охирзамондан дарак бераётгандай йиғи қиларди.
— Уруш! — йиғламсираб қичқирди бизни овқатлантираётган энагамиз. — Уруш бошланди!
У қандай бошланганини биларди: айнан мана шунақа, ҳаво ҳужумлари бошланиши олдидан сиреналарнинг йиғламсираб вой-войлаши… У яна билардики, Америка СССРга ултиматум қўйган, муддат бугун тугаяпти. Агар СССР Куба оролидан ўз ракеталарини йиғиштириб олиб чиқиб кетмаса, Америка ядро ҳужумини бошлайди. Америка ракеталари биринчи навбатда СССРнинг ракета-ядро қуроллари базаларини нишонга олади. Демак, биринчи навбатда бизнинг полигон, бизнинг Шаҳар, бизнинг шаҳар одамлари, оталаримиз, оналаримиз, бизлар нишонда турибмиз. Ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетди. Бизларга тезлик билан кузги палтоларимизни кийгизиб, кўчага чиқардилар-да, иккитадан сафга турғиздилар. Мен Наташа Березкина деган дугонам, — бир кўчада яшайдиган қўшним, оқила, бўйдор қиз — билан олдинма-орқа бир сафда турардим. Уни жуда яхши кўрар, ҳатто бошқаларга рашк қилардим. Биз бир хил, яшил палтоларда эдик. Чунки биз опа-сингиллардай эдик, фақат мен кичкина, қорачагина, у эса бўйдор, оппоққина. Биз бир хил кўйлак киярдик, бизларга бир хил қўғирчоқлар совға қилишарди, сочимизга бир хил лента тақардик. Ва мана шунақа фурсатда бирга турганимиз менга анча таскин берарди. Биз бирга бўлсак бизга бир нима бўлиши мумкин эмасди. Биз — аввал ўқув тревогасида ўрганганимиздек, — чопқиллаб Ғалаба кўчасига, 232-мактабга етиб бордик. Биз учун бу шунчаки бир ўйин эди. Онамнинг айтишича, уруш бошланганда бизлардай қизалоқ бўлган экан, уруш ҳақидаги хабарни шунчаки бир ўйин сифатида қабул қилган, худди олти ёшли Светлана Василенко каби. Хурсанд, қийқириб, қишлоқни бошларига кўтариб югуришган. Қоронғи тушди, лекин қўл чироқларини ёқишмади. Биз томон одамлар югуриб келишарди, асосан аскарлар, зобитлар, ҳарбийлар. Улар автобусларга, юк машиналарига ўтиришганча, жўнаб кетишарди. Ленин ҳайкали қад ростлаган майдонда фуқаролар — шаҳримизда ҳарбийларга алоқаси бўлмаган эркакларни, ёш болаларни, қарияларни шундай аташарди, — ўзларини у ёқдан-бу ёққа уришарди. Мегафон тутган одам томоғи хириллар даражада одамларни осойишта, тартибли равишда сабрли бўлишга чақирар, ҳозир автобус келиб, ҳаммани бехатар жойга элтишини тушунтирарди. Бу тунда Ер юзида бехатар жой бормиди ўзи?!
Биз икки кишилашиб қўл ушлашганча, кўчалар бўйлаб югурдик. Зобитлар уйи ёнидан югуриб ўтдик. Бу ерга арча байрамига, қулаган учувчиларнинг азасига неча бор келганмиз. Кейин бизнинг Шаҳримизни қурган кичкина, кал, жуда оқкўнгил генерал Василий Иванович Вознюкнинг катта ҳовлиси ёнидан югуриб ўтдик. Унинг томорқасини ўраган деворга чиқиб, ҳовлисидаги гилосларни ўғирлаб еганмиз. “Саноатчилар”нинг кенг меҳмонхонаси ёнидан югуриб ўтдик. Бу ерда Москвадан, бошқа мудофаа заводларидан ракеталарни учишга шайлаш учун келган мутахассислар дам олишарди. “Серёжа тоға” шу ерда бизни машинасига миндириб, “катайса” қилдирган. Кейин билсак, у ракеталарнинг Бош Конструктори Королёв экан Наташалар яшайдиган ўнинчи рақамли, биз яшайдиган сакккизинчи рақамли фин уйлари ёнидан ҳам югуриб ўтдик. Отам биздан алоҳида, Черняховский номли кўчадаги тош уйда яшарди. Биз Тўпчилар маҳалласи бўйлаб югуряпмиз, манов ерда филтрлаш стантсияси бор. Онам ўша ерда сувни таҳлил қилади. Касби шунақа. Авиатсия кўчасидамиз. “Навбатчи” дўкон ёнидан ўтаяпмиз. Шу дўкондан қора ноннинг бир килосини 14 тийиндан, оқ нонни — 20 тийиндан сотиб оламиз. Оқ нонга тез-тез, нон четини қўшиб беришарди, уни уйга етгунча еб битирардик. Дўкон ёнида катта, қоп-қора, чуқур ўра қазилган, унда сув қувурини тузатишади. Биз торгина, хатарли йўлакча бўйлаб, ўрани айланиб ўтдик… Ҳар йили биз байрам намойишига чиқадиган Ленин кўчасидан ҳам ўтдик. Ҳаммом қад ростлаган 9-май шоҳкўчаси, Аскарлар истироҳат боғи… Шу ерда сув тўплагич минора бор. Пиллапоясидан тепасига чиқсанг бутун шаҳар, қишлоқ, қишлоқ ичидан ўтадиган Подстепка дарёчаси оёқларинг остида ястаниб ётган бўлади. Минорадан тарвуз тўла полиз далалари, Оқтепанинг бир чети ва узоқ-узоқларда — осмонларга туташган Волга — ҳамма-ҳаммаси кўринади. Мен югурар ва шаҳар билан хайрлашардим.
Бизни мактаб ҳовлисида саф торттиришди, ҳар биримизга егуликлар беришди ва автобусларга чиқаришди.
Биз Наташа билан бирга автобусга ўтирдик. Ва ногоҳ мактаб ҳовлисида Надкани кўрдим. У бизнинг кўчада яшарди. У аҳмоқ қиз эди. Уни ҳамма аҳмоқ-Надя деб чақирарди. Унинг юзидан ҳеч нарсани билиб бўлмасди. У ҳеч кимга керак эмасди. Кўчадаги болалар ва менинг дугонам Наташа унинг устидан кулиб юришарди. Надя эса менга жудаям боғланиб қолганди, чунки у билан фақат мен ўйнардим, фақат мен унга ачинардим. Надя мен билан бирга остонада ўтирганча, овоз чиқариб алланарсаларни мулоҳаза қилар, мен ҳайрон бўлиб, унинг юзига боқар, аммо ҳеч нарсани англай олмасдим. Тушунардимки, у аҳмоқ эмас, балки оқила, балки оқкўнгил. Фақат унинг фикрлаш доираси кичкина болалик даврида қолиб кетган, ривожланмаган. Кейин, кўп йиллар ўтиб, мен у ҳақда ўз асарларимда: ҳикояларимда, қиссаларимда, романларимда ёздим. У менинг ҳаётимдаги энг улуғ одам бўлиб қолган ва қолади.
Надка маъносиз юзини у ёқдан-бу ёққа урар, қайси автобусга чиқишни билмасди. Ҳамма уни нарироқ ҳайдарди. Мен уни чақирдим. Мени кўриб у қувониб кетди. Автобусимизга чиқаётган ҳам эди, аммо ҳушёр тарбиячимиз уни ҳайдади:
— Ўзингни қаёққа ураяпсан? Кўрмаяпсанми, жой йўқ! Тағин, сен бизнинг гуруҳдан эмассан…
Мен эшик олдида турганча қўлимни чўздим. Надка менга тармашди. Тарбиячимиз ғазабланди:
— Бизнинг рўйхатда у йўқ! Тинчимасанг сени ҳам тушириб қолдираман.
Наташа қўлимни оғритиб, туртди:
— Тез жойингга ўт, юр, шу тентак туфайли тушириб қолдиришлари ҳеч гап эмас.
Тарбиячи Надкани эшик тутган жойидан итариб юборди. У ерга йиқилиб тушди ва ажабланган кўйи менга тикилди. Мен эса жим эдим.
Кўп йиллардан сўнг ўқитувчим менга айтди: “Қандай қилиб шу даражадаги телбавор романларни ёзасан? Тушунмайман. Ахир сен ҳамиша мўмин-қобил қиз эдинг!”
Надка менга қарар, мен эса жим эдим. Чунки мен мўмин-қобил қиз эдим.
Автобусда болалар бири олиб, бири қўйиб, гап талашарди: “Биринчи ракета ҳужумидан сўнг энг аввал шаҳарда қолганлар ҳалок бўлади. Бизга иккинчи зарбадан сўнг навбат етади. Кейин бизнинг ракеталар ҳужум бошлашади ва Американи йўқ қилишади…”
Бизни чўлга келтиришди. Машиналар чироғида иккита қуриб қолган терак кўзга ташланди. Мен Наташанинг биқинига туртдим:
— Таниш жойлар-ку. Иккинчи майдонча.
Баҳорда биз Наташа билан бу ерга лола теришга келганмиз. Велосипедларда етиб келдик. Кўрдикки, чўл қип-қизил, лолаларга бурканган, телбавор маст ҳолатга етиб, шоша-пиша лолаларни узардик. Велосипедларимиз олдига қип-қизил лола ғарамларини уйдик. Кейин велосипед қошида дам олишга ўтириб, чарчаганимиз туфайли, баҳор қуёшига аллаланиб, ухлаб қолибмиз. Бутун чўл бўйлаб бизларни ўшанда вертолётда излашган. Чўлда адашган одамни вертолётда излаш жуда қийин экан, ўрмонда адашганни топишдан ҳам қийин экан . Бизни кечга томон топиб, ҳарбий автобусда Шаҳарга олиб келишди. Лолаларни биз кичкина Ленин ҳайкали оёқлари остига қўйдик. Шаҳримизда иккита Ленин бор: бири катта, майдонда, иккинчиси кичкина, одам бўйи баробар, Зобитлар уйи ёнидаги истироҳат боғида. Биз лолаларимизни ўша ерга қўйдик. Ленин гўё тиззаларига қадар қонга ботиб турарди. Жуда чиройли манзара эди.
(Узоқ йиллар қорасини кўрсатмай кетган Наташа яқинда менга сим қоқиб, мени туғилган куним билан табриклади-да, сўради: бизнинг қизил лолаларимизни эслайсанми? Ва биз завқ билан ўша саёҳатнинг икир-чикирларигача эсладик. Бошқа шаҳардан туғилган кунимга келган бошқа бир дугонам рашк билан бизнинг телефондаги ҳангомамизга қулоқ солди ва дастакни жойига қўйганимдан сўнг ичикиб кетди: “Бизнинг дўстлигимизда ҳам кўплаб яхши жиҳатлар бор! Образли қилиб айтадиган бўлсам, бизда ҳам қизил лолалар бўлган”. ” Ҳа, яхши жиҳатлар кўп, — дедим мен. — Аммо лолалар фақат Наташа билан бирга бўлган”.)
Бутун чўл болаларга тўлиб кетган эди: уларни болалар боғчаларидан, мактаблардан олиб келишган. Қоронғиликда гоҳ у ердан-гоҳ бу ердан қийқириқлар, кулгилар, ҳангомалар эшитиларди. Олов ёқиш таъқиқланди. Спутникда пойлаб ўтирган америкаликлар билиб қолиши мумкин экан. Қоронғида мен яйдоқ ерга палтомни ёздим. Наташа икковимиз маҳкам қучоқлашиб, унинг палтосини ёпиниб ётдик. Ўлсак бирга ўлишга аҳд қилиб, ҳар эҳтимолга қарши видолашдик. Надка ҳақидаги ўйлар менга тинчлик бермасди. Уни қолдириб келганимиз мени азобларди. “Тентак-ку у, — деди Наташа оқилона, — ҳатто у ўлсаям унга камроқ ичинг ачийди”. Мен Наташанинг қучоғидан чиқдим. Кейин ухлаб қолибмиз. Тунда уйғониб ваҳимага тушдим. Бир вақтлар, катта одам бўлиб етишган Лев Толстойнинг Арзамасдаги ўлим ваҳимасига. Ҳамон эсимда, ўлим ҳақида катталардек фикр юритардим, гўё руҳим улғайиб қолгандек эди. Бу ўйлардан жинни бўлиб қолишим ҳеч гап эмасди. Ҳатто сочларим тик туриб кетди. Ахир теварак-атрофим қоп-қоронғи, зим-зиё. Охир замон келди шекилли, деб ўйлардим мен. Мен киприк қоқмай, тонг отишини кутардим. Уйқуда нариги дунёга равона бўлиб кетишдан қўрқардим. Агар ўладиган бўлсам, ўлаётганимни билиб ўлишни истардим. Ўйлардимки, ҳамма ўлади, одамизот қурийди, аммо бу ўй мени ташвишга солмасди, чунки у битта менга алоқадор эмасди. Охир замон ҳар бир одамга алоҳида-алоҳида келади. Эрталаб мен Надкани изладим. Унинг бошқа бир автобусга осилиб келганига ишонишни истардим. Надка йўқ эди. Тушундимки, мутлақо ҳимоясиз, ҳеч нарсани тушунмайдиган Надка бир ўзи ўлим билан юзма-юз шаҳарда қолган. Уни мен бу ҳолатда қолдирдим, дея ўйлардим мен. Мени титроқ тутди. То қуёш чиқиб, ҳужум вақти тугагани, демак уруш бўлмаслигини эълон қилишганча титрайвердим.
Бир неча йиллардан сўнг отам айтдики, бошқа тунлар каби, ўша тунда ҳам отам майдончада эди, ва умуман олганда, бутун дунёни остин-устун қилиб юборадиган тугмачани отам босиши мумкин бўлган. Мен отамдан сўрадим: “Сиз ана шу тугмачалар ёнида ўтирганда нималар қилдингиз, нималарни ўйладингиз?” Отам ўйлаб турди-да, деди: “Преферанс ўйнадик”. Мен жудаям ғаройиб, ғайриоддий бир нарсани кутгандим, ахир отам бутун одамизотни қириб юборадиган тугмачани босиши керак бўлган одам эди-да. Кейинроқ тушуниб етдимки, ҳаммаси худди ана шундай, оддийгина бўлиши керак бўлган ва бўлади, ва бўлаверади. Чеховдаям худди шунақа: қаҳрамонлари бир-бирининг пешоналарига ўқ узиш олдидан преферанс ўйнашади.
Кариб кризисидан сўнг менинг отам, — бежирим, қувноқ, давралар гули, гўзаллар орзуси, 33 ёшида маёрлик даражасига етган ҳарбий, — ногоҳ ишдан бўшаш тўғрисида ариза бериб, онам билан мени ташлаганча, шаҳардан бир умрга кетиб қолди.
Онам ҳозирга қадар: отанг ўша тунда жинни бўлиб қолган, дейди.
Мен эса ўша тунда ҳаммамиз — бутун шаҳар аҳли жинни бўлиб қолганмиз, деб ҳисоблайман.

Биз режиссёр билан биргаликда ана шу ғалати шаҳарда қаҳрамонимиз қандай омон қолиши ҳақида филм олиш устида бош қотирамиз. У ахир камбағал оиладан, етим.
Дастлабки кўринишни Зобитлар уйи ёнидаги истироҳат боғида суратга олдик. Маёр — одамнинг дўсти, дея ҳазил қилади тасвирчи Ира. Биз ҳатто маёрнинг исмини билишга ҳам қизиқмадик. Мен чалғитувчи ҳаракатлар қиламан. Қулочларимни ёйиб, тантса майдончасини кўрсатаман-да, дадил гапираман:
— Мана шу ерда оркестр мусиқа чаларди. Шу ерда ўйин, рақс бўларди. Отам онам билан шу ерда танишишган… — ва мен қачон отамнинг белида бўлганман, қачон онамнинг қорнига ўтганман, барчасини бир бошдан ҳикоя қиламан.
Маёр қўл соатига қарайди ва телефон будкаси тарафга жўнайди.
Ана шу дақиқада режиссёр билдирмасдан Лёша-ахмоқни юзага чиқаради. У одатий тарзда боғда бўшаган бутилкаларни тера бошлайди. Буларни Лёша учун суратга олиш олдидан режиссёр яшириб чиққан. Кейин биз Лёша бу бутилкаларни топшириши ва ўрнига бир бутилка сут сотиб олиши жараёнини суратга олдик. Ира тезлик билан камерани мендан ўгириб Лёшага бурди.
— Ўргилдим қоровулимиздан, — деб қўяди Ира, саҳнани суратга олиб бўлгандан сўнг маёр томонга қараб олиб, — сичқонларга мутлақо қарамай қўйди бу мушук.
Биз аскарлар чўчқа ҳам боқадиган ёрдамчи хўжалик жойлашган Чўчқа яйловдамиз. Режиссёр ҳаётий лавҳа излаяпти. Лёша бўм-бўш осмон остида ёлғизоёқ йўлда кетиб бораётган бўлиши керак. Мен унга Илонқирни кўрсатаман.
— Нега номи Илонқир? Яна афсонами? — ғижинади режиссёр.
— Йўқ.. Шунчаки баҳор келганда иссиқда тобланиш учун илонлар қирнинг жанубий этакларига сирғалиб тушишади.
— Шуниси етмай турувди, — деди режиссёрни қалтироқ тутиб. — Бўпти, уриниб кўрайлик-чи. Умид қиламанки, кеч кузда илонлар ухлашга ётишган?
Лёша бўм-бўш осмон остида ёлғизоёқ йўлда велосипед рамасини судраб кетяпти.
Маёр автобусда ўтирганча лоқайдлик билан мутлақо бошқа томонларни томоша қиляпти. Ҳатто уни алдашга уриниш ҳам шарт эмас. Режиссёр имо қилгандан сўнг Ира Лёшани суратга туширди. Пленкани иқтисод қилиш керак.
(Давоми 45-бетда)
Бугун бахтли кун. Лёшка остонада отаси билан ўтирган саҳнани суратга олдик. Отаси Лёшкадан сўради:
— Осмонда нима бор, Лёшка?
— Нима бор экан?
— Юлдузчалар. Ортимдан такрорла. Юлдузчалар.
— Юлду-ла, — такрорлайди Лёшка.
— Қуёш.
— Қ-ё…
— Ой.
— О-о…
— Яна нима бор, Лёшка? — сўрайди отаси. Спиртли ичимликдан заҳарланиб бўлган мияси бошқа нарсани тополмайди. — Яна нима бор эди?
Лёшка жимиб қолади, ногоҳ юзи жиддий қиёфага киради ва аниқ-тиниқ айтади:
— Худо…
Отаси қўрқиб кетиб Лёшкага, кейин осмонга қарайди.
Биз халақит беришдан чўчиймиз. Ира суратга туширди. Биз режиссёр билан қучоқлашиб, бир-биримизни табриклаймиз.
Мазкур саҳнани Ира ўйлаб топди. Суратга олиш арафасида ўлиб қолган қуёнчасини Лёшка дафн этади. Қор ёққан. Совуқ. Биз қишлоққа, Подстёпка дарёси қирғоғига томон борамиз. Лёшка музлаб қолган ерни белкурак билан ковлаяпти. Мен совқотиб қолганим туфайли жавоб сўраб кетдим. Маёр мен билан бирга исинишга жўнади. У ҳатто мен ҳақимдаги филм нега менсиз суратга олинаётганини ҳам сўраб ўтирмади. Афтидан, у ҳеч нарсани тушунмасди. Худога шукр! Бир соатлардан сўнг режиссёр биз ўтирган иссиқ жойга кириб келди. Хурсанд. Кўзойнаги ялтираб, маёрга ҳикоя қила кетди:
— Зўр бўлди. Биласизми, қуёнчасини дафн этиб бўлгандан сўнг у нима деди?
Маёр режиссёрга тескари ўгирилди.
— Нима деди? — маёрнинг ўрнига мен сўрадим.
— Бир умр ўйлаб ҳам тополмайсизлар. У қабрча устига тошчалар сепди-да, деди: “Мана шунақа!”

Режиссёрнинг кайфияти ёмон.
— Сен ёмон стсенарий ёзгансан, — даъво қилади у менга. — Эпизоддан эпизодга чўкиб боряпмиз, ҳеч нарса чиқмаяпти.
— Агар ҳақиқатан ҳам ҳеч нарса чиқмаса-чи? — дея ўзимни ҳимоя қиламан, аммо режиссёр ҳақлигини ич-ичимдан тан оламан. — Бир ғурбат излаб топамизми, а?!
Икковлон — икки ёвуз — қаҳрамонимиз бошига қандай ғурбат ёғдирсак экан, деб ташвишга ботамиз. Режиссёр менга қараб кулимсирайди:
— Мен битта ифлосликни ўйлаб топдим… — дейди у ва совуқ кулади. Кулгисидан тананг музлаб кетади.
Лёша, Инна ва Катя тўп ўйнашяпти. Улар ўша тешик орқали шаҳардан чиқиб, қишлоқ томон бордилар ва биз Юра билан бир вақтлар сирпанчиқ ўйнаган қирга чиқдилар. Мен ҳар эҳтимолга қарши маёрни чалғитиш учун тетик овозда мазкур қир ҳақидаги матнни ўқийман. Кейин Катяга яқинлашаман-да, дейман:
— Сен унинг аччиғини чиқар.
— Лёшканингми? Қандай?
— Аҳмоқ де! Каллаварам де, касал де. Ишқилиб бир нарса де…
— Бу яхши эмас, — деди Катя тўмсирайиб. — У хафа бўлади.
— Стсенарий бўйича шундай қилиш керак. Қани, бўл.
— Хў-ўп, — рози бўлди Катя истамайгина, ерга қараб. Кейин Иннага учиб бориб, қулоғига нимадир деди. У хурсанд ҳолда бош силкиди.
Улар ўйинни бошладилар. Катя Лёшкага ёқади. У Катяга тўпни узатади. Катя тўпни қайтариб узатади. Тўп Лёшканинг қўлидан тушиб кетади. Қизлар — кеча режиссёр кулгани каби — этни совуқ жимирлатиб куладилар. Катя билан Инна тўпни янада нарироқ ва нарироққа ирғитаверадилар. Лёшка аччиқланади. Нимадир юз бераётганини у сезиб қолади. Ахир ҳаммаси яхши бошланган эди-да. У Катя билан Иннага бармоғи билан ўқталади
Биринчи бўлиб Инна чидамайди:
— Аҳмоқ! — бор овози билан чинқирди у.
— Ни-а? — Лёша қотиб қолди Юзи аянчли қалтираб кетди. — Ни-а дединг?
— Телба! — қиқирлади Катя ҳам.
Лёша қулоқларига ишонмай, унга томон ўгирилди. Ахир шу қизни ёқтирарди.
— Касал! Ақли заиф! — бақирарди Инна.
— Жиннивой! — уни қўшқўллади Катя.
Лёша ногоҳ ердан таёқча олиб, гўё мазкур ҳужумдан ҳимояланиб, турган жойида айлана бошлади. Қизлар чинқирдилар. Аммо энди, — ҳеч қандай жазо олмасдан кишини ҳақорат қилавериш мумкинлигини англаган ҳолда, — улар жон-жаҳдлари билан бир-биридан ҳақоратли сўзларни Лёшанинг юзига ёғдиришарди. Лёша тентак бўлиб қолди, таёқчани отиб юборганча, ерда ётган эски резина шлангни олиб, Катяни қувиб етди, ва бир зарб билан қулатди, ва ёввойиларча, ҳайвонларча қичқириб, уни ура кетди. Тасвирчи Ира камерани ташлаб, кўзларини қўли билан тўсди.
— Суратга ол! — қичқирди режиссёр.
Ира рад жавобини бериб қўл силкиди. Режиссёр камера олдига етиб бориб, ўзи тушира бошлади. Мен югурганча етиб, Лёшани ушладим-да, четга судрадим. Лёшка ўзини ерга ташлаб, узоқ, ваҳимали тарзда телбавор хо-холаб кулди. Катя йиғлаганча тешик томон югуриб кетди. Мен ортидан бордим. Излаб, қоронғи саройнинг бир бурчагига қамалиб, йиғлаётган ҳолида топиб, юпатмоқчи бўлдим. У менга қичқирди:
— Тегманг менга! Кетинг. Ёмон кўраман сизни!
— Вой Худойим-эй! Нима қилиб қўйдиг-а! Энди бир умр эслаб қолади бу қизалоқ…
Мен қайтиб келдим. Ҳамма ҳали суратга олиш майдонида. Бир-биримизга қарамай асбоб-ускуналаримизни йиғиштирдик.
Автобусда режиссёр менга секин, аммо кўнгли тўлиб, деди:
— Бўлди! Зўр филм бўлди! Мен тасаввур қиляпман.
— Тур-э! Филминг бошингдан қолсин! — жавоб бераман мен. Ва узоқ вақт оддий халқона иборалар билан у қаёққа туриб кетиши кераклигини тушунтираман. Ва нигоҳимнинг бир бурчи билан маёр биринчи бор мени ғоят катта қизиқиш билан кузатаётганини англайман.

Биз режиссёр билан киноархивга кирдик. Киномеханик менинг собиқ қўшним. Бир кўчада яшаганмиз. Шурик Саплин. Болалигимда ундан сира ажрамасдим. У мени синглисидай етаклаб юрар, ардоқларди. У мендан саккиз ёш катта эди. Ҳазил-ўйин тарзда бизни унаштирган бўлдилар. Мен ўн ёшдалигимда у ҳарбий хизматга кетди. Мен ўзимни гўё келинчакдай ҳис қилиб, уни кутган, ҳатто хатлар ёзган эдим. У мени эсдан чиқариб, ҳарбий хизматдан уйланган ҳолда қайтиб келди. Шу тахлит Шурикка унаштирил¬ганимча қолиб кетганман.
Шурик эртадан кечгача киноплёнкаларни кўрсатди. Биринчи ер йўлдоши. Белка ва Стрелка — итлар космосда. Биринчи ракеталар учирилиши. Мана булар замонавий ракеталар. Аммо нимадир етишмасди.
— Шурик, нимадир етишмаяпти, — дедим мен.
— Нима?
— Охирзамон, — дедим мен телбаларча кулимсираб.
Шурик менга маънодор қараб қўйди-да, қаёққадир кетди. Кейин Бойқўнғир космодромида ракета учираётиб портлаш юз бергани туфайли генерал Неделин ҳалок бўлиши ҳақидаги филмни кўтариб келди. Ўша пайтда бизнинг ҳам кўплаб зобитларимиз ҳалок бўлишган. Ахир Кап-Яр билан Бойқўнғир ака-ука эдилар, бир-бири билан борди-келди қилиб турардилар. Бир-бирига мутахассис жўнатардилар. Ўша кунлари Шаҳримизда бир қанча вақтгача йиғи-сиғи тинмади, аза устига аза бўлаверди.
Филм бошлангандан биз маъюс тортиб қолдик. Ядро ҳалокати офатларини тошдай қотиб томоша қилдик. Бу ахир, бор, содир бўлган воқеа борлигича суратга олинган ҳужжатли филм эди-да. Экранда — Охир замон. Қанчалар жирканч бўлмасин, бизга айнан шу керак. Режиссёр билан кетишга отланамиз.
Шурик мени тўхтатади. Қўлида яна битта филм.
— Мана буниям кўр. Атайлаб сен учун олиб келдим.
Режиссёр кетди. Мен қолдим.
Ўн беш йил бурунги кунлар. Қайта қуриш бошланаяпти. Капустин Яр полигонида Совет Иттифоқининг энг зўр ракеталаридан бири СС-20 ни йўқ қилишяпти. Ракета қирғоққа чиқиб қолган кит каби чўл ўртасида ётибди. Атрофида одамлар уймалашяпти. Зобитлар ракетани ишдан чиқаришга ҳозирлашяпти. Гўё футбол ёки парадни томоша қилгани келгандай, трибунанинг биринчи қаторларида чет эллик кузатувчилар ва мухбирлар, уларнинг ортида театрга борган каби ясан-тусан кийинган зобитларнинг хотинлари. Мана, юзлари тошдай қотган зобит. У қулоғининг орқасини ушлаб кўради, гўё бу тушимми, ўнгимми, дегандай. Мен уни танийман. Синфдошим Саша Воронин. Ишни охирига етказувчи зобит. Яъни заводдан келтирилган ракеталарнинг ҳолатини охирги даражага етказувчи, учиришга ҳозирловчи. Яна бир синфдошим, яна бир ракетачи Сергей Капярский кулган эди: “Саша ракетанинг сиртини худди қиз болани эркалаётгандай силаб-сийпайди. Ракета ҳам ўз навбатида Сашага шу тахлит жавоб қайтаради. Саша учирган ракеталар ҳамиша нишонга тегади. Улар маъноли бир тарзда, айланиб, худди тирик жондай, нишонни қувиб етади. Улар жуда чиройли учади! Саша гений! У ракеталар Мотсарти! Ва Мотсарт каби беўй, маишатпараст”. О, мен Москвадан Шаҳарчага келиб, синфдошлар йиғилганимизда, бизнинг ҳовлимиз боғчасида биргаликда қанчалар телбавор, унутилмас лаҳзаларни бошдан кечирганмиз. У гитара чаларди, тинмай ҳазил қиларди, тинмай куларди! Онам эҳтиётсизлик билан боғчада қолдирган, уч литрли банкаларга тайёрлаб қўйган гилос виноларининг қанчаларини ичиб тугатганмиз! Оқтепага балиқ овига бориб, неча пақирлаб балиқларни қовуриб еганмиз! Бир гал августда, юлдузлар ярқираган тунда қанчалар истакларимиздан фол очганмиз! Биз иккимиз дўст ҳам эмасдик, ўйнаш ҳам эмасдик, бизни бир-биримизга ҳеч нарса боғлаб турмасди. Биз фақат синфдошлар эдик, шунинг учун рассом хатосиз равишда бошқа рассомни танлагани каби, ҳаётдан завқланиш учун у мени ўзига йўлдош қилиб танлаганди.
Аммо ҳозир мен уни таний олмасдим.
У жуда ғалати ҳаракат қиларди, гўё вужудида қандайдир ларзалар юз бераётгандай. У гоҳ керак бўлмаган ҳолатда қўлини кўтарар, гоҳ керак бўлмаган ҳолатда у ёқдан-бу ёққа буриларди. У ракета қошига бориб, уни ишдан чиқариш учун портлатадиган асбобни шунчалар азадор бир ҳолатда ўрнатардики, гўё ўз онасини портлашга ҳозирлаётгандай. Ёки фарзандини дафн этаётгандай.
Ҳамма нарса портлатишга тайёр. Шу фурсат кадрга улкан алвонранг қуюқ булут кириб келади. Табиатда бунақа булут йўқ. Кадрда эса бор. Даҳшатли, жудаям даҳшатли чақмоқ чақди. Момақалдироқ гумбурлади, яшин чақнади. Кучли жала қуя бошлади. Трибунадаги журналистларни плаш-палаткаларга ўрашди. Зобит хотинлариниг соч турмаклари эшакнинг думидай осилиб қолди. Саша Воронин қўлини кўтарди. У портлашга раҳбар. Қўлини силкиди. Портлаш юз бердими, момақалдироқ гумбурладими… Теварак-атрофни мислсиз даражада ваҳимали ёритиб, улкан чақмоқ осмонни иккига бўлиб ташлади. Бир дақиқага яшин нури Сашанинг ўликникидай сўник юзини кўрсатди. У йиғларди.
Мен гўё унга ёрдамга бормоқчидай, шошилиб ўрнимдан турдим. Бунақа ҳолга тушганлар ўз жонларига қасд қиладилар.
Филм тугади.
— Кейин у ичкиликка берилиб, охир-оқибат ўзини ўзи осди, — деди Шурик лентани жойига ўраркан.
— Ким? — сўрадим тушунмай.
— Ким бўларди? Саша Воронин… Танимадингми?
— Қачон юз берди бу?
— Яқинда бир йил тўлади.
— Менга ҳеч ким айтмаганди.
— Айтадиган бўлмай қолди ўзи. Ҳозир шаҳарчада бирин-кетин ўзларини… — Шурик тушунарли тарзда ўзларини нима қилишаётганини кўрсатди. — Мен Сашкани тушунаман. Иш йўқ. Энг асосийси, умид йўқ. Бир йилда битта, иккита ракета учиришади, холос. Шуям ишми? Бўпти, келинчак, юр қани! — деди у.
Мен қалтираб кетдим. Наҳотки эсида бўлса?
— Ҳа, эсидан чиқариб юборган деб ўйлаганмидинг? Ажи-бужи хатлар жўнатардинг-ку менга? — деди Шурик ўзидан кўнгли тўлиб. — Ҳалигача қаэрлардадир ётибди. Кейинроқ Сотбис ауктсионида қиммат нархда сотаман…

Режиссёр ўз филмини суратга олиб бўлди. Мен эса йўқ. Менга ҳали яна бир саҳна керак..
— Сени тушунолмай қолдим, — деди режиссёр. — Биз жуда кўп нарса тўпладик…
— Йўқ, — дейман мен. — Ҳали кўрасан, ана шу саҳнасиз филм филм бўлмайди.
Яхшиси қўшиб қўйиш керак: Охирзамон саҳнасисиз филм кўнгилдагидай чиқмайди.

Савдогар уйининг чолдеворлари орасида суратга оляпмиз. Инқилобдан сўнг уни НКВД ўзига идора қилиб олган. Қайта қуриш даврида иморатга ўт қўйишди.
Лёша чолдеворлар оралаб ҳуштак чалганча, тентираб юрипти. Қушлар билан гаплашяпти. Қушлар унинг ҳуштагига жавоб беришяпти.
— Сенга нима керак ўзи? — сўрайди мендан режиссёр. — У нима қилиши керак?
Менга нима кераклигини ҳали ўзим ҳам билмайман, аммо нимадир етишмаётгани аниқ.
Лёшка хас-хашакларни йиғиб, ўт қўйди, ўтда совуқ қотган қўлларини иситди. Қизил, катта қўллар, худди Надка-аҳмоқнинг қўлларидек.
— Тўхта! — дейман юрагимни босиб. — Тўхта!
Топдим. Охир замон юз бериши керак бўлган тунда Надка нима қилганини биласизми? Унинг бир ўзини Шаҳарчага ташлаб қочганимизда? У албатта олов ёққан бўлиши керак. У ахир олов ёқиш мумкин эмаслигини билмаган-ку. Ўша тунда ҳам совуқ эди. Олов ёққан ва қўлларини иситган.
— Олдик, — дедим мен.
Мен ўз Шаҳрим ҳақидаги афсонани суратга олиб бўлдим.
Энди қайтсак ҳам бўлаверади.

Нон олиш учун дўконга боряпман. Дўкон олдида умр бўйи қачон қарама — кавланган ўра. Яна сув қувури тешилипти, яна уни таъмирлашяпти. Йиқилишимга сал қолиб,тор йўлак бўйлаб ўрани айланиб ўтаётиб, энг хатарли жойда Надка-аҳмоққа дуч келдим. Қўлтиғида бир буханка нон. Иккимиз чуқур ўранинг икки томонида турибмиз. Надка мени кўриб хурсанд бўлиб кетди. Мен у билан нима ҳақда гаплашишни билмайман. Ўттиз йилки шу аҳвол, у билан нима ҳақда гаплашишни билмайман, шу сабабли кўришаман-да, ўтиб кетаман. Аммо энди нимагадир тўхтаб қолдим. Мен унинг маъносиз юзига, маъносиз, бўм-бўш кўзларига боқиб, негадир одатий саволни бераман: “Аҳволлар қалай, Надя?” Ва одатий: “доимгидай, яхши”, деган жавобни олишга шайланаман. Аммо у ногоҳ оҳ тортади, гўё бу саволим унинг бошига гурзи бўлиб тушгандай ва энди мияси бирдан яхши ишлаётгандай. Унинг кўзлари чақнади, ақли жойига тушди, у менга синовчан назар ташлади ва юрагимни эзиб ташлар даражада жавоб берди: ” Ҳар хил, Света! Баъзан ўзимни қўйгани жой тополмай қоламану, ўзимни ўзим осгим келади. Баъзан… эл қатори… яшаяпмиз ишқилиб…”
Вой худойим-эй, қай биримиз тентакмиз, дея ўйлайман мен. Биз ўранинг тепасида турибмиз. Менинг бошим айланди, тушундимки, тез ажрамасак, мен ўрага қулаб тушаман.
— Ўрадан нарироққа ўтайлик, йўқса, қулаб тушамиз.
Надка чуқурга, унинг тубига қаради ва деди:
— Мен ўша тунда шу ерда яшириниб ётганман. Эсингдами, америкаликлар бизни бомбардимон қилган тунни?
Менинг юрагим парчаланиб кетди.
— Қаэрда яшириндинг? — сўрайман бўғиқ овозда. — Шу чуқурдами?
— Ҳа-а, шу ерда, — деди Надка. — Мени автобусга олишмади. Уйга югуриб бордим, қоронғи экан, кейин йўлда шу ўрага қулаб тушдим.
— Тун бўйи шу ерда ўтирдингми?
— Аввал бақирдим, — деди у ва жимиб қолди.
— Кейин-чи? Кейин нима бўлди? — сўрайман мен.
У жавоб бермайди. Яна унинг юзидаги шуур сўнди. У менга маъносиз, бўм-бўш кўзларини тикди. Юрагим қинидан чиқиб кетар даражада ураяпти. Мен эҳтиёткорона уни айланиб ўтаман-да, дўконга кираман. Мен йиғлаб кетяпман: нега бу ерга келдим? Нега бу филмни олаяпман? О Худойим, ўзинг кечир! Надкага нисбатан қилган гуноҳим учун Ўзинг кечир! Илтимос!!! Мен ўгирилдим. Надка ҳамон ўранинг тепасида қимирламай маъносиз нигоҳини менга қадаб, қотиб турарди
— Надя… — дедим мен.
Унинг кўзларида тағин учқун чақнади.
У мен томон бир қадам қўйди, мен ўгирилиб, унинг истиқболига югурдим. Уни қучоқладим. У йиғидан ҳўл бўлган юзини менинг йиғидан ҳўл бўлган юзимга босди. У ўпишишниям билмасди. Лаблари билан эмас, бутун юзи билан, менинг юзимдан ўпарди.
— Мен ўшанда бу ерда ЖУДА қаттиқ қўрқдим. — Надка кўзлари қири билан ўрага ишора қилди. — Бир ўзим… сенсиз…
Мен унинг йиғидан қизарган юзига қарадим ва ўзимни йўқотиб, дедим:
— Биламан, Надя… Надя, мени кечир…
Ва ўзим ногоҳ тушуниб етаманки, ўшанда Худо бизни эмас, уни асраган. Агар ҳақиқатан ҳам ядро уруши бошланганда яйдоқ чўлда ётган бизлар биринчи зарбданоқ ҳалок бўлардик. Надка эса чуқур ўрада жони омон қоларди. Балки одамизот ичра ёлғизгина у омон қоларди.

Қайтиш олдидан режиссёрнинг юраги санчиб қолди. Қаттиқ ишлаганимиз таъсир қилди шекилли. Полковник Юра билан хайрлашиш учун ёлғиз ўзим штабга бордим.
Полковник хонасида бир ўзи ўтирганча нимадир ёзаяпти. Менинг саломимга бош кўтармай, тўнғиллаб алик олди.
— Қайтаяпмиз, — дедим мен. — Хайрлашишга келдим.
Юра ниҳоят хўмрайганча бошини кўтарди.
— Хўш, — деди еб қўйгудай ўқрайиб. — Аҳмоқларинг тўғрисидаги филмни суратга олиб бўлдиларингми?
Мен ўзимни йўқотдим.
— Юра! Биз менинг болалигим ҳақидаги филмни суратга олдик, — дедим мен эҳтиёт бўлиб.
— Йўқот! — Юранинг юзи тундлашди. — Ўргилдим сендақа зиёлилардан! — ва у онамнинг авра-астаригача ағдариб, роса сўкинди. Мен кетиш учун ўгирилдим. — Бу ердагиларнинг ҳаммаси қўйми, сенингча? Ҳеч нарсани тушунмаймизми? Айғоқчиларимиз ҳали ишлаяпти. Биринчи кадрни олганларингдаёқ мақсадларингни тушунгандим… — деди у орқамдан.
— Унда нега бизни ушлаб бермадинг? — ғазабланган ҳолда унга ўгирилдим.
У жим бўлди. У менга бахтсиз кўзларини тикди.
— Э, билганларингни қилмайсанларми? — деди у ҳорғин. — Бари бир Шаҳар тугаган. Қулаб битди, — ва алам билан ёниб давом этди: — Светка, нима, сен тушунмайсанми?! Биз ахир давлатни бой бердик! Шундай давлатни-я?!..
Биз ярашиб хайрлашдик. У менга қийшиқ тикилиб, ногоҳ ўнғайсизланиб сўради:
— Ҳар қалай, музғалоқ эсингдадир? Зўр учардика!
Бу ерда, бу Шаҳарчада ҳамма болалигидаги ҳамма нарсани ёдида сақларди. Ва Худо бизни ўз ёнига чорлаганда биз кичкина болалар бўлиб унинг қаршисида тизиламиз ва ўз болалигимизни гапириб берамиз: қизил лолалар терганимизни, муз тепаликлардан пастга сирғаниб учганимизни, яйдоқ чўлда ётиб, ўлимимизни кутганимизни. Унга фақат болалигимизни айтамиз. Чунки бошқа нарсаларни эсдан чиқарганмиз. Ва балким, ўшанда Худо бизни кечирар?
— Юра, музғалоқ учганимиз бутун умр ёдимда қолган, — дедим мен.
— Ҳаёт… — хўрсинди Юра, — бунчалар тез ўтиб кетяпти-я!
— Ҳаётдан фақат афсоналар қолади, — дедим мен.
— Хуллас, бўпти, сен бизни киноингда мутлақо… кўмиб ташлама. Сен ҳар қалай ҳамшаҳримизсан. Кап-ярликсан. Ҳеч бўлмаса, одамларда умид қолсин, — деди у менинг кўзларимга тикилиб. Ва бутунлай бошқача оҳангда оҳ урди: — Эҳ! Тезроқ қарисам эди, Светка! Бу тартибсизликларни кўрмасам эди…

Мен чиқиб жўнадим. Ўлик шаҳар бўйлаб кетяпман. Ўлик мамлакат бўйлаб кетяпман.

Биз ўша “газик”да қайтаяпмиз. Ўша, бетлари қизарган ёшгина аскар бола рулда. Мен унинг ёнида ўтирипман. Орқада киногуруҳ қувноқ оҳангда ҳангома қиляпти, солдат кружкаларига спирт қуйиб ичяпти. Мен касал бўлиб қолдим, шу сабабли ичмаяпман. Иссиғим баланд.
Биз Олтин Ўрда ёдгорлиги олдига келдик. Киногуруҳ машинани тўхтатиб, суратга тушиш учун ёдгорлик томон кетди. Мен машинада қолдим. Ёдгорликни ўраган кузги чўл даласи тракторда ҳайдаб ташланган. Ёдгорликка етиш учун шудгор оралаб ўтиш керак.
Шу ердаги бекатда бир мужик қуритилган вобла сотарди. Киногуруҳ қайтиб келди. Режиссёр мужикдан вобла сотиб олди-да, унга арз қилди:
— Ёдгорликка яқинлашиб бўлмайди. Бирон нарса экишмоқчими?
— Чўлда қ…ни экишармиди? — жавоб берди мужик.
— Унда нега ҳайдаб ташлашди?
— Олтин тулпорни излашяпти. Ботухон қаэргадир шу атрофга кўмган экан, — дея мужик болакайга тушунтирган каби жавоб берди режиссёрга. Худди кечаги воқеани айтаётгандай.

“Новый мир” журналининг 2006 йил 5-сонидан Абулқосим Мамарасулов таржимаси.