Аёллар билан боғлиқ тушунчаларимизнинг барчаси “меҳр-шафқатли”, деган сўзга жо бўлади. Сингил, рафиқа, дўст, она – бу юксак таърифлар негизи, моҳияти ҳам меҳр-шафқатдан иборат эмасми? Аёл – ҳаёт бахш этади, ҳаётни кўз қорачиғидай асрайди, аёл ва ҳаёт – муштарак.
ХХ асрнинг энг даҳшатли урушида аёл аскарга айланди. У нафақат яраланганларни қутқарди, уларнинг жароҳатларини боғлади, балки мерганлар милтиғидан ўқ узди, бомбардимон қилди, кўприкларни портлатди, разведкага қатнади, “тил” тутиб келди. Аёл ўлдирди. Ўз заминига, ўз уйига, болаларининг устига шафқатсизлик билан бостириб келган ашаддий душманни ўлдирди. “Ўлдириш – аёлларнинг иши эмас”, дея эътироф этади мазкур китоб қаҳрамонларидан бири, айни сўзларга урушнинг бутун даҳшати ва шафқатсизлигини жо этибди. Бошқа бир аёл эса таслим бўлган рейхстаг деворларига шундай деб ёзади: “Мен, Софья Кунцевич, Берлинга урушни маҳв этиш учун келдим”. Бу Ғалаба меҳробига тортиқ қилинган буюк қурбонлик эди. Бу безавол жасорат бўлиб, унинг бутун теранлигини осойишта ҳаёт бағрида кечаётган йиллар мобайнида ҳис қиламиз.
Николай Рерихнинг 1945 йил май-июнда ёзилган ва Марказий давлат архивининг фашистларга қарши славян қўмитасида сақланаётган хатларидан бирида шундай жумлалар бор: “Оксфорд луғати айрим рус сўзларига қонуний тус берди, эндиликда улар дунё миқёсида эътироф этилади; жумладан, луғатга таржима қилиб бўлмайдиган, кўп маъноли “подвиг”, яъни “жасорат” сўзи қўшилди. Ҳар қанча ажабланарли бўлмасин, Европадаги бирорта халқнинг тилида мазмунан унга яқин биронта ҳам сўз йўқ…” Агар қачонлардир жаҳон халқлари тилида русча “подвиг” сўзи ҳам оммалашса, бунда совет аёли уруш йилларида кўрсатган жасорат ҳам алоҳида ўрин тутади; зотан, айни аёллар уруш ортида мардона меҳнат қилдилар, болаларни сақлаб қолдилар ва эркаклар билан бирга Ватанни ҳимоя қилдилар.
…Одамларнинг ҳасратлари ва хотиралари ястанган узундан-узун қайғули йўл бўйлаб тўрт йилдан буён машаққатли сафар қилаётирман. Тиббиёт ходимлари, алоқачилар, сапёрлар, учувчилар, мерганлар, ўқчилар, зенитчилар, сиёсий ходимлар, кавалеристлар, танкчилар, десантчилар, денгизчилар, йўл ҳаракатини тартибга солувчилар, ҳайдовчилар, дала кир ювиш-ҳаммом отрядларининг оддий аскарлари, ошпазлар, нонвойлар, хуллас, фронтда турли вазифаларни бажарган аёлларнинг юзлаб хотиралари ёзиб олинди, партизан ва қўпорувчи хотин-қизларнинг гувоҳликлари тўпланди. “Оға-инилари, турмуш ўртоқлари, оталари сингари хотин-қизлар ҳам пухта ўзлаштирмаган ҳарбий ихтисосликнинг топилиши даргумон”, – деб ёзганди собиқ Иттифоқ маршали А.И.Еременко. Уларнинг орасида танк батальонининг ёшлар етакчиси ҳам, оғир танкларнинг механик-ҳайдовчилари ҳам, пиёда қўшинлар сафида эса – пулемёт ротасининг командири, автоматчилар ҳам бўлган. Ҳолбуки, аёллар илгари бундай иш билан шуғулланмаган.
Ёлғиз Ленин комсомолининг йўлланмаси билан қарийб 500 минг қиз армияга сафарбар қилинган, уларнинг 200 минги ёшлар ташкилотининг аъзоси эди. Ёшлар томонидан йўлланган барча қизларнинг етмиш фоизи ҳаракатдаги қўшинлар сафида бўлган. Уруш йилларида турли қўшинлар сафида фронтда ҳаммаси бўлиб 800 мингдан ортиқ хотин-қиз иштирок этган…
Партизанлар ҳаракати ялпи тус олди. Фақат Белоруссиядаги партизан отрядларида қарийб 60 минг жасоратли хотин-қиз бўлган. Уларнинг ҳар тўрттадан биттаси Белоруссия заминида фашистлар томонидан ёндирилган ёки ўлдирилган…
Рақамлар – шундай. Биз уларни биламиз. Рақамлар ортида эса уруш тамомила издан чиқарган тақдирлар, умрлар жой олган: кимдир яқинларини йўқотган, кимдир соғлиғини бой берган, қайси бир аёл ёлғизликка гирифтор бўлган, боз устига чидаб бўлмайдиган уруш хотиралари. Булар ҳақида биз оз биламиз.
“Биз қачон туғилганимиздан қатъи назар айни қирқ биринчи йилда барчамизнинг кўзимиз очилган”, – деб ёзганди менга ўз хатида зенитчи Клара Семёновна Тихонович. Мен қирқ биринчи йилнинг қизлари ҳақида ҳикоя қилмоқчиман, тўғрироғи, улар бевосита бошдан кечирган уруш тўғрисида ўзлари айтиб беради.
“Бу хотираларни умрим мобайнида қалбимда сақлаб келдим. Кечаси уйғониб кетасан-да, кўзларингни очиб ётаверасан. Баъзида ўйлайман: барча хотираларни ўзим билан бирга нариги дунёга олиб кетаман, ҳеч ким билмайди, жуда даҳшатли воқеалар…” (Эмилия Алексеевна Николаева, партизан).
“…Бу хотираларни кимгадир сўзлаб бериш мумкинлигидан, бизнинг ҳам давримиз келганидан жуда хурсандман…” (Тамара Илларионовна Давидович, катта сержант, ҳайдовчи).
“Содир бўлган воқеаларнинг ҳаммасини сизга сўзлаб бергандан кейин яна эл қатори яшай олмайман. Касал бўлиб қоламан. Мен урушдан омон қайтдим, лекин яраланган эдим, узоқ пайтгача тузалмадим, ниҳоят, ўзимга-ўзим дедим: “Буларнинг барчасини унутиш керак, йўқса, ҳеч қачон соғаймайман. Сиз шу қадар ёшсизки, уруш даҳшатларини сўзлаб, сизнинг кўнглингизни хира қилгим келмаяпти…” (Любовь Захаровна Новик, старшина, тиббиёт ходимаси).
“Эркак бардош бера оларди. Ахир у эркак киши. Аёллар барчасига қандай бардош берганини ўзим ҳам англай олмайман. Эндиликда эслаганим ҳамоно мени даҳшат чулғаб олади, урушда эса ҳаммасига чидардим: уруш қурбони билан ёнма-ён ухлардим, ўзим ўқ отардим, қон кўлмакларини ҳам кўрганман, қордаги қоннинг ўткир ҳиди ҳамон димоғимдан кетмайди… Буларни гапираяпману кўнглим озаяпти… У кезларда эса ҳаммасини уддалардим. Набирамга ҳикоя қила бошлагандим, келиним мени тўхтатди: “Буларнинг ёш қизалоққа нима кераги бор?..” Маъсума қизалоқ вояга етмоқда… У улғайиб она бўлади… Шу тариқа бировга оғиз оча олмайман…
Биз уларни шундай авайлаймиз, кейин эса бизнинг қисматимизни фарзандларимиз жуда оз биладилар-а, дея ажабланамиз…” (Тамара Михайловна Степанова, сержант, мерган).
“…Дугонам билан кинотеатрга бордик, у билан қирқ йилдан буён дўстмиз, урушда махфий иш олиб борганмиз. Кинога чипта олайлик десак, навбатда турганлар жуда кўп. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси гувоҳномаси дугонамнинг чўнтагида экан, касса ёнига бориб, уни кўрсатди. Чамаси, ўн тўрт ёшлардаги қизалоқ эса таъна қилгандай деди: “Сизлар аёл бошингиз билан наҳотки жанг қилгансизлар? Бу гувоҳномани қайси кароматларингиз учун беришган экан-а?” Бошқа одамлар, албатта, бизни навбатсиз ўтказиб юборишди. Лекин кино кўргани кирмадик. Чунки безгакка чалингандай титрай бошлагандик…” (Вера Григорьевна Седова, яширин ишлар қатнашчиси).
Мен ҳам урушдан кейин туғилганман, бу пайтга келиб окопларни ўт-ўланлар қоплаган, аскарларнинг траншеялари чанг билан тўлган, блиндажлар вайрон бўлган, ўрмонларда қолган аскарларнинг каскалари эса занглаган эди. Бироқ уруш ҳалокатли нафаси билан менинг ҳаётимга ҳам рахна солмадими? Биз ҳамон уруш билан ўзига хос ҳисоб-китобга эга авлодлар жумласига кирамиз. Урушда ўн битта қариндошимдан жудо бўлганман: онамнинг отаси украин бобом Петро Будапешт остоналарида мангу уйқуга кетган, отамнинг онаси, белорус Евдокия бувим эса партизанлар қамали чоғида очлик ва терламадан вафот этган, узоқ қариндошларимизнинг икки оиласини фарзандлари билан бирга Гомель областининг Петриковск туманидаги мен учун қадрдон Комарович қишлоғида фашистлар бир кулбада ёқиб юборишган, отамнинг акаси Иван амаким эса кўнгилли сифатида урушга кетиб, қирқ биринчи йилда дом-дараксиз йўқолган.
Менинг “урушим” ҳам тўрт йилдан буён давом этаётир. Қайта-қайта даҳшатга тушганман. Не ҳасратларга дучор бўлмадим. Ёлғон гапириб нима қиламан – бу менинг қўлимдан келадиган иш эмасди. Эшитганларимнинг барчасини унутай, дея қанча уринмадим. Бироқ бунинг уддасидан чиқа олмадим. Ўтган давр мобайнида кундалик тутдим, ундаги қайдларни ҳам қиссага киритишга қарор қилдим. Ҳис-туйғуларим, бошимдан кечирганларим, ҳатто изланишларимнинг жўғрофияси ҳам кундаликларимда акс этган: мамлакатнинг турли чеккаларидаги юздан ортиқ шаҳар, қўрғон, қишлоқларда бўлганман. “Мен ҳис қилаяпман”, “мен қийналаяпман”, “мен шубҳаланаяпман”, деб ўз китобимда ёзишга ҳақлиманми, дея, ростини айтсам, узоқ вақт иккиландим. Уруш иштирокчиларининг туйғулари ва изтироблари олдида менинг туйғуларим, менинг изтиробларим нимага ҳам арзийди? Менинг туйғуларим, шубҳаларим ва изланишларим акс этган кундалик бирон одамда қизиқиш уйғотадими? Лекин хатжилдларда ҳужжатлар кўпайгани сайин ишончим ҳам қатъий тус олди: ҳужжат жамланган маълумотларгина эмас, балки уларни тўплаган одам маълум бўлсагина муайян қиммат касб этади. Ҳис-ҳаяжондан холи хотиранинг ўзи йўқ, ҳар бир маълумотда уни қайд этган инсоннинг ошкора ёки пинҳона кечинмалари акс этган. Айни кечинмалар ҳам орадан бир неча йил ўтгандан кейин ўзига хос ҳужжат тусини олган.
Тарихан шундай таркиб топганки, бизнинг уруш билан боғлиқ хотираларимиз ҳам, барча тасаввуримиз ҳам эркакча тусга эга. Бу ўз-ўзидан тушунарли: асосан, эркаклар жанг қилган, лекин айни шу жиҳат уруш ҳақидаги билимларимиз тўла эмаслигини ҳам кўрсатади. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган хотин-қизлар тўғрисида кўплаб китоблар ёзилган, талай хотира китоблари бор бўлиб, шуларнинг ўзиёқ тарихан фавқулодда ҳодиса рўй берганига бизларни ишонтиради. Бутун инсоният тарихи мобайнида урушда ҳеч қачон бунчалик кўп аёллар иштирок этмаган. Ўтмишда отлиқ аскар қиз Надежда Дурова, партизан аёл Василиса Кожан каби саноқли сиймолар бўлган, фуқаролар уруши йилларида Қизил армия сафларида аёллар бўлган, лекин улар асосан шафқат ҳамширалари ва шифокорлар эди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида совет хотин-қизлари ўз Ватанини оммавий ҳимоя қилганига бутун дунё гувоҳ бўлди.
А.С.Пушкин “Современник” журналида Надежда Дурованинг хотираларидан парча эълон қилар экан, сўзбошида шундай қайд этганди: “Бинойидек асилзода оиладан чиққан ёш қиз қандай туйғулар оғушида ўз уйидан, жинсидан кечиб, ҳатто эркакларни ҳам чўчитадиган заҳмат ва мажбуриятларни зиммасига олганча жанг майдонида пайдо бўлган? Яна Наполеон қўшинларига қарши жанг майдонида! Уни бунга нима ундаган? Пинҳона оилавий надоматларми? Баландпарвоз орзуларми? Балки туғма таваккалчиликдир? Ё муҳаббатми?..” Бу ўринда сўз фақат битта ғайриоддий қисмат ҳақида борарди, шу боис турлича тахмин қилса бўларди. Қуролли кучлар сафида саккиз юз минг хотин-қиз иштирок этганда, яна ҳам кўпроғи жанг майдонларига талпинган шароитда эса манзара бутунлай ўзгаради.
Улар жангга отландилар, зотан, “биз билан Ватан – бир тану бир жонмиз” (Тихонович К.С., зенитчи). Жангларда иштирок этишлари учун уларга имконият бердилар, чунки тарози палласига халқ, мамлакат тақдири қўйилганди. Халқ ҳам, мамлакат ҳам ҳалокат ёқасига келиб қолганди.
Бу китобда қандай маълумотлар қай қоидаларга биноан жамланган? Машҳур мерган аёллар ҳам, машҳур учувчию партизан аёллар ҳам ҳикоя қилмайдилар, улар ҳақида талай китоблар ёзилган, мен уларни онгли равишда четлаб ўтдим. “Биз урушда иштирок этган оддий қизлармиз, биз кабилар жуда кўп” – бундай эътирофларни қайта-қайта эшитганман. Лекин айнан уларнинг ҳузурига ошиқдим, уларни изладим. Биз ардоқлайдиган халқ хотираси айнан уларнинг идрокида сақланади. “Биз аёлларнинг нигоҳи билан назар солсанг, уруш даҳшатнинг ҳам даҳшати эканига ишонч ҳосил қиласан”, – деган эди сержант, санинструктор Александра Иосифовна Мишутина. Урушни бошдан кечирган, сўнг турмушга чиққан, уч фарзанд кўрган, эндиликда эса набираларини тарбиялаётган оддий аёлнинг айни шу сўзларида мазкур китобнинг бош ғояси мужассам.
Оптикада “ёруғлик кучи” деган атама бор; бу – объективнинг мўлжалга олинган тасвирни яхши-ёмон муҳрлаш қобилияти. Аёлларнинг уруш билан боғлиқ хотиралари ҳам туйғуларнинг таранглиги, изтиробларнинг теранлигига кўра беназир “ёруғлик кучи”га эга. Уларнинг хотиралари жўшқин, эҳтиросли, тафсилотларга бой, зотан, айни тафсилотлар туфайли ҳар қандай ҳужжат алоҳида қиммат касб этади.
Алоқачи Антонина Фёдоровна Валегжанинова Сталинград остоналарида жанг қилган. Шиддатли жангларни эсга олар экан, бошидан кечирган туйғуларни ҳадеганда таърифлаб бера олмади, кейин эса уларнинг барчасини ягона тимсолга жамлади: “Битта жанг ёдимга тушди. Жуда кўп одам нобуд бўлганди… Омоч билан ер қазиганда сочилиб ётган картошкаларга ўхшаб ҳаммаёқда сочилиб ётишарди. Поёнсиз кенг дала… Кетиб бораётган жойида йиқилиб жон таслим қилишган… Уларни картошкалардай… Ҳатто инсонни туёқлари билан босиб ўтмайдиган ақлли жониворлар – отлар ҳам ўликлардан тап тортмайдиган бўлиб қолишганди…” Партизан Валентина Павловна Кожемякина хотирасида эса қуйидаги воқеа муҳрланиб қолган: “Урушнинг дастлабки кунлари, бизларнинг ҳарбий қисмларимиз оғир жанглар билан чекинмоқда, уларни кузатиш учун бутун қишлоқ аҳли кўчага чиққан, оналарнинг ёнида қизлар ҳам турибди. Ёнимиздан ўтиб бораётган кекса аскар уйимизнинг рўпарасида тўхтаб, онамнинг олдида боши ерга теккудек таъзим қилиб деди: “Бизларни кечиргин, онахон… Қизингни эса авайлагин. Ўтинаман, авайла қизингни!” Ўшанда ўн олти ёшда эдим, ўрилган сочларим узундан ҳам узун…” У яна бир воқеани эслади, яраланган дастлабки аскар бошида йиғлар экан, у жон таслим қилиш олдидан васият қилади: “Сен ўзингни асрагин, қизим. Ҳали фарзандлар туғишинг керак… Қанча эркаклар нобуд бўлаётганини кўраяпсан-ку…”
Одатда, эркаклар эътибор бермайдиган уруш лавҳалари аёлларнинг хотирасида қолади. Агар эркакларни уруш хатти-ҳаракатлари ўз домига тортган бўлса, аёллар ўзига хос психологияси билан уни ўзгача ҳис қилган ва бошдан кечирган: бомбардимонлар, ҳалокатлар, изтироблар – аёл учун уруш фақат мана шулардан иборат эмас. Аёл психологик ва физиологик – жисмоний ва маънавий ўзига хосликлари туфайли урушни кучлироқ ҳис қилган, дийдаси қаттиқ урушни бошдан кечириш унга осон бўлмаган. Аёллар эслаб қолган, уруш дўзахидан олиб чиққан хотиралар бугунги кунда шоён маънавий тажрибага, беқиёс инсоний имкониятлар тажрибасига айланди, биз бу тажрибани унутмаслигимиз керак.
Ҳарбий ва махсус материаллар балки бу ҳикояларда оз бўлар (муаллиф ўз олдига бундай мақсад қўймаган), лекин фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлаган материаллар унда керагидан ҳам ортиқ бўлади. Зотан, бутун халқ зафар қозониши учун ҳар бир одам шахсан ғалаба қилиши талаб қилинганди.
Улар – уруш қатнашчилари ҳали тирик. Лекин одамзод умри қисқа, уни фақат хотира узайтира олади, фақат хотира вақтни енга олади. Беомон урушни бошдан кечирган, унда ғалаба қозонган одамлар ўзлари қўлга киритган зафарнинг ва бошдан кечирган воқеаларнинг аҳамиятини бугун англамоқдалар. Улар бизга ёрдам беришга тайёр. Мен турли оилаларда юпқа ва қалин мактаб дафтарларини қайта-қайта қўлга олганман, улар фарзандлар ва набиралар учун тўлдирилган ва қолдирилган. Бува ёки бувидан қолган бундай мерос бегона қўлларга истамасдан топширилган, буни ҳамиша бир хил изоҳлашарди: “Булар фарзандларимизга хотира бўлиб қолсин деймиз…”, “Сизга нусха кўчириб бераман, аслини эса ўғлим учун асраб қўяман…”
Лекин ҳамма ҳам хотира ёзмайди. Кўплаб хотиралар бой берилади, изсиз йўқолади. Унутилади. Агар урушни эсдан чиқармасак, унга нисбатан нафрат ортади. Агар уруш унутилса, янгиси бошланади. Қадимий ҳикмат бу.
Аёлларнинг жамланган хотираларидаги уруш қиёфаси аёлларга хос маъсумликдан йироқ. Булар гувоҳлик – ўтмишдаги фашизмга, бугунги фашизмга ва келажакдаги фашизмга айбнома сифатида янграйди. Оналар, сингиллар, рафиқалар фашизмни айблайди. Фашизмни аёл айблайди.
Улардан бири рўпарамда ўтирибди, онаси уруш арафасида “кўчада ёлғиз юришга ёшлик қиласан”, деб ҳатто бувисининг уйига ҳамроҳсиз жўнатишдан хавфсираган, орадан икки ой ўтгач, мана шу навниҳол қизалоқ фронтга кетган. Санинструктор бўлган, Смоленскдан Прагага қадар жангларда қатнашган. Йигирма икки ёшда уйга қайтиб келган, тенгдошлари эндигина бўй етган қизлар, у эса буткул ўзгача ҳаётни бошдан кечирган, кўплаб воқеалар гувоҳи бўлган уруш қатнашчиси: уч марта яраланган, биттаси оғир жароҳат – кўкрак қафаси соҳасида, икки марта контузия бўлган, иккинчи контузиядан кейин, кўмилиб қолган окоп ичидан қазиб олганларидан сўнг сочлари қордай оқариб кетган. Лекин аёлларга хос ҳаётни бошлаш керак: яна енгил кўйлаклар кийишни ўрганиши, эрга тегиши, бола туғиши керак. Эркаклар урушдан ногирон бўлиб қайтганидан қатъи назар оила қуришган. Аёллар қисмати эса урушдан кейин кўпинча фожиали тус оларди. Уларнинг ёшлигини ҳам, эрларини ҳам уруш тортиб олган; улар билан тенгдош йигитларнинг оз қисми урушдан қайтиб келган. Улар ҳисоботларсиз ҳам буни билишарди, чунки топталган жанг майдонларида ер тишлаб ётган йигитларни унутишмаган эди ва денгизчилар камзулини кийган бу алпқомат йигитлар ортиқ ўрнидан турмайди, улар – оталар, эрлар, ака-укалару куёвлар биродарлар қабристонларида мангу қоладилар, деган фикрга сира кўника олмасдилар. “Беҳисоб одамлар яраланганди, дунёда яраланмаган одам қолмагандай эди…” (Анастасия Сергеевна Демченко, катта сержант, ҳамшира).
Қисқаси, қирқ биринчи йилларнинг қизлари қандай эди, улар фронтга қандай жўнаган? Уларнинг ҳаёт йўллари бўйлаб бирга одимлаймиз.
“Эслашни истамайман…”
Минск чеккасида урушдан кейин қурилган эски уч қаватли уй, деворлари бўйлаб ясмин гули бўй чўзган. Тўрт йил давом этган ва мен шу сатрларни ёзаётган айни паллада ҳам тўхтамаган изланишлар шу уйдан бошланди. Ростини айтсам, бундай бўлиши ўшанда хаёлимга ҳам келмаганди.
Минск шаҳридаги “Ударник” йўл машиналари заводида кекса ҳисобчи Мария Ивановна Морозовани нафақага кузатганлари ҳақида газетада босилган чоғроқ мақолани ўқиб, шу уйга келгандим. Мақолада ёзилишича, бу аёл урушда мерган бўлган, ўн битта жанговар орден-медаль олган. Бу аёлнинг жанговар ихтисослиги осойишта турмуш пайтидаги касби билан сира қовушмас эди. Лекин айни мана шу зиддиятда 1941–1945 йилларда кимлар аскар бўлган, деган саволга жавоб топдим.
…Газетада босилган хира суратига сира ўхшамайдиган, узун сочларини бошига чамбарак қилиб ўриб олган истараси иссиқ муштдеккина аёл катта ўриндиқда ястанганча ўтираркан, юзини қўллари билан беркитиб деди:
– Йўқ, йўқ, эслашни истамайман… Асабим дош бермайди. Уруш тўғрисидаги фильмларни кўришга ҳам бардошим етмайди… – Кейин сўради: – Мен билан суҳбатлашиш шартми? Эрим билан гаплаша қолинг, қойиллатиб гапириб беради… Командирлар, генералларнинг исми, ҳарбий қисмларнинг рақамлари – бари ёдида. Мен эса ҳаммасини эслай олмайман. Фақат бошимдан ўтганларини эслайман. Юрагимга муҳрланган воқеаларни…
“Магнитофонни ўчириб қўйинг”, деб илтимос қилди:
– Сизнинг кўзларингизга қараб ҳикоя қилиш осон, магнитофон эса халақит беради.
Лекин бир неча дақиқадан кейин магнитофонни унутди…
Мария Ивановна Морозова (Иванушкина), ефрейтор, мерган:
“Бизнинг қишлоғимиз ўрнида ҳозир Москванинг Пролетар тумани жойлашган. Уруш бошланганда ҳали ўн олти ёшга ҳам тўлмагандим. Жамоат хўжалигига қатнаб, ҳисобчилик курсларини тугатгач, ишлай бошладим. Бир вақтнинг ўзида ҳарбий бўлим қошидаги курсларда шуғулландим. Бу курсларда жанговар қуролдан ўқ отишни ўргатишарди. Тўгаракда қирқта қиз шуғулланардик. Бизнинг қишлоғимиздан – тўртта, қўшни қишлоқдан – бешта, қисқаси, ҳар бир қишлоқдан бор эди. Айтганимдай, фақат қизлардан иборат тўгарак… Қўлига қурол олишга ярайдиган эркакларнинг ҳаммаси урушга кетиб бўлганди…
Тез орада Марказий қўмитанинг комсомоллар ва ёшларга даъвати чиқди, душман Москва остоналарига келиб қолган, Ватанни ҳимоя қилиш керак эди. Фақат мен эмас, барча қизлар фронтга отланиш истагини билдирдилар. Менинг отам аллақачон жангларда иштирок этаётганди. Фақат биз шундай фикрдамиз, деб янглишибмиз… Ҳарбий бўлимга келсак, бизга ўхшаган қизлар жуда кўп экан. Сафимиздан қизларни бирма-бир саралаб олишди. Энг аввало, албатта, мустаҳкам соғлик талаб қилинарди. Болалигимда тез-тез дардга чалиниб, заиф бўлганим учун мени олишмаса керак, деб қўрққанман. Қолаверса, фронтга борадиган қиздан кейин уйда бошқа фарзанд қолмаса ҳам рад этишарди, онани қаровсиз қолдириб бўлмасди. Менинг эса икки синглим ва икки укам бор эди, мендан анча ёш бўлишса ҳам ҳисобга ўтарди-да. Лекин яна бир муаммо – хўжаликдан ҳамма кетган, далада ишлайдиган одамнинг ўзи йўқ эди, шу боис хўжалик раиси бизга рухсат беришни истамасди. Хуллас, бизни олишмади. Ҳаммамиз туман ёшлар қўмитасига бордик, у ерда ҳам илтимосимиз ерда қолди.
Биз бутун тумандан вакил бўлиб вилоят ёшлар қўмитасига йўл олдик. Илтимосимизни яна рад этишди. Ниҳоят, ахир Москвада яшаймиз-ку, деб ёшлар Марказий қўмитасига боришга қарор қилдик. Ичимиздан қайси биримиз журъат билан мурожаат қиламиз, деб ўйга толдик. Қўмитада ёлғиз ўзимиз бўламиз, деб ўйлагандик, у ерда эса йўлакка одам сиғмайди, котибнинг яқинига йўлаб бўлмайди. Бутун Иттифоқдан ёшлар келган, босқинни бошдан кечирган, нобуд бўлган яқин қариндош-уруғлари учун қасос олишга шайланган ёшлар кўпчилик эди.
Ниҳоят, кечга бориб котибга учрадик. Биздан сўрашди: “Милтиқ отиш қўлингиздан келмаса, фронтга бориб нима қиласизлар?” Биз отишни ўрганиб олганимизни айтдик… “Қаерда?.. Қандай қилиб?.. Ярадорларнинг яраларини боғлаш ҳам қўлингиздан келадими?” Ҳарбий бўлим қошидаги тўгаракда туман шифокори бизга яраларни боғлашни ўргатганди. Бизнинг қўлимиздан анча иш келарди, қолаверса, ёлғиз ўзимиз эмас, яна қирқ киши бор, ҳаммамизнинг қўлимиздан ўқ отиш ҳам, дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш ҳам келади, деб айтдик. “Майли, ҳозирча сабр қилинглар. Сизларнинг масалангиз ижобий ҳал қилинади”. Ҳақиқатан ҳам, орадан икки кун ўтгач, фронтга йўлланма олдик…
Дарҳол ҳарбий бўлимга келдик, бизни бир эшикдан киритиб, бошқасидан чиқаришди: чиройли ўрилган сочимни ҳамиша кўз-кўз қилардим. Ташқарига чиққанимда сочим калта қирқилганди… Кўйлакни ҳам гимнастёркага алмаштирдик. Кўйлагимни ҳам, кокилларимни ҳам онамга беришга улгурмадим… Онам сендан нимадир эсдалик бўлиб қолсин, деб жуда ўтинганди… Эгнимизга гимнастёрка, бошимизга пилотка кийдиришди-да, қўлимизга йўл тўрвасини тутқазиб, юк поездига ўтқазишди…
Бизни қайси қисмга қўшишларини ҳам, қаерга юборишларини ҳам билмасдик. Айнан нима қилишимизнинг деярли аҳамияти йўқ эди. Фақат фронтда бўлсак, бас. Барча жанг қилаётир – биз ҳам жанг қиламиз. Шчелково станцияга етиб келдик, унинг яқинида аёллар мерганлик мактаби бор экан. Бизни шу мактабга жойлаштиришди.
Ўқиш бошланди. Гарнизон хизмати, интизом низоми, ниқобланиш, кимёвий ҳимояланиш каби низомларни ўргандик. Барча қизлар астойдил ғайрат қилишди. Мерганлар милтиғини кўзимизни юмиб қисмларга ажратиб, яна йиғишни ўзлаштирдик, шамолнинг тезлигини, нишоннинг ҳаракатланишини, нишонгача масофани аниқлашни, ўра ковлашни, ер бағирлаб эмаклашни – барча-барчасини эплай оладиган бўлдик. Курсни тугатишда ўқ узиш ва сафда юриш имтиҳонларини “аъло” баҳоларга топширдим. Энг қийини, ҳеч эсимдан чиқмайди, “тревога” эълон қилинган заҳоти беш дақиқанинг ичида ўриндан туриб, тайёр ҳолда сафда туриш эди. Фурсатни бой бермаслик, тез тайёр бўлиш учун бир-икки ўлчам катта этик олардик. Баъзида ялангоёқ билан этикни кийиб олиб, сафга туриб олардик. Битта қизнинг оёғини совуқ уришига бир бахя қолган. Старшина билиб қолиб, дакки берган, кейин бизга пайтавани қандай ўрашни ўргатди. Бошимизда туриб олиб, ўшқирарди: “Фрицларнинг ўқларига учмаслик учун сизларни қандай ҳақиқий аскар қилиб тарбияласам экан-а?”
Ниҳоят, фронтга етиб келдик. Орша бўсағасидамиз… Олтмиш иккинчи ўқчи дивизия… Кечагидек ёдимда, командир полковник Бородкин бизга кўзи тушиб ранжиди: менга қизларни рўпара қилишибди-ю… Лекин кейин хонасига таклиф қилиб, тушлик билан сийлади. Ёнидаги адъютантига юзланди: “Чой билан ичиш учун ширинлик йўқми?” Энди биз ранжидик: бизни ким деб ўйлаяпти? Жанг қилиш учун келганмиз ахир… У бизга аскарлар эмас, қизлардек муомала қилаётганди. Ёшимизга кўра қизи қатори эдик. “Сизлар билан нима ҳам қилардим, қизалоқларим?” – у бизни шундай ҳафсаласизлик билан кутиб олди. Биз эса ўзимизни аллақачон жангчи ҳисоблай бошлагандик…
Эртасига биздан ўқ отиш, жойларда ниқобланишни амалда кўрсатиш талаб қилинди. Ҳатто эркак мерганлардан ҳам яхшироқ ўқ отдик, уларни фронтнинг олдинги маррасидан икки кунлик курсларга чақиришганди. Кейин эса жойларда ниқобланиш… Полковник келиб майдонни кўздан кечира бошлади ва дўмпайган жойнинг устига туриб олди – унинг кўзи ҳеч вақони пайқамасди. Дафъатан унинг оёғи остидаги дўнглик тилга кирди: “Вой, ўртоқ полковник, ортиқ чидай олмайман, жуда оғир экансиз”. Ҳамма баралла кулиб юборди. Шу даражада яхши ниқобланиш мумкинлигини полковник хаёлига ҳам келтирмаган экан. “Қизалоқлар деган сўзимни қайтариб оламан”, – деди у. Лекин ҳар сафар олдинги маррага отланганимизда изтиробга тушар, биздан хавотирланар, эҳтиёт бўлинглар, бўлар-бўлмасга таваккал қилаверманглар, деб тайинларди.
Биринчи марта “ов”га (мерганларда бу шундай аталади) чиқдик, шеригим Маша Козлова эди. Ер бағирлаб яшириндик, ётибмиз: мен кузатаяпман, Маша милтиғини шай ушлаб олган. Бирдан Маша менга деди:
– От, отсанг-чи! Немисни кўрмаяпсанми?..
Мен жавоб қайтардим:
– Мен кузатяпман. Ўзинг от!
– Ким отишини ҳал қилгунимизча, – дейди у, – немис ғойиб бўлади.
Мен эса эътироз билдираман:
– Аввал ўқ отиш харитасини тузишимиз, иморату, қайин қаерда жойлашганини аниқ билиб олишимиз керак…
Маша менга жаҳл қила бошлади.
– Сен мактабдагидек қоғозларни пеш қилмоқчимисан? Мен қоғозбозликка эмас, жанг қилиш учун келганман!
– Жанг қилиш учун келган бўлсанг, отмайсанми?
Иккаламиз гап талашаяпмиз. Бу орада немис офицери, ҳақиқатан ҳам аскарларга кўрсатмалар берарди. Арава келди, аскарлар қандайдир юкни қўлма-қўл узата бошлашди. Офицер эса бироз туриб, нимадир дегач, ғойиб бўлди. Биз эса тортишаяпмиз. Офицер яна икки марта кўринди, яна фурсатни бой берсак, уни қўлдан чиқаришимизни англадим. Учинчи бор пайдо бўлганда, – кўз очиб-юмгунча кўринар, яна ғойиб бўларди – отишга аҳд қилдим. Аҳд қилдиму кўнглимдан бир фикр кечди: душман бўлса ҳамки бу ахир одам… Кутилмаганда қўлларим қалтирай бошлади, бутун танам титраб, сесканиб кетдим. Қандайдир қўрқув… Ёғоч нишонлардан кўра тирик одамга қарата ўқ узиш қийин эди. Лекин ўзимни қўлга олиб, тепкини босдим… У қўлларини силкитиб йиқилди. Ўлдими-йўқми, билмайман. Бироқ баттар титрай бошладим, вужудимни аллақандай қўрқув қамраб олди: мен одам ўлдирдим…
Қайтиб келгач, бошдан кечирганларимни гапириб берганимдан кейин йиғилиш ўтказилди. Ёшлар етакчиси Клава Иванова зўр бериб менга уқтирарди: “Уларга раҳм қилиш керак эмас, нафратланиш керак…” Унинг отасини фашистлар ўлдирганди. Жўр бўлиб ашула айта бошласак, ялингансимон дерди: “Қизлар, ашула кўнгилга сиғмайди, аввал ғалаба қозонайлик, кейин истаганча куйлайверасизлар”.
Бир неча кундан кейин Мария Ивановна қўнғироқ қилиб, қуролдош дугонаси Клавдия Григорьевна Крохинанинг уйига таклиф қилди. Қизларнинг аскарга айланиши – ҳатто душманни ўлдириши осон кечмаганига оид ҳикояларга яна қулоқ тутаман.
Клавдия Григорьевна Крохина, катта сержант, мерган:
“Биз ётиб олдик, мен кузатаяпман. Битта немис бошини кўтарганини кўрдим. Тепкини босдим ва у йиқилди. Ишонсангиз, аъзойи баданим титрай бошлади. Йиғлаб юбордим. Нишонга бепарво ўқ узгандим, бу ерда эса наҳотки одам ўлдирган бўлсам?..
Кейин бу ўтиб кетди. Ўша воқеа шундай бўлган эди. Шарқий Пруссиянинг чоғроқ шаҳарчаси ичидан ўтиб борардик. Йўлнинг бўйида оддий иморатми-уйми, билиб бўлмасди, ёниб кул бўлган, фақат чўғлар қолганди. Ана шу чўғлар орасида одам суяклари, уларнинг орасида чўғланган юлдузчалар кўзга ташланарди, бу ерда бизнинг ярадорларимиз ёки асирларни ёқиб юборишганди… Шундан сўнг қанча душманни ўлдирмай, сира ҳам ачинмаганман. Ўзимизникиларнинг куйган устухонларини кўргач, ўзимизни қўлга ололмадик, фақат нафрат ва қасос олиш туйғуси бизни қамраб олганди.
…Урушдан сочларим оқариб қайтганман. Йигирма бир ёшдаману сочларим қордай оппоқ. Жароҳатим ҳам бор, контузия бўлгандим, бир қулоғим яхши эшитмасди. Онам бағрини катта очиб кутиб олди: “Соғ-омон қайтишингга ишонган эдим. Сени кечаю кундуз дуо қилдим”. Акам фронтда ҳалок бўпти. Онамнинг кўз ёшлари тинмасди:
– Энди қиз туғсанг ҳам, ўғил туғсанг ҳам, майли, туғсанг, бас. У-ку эркак эди, Ватанни ҳимоя қилиш унинг бурчи, сен ахир қиз боласан.
Мен фақат бир нарсани такрорлардим, ярадор бўлгандан кўра ўлганим яхши, ногирон аёл кимга ҳам керак?
Мен белорус эмасман, мени бу ёққа эрим олиб келган, асли Челябинск вилоятиданман, хуллас, бизда қандайдир кон ишлари олиб бориларди. Портлатиш ишлари асосан тунда бажариларди, портлатишлар бошланган ҳамоно мен ўрнимдан ирғиб туриб, шинелимга ёпишардим ва ўзимни дуч келган томонга урардим. Онам мени тутиб олиб, бағрига босар, ёш боладай овутарди.
Хона иссиқ, лекин Мария Ивановна оғир мовут рўмолга ўраниб олган – эти увушмоқда эди. Суҳбатни у давом эттирди:
– Разведкачиларимиз немис офицерларидан бирини асир олишди ва у қўл остидаги кўплаб аскарлар ҳалок бўлганини, ҳаммаси бошидан яраланганини ажабланиб гапириб берди. Ғанимнинг бошини ҳамма ҳам нишонга олавермайди, деб таъкидлади. “Менинг шунча аскаримни ўлдирган мерганни кўрсатинглар, – деб илтимос қилди. – Талайгина қўшимча кучлар келганди, кунига ўнтадан аскаримдан айрилдим”. Полк командири эса шундай жавоб берди: “Афсуски, уни кўрсата олмайман, бу мерган қизнинг иши, у ҳалок бўлди”. Бу Саша Шляхова эди. У мерганларнинг ўзаро отишувида ҳалок бўлди. Қизил шарфи бечоранинг бошига етди. Бу шарфни у жуда яхши кўрарди. Қизил шарф эса қорда яққол кўзга ташланади. Немис офицери бу мерган қизнинг иши эканини эшитгач, бошини эгиб нима дейишни ҳам билмай қолди…
Биз жуфт-жуфт бўлиб “овга” чиқардик, тонг қоронғисидан шомгача, якка одамга қийин, кўзлар ёшлана бошлайди, қўллар толиқади, диққат билан тикилаверганингдан бутун тананг увушиб қолади. Қишда айниқса оғир. Бағрингни бериб ётганингдан остингдаги қор эрий бошлайди. Тонг ғира-шира ёришгани ҳамон қисмдан чиқиб, шом тушганда қайтардик. Ўн икки соатлаб, ҳатто ундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида қорда ётардик ёки дарахтларнинг устига, бирон иморат ё вайрона уйнинг томига чиқиб олиб, душман қаерда эканимизни пайқамаслиги учун беркиниб олганча кузатардик. Имкон борича яқинроқ жойлашишга ҳаракат қилардик: немислар жойлашган траншеяларгача бўлган масофа етти юз, саккиз юз, баъзида беш юз метрча бўларди.
Қаердан бунчалар журъатли бўлганимизни ўзим ҳам билмайман. Аёл зоти ҳеч аскар бўлмасин-да. Сизга бир воқеани айтиб бераман…
Биз ҳужумга ўтдик, шиддат билан олға борардик. Ҳужум қилатуриб ҳолдан тойдик, таъминот ортда қолиб кетди: ўқ-дорилар тугади, озиқ-овқат ҳам соб бўлди, дала ошхонамиз ҳам снаряд тегиб ишдан чиқди. Уч кундирки, қотган нон билан қаноатланамиз, тилларимиз шилиниб кетганидан калимага келмайди. Менинг шеригим ҳалок бўлди, мен янги шеригим билан олдинга интилардим. Дафъатан “бетараф” майдонда тойчоққа кўзимиз тушди. Шунақа бежиримки, думи момиқдай… Гўё ҳеч қандай хавф-хатар йўқдай, уруш бўлмаётгандай яйраб юрибди. Уни кўриб немислар ҳам безовта бўлиб қолишди. Бизнинг аскарларимиз ҳам аттанг, дегандай ўзаро гап қотишарди:
– Қочиб кетади. Мазали шўрва бўларди-да…
– Бу жойдан автоматнинг ўқи етмайди…
Улар бизни кўриб қолишди.
– Мерганлар келишаяпти. Ҳозир боплашади… Қани, қизлар!..
Нима қиламиз? Мен ўйлашга ҳам улгурмадим. Нишонга олиб ўқ уздим. Тойчоқнинг оёқлари букилиб, ерга қулади. Ингичка кишнаганини шамол олиб келди.
Ниҳоят, ўзимга келдим: нима қилиб қўйдим? Шундай чиройли тойчоқни ўлдирдим, қозонга тиқдим! Ортимда кимдир пиқиллаётганини эшитдим. Ўгирилсам, янги шеригим.
– Сенга нима бўлди? – деб сўрадим.
– Бечора тойчоқ… – икки кўзи тўла ёш.
– Вой, сендай раҳмдилдан ўргилдим! Биз уч кундан буён очмиз. Ҳали ҳеч ким билан видолашганинг йўқ, барча қурол-аслаҳа билан, бунинг устига очдан-оч кунига ўттиз километрлаб масофани кўрдим демай босиб ўтмагансан, шунинг учун раҳминг келяпти. Олдин фрицларни қувиб чиқаришимиз керак, ундан кейин кўнгилга келганини қилаверамиз…
Аскарларга назар ташлайман, ҳозиргина мени қутқулаб, қичқириб, илтимос қилишаётганди. Ҳеч ким мен томонга қарамайди, эътибор ҳам бермайди, ҳамма ўз иши билан банд. Ўз ҳолимга ташлаб қўйишгандай. Ўтириб йиғлай бошласам ҳам парво қилишмайдигандай. Гўё мен ўта шафқатсиз кимсаману дуч келган жонзотни ўлдириш менга чўт эмасдай. Мен эса болалигимдан жонзотларни яхши кўрардим. Бошланғич синфларда ўқиб юрганимда сигиримиз касал бўлиб қолди, кейин уни сўйишди. Мен икки кун йиғлаганман. Шунчалар йиғлаганманки, ҳатто бирон кор-ҳол бўлмасин, деб онам хавотирга тушиб қолган. Бу ерда эса ҳимоясиз тойга қарата ўқ уздим.
Шомда кечки овқат келтиришди. Ошпазларнинг тилидан бол томади: “Яшавор, мерган… Бугун ниҳоят гўштли овқат пиширдик…” Олдимизга товоқларни қўйиб чиқиб кетишди. Қизлар эса мум тишлагандай жим ўтиришар, ҳеч ким овқатга қўл узатмасди. Мен ҳаммасини тушуниб, кўзимга ёш олиб ертўладан чиқдим… Қизлар ортимдан эргашиб, ҳаммаси менга таскин бера бошлади. Ниҳоят, ҳамма қўлига қошиқ олиб, овқатланишга киришди… Шунақаси ҳам бўлган…
Тунда, албатта, гаплашиб ётамиз. Нималар ҳақида дейсизми? Албатта ҳар ким ўз уйи, онаси ҳақида гапирарди, кимдир жанг қилаётган отаси ёки акасини эсларди. Урушдан кейин нима иш қилишимиз ҳақида ҳам суҳбатлашардик. Қандай турмушга чиқамиз, эримизга хуш ёқармиканмиз? Капитанимиз эса ҳазиллашарди:
– Эҳ, қизлар-эй! Бир-бирингиздан қолишмайсиз, лекин урушдан кейин ҳамма ҳам сизларга уйланавермайди. Чунки жуда мергансизлар, ҳатто ликоп билан манглайни аниқ нишонга олиб, ўлдириб қўйишингиз ҳеч гап эмас.
Мен эримни урушда учратганман, битта полкда бўлганмиз. У икки марта яраланган, контузия бўлган. Урушда бошдан-охиргача қатнашган, бир умр ҳарбий бўлган. Асабим таранг эканини унга тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Баланд овоз билан гапира бошласам ёки эътибор бермайди, ё сукут сақлайди. Ўттиз йилдан буён бирга яшаймиз, орамиздан қил ҳам ўтмайди. Икки фарзандни вояга етказдик, олий маълумотли қилдик.
Сизга яна нималарни сўзлаб берсам экан… Урушдан кейин Москвага қайтиб келдим. Москвадан бизнинг уйимизгача аввал машинада, кейин эса пиёда бир неча километр йўл босиш керак. У ерларда ҳозир метро қатнайди, илгари эса олчазор боғлар, чуқур жарликлар бўларди. Битта жарлик жуда катта бўлиб, ундан ўтишим керак эди. Бу ерга етиб келгунча қоронғи тушиб қолди. Табиийки, мен жарликдан ўтгани қўрқдим. Нима қилишни билмай туриб қолдим: ортимга қайтиб тонг отишини кутайми ёки юрак ютиб жарликдан ўтайми? Ҳозир ўйласам, кулгим қистайди – бутун фронтни босиб ўтдим, нималарни кўрмадим: неча марта ўлим билан юзма-юз келдим, бошқа даҳшатлар гувоҳи бўлдим, бу ерда эса жарликдан ўтишга юрагим дов бермаяпти. Маълум бўлишича, уруш сийратимизни ўзгартира олмабди. Германиядан уйга қайтар эканмиз, вагонда кимнингдир йўл халтасидан сичқон сакраб чиқди, вагондаги қизларнинг ҳаммаси типирчилаб қолди, юқори ўриндиқдаги қизлар ҳам полга учиб тушдилар. Биз билан бирга келаётган капитан эса ўз кўзига ишонгиси келмасди: “Ҳар бирингизнинг кўксингизни орден-медаллар безаб турибдию, сичқондан қўрқасизлар-а”.
Бахтимга юк машинаси яқинлашиб кела бошлади. Қўлимни кўтарган эдим, машина тўхтади.
– Мени Дьяковскийга ташлаб ўтмайсизми? – деб илтимос қилдим.
– Мен ҳам Дьяковскийгача бораман, – деб кулди ҳайдовчи йигит.
Мен ҳайдовчининг ёнига жойлашдим, йигитча жомадонимни машина кузовига ташлади ва биз йўлга тушдик. Эгнимдаги ҳарбий либос, кўксимдаги нишонларга кўзи тушди. Қизиқиб савол берди:
– Қанча немисни ер тишлатдинг?
Мен хотиржам жавоб бердим:
– Етмиш бешта.
У эса бироз истеҳзо билан:
– Алдама, балки биттасини ҳам кўрмагандирсан?
Мен дафъатан уни таниб қолдим:
– Колька Чижов? Сенмисан? Сенга галстук таққаним эсингдами?
Урушдан олдин мактабда бир муддат кашшофлар етакчиси бўлгандим.
– Маруська, наҳотки сен?
– Менман…
– Ростданми? – машина тормозини босди.
– Уйимгача элтиб қўймайсанми, нима учун ярим йўлда тормозни босаяпсан? – Кўзимда ёш ўйнайди, қарасам, унинг ҳам кўзларида ёш. Антиқа учрашув!
Бизнинг уйга етиб келдик, у жомадонимни олиб, онамнинг қошига югурди:
– Чиқақолинг, қизингизни олиб келдим!
Қайтиб келганимиздан кейин ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келди. Фронтда уч йил фақат этик кийганмиз, яна туфлида юришни ўргандик. Белимизда қайиш, хипча қоматимиз ҳамиша тик, кўйлагимиз қопдай осилиб тургандай, ўзингни ноқулай сезасан. Фронтда юбка кийишни хаёлимизга ҳам келтирмасдик, шим кийишга ўрганиб қолгандик, кечқурун ювиб, остимизга тўшаб ётардик, эрталаб дазмоллангандай текис бўлиб қоларди. Тўғри, тўла қуримас эди, шунинг учун совуққа чиқсак, қиров билан қопланарди. Уйда эса туфли ва кўйлакда кўчага чиқасан, офицерни учратиб қолсанг, беихтиёр, қўлингни чаккангга қўйиб ҳарбийчасига саломлашишга чоғланасан. Урушда ҳеч нарса сотиб олмасликка ҳам ўрганиб қолгандик, бу ерда дўкондан керагича нон олиб, ҳақини тўлашни унутасан. Сотувчи таниб қолган эмасми, ҳаммасини тушуниб, андиша қилиб индамай қўя қолади, сен эса ноннинг пулини тўламай чиқиб кетасан. Кейин эсингга тушиб хижолат бўласан, эртасига келиб кечирим сўрайсан, яна нимадир харид қилиб, бир йўла барчасининг ҳақини тўлайсан. Сотувчилар биздан ранжимас, гап нимада эканини билишарди…”
Суҳбатдошим хаёлга толади. Бу ўринда ҳар қандай савол ортиқча.
“…Яна эсимда қолган. Қулоқ солинг. Уруш жуда узоқ давом этди… Бироқ қушларни ҳам, гулларни ҳам эслай олмайман. Улар, албатта, бўлган, лекин ҳеч бири ёдимда қолмаган. Ана шунақа… Ғалати-а?..
Биз фақат яқинда, саккиз йил аввал дугонамиз Машенька Алхимовани топдик. Артиллерия дивизиясининг командири жангда жароҳатланади, Маша эса уни қутқариш учун эмаклаб кетади. Ёнгинасида снаряд портлайди. Командир ҳалок бўлади, Маша эса иккала оёғидан ажрайди. Уни медсанбатга элтар эканмиз, ялинарди: “Қизлар, мени отиб ташланглар… Бу аҳволда кимга керагим бор?..” Шунчалар ўтиндики… Уни госпиталга жўнатишди, биз эса ҳужумни давом эттирдик. Шу асно унинг изини йўқотдик. Биз унинг қаерда эканию, тақдири қандай кечганини билмасдик. Қаерга мурожаат қилсак ҳам аниқ жавоб топа олмадик. Бизга Москва шаҳридаги 73-мактабнинг изқуварлари ёрдам беришди. Улар Машани ногиронлар уйидан топишди. Маша ўтган йиллар мобайнида турли госпиталларда даволанган, ўнлаб жарроҳлик муолажаларини бошдан кечирибди. Тирик эканини онасига билдирмаган… Тасаввур қилаяпсизми? Мана сизга уруш… Биз уни ўзимизнинг учрашувга олиб келдик. У раёсатда ўтирганча йиғларди. Кейин уни онаси билан учраштирдик. Улар орадан ўттиз йил ўтгандан кейин учрашди…
Уруш ҳозир ҳам тушларимизга кириб чиқади. Кўзингни очасану тирик эканингга ишонмайсан… Ҳеч эслагим келмайди…”
Эски мовут рўмолга ўралиб олган муштдеккина бу аёлнинг кўнглидан кечаётган изтиробларни ҳис қиламан. “Қизалоғим…” дея илиқ кафтини узатиб мен билан хайрлашади.
Мен яна йўлга тушаман. Тамомила ўзгариб қолгандайман. Қуйидаги сўзларни эслаб, юрагим увушади: “Урушдан омон келганинг билан руҳан бемор бўлиб қоласан. Энди ўйлайман: оёғим ёки қўлимдан яраланганим маъқул эди, ҳар ҳолда бирон жойим симиллаб бўлса ҳам оғриган бўларди. Руҳий хасталикнинг эса давоси йўқдай… Биз ахир урушга жуда ёш кетганмиз… Эндигина раста бўлган қизлар… Уруш йиллари мобайнида эса ҳатто вояга етдик…”
Кимлардир урушдан қайтмади, эвоҳ,
Қисмат қаҳри қаттиқ, менда йўқ гуноҳ.
Кимдир ёши катта, кимдир навқирон –
Мангуга кўз юмган, балки бўлсам мард
Улар менга ҳозир бўларди ҳамдард, –
То абад юракни ўртар шу армон…
Александр Твардовский эътироф этганидек, менинг юрагимни ҳам армон ўртайди. Бинобарин, фронтда қатнашган қизларни излайман, уларнинг ҳикояларини дафтарларга, магнитофон кассеталарига ёзиб олавераман, улар билан бирга изтироб чекиш асносида умид билан яшайман. Ишонч билан кун кечираман. Менинг нигоҳим қаршисида яна бир уруш намоён бўлаётир: биз уруш ҳақида кўп нарсаларни биламиз ва биз уруш ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.
“Қизлар, бироз улғайинглар… Ҳали жуда ёшсизлар…”
Магнитофон лентасидан ёзиб олинган саҳифаларни варақлайман, хатларни ўқиб, тасаввур қилишга интиламан: қирқ биринчи йилда чекинаётган қисмлар билан бирга кетган, ҳарбий бўлинмаларнинг остонасига ётиб олган, гоҳида рост, гоҳида болаларча ёлғон сўзлаб, ўзларини икки-уч ёш катта қилиб кўрсатганча, фронтга талпинган бу қизлар аслида кимлар? Уларнинг ўзлари оддий мактаб ўқувчиси, толибалар бўлганмиз, деб эслашади. Лекин олам бир кундаёқ улар учун иккига бўлинди: бири, куни кеча рўй берган воқеалар: мактабдаги сўнгги қўнғироқ, битирув оқшомида кийилган янги кўйлак, таътиллар, қишлоқ касалхонаси ёки мактабдаги талабалик амалиёти, биринчи муҳаббат, келажак орзулари… Ва уруш. Уруш уларга сира танлаш имкониятини қолдирмади. Улар ҳеч иккиланмай фронтга отландилар.
Менинг бошимга ҳам шундай қисмат тушганда нима қилардим, деб ўзимга савол бераман. Қадрдон китобларим, пластинкалар, айни палла нур сочаётган стол чироғининг ҳарорати кўзимга ўзгача кўринади, девор ортида куймаланаётган онамнинг меҳрини беихтиёр ҳис қиламан… Барчасидан бир йўла воз кечиш осонми? Қирқ биринчи йилнинг қизлари шижоат билан фронтга отланганига шубҳа қилмайман, бироқ… Ёшим анча улғайганига қарамасдан қатъий қарорга келишга шошилмайман…
Москвалик оддий аскар, алоқачи Зинаида Ивановна Пальшинанинг хатидан: “…Мен фронтга кўнгилли бўлиб кетганман. Қандай бош тортиш мумкин? Ўзгача бўлиши мумкин эмасди. Ҳамма ғайрат камарини маҳкам боғлаганди… Фақат фронтга… Бошқа ният бўлмаган…”
Таътил вақтида Железноводскда дам олганимда (бошлаган ишим билан ҳамма жойда шуғулланардим), ҳеч кутилмаганда оддий аскар, санитарка Наталья Ивановна Сергеева билан танишдим. Ажойиб оиласи ҳақида шундай ҳикоя қилганди: “Оилада саккиз фарзанд эдик, дастлабки тўрт фарзанднинг ҳаммаси қизлар, мен – энг каттаси. Уруш давом этаяпти, душман Москва остоналарига келиб қолган… Отам бир куни ишдан келиб кўзида ёш билан деди: “Илк кўз очиб кўрган фарзандларим қизлар, деб бир пайтлар жуда хурсанд бўлганман… Бўлажак келинлар деб… Энди эса ҳар бир оиладан кимдир фронтга кетаяпти, биздан урушга борадиган одамнинг ўзи йўқ… Кексайиб қолганим учун мени олишмаяпти, қизлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, ўғилларим ҳали ёш…” Бу оиламиз аъзоларини жиддий ташвишлантирган.
Ниҳоят, тиббиёт ҳамширалари курслари очилди, отам мен билан синглимни у ерга бошлаб борди. Унинг айтган сўзлари ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Мен ғалаба учун бор-будимни – қизларимни олиб келдим”.
Бундай воқеалар кўп бўлган. Сивашск шаҳридан кичик сержант, алоқачи Антонина Максимовна Князевадан келган хатда шундай сатрлар бор: “Бизнинг онамиз ўғил кўрмаган, бешта қиз вояга етардик. Онам бизни олиб Сталинградга бош олиб кетишга мажбур бўлди. Сталинград қамал қилинганда эса биз кўнгилли бўлиб фронтга жўнадик. Ҳаммамиз йўл олдик… Бутун оила: онам билан бирга бешала қиз, отам аллақачон жанг қиларди…”
Оналарга хос бундай жасоратдан ҳам юксак олийжаноблик бормикан? Фақат ким она қалбига назар солиб, унинг кўнглидан нималар кечаётганини била олади?
“Бизнинг ҳарбий бўлимга бориб, фронтга жўнатишларини илтимос қиламиз, деган битта истагимиз бўлган, – деб эслайди Минск шаҳридан сержант, йўл ҳаракатини тартибга солувчи Татьяна Ефимовна Семёнова. – Ҳарбий бўлимга келдик, у ердагилар эса шундай дейишди: “Қизлар, бироз улғайинглар. Ҳали жуда ёшсизлар”. Ўн олти, ўн етти ёшда эдик-да… Лекин қатъий туриб олдим ва мени олишди. Дугонам билан мерганлар мактабида ўқимоқчи эдик, бизга бошқа иш таклиф қилишди: “Йўл ҳаракатини тартибга солувчи бўласизлар, сизларни ўқитишга вақт йўқ”. Бизни олиб ўтишларини онам бир неча кун станцияда пойлаган. Вагон томон юраётганимизни кўргани ҳамоно менга ширинлик, ўнтача тухум тутқазди-ю, ҳушидан кетиб йиқилди…”
Гарчи кўплаб оналар ҳақида, гарчи ҳар ким ўз онаси ҳақида сўзласа ҳам, гўё ҳамма битта она ҳақида гапираётгандай.
Капитан, шифокор Ефросинья Григорьевна Бреус хотираларидан:
“…Оиламизда тўртта қиз эдик. Фақат мен фронтда бўлганман. Менинг қизим фронтда, Ватанни ҳимоя қиляпти, дея отам жуда хурсанд эди. Отам ҳарбий бўлимга эрта тонгда йўл олган. Бутун қишлоқ аҳли кўриши, унинг қизи фронтда эканидан хабардор бўлиши учун атайлаб эрта тонгда гувоҳномамни олишга борган”.
Жарроҳлик ҳамшираси Лилия Михайловна Будко ҳикоя қилади:
“Урушнинг дастлабки куни… Кечқурун рақс тушгани чиққанмиз. Ўн олти ёшдамиз. Ҳаммамиз бирга юрардик, олдин кимнидир, кейин эса бошқа бировни биргаликда кузатамиз. Ҳеч ким жуфт-жуфт бўлиб юришни ҳали одат қилмаганди. Олти йигитча ва олти қизалоқ ҳамиша бирга эдик.
Рақс тушганимиздан сўнг бизни кузатиб қўядиган танкчилар билим юртининг курсантларини икки кундан кейиноқ оёқ-қўллари боғланган, ногирон ҳолда олиб келишди. Бу даҳшат эди. Агар кимдир ҳиринглаганини эшитсам, сира кечира олмасдим. Ахир даҳшатли уруш кетаётган бир пайтда қандай қилиб бемалол кулиш, нимадандир мамнун бўлиш мумкин?
Кўп ўтмай отам кўнгилли бўлиб кетди. Уйда ёш укаларим билан қолдим. Уларнинг каттаси ўттиз тўртинчи, кичиги эса ўттиз саккизинчи йилда туғилганди. Ва мен онамга фронтга кетаман, деб айтдим…”
Лейтенант, кичик техник Евдокия Петровна Муравьева:
“Уруш бошланишидан олдин алоқа техникумини тугатгандим. Кичик техник унвонини беришди. Ва мен дарҳол жанг қилиш учун чоғландим. Уруш, албатта, аёлларнинг иши эмас. Лекин биз жанг майдонларида керак эдик. Онам жангга кузатар экан, кўз ёшларини тия олмади, лекин ўзим ҳам шундай қилган бўлардим, деб айтди. Онам ана шундай ажойиб аёл эди…”
Урушдан кейин “Шуҳрат” ордени кавалери бўлган, санинструктор Полина Семёновна Ноздрачева ҳикоя қилади:
“…Биз бўйимизга қараб саф тортдик, мен сафнинг охиридаман. Командир одимлаб кўздан кечирмоқда. Менга юзланди:
– Бу яна қанақа Дюймовочка? Сен нима қилмоқчисан-а? Балки онангнинг бағрига қайтиб бироз улғаярсан?
Мен эса аллақачон онамдан жудо бўлгандим…”
Кишиневда лейтенант, ўқчилар бўғинининг командири, эндиликда шаҳар кутубхоналаридан бирида мудира бўлиб ишлаётган Анна Степановна Маврешко билан учрашдим:
“Командир мендан сўради:
– Сен ким бўлишни хоҳлайсан?
– Офицер бўлишни!
Мени Смоленск артиллерия билим юртига юборишди. Барча имтиҳонларни топширдим. Билим юртининг бошлиғи ҳузурига чақирди:
– Имтиҳонлардан ўтдингиз, лекин сизни билим юртига қабул қила олмаймиз.
– Нима учун?
– Шўро артиллерияси тарихида ҳали бундай воқеа бўлган эмас.
– Илгари бўлмаган бўлса, энди бўлади. Бу ердан мен фақат фронтга жўнайман. Ва фақат офицер бўлиб кетаман… Ҳатто уйимдагиларга ҳам шундай деб ёзиб юбордим…
Ҳамиша йигитлардек кийиниб юрардим. Қизлар ҳатто ишқий мактублар ёзишарди. Лекин билим юртини тугатдим…”
Вильнюсдан Моника Казимировна Тринкунайтедан мактуб келди:
“Менинг мусиқа тинглаш қобилиятим жуда яхши эди. Онам мен билан фахрланарди. Уруш бошланганда бу қобилиятим фронтда қўл келади, алоқачи бўламан, деб қарор қилдим…”
Зоя Ивановна Шаврук, ефрейтор, телефон алоқачиси:
“Ёлғон гапиришимга тўғри келган. Фақат йигирма бешинчи йилда туғилганларни фронтга олишарди, мен эса йигирма еттинчи йилда туғилганман. Ёшимга икки йил қўшиб, йигирма бешинчи йилда туғилганман, деб туриб олдим. Ишонишди, бўйим новчагина эди-да. Онамга, албатта, тўғрисини айтмадим. Фақат ҳарбий бўлимга борганимни ва мени Брянскка ишга жўнатишаётганини айтдим. Ҳарбий қисмга етиб келгандан кейин ҳаммасини очиқ ёзиб юбордим. Фронтдан эса мени қайтариб келишнинг иложи йўқ…”
Эстен Борисовна Кожемятникова, ефрейтор, фельдшер:
“Отам фуқаролар урушида қатнашган, бўлинма командири бўлган. Онам ҳамиша унинг ёнида бўлган. Онам – меҳр-шафқат ҳамшираси. Урушдан олдин “Комсомольская правда” газетасида бизнинг оиламиз ҳақида мақола чиққан.
Уруш пайтида ўқиш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Мен институтни ташлаб кетдим. Ёлғиз мен шундай қилганим йўқ. Имтиҳон топшириш ҳам кўнглимизга сиғмади. Биз жангларда қатнашишимиз керак, шифокорлар энг аввало фронтга йўл олишлари лозим, деб ҳисоблардик.
Лекин бизни Пятигорск шаҳрига эвакуация қилишди. Менда тиббиёт институтининг учинчи босқичида ўқиётганимни тасдиқлайдиган маълумотнома бор эди. Биз фақат учинчи босқични тугатгандан кейин дастлабки шифокорлик амалиёти билан шуғулланишимиз керак эди. Пятигорскдаги госпиталда дафъатан ишни бошлаб юбордим – бир юз қирқта оғир ярадорга хизмат кўрсатардим.
Кўп қон йўқотган ярадорларга қон етишмасди. Бизни бир столга, ёнимиздаги столга эса ярадорни ётқизишарди. Тўғридан-тўғри қон қуйиларди… Бир йўла тўрт юз грамм қон қуйиш керак… Ўрнимиздан тургач, икки стакан какао билан бир бўлак оқ нон беришарди. Қоринни бироз тўқлаб, яна ишга киришардик. Бир гал какаони ичиб, нон бўлагини еб олдим ва ўрнимдан туришим билан бошим гир-гир айланиб кетди. Кечаю кундуз ухламасдик…
Лекин бу барибир фронт эмасди. Мен эса фронтда бўлишни истардим. Отам билан онамга ўхшаб жангда қатнашсам дердим. Менда ота-онамнинг чарм куртка кийиб тушган жанговар сурати бор. Улар ҳеч кимга ўхшамасди. Айтганимдай, иккаласи ҳам фуқаролар урушида тўлиқ иштирок этишган. Мен ҳам ўша уруш йиллари туғилганман. Битта урушда туғилиб, иккинчиси бошланиши арафасида вояга етганман…”
Софья Михайловна Кригель, катта сержант, мерган:
“Қирқ учинчи йилнинг декабрида бизнинг кабель ротамизни тарқатиб юборишди. Барча қизларни уйларига жўнатишди, лекин мен Москва яқинида мерганлар мактаби борлигидан хабар топдим. Мени ҳам суҳбатга чақиришганда, уйимга қайтмайман, қўлимга қурол олиб, фронтнинг олдинги маррасида жанг қиламан, дедим. Менга бўлак ҳеч вақо керак эмас. Телефон ўз йўлига. Қўлимда қурол билан ўзим қасос олишим керак. Яқин кишиларимдан ҳеч ким қолмаганини билардим. Онам ҳам нобуд бўлганди…
Мени мерганлар мактабига юборишди, уни “аъло” баҳолар билан тугатдим. Эртасигаёқ мени ҳам фронтга жўнатинглар, деб илтимос қилдим, чунки ҳаммани жўнатиб, мени инструктор сифатида мактабда олиб қолишмоқчи эдилар. Бундай фикр эса менинг хаёлимга ҳам келгани йўқ…”
Евгения Сергеевна Сапронова, гвардия сержанти, авиамеханик, ўзи туғилиб ўсган Елец шаҳридан фронтга кетган. Ушбу воқеа бир умр унинг хотирасида қолган:
“Мен онамдан фақат йиғламанг, деб ўтиндим. Тун бўлмаса ҳам ғира-шира эди, оналарнинг оҳ-воҳига чидаб бўлмасди. Ўз қизларини кузатаётган оналар наинки йиғларди, балки росмана фарёд соларди. Лекин менинг онам йиғламас, ҳайкалдай қотиб турарди. Менга ачинмаган дейсизми? Нима бўлса ҳам тишини-тишига босиб турар, назаримда менинг ҳам росмана йиғлаб юборишимдан хавотир оларди. Мен онамнинг арзандаси, жуда эркатой эдим. Эркатой қизалоқнинг бошини ўғил бола каби қиртишлаб, пешонамда бир тутам соч қолдиришди. Отам ҳам, онам ҳам рухсат бермаганига қарамасдан фақат фронтга кетиш фикру зикри билан яшардим. Ҳозир музейларда сақланиб қолган “Она Ватан чорлайди!”, “Сен фронт учун нима иш қилдинг?” каби шиорлар менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Фронт ортида ёши ўтган аёллар қолса ҳам бўлади, мен фронтга жўнашим керак, деб аҳд қилгандим.
Урушнинг охирига бориб бутун оиламиз жанг қилди ҳисоби. Отам, онам, синглим – улар темирйўлда меҳнат қилишарди. Улар фронт билан изма-из юриб, темирйўлларни тиклар эдилар. Отам, онам, синглим ва мен – барчамиз “Ғалаба учун” медали билан тақдирланганмиз…”
Ставраполь ўлкасидан сержант, ҳамшира Ольга Митрофановна Ружицкаядан мактуб келди: “Фронтга жўнаганимда ҳаво жуда яхши эди. Чиннидай тоза ҳаво, майдалаб ёмғир томчилайди. Гўзал манзара… Эрталаб чиқиб туриб қолдим: наҳотки ортиқ бу ерга қайтиб келмасам? Онам йиғлар, мени бағрига босганча қўйиб юбормасди. Бироз юрсам, етиб оларди-да, яна бағрига босарди… Мен эса ҳалок бўлмаслигимга, қайтиб келишимга ишонардим. Нега ҳалок бўлар эканман? Ким мени ўлдиради, қаерлардадир қолиб кетаманми?..”
Уларнинг ҳар бири фронтга ўзига хос тарзда йўл олган. Лекин ягона мақсад – Ватан ҳимоясига отланган. Вазифа ҳам ягона – Ватанни халос қилиш эди.
Уларнинг фикр-мулоҳазаларига қўшиб-чатишнинг ҳожати йўқ. Келинг, ҳикоя қилишни ўзларига қўйиб берайлик…
Галина Дмитриевна Запольская қуролли кучлар сафида телефон алоқачиси бўлиб хизмат қилаётганда уруш бошланган. Уларнинг ҳарбий қисми Борисовада эди, дастлабки ҳафталардаёқ уруш алангаси у ерни ҳам қоплаб олган. Ота-онаси яқин атрофда яшагани учун улар билан осойишта жойларга кўчиб кетиши мумкин эди. У эса дугоналари каби бошқача йўл тутди.
“Борисовадан, – деб ҳикоя қилади Галина Дмитриевна, – ҳарбий қисм таркибида Могилевга чекиндик. Немислар шаҳарни, айниқса, аэродромни бомбардимон қилишарди. Биз шу аэродромда алоқани йўлга қўйиш билан банд эдик. Кечаю кундуз бомба ёғдиришади. Қўшинлар чекинмоқда…
Алоқа хизмати бошлиғи барчамизни сафга тизди. Биз аскар эмасдик, ҳарбий хизматда ҳисобланмасдик, эркин ёлланган хизматчилар эдик. Бошлиқ бизга қарата деди:
– Қизлар, беомон уруш бошланди. Урушда айниқса сизларга қийин бўлади. Ким хоҳласа, фурсатни бой бермай уйга қайтиши мумкин. Ким фронтда қолишни истаса, бир қадам олдинга чиқсин…
Барча қизлар келишиб олгандай бир қадам олдинга ташладик. Йигирматамиз. Барчамиз Ватанни ҳимоя қилишга тайёр эдик.
Куну тун тиним билмасдик. Аскарлар овқатни товоқларда аппаратларимиз олдига олиб келишар, овқатланиб, аппаратларнинг ёнида бироз мизғиб олиб, яна ишга киришардик. Ҳатто бош ювишга ҳам қўлимиз тегмасди, охир-оқибат: “Узун сочларимни кесиб ташланглар”, – деб қизлардан илтимос қилдим…”
Оренбург вилоятининг Бузулук шаҳрига урушнинг қадами етмаган бўлса ҳам Леночка Яковлева урушга юборишларини илтимос қила бошлади. “Сени ҳали Лена деб эмас, росмана ёш қизалоқдай Леночка деб чақиришади, сен эса фронтга юборинглар, деб илтимос қилаяпсан. Онангга раҳм қилсанг бўларди…” – дея уни фикрини қайтармоқчи бўларди қўшни аёллар.
Лекин шижоатли бу қизларни ким ҳам фикридан қайтара оларди? Дарвоқе, Юлия Друнинанинг шеъри ёдингиздами:
Вагонга кўчдим мен болалигимдан,
Лашкар, санитарлар каби соддадил.
Гоҳи қулоқ тутдим портлашларга ҳам,
Барига кўниккан қирқ биринчи йил.
Мактабдан келдим мен зах ўраларга,
Дарғазаб аскарлар нималар демас.
Зотан, тополмадим жумлажаҳонда
“Россия” сингари сўзни, муқаддас.
Старшина, ҳамшира Елена Павловна Яковлева ҳикоя қилади:
“…Неча қайта мурожаат қилганимиз эсимда йўқ, хуллас, навбатдаги гал келганимизда ҳарбий бўлим бошлиғи бизни сал бўлмаса қувибсолаёзди: “Лоақал биронта ҳунарингиз бўлса эди. Ҳамширами, ҳайдовчими… Қани, қандай ишнинг уддасидан чиқа оласиз? Урушда нима қилиб бера оласиз?..” Биз одамлар ишлашига халақит бераётганимизни билмасдик. Нима иш қиламиз, деган савол олдимизда кўндаланг бўлмаган. Фақат жанг қилишни истардик. Жанг қилиш ҳам муайян ишни уддалаш эканини англамасдик. Бошлиқнинг саволидан кейин саросимада қолдик.
Бир неча қизлар билан ҳамширалар тайёрлаш курсига йўл олдик. У ерда бизга олти ой ўқишингиз керак, деб айтишди. Йўқ, бу тўғри келмайди, олти ойгача сабримиз чидамайди, деган хулосага келдик. Лекин уч ойлик курслар ҳам бор экан. Уч ой ҳам бизга узоқ муддат туюлди. Лекин бу курсда ўқиётганлар таълимни тугатиш арафасида экан. Биздан ҳам имтиҳон олишларини илтимос қилдик. Яна бир ойлик ўқиш қолганди. Тун бўйи госпиталда амалиётни ўтасак, кун бўйи таълим олардик. Имтиҳонларни топширганимиз ҳамоно бизни ҳарбий бўлимга юборишди. Натижада ҳамширалар тайёрлаш курсини бир ойдан сал кўпроқ вақт ичида битирдик…
Лекин бизни фронтга эмас, госпиталга юборишди. Қирқ биринчи йилнинг август ойи охирлари эди. Февралда мен госпиталдан қочиб кетдим, қонунга хилоф иш тутдим деса ҳам бўлади, буни бошқача атаб бўлмайди. Ҳужжатларсиз, ҳеч вақосиз санитар поездида қочиб кетдим. “Навбатчиликка келмайман. Фронтга кетдим”, – деган қисқа хат қолдирдим. Тамом…”
Ленинградлик Вера Даниловцева актриса бўлишни орзу қилар, театр институтига кириш учун тайёрланарди, урушда эса мерган бўлиб, иккита “Шуҳрат” ордени билан тақдирланган. У шундай ҳикоя қилади:
“Ўша куни йигитим билан учрашувимиз бор эди. Ниҳоят, севги изҳор қилса керак, деб кутгандим. У эса жуда ғамгин бўлиб келиб деди: “Вера, уруш бошланди! Бизни бевосита билим юртидан фронтга жўнатишаяпти”. У ҳарбий, курсант эди. Мен ҳам ўзимни Жанна д’Аркдай ҳис қила бошладим. Гарчи шу пайтгача пашшага зарар етказиш ҳам малол келганига қарамай, фақат фронтга кетаман, қўлимга қурол оламан, деб қатъий аҳд қилдим. Ҳарбий бўлимга ошиқдим, у ерда эса ҳозирча фақат тиббиёт ходимлари керак, олти ой ўқиш зарур, дейишди. Олти ой – жуда кўп, бунча узоқ кута олмайман!
Охир-оқибат таълим олишга кўндиришди. Рози бўлдим, лекин фақат ҳамшираликка эмас…”
Анна Николаевна Хролович урушгача Омскда яшаган, тиббиёт техникумини тугатишга улгурган. 1942 йилда Омскка эвакуация қилинган Москва 2-тиббиёт институтининг 1-босқичига ўқишга кирган.
Унинг мактубидан:
“Менинг дўстларимни фронтга сафарбар қилишди. Мени олишмагани, ёлғиз қолганим учун ҳўнграб йиғладим. Ҳеч ким тарғиб қилиши шарт эмасди, шундоқ ҳам барча фронтга ошиқарди. Илтимос қилишарди. Ҳатто ёлвориб ўтинишарди. Лекин узоқ ўқимадим. Декан бизларни тўплаб, шундай деди:
– Қизлар, ўқишни уруш тугагандан кейин давом эттирасизлар. Ватанни ҳимоя қилиш керак…
Бизни заводдан фронтга кузатишди. Ёз фасли. Барча вагон гул билан безатилгани ҳозир ҳам ёдимда… Бизга ҳадялар беришди. Менга жуда мазали ширинлик ва бежирим свитер тегди. Перронда украинча рақсни шавқ-шавқ билан ижро этдимки, асти қўяверасиз…”
Антонина Григорьевна Бондарева, гвардия лейтенанти, катта учувчи:
“Еттинчи синфда ўқиётганимда биз яшаётган шаҳарга самолёт учиб келди. 1936 йилда бу росмана мўъжиза бўлган. “Йигитлар ва қизлар – самолётларни эгалланг!” – деган шиор ўшандаёқ пайдо бўлган. Мен комсомол сифатида, албатта, олдинги сафларда юрардим. Дарҳол аэроклубга ёзилдим. Отам, табиийки, мутлақо қарши эди.
Бунга қадар оиламизда барча металлург, домначи металлурглар бўлган. Отам аёл металлург бўлиши мумкин, лекин учувчи бўлиши мумкин эмас, деб ҳисобларди. Аэроклуб бошлиғи бундан хабар топиб, отамни самолётда сайр қилдиришга рухсат берди. Мен шундай қилдим. Отам билан бирга ҳавога кўтарилдик, шу кундан эътиборан отам ортиқ эътироз билдирмади. Аэроклубни “аъло”га битирдим, парашют билан яхши сакрардим.
Урушгача турмушга чиқишга ҳам улгурдим, қиз туғдим. Дарҳол фронтга йўл олганим йўқ. Аэроклубимизда турли ўзгаришлар бўлди: эркакларни урушга олиб кетишди, уларнинг ўрнини биз – аёллар эгалладик. Курсантларни ўқитардик. Иш жуда кўп, тонгдан шомгача ишлардик. Қизим қўлимда қолган, ҳар доим лагерларда яшардик. Мен бўтқа пишириб олдига қўярдим-да, устидан эшикни қулфлаб кетардим, чунки тонг ёришмай, соат тўртдан учишни бошлардик. Кечқурун қайтиб келганимда, қизим бўтқани еганми-емаганми, хуллас, ҳаммаёғи бўтқага беланган бўларди. У атиги уч ёшда эди.
Қирқ биринчи йилнинг охирларида қорахат олдим: эрим Москва остоналарида ҳалок бўлибди. У учувчи, бўлинма командири эди. Мени фронтга жўнатинглар, деб илтимос қила бошладим…”
Кичик лейтенант, шифрловчи Любовь Аркадьевна Чарнойнинг хатидан:
“…Ўғлим икки ёшга кирган, яна ҳомиладор эдим, иккинчи фарзандимни кутаётгандим. Уруш бошланиб қолди… Эрим фронтда… Мен ҳам ота-онамнинг ҳузурига йўл олдим ва керакли ишларни қилдим… Иккинчи фарзандимни туғмадим…
Металлни пардозлаш курсини тугатгач, фронтга юборинглар, деб илтимос қилдим. Ёруғ дунёни кўрмаган фарзандим учун қасос олишни истардим…”
Серафима Ивановна Панасенко, кичик лейтенант, мотоўқчи батальони фельдшери:
“Асли Свердловск шаҳриданман. Эндигина ўн саккизга тўлганимда уруш бошланганини эълон қилишди, ўз шаҳримдан фронтга жўнаганман. Одамлар қандай йиғлагани эсимда. Ўша куни мен кўрган одамларнинг барчаси йиғларди. Мен фельдшер-акушерлик мактабининг иккинчи босқичида ўқиётгандим. “Уруш бошланган экан, фронтга жўнашим керак”, деган фикрга келдим. Отам кекса коммунист, сиёсий маҳбус бўлган. У бизга болалигимиздан Ватан муқаддас эканини, уни ҳимоя қилиш зарурлигини уқтирарди. Шундай руҳда тарбияланганман, агар Ватанни мен ҳимоя қилмасам, ким ҳимоя қилади, деган фикрда бўлганман”.
Борисова шаҳридан катта сержант, алоқачи Мария Семёновна Калибердининг хотираларидан:
“Алоқачи бўлишга ҳеч розилик бермасдим, ҳеч қачон алоқачи бўлмайман, деб юрардим, чунки бу ҳам ўзига хос жанг эканини билмасдим. Дивизия командири келганда биз саф тортдик. Машенька Сунгурова деган дугонамиз бўларди. Машенька сафдан чиқиб, командирга юзланди:
– Ўртоқ генерал, мурожаат қилишга рухсат беринг.
Генерал хайрихоҳлик билан деди:
– Марҳамат, марҳамат, жангчи Сунгурова!
– Оддий аскар Сунгурова алоқачи сифатида хизмат қилишдан озод этишингизни ва отишмалар бўлаётган жойга юборишингизни илтимос қилади.
Ишонасизми, ҳаммамиз мана шундай кайфиятда эдик. Ўша кезлардаги қатъиятимизни ифодалашга ожизман. Биз шуғулланаётган алоқа ишлари ҳеч нарсага арзимайди, ҳатто бизни камситади, биз фақат олдинги маррада бўлишимиз керак, деб ўйлар эдик.
Генералнинг юзидаги табассум дарҳол ғойиб бўлди:
– Қизларим! (Ўша пайтдаги аҳволимизни кўрсангиз эди: оч-наҳормиз, уйқусизлик қийнайди, бир сўз билан айтганда, генерал биз билан командир сифатида эмас, отамиздай суҳбатлашди). Фронтда бажараётган вазифангиз қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини ўзларингиз билмайсизлар, шекилли, сизлар бизнинг ҳам кўзимиз, ҳам қулоғимиз ҳисобланасиз, алоқасиз армия Ватансиз кимсадай гап…
Машенька биринчи бўлиб хитоб қилди:
– Ўртоқ генерал! Оддий аскар Сунгурова сизнинг ҳар бир буйруғингизни милтиқдай адо этишга ҳамиша тайёр!
Биз кейин унга урушнинг охиригача “Милтиқ”, деб лақаб қўйиб олдик.
…1943 йилнинг июнида Курск ёйида бизга полк байроғини тантанали топширишди, бизнинг олтмиш бешинчи армиянинг бир юз йигирма тўққизинчи алоҳида алоқа полкимиз саксон фоиз хотин-қизлардан ташкил топганди. Сизга чин дилдан сўзлаб бермоқчиман… Ўшанда кўнглимиздан нималар кечганини билсангиз эди. Полкимиз командири байроқни қабул қилиб олиб, буйруқ берди: “Полк, байроқ остида таъзим қил!” Бизга бунчалик катта ишонч билдирилганидан, танкчилар, ўқчилар полки билан баравар мақомга эга бўлганимиздан биз – аёллар чексиз хурсанд эдик… Барчамизнинг кўзимизда ёш ўйнарди. Жуда бахтиёр эдик. Ватанимиз бошига кулфат тушган ўша кунларда ҳар қандай вазифани уддалашга тайёр эдик.
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, шу қадар ҳаяжонландимки, бутун аъзойи баданим ларзага келди. Тўйиб овқатланмаслик, асабий зўриқиш оқибатида шабкўр бўлиб қолгандим. Жуда қаттиқ ҳаяжонланганимдан касалим тузалди. Эртасигаёқ тамомила соғайиб кетдим…”
Урушда кичик сержант, зенитчи бўлган москвалик Мария Сергеевна Колесникдан мактуб келди:
“Мен Вильнюс шаҳри қандай ёнганини кўрганман… Бутун шаҳар, ҳатто тошлар ёнарди. Қандайдир ибодатхонанинг қизил тоши ёнаётгани ҳеч кўз ўнгимдан кетмайди. Дастлабки уч кун даҳшатли қўрқув ҳукм сурди: ҳаммаёқда ҳалок бўлганлар, яраланганлар, мен эса ҳомиладор ҳолимда тирикман. Йўлда югуриб кетаяпману онамнинг гаплари эсимга тушади: агар чиройли бола туғишни истасанг, фақат чиройли манзараларга назар солгин, қувноқ қўшиқларни тинглагин. Мен эса йўл-йўлакай фақат ёнғин гувоҳи бўламан, фақат ҳалок бўлганлар, дарё-дарё оқаётган қонга дуч келаман. “Бундай даҳшатли шароитда қандай фарзанд туғаман?” деган фикр тинчлик бермайди.
Ўғилчам кўп яшамади. Мен дарҳол урушга жўнатишларини сўраб, мурожаат қилдим…”
Саки шаҳридан Ксения Сергеевна Осадчеванинг дафтарни тўлдириб ёзган катта мактубидан фақат икки саҳифа:
“…Қирқ биринчи йилнинг тўққизинчи июнида ўн саккиз ёшга тўлдим, орадан икки ҳафта ҳам ўтмай лаънати уруш бошланди. Мактаб партасидан чиқиб, Гагра-Сухуми темирйўли қурилишига йўл олдик. Қандай нонни еганимиз ҳамон эсимда. Уни нимага ўхшатишни ҳам билмайман. Кепакка ун аралаштирилар ҳамда асалари муми каби ёпишиши учун сув билан тўлдириларди. Бундай нон столга қўйилса, суви оқиб кўлмакча ҳосил бўларди, биз уни тилимиз билан ялардик.
Қирқ иккинчи йилда уч минг икки юз биринчи эвакуация-саралаш госпиталига ихтиёрий равишда бордим. Бу Кавказорти ва Шимолий Кавказ фронтлари ҳамда алоҳида Приморья армиясининг таркибидаги жуда катта госпитал эди. Шиддатли жанглар борар, ярадорлар жуда кўп эди. Менга овқат тарқатишни топширишди – бу вазифада кечаю кундуз узлуксиз ишлаш талаб этиларди, кечки овқатни тонггача ҳам тарқатиб улгурмасдик. Бир неча ойдан сўнг чап оёғимдан яраландим – ўнг оёғимда ҳаккалаб юриб ҳам ишлаганман. Кейин яна хўжалик бекаси лавозимини беришди, бунда ҳамиша иш жойида бўлиш талаб қилинарди.
Қирқ учинчи йилнинг ўттизинчи майида, кундуз куни роппа-роса соат бирда Краснодар шаҳри ҳаводан қаттиқ бомбардимон қилинди. Мен бинодан чиқиб, темирйўл вокзалидан ярадорларни жўнатишга улгуришдимикан, деб қарадим. Ўқ-дорилар сақланаётган иморатга иккита бомба тушди. Менинг кўз ўнгимда қутилар олти қаватли бино баландлигига кўтарилиб, портлай бошлади. Портлашлар тўлқини мени учириб бориб, деворга урди. Ҳушимни йўқотдим…
Кўзимни очганимда кечки соат олти бўлганди. Бошим, қўлларимни қимирлатиб кўрдим – қимирлаяпти, чап кўзимни аранг очиб, қонга ботган ҳолда бўлимга йўл олдим. Йўлакда катта ҳамшира учратиб, таний олмай саволга тутди: “Кимсиз?” “Қаердан келдингиз?” Яқин келгач, таниди ва дакки берди: “Шу пайтгача қаерларда юрибсан, Ксения? Ярадорлар оч, сен эса йўқсан”. Тезда бошимни ва чап қўлимнинг тирсагимдан юқори қисмини боғлашди ва мен кечки овқатни қабул қилиб олишга чоғландим. Кўзимнинг олди қоронғилашар, тер сувдай қуйиларди. Кечки овқатни тарқатаётганда ҳолдан тойиб йиқилдим. Ҳушимга келтиришганда фақат “Тезроқ!.. Бўлақол!..” деган хитобларни эшитардим. Оғир ярадорларга қон ҳам берганман.
Йигирма ой мобайнида ҳеч ким мени алмаштирмади, ўрнимни эгалламади. Тиззамгача шишиб кетган чап оёғим бинт билан ўралган, қўлимни операция қилишган, у ҳам бинт билан чирмаб ташланган, бошимга ҳам бинт ўралган. Мактабда ўқиб юрганимда спорт юкламаларини бажарганман. Лекин менинг аҳволимда йигирма ой кечаю кундуз югурган спортчи дунёда топилмаса керак. Мен эса тинмай югурдим ва барчасига чидадим.
…Ҳозир ҳаммаёқ тикланган, ҳамма томон гуллар оғушида, мен эса ҳамон оғриқдан ўзимга келолмайман, қиёфам ҳозир ҳам аёлга ўхшамайди. Кула олмайман, ҳар куни оҳ тортаман. Урушда шунчалар ўзгардимки, уйга қайтганимда онам ҳам танимаган. Онам яшаётган хонадонни кўрсатишгач, эшикни тақиллатдим. Ичкаридан овоз эшитилди:
– Ким у?
Мен остона ҳатлаб салом бергач, илтимос қилдим:
– Бир кеча тунасам майлими?
Онам печкага ўтин ёқаётганди, иккита укам эса полда, похол устида яланғоч ўтиришар, киядиган кийимнинг ўзи йўқ эди. Онам мени танимасдан жавоб берди:
– Бошқа хонадонга бора қолинг.
Мен яна илтимос қила бошладим. Онам ҳам битта гапни такрорлайди:
– Аҳволимизни кўрмаяпсизми? Уйимизда тунамаган аскар қолмади. Қоронғи тушмасдан бошқа уйга бора қолинг.
Онамга яқин бораман, у эса яна ўша гапни айтади:
– Бошқа уйга боринг деяпман, сал ўтмай қоронғи тушади.
Мен эгилиб онамни бағримга босаман:
– Ойи, ойижон!
Дафъатан ҳаммалари мени қучоқлаб, қувонганларидан йиғлаб юборишди…
Ҳаётим жуда оғир кечган. Мен бошимдан кечирган воқеалар акс этган китоб ҳам, кинофильм ҳам ҳалигача йўқ”.
Ўн етти-ўн саккиз ёшли қизларнинг кўнглидагини тушуниш учун уларнинг ўтмишига назар солиш кераклигини англайман. Ўтмишда эса – болалик, мактаб, ота-оналари.
Софья Ивановна Шеревера, гвардия кичик сержанти, радиотелеграфчи:
“Мен болалар уйида улғайганман. Еттинчи синфни тугатиб, битирув кечасига тайёргарлик кўраётгандик. Лекин директоримиз Василий Никифорович Зимонец (биз у билан ҳозир ҳам хат ёзишамиз, мени “қизим” дейди) бизни тўплаб, “Болалар, уруш бошланди!..” деди.
Эвакуацияни кута бошладик. Бизнинг болалар уйимиз Винница яқинида жойлашганди. Лекин эвакуацияга оид буйруқ ҳадеганда келавермади ва Василий Никифорович ўзи қарор қабул қилди: “Болаларим, ўзимиз бир амаллаб етиб оламиз”. Бизни станция сари бошлаб борар экан, катта ёшдаги болалар кичикларини етаклаб олсин, деб тайинлади. “Кўтаришга кучингиз етадиган нарсаларни қўлга олинглар”, деб қўшимча қилди. Нимани ҳам олардик? Бир бўлакдан нон… Узоқ пиёда юрдик, сўнг поездда йўл босдик. Поезд далада тўхтаган кезларда бошоқ териб, кичкина болаларга берардик, ўзимиз ҳам ердик.
Шу асно Пензага етиб келдик. У ердан эса Бузулукка жўнатишди. Ниҳоят, Бузулукда бошимиз узра бомбалар портламаслигига ишонч ҳосил қилдик. Аввал черковга жойлаштиришди, кейин эса алоҳида уй беришди. Директор яна бизни тўплади: “Болалар, сизлар, албатта, ўқишни хоҳлайсизлар, лекин ҳозир Ватан ёрдамга муҳтож. Кимдир заводга, кимдир ҳунар билим юртига йўл олади, кичик ёшдагиларни эса тарбиялаймиз”. Мен билим юртини танладим. Кундуз куни таълим олиб, кечаси заводда ишлардик. Ўн олтига ҳам тўлмагандим. Мендан кичиклар ҳам бор эди. Дастгоҳ катта, бемалол ишлаш учун оёғимизнинг остига тўнка қўйиб олардик. Милтиқларнинг ханжарларини ишлаб чиқариб, пардозлаш дастгоҳларида уларни силлиқлардик. Ҳаммаси ғалаба учун мўлжалланганди.
“Правда” газетасида Зоя Космодемьянскаянинг жасорати ҳақида ўқиганимиздан сўнг, ҳамма қизлар фронтга отланишга аҳд қилдик. (Йиғлайди.) Агар уруш бўлмаганида, институтни ҳам битирардим. Лекин мен учун фронт институт бўлди. Бу билан фахрланаман…”
Нева кўлининг ортида, Ленинградда бир қизча яшарди. Шу шаҳарда туғилди, мактабда ўқиди. Дугоналари билан рақс тушгани борарди, комсомол шанбаликларида қатнашарди. Кейин заводда фрезерчи бўлиб ишлади.
Қирқ биринчи йилда аскарлар заводнинг ёнидан саф тортиб ўтиб, фронтга йўл олди. Қизалоқ улардан илтимос қиларди: “Жон амакилар, мени ҳам фронтга олиб кетинглар”.
Надежда Васильевна Анисимова хотирлайди:
“Мени сира кўзлари қиймасди, олдинги маррага юборишмади. Лекин бундан қатъи назар пулемёт ротасида санинструктор бўлдим. Ўлимдан қўрқмасдим. Балки барча ёшлар каби жасоратли бўлгандирман. Бир гал кечаси душманнинг бутун бир ротаси бизнинг полкимиз майдонида жанг билан разведка олиб борди. Тонгга яқин улар чекинди, бетараф майдондан эса ярадорнинг инграётгани эшитилди. “Бора кўрма, отиб ташлашади, – дейишди менга жангчилар, – кўрмаяпсанми, кун ёришаяпти”.
Уларнинг гапига қулоқ солмай эмаклай кетдим. Ярадорни топиб, уни қайиш билан қўлимга боғлаб олиб, саккиз соат мобайнида судраб, тирик олиб келдим. Командир хабар топиб, ўзбошимчалик қилганим учун қизишиб беш кун қамоқ жазосига ҳукм қилди. Полк командирининг ўринбосари эса бошқача муносабат билдирди: “Мукофотга лойиқ иш қилди”. Мен уларнинг иккаласини ҳам тушундим…
Ўн тўққизга кирганимда “Жасорат учун” медали билан тақдирланганман. Ўн тўққиз ёшимда сочим оппоқ оқариб кетди. Ўша йили охирги жангда иккала ўпкамни ҳам ўқ тешиб ўтди, иккинчи ўқ умуртқам орасидан ўтиб кетди. Оёғим шол бўлиб қолди, ҳатто ўлдига чиқаришди… Уйга қайтиб келганимда, синглим қорахатни кўрсатди!..”
Катта сержант, разведкачи Альбина Александровна Гантимурова ҳикоя қилади:
“Онамни эслай олмайман, қиёфаси ғира-шира ёдимда қолган. Онам вафот этганда уч ёшда эдим. Отам Узоқ Шарқда хизмат қилар, доимий хизматдаги ҳарбий эди. Мени от чоптиришга ўргатди. Илк марта отга ўтирганимда жуда ҳаяжонланганман. Отам эркатой бўлиб улғайишимни сира истамасди. Беш ёшимдан барча воқеаларни эслайман, Ленинградда холам билан яшардим, холам эса рус-япон урушида меҳр-шафқат ҳамшираси бўлган.
Болалигимда жуда шўх эдим. Баҳс бойлашиб, мактабнинг иккинчи қаватидан сакраганман. Футбол ўйнашни яхши кўрардим, ўғил болалар тўп тепишар, мен эса дарвозабон бўлардим. Фин уруши бошланганда ҳамиша урушга қочиб кетаверардим. Қирқ биринчи йилда еттинчи синфни тугатиб, техникумга кириш имтиҳонларини топширдим. “Уруш бошланди!” дея холам йиғлаганида, мен ниҳоят фронтга бораман, ўзимни кўрсатаман, деб қувонганман. Урушда қон тўкилишини қаёқдан билай?
Халқ кўнгиллиларининг биринчи гвардия дивизияси ташкил топганда биз, бир неча қизни медсанбатга олишди.
Холамга телефон қилдим:
– Фронтга кетаяпман.
Холам жаҳл билан буюрди:
– Дарҳол уйга етиб кел. Тушлик овқат совиб қолди.
Телефон гўшагини жойига илдим.
Кейинчалик холамга ачиндим. Ленинград қамали бошланди, холам кекса боши билан ёлғиз қолди.
Холамни кўриб келишим учун рухсат беришгани эсимда. Йўл-йўлакай дўконга кирдим. Урушгача ширинликларни жуда яхши кўрардим. Сотувчига:
– Менга конфет беринг, – дедим
Сотувчи менга телбага қарагандай тикилди. Егулик олиш учун карточка кераклигини, қамал нима эканини билмасдим. Навбатда турган одамларнинг ҳаммаси менга ўгирилди, елкамдаги милтиғим бўйимдан баланд эди. Уни бизга беришганда “Қачон менинг бўйим бу милтиқ билан баравар бўларкан?” деган фикр кўнглимдан кечган.
Кутилмаганда барча, навбатда турганларнинг ҳаммаси сотувчидан илтимос қила бошлашди:
– Унга конфет беринг, бизнинг талонимиздан қирқиб ола қолинг.
Сотувчи менга конфет берди.
Кўчада фронтга ёрдам йиғиларди. Майдонга терилган столларга катта баркашлар қўйилган, одамлар келиб кимдир тилла узугини, кимдир зирагини ташлаб кетарди. Соатлар, пуллар олиб келишарди… Ҳеч ким ҳеч нарсани рўйхат қилмас, ҳеч ким бирон қоғозга имзо қўймасди… Аёллар қўлидаги никоҳ узугини ғалаба учун берарди. Бу манзара, дўкондан олинган ширинлик ҳам сира хотирамдан чиқмайди.
“Бир қадам ҳам ортга йўл йўқ!” деган даъват билан икки юз йигирма саккизинчи буйруқ чиқди. Бу буйруқ мени дафъатан вояга етказди.
Яраланганлар жуда кўп, неча кунлаб ухламасдик. Бир гал уч кеча-кундуз ҳеч ким мижжа қоқмади. Мени ярадорлар билан машинада госпиталга юборишди. Ярадорларни топширдим, машина ортга бўш қайтди, йўлда ухлаб, жуда тетик бўлиб уйғондим, дугоналарим эса оёқда зўрға турарди.
Комиссар учраб қолди:
– Ўртоқ комиссар, уялиб кетаяпман.
– Нимадан?
– Ухлаб олдим.
– Қаерда?
Ярадорларни элтиб қўйганим, қайтишда бўш машинада ухлаб олганимни айтдим.
– Нима бўпти? Жуда тўғри қилибсан. Лоақал битта тетик одам бўлсин, ҳамма юрган йўлида ухлаб қолай деяпти.
Мен эса жуда хижолатда эдим. Бутун уруш мобайнида мана шундай андиша билан яшаганмиз.
Медсанбатда менга яхши муносабатда бўлишар, бироқ мен разведкачи бўлишни хоҳлардим. Агар рухсат беришмаса, жанг қилаётган олдинги маррадаги қўшинлар таркибига қочиб кетаман, деганман. Бунинг учун комсомолдан ҳайдалишимга сал қолган”.
Иккита “Қизил юлдуз” ордени, иккита “Шуҳрат” ордени, иккита “Жасорат учун” медали – булар урушда олинган, Альбина Александровна ўзи айтмоқчи, “разведка учун” олинган жанговар нишонларнинг бир қисми, холос.
“Учинчи “Шуҳрат” ордени насиб қилмаган экан… “Альбина, сенга яна озгина имкон беришмади-да”, деб разведкачилар ҳазиллашишарди.
Биринчи “Жасорат учун” медали мен учун жуда қимматли мукофот. Аскарлар ётиб олган. “Ватан учун! Олға!” буйруғи янгради, улар эса ётибди. Буйруқ такрорланса ҳам бош кўтаришмади. Қиз бола эканимни кўришсин, дея бошимдан қалпоғимни олиб, дафъатан қаддимни ростладим… Менга эргашиб барча аскарлар шитоб билан талпиндилар ва биз ҳужумга ўтдик.
Мени медаль билан тақдирлашди, шу куниёқ топшириқ билан разведкага йўл олдик.
Биз билан бирга кекса фельдшер ҳам разведкага чиққанди. Менга юзланиб:
– Қаерингга ўқ тегди? – деб сўради.
– Билмайман… Лекин қон кетаяпти…
Кекса фельдшер отам каби ҳаммасини ётиғи билан тушунтирди.
Урушдан кейин ҳам ўн беш йил разведкага қатнаганман. Ҳар кеча… Тушимда гоҳ автоматим отилмай қоларди, гоҳ қуршовга тушардик… Кўзимни очсам, тишим тишимга тегмай такилларди.
Уруш тугади, мен фақат учта нарсани орзу қилардим: аввало – ниҳоят, қорним билан эмаклаб юрмайман, троллейбусда роҳатланиб қатнайман, иккинчидан – битта оппоқ нон харид қилиб, маза қилиб ейман, учинчидан – оппоқ чойшабда ҳузурланиб ухлайман”.
Зенитчи Валентина Павловна Максимчук хотираларидан:
“Биз, педагогика институтининг талабалари қирқ биринчи йилнинг йигирма саккизинчи июнь куни пешинда босмахона ҳовлисида йиғилдик. Йиғилиш қисқа бўлди. Эски Смоленск йўли бўйлаб шаҳардан чиқиб, Красное шаҳрига жўнадик. Эҳтиёткорликка риоя қилиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб кетиб борардик. Кечга бориб жазирама тафти бироз қайтди, юриш осонлашди, ҳеч қаёққа қарамай жадал қадам ташлай бошладик. Дам олиш жойига етиб келгачгина ўгирилиб кунчиқарга назар ташладик. Осмоннинг ярмини қип-қизил шафақ қоплаб олган, қирқ километр масофадан назар солганда, бутун шаҳарни қоплагандай эди. Ўн ёки юзта бино эмас, балки бутун Смоленск шаҳри ўт ичида қолганини англадик.
Менинг бурмали оппоқ никоҳ кўйлагим бор эди. Уни дугонам Вера жуда ёқтирарди. Бир неча марта ҳавас билан кийиб кўрган. Никоҳ тўйингга совға қиламан, деб ваъда бергандим. Турмушга чиқмоқчи эди-да. Йигит ҳам бинойидек.
Дафъатан уруш бошланди. Окопларга отландик. Ётоқхонадаги буюмларимизни комендантга топширдик. Кўйлакни нима қилсам экан? Шаҳардан чиқиб кетиш арафасида: “Вера, олақол”, деб таклиф қилдим.
Олмади. Ёнғинда кўйлагим ҳам кулга айланди.
Кетиб бораяпмизу дам-бадам ортга қараймиз. Ҳатто ёнғин ҳароратини сезгандай бўламиз. Тун бўйи йўл юрдик, эрталабдан эса ишга киришдик. Танкларга қарши хандақ қазишни буюришди. Етти метрли тик девор ва уч метр чуқурликдаги хандақ. Ер қазияпману белкуракни аланга олгандай, қум эса оловдай қип-қизил бўлиб кўринади. Настарин ва бошқа турфа гуллар оғушидаги уйимиз кўз олдимдан кетмайди…
Биз икки жилға орасида, зах майсазордаги чайлаларда яшардик. Бир томонда иссиқ, бир томонда зах. Чивинлар мўр-малахдай ёпирилади. Уйқудан олдин алланималарни тутатиб, уларни чайладан қувиб чиқарамиз, лекин тонгга яқин тешик-тирқишлардан кириб олади-да, тўйиб ухлагани қўймайди.
У ердан мени тиббиёт бўлимига олиб кетишди. Яланг полда ётардик. Кўпчилик касал бўлиб қолди. Иссиғим баланд. Этим увушиб қалтирайман, полда ётганимча йиғлайман. Палата эшиги очилиб, шифокор остонада турганча (тўшаклар ёнма-ён тўшалгани учун ичкарига қадам босиб бўлмасди) деди: “Иванова, қонингда плазмодий бор”. Демак, аҳволим яхши эмас.
Олтинчи синф дарслигида ўқиганимдан буён плазмодий деса, ваҳимага тушишимни шифокор аёл қаёқдан ҳам билсин. Шу палла деворга илинган карнайдан қўшиқ янграй бошлади: “Вставай, страна огромная…” Бу қўшиқни ўшанда биринчи марта эшитганман.
Мени Рославл шаҳри яқинидаги Козловка деган жойга олиб келишди. Йиқилиб тушмаслик учун ўриндиққа маҳкам ёпишиб олганман, кимдир тушимда гапираётгандай деди:
– Шуми?
– Ҳа, – деб жавоб берди фельдшер.
– Ошхонага олиб боринглар.
Ниҳоят, каравотда ётибман. Гулхан ёнида, зах ерда эмас, дарахт остидаги чодирда ҳам эмас, госпиталда, иссиққина каравотда ётганимга ишонгим келмасди. Етти кун ухлабман. Ҳамишалар мени уйғотиб овқатлантиришганини кейинчалик айтиб беришди, мен эса эслай олмайман. Уйғонганимда шифокор келиб кўриб, деди:
– Жисмонан бақувват, соғайиб кетади.
Мен яна ухлаб қолдим.
Урушда энг қийини уйқуни енгиш эди. Кетма-кет бир неча кун тўйиб ухламаслик оқибатида одам ўзини идора қила олмайдиган аҳволга тушиб қоларди. Ишлаётган пайтингда сезилмайди, бироз бекор қолдингми, ёнбошлаб уйқуга кетганингни билмай қоласан. Навбатчилик пайтида ухлаб қолмаслик учун тинмай у ёқдан-бу ёққа юрардим, ёдлаб олган шеърларимни такрорлардим”.
Уруш фақат жанг майдонида давом этмасди. Менинг ватанимдаги ҳар бир инсон аскарга айланганди.
Франи Васильевна Адашкевич сўзларидан:
“Минскни бомбардимон қилиш бошлангач, биз шаҳардан бош олиб кетишга уриндик. Қочоқлар орасида эркаклар йўқ, аёллар, болалар ва кексалар кетиб бораётгани эсимда қолган. Бунчалик кўп болани ҳеч қачон кўрмаганман. Нима учун шундай таассурот қолганини билмайман. Балки биринчи галда болаларни қутқаришга ҳаракат қилингани учун шундай туюлгандир. Лекин бунақа сон-саноқсиз болани қайта сира учратмадим…
Босқинчиликдан кейинги илк кунларда нималар қилганман? Ўқ териб, сув иситиладиган қозонда, идишларда ерга кўмардим, ўрмонларда қалашиб ётган қуролларни ғамлардим, бундай ишлар билан ёлғиз мен шуғулланмасдим. Агар омон бўлсак, қурол-яроғ кунимизга ярашини билардик. Ҳеч ким фашистлар заминимизни топтаётганига жим қараб туришни истамасди”.
Слуцк шаҳрида яширин иш олиб борган Мария Тимофеевна Савицкая-Радюкович хотирлайди:
“Немислар қишлоғимизга мотоциклларини тариллатиб кириб келишди. Ёш, қувноқ, ҳамиша кулиб юрадиган немисларга нафрат билан тикилардим. Улар хандон отиб кулишарди! Бизнинг юртимизга бостириб киргани камдай, хандон отиб кулганини кўриб, ўзимни қўярга жой тополмасдим.
Мен қасос олиш, мардона ҳалок бўлишни, жасоратим ҳақида китоб ёзишларини орзу қилардим. Ўз ватаним учун ҳамма ишга тайёр эдим.
– Лекин сизнинг ёш болангиз бўлган?
– Қирқ учинчи йилда қиз туққанман. Ботқоқликдаги пичан ғарами устида. Йўргакни елкамга ёйиб қуритардим, уни бироз иситардим-да, боламни яна йўргаклардим. Атрофни олов қуршаб олган, қишлоқларни одамлар билан бирга ёқишарди… Бизнинг Гресск туманимизда (урушгача шундай туман бўлган, ҳозир унинг ҳудуди Слуцк тумани таркибига киритилган) тўққизта қишлоққа ўт қўйишди.
Дугонам иккимиз ёниб кетган одамларнинг қолдиқларини йиғардик. Одамларнинг сўнгакларини топардик, кийимининг бир парчасини топиб олсак ҳам эгаси ким эканини билардик. Мен ана шундай кийим парчаларидан бирини кўтардим, дугонам эса: “Онамнинг кофтаси…” деди-ю, ҳушини йўқотиб йиқилди. Кимдир чойшабга, кимдир ёстиқ жилдига, хуллас, тоза матога сўнгакларни йиғарди. Сўнг умумий қабрга қўярдик. Фақат оқарган сўнгаклар қоларди…
Шундан кейин қандай топшириқ беришмасин тап тортмай борардим. Комиссар менга топшириқ берарди-да: “Сенга раҳмим келади!” дея кўзига ёш оларди. Шаҳардан дори-дармон, бинт, зардоб олиб келардим… Чақалоғимнинг қўллари, оёқлари остига дорини қўяман-да, йўргаклаб йўлга тушаман. Ўрмонда ахир ярадорлар нобуд бўляпти. Шошилиш керак. Ҳар қадамда немислар ва полицайларнинг постлари, ҳеч кимни ўтказишмасди, фақат мен ўтардим.
Ҳозир эслаш жуда оғир… боламнинг иссиғи чиқиши, йиғлаши учун баданини туз билан ишқалардим. Териси қип-қизариб, тошма билан қопланар, чинқириб йиғлай бошларди. Постга яқин келиб: “Терлама, пан… терлама!” деб шивирлардим. Улар эса “Тезроқ йўқол!” дея ҳайдаб солишарди. Туз билан ҳам ишқалардим, саримсоқ пиёз ҳам қўярдим. Қизалоғим эса ҳали бир парча эт… Уч ойлигидан топшириқларни бажаришга киришганман… Эмизардим…
Постдан ўтганим заҳоти ўрмонга бекиниб олиб, йиғлашга тушардим. Дод солардим! Боламга раҳмим келарди. Бир-икки кун ўтиб яна йўлга тушардим. Бошқа илож йўқ эди…”
Мария Тимофеевна билан ёнма-ён дугонаси Мария Михайловна Матусевич-Заяц ўтирарди, улар дастлаб биргаликда яширин иш олиб боришган, кейинчалик партизанлар сафида ҳам бирга курашишган. У дугонасининг ҳикоясини тинглаб йиғларди. Кейин кўзида ёш билан ўзи ҳикоя қилди:
“Урушдан уч кун аввал ўғил туғдим… Антонни… Одамлар: “Уруш!” дея ваҳима қилади, биз эса туғруқхонада ётибмиз. Эсимда қолгани – ўшанда ҳамма ҳомиладор хотинлар ўғил туққанди.
Немислар бостириб келган илк кунларданоқ ўрмонда ҳар бир патронни йиға бошладик. Қурол тўплаганмиз. Онам рухсат бермасди: “Чақалоқ билан қаёққа кетаяпсан? Худодан қўрқмайсанми?” Мен ҳам бўш келмасдим: “Бу босқинчилар Худодан қўрқаяптими? Одамларимизни нима қилишаётганини кўрмаяпсизми?..”
Йигитларни уйларидан судраб чиқиб, остонадаёқ отиб ташлашарди. Икки қўшни йигитни уйларининг олдида, шундоқ остонанинг ўзидаёқ отиб ўлдиришди…
Мен комсомол аъзоси эдим. Қўл қовуштириб ўтира олмасдим. Варақалар тарқатиб, маълумотлар йиғардим. Боламни ҳамиша қўлимда кўтариб юрардим. Бир йўла икки инсоннинг ҳаётини хавф остига қўярдим. Қанча кўз ёши тўкмадим.
Ўғлим ҳалок бўлди. Партизанлар сафида бўлганим учун уни ўлдиришди. Онам билан бирга ёқиб юборишди. Уйимизга ҳовлиқиб етиб келдим… Оловнинг ҳовури сўнмаганди… Топганим бир кафтгина хоки туроб бўлди… Юрагим ўртаниб дод солдим…
Урушдан кейин яна ўғил кўрганимда, уни вояга етказиш насиб этсин, ўз қўллари билан мени бағрига босиб, онаси эканимни билсин, деб Худога ёлвордим… Уруш мени шундай хаста қилиб қўйганди…”
Вера Иосифовна Одинец, партизан:
“Нафрат ўтида ёнардик. Ахир бизнинг еримизда душман нималар қилаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турардик. Кўнглимизда нафратдан ўзга ҳеч вақо йўқ эди. Мен йўлларда беҳисоб қон ҳалқобларини, марҳумларни кўрдим. Онанинг кўз олдида фарзандини ўлдирганларининг гувоҳи бўлганман. Одамларнинг марҳумлар бошида дод-фарёд солишга ҳам мажоли қолмаганди…”
Хуфия иш олиб борган минсклик Наталья Николаевна Акимова ҳикоясидан:
“Мен Новинках шаҳрида, руҳий хасталар шифохонасида ишлардим. Одамлар шу ернинг ўзида ҳам даволаниб, ҳам ишларди. Катта ферма, уч юз гектар ер, иссиқхоналар бор. Шифохонада уч юзта бемор даволанарди. Минскни бомбардимон қилишди. Бизнинг уйимиз ҳам ёниб кетди, кўчамизда ёнмаган уй қолмади. Уйимиз турган жойга келганимизда у ерда фақат роялнинг қопқоғи ётар, ёнғин қолдиқлари орасида иккита хитой кўзаси дўмпайиб турарди.
Шифохонанинг бош шифокори дарҳол ҳарбий бўлимга йўл олди. Лекин беморларни ўз ҳолига ташлаб бўлмасди. Мен улар билан қолдим. Шаҳарни фашистлар босиб олди. СС гуруҳини бизга, айни шу ерга, фермага бириктиришди. Немис Вернер бошлиқ эди. Бир гал: “Юринг, сизнинг одамларингиз ўз постида нима ишлар қилаётганини кўрамиз”, дея мени бошлаб кетди. Бир постнинг ёнида бемор аёл югуриб ёнимизга келди-да, чекишдан беринглар, деб сўрай бошлади. Бизнинг беморларимиз ўзларини жуда эркин тутишар, шуниси билан ажралиб туришарди. Вернер уни ҳайдамоқчи эди, бемор бўйнига осилиб, уни ўпа кетди, ўзини олий табақа вакили деб биладиган Вернер шаънига доғ тушгандай дарҳол тўппончасини чиқариб, ҳамон бўйнига осилаётган бемор жувоннинг энсасига ўқ узди.
Бу воқеа қаерда бўлганини ҳам сизга кўрсатишим мумкин – ҳозир иккинчи палата жойлашган. Мен унга ташланиб, қаерда турганини унутиб қўйганини, бу ер шифохона, булар эса беморлар эканини бақириб айта бошладим. Оёқ-қўлим титраб, сира ўзимни босолмасдим. Мени бошқа хонага судраб кетишди, бироздан кейин ортимдан Вернер кирди. У таржимон воситасида ниманидир менга тушунтиришга уринарди. Гўё мен беҳуда изтиробга тушяпман, ортиқча даҳмазалардан халос бўлиш кераклигини тушунишим керак эмиш.
Кейин нима бўлди, денг… Душегубка, яъни фашистларнинг одам ўлдирадиган машиналари келди. Уларга беморларни жойлаб олиб кетишди. Юролмайдиган заиф беморларни эса кўтариб бориб ҳаммомга тиқишди-да, эшикни ёпиб, ҳаммомнинг деразасига машинанинг тутун чиқарадиган қувурини суқишди ва ҳаммасини заҳарлаб ўлдиришди. Сўнгра мурдаларни худди саржиндай машинага тахлашди.
Буларнинг ҳаммасини бошқариб турган раҳбар росмана жазавага тушганимни кўриб, мени хонасига олиб боришларини буюрди. Ҳатто ўз қилмишларини оқлашга ҳам уринди: “Ҳозир жуда изтироб чекаяпсиз, лекин даҳмазалардан сизни қутқарганимиз учун кейин хурсанд бўласиз. Ахир ҳеч вақога ярамайдиган бу бемор кимсаларнинг кимга кераги бор? Аёлларга хос кўнгли бўшликни бас қилинг”. Улар бундай ишларни оддий юмуш каби хотиржам адо этарди.
Уларни одам дегани ҳам тилинг бормайди. Бундай йиртқичларнинг заминимизда юришига бефарқ қараб бўлармиди?”
Менинг ён дафтарчаларимда ўнлаб, юзлаб шундай ҳикоялар бор. Ҳаёт хотираларда қуюқлашади, кейинчалик уларнинг энг саралари юзага қалқиб чиқади. Ўтмишнинг қизғин хотираларидан менинг бугунги ҳаётим ларзага келаётгандай.
Собиқ партизан Елена Фёдоровна Ковалевская Киевдан йўллаган мактубдан бир неча сатр:
“Биз уч киши: отам, эрим ва мен бир кунда урушга отландик, бу пайтда акам жанг қиларди. Онам ёлғиз ўзи сигир билан қолди…
Урушдан фақат мен қайтдим. Сигирни аравага қўшиб, онам билан ўтин олиб келгани ўрмонга йўл олдик…”
Гомель шаҳрида яширин иш олиб борган Софья Васильевна Осипова-Вигонная ҳикоясидан:
“Институтни энди битиргандим. Жомадонимни олиб уйга қайтаяпман, йўл-йўлакай урушга йўл олган эркакларга дуч келдим. Агар эркаклар камлик қилса, мен ҳам урушга борганим бўлсин, деб аҳд қилдим…
Уйга келганимда онам йиғлаб ўтирар, отам ҳам хафа эди. Онам мени бағрига босиб, юзимдан ўпиб деди: “Қайтиб келганинг яхши бўлди, бирга яшашга нима етсин! Энди нима қиламиз?” Мен, курашамиз, деб жавоб бердим.
Фашистларнинг самолётлари ўша кечадаёқ шаҳарни бомбардимон қилди, ухлаб ётган одамлар устига бомбалар ёғилди. Эрталаб атрофга назар солиб, одамлар бошига тушган офат билан табиат ўртасидаги номутаносибликка гувоҳ бўлдим. Офтоб чарақлаб, даҳшатли манзарани ёритганди. Биз шу кундан эътиборан табассум нималигини унутдик. Жангчи бўлиш фурсати етганини ҳар биримиз англардик”.
Гомель шаҳрида яширин иш олиб борган яна бир аёл Ольга Андреевна Емельянова хотирлайди:
“Уруш бўлаяпти, мен эса ҳомиладорман. Ҳамма мамлакат ичкарисига бош олиб кетиш керак, дейди. Менинг кўнглимда эса ўзгача фикр: йўқ, туғилган жойимни ташлаб қаёққа бораман? Туғишим керак. Чақалоғим билан кимникига сиғаман? Урушнинг ўнинчи куни туғдим…
Фашистлар заминимизни топтаётганини кўргани ҳамон онам шол бўлиб қолди. Қандай қилиб бўлса ҳам партизанлар бўлинмасини топишим керак, деган қарорга келдим. Кўнглимизда ватандан муқаддас ҳеч вақо йўқ эди”.
Тўртинчи гвардия Новгород бомбардимончи авиаполкининг учувчиси, гвардия катта лейтенанти Анна Семёновна Дубровина-Чекунова урушнинг дастлабки кунлари ҳақида шундай ҳикоя қилади:
“Мен фронт учун зарур ихтисосликка эга эдим. Лоақал бир лаҳза ўйламадим ҳам, иккиланмадим ҳам – фронтга йўл олдим.
Эсимда қолгани шуки, хонамдаги гулларни ташқарига олиб чиқиб, қўшни аёлларга юзланиб:
– Илтимос, сув қуйиб туринглар. Мен тез қайтаман, – дедим.
Тўрт йил деганда қайтиб келдим.
Жуда кўп қизлар урушга сафарбар қилинган. Уйда қолган қизлар бизга ҳавас қилар, хотинлар эса йиғларди. Ҳамманинг кўзида ёш, мен билан кетаётган қиз эса йиғлашни хаёлига ҳам келтирмайди. Ниҳоят, кўпдан қолмаслик учун ноилож кўзларини тупуги билан намлаб олди. Ҳамма йиғлаб турган бир пайтда ёлғиз ўзинг кўз ёши қилмасанг, жуда ноқулай-да. Бироқ уруш даҳшатини биз қаёқдан ҳам билибмиз. Ёш эдик-да…”
Ҳарбий фельдшер Мария Афанасьевна Гарачук:
“Тиббиёт билим юртини тугатдим… Уйга қайтганимда отам хаста эди. Дафъатан уруш бошланди. Эрталаб дарахтларнинг япроқларидаги шабнам қуриб улгурмаган бир пайтда уруш бошлангани ҳақида овоза тарқалди. Уруш хабарини эшитган лаҳзада япроқларда кўзим тушган шабнамларни кейинчалик фронтда ҳам эслардим.
Биз нима бўлишидан қатъи назар, ҳатто чекина туриб ҳам ғалаба қозонишимизга ишонардик. Ўлдиришадими, яраланаманми ёки тирик қоламанми, ўзим ҳақимда ўйлашга фурсат йўқ эди. Ўзимизга қарашга бир дақиқа ҳам вақтимиз йўқ. Кўзимиз фақат ярадорларни кўради. Очиқ ҳавода, ғаллазорда ётганимиз эсимда. Немисларнинг автоматлари “та-та-та-та” қилиб “сайрайди”-да, бир нафас сукунат чўкади. Ғаллазор шовуллай бошлайди. Яна немис автоматлари “сайрашга” тушади… Ғаллазорнинг шовуллашини яна эшитармиканман, деган фикр хаёлдан кечади.
…Ярадорни судраб кетаяпман. Бирдан йиғлаётган бола овози қулоғимга чалинади. Ёш бола зўр бериб йиғлаб, ёрдамга чақирарди. Қаерда, ким, наҳотки, деган саволлар исканжасида дала бўйлаб изғийман, сал бўлмаса эсим оғиб қолаёзди. Ниҳоят, яроқсиз ҳолга келган танк остидан беш яшар қизчани топиб олдим. Қизалоқнинг ёноғида қон кўриб, даҳшатга тушдим. Болаларнинг аланга ичида қолишидан ҳам ортиқ даҳшат борми?”
Гомель шаҳридан Анна Константиновна Антуськова:
“Болалигимда феъл-атворим шаклланишида амакимнинг таъсири катта бўлган. У отам билан бирга Будённий армиясида жанг қилган. Амаким жангчи дўстлари ҳақида ҳикоя қилишни, фуқаролар уруши ва ўша уруш қаҳрамонлари тўғрисидаги қўшиқларни куйлашни хуш кўрарди. “Дарё ортидаги олис ўлкада”, “Воҳалар ва адирлар бўйлаб”, “Энг қудратли Қизил армия” каби қатор қўшиқларни айнан амакимдан биринчи марта эшитганман. Амаким туфайли фуқаролар уруши даври қўшиқларини ҳалигача хуш кўраман.
Урушдан олдин ҳамширалар мактабини тугатишга улгургандим ва мени Гомель вилояти Буда-Кошелевск туманининг Недойск шифокорлик участкасига ҳамширалик хизматига юборишди. Ўша жойда хўжалик комсомол ташкилотига котиба этиб сайлашди, ташкилотнинг етмиш аъзоси бор эди. Биз тўгарак туздик. Бу менинг ҳаётимдаги энг масрур ва бахтиёр дамлар эди. Бироқ бу давр узоқ давом этмади. Унга уруш чек қўйди. Йигирма иккинчи июннинг тонгини ҳозиргидек эслайман…
Биз концертдан қайтаётгандик. Куй-қўшиқлар билан хўжалик бошқаруви биносига етиб келдик ва шу ерда уруш хабарини эшитдик. Бирдан ҳамма жим бўлиб қолди. Ўйга ботиб, жиддий тортган ҳолда барча дафъатан улғайиб қолди. Шу палланинг ўзидаёқ ҳамма ватанни ҳимоя қилишга тайёр эканлиги яққол кўриниб турарди. Тиббиёт ходими сифатида рўйхатда турганим учун шу куни кечки пайт армияга сафарбарлик йўлланмасини олдим. Дўстларим билан ажралиш фурсати етиб келганди. Кўплар йиғи-сиғи қиларди. Қўрқоқ демасликлари, қўрққанидан фронтга боришни истамаяпти, деб ўйламасликлари учун йиғлашдан ҳайиқардим. Ҳолбуки, ҳеч нарсадан тап тортмасдим, қалбан урушга тайёр эдим. Ақлан ҳаммасини англаб улгурмаган бўлсам ҳам, қалбан жангга шай эдим…”
Польша қўшинларининг подпоручиги, автоматчилар бўлинмасининг командири Любовь Ивановна Любчик Березино туманининг Перевоз қишлоғида истиқомат қилиши тўғрисида газетада босилган очеркдан билиб олдим.
Березиногача янги “Икарус” автобусида етиб олдим. Бекатда менга шундай дейишди: “Перевоз томонга автобус қатнамайди. Ботқоқ йўлдан сут ташийдиган машина ҳам, почта машинаси ҳам ҳамиша юравермайди”. Почта машинаси, маълум бўлишича, эрталаб ўтиб кетибди, сут ташийдиган машина эса марказий хўжалик қўрғончаси жойлашган қўшни қишлоққача элтиб қўйиши мумкин экан. У ердан яна тўрт километр йўл босиш керак ёки пиёда, ёки дуч келиб қолса, аравада кимдир элтиб қўйиши мумкин. Омадим бор экан, ўрмончи ўз юмушлари билан Перевозга бораётган экан, Любовь Ивановнанинг уйи олдигача олиб бориб қўйди: “Ҳой, Любчик, урушда кўрсатган жасоратингга тан бермасликнинг иложи йўқ, уйингдан мухбирларнинг оёғи узилмайди-я…”
Любовь Ивновна билан печкага ўт ёқдик-да, биргаликда картошка тозалаб, қайнатдик ва дастурхон атрофидан жой олдик.
Яна бир бор уруш хотираларига қулоқ тутдим.
“…Саратовга мен ҳам эвакуация қилиндим. Чамаси уч ойда чилангарлик касбини ўргандим. Ўн икки соатлаб дастгоҳ ёнидан жилмасдик. Хаёлимда эса фақат фронтга талпинаман. Дугонам билан ҳарбий бўлимга йўл олдик, лекин заводда ишлаётганимизни айтмадик. Акс ҳолда фронтга олишмасди. Ниҳоят, ниятимга етдим.
Рязань пиёда аскарлар билим юртига юборишди. У ердан пулемётчилар бўлинмасининг командири бўлиб чиқдим. Фақат пиёда йўл босиб, Варшавагача борганман…”
Партизанлар бўлинмасида ҳамшира бўлиб хизмат қилган, ҳозир эса Иккинчи жаҳон уруши тарихи Белоруссия давлат музейининг экскурсоводи Вера Сергеевна Романовскаянинг ҳикояси беихтиёр ёдимга тушди. У урушнинг дастлабки воқеалари ҳақида ҳикоя қилмаса-да, лекин барча хотираларида муштараклик кўзга ташланади ва ҳар бир ҳикояда янги, кутилмаган жиҳатни кашф этиб, ўша кунлар ва йилларнинг руҳини янаям аниқ ва муфассал ҳис қиласан.
Вера Сергеевна Романовская:
“Бизнинг партизанлар бўлинмамиз Қизил армия қисмларига қўшилди ва параддан кейин қуролларни топшириб, меҳнат жабҳасига йўл олишимизни айтишди. Биз эса тасаввур қилолмасдик: уруш давом этаётир, ҳозиргача фақат Белоруссия озод қилинди, қуролларни нима учун топширишимиз керак? Барчамиз бундан кейин ҳам жанг қилишни истардик. Барча қизлар ҳарбий бўлинмага йўл олдик… Мен ҳамшира эканимни айтиб, фронтга жўнатишларини илтимос қилдим. “Яхши, сизни рўйхатга оламиз, зарурат туғилса, ўзимиз чақирамиз”, деб жавоб беришди. “Ҳозирча ишингизни давом эттираверинг”.
Кутаяпман… Ҳеч ким чақирай демайди… Яна ҳарбий бўлинмага бордим… Кўп қатнаганман. “Фронтда тиббиёт ҳамширалари етарли, шунинг учун сизни чақирмаяпмиз”, деб ниҳоят очиқ айтишди. “Фақат Минск вайроналарини тозалайдиганлар етишмайди…” Қизларимиз қандай эди, дейсизми? Чернова деган ёшгина жувон бўларди, ҳомиладор эканига, бағрида туғилажак фарзандининг юраги уриб турганига қарамай, миналарни ёнбошига олиб таширди. Дугоналарим мана шундай фидойи эдилар. Сабаби нима дейсизми? Сабаби оддий: бизни мана шундай руҳда, Ватан ва биз бир тану бир жонмиз, деган кайфиятда тарбиялашган. Бошқа бир дугонам эса ёшгина қизалоғини шаҳар бўйлаб қўрқмай етаклаб юрар, қизининг баданига кўйлаги остидан варақалар боғланган бўларди. Қизалоқ бечора йўл-йўлакай “Ойи, сиқилиб кетаяпман… Бўғилиб кетдим”, дея зорланарди. Кўчада эса ҳар қадамда немислар, полициячилар.
Болалар-чи?.. Биз уларни ҳам бўлинмамизга олиб кетгандик, лекин бола барибир бола-да. Қамалда қолганимизда, хавф-хатар кучайгач, уларни фронт ортига жўнатишга қарор қилдик, лекин улар болалар уйидан яна фронтга қочиб келишарди. Зумрашаларни йўлларда тутиб олишар, улар яна қочиб кетар ва фронтга йўл оларди…
Бундай ҳолатларнинг сабабини тушунтириб бергунча тарих чархпалаги яна юз йил айланса ажаб эмас. Ҳомиладор аёлнинг минани бағрига босиб ташишини кўз олдингизга келтириб кўринг… Ахир у фарзанд кутаётир… Севган, яшашни истайди… Лекин ўлимдан тап тортмасди…”
Буни қандай таърифлаш мумкин? Л.Толстой буни пинҳона ватанпарварлик шижоати, деб таърифлаган. Уруш қатнашчилари эса ўзлари ҳақида баландпарвоз гап айтмайди: “Сабаби нима дейсизми? Сабаби оддий: бизни мана шундай руҳда, Ватан ва биз бир тану бир жонмиз, деган кайфиятда тарбиялашган”. Биз эса бунинг сабабини билишимиз, моҳиятини англашим зарур, чунки биз уларнинг фарзандлари, набираларимиз.
Хотираларга қулоқ тутиб, тасаввур қилишга уринаман… Йўқ, уларнинг ўрнига ўзимни қўймоқчи эмасман. Бунга ҳеч қандай ҳаққим йўқ. Лекин хотираларни ёзиб олиш асносида улар бошидан кечирган даҳшатларни ҳис қилишга чоғланаман. Аскарлар чеккан тамаки тутунига тўлган вагонлардаги, сочлари ўғил болалардек тарашланган, бир хил ҳарбийча кийинган қизлар кўз олдимга келади, эгнидаги қалин шинеллар этаги ерга тегай дейди, бир-бирининг олдида кўз ёши тўкишдан андиша қилади, ҳатто оналарининг бағрида ҳам хижолат чекади – ахир улар фронтга кетмоқда!
Ёши каттароқлари хаёлга толиб, сукут сақлаган кўйи, улар – ёшлар эса шоду хуррам, қўшиқ куйлаб йўл олганларини ҳозир ҳам эслайдилар. Мени ҳайратлантирган жиҳат шундаки, урушга қандай йўл олгансизлар, деб сўраганингизда асосан бир хил жавоб беришади: яхши кўрган қўшиқларимизни куйлаганмиз. Улар уруш ҳақида нимани биларди? Ўн етти-ўн саккиз ёшда уруш деганда, нимани тасаввур қилиш мумкин? Мана, масалан, фельдшер Мария Васильевна Тихомирова бундай эслайди. У урушдан бир ой олдин тиббиёт билим юртини битириб, тақсимот бўйича Ленинград вилоятининг қишлоқ шифохоналаридан бирига йўл олади. Шифохонага етиб келиб, жойлашгани ҳамоно ҳарбий бўлинмага чақириб: “Икки соат ичида тайёр бўлинг, сизни фронтга жўнатамиз”, дейишди. Мен тайёргарлик кўриб, зарур нарсаларни жомадонга жойлаштирдим.
– Фронтга ўзингиз билан нималар олдингиз?
– Конфет.
– Нима-нима?
– Бир жомадон конфет.
Мени ишга юборишган қишлоқда йўл пули беришарди. Ўша пулнинг ҳаммасига бир жомадон шоколадли конфет харид қилдим. Конфетнинг устига эса курсдош қизлар билан бирга тушган фотосуратимни жойладим. Ҳарбий бўлинмага келганимда бошлиқ: “Қаерга жўнатишимизни хоҳлайсиз?” деб сўради. “Дугонам қаерга бормоқчи?” деб мен ҳам уни саволга тутдим. Ленинград вилоятига бирга келгандик, дугонам ўн беш километр наридаги қўшни қишлоқда ишларди. Бўлинма бошлиғи жавобимни эшитиб: “У ҳам шуни сўради”, деб кулиб юборди.
Минск вилоятининг Березино тумани марказида истиқомат қилувчи катта сержант, ҳайдовчи Тамара Илларионовна Давидович хотирасида эса қуйидаги воқеа сақланиб қолган:
“…Мен ҳайдовчилар курсини тугатдим. Олти ойлик курс. Ўқитувчи эканим билан қизиқишмади (урушгача педагогика техникумида таҳсил олганман). Урушда ўқитувчининг кимга кераги бор? Аскарлар керак. Қизлар кўпчилик эдик, бутун бошли ҳайдовчилар батальони.
Бир гал машғулотлар пайтида… Бу воқеани нима учундир кўз ёшсиз эслай олмайман. Баҳор эди. Биз ўқ отиш машғулотларини якунлаб, ортга қайтдик. Мен бинафша териб олдим. Бир тутамгина. Уларни узиб олиб, милтиқнинг ханжарига боғлаб қўйдим. Шу асно кетавердим.
Лагерга етиб келдик. Командир барчани сафга тизиб, менинг исми шарифимни айтди. Мен олдинга чиқдим. Милтиғимнинг учига бинафшаларни боғлаб олганимни унутибман. Командир менга танбеҳ бера бошлади: “Аскар гулдаста терувчи эмас, балки росмана жангчи бўлиши керак…” Шундай шароитда қандай қилиб хотиржам гуллар териш мумкинлигини у сира ақлига сиғдира олмасди. Лекин бинафшаларни ташлаб юбормадим, уларни аста чўнтагимга солиб қўйдим. Ана шу бинафшалар учун навбатдан ташқари уч наряд билан жазоланганман…
Яна бир гал навбатчиликда турибман. Тунги соат иккида мени алмаштиргани келишди, мен эса жойимдан жилмадим. “Сен кундуз куни навбатчи бўлақол, тун бўйи ўзим навбатчилик қиламан”, деб айтдим. Қушларнинг сайрашини тинглаш учун тун бўйи, тонгга қадар навбатда туришга рози эдим.
Биз фронтга отланганимизда, кўча бўйлаб борарканмиз, аёллар, кексалар, болалар – ҳамма елкама-елка туриб кузатиб қолган. Барчанинг кўзида ёш: “Қизлар фронтга кетишяпти”. Айтганимдек, бутун бошли қизлар батальони эдик. Эшелонда кетиб бораяпмиз, ўй-хаёлимиз қаёқда денг? Ҳамон ёш боладан фарқ қилмаймиз. Бир қиз билан вагон йўлагида турибмиз. Йигитлар таклиф қилишди: “Ҳой, қизлар, қачонгача очликка чидайсизлар? Қотган нонимиз бор, тортинмай келаверинглар”. Биз эса хотиржам бош тортамиз. Қадримизни ерга ургимиз келмайди…”
Жарроҳ Вера Иосифовна Хорева эса урушнинг дастлабки кунларида кўнглидан кечганларини шундай ифодалайди:
“Фронтга кетаяпману уруш узоқ давом этмаса керак, деб ўйлайман. Ўзим яхши кўрадиган битта юбкамни, бир жуфт пайпоқ ва битта туфли олдим. Воронежни ташлаб ортга чекинганимизда дўконга кирганимиз, мен баланд пошнали туфли харид қилганим ҳамон ёдимда. Аянчли шароитда чекинаяпмиз, кўчалар лой, мен эса дўконга кирдим ва нима учундир туфли харид қилгим келди. Ҳозир ҳам эсимдан чиқмайди, жуда бежирим туфли эди… Атир ҳам сотиб олдим. Кўниккан ҳаёт тарзимиздан бирданига воз кечиш қийин кечди. Уруш бошланган, мен эса ҳамон қизалоқ эдим-да…”
Сон-саноқсиз далиллар ичидан нима учун мана шу иккитасини: бир жомадон конфет билан милтиқ ханжарига боғланган бир тутам бинафшани танлаб олдим? Эҳтимол, мен англашни истаган қиз таниш нарсалар орасида камина учун яна ҳам ҳаётий ва яқинроқ қиёфа касб этар. Нима бўлганда ҳам портлатилган неча-неча душман эшелонлари, уриб туширилган самолётлари, ёндирилган машиналари, қўлга киритилган ўлжалардан кўра айнан ўша, конфет тўла жомадону бинафшалар сабаб олинган навбатдан ташқари учта наряд жазоси менинг бугунги тасаввуримга кучлироқ таъсир қилади. Ғалаба қозониш учун қанча зарур бўлса, шунча эшелон, самолёт ва техника йўқ қилинганини биз бугун биламиз. Жанговар тўқнашувлар баёни эмас, балки урушдаги инсон ҳаёти тафсилотлари бугун ҳаммасидан ҳам кўпроқ ҳаяжонлантиради ва ҳайратлантиради. Уруш ҳар бир ҳаётий воқеанинг, турмушдаги ҳар бир майда-чуйданинг қадрини юксалтирди, у ерда турмуш билан борлиқ жипслашди.
Оддийгина бу қизлар қандай қилиб ажойиб аскар бўлишди? Улар жасорат учун тайёр эди, бироқ армияга тайёр эмасди. Армия ҳам, ўз навбатида уларга тайёр эмасди, чунки қизларнинг аксарияти кўнгилли равишда фронтга отланарди. Улардан ҳеч ким умидвор ҳам бўлмаган, кутмаган ҳам: “Ҳарбий бўлинма бошлиғи олдида бўйим бир қаричгина бўлиб турибман. У мендан ажабланиб сўради: “Қизларни армияга олишади, деб сенга ким айтди?” Урушнинг илк кунлари эди… Йил ўтди, мен эса урушга қандай фойдам тегиши мумкин, дея зўр бериб муттасил ўйлайман, лекин фронтга жўнатиш учун иссиқ қўлқопимдан бошқа ҳеч нарса тополмайман. Оёғимдаги пиймам ўттиз тўртинчи ўлчамли, кичкина бўлгани учун фронтга жўнатиб бўлмайди. Яна ҳарбий бўлинмага йўл оламан…” деб эслайди оддий аскар, разведкачи Любовь Ивановна Осмоловская.
Аскарлик маҳоратини улар дафъатан ва осон ўзлаштирмаган. Қирқинчи ўлчамли кирза этиклар ёки узун ўрамали, ўзларининг сўзлари билан айтганда, “занжирли” америкача ботинкалар, шинель кийишлари, узун сочларини қирқишлари (қизлик ўтмиши билан аскарлик ҳаётини бир-биридан кескин чегаралайдиган бу ўта шафқатсиз йўқотишни уларнинг бари, албатта, эсга оларди) керак эди, ҳарбий либосга кўникиш, ҳар бир ҳарбийнинг унвонини ажрата билиш, “нишон”га бехато ўқ узиш, эмаклаб юриш, пайтава ўраш, бир неча кунлаб ухламаслик, саноқли дақиқаларда газниқобни кийиш, окоплар қазиш талаб қилинарди. Фронтга юборишларини илтимос қилишганда, ҳатто уларнинг хаёлига ҳам келмаган урушнинг ўзига хос кундалик ташвишлари эди булар.
Грузиянинг Обза қишлоғидан оддий аскар, зенитчи Ионна Александровна Смирнова хотирлайди:
“Бизни вагонларга жойлаштиришгач, машғулотлар бошланди. Ҳаммаси биз тасаввур қилгандан мутлақо бошқача эди. Саҳарлаб турардик, бир лаҳза ҳам ёлғиз қолмасдик. Биз эса кўниккан турмуш тарзимизни унута олмасдик. Фақат тўрт синф маълумотига эга бўлинма командири, кичик сержант Гуляев низомни ўргатар экан, айрим сўзларни нотўғри талаффуз қилганда жаҳлимиз чиқарди. Бундай сакта талаффуз билан бизга нимани ҳам ўргата оларди, деб ўйлардик…
Карантиндан кейин, қасамёд қилиш арафасида старшина шинель, пилотка, юбка, ичкўйлак ўрнига сурпдан эркакча тикилган енги узун иккита кўйлак, пайтава ўрнига эса пайпоқ ҳамда пошнаси ва учига металл нағал қоқилган тошдай оғир америкача ботинкалар – ҳарбий кийим-кечаклар олиб келди. Бўйим бор-йўғи бир метру эллик уч сантиметр, ўттиз тўртинчи ўлчамли пойабзал кийганим учун бутун ротада энг паст бўйли мен эдим. Ҳарбий саноат, боз устига Америка саноати бундай ўлчамли кийим-кечак ишлаб чиқармасди. Менга қирқ иккинчи ўлчамли ботинка беришди, ипларини ечмасдан кийиб олардим ва ечиб қўярдим, жуда оғир бўлгани учун оёғимни аранг судраб босардим.
Қадамлаб юрганимда тош ётқизилган майдондан учқун сачрарди, хуллас, қадам ташлашим ҳарбийча юришга сира ўхшамасди. Дастлаб қанчалар азоб билан юрганимни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади.
Командир қай асно юраётганимни кўриб, олдига чақирди:
– Смирнова, шунақаям қадам ташлайдими? Наҳотки сенга ўргатишмаган бўлса, нима учун оёғингни кўтармаяпсан? Навбатдан ташқари учта наряд эълон қиламан…
Мен жавоб бердим:
– Хўп бўлади, ўртоқ катта лейтенант, навбатдан ташқари учта наряд! – ўгирилиб турган жойимга қайтмоқчи эдим, ботинкам полда қолди, товоним қонталаш бўлиб кетганди.
Ниҳоят, нима учун рисоладагидай қадам ташлай олмаётганим сабаби ойдинлашгач, ротамизнинг этикдўзи Паршин эски плаш-чодирдан менга ўттиз олтинчи ўлчамли этик тикиб бериш ҳақида буйруқ олди…”
Улар ўсмирликдан, эркин ҳаётдан фронтга қадам қўйишган, кўпинча ўзларини болалардек тутишарди, фронтда эса ҳарбий интизом.
Гвардия лейтенанти, учувчи, москвалик Антонина Григорьевна Бондарева яна эслайди:
“Бизни бошқача бўлган деб ўйламанг, аксинча, сиз каби қизлар эдик. Интизом, низомлар, турли ҳарбий белгилар – бу каби ҳарбий кўникмаларни бирданига ўзлаштириб олмаганмиз. Дейлик, самолётларни қўриқлаяпмиз. Низом бўйича, кимдир яқинлашадиган бўлса, уни тўхтатиш керак: “Тўхта, кимсан?” Дугонам полк командирини кўриб қолиб, қичқирган: “Тўхтанг, кимсиз? Мени кечирасизу лекин отиб ташлайман!” Тасаввур қилаяпсизми? У қичқиряпти: “Мени кечирасизу лекин отиб ташлайман!”
Авиация капитани, у ҳам москвалик Клавдия Ивановна Терёхова эса шундай ҳикоя қилганди:
“…Қизлар сочлари турмакланган ҳолда билим юртига келишди. Мен ҳам узун сочларимни бошимга ўраб олганман. Бу сочларни қандай қилиб ювса бўлади? Қаерда қуритамиз? Сочингизни энди ювиб бўлганингизда, ҳужум бошланиб, чопа кетсангиз… Командиримиз ҳамма сочини олдирсин, деб буйруқ берди. Қизлар сочларини олдирар экан, ҳаммаси кўз ёши тўкарди. Кейинчалик машҳур учувчи бўлиб етишган Лилия Литвяк эса чиройли сочларидан ажрашни ҳеч истамасди.
Мен Раскова ҳузурига отландим:
– Ўртоқ командир, буйруғингиз бажарилди, фақат Литвяк бош тортди.
Марина Раскова аёлларга хос мулойимлигига қарамай, лозим бўлганда жуда қаттиққўл командир бўла оларди. У мени ортимга қайтарди:
– Буйруқ бажарилишини таъминлай олмасанг, партия етакчиси бўлиб нима қилиб юрибсан? Буйруқ сўзсиз бажарилсин, тамом!..
Кўйлаклар, пошнали туфлилар… Уларни кўзимиз қиймай халтачаларга беркитдик. Кун бўйи оёғимизда этик билан юрамиз, кечқурун эса туфлиларни кийиб, ўзимизни кўзгуга соламиз. Буни Раскова кўриб қолди ва бир неча кундан кейин: “Барча аёл кийимлари посилкаларда уйга жўнатилсин”, – деган буйруқ чиқди.
Лекин янги самолётни бошқаришни тинчлик давридагидек икки йилда эмас, ярим йилдаёқ ўрганиб олдик. Бунинг учун қизлар ҳеч нарсага чалғимасликлари, ўзларини аскардек тутишлари талаб қилинарди. Бу осонми? Машинада ҳаммомга кетаяпмиз, шаҳар кўчаларида эса аёллар туфлиларда, кўйлакларда юришибди. Бизда бегона ҳаёт аввалгидек давом этаётир. Қизлар бошларини эгиб, маъюс тортиб қолишди…
Дастлабки машғулотларда икки экипаж ҳалок бўлди. Бирйўла тўртта тобут. Бутун бошли учта полк, биз росмана йиғи-сиғи қила бошладик.
Раскова нутқ сўзлади:
– Қадрли дугоналарим, кўз ёшларингни артинглар. Бу илк йўқотишларимиз. Келгусида бундай жудоликлар кўп бўлади. Ўзингизни қўлга олинг…
Кейинчалик урушда ҳалок бўлганларни кўз ёши тўкмасдан дафн этганмиз. Энди эса, сизнинг олдингизда йиғлаб ўтирибман. Урушда йиғлашни ҳам йиғиштириб қўйгандик. Рост айтаяпман.
Биз қирувчи самолётларда парвоз қилардик. Парвоздаги баландликнинг ўзиёқ бутун аёл танаси учун ғоятда оғир юк бўлиб тушарди, баъзида қорнимиз умуртқамизга ёпишиб қоларди. Қизлар эса самолётларда учар, душманнинг манаман деган моҳир учувчиларини уриб туширарди. Ишонасизми, биз ўтиб қолсак, учувчи аёлар кетишаяпти, дея эркаклар ҳавас билан тикилишарди. Улар кўзларига ишонмай ҳайратга тушарди. Самолётдаги парвозларимни ҳаётимнинг энг масрур дамлари деб биламан…”
Улар олти ойлик, ҳатто уч ойлик курсларда таълим олиб, ҳамшира гувоҳномасига эга бўлишар, мерганлар, учувчилар ёки сапёрлар билим юртида жадаллаштирилган дастурлар асосида шуғулланиб, мерган, учувчи ва сапёрлар сафидан жой оларди. Қизил армия ҳужжатига эга бўлсалар ҳам чинакам жангчи бўлиб шаклланмаган эдилар. Буларнинг бари мактабда таълим олишни эслатар, бу борада эса улар муайян тажрибага эга эдилар, лекин уларда уруш ва фронт кўникмаси ҳали ҳосил бўлмаганди, урушга оид тасаввурлари эса китобий, ҳатто тамомила хаёлий эди.
Ҳарбий комиссия кўригига ажабтовур аскарлар келарди. Шундай аскарлардан бирини партизанлар бўлинмасига юборишмоқда, у эса соддадиллик билан савол бераяпти: “Партизанлар бўлинмасидан Москвага, онамга хат ёза оламанми?..”
Вера Владимировна Шавельдишева, катта лейтенант, жарроҳ:
“Кузда мени ҳарбий бўлимга чақиришди, полковник савол берди: “Самолётдан парашютда сакрай оласизми?” Мен сакрашга қўрқаман, деб тан олдим. Десант қўшинларининг кийими жуда бежирим, ҳар куни шоколад беришади, деб мени узоқ авради. Лекин мен болалигимдан баландликдан қўрқардим. “Зенит артиллериясига юборсак-чи?” Зенит артиллерияси нима эканини ҳам яхши билардим. Полковник ниҳоят: “Сизни паризанлар бўлинмасига юбора қоламиз”, деди. “Партизанлар бўлинмасидан Москвага, онамга хат ёза оламанми?..” – деб сўрадим. Полковник қизил қалам олиб, менинг йўлланмамга “Дашт фронтига…” деб ёзиб қўйди.
Поездда менга навқирон капитан маҳлиё бўлиб қолди. Тун бўйи бизнинг вагонимизда тик оёқда турди. У аллақачон уруш алангасида тобланган, бир неча марта ярадор бўлганди. Мендан сира кўзини узмай шундай деди: “Верочка, фақат латофатингизни йўқотманг, қўпол бўлиб қолманг. Ҳозир янги очилган гулдай нозиксиз… Мен урушда нималарни кўрмадим!..” Кейин шу руҳда яна нималардир деди, урушда инсоний қиёфани сақлаб қолиш қийинлигини айтди…
Иккинчи Украина фронтининг тўртинчи гвардия армиясини дугонам билан бир ой деганда топдик. Бош жарроҳ бир неча дақиқа бизни кўздан кечиргач, жарроҳлик бўлимига бошлади: “Мана сизнинг жарроҳлик столингиз…” Йирик санитар машиналари, “студебеккер”ларнинг кети узилмайди, ярадорлар ерда, замбилларда ётибди. Биз фақат битта савол бердик: “Аввал кимни операция қилайлик?” – “Жим ётганлардан бошланглар…” Бир соатдан кейин жарроҳлик столи ёнида туриб, операция қилардим. Бу ёғи узлуксиз операцияларга уланиб кетди… Кунлаб операция қиламиз, бироз мизғиймиз-да, кўзларимизни ишқалаб, юзимизни ювиб, яна жарроҳлик столи ёнидан жой оламиз. Иккитадан кейин учинчиси ўлган бўларди. Ҳамманинг жонини сақлаб қолишга улгурмасдик…
Жмеринка станциясида қаттиқ бомбардимонга дуч келдик. Поезд тўхтади ва биз ҳар томонга чопа кетдик. Куни кеча кўричаги операция қилинганига қарамай, сиёсий ишлар бўйича етакчимиз ҳам югуриб борарди. Тун бўйи ўрмонда жон сақладик, бекинамиз, поезд вагонлари эса батамом яксон бўлди. Тонгда немисларнинг самолётлари пастлаб учиб, ўрмонга бомба ёғдира бошлади. Қаёққа бекинасан? Юмронқозиқдай ерни ковлаб кириб кетолмайсан-ку. Мен оққайинни қучоқлаб олдим: “Оҳ, она, онажон!.. Наҳотки ҳалок бўлсам? Омон қолсам, дунёда мендан бахтли одам бўлмайди…” Оққайинни қандай қучоқлаб олганимни кейин кимга айтиб бермай, ҳамма куларди. Ҳалок бўлишим ҳеч гап эмасди. Қаддимни ростлаб туриб олганман, қайин эса оппоқ…
Ғалаба кунини Венада нишонладик. Биз ҳайвонот боғига бордик, шуни хоҳлагандик-да. Концентрацион лагерга ҳам боришимиз мумкин эди. Оёғимиз тортмади… Ҳозир нега бормадик экан-а, деб ажабланаман, ўшанда боришни хоҳламагандик…”
Дала кир ювиш-ҳаммом отрядининг оддий аскари Светлана Васильевна Катихина хотираларидан:
“…Биз оилада онам, отам, мен – уч киши эдик. Биринчи бўлиб отам фронтга кетди. Онам ҳамшира бўлгани учун фронтга отам билан бирга кетмоқчи бўлди, лекин уни бошқа томонга, отамни эса бошқа бир томонга юборишди. Эндигина ўн олти ёшга тўлганим учун мени олишмади. Аммо мен ҳарбий бўлимга қатнашни канда қилмадим, бир йилдан кейин мен ҳам фронтга отландим.
Поездда узоқ юрдик. Биз билан бирга госпиталларда даволанган аскарлар ҳам қайтишарди, улар орасида ҳам ёш йигитлар бор эди. Улар фронт ҳақида ҳикоя қилар, биз эса анграйиб тинглардик. Фронтда ўққа тутадилар, деб айтишди ва биз қачон бизни ўққа тутишаркан, деб кута бошладик. Манзилга етиб боргач, у ердагиларга бизни аллақачон ўққа тутишди, деб айтишни мўлжаллаётгандик. Ёшгина йигитча гимнастёркасининг кўкрагига янги орден тақиб олгани ҳамон кўз олдимда. Бизнинг уруш билан боғлиқ тасаввурларимиз аслидагидан бошқача бўлган. Бизга қурол беришмади, балки қозон-ўчоғу тоғораларни рўпара қилишди. Қизларнинг ҳаммаси тенгдошларим, ота-онамиз бизни ардоқлаб, эркалаб катта қилган. Мен оилада ёлғиз фарзанд эдим. Бу ерда эса ўтин ёрамиз, печкага ўт қалаймиз. Кейин эса кир ювиш учун сув иситиладиган қозонларга совун ўрнига печканинг кулини соламиз, ювиладиган кийим-бошлар эса жуда ифлос, битлаган…”
Осойишта давр туйғулари ва кечинмалари билан яшаган инсон учун фронтнинг дастлабки кунлари, ҳафталари, ойларига чидаш жуда қийин: даҳшатли воқеалар яна ҳам даҳшатлироқ, одатий ҳодисалар эса ғайриоддий туюлади. Урушдан олдин онаси қизалоқ ҳисоблаб аяган, эркалаган қиз бола бу синовларга бардош бериши керак эди. Бу қизалоқни – ленинградлик Софья Константиновна Дубняковани сиркаси сув кўтармайдиган нозикойим дейишарди. Аёл ва у урушда бошдан кечирган, кўришга маҳкум этилган воқеалар ўртасидаги бутун зиддият айни таърифда мужассам. Зотан, ҳар қандай аёл урушда ҳис-туйғулари, эътибор ва нигоҳи ўзгача кимсага айланиши керак.
Катта сержант, санинструктор Софья Константиновна Дубнякова:
“Бизга қорин ва бошдан яраланиш жуда оғир жароҳатлар ҳисобланади, деб айтишди. Шу боис бомбардимон пайтида ҳам, ўққа тутишса ҳам қорнимиз ва бошимизни яширишга уринардик. Бир жангда мажақланган машинанинг суянчиғини топиб олиб, ўшанинг панасида жон сақлаганмиз. Бошимиз тиззаларимизнинг орасида…
Мени қутқарган илк ярадор жангчини ҳалигача эслайман. Унинг юзи ёдимда… Сон суягидан яраланганди. Тасаввур қилаяпсизми, снаряд парчаси теккан сон суяги туртиб чиқиб турар, оёғи қонга ботганди. Назарий жиҳатдан нима қилишни билардим, бироқ унинг яқинига бориб, ҳаммасини ўз кўзим билан кўргандан кейин кўнглим озиб, қайт қилиб юборай дедим. Дафъатан кимдир огоҳлантирди: “Ҳамшира, бир қултум сув ичиб олгин…” Кейин билсам ўша ярадор менга таскин берган экан. Бу манзара кўз олдимдан сира кетмайди. Унинг далдаси билан ўзимга келдим: “Ҳап, сиркаси сув кўтармайдиган нозикойим-эй! Ярадор ўламан деса, бу куламан дейди-я…” Дори-дармон халтам билан унинг ярасини беркитдим-да, ўзимни анча енгил ҳис қилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатдим.
Уруш тўғрисидаги фильмларни кўрсам энсам қотади: ҳамширалар пилоткасини чеккасига қўндириб олиб, пахтали шимда эмас, юбкада, бирон жойига гард юқмаган ҳолда олдинги маррада сайр қилгандай юришади… Сира ҳам бундай бўлмаган!.. Шундай аҳволда ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиб бўладими? Эркакларнинг даврасида юбкада эмаклаш ҳеч тасаввурга сиғмайди. Тўғрисини айтганда, бизга фақат урушнинг охирларида юбка беришган. Ўшанда эркакларнинг кўйлаги ўрнига аёлларнинг ички кийимини ҳам олганмиз. Қувончимиз ичимизга сиғмаган. Ўша кийимларни кўз-кўз қилиш учун гимнарстёркамизнинг ёқа тугмасини ечиб қўярдик…”
Қирқ саккизинчи армиянинг ветерани, минсклик Анна Ивановна Беляй хотираларидан:
“Бомбардимон қилишди. Ҳамма ўзини дуч келган чуқурга уради. Мен ҳам чопаяпман. Кимдир: “Ёрдам беринглар…” дея инграганини эшитдим. Лекин чопавердим… Орадан бир неча дақиқа ўтгач, елкамда санитар халтаси борлиги ёдимга тушиб, тўхтайман. Андиша қиламан. Бирдан қўрқув қаёққадир даф бўлади. Орқага югураман: яраланган жангчи инграётган экан. Унинг жароҳатини боғлайман. Кейин иккинчиси, учинчиси…”
Отлиқ аскарлар эскадронининг санитария инструктори Ольга Васильевна Коржни эса бошқаларни ажаблантирмай қўйган ҳолат – ҳалок бўлган одам қиёфаси даҳшатга солади. Ўн етти ёшли қиз уни бир умрга эсда сақлаб қолган:
“Мен урушда ҳеч нарсани ҳеч қачон унутмайман, деб ўйлардим. Лекин унутаяпман… Аммо бир ҳолатни икир-чикиригача эслайман. Навқирон, кўркам йигит ўлиб ётибди. Мен изззатини жойига қўйиб дафн этишади, деб ўйлабман, уни ёнғоқзорга олиб келиб гўр қазишди-да, тобутсиз, ҳеч вақосиз кўмиб қўя қолишди, уcтидан тупроқ тортишди, тамом. Офтоб чарақлайди, унинг нурлари марҳумнинг юзига ҳам тушмоқда… Ёз. Лоақал чодирнинг матоси ҳам, ҳеч вақо йўқ. Шу боис эгнидаги гимнастёрка, галифе шимда ер бағрига қўйишди, афтидан, фронтга эндигина келган, кийимлари ҳали янги эди. Шу аҳволда кўмиб қўяқолишди. Лаҳадни ҳам чуқур қазишмади. Яраси арзимасдай туюлса-да, аслида ўқ манглайига теккан, аммо қон чиқмаган ҳисоби, шунинг учун мурда тирикдай кўринади, лекин ранги оқариб кетган.
Ўққа тутишдан кейин бомба ёғдириш бошланди, бомбалардан бири снаряд солинган қутига теккач, снарядлар ҳар томонга сочилиб, портлай бошлади… Самолётлар бошимиз узра қузғундай чарх уради. Бундай шароитда ҳалок бўлганларни рисоладагидек дафн этиб ҳам бўлмайди. Қамалда қолганимизда уларни қандай дафн этганимизни айтиб берайми? Ўзимиз ўтирган окопнинг ичига кўмиб қўя қолардик. Бироз дўппайган бунақа жойни қабр, деб ҳам бўлмасди. Немислар ёки машина ўтгудай бўлса топталиб кетарди, албатта. Теп-текис ер, ҳеч қандай ном-нишон қолмасди. Ҳалок бўлганларни кўпинча ўрмонда, дарахтларнинг остига дафн этардик. Ўша эманлару оққайинларнинг остига…
Ҳалигача ўрмонга кира олмайман. Айниқса, катта эман ва қайинлар ўсган ўрмонларга… Юрагим дош бермайди…”
Аввалига оҳиста ҳикоя қилишади-ю, бора-бора бақира бошлайдилар. Кейин эса маъюс тортиб, паришон бўлиб қолишади. Ўзингни айбдор ҳисоблаб, хижолат тортасан, биласанки, кетганингдан кейин хапдорига ёпишиб, тинчлантирувчи дори ичишади. Қизи ёки ўғли ёлвориб имо қилади: “Балки етар? Ҳаяжонланиши мумкин эмас…” Фақат бир нарса менга таскин беради, ҳатто энг мустаҳкам хотирага нисбатан ҳам узоқроқ яшайдиган магнитофон ленталарида ёки бир варақ қоғозда уларнинг жонли овози қолади. Лекин юзма-юз ўтириб, уларнинг ҳикояларини тинглаш оғир, ҳикоя қилиш эса улар учун яна ҳам оғир.
Катта сержант, денгиз пиёдалари батальонида санитар инструктори Мария Тереньтевна Дрейчук:
“Ҳалок бўлган аскарга илк дафъа кўзим тушганда боши узра эгилдим-да, ўлганини англаб, йиғлашга тушдим. Йигитлар етиб келгунча йиғлаганман. Қаттиқ жанг бўлди, ҳалок бўлганлар кўп, рота эса душман мудофаасини ёриб ўтиб, жадал илгарилаб кетди. Мени бомба тушган катта ўрада оғир ярадорлар билан қолдиришди. Ҳаммаси қорнидан яраланган, бирин-кетин жон таслим қилаётир. Мен эса ҳар бирининг устида кўз ёши тўкаман.
Битта ярадорнинг оёғи шимида осилиб турибди, у эса: “Оёғимни боғлаб қўй!” деб додлайди. Шимини қирқдим, у эса: “Жон ҳамшира, оёғимни ёнимга қўйиб қўйгин”, деб ёлворади”.
Урушда ҳамшира бўлган, ҳозир эса Минскдаги Республика стоматология поликлиникасининг шифокори Мария Селивестровна Божок хотирасида эса шундай воқеалар қолган:
“Мен учун энг оғири – ампутация, яъни яроқсиз ҳолга келган қўл-оёқларни кесиш бўлган… Кўпинча деярли бутун оёқни кесиб ташлашга тўғри келар, кесилган оёқни аранг ушлаб, тоғорага ташлаш учун зўрға кўтариб борардим. Улар жуда оғир экани ҳамон ёдимда. Ярадор пайқаб қолмаслиги учун оҳиста қўлингга олиб, ёш болани опичлагандай кўтариб кетасан… Айниқса, тиззадан юқорисиям кесилган оёқни кўтариш қийин. Мен ҳеч кўника олмадим. Тушларимда ҳам кесилган оёқларни кўтариб юрардим…
Онамга хатларимда буларни ёзмаганман. Хатларимда, ҳаммаси жойида, кийим-кечагим иссиқ, пойабзалим ҳам пишиқ, деб ёзардим. Онам оиламиздан уч кишини фронтга кузатган, унга ҳам жуда оғир эди…”
Ленинград вилоятининг қўриқ шаҳарчасида яшовчи, Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг олий нишони – “Флоренс Найтингейл” олтин медали билан тақдирланган санитария инструктори Мария Петровна Смирнова (Кухарская) жўнатган мактубдан:
“Мен Одесса вилоятида туғилиб ўсганман. Қирқ биринчи йилда Кордимск туманидаги Слободск мактабининг ўнинчи синфини битирдим. Урушнинг илк кунларидаёқ ҳарбий бўлимга ошиқдим, мени уйга қайтариб юборишди. Яна икки марта бордим, иккала уринишим ҳам самара бермади. Йигирма саккизинчи июлда чекинаётган қисмлар бизнинг Слободск орқали ўтишди ва мен уларга қўшилиб олдим-да, ҳеч қандай йўлланмасиз фронтга жўнадим.
Ярадор жангчини илк марта кўрганимда ҳушимдан кетиб йиқилганман. Кейин ўтиб кетди. Ярадор аскарни қутқариш учун ўқлар визиллаб учаётган жанг майдонига биринчи марта кирганимда шунчалик қаттиқ бақирганманки, фарёдим бутун майдонни тутиб кетган. Кейин кўникиб кетдим… Орадан ўн кун ўтгандан сўнг яраландим, ўқ парчасини танамдан ўзим чиқариб олиб, ярани боғлаб қўйдим.
Қирқ иккинчи йилнинг йигирма бешинчи декабрида эллик олтинчи армия таркибидаги бизнинг уч юз ўттиз учинчи дивизия Сталинград яқинидаги тепаликни эгаллади. Немислар бу тепаликни қандай бўлмасин олишга аҳд қилдилар. Жанг бошланди. Немисларнинг танклари устимизга бостириб кела бошлади, лекин уларни артиллерия зарбалари тўхтатди. Немислар орқага чекинди, яраланган лейтенант Костя Худов ўртадаги майдонда қолиб кетди. Уни олиб чиқишга уринган санитарларни отиб ўлдиришди. Иккита санитар-овчарка (мен уларни ўшанда биринчи марта кўрдим) эмаклаб кетди, лекин уларни ҳам ўлдиришди. Ўшанда бошимдаги телпакни ечиб ташлаб, қаддимни ростладим-да, урушдан олдин жуда машҳур бўлган “Жасорат майдонига кузатдим сени” ашуласини аввал секинроқ, кейин бор овозим билан айтиб, олға юра бошладим. Бизникилар ҳам, немислар ҳам – икки томондан ҳам ўқ узишни тўхтатишди. Костянинг олдига етиб келиб, энгашиб, уни чанага ётқиздим-да, ортга судраб қайтдим. Кетиб бораяпману кўнглимдан фақат бир ўй кечади: “Елкамга ўқ узишмасин-да, яхшиси, бошимни нишонга олиб қўя қолишсин”. Бироқ ўзимизникилар ёнига етиб келгунимча битта ҳам ўқ узилмади…
Эгнимиздаги ҳарбий либосга қараб бўлмасди, ҳамиша қонга беланган бўларди. Мен урушда илк дафъа яраланган катта лейтенант Беловни қутқарганман, сўнгги марта эса миномёт взводининг сержанти Сергей Петрович Трофимовни жанг майдонидан олиб чиққанман. Етмишинчи йилда Трофимов бизникига меҳмон бўлиб келган, ўшанда бошидаги жароҳатни қизларимга кўрсатганман, яра ўрни шапалоқдай чандиқ бўлиб қолганди. Жанг майдонидан ҳаммаси бўлиб тўрт юз саксон битта ярадорни олиб чиққанман. Журналистлардан бири: “Бутун бошли ўқчилар батальонини-я”, деб ҳайратланган”.
Инсонни маҳв этадиган техника тобора такомиллашиб борар, қутқариш усули эса ҳамон ўша-ўша – ярадорларни жанг майдонидан елкага ташлаб олиб чиқишарди. Жанг майдонида бу иш қандай бажарилганини мен кўрмаганман. Лекин бир сафар кўз олдимда соғлом, бақувват эркаклар ҳар бири олтмиш-саксон килограммли (одамнинг ўртача вазни ҳам шунча) қопларни вагондан туширишганда уларнинг кўйлаги жиққа терга ботиб, сиқсанг, чакиллаб сув томадиган ҳолга келганди. Гарчи бу қўпол ўхшатиш бўлса ҳам нотаниш ишни кўз олдимга келтиришимда қўл келади. Қолаверса, ярадор одам ўз вазнига нисбатан оғирроқ бўлади, устига-устак, ўша пайтда тинмай ўқ узилади, бомбардимон қилинади.
“Олдинги маррага келиб ўзимиздан ёши каттароқ одамлардан ҳам чидамли бўлиб чиқдик. Буни изоҳлай олмайман. Ўзимиздан икки-уч марта оғир эркакларни жанг майдонидан олиб чиқардик. Унга қўшиб қуролини ҳам судрайсан, эгнида оғир шинель, оёғида эса зилдай этик. Саксон килограммли танани елкангга ортмоқлаб оласан-да, эмаклайверасан. Уни олиб чиққандан кейин навбатдаги ярадор томон интиласан. Яна етмиш-саксон килограммли кимсани елкангга оласан… Битта ҳужум пайтида беш-олти марта шундай қилишга тўғри келади. Ўзинг эса балет раққосалари каби нари борса, қирқ саккиз килограмм тош босасан. Биз бу ишни уддалаганимизга сира ишонгим келмайди…” (Стрелькова А.М., ҳарбий фельдшер).
Вера Сафроновна Давидова урушгача Москва тарих-архив институтини битиришга улгуради, аниқроғи, қирқ биринчи йилнинг олтинчи июлида уларга дипломларни топширишади. У дарҳол фронтга жўнатишларини илтимос қилади. Қўпорувчилар гуруҳи билан душман ортига юборилади, партизанлар сўқмоқлари бўйлаб бутун Белоруссияни босиб ўтади. Урушдан кейин Белоруссия Компартияси марказий қўмитаси ҳузуридаги Партия тарихи институтида хизмат қилади.
“Тарихчи сифатида уруш тарихи билан узоқ шуғулланганман, – деганди Вера Сафронова. – Мен бош қотирган саволлар орасида, “Аёлларни урушга боришга нима мажбур қилган?” деган савол ҳам бўлган. Ўйлашимча, бу бизнинг миллий ўзига хослигимиз. Ўз ватани, ўз халқи ҳалокатга юз тутган оғир паллада аёл боласини хотиржам чўмилтириб, овқат пишириб ўтира олмайди. Иккинчидан, уруш бошланган пайтда эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлишимиз, таъбир жоиз бўлса, эмансипация ҳам алоҳида аҳамиятга эга эди.
Масалан, биз урушнинг иккинчи куниёқ институтни ташлаб, “Бизни ҳам урушга сафарбар қилинглар!” деб ҳарбий бўлимга мурожаат қилганмиз. Ҳолбуки, фронт нима-ю, уруш нима экани ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасдик. Ҳарбий бўлимдагилар эса: “Институтга қайтиб, давлат имтиҳонларини топширинглар”, дея ортга қайтариб юборишди.
Имтиҳонларни топшириб, яна фронтга жўнатинглар, деб ўтина бошладик. Қизлар, қизалоқлар илтимос қиларди… Гарчи уруш аёлларнинг иши бўлмаса ҳам. Эркаклар эса уни ўзига хос юмушга айлантириб олишган. Эркакларга нисбатан бир неча баробар саботли, уларга нисбатан яхшироқ мослашиш қобилиятига эга эканига қарамай аёллар уруш деган юмушга сира кўника олмади, бинобарин, аёл – энг аввало она, у ҳимоя қилиши, фарзандини асраши керак, табиат зиммасига шундай вазифа юклаган. Лекин у барибир урушга кўника олмади…
Биз қирқ иккинчи йилда фронт чизиғини кесиб ўтиб, қандайдир қабристон ёнида тўхтадик. Немислар биздан олти километр нарида жойлашганини билардик. Қоронғи бўлгани учун улар парашютли ёритгич ракеталарни тўхтовсиз отишарди. Бу ракеталар анча ёнади ва узоқ-узоқларни ҳам ёритади. Бўлинма бошлиғи мени қабристон ёнига бошлаб келиб, ракеталар отилаётган жойни кўрсатди, ўша буталар ортидан немислар чиқиб келиши мумкин, деб огоҳлантирди. Мен марҳумлардан қўрқмасдим, болалигимдан қабристондан ҳам чўчимасдим, лекин эндигина йигирма иккига киргандим, биринчи марта навбатчиликда турдим ва мана шу икки соатда сочим оқариб кетди. Эрталаб кўзгуга назар солганимда бир тутам сочим оқарганини кўрдим. Кечаси навбатчиликда олисдаги буталардан кўз узмадим, бутазор шовуллар, тебранар, назаримда уларнинг орасидан немислар чиқиб келаётгандай туюларди…
Кечаси қабристон ёнида навбатчиликда туриш наҳотки аёлларнинг иши бўлса? Биз ҳиссий жиҳатдан ҳамма нарсани ўзгача қабул қиламиз. Эркаклар барига одатий назар билан ёндашарди, навбатчиликда туриш, ўқ отиш сингари ишларга улар руҳан деярли тайёр эди. Аёл бўлганимиз учун буларнинг бари биз учун фавқулодда тусга эга эди. Биз, албатта, мослашишга, кўникишга интилардик, лекин буларнинг барчаси биз учун икки ҳисса оғир кечарди.
Эркаклар ҳамма нарсага ўз табиатларига кўра бошқача ёндашадилар. Дугонамнинг қизи яқинда эридан ранжиб шундай шикоят қилди: “Бундан ўн йил бурун айни шу куни тўйимиз бўлганини эсламади ҳам. Мендан кўнгли совиган…” Унинг эри бунга эътибор бермайди: ҳаммаси ортда қолиб кетган, эслашга ҳам арзимайди. Эндиликда унинг фикр-зикрини бутунлай бошқа нарсалар чулғаб олган. Аёлларнинг урушда иштироки ҳақида гапирганда аёл руҳиятини, албатта, ҳисобга олиш, унинг моҳиятини англаш керак. Лекин жуда ҳам нозик, ҳис-ҳаяжонга тез бериладиган аёллар фавқулодда ҳолатларда эркакларга нисбатан кучлироқ, чидамлироқ бўла олади. Тўхтамасдан ўттиз-қирқ километр йўл юрамиз… Отлар ҳам, эркаклар ҳам ҳолдан тояди, аёллар эса қўшиқ куйлаб кетиб бораверади. Қизлар жанг майдонидан яраланган барваста эркакларни олиб чиқишар, улар яраланганда яна ҳам оғирлашиб кетарди. Бугун бунга ишониш қийин…”
Орадан йиллар ўтди, Вера Сафронова ҳам уруш қатнашчиси, ҳам уруш тарихчиси кўзи билан ўтмишга назар солар экан, ҳамон ҳайратга тушади: буни қандай уддалашди экан, улар қандай қилиб шундай ишларни эплай олдилар экан? Фронтга отланиб, барча синовларга бардош бериб, жанг ҳам қилдилар. Аёлларнинг бундай жасорат кўрсатишининг ўзиёқ беқиёс маънавий қимматга эга.
Катта сержант, ўқчилар ротасининг санитария инструктори Нина Владимировна Ковеленова эслайди:
“Эндигина ўн олтига кирганим, ўн етти ёшга тўлишимга анча борлиги учун мени фронтга олишмади. Лекин биздан фельдшерни сафарбар қилишди, унга фронтга йўлланма келтириб беришди. Ёш боласи борлиги учун жуда эзилиб йиғлади. Мен ҳарбий бўлимга бориб, “Унинг ўрнига мени олинглар”, дедим. Онам рухсат бермади: “Нина, неча ёшда эканинг эсингдан чиқдими? Ёшинг етгунча балки уруш ҳам тугаб қолар”. Она барибир она-да. Бироқ Ватанни ким ҳимоя қилади?
Жангчилардан бири бир тўғрам қотган нонни, бошқаси эса бир бўлак қандни менга илинарди. Авайлашарди. Мен бизнинг “катюша” ракеталаримиз борлигини, улар ортимизда, панада турганини билмасдим. “Катюша”ларни ота бошлашганда еру осмон титраб, аланга ичида қолди… Бу мени шу қадар даҳшатга солди, бу қий-чувдан, ўт-оловдан, шовқин-сурондан шунчалар қўрқиб кетдимки, кўлмакка йиқилиб, пилоткамни йўқотдим. Жангчилар эса: “Сени нима жин урди, Ниночка?” дея ҳазиллашиб кулишарди.
Қўл жангларини айтмайсизми?.. Нималар эсимда қолган? Суякларнинг “қирс-қирс” синганини эслайман… Қўл жанги бошланиши билан “қирс-қирс” товуши эшитилади – инсон танасидаги суяклар қарсиллайди. Ҳужум бошланганда мен жангчилардан бироз ортда, лекин деярли ёнма-ён югураман. Ҳаммаси кўз ўнгимда рўй беради…
Жангларда иштирок этишга юрагим дош бермаган. Тулага, уйга қайтиб келганимда уйқумда ҳамиша босинқираб додлардим. Кечаси онам билан синглим бошимда ўтириб йиғлар эдилар…”
Оддий аскар, алоқачи Нина Алексеевна Семёнова сўзларидан:
“Биз Сталинградга етиб келдик. Бу ерда шиддатли жанглар борарди. Волганинг бу қирғоғидан нариги қирғоғига ўтишимиз керак. Ҳеч ким арзимизга қулоқ тутмайди: “Кимлар? Қизларми? У томондагилар сизларни бошига урадими?! Бизга алоқачилар эмас, ўқчилар ва пулемётчилар керак”. Биз эса кўпчилик, саксонта эдик. Кечга бориб жуссаси йирикроқ қизларни оладиган бўлишди, нимжон бўлганимиз учун мен билан дугонамни олишмаяпти. Захирада қолдиришмоқчи эди, мен шунақанги жанжал қилдимки… Соҳилнинг у томонига ўтишимиз билан ҳамма жангга отланди, фақат хатога йўл қўйганларни қолдиришди. Уларни шу асно жазолашарди.
Фронтга энди келган кезларимизда қўрқув нималигини билмаганмиз. Лекин дам беришганда, иккинчи қаторда турган пайтимизда ваҳимага тушганмиз. Снаряд ҳавода учиб бораётганда, ҳатто мина портлаганда ҳам товушидан ўзимизники билан душманникини ажратардик. Чийиллаб учса, дадил одимлайвер, чийилламаса, ўзингни панага ур, албатта, устингга ёғилади. Аммо дастлаб бундан бехабар эдик. Илк жанг пайтида ҳаммасини ўз кўзим билан кўриш учун бошимни кўтарганимда офицерлар мени окоп олдидаги тупроқ устидан итариб юборишган. Болалардай қизиқувчан бўлганмиз-да…”
Уруш шароитида уларни имкон қадар аяшган, авайлашган. Лекин аксарият ҳолларда вазият туйғуларга шундай тус берардики, шафқатсизлик замирида раҳму шафқат яширинган бўларди. Оддий аскар, санитария инструктори Екатерина Михайловна Рабчаёва хотирлаган қуйидаги воқеада шундай бўлган:
“Фронтда илк ярадорни судраб бораяпман, оёқларим чалишиб кетяпти. Уни судраб боряпману: “Ишқилиб, ўлиб қолмасин-да… Ишқилиб, ўлмасин-да…” дея шивирлайман. Унинг жароҳатини боғлагач, йиғлашга тушдим, ранг рўйим бўзариб, ярадорга нималардир дедим. Ёнимдан командир ўтиб бораётганди. Аҳволимни кўриб, менга ўшқирди, эркаклар дарғазаб бўлганда айтадиган ёмон сўзни тилга олди…
– Нима учун сизга ўшқирди?
– Чунки бундай кўнгилбўшлик, йиғи-сиғи ярамайди. Ҳолдан тойиб қоламан, ярадорлар эса кўп…
Кетиб бораяпмиз, ҳалок бўлганлар узала тушиб ётибди, тарашланган бошлари офтобда қолган картошкадай кўкариб кетган…”
“Мен дастлаб ҳеч вақони билмасдим, тушунмасдим. Ёшман-да… Биз эса чекинаяпмиз… Немисларнинг самолётлари шунчалик кўпки, осмонни ҳам, ерни ҳам қоплаб олгандай. Тун… Ўрмон устара билан қиртишлангандай. Ярадорлар, ҳалок бўлган биродарларимиз ортимизда қолиб кетмоқда…
Буларнинг барини ифодалашга ҳатто “даҳшат” сўзи ҳам тўғри келмайди…” (Мария Борисовна Ковнацкая, ҳарбий ҳамшира.)
Оддий аскар, санитарка Наталья Ивановна Сергеева ҳам шу ҳақда ҳикоя қилади:
“Ярадорларни тўғри жанг майдонидан олиб келишарди. Бир гал омборда икки юз ярадор билан ёлғиз қолганман. Бу воқеа қаерда бўлгани эсимда йўқ… Аллақандай қишлоқ эди… Орадан шунча йил ўтди ахир… Ёдимда қолгани шуки, тўрт кун ухламаганман, ҳатто бир нафас ўтирмаганман, уларнинг бари: “Ҳамшира… Сингилжон… ёрдам бер, меҳрибоним!..” дея ёлворарди. Мен бирини қўйиб, бошқасига чопардим, бир сафар қоқилиб кетиб, йиқилган жойимда ухлаб қолдим. Яраланган ёшгина лейтенант, командир соғ ёнбошига таяниб: “Бақирманглар! Буюраман, ҳеч ким бақирмасин!” деб ҳайқирганда уйғониб кетдим. У ҳолдан тойганимни англаганди, жони оғриётган ярадорлар эса тинмасдан “Ҳамшира!.. Сингилжон!” дея бақиргани бақирган. Мен ўрнимдан сапчиб туриб, дуч келган томонга чопа кетдим. Ўшанда фронтга келганимдан буён илк марта йиғлаб юбордим…”
Ўхшаш хотираларни эшитмайсиз, ҳар бир инсон учун уруш ўзига хос тарзда бошланган: дастлабки жанг, қутқарилган илк ярадор, ҳалок бўлган дастлабки жангчи… Худди партизанлар ҳаётига оид ҳамма нарсани, ҳатто ёғоч кружка-ю гильзадан ясалган қорачироқ, парашютлардан тикилган аёллар ичкийими каби майда-чуйдаларни ҳам музейда асраб қўйишни хоҳлаган Вера Сергеевна Романовскаяга ўхшаб барини ўз ҳолича қолдиргинг келади. “Урушда партизан бўлган аёллардан бири, – деб ҳикоя қилганди у, – яқинда музейга парашютдан тикилган аёллар кофтаси ва сийнабандини олиб келди, биз ҳам парашютдан шундай кийимлар тикардик. У буларни қирқ йил асраган, тоби қочганда ўлиб қоламан, деб хавфсирагани учун музейга олиб келибди. Музейда эса, афсуски, нима ҳожати бор, булар кимга керак, деб кулганлар ҳам бўлди. “Урушдаги жасоратга буларнинг нима дахли бор” эмиш…
Мен столим устидаги хатлар уюмига ва бир талай магнитофон тасмаларига назар соламан, жасоратнинг сон-саноқсиз қиёфалари борлигига шулар гувоҳ.
“Онамнинг бағрига ёлғиз мен қайтдим…”
Москвага, Нина Яковлевна Вишневская ҳузурига кетяпман. Бу аёл ҳақида ҳозирча ёндафтарчамда атиги бир саҳифа маълумот бор: ўн етти ёшида фронтга отланган, бешинчи армиянинг ўттиз иккинчи танк бригадаси биринчи батальонида санитария инструктори вазифасида жанг қилган, Прохоровка остонасидаги машҳур танклар жангида қатнашган. Урушдан кейин комсомоллик фаолияти билан шуғулланган. Борисов шаҳрини озод қилган ўттиз иккинчи танк бригадаси ҳақида салмоқли маълумотлар тўплаган шу шаҳарлик изқуварлар уни топишда ёрдам беришди. Газетада асаримдан бир неча марта парчалар эълон қилингандан кейин, айниқса, мактаб ўқувчиларидан кўплаб хатлар кела бошлади. Шу тариқа ҳеч кутилмаганда кўнгилли ёрдамчиларни топдим.
Ўнлаб манзиллардан қайси бирини танлаш керак, деган масала кўндаланг турарди. Бу ишга киришганда, кимни учратмай хотираларини ёзиб олардим. Тез орада маълум бўлдики, ҳамманинг хотираларини ёзиб олиб бўлмайди, маълумотларни саралаш ва тўплашнинг бошқача усули зарур. Мавжуд манзилларни саралаб, олдимга шундай вазифа қўйдим: имкони борича турли ҳарбий касбдаги аёлларнинг хотираларини ёзиб оламан. Бинобарин, ҳар биримиз ҳаётга ўзимизнинг касб-коримиздан келиб чиқиб ёндашамиз. Бундай тахмин шартли эканига қарамай, мантиқдан холи эмасди: ҳамшира ҳам, новвой ҳам, десантчи аёл ҳам, учувчи аёл ҳам, автоматчилар бўлинмасига командирлик қилган аёл ҳам урушни ўзига хос тарзда бошдан кечирган. Урушда уларнинг ҳар бири ўзгача манзараларнинг гувоҳи бўлган; уруш деса, биттасининг кўз олдига жарроҳлик столи келади: “Қанчадан-қанча аскарларнинг қўл-оёғи кесиб ташланганини кўрганман… Ҳатто қаерлардадир қўл-оёғи бутун эркак борлигига ҳам ишонгим келмасди. Назаримда, уларнинг бари яралангандай ёки ҳалок бўлгандай эди…” (Демченко А.С., катта сержант, ҳамшира); яна кимдир дала ошхонасининг қозонини эслайди: “Жангдан кейин баъзида ҳеч ким қолмасди… Қозонни тўлдириб бўтқа ёки шўрва пиширасан, бироқ ейдиган одам топилмайди…” (Зинин И.Н., оддий аскар, ошпаз); кимнингдир кўз олдида учувчининг кабинаси пайдо бўлади: “Лагеримиз ўрмонда жойлашганди. Мен парвоз қилиб қайтиб келгач, ўрмонга боришга аҳд қилдим, ёз пайти, ертўламиз бор эди. Сўқмоқ бўйлаб кетарканман, немис аскарининг жасадига дуч келдим… Ишонсангиз, қўрқиб кетдим. Бир йилдан буён жанг қилаётганимга қарамай, ҳали бирон марта ўликни кўрмагандим. Ҳавода парвоз қилаётганда билинмайди. Ҳамма ёқ аланга ичида, вайрон бўлаётир… Самолётда парвоз қилаётганда хаёлингдан фақат нишонни топиб бомбардимон қилиш ва ортга қайтиш керак, деган фикр ўтади. Шу боис марҳумларга дуч келмагандим. Қўрқув нима эканини ҳам билмасдим…” (Бондарева А.Г., гвардия лейтенанти, катта учувчи). Партизан аёл кўз олдига эса энг аввало гулхан келади: “Гулханда нон ҳам пиширардик, овқат ҳам қилардик, чўғи қолса, ким ғилофини, ким эса пойабзалини, хуллас нам тортган нимаики бўлса, қуритарди…” (Висоцкая Е. Ф.).
Танк қисмларида асосан эркаклар санитар инструктор бўлган, ниҳоят, шундай иш билан шуғулланган аёл кишини топдим!
Нина Яковлевна Вишневскаядан мактуб олгач, дарҳол йўлга тушдим.
Купеда уч киши кетяпмиз. Чойхўрлик. Ўз-ўзидан гап гапга уланади.
– Бирон ўткирроқ ичимлик бўлса, чакки бўлмасди-ю, лекин мумкин эмас. Шифокорлар тақиқлашган. Юрагим заифроқ… Жисмоний меҳнат билан кўпроқ шуғулланиш керак, дейишади. Асабни бузадиган ишлар кўп, лекин жисмоний ҳаракат кам.
– Яқинда менинг ҳам тобим қочиб қолди. Яхшиям далаҳовлим бор. Ҳар ким ҳар нарсадан нажот излайди. Кимдир эрталаб югуради, кимдир тош кўтаради, мен эса далаҳовлидаги ишлар билан овунаман…
– Менинг қизим шифокор… Невропатолог. Айтишича, одамлар ҳозир кам кулар эмиш, кам хурсанд бўлармиш. Оқибатда инсон танаси зўриқар экан. Яхши эмас…
– Ҳеч вақтимиз етмайди-да… Ҳамиша қаёққадир ошиқамиз. Урушдан кейинги йилларда, ёшлик пайтларимизда: егани ҳеч вақо йўқ, ҳар доим ҳам шакар билан чой ичолмайсан, лекин жамулжам бўлсак – даврамиз шодликка тўларди. Тез-тез йиғилардик, жўр бўлиб ашула айтардик… Ҳозир эса ҳатто ёшларнинг ҳам боши ҳадеганда қовушавермайди…
Исмини эслаб қоламан: юрагидан шикоят қилаётган Николай Борисович. Наригиси – Кочетков: “Мени фамилиямни айтиб чақиришади. Ота-онам ажойиб иш қилишган – синглимга Электрика деб, укамга Рубин, менга эса Мир, деб ном қўйишган. Мир Калистратович… Приёмник деб исм қўйишмагани учун ҳам раҳмат… У пайтларда давр шундай эди, ҳамма техникага маъбуддай сиғинарди. Эндиликда эса фазовий кемалар ишлаб чиқаряпмиз, лекин Ксеня, Наталья, Евдокия каби исмларни қўйиш одат тусини олди…”
Иккаласи ҳам жанг қилган – камзулларида орден-медаллар шодаси.
– У қийинчиликларни ёшлар билишмайди…
– Билишади. Улардан беҳуда ранжиймиз.
– Йўқ, улар билишни хоҳламайди, чунки ёшларни енгил турмушга ўргатиб қўйганмиз. Ўзимизни тўрт томонга уриб, уларни ҳамиша авайлаб келганмиз. Биз ҳақимизда улар нимани билишади? Ҳаётимиз тўғрисида-чи?..
Бу савол, албатта, менга ҳам қаратилган. Кимнинг олдига, нима учун кетаётганимни сўзлайман…
– Сизга шуни айтмоқчиман, азизам, – деди Николай Борисович қошиқ билан столни асабий тақиллатиб, (билишимча, у урушда сапёрлар батальонининг командири бўлган). – Ходимлар бўлимидаги бир нодон сапёрлар бўлинмасининг командири бўлган икки қизни менинг олдимга юборганда, қаттиқ норози бўлишларига қарамай, икковини ҳам ортига қайтариб юборганман. Улар олдинги маррада сапёрлар бўлинмасига командир бўлишни, миналанган майдондан ўтишни хоҳлашганди.
– Уларни нега қайтариб юбордингиз? – деб сўрайман.
– Бир неча сабабларга кўра. Биринчидан – бу қизларнинг ишини уддалайдиган рисоладагидек сержантларим етарли эди, иккинчидан – мен уларни жуда яхши билардим, улар архитектура институтимизнинг толибалари эди. Бирга ўқиганмиз. Фронтнинг олдинги чизиғида аёлларнинг қиладиган иши йўқ, деб ҳисоблардим. Бунинг учун биз эркаклар бормиз, яна билардимки, иш билан банд одамларга ортиқча ташвиш орттираман: бу қизлар учун алоҳида блиндаж тайёрлаш, командирлик қилишлари учун аёлларга тааллуқли лаш-лушларни шай қилиб бериш керак.
– Демак, сизнингча, қизлар урушда фақат ортиқча даҳмаза бўлган экан-да?
– Йўқ, бундай демоқчи эмасман. Тарихни эсга олсак, рус аёллари эрини, ака-укасини, ўғлини нафақат урушга кузатган, оҳ-воҳ қилган, шунингдек, уларни кутган, керак пайтда уларнинг сафидан жой олган. Ярославна қалъа деворига кўтарилиб, душман бошига қайноқ қатрон қуйгани тарихдан маълум. Лекин хотин-қизларнинг жанг қилаётгани биз эркакларнинг ҳамиятимизга тегарди, айниқса мен андиша қилардим… Мана бир мисол. Биз чекиняпмиз. Куз пайти, ёмғир шаррос қуймоқда. Йўл бўйида ҳалок бўлган қиз ётибди… Санитария инструктори… Жуда гўзал қиз, афсуски, узун сочлари лойга қоришиб кетган… Бу даҳшатли қирғинбаротда, лойгарчилик, бошбошдоқлик шароитида сафимизда аёл кишининг ҳам борлиги сира ақлга сиғмасди. Мен урушда ўлимга жуда кўп дуч келганман, лекин ўша қизнинг жасади ҳамон кўз ўнгимда…
– Бугун шуларни эслаш шартми? – ажабланади Кочетков. – Бизнинг ҳамшираларимиз қамалда қолганларида душманни ўққа тутганларини тушунса бўлади, чунки норасидадай ожиз бўлиб қолган ярадорларни ҳимоя қилишган. Бироқ икки жувон бетараф майдонда қўлида мерганлар милтиғи билан кимнидир ўлдириш учун эмаклаб борар экан – бу “ов”дан ўзга нарса эмас… Аслида ўзим ҳам мерган бўлганман, ўзим ҳам отганман… Лекин мен эркакман…
– Мерган қизлар ҳам кўчада дуч келган одамни эмас, душманни ўлдирган-ку?
– Билмадим, билолмадим, – гапимни илиб кетади Кочетков. – Бундай аёл билан эҳтимол, разведкага борган бўлардим, бироқ сира уйланмасдим… Асло… Хотиним мерган бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман. Аёл деганда одатда кўз олдимизга она, келинчак келади. Немис асирларини шаҳримиз кўчаларидан қандай олиб ўтишганини укам айтиб берганди, улар болалик қилиб, асирларга қарата чўзмалардан майда тош отишган. Онам кўриб қолиб, укамни шапатилаб урган. Кўчадан асирлар – Гитлер урушнинг охирида сафарбар этган ўсмир йигитлар ўтиб борарди. Укам етти яшар бола эди, лекин онам асир немисларга тикилиб йиғлаганини эслаб қолган: “Сизларни гўдак ҳолингизда урушга жўнатган оналарнинг кўзи кўр бўлсин!” Уруш – эркакларнинг иши. Жасоратини достон қилса арзийдиган эркаклар наҳотки оз бўлса?
– Лекин қизлар одам ўлдиришни хуш кўрганлари учун урушга бормаган. Бу мамлакат учун, халқ учун ҳалокатли палла эди. Кўнгилли бўлиб хизмат қилишни ҳатто профессорлар ўтинишган… – ҳаяжонланади Николай Борисович. – Қизлар қалб амри билан урушга отланганини унутманг, қўрқоқ ўз хоҳиши билан ҳеч қачон фронтга бормайди. Улар довюрак, бебаҳо қизлар эди. Дейлик, ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш нима дегани? Ҳозир айтиб бераман… Биз ҳужумга ўтдик, душман эса пулемётдан ўққа тутди. Бутун батальон тутдай тўкилди… Ҳамма ётибди… Ҳамма ҳам ҳалок бўлмаган, аксарият яраланганди. Немислар ёмғирдай ўқ ёғдираётир. Ҳеч ким кутмаган бир пайтда траншеядан олдин битта, кейин иккинчи, учинчи… қиз чиқиб келади… Улар ярадорларнинг жароҳатини боғлаб, судраб кета бошладилар, аввалига ҳатто немислар ҳам ҳайратдан тошдай қотиб қолишди. Кечки соат тўққизларга бориб қизларнинг ҳаммаси оғир ярадор бўлди, лекин ҳар бири беш-олтитадан ярадорни қутқарди. Уларни камдан-кам мукофотлашарди, урушнинг дастлабки йилларида ҳаммага ҳам мукофот берилмасди. Ярадорни жанг майдонидан шахсий қуроли билан олиб чиқиш талаб қилинарди. Тиббиёт бўлимида биринчи навбатда ярадорнинг қуроли қани, деган савол бериларди. Дастлабки йилларда қурол етишмасди. Милтиқ, автомат, пулемёт – буларни ҳам жанг майдонидан олиб чиқиш керак. Қирқ биринчи йилда жангчининг ҳаётини сақлаб қолгани учун мукофотлаш тўғрисида икки юз саксон биринчи буйруқ чиқди: жанг майдонидан шахсий қуроли билан олиб чиқилган оғир ярадор аскарларга – “Жанговар хизматлари учун” медали, йигирмата ярадорни қутқарганларга – “Қизил Юлдуз” ордени, қирқта аскарни қутқарган бўлса, – “Қизил Байроқ” ордени, саксон ярадорни қутқаргани учун – “Ленин” ордени бериларди. Жангда беш-олти кишини қутқариш қанчалик машаққат эканини сизларга сўзлаб бердим…
Кочетков чекиш учун йўлакка чиқди. Биз Николай Борисович билан юзма-юз қолдик.
– Фронтдаги қизлар орасида чиройлилари кўп эди, – гапида давом этади у. – Лекин биз уларга аёлга қарагандай қарамасдик. Уларни дўсту қадрдон деб билардик.
– Уларни ёқтирмасмидингиз?
– Йўқ, ундай эмас. Улар бизни жанг майдонидан олиб чиқадиган ҳамшираларимиз эди. Менинг ўзимни икки марта жанг майдонидан олиб чиқишган. Уларга қандай ёмон кўз билан қарай? Биродаримга турмушга чиқмайсизми, деб таклиф қилган пайтларимиз бўлган. Уларни туғишган синглимиздай эъзозлардик…
– Урушдан кейин-чи?
– Уруш тамом бўлгач, улар мутлақо ҳимоясиз қолишди… Мана, менинг хотиним. Жуда оқила аёл, ўттиз беш йилдан буён орамиздан қил ҳам ўтмайди. Урушда қатнашган қизларга муносабати эса яхши эмас. Айтишича, улар урушга эр ахтариб кетишган, гўё ҳаммасининг қилмаган иши қолмаган. Лекин аслида, рост айтяпман, улар покиза қизлар эди. Урушдан кейин ҳар биримиз ўз йўлимиздан кетдик… – Николай Борисович ўйга толади. – Буни тушунмайсиз. Урушнинг кир-чирларидан, битлаган кийим-кечакларидан, даҳшатли ҳалокатлардан кейин гўзалликка, гўзал аёлларга ташна эдик. Менинг дўстим бўларди, уни фронтда жуда чиройли бир қиз яхши кўрарди. Ҳамшира. Лекин урушдан кейин унга уйланмади, қайтиб келиб, оддийгина қиз билан турмуш қурди. Афсуски, бахтсиз турмуш кечиряпти… Ҳозир ўша ҳамширани эслайди, у нафақат ёстиқдош, балки чинакам дўст бўларди. Бироқ урушдан кейин унга уйланишни хоҳламади. Ахир тўрт йил мобайнида фақат товони ейилган этигу эркакларнинг пахталик шимида кўриб юрган-да… Дўстим эса урушни тезроқ унутишни истарди. Биз ҳаммасини унутишга интилардик. Ўзимизнинг қизларни ҳам унутдик…
Поездда мана шундай кутилмаган суҳбат бўлиб ўтди.
…Метродан чиқишим билан Москвага хос одатий ҳовлига кирдим. Ёздагига нисбатан қишда улар нима учундир бир-биридан кўпроқ фарқ қилади. Гўё ҳар бирига кўзга кўринмас рассом беркиниб олади-ю, дов-дарахтлар, ўриндиқлар, болаларнинг майдончалари, арғимчоқларни оқ рангга бўяб чиқади. Ғаройиб мусаввирларнинг ҳар бири алоҳида ишлагани учун ҳовлилар турли кўриниш ҳосил қилади. Бу ҳовлида қалам тебратган рассом ҳам ўзига хос йўл тутган: арғамчилар катта дўмбирани эслатади, дарахтлар эса қори куралмаган ғарамдай, гўё рассом шошгану, нияти ва кайфияти йўқлигидан расмни чизиб улгурмагандай. Мен учун бирон одам билан учрашув уйига кирмасимдан бошланади. Хаёлимда унинг қиёфаси шаклланишида мазкур ҳовли ҳам ўзига хос ўрин тутади. Телефонда ажабланган овоз янграйди: “Етиб келдингизми? Тўғри бизникига келаяпсизми? Ветеранлар кенгашида ҳеч нарсани аниқлай олмайсизми? У ерда мен ҳақимда барча маълумотлар бор”. Тасаввур қилишга, танишишга ошиқаман. Ҳаёт эса баландпарвоз тасаввурларимни ҳамиша синовдан ўтказади. Сира шафқат қилмайди.
Эшикни тўладан келган паст бўйли аёл очди. Бир қўлини саломлашиш учун эркакчасига менга узатди, иккинчи қўлини жажжи набираси ушлаб олган. Боланинг хотиржамлигига қараб бу хонадонда бегона одамлар тез-тез меҳмон бўлишига кўникиб кетишганини пайқайман.
Нина Яковлевна мени ўз хонасига бошлайди.
– Олдиндан огоҳлантирмаганингиз чакки бўлди-да, тайёргарлик ҳам кўрганим йўқ…
– Балки шуниси тузукдир. Энг муҳим воқеаларни эслайсиз…
– Газеталардан қирқиб олган материалларим бор. Бизнинг ўттиз иккинчи танк бригадамиз ҳақида кўп ёзишган. Уларни сизга бераман…
Хизмат хоналари каби кенг хона. Ортиқча ҳеч вақо йўқ, фақат китоблар, асосан ёдномалар, йириклаштирилган бирталай жанговар фотосурат, танкчилар киядиган қалпоқ буғунинг шохларига илинган, ялтироқ столча устида эса “Ҳарбий қисм аскарларидан”, “Танк билим юртининг курсантларидан” деган ёзувли эсдалик лавҳалар бириктирилган қатор митти танклар… Мен билан бирга диванда ҳарбий либосда учта қўғирчоқ “ўтирибди”. Ҳатто хонадаги парда ва гулқоғозлар ҳам камуфляж рангида.
– “Уйингни нима учун музейга айлантирдинг?” дея қўшниларим ажабланишади. Мен эса ҳаётимни буларсиз тасаввур қилолмайман, – дейди Нина Яковлевна.
Набирасини қўшни хонага чиқариб юборгач, мен магнитофонни ёқаман.
Нина Яковлевна Вишневская, старшина, танк батальонининг санинструктори:
“Танк қўшинларига қизларни истар-истамас олишарди. Ҳатто сира олишмасди, деса ҳам бўлади. Мен қандай тушиб қолдим, дейсизми? Биз Калинин вилоятининг Конаково шаҳрида яшардик. Энди саккизинчи синфни тугатиб, тўққизинчига ўтиш имтиҳонларини топширгандим. Уруш нима эканини у пайтларда билмасдик, аллақандай ўйин, деб ўйлардик. Ғалати воқеадай туюларди…
Биз коммунал хонадонда, бир неча оила ёнма-ён яшардик ва ҳар куни кимдир урушга йўл оларди: Петя амаки, Вася амаки… Биз болалар уларни қизиқсиниб, завқ билан кузатардик. Уларнинг ортидан поездгача борардик, мусиқа садолари остида хотинлар кўз ёши қиларди, буларнинг барчаси бизни ваҳимага солмасди, балки завқ бахш этарди. Биз ҳам дафъатан поездга ўтириб, жўнаб кетишни истардик. Уруш, бизнинг назаримизда, узоқ-узоқларда бўлаётганди. Ҳарбийларнинг тугмалари ялтирашини ёқтирардим. Мен санитар навбатчилар курсига қатнай бошлагандим, лекин ҳаммаси аллақандай эрмакка ўхшарди… Кейин мактабни ёпиб қўйишди ва бизни мудофаа иншоотларини қуришга сафарбар этишди. Кенг даладаги омборхонага жойлаштиришди. Биз ҳатто уруш билан боғлиқ ишга кетаётирмиз, дея ғурурланганмиз. Бизни нимжонлар батальонига бириктиришди. Эрталабки саккиздан кечки саккизгача, кунига ўн икки соатлаб ишлардик. Танкларга қарши хандақ қазирдик. Атиги ўн беш-ўн олти ёшли қизлар ва болалар… Бир куни иш пайтида кимдир “Ҳаво ҳужуми! Немислар!” дея қичқириб қолди. Катта ёшдагилар панага қараб югурди, биз учун немис самолётлари, немисларнинг ўзларини кўриш қизиқ эди. Улар қузғундай шитоб билан учиб ўтиб кетди, яхши илғай олмадик. Лекин бироздан сўнг орқага қайтиб, биз томонга пастлаб учиб кела бошлади. Самолётлардаги қора хочларга кўзимиз тушди. Ҳеч қандай қўрқув йўқ, фақат қизиқиб кузатамиз. Бирдан пулемётдан ўққа тута бошлашди, бирга ўқийдиган ва ишлайдиган тенгдошларимиз бирин-кетин ер тишлади. Биз тошдай қотиб қолдик, нималар рўй бераётганини англай олмай ҳайрон эдик. Ҳамон жойимиздан жилмай кузатардик, ниҳоят, катталар келиб бизни ерга ётқизишди, ўшанда ҳам қўрқув нималигини билмаганмиз…
Кўп ўтмай немислар шаҳарга жуда яқин келиб қолди, тахминан ўн километрлар масофада эди. Ватанни ҳимоя қилишимиз керак деган қарорга келиб, биз, қизлар ҳам ҳарбий бўлимга отландик. Ҳаммани ҳам олишмади, асосан чидамли, бақувват қизларни, энг аввало ўн саккиз ёшга тўлганларни олишди. Бир капитан танк қисми учун қизларни саралаётганди. Менинг илтимосимга қулоқ ҳам солмади, чунки ўн етти ёшда эдим, боз устига жуссам ҳам кичик.
– Пиёда аскар ярадор бўлса, ерга йиқилади, – дея менга тушунтирди у. – Унинг ёнига эмаклаб бориб, жароҳатини боғласа ёки пана жойга судраб кетса бўлади. Танкчи эса бошқа масала… Танк ичида ярадор бўлса, люк орқали тортиб олиш керак. Сен ярадорни танк ичидан чиқариб ола биласанми? Танкчилар жуда барваста бўлади. Танк устига чиқишга чоғланганингда тинмай ўққа тутишади, снаряд парчалари визиллаб учади. Ёнаётган танкни ҳеч кўрганмисан?
– Ахир бошқалар каби мен ҳам комсомол аъзоси-ку? – йиғламсираб дедим мен.
– Албатта, сен ҳам комсомолсан. Лекин жуда кичиксан-да…
Санитар навбатчилар курсларида ва мактабда бирга ўқиган дугоналарим новча, чайир қизлар бўлгани учун уларни қабул қилишди. Улар фронтга кетиб, мен қолаётганим жуда алам қилди.
Ота-онамга ҳеч нарса. Уларни кузатгани чиққанимда, қизларнинг раҳми келиб, мени машина кузовидаги брезент тагига бекитиб қўйишди. Усти очиқ машинада йўлга тушдик, бошимизга ҳар хил – қора, кўк, қизил дуррачалар ўраб олганмиз. Шура Кисилева ўзи билан ҳатто гитара ҳам олган. Машинада кетиб боряпмиз, окоплар кўзга ташлана бошлади, жангчилар бизни кўриб: “Артистлар келишди! Артистлар!” дея ҳайқира кетишди. Бундан роса ранжидик ҳам, фронтга жанг қилгани кетаётган бўлсагу бизни артистга чиқариб қўйишса…
Штабга етиб келдик, капитан саф тортинглар, дея буйруқ берди. Мен сафнинг охиридан жой олдим. Қизларнинг қўлида керакли нарсалари бор, менда эса ҳеч вақо йўқ. Рўмолнинг ўрнига бошимга онамнинг кофтасини ташлаб олганман. “Лоақал мана буни ушлаб тур”, дея Шура менга гитарани тутқазди.
Штаб бошлиғи чиқиб келди, капитан унга юзланди:
– Ўртоқ подполковник! Хизматни ўташ учун ўн иккита қиз ихтиёрингизга келди.
Подполковник бизни кўздан кечириб шундай деди:
– Ўн иккита эмас, роппа-роса ўн учта-ку.
Капитан эса яна такрорлади:
– Йўқ, ўн иккита, ўртоқ подполковник, – қизлар ўн иккита эканига унинг ишончи комил эди. Аммо синчиклаб назар ташлагач, дарҳол менга юзланиб: – Қаёқдан келиб қолдинг? – деб сўради.
Мен дадил жавоб бердим:
– Жанг қилгани келдим, ўртоқ капитан.
– Қани, бу ёққа ўт-чи!
– Дугонам билан бирга келдим…
– Дугонанг билан рақс тушгани борасан. Бу ерда эса уруш кетяпти… Яқинроқ кел-чи.
Онамнинг кофтасини бошимга ташлаган кўйи уларнинг ёнига бордим. Санитар навбатчилик қилган пайтимда олган гувоҳномамни кўрсатиб, ялина бошладим:
– Жон амакилар, ишонинглар, мен жуда бақувватман, ҳамшира бўлиб ишлаганман, қон топширганман. Илтимос…
Улар ҳамма ҳужжатларимни кўздан кечиришгач, подполковник буюрди:
– Биринчи келган йўловчи машинаси билан уйига жўнатилсин!
Машина келгунча мени тиббиёт-санитар бўлинмасига тайинлашди. Мен ўтириб олиб, пахтали докаларни тайёрлардим. Штаб томонга машина яқинлашаётганини кўришим билан ўрмонга қочаман. У ерда бир-икки соат ўтириб, машина кетгандан сўнг қайтиб келаман…
Уч кун шу алфозда ўтди, ниҳоят, бизнинг батальон ҳужум бошлади. Ўттиз иккинчи танк бригадасининг биринчи танк батальони… Ҳамма жанг қилгани кетди, мен эса ертўлани ярадорлар учун тайёрлашга киришдим. Ярим соат ҳам ўтмай ярадорларни олиб кела бошлашди… Ҳалок бўлганларни ҳам… Бу жангда бизнинг бир дугонамиз ҳам нобуд бўлди. Менинг борлигимни унутиб, кўникиб ҳам қолишди. Раҳбарият эсламай қўйди…
Энди нима қиламан? Ҳарбийчасига кийинишим керак. Бизга буюмларимизни жойлашимиз учун яп-янги тўрвалар беришганди. Мен бир тўрванинг тасмасини кесиб, чокини сўкиб ташладим-да, кийиб олдим. Бинойидек ҳарбий юбка бўлди. Қаердандир эскироқ гимнастёрка топиб олдим, белимни қайиш билан танғиб, қизларга кўрсатиб мақтангим келди. Уларнинг олдида бир айланганимни биламан, ертўлага старшина кириб келиб қолса бўладими, сўнг унинг ортидан қисм командири ҳам кирди.
Старшина буйруқ берди:
– Ростлан!
Кейин подполковникка юзланиб деди:
– Ўртоқ подполковник, мурожаат этишга рухсат беринг! Қизлар бемаъни иш қилиб қўйишди. Мен уларга буюмларини солиш учун тўрва берсам, уни юбка қилиб кийиб олишибди.
Қисм командири дафъатан мени таниб қолди:
– Ҳа, қочоқ қуён, бу сенмисан! Ҳаммаси тушунарли, старшина, қизларга ҳарбий кийим берилсин.
Машина ҳам, мени жўнатиш ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Бизга бошдан-оёқ кийим-бош тарқатишди. Танкчилар тиззаси қопламали брезент шим кийишади, бизга эса читга ўхшаш юпқа комбинезон беришди. Машинада эмас, ҳар қарич ерга сочилган металь қолдиқлари-ю қирраси чиқиб турган тошларнинг устидан эмаклаб юрганимиз боис комбинезонлар кўп ўтмай йиртилиб кетди. Танклар тез-тез ўт ичида қолар, омон қолган танкчилар ҳам бошдан-оёқ жизғанак бўларди. Аланга ичига кириб, ёнаётган одамни қутқарганимиз учун биз ҳам оловда куярдик. Танк люки орқали, айниқса ўқ отадиган башняси бор танкдан ярадорни олиб чиқиш жуда мушкул.
…Биз ҳеч қандай тайёргарликсиз келгандик, ҳарбий унвонларнинг белгиларини ажратолмасдик, шу боис старшина чинакам аскар бўлишимиз учун катта унвонли ҳар бир ҳарбийга қўлимизни чаккамизга қўйиб салом беришимиз кераклигини, ҳамиша қаддимизни тик тутиб, шинелимизнинг тугмаларини қадаб юришимиз лозимлигини уқтирарди.
Навниҳол қизалоқлар эдик-да, жангчилар ҳазил қилишарди. Бир куни мени тиббиёт-санитар бўлинмасидан чой олиб келгани юборишди. Ошпазга юзланганимда у мендан сўради:
– Нима керак?
– Чой…
– Сув ҳали қайнамади.
– Нега?
– Ошпазлар қозонларда чўмилишяпти. Чўмилиб бўлишсин, кейин сув қайнатамиз…
Мен унинг гапига ишониб, иккала челакни олиб, ортга қайтим. Йўл-йўлакай шифокор дуч келиб, сўради:
– Нега челаклар бўш?
Мен хотиржам жавоб бераман:
– Қозонларда ошпазлар чўмилаётган экан. Ҳали сув қайнатишмабди.
У ҳайкалдай қотиб қолди:
– Қозонда қайси ошпаз чўмилаётган экан?..
Мени алдаган ошпаз боплаб таъзирини еди, менга эса икки челак чой беришди.
Қайтиб келаётиб сиёсий бўлим бошлиғи ва бригада командири рўпарамдан келаётганини кўрдим. Оддий аскар бўлганимиз учун ҳаммага салом беришимиз кераклиги эсимга тушди. Рўпарамдан эса икки киши келаётир. Иккаласига ҳам қандай салом бераман? Дарҳол йўлини топдим. Улар ёнимдан ўта бошлаганда челакларни ерга қўйдим-да, иккала қўлимни икки чеккамга тираб, аввал биринчисига, сўнг иккинчисига таъзим қилдим. Хотиржам кетаётган раҳбарлар таққа тўхтаб:
– Бундай саломлашишни сенга ким ўргатди? – деб ажабланиб сўради.
– Ҳар бир одамга салом бериш керак, деб старшина ўргатган. Сизлар эса икки киши бирга келяпсизлар…
Фронтда қизлар учун ҳаммаси жуда мураккаб эди. Ҳарбий унвон белгиларини ажратишимиз жуда қийин кечган. Биз армияга келганимизда ромб, тўртбурчак сингари турли белгилар амалда бўлиб, кимнинг унвони қандай эканини ажрата олмасдик. Капитанга мана бу халтани олиб бориб бер, дейишарди. Капитанни қандай фарқлаймиз? Етиб боргунча “капитан” сўзи ҳам эсингдан чиқиб кетади. Етиб бораман-да, аста дейман:
– Амаки, ҳой амаки, анови амаки манавини сизга бериб қўйишни тайинлади…
– Қанақа амаки?
– Кўк шим, яшил гимнастёркали…
Уларнинг лейтенанту капитан экани эмас, балки келишган ёки келишмаган, малла ёки барваста экани ёдимизда қоларди… “Анови, баланд бўйли амаки бор-ку!” деб эслардик.
Ёнган комбинезонлар, куйган қўл ва чеҳраларни кўргач, албатта, уруш нима эканини тушундим. Танкчилар ёнаётган машина ичидан жонҳолатда отилиб чиқишади, бошдан-оёқ олов ичида, боз устига кўпинча қўли ёки оёғига ўқ теккан бўларди. Улар жуда оғир яраланган бўларди. Ерда узала ётганча ёлворади: “Ўлиб қолсам, онамга, хотинимга хат ёзгин…” Кўрган-кечирганимизни “даҳшат” сўзи билан ҳам ифодалаб бўлмайди.
Оёғим шикастланганида, танкчилар мени Кировоградчина яқинидаги Жёлтое қишлоғига олиб келишди. Тиббиёт-санитар бўлинмамиз жойлашган уй бекаси ёзғира кетди:
– Эсиз, ёшгина йигит-а!..
Танкчилар эса кулиб юборишди:
– Йигит эмас, холажон, қизалоқ бу!
Қишлоқдагилар эса кўзларига ишонмай шундай дейишарди:
– Қизалоқ эмиш, ёш йигит-ку бу…
Сочим тарашланган, эгнимда комбинезон, бошимда танкчилар қалпоғи – росмана йигитман-да… Уй бекаси печкага тақаб қурилган ўрнини ҳам бўшатиб берди, тезроқ соғайсин деб чўчқа боласини ҳам сўйди. Шўрлик эртаю кеч ёзғирарди:
– Эркакларнинг уруғига ўт тушганми, она сути оғзидан кетмаган қизни ҳам фронтга юборишадими?..
Ўн саккиз ёшимда Курск ёйида бўлган жангда “Жасорат учун” медали ва “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланганман, ўн тўққиз ёшимда эса иккинчи даражали “Улуғ ватан уруши” орденини олдим. Янги қўшимча кучлар келганда, албатта, навқирон йигитлар менга кўриб ҳайратланишарди. “Бу медалларни қайси сўрашган кароматинг учун беришган?”, “Наҳотки сен ҳам жанг қилолсанг?” дея киноя қилишарди. Ёки: “Танк зирҳини ўқ тешиб ўта оладими?” дея тегажоғлик ҳам қилишарди.
Кейинчалик жанг майдонида, ўқлар остида туриб шундай ҳазилкаш йигитлардан бирининг жароҳатини боғлаганман, унинг фамилияси ҳам эсимда – Шчеголеватих. Унинг оёғига ўқ текканди… Жароҳатини боғлаяпману у тинмай узр сўрарди:
– Ҳамшира, ўшанда сизни хафа қилганим учун мени кечир…
У пайтлар севги ҳақида нимани билардик ўзи? Мактаб давридаги болаларча ишқий кечинмаларни айтмаганда… Қамалга тушиб қолганимиз ёдимда… Душман томондан тобора сиқиб келаётир. Тунда ё ёриб ўтамиз, ё ҳалок бўламиз, дея аҳд қилдик. Ҳалок бўламиз, деган тахмин ҳақиқатга яқин эди… Билмадим, буни айтсамми, айтмасамми…
Ёриб ўтиш учун қоронғи тушишини пойлардик. Батальон командири яралангани учун Миша Т. комбат вазифасини бажарарди, унинг ёши ҳам ўн тўққиздан ошмаганди… У мендан сўради:
– Ҳеч мазасини татиб кўрганмисан?
– Ниманинг мазасини? – қорним оч бўлгани учун тамшаниб қўйдим.
– Биронта дўндиқчани-да!
Урушдан аввал шунақа номли бир нав ширинлик бўларди.
– Татиб кўрмаганман…
– Мен ҳам. Ҳалок бўлсак… муҳаббат нашъасини ҳам билмай кетамиз. Кечаси бизни ўлдиришади…
Нимага шама қилаётганини англаб:
– Эсингни едингми, аҳмоқ! – дея уни силтаб ташладим.
Ҳалок бўлиш эмас, балки чин ҳаётни кўрмасдан, ундан баҳра олмасдан нобуд бўлиш қўрқинчли эди. Мана шу ҳадик жуда ваҳимага соларди. Ҳали ҳаёт нима эканини англаб улгурмасдан ҳаёт учун жонимизни тиккан эдик”.
Яна энг аламли, изтиробли хотираларни эсга олади:
“Танк қўшинларида санитар инструкторлар тез ҳалок бўларди. Танкларда биз учун жой кўзда тутилмаган, зирҳига тирмашиб олганингда занжирлари оёғимни юлиб кетмасин-да, деган хавотир сира тинчлик бермайди. Ўт ичида қолган бошқа танкларни ҳам сира кўздан қочирмаслик керак. Дарҳол ўша томонга югуриш ёки эмаклаб бориш даркор… Фронтда беш дугона эдик: Люба Ясинская, Шура Киселева, Тоня Бобкова, Зина Латиш ва мен. Танкчилар бизни конаковсклик қизлар, деб аташарди. Қизларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди…
Люба Ясинская ҳалок бўлган жанг арафасида, кечаси ёнма-ён ўтириб дардлашганмиз. Қирқ учинчи йил. Дивизиямиз Днепрга етган. Люба кутилмаганда шундай деди: “Ишонасанми, мен бу жангда ҳалок бўламан… Худо ҳаққи, кўнглим сезяпти. Старшинанинг ёнига бориб, янги ичкўйлак беринг, деб илтимос қилдим, у эса қизғаниб: “Янги ичкўйлак олганингга ҳеч қанча бўлгани йўқ-ку”, деди. Эрталаб бирга бориб илтимос қилайлик”. Мен: “Икки йилдан буён бирга жанг қиляпмиз, биздан ажал ҳам қўрқадиган бўлиб қолган”, деб уни юпатдим.
У эрталаб старшинанинг ёнига бирга боришга кўндирди ва биз бир жуфт янги ичкўйлак олдик. Люба янги кўйлагини кийиб олди. Оппоқ, боғичи ҳам бор… Ана шу оппоқ кўйлак қонга беланганди… Қизил қонга ботиб, лоладай бўлиб қолган оппоқ ичкўйлакни ҳали-ҳануз унутолмайман. Люба шундай бўлишини олдиндан билганди…
Биз уни шу аҳволда чодирга солиб тўрт киши кўтариб боряпмиз, жасади жуда оғирлашиб кетган. Ўша жангда жуда кўп одам ҳалок бўлди, қабрга олдин йигитларни, уларнинг устига эса Любани ётқиздик. Унинг ҳалок бўлганига, ортиқ орамизда йўқ эканига сира ишонгим келмасди. Ундан ниманидир эсдаликка олиб қолай, деган фикр хаёлимдан кечди. Унинг бармоғида узук бўларди, тиллами, оддийми, билмайман. Йигитлар марҳумнинг нарсаси яхшилик келтирмайди, деб огоҳлантирсалар ҳам ўша узукни олдим. Ниҳоят ҳамма марҳумлар устига бир сиқимдан тупроқ ташлай бошлади, мен ҳам тупроқ ташладим, бир ҳовуч тупроқ билан бирга узук ҳам қабрга, Любанинг бағрига тушди… Люба бу узукни жуда ардоқлаши ўшанда эсимга тушди… Унинг отаси урушнинг бошидан охиригача қатнашиб, омон қайтди. Акаси ҳам қайтиб келди. Эркаклар қайтиб келишди. Люба эса ҳалок бўлди…
Шура Киселева ҳаммамиздан чиройли эди, ёниб кетган. У оғир ярадорларни похол ғарамига яширган, отишма бошланиб, ғарамга ўт кетган. Шура омон қолиши мумкин эди, бироқ бунинг учун ярадорларни ташлаб кетиши талаб этиларди – уларнинг ҳеч бири юра олмасди… Ярадорлар ёниб кетган… Шура ҳам улар билан бирга…
Тоня Бобкованинг ҳалокати тафсилотларидан яқинда хабар топдим. У севган кишисини мина парчасидан тўсиб қолган. Мина парчалари дафъатан нобуд қилади… Тоня бунга қандай улгурган экан-а? Лейтенант Петя Бойчевскийни қутқарган, уни яхши кўрарди. Лейтенант омон қолган.
Орадан ўттиз йил ўтгач, Петя Бойчевский Краснодардан уруш қатнашчилари билан учрашувга келиб, мени топиб, барини айтиб берди. Биз бирга Борисовага бориб, Тоня ҳалок бўлган яйловни топдик. Петя унинг қабридан бир сиқим тупроқ олди. Тонянинг хокини онасининг қабрига дафн этганини кейинчалик хатида ёзиб юборди. “Менинг икки онам бор, – деб ёзганди у, – бири мени дунёга келтирган, иккинчиси ҳаётимни сақлаб қолган – Тоня…”
Битта мактабдан беш қиз фронтга кетгандик, ёлғиз мен онамнинг бағрига қайтиб келдим. Нима учун айнан мен қайтдим? Қизлар ҳалок бўлишди, мен эса омон қайтдим… Ана, уларнинг суратлари деворда осиғлиқ…
Жуда кўп сафарга чиқаман, уларнинг жасорати ҳақида сўзлайман… Ёзаман… Ўғлим: “Ойи, сира тинч ўтирмайсиз-а…” дейди. Қуролдош дўстларнинг барча учрашувларида қатнашаман. Бетоб бўлсам судралиб бўлса ҳам бораман… Менинг ҳаётим шундан иборат… Учрашувдан учрашувгача яшайман…”
Нина Яковлевна кутилмаганда шеър қироат қила бошлайди:
Гар сийлаган мени ҳам очун,
Афзал ҳаёт бор эҳсонидан:
Кўксим қалқон қилиб дўст учун,
Олиб чиқиш жанг майдонидан…
– Шеъриятни яхши кўраман, – хижолат бўлиб тан олади у. – Фронтда ҳам шеърлар ёзардим, ҳозир ҳам. Қизларга ҳам ёқарди…”
Бу ҳам ажабланарли ҳол – уларнинг кўпчилиги фронтда шеър битишган. Бу шеърларни ҳозир ҳам қунт билан қайта кўчиришади, оилаларда авайлаб сақланади – бироз қовушмаган бўлса ҳам, таъсирли, самимий; учрашувлар ва кўплаб мулоқотлар билан бирга уларни ҳам муҳим ҳужжатлар каби эъзозлайман. Ўзига хос кечинмалар билан йўғрилган бу ҳужжатлар воситасида давр нафасини туяман, нигоҳим қаршисида муайян авлод вакиллари қад ростлайди.
Лекин Нина Яковлевнанинг ҳикояси ҳали тугагани йўқ:
“Ўн йил муқаддам Ваня Поздняковни ахтариб топдим. Биз ҳалок бўлган деб ўйлардик, у эса тирик экан. Прохоровка остоналарида бўлган жангларда у командир бўлган танк немисларнинг икки танкини яксон қилган, душманлар танкни ёндириб юборишди. Экипаж аъзолари ҳалок бўлишди, ёлғиз Ваня тирик қолди, лекин икки кўзи йўқ, бутунлай куйиб кетганди. Уни госпиталга жўнатдик, аммо омон қолади, деб ўйламагандик. Уни ўттиз йил деганда ахтариб топдим. Зинадан кўтарилиб бораяпман, оёқларим чалишиб кетаётир, ўзимикан, бошқамикан, деган фикр тинчлик бермайди. Эшикни ўзи очди ва қўллари билан сийпалаб: “Нинка, ўзингмисан? Нинка?” дея таниди. Тасаввур қилаяпсизми, кўзи кўр бўлса ҳам, шунча йилдан кейин ҳам таниди-я.
У қартайиб қолган онаси билан бирга яшаркан, дастурхон атрофида бирга ўтирибмиз, онаси бечора тинмай кўз ёши қилади. Мен таскин бергандай дедим:
– Нимага йиғлайсиз? Жанговар дўстлар учрашдилар, қувониш керак.
Она бечора йиғи аралаш жавоб беради:
– Уч ўғлим урушга кетганди. Иккитаси ҳалок бўлди, Ваня омон қайтиб келди.
Ванянинг эса икки кўзи ҳам кўрмайди…
Мен ундан:
– Ваня, урушда сўнгги марта Прохоровка майдонидаги танклар жангига гувоҳ бўлгансан… Ўша кундаги қайси воқеаларни эслайсан? – деб сўради.
Биласизми, у нима деб жавоб берди:
– Экипаж аъзоларига ёнаётган танкдан чиқиб кетинглар деб, сал шошиб буйруқ берганимга ачинаман. Йигитлар барибир ҳалок бўлишди. Биз яна бир немис танкини яксон қилишимиз мумкин эди…
Бу ҳали-ҳануз унинг ягона армони эди…”
Нина Яковлевна билан кейинчалик хат ёзишдик. Унинг магнитофон тасмасига ёзиб олинган ҳикоясини кўчириб олиб, ваъда қилганимдек, бир нусхасини ўзига жўнатдим. Уч-тўрт ҳафтадан кейин Москвадан каттакон бандероль олдим. Унда газеталардан қирқиб олинган мақолалар, Нина Яковлевна Вишневская уруш қатнашчиси сифатида олиб бораётган ҳарбий-ватанпарварлик ишига оид расмий ҳисоботлар бор эди. Мен юборган матн ҳам қайтарилган, ундан деярли ҳеч вақо қолмаган, ҳаммаси чизиб ташланган, қозонларда чўмиладиган ошпазлар тўғрисидаги қизиқарли сатрлар, ҳатто беғараз: “Амаки, ҳой амаки, анови амаки мана буни сизга бериб қўйишни айтди…” деган жойи ҳам ўчириб ташланганди. Лейтенант Миша Т. билан бўлиб ўтган суҳбат ёзилган варақнинг ҳошиясига эса зардали учта сўроқ белгиси қўйилганди.
Бир инсон қалбида яшаётган икки ҳақиқатга кейинчалик яна бир неча марта гувоҳ бўлдим. Дейлик, хонадонда иккимиздан ташқари қариндошлар, танишлар, қўшнилардан бирортаси бўлса ҳам, ҳамсуҳбатларим ўз хотираларини самимият ва ишонч билан ҳикоя қила олмасди. Яна бир ёзилмаган қонуният шундан иборат эдики, тингловчилар қанча кўп бўлса, уларнинг ҳикоялари шунчалик қуруқ, зерикарли бўларди. Нина Яковлевна ҳам ёшгина дугоналари билан бошидан кечирганларини менга ўз қизидай сўзлаб берган бўлса, нисбатан каттароқ давра учун “бошқалар баён этганидек ва газеталарда ёзганидек” ҳикоя қиларди.
Нина Яковлевнанинг мактубини ўқир эканман, шинам ошхонада ўз уйимдагидек хотиржам чойхўрлик қилганимизни эсладим. У хотираларини сўзлар, иккимиз ҳам йиғлардик.
Рус тилидан Мирпўлат Мирзо ва Абдуҳамид Пардаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 1-2-сон