Швеция академиясининг муҳтарам аъзолари! Хонимлар ва жаноблар!
Нобель мукофоти мен учун катта шараф. Мен тўлиб-тошаётган ҳисларимни сизларнинг ҳузурингизда тўкиб-солсам носамимий ва эзма туюлиб кетишим мумкин, шунинг учун оддийгина “Раҳмат” билан чекланаман.
Мен, ҳозир замонавий Америка адабиётининг баъзи анъаналари, унга таҳдид солаётган айрим хатар ва умидли истиқболлари ҳақида тўхталмоқчиман. Бу масалаларни мутлақо очиқкўнгиллик билан, ҳеч нимага қарамасдан ёритиш учун эҳтимол, бироз шарттакилик қилишимга тўғри келар, ахир, сизларнинг олдингизда носамимий бўлиш, ўйлашимча, сизларни ҳақорат қилиш билан баробар.
Шундай қилиб, ўзимнинг жонажон ватанимдаги маълум идоралар ва жамоат арбоблари ҳақида аччиқроқ гап айтишимга тўғри келади.
Фақат, сизлардан ўтинаман, бу одамнинг қанақадир ғаламислик ниятлари йўқмикин, деб ўйламанглар. Тақдир мени яхшигина сийлади, яшаш учун оғир курашлар нима эканлигини билмадим, жудаям ночор аҳволда қолганим йўқ, кўплаб яхши одамларни учратдим. Аммо вақт-вақти билан ўзим ё китобларим қаттиқ ҳужумларга учраб турдик. Масалан, пок ниятли, калифорниялик бир пастор “Элмер Гентри”ни ўқиб бўлгач, атрофига халойиқни тўплаб, менинг устимдан Линч суди ўтказмоқчи бўлган. Мэн штатидан бошқа бир художўй одам мени қамоққа тиқиб қўйиш учун биронта арзигулик қонуний баҳона топилармикин, деб қизиққан. Бунақа қаҳрли лаънатлашдан ёмонроқ ишлар ҳам бўлган: мен билан анчадан бери таниш бўлган, клубда учрашиб юрган журналистлардан баъзилари мени яхши билишлари ҳақида ёзиб, ярамас одам, ёзувчи дейишга арзимайди, дейишибди. Баъзан менга харсангтош отишган бўлса, мен ҳам қўлимга тушган тошчаларни отганман, бунинг учун “яхшигина” жавоб қайтмайди, деб ўйласам, жуда соддалик қилган бўламан.
Йўқ, мен шахсан ҳеч кимдан шикоят қилмайман, лекин Америка адабиёти, унинг мамлакатда тутган ўрни ҳақида гап кетганда шуни айтишим керакки, саноати, сармояси ва фани ривожланган мамлакатда санъатнинг ҳамма турлари ичида фақат архитектура ва кино — зарур, эътиборга лойиқ, деб топилган бир пайтда норозилик билдиришга арзийдиган сабаблар бор.
Мисол сифатида, бундан бир неча кун илгари Нью-Йоркдан Швеция томон сузишимдан олдинроқ Швеция академияси ва менга тегишли кўнгилсиз бир воқеани айтай. Америкада жуда кўнгилчан, бир жентльмен қария бор, ўзи олим, бир вақтлар пастор, университет профессори ва дипломат бўлган, адабиёт ва санъат академиясининг аъзоси, кўплаб университетлар уни фахрий даражалар билан сийлашган. Ёзувчи сифатида, у асосан, балиқ овининг гашти ҳақидаги мақолалар муаллифи бўлиб танилган. Ҳаёти треска ё сельд балиғи қандай сузишига боғлиқ, ҳақиқий балиқчилар бундай овни кўнгилочар машғулот ҳисоблашларига ишонмайман, лекин мен эслатган мақолаларни ёшлик пайтларимда ўқиб шунга амин бўлганманки, агар балиқ ови билан зарурият юзасидан шуғулланаётган бўлмасангиз, унда жуда муҳим ва кўтаринки бир нима борлигини сезасиз.
Ана шу олим оммавий чиқиш қилиб, Нобель қўмитаси ва Швеция академияси америкача тартиблар устидан куладиган мендек бир одамга Нобель мукофоти бериб, Американи ҳақоратлади, деб айтди. Бу собиқ дипломат ана шу гапидан келиб чиқиб, халқаро низо чиқарадими, йўқми, Америка ҳукуматидан Стокгольмга денгиз пиёдалари қисмини юбориб, Америка адабиёт ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қиладими, йўқми, буни билмадим. Бундай қилмас, деб ўйлайман.
Бу масалага, илоҳиёт фани доктори даражасига етган, адабиёт докторию яна бир неча улуғвор унвонларга эга зиёли одам бошқача ёндашганда, чиройли иш бўларди. Масалан, у мана бундай фикр юритишини тасаввур қилиш мумкин: «Бу ёзувчининг китоблари шахсан менга ёқмаса-да, Швеция академияси унга мукофот бериб, Американинг обрўсини кўтарибди. Демак, америкаликлар аллақайси чекка ўлкаларда яшайдиган, танқидлардан титраб турадиган, болаларча фикр юритадиган одамлар эмас, балки мамлакати ҳақида айтиладиган ҳар қандай аччиқ гапни хотиржам ва жиддий қабул қила оладиган мардонавор миллат экан, деб ҳисоблабди».
Дунёга машҳур олим ўйлаб кўриши лозим эди: Стринберг, Ибсен ва Понтоппидандек адибларнинг асарларига ўрганиб қолган Скандинавияни, Америка қанчалик бой ва қудратли бўлмасин, одамзоднинг энг биринчи эҳтиёжларини қондириш даражасидаги юксак маданият яратолмади, деб танқид қилган бир ёзувчи гангитиб қўярмиди?
Стринберг ҳам «Юлдузли йўл-йўл байроқ»ни доим куйлаган ёки ротариан клубларида нутқ сўзлайверган бўлмаса керак, аммо Швеция бунга кўникиб кетган кўринади.
Мен балиқчи олимни танқид қилишга бунчалик кўп вақт сарфлаб юборганим сабаб, бу танқид ўзича муҳимлигида эмас, муҳими — унинг намунавийлигида. Аксари америкаликлар, на фақат ўқувчилар, ҳатто ёзувчилар америкача ҳаётни, ютуқларни ҳам, камчиликларни ҳам кўкларга кўтармайдиган адабиётдан қўрқишади.
Бизда шов-шув асар муаллифи эмас, чинданам севимли ёзувчи бўлиш учун ҳамма америкаликлар баланд бўйли, чиройли, бадавлат, ҳалол одамлар, улар гольфнинг моҳир ўйинчилари, дейиш керак; ҳамма шаҳарларимизнинг аҳолиси бир-бирига яхшилик қилишдан бошқасини билмайдилар, америкалик қизлар тентак бўлсалар-да, улардан яхши хотин, яхши она чиқади, деб мақташ керак; Америка жуғрофий жиҳатдан қараганда миллионерлар яшайдиган Нью-Йоркдан, 1870 йилларнинг қаҳрамонона ва шиддатли руҳини бузмасдан сақлаб қолган Ғарбдан, ой ёғдусига мангу чўмган ва магнолияларнинг хушбўй ҳидига тўлган, ҳамма ёғида плантациялар ястаниб ётган Жанубдан иборат, деб тасвирлаши керак.
Драйзер ва Уилла Кэзер каби Швецияда яхши таниш ёзувчиларимиз ҳозир ҳам йигирма йиллар илгариги каби оммага яхши танилмаган, бетаъсир қолиб кетяптилар. Юқорида мен эслатган, ҳурматли балиқчи-академикнинг очиқ-ойдин сўзларидан келиб чиқадики: бир юз миллион аҳолиси бор ҳозирги Америка илгариги қирқ миллионлик давридаги каби оддий ва кўкларга кўтариб мақталадиган мамлакатлигича қолган; ўн минг ишчиси бор заводдаги ишчилар билан хўжайин ўртасидаги муносабатлар 1840 йилда, бор-йўғи беш киши ишлайдиган фабрикадаги каби яхши қўшничилик ва қадимий тамойилларга асосланган; ўттиз қаватли саройнинг ҳашаматли хоналарида яшайдиган, йўлакда учта оилавий автомобили кутиб турадиган, токчасида тўртгагина китоби бор ва бир ҳафта ўтибоқ муқаррар ажрашиб кетадиган ота ва болалар, эр ва хотин ўртасидаги муносабатлар 1880 йилларда атиргулларга кўмилган, беш хонали коттежда яшайдиган оиладаги кабидир, деб ёзадиган ва оммавий журналларга хизмат қилиб юрадиган адибларгина кўпроқ ҳурмат-эътиборга лойиқ.
Қисқаси, бу ёзувчилар таъкидлашича, Америка Сэм тоғанинг қадимий ва сиполарча соддалигини тўлалигича сақлаб қолган ҳолда қишлоқ хўжалигига асосланган колониядан дунёга машҳур салтанатга айланган.
Йўқ, балиқчи-академик мени бироз ғийбат қилганидан хурсандман, чунки у Американинг санъат ва адабиёт академиясидаги муҳим шахс сифатида мени тил қисиқликдан қутқарди, академия ҳақида мен ҳам, у мен тўғримда айтганлари каби очиқ-ойдин сўзлашимга ҳуқуқ бериб қўйди. Замонавий Американинг ақлий фаолиятига бағишланган ҳар қандай ҳалол тадқиқот бу ғалати ташкилотга эътибор қаратмоғи лозим.
Бироқ академияга мурожаат этишдан олдин, рухсат берсангиз, мен Атлантика океанининг бўронли тўлқинлари устида саёҳат қилган бир неча кунлик мажбурий бекорчиликда хаёлимга келган фикрларни эътиборингизга ҳавола қилсам. Сизлар, энди биласизларки, менга Нобель мукофоти берилгани Америкада совуқ қабул қилинган. Бундай ҳолат, шубҳасиз, сизга таниш. Ўйлайманки, сизлар Томас Маннга мукофот берганда ҳам (унинг «Сирли тоғ»и бутун Европа ҳаётининг қаймоғи каби туюлади менга), жамият ҳаётида катта рол ўйнаб, Британия империясининг яратувчиси, деган ном олган Киплингга берганда ҳам, ҳатто Бернард Шоуни мукофот билан тақдирлаганда ҳам, бу ёзувчиларнинг ватандошлари орасидан сизларнинг танловингиздан норози бўлганлар топилган.
Агар сизлар мени эмас, бошқа бир америка ёзувчисини танлаганингизда нима гаплар бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиб кўрдим. Мисол учун Теодор Драйзерни олайлик. Ўзининг ёлғиз йўлидан кетаётган бу адибни, одатдагидек тушунмайдилар, кўпинча ёмон кўрадилар. У мен учун ва америкалик қатор ёзувчилар учун кўп нарса берди, хусусан, америка адабиётини викторианча ва хоуэллсча тортинчоқлик[1] ва жимжимадорликдан қутқариб, ҳаётни ҳалол, мардона ва эҳтиросли тасвирлаш йўлига буриб юборди. Драйзердек кашшоф адиб бўлмаганда бошқа биронтамиз ҳаёт қандай бўлса, шундай ёзиб, унинг барча гўзалликларию даҳшатларини тасвирлашга журъат этолмаган бўлардик. Ким ҳам панжара ортига тушиб қолишни истарди?
Менинг буюк касбдошим Шервуд Андерсон Драйзерни етакчи ёзувчи деб атади, мен бунга жон деб қўшиламан. «Бахти қаро Керри» Драйзернинг ўттиз йил аввал нашр эттирган биринчи ажойиб романи. Мен уни йигирма беш йил аввал ўқиганман. Бу асар америкача мешчанликнинг рутубатли муҳитини эркин ғарбий шамол каби ёриб ўтди ва Марк Твен билан Уитмен давридан буён бизнинг шинамгина хонаки дунёмизга тоза ҳаво оқимини олиб кирди.
Бироқ сизлар мистер Драйзерга мукофот берганингизда борми, Америкада оҳ-воҳлар эшитилган бўларди. «Услуб» деган сирли бир тушунча бор, мен уни яхши билмайман, лекин иккинчи даражали танқидчиларнинг асарларида у ҳақда бот-бот айтилганига қараганда, шунақа тушунча ҳақиқатдан ҳам бор экан. Мана, шу «услуб» деган нарса Драйзерда «оғир карвон», Драйзер сўзни ҳис қилмас, унинг романлари жуда чўзилиб кетган эмиш. Ва, албатта, ҳурматли алломалар ғазабнок баёнотлар қилиб, мистер Драйзер тасвирлаган аёллар ва эркаклар кўпинча бахтсиз, ҳамма нарсадан умидини узган гуноҳкорлар, ҳақиқий америкаликларга ўхшаб хушчақчақ ва ҳимматли тақводорлар эмас, деган бўлардилар.
Агар сиз мистер Юджин О’Нилни танлаганингизда, унинг гуноҳи оддий таҳқирлашдан ҳам ёмонроқ, унингча, ҳаёт — олимнинг иш жойидаги токчага териб қўйилган нарсалардек эмас, қандайдир, улкан, ҳатто тўфон, зилзила ёки ҳаммаёқни ямлаб ютадиган ўт балоси сингари даҳшатли нарса, деб эслатиб қўйган бўлардилар. О’Нилнинг Америка театри олдидаги бор-йўқ хизматлари шуки, қандайдир ўн-ўн икки йил ичида бизнинг батартиб, сохта комедиялардан иборат драмамизни буткул ўзгартириб юборди ва бизга улуғвор, даҳшатли ва улкандан-улкан дунёни очиб кўрсатди.
Агар сиз мистер Жеймс Брэнч Кэбеллни танлаганингизда, сизга уни тасаввурга сиғмайдиган даражада нияти бузуқ деб таърифлаган бўлардилар. Шунингдек, сизга Уилла Кэзар хоним, Небраска деҳқонлари ҳаёти ҳақида ёзган асарларининг одатий қадр-қимматига қарамай, «Тамом бўлган аёл» романида америкалик манаман деган ҳимматпешаларга хиёнат қилди, деб сўзлаган, унинг тасвиридаги ёмон йўлга кирган аёл ҳатто ҳимматпеша одамлар учун ҳам жозибали кўринади, шунинг учун бу воқеалар ахлоқсизликдир, деб тушунтирган бўлардилар.
Сизга яна кўп нарсаларни таърифлаган бўлардилар: мистер Генри Менкен тили заҳар, мистер Шервуд Андерсон жинсий ҳаётни балиқ тутишдек муҳим омил, дея қасддан адашиб юради, мистер Эптон Синклер ўзи социалист ва америкача капиталистик тузумнинг мукаммаллигини уялмасдан инкор этади, мистер Жофез Хергесхаймер хақиқий америкалик эмас, чунки ўзини яхши тутиш ва ташқи ялтироқлик кундалик ҳаёт қийинчиликларини енгил ўтказишга ёрдам беради, деб ўйлайди, мистер Эрнест Хемингуэй нафақат жуда ёш, унданам ёмонроғи — жентльмен одам билиши лозим бўлмаган сўзларни ишлатади, яна ўйлайдики, гўё мастлик — бахтга элтувчи йўл эмиш, солдат учун жанг майдонида сўқишишдан кўра муҳаббат муҳимроқ эмиш.
Ҳа, менинг касбдошларим ёмон одамлар. Улардан биронтасига мукофот берганингизда, уни менга берганингиз каби ёмон иш қилган бўлардингиз. Мен — Америка ватанпарвари, маълумотингиз учун, 1880 йилдаги эмас, 1930 йилдаги ватанпарвар — улар менинг юртдошларим бўлганидан бахтлиман ва уларнинг исмини ҳатто Европада — Томас Манн, Герберт Уэллс, Голсуорси, Кнут Гамсун, Арнольд Беннет, Фейхтвангер, Сельма Лагерлёф, Сигрид Унсет, Вернер фон Хейденстам, Д’Аннунцио, Ромен Роллан қитьасидан ҳам мағрур тилга ола биламан.
Мана шунақа экан қисматим — бу мақоламда ҳам кўтаринкиликдан тушкунликка, тушкунликдан кўтаринкиликка сакраб ўтавераман. Америка ҳақида гапирадиган ёки ёзадиган ҳар бир одам шундай кўйга тушади, чунки у замонавий дунёнинг энг зиддиятли, энг ақлга тўғри келмайдиган ва одамни жудаям тўлқинлантириб юборадиган мамлакат.
Шундай қилиб, мен ошкора ғурур билан замонавий Америка адабиётининг ажойиб намояндалари ҳисобланган адибларни санарканман, вақт етишмагани учун яна бир талай мақтовга сазовор адибларни айтолмай қоляпман. Энди, дастлаб айтган гапимга қайтсам, замонавий Амсрика адабиётида ҳам, санъатнинг бошқа ҳамма турларида ҳам, архитектура ва кино бундан мустасно, намуна бўладиган тартибларга, соғлом алоқаларга, тақлид қилгулик қаҳрамонларга эга эмасмиз, ёмонлашга, лаънатлашга арзийдиган золимликни ҳам билмаймиз. Ҳа-ҳа, биз тижорат ва илм соҳаларида самарали тартибларни ўрнатган бўлсак-да, қайси сўқмоқлардан юришнию қайсиларидан нари бўлишни билмаймиз.
Америкалик ёзувчи, шоир, драматург, ҳайкалтарош ёки рассом бирорта ижтимоий мезонни билмай, фақат ўзининг ҳалоллигига суянган ҳолда ёлғиз ижод қилишга маҳкум.
Санъаткорнинг такдири доим шундай бўлган. Дайди ва жиноятчи шоир — Франсуа Вийоннинг иссиққина, шинамгина бошпанаси бўлмаганки, ясаниб келган хонимлар унинг эркалашга муҳтож кўнглинию оч қолган қорнини тўйдирсалар. Бу чинданам улуғ, хотираси барча герцоглару қаҳрли кардиналларни босиб кетган, лекин оммавий фикрларга қараганда, уларнинг кийимига тегиб кетишга ҳам арзимайдиган инсонга тақдир хандақни ва бир бурда қотган нонни раво кўрди.
Америкалик санъаткор бунақа қашшоқликни билмайди. Бизга яхши пул тўлашади, ҳатто жуда яхши! Ёзувчилардан кимники хизматкори, автомобили ва банк магнатлари билан тенгма-тенг мулоқот қила оладиган Палли-Бичда вилласи бўлмаса, омадсиз ҳисобланади. Лекин у қашшоқликдан ҳам оғирроқ юкни кўтариб юради: ёзган асарлари ҳеч кимга керак эмаслигини, ўқувчилар унинг тимсолида юпатувчи ёки масхарабозни кўргиси келишини билиб туради ёки уни ҳеч кимга ёмонлик қилишни истамайдиган, ҳарҳолда, мамлакатда саксон қаватли уйлар қурилиб, миллионлаб автомобиль ишлаб чиқарилаётган, миллиардлаб бушел дон етиштирилаётган мамлакатда ҳеч қанақа аҳамияти йўқ бир вайсақи, деб ҳисоблашларини англайди. На биронта муассаса ёки инсонлар гуруҳи борки, уларга суянса, танқидини қабул қилса ва мақтовларини эшитса.
Бизда қанақа муассасалар бор?
Американинг санъат ва адабиёт академиясида, ажойиб санъаткорлар, архитекторлар ва давлат арбоблари қатори университетнинг машҳур президенти Николас Меррей Батлер, улуғвор, жасур олим Уилбер Кросс ва қатор моҳир адиблар: шоирлардан Эдвин Арлингтон, Робинсон ва Роберт Фрост, ҳур фикрли публицист Жеймс Трэслоу Адамс, романнавислардан Эдит Уортон, Хемлин Герленд, Оуэн Уистер, Бранд Уилток ва Бук Таркингтон бор. Бироқ, академия аъзолари орасида Теодор Драйзер йўқ, машҳур танқидчимиз Генри Менкен йўқ, ҳали ёшлигига қарамай, театр танқидчилигининг етакчиси Жорж Жин Натан йўқ, энг яхши драматургимиз Южин О’Нил йўқ, ўзига хос, чинакам шоирларимиз: Эдна Сент-Винсент Миллэй, Карл Сэндберг, Робинсон Жефферс, Вэчел Линдзи йўқ. Кутилмаган янгилиги, қатъиятлилиги, жасурлиги ва мусаффо руҳи билан бошқа поэзиядан ажралиб турадиган ва америкача янги поэтик мактабга асос солган «Спун Ривер антологияси»нинг муаллифи Эдгар Ли Мастерс ҳам академия аъзоси эмас. Академиклар орасида Уила Кэзер, Жозеф Хергесхаймер, Шервуд Андерсон, Ринг Ларднер, Эрнест Хемингуэй, Луис Бромфилд, Уилбер Дэниел Стил, Фанни Херст, Мэри Остин, Жеймс Брэнч Кэбелл, Эдна Федер номларини тополмайсиз. Албатта, Эптон Синклер ҳам йўқ, сиз унинг жанговар социалистик дунёқарашларига қандай муносабатда бўлишингиздан қатъи назар, у жаҳонга машҳур Америка ёзувчилари, шоирлари, рассомлари, ҳайкалтарошлари, мусиқачию архитекторлари орасида энг яхшисидир.
Албатта, академия бу адибларнинг ҳаммасини ўз таркибига сиғдириш бахтига муяссар бўлолмайди, аммо улардан биронтасини ўзига жалб қилолмаган ва Америка адабиётидаги тийрак, асл ва ривожланаётган нима борки, ҳаммасидан ўзини четга тортган муассаса ҳам бизнинг ҳаётимиз ва умидларимизга мос келолмайди. Бу академия замонавий Америка адабиётининг эмас, балки яккаю ягона Генри Уодсворт Лонгфеллонинг тимсолидир.
Бу фикрга, Академияда фақат эллик ўрин бор, табиийки, аъзоликка лойиқ ҳаммани жалб қилолмайди, деган эътироз бўлиши мумкин. Гап шундаки, Академияда жудаям кўп бўлмаган эътиборли ёзувчиларимиз учун жой топилмаган бир пайтда, унинг таркибида уч нафар заифгина шоир, икки нафар аҳамиятсиз драматург, университетлар президенти лавозимини эгаллашдан бошқа хизмати йўқ икки жентльмен, бундан ўттиз йиллар илгари қалами ўткир бўлган бир карикатурачи ва яна бир нечта жентльмен борки, ўзимнинг авомлигимни тан олиб айтсам, булар ҳақида ҳеч нима билмайман.
Ижозатингиз билан мен яна бир омилни таъкидлайманки, бу — ҳақиқатан ҳам омил — мен Академияга ҳужум қилмоқчи эмасман. Академия меҳмондўст, сахий ва ҳақиқатда ҳам салобатли муассаса. Ажойиб ёзувчиларимиз унга аъзо бўлмаганлари фақат академиянинг айби эмас. Гоҳо ёзувчиларимизнинг ўзи айбдор. Қандай қилиб, бесўнақай Теодор Драйзер Академия уюштирган зиёфатларда бемалол ўтиришини ҳеч тасаввур қилолмайман. Агар Менкен иштирок этиб қолса борми, ўзининг заҳарханда ҳазил-мутойибалари билан ҳаммани ичак узгудек кулдирган бўларди. Мен Академия билан жанг қилаётганим йўқ, фақат, шуни афсус билан таъкидлайманки, унинг ҳозирги ҳолати — Американинг маънавий ҳаёти энг муҳим эҳтиёжлардан қандай ажралиб қолгани учун ёрқин мисол бўлаяпти.
Худди шунақа узилиш, афсуслар бўлсинки, кўплаб университетларда, коллежларда ва мактабларда бор. Мен улардан, замонавий адабиётга чинданам қизиқадиган фақат тўрттасини: Флоридадаги Роллингз-коллежни, Вермонт штатидаги Мидлбери-коллежни, Мичиган ва Чикаго университетларини айта оламан (Чикаго университетида моҳир ёзувчи Роберт Херрик ва жасур танқидчи Роберт Морс Ловетт дарс беришган). Фақат тўртта! Ахир, Америкадаги университетлар, коллежлар, консерваториялар, илоҳиётчилик, ҳунармандчилик бадиий ўқув юртлари кўчалардаги автомобиллар каби саноқсиз-ку. Қачон кўзингиз готика услубидаги ойнаванд, мустаҳкам пойдевор устига қурилган жамоатчилик биносига тушса, билингки, бу — яна бир университет, унда икки юздан тортиб, йигирма минггача талаба таълимнинг азобларидан бирдек қочиб, санъат бакалаври деган даража берадиган ижтимоий имтиёзларни қўлга киритишга тиришиб ётибди.
О, шубҳа йўқки, ижтимоий нуқтаи назардан бизнинг университетлар кенг халқ оммаси билан мустаҳкам алоқалар ўрнатишган! Масалан, спорт соҳасида! Қайсидир йирик бир коллежнинг футбол матчида саксон минггача ишқибоз ўтиради. Ҳар бири билет учун беш доллардан тўлаб, машинасида ўн мингдан тортиб, минг милгача юриб келган, энди, йигирма икки ўйинчи чиройли чизиб қўйилган майдон бўйлаб бир-бирини қувалашишидан завқ олиши керак. Футбол мавсумида яхши ўйинчи бизнинг энг улуғ ва севимли қаҳрамонларимиздан Генри Форд, Президент Гувер ва полковник Линдберг сингари ҳурматга сазовор бўладилар.
Айтганча, бизнес «худо»лари билимларнинг муайян соҳаси — фан фидойиларига ҳурмат бажо келтирадилар. Бизнинг аслзодалар орасидаги савдогарлар поэзияга ва санъаткорнинг тахайюлига қанчалик совуқ қарамасинлар, барибир Миллекен, Майкельсон, Бантинг ва Теобальд Смит[2] олдида илтифот билан чидашга тайёрлар.
Бироқ, бизнинг университетлар санъат соҳасида ҳаёт ва ижоддан қанчалик узилган ва ёлғизланиб қолган бўлсалар, спорт ва фан соҳасида жамият билан шунчалик жипс алоқа ўрнатганлар. Америка университетининг тақводор профессори назарида адабий асар, ўзининг оддий замондоши қалбидан тўлғоқ билан туғиладиган нарса эмас. Ҳечам! Бу — қандайдир олий инсонлар тарафидан сирли равишда яратилган ўлик бир нарса. Бу инсонлар шайтоний ихтиро — ёзув машинкаси пайдо бўлишидан илгарироқ дунёдан ўтиб кетган бўлсаларгина ҳақиқий санъаткор ҳисобланадилар. Адабий асарни ҳамма қатори оддий — кўчада юрадиган, ҳеч нимаси билан бошқаларникидан фарқ қилмайдиган шим ва пиджак кийиб, ташқаридан қараганда ҳайдовчи ва фермердан фарқ қилмайдиган одамлар яратиши университетнинг ҳақиқий профессори хаёлига келса, афти бужмайиб кетарди. Бизнинг америкалик профессорларга ёрқин, совуқ, нуқсонсиз ва ўлик адабий асар ёқади. Бундай хислат фақат Америка университетлари профессорларига хос, деб ўйламайман. Оксфорд ва Кембриж профессорлари, ҳали ҳам уялмасдан яшаб юрган Уэллс, Беннет, Голсуорси ва Жорж Мурни дунёдан аллақачон ўтиб кетган ажойиб Сэмюел Жонсон билан тенглаштириш одобдан эмас, деб ҳисоблашларини биламан. Швеция, Франция ва Германия университетларида ҳам тушунишдан кўра кесиб ташлашни афзал биладиган профессорлар етарлича топилади, деб ўйлайман. Бироқ, Америка сингари ёш, яшовчан, изланувчан мамлакатдаги адабиёт ўқитувчилари кўҳна Европанинг мавжуд анъаналари соясида яшаётган касбдошларига қараганда камроқ таркидунёчию кўпроқ дунёвий, деб ўйлаш мумкин.
Йўқ, бундай эмас экан.
Яқинда Америка университетларидан ғалати воқелик — «янги гуманизм» урчиб чиқди. «Гуманизм» сўзи шунчалик кўп маъноларда ишлатиладики, натижада ҳар қандай маъносини йўқотиб қўйди. Бу сўз остида ҳамма нарсани: замонавий деҳқонлар диалектига қараганда, қадимги юнон ва лотин тиллари улуғворроқ дегандан тортиб, исталган ҳозирги тирик деҳқон ўлиб-чириб кетган қадимий юнондан қизиқарлироқ, деган фикргача барини тушуниш мумкин. Бироқ, бу ғалати воқелик мавҳум тушунчани ўзига шиор қилиб олганининг ўзиёқ хослик аломати.
Тушунишимча, ҳозирги ҳаяжонли ва истиқболли дунёда ҳаёт қаттиқ қобиқли дирижаблларни, хитой инқилобини, большевиклар томонидан қишлоқ хўжалиги индустрланишини, пароходлар, Грэнд-Кэньон, ёш болалар, даҳшатли очлик айрим олимларнинг худога шак келтириши каби туҳфаларни рўкач қилиб турганда, табиийки, биронта ёзувчида «янги гуманист»ларнинг ақл-идрокли ва шавқ-завқли ғоялари устида ўйлаб кўришга вақт топилмайди. Бу энг янги секта инсон табиатининг иккиёқламалик эканлигини бизга такрор эслатади, холос. Унга қулоқ тутсанг, адабиёт инсон руҳининг Худо ёки Иблис билан курашини тасвирлашдан нари ўтмаслиги керак. Лекин, шуниси қизиқки, на Худо, на Иблис замонавий либос кийиши мумкин эмас, уларга, албатта, қадимги юнонлар кийими зарур. Янги гуманистлар учун Эдип — фожиавий шахс, тийиб бўлмайдиган олди-сотди дунёсини машиналар босиб кетиш хавфи остида яшаб, ўзида Худонинг ички ва ташқи қиёфасини сақлаб қолишга тиришаётган одам эса фожиавий эмас. Уларнинг таъкидлашларича, яшашдан мақсад ўз-ўзини тийишдир. Бу билан нимага эришишдан қатъи назар! Улар азоб чекаётган одамга бундан бошқа таскин беролмайдилар. Пировардида, янги гуманистларнинг жудаям янги бўлмаган доктринаси шунга олиб келадики, санъат ва ҳаётдаги асосий нарса, бу — инкор этиш. Бу доктрина бизнинг тиниб-тинчимас, тараққиётга интилган дунёмизга суқулиб кирган энг қора аксиламалдир.
Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ўлим доктринаси, ҳаётнинг мураккабликлари ва хатарларидан монастирларнинг тинчгина фаносига қочиб кетиш насиҳати бизнинг профессорлар орасида оммалашиб кетяпти, ваҳоланки улар мардлик ва руҳий жасорат намунасини кўрсатишлари керак эди. Натижада ёзувчилар, университетлар кўрсатиши мумкин бўлган ижобий таъсирлардан маҳрум бўлиб қолдилар.
Доим шундай бўлиб келган. Американинг ўз Брандеси, Тэни, Гётеси, Крочеси бўлмаган. Ижодий истеъдодлар сероб бўлгани билан бизнинг танқидчилик совуқ ва кучсиз. У билан бахил қариқизлар, спорт репортёрлари ва заҳар профессорлар шуғулланишади. Бизнинг Эразмлар — қишлоқи собиқ ўқитувчи аёллар. Бадиий меъёрлар, агар уларни яратадиган ҳеч ким бўлмаса, қаёқданам пайдо бўлсин?
Эмерсон, Лонгфелло, Лоуэлл, Холмс, Олкотт кабилардан иборат ўн тўққизинчи аср ўрталаридаги Кембриж-Конкорд улуғ ҳамжиҳатлиги адабиёти Европа адабиётининг сентиментал акси эди. Бу ёзувчилар мактаб яратмади, эътиборга лойиқтаъсир ўтказолмади. Уитмен, Торо, По ва қисман, Готорн яккамохов эдилар, замондош «янги гуманистлар» улардан нафратланишган ва уларни ҳақорат қилишган. Адабиёт майдонига Уильям Дин Хоуэллс кириб келиши билан бизда олий мақсадга ўхшаган бир нарса пайдо бўлди. Бироқ, бу олий мақсад шунақанги хунук эдики!
Мистер Хоуэллс мулойим, ёқимли ва ҳалол инсонлар тоифасидан, лекин унинг дунёқараши, қавм руҳонийси ҳузурига чойга таклиф қилинганликни ўзи учун буюк шодлик деб биладиган қариқизларникига ўхшаган эди. У нафақат Худога шак келтириш ва уятсизликдан, ҳатто Герберт Уэллс айтганидек, «ҳаётнинг гўзал қўполликлари»дан ҳам нафратланган. Унинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари тахайюлий бўлган, лекин ўзи соддаларча, ҳақиқий деб ўйлаган. Масалан, фермерлар, денгизчилар ва фабрика ишчилари, эҳтимол, бордир, бироқ, фермерлар ҳеч қачон гўнг деган нарса билан шуғулланмаслиги, денгизчилар уят қўшиқларни айтмаслиги, ишчи эса сахий хўжайиндан доим миннатдор бўлиши керак ва уларнинг бари Флоренцияга саёҳат ҳақида орзу қилишлари, қашшоқларнинг антиқа кийимларига қараб, мулойим жилмайишлари лозим.
Хоуэллс «янги гуманизм»нинг бундай обрўли фалсафасига астойдил ишонганки, ҳатто 1914 йилда катта уруш тўфони бошланиб кетгунга қадар ўз замондошларига кучли таъсир ўтказган. У ҳатто Марк Твенни, ёзувчиларимиздан, эҳтимол, энг улуғию шафқатсиз қари ёввойини жиловлаб олиб, фрак ва цилиндр кийдиришга муваффақ бўлди. Унинг таъсири, баъзан ҳозир ҳам билиниб туради.
Хоуэллснинг ўзидан барча жиҳатлари билан устун тура оладиган, лекин унинг таъсирида ҳалол ва улуғ реалистдан мулойимгина, бироқ рангпар насиҳатгўйга айланиб қолган ёзувчи Хемлин Гарленд ҳам унга сажда қилади. Мистер Гарленд, айтиш жоиз бўлса, замонавий Америка адабиётининг отаси. Шу нуқтаи назардан уни ёш ёзувчилар кўп ташвишга солади. Улар таъби хунук бўлиш билан бир вақтда, эркаклар ва аёллар ҳаммавақт ҳам ибодат китобларида айтилганидек севишавермайдилар, оддий одамлар Бош кўчадаги аёллар адабий клубида расм бўлмаган сўзларни гоҳида ишлатиб турадилар. деб шама қилишни ўзларига раво кўрадилар. Хемлин Гарленднинг ўзи ёшлигида Бостонга кўчиб ўтиб, маданийлашиб, таркидунёчи бўлиб қолишидан илгари, «Сафар йўллари» ва «Датчерс-Кули атиргули» номли иккита, фош қилувчи дадил, реалистик асар ёзиб қўйган. Мен уларни болагтигимдан, Миннесота прерияларидаги кичкинагина шаҳарчада яшаганимда ўқиганман. Мистер Гарленд худди шунақа ўлкаларни тасвирлаганди, шунинг учун унинг қиссалари мени жуда тўлқинлантириб юборган.
Бальзак ва Диккенсни ўқиб тушундимки, Франция ва Англиянинг оддий одамларини худди кўргандек тасвирлаш мумкин экан. Лекин менинг калламга фикр келмабдики, ахлоқ-одоб чегарасида туриб, Миннесота штатидаги Сок-Сентернинг аҳолиси ҳақида очиқ-ойдин ёзиш мумкин эмас экан. Адабий анъаналаримизга мувофиқ ҳолда биз, Ўрта ғарбда яшовчилар ниҳоятда олийҳиммат ва бахтли эдикки, биронтамиз Бош кўчанинг зерикарли ҳаётини Нью-Йорк, Париж ёки Стокгольмнинг мажусийларча жанжал-тўполонига алиштирмаган бўлардик. Мистер Гарленднинг «Сафар йўллари»ни ўқиб, Ўрта ғарб фермерлари ҳам баъзан саросимага тушиши, оч қолиши, разил ёки қаҳрамон бўлиши мумкинлигини тушунадиган одам борлигини билдим. Шундан кейин мен эркинликни туйдим, ҳаёт қандай бўлса, шундайлигича тасвирлай олишимни билдим. Мен Американи мистер Уильям Дин Хоуэллснинг нурафшон қарашлари билан эмас, қандай кўрсам, шундай тасвирлашимга мистер Гарленд сабоқ бўлганини билганида хурсанд бўлиш билан бир вақтда ранжиган бўлармиди. Мистер Гарленд сингари одамлар янги сўқмоқларни кашф этиб, вақт ўтиши билан чекланган, тор фикрли бўлиб қолиши унинг фожиаси ва бунда озодлик мамлакати — Американинг фожиаси тўлалигича намоён бўлади.
Хоуэллс сингари одамлар бор кучи билан Американи тақводор инглиз шаҳарчасининг ғира-шира ўхшаши қилиб кўрсатишга интилган бўлсалар, бошқа баджаҳл ва ҳақиқий инсонлар — Уитмен ва Мелвилл, Драйзер, Хьюнекер ва Менкен, бизнинг мамлакат нафис муомалани сингдиришдан каттароқ ишларга қодир, дея ўжарларча таъкидлаб турдилар.
Ҳеч қанақа бадиий меъёрларимиз бўлмаса-да, биз яшаб қолдик. Ёш ва кучли одамлар учун меъёр бўлмагани ҳам маъқул. Ўзимнинг қадрдон, севимли мамлакатим ҳақида айтган гапларимни тугатиб, бу обидийдани кўтаринки оҳанг билан тугатмоқчиман.
Мен Америка адабиётининг келажагига умид ва тўла ишонч билан қарайман. Биз, яхши ниятли, соғлом фикрловчи ва ниҳоятда ғўр қолоқликнинг нафасни қайтарар даражадаги муҳитидан чиқиб оламиз. Бизда шундай ёш қаламкашлар борки, уларнинг эҳтиросли ва чинакам бадиий асарларини ўқиб, ўзимни уларнинг орасида, деб ҳис қилиш учун қарилик қилиб қолишимни ўйласам, хафа бўлиб кетаман.
Биэда Эрнест Хемингуэй бор, қаҳри қаттиқ йигит, оғир ҳаётий мактаб ўтаган, ўзига қаттиқ талаблар қўйиб тарбияланган, чинакам санъаткор, ҳаёт унинг учун қадрдон стихия; Томас Вулф бор, ўтгизга етган ё етмаган йигитча, бор-йўғи битта романи “Ўз уйингта қара, фаришта” адабиётимиздаги энг яхши асарлар билан бир қаторда туради ва ҳаётнинг раблеча завқ-шавқи билан тўлиб-тошган; Торнтон Уайлдер бор, бизнинг реалистик асрда нуқул қадимий, гўзал ва романтик тушлар кўради; Жон Дос Пассос бор, инқилоб олови, бэббитларнинг яхши ниятли ва соғлом олий мақсадларидан нафратланади; Стивен Бене бор, қария Жон Браун хотирасини улуғлаб, зерикарли Америка адабиётига эпик поэма жанрини қайтариб берди; Майкл Год бор, Ист-Сайддаги шу пайтгача ҳеч ким билмаган яҳудий кварталларининг ҳаётини тасвирлаган; Уильям Фолкнер бор, Жанубни, чамбаракли кенг юбкасиз Жанубни тасвирлаб берган; яна ўнлаб ёш шоирлар ва прозаиклар борки, улардан кўпчилиги ҳозир Парижда яшайди, Жеймс Жойс анъаналарига маҳлиё бўлиб юришибди, бироқ қанчалик бахиллик қилмасинлар, одобдан ташқари, бир хил қолипга тушиб қолган ва зерикарли нарсаларни инкор этадилар.
Мен уларни олқишлайман, уларнинг Америкага — баланд тоғлар ва чексиз прериялар, улкан шаҳарлар ва овлоқ кулбалар, ҳисобсиз бойлиютар ва келажакка катта ишончлар билан қараган мамлакатга, Россия каби ўзига хос, Хитой каби зиддиятли, Америкага муносиб адабиёт яратишга қатъият кўрсатаётганларидан қувонаман.
1930 йил
Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси
______________________
[1] “Викторианлик инглиз қироличаси Виктория номи билан боғлиқ буржуазия иккиюзламачилиги; «хоуэллсча тортинчоқлик» деганда Льюис, ёзувчини, ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларидан чўчийдиган буржуача руҳни тарғиб қилувчи одам, деган тасаввурни ифода этган.
[2] Миллекен, Роберт (1868—1953) — америкалик физик, Нобель мукофоти лауреати. Майкельсон, Альберт Авраам (1852—1931) — америкалик тадқиқотчи физик, нур тезлигини ҳисоблаб топган, Нобель мукофоти олган. Башпинг, Фредерик (1891-1941) — канадалик бактериолог, инсулин яратувчиси, Нобель мукофоти лауреати. Смит, Теобальд (1859—1934) — америкалик бактериолог, Техас безгаги ташувчисини кашф этган.