Сергей Аксаков. Олов гул (эртак)

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим ўтган замонда бир бой савдогар яшаган экан. Унинг уч қизи бўлиб, ҳаммаси чиройли, айниқса, кенжаси гўзалликда тенги йўқ экан. Ота ўз қизларини жуда яхши кўрар экан. Энг кичигини эса катталаридан ҳам кўпроқ яхши кўрар, қиз ҳам отасига ниҳоятда меҳрибон экан.
Кунлардан бир куни савдогар узоқ сафарга, денгиз ортига жўнайдиган бўлибди ва қизларини чақириб шундай дебди:
– Мен савдо ишлари билан олис-олис ўлкаларга кетаман, қанча вақтда қайтишимни ўзим ҳам билмайман. Агар мен йўқ пайтда ўзларингни яхши тутсангиз хоҳлаган нарсангизни совгъа қилиб олиб келаман. Сизларга уч кун муҳлат, яхшилаб ўйлаб, кейин айтасизлар.
Опа-сингиллар уч кечаю уч кундуз ўйлашибди ва ниҳоят отасининг ёнига келишибди.
Тўнгъич қиз отасига таъзим қилиб шундай дебди:
– Отажон! Менга кимхобу парча кийимлар ҳам, дуру жавоҳирлар ҳам эмас, шундай тиллақош олиб келинг-ки, ундаги қимматбаҳо тошларнинг ёругъи худди ой ва қуёшникидай бўлсин, қоронгъи кечада ҳам атрофни чарогъон қилсин.
Савдогар ўйланиб қолибди, кейин шундай жавоб берибди:
– Майли, қизгинам, олиб келаман. Сен айтгандай тиллақош денгизнинг нариги тарафидаги бир маликада бор. У тош омборда яшириб қўйилган. Омбор баланд қоя устида, учта темир эшиги бор ва учта қулф солинган. Бир танишим уни олиб бера олади. Қанча қийин бўлсаям, сен учун ҳаракат қиламан.
Ўртанча қиз отасига таъзим қилиб:
– Отажон! Менга парча-ю духоба матолар, қимматбаҳо мўйналар, марварид тақинчоқлар ва ярақловчи тиллақош керак эмас. Шарқ биллуридан ясалган кўзгу олиб келингки, унга қараб бутун дунёни томоша қилиш мумкин бўлсин. Унга қараганим сари кексаймасдан кун сайин ёшарайин ва ҳусним орта борсин.
Савдогар бу сўзлардан кейин анчагина ўйланиб қолибди. Ниҳоят шундай дебди:
– Сен қайси кўзгуни айтаётганингни тушундим, қизим. Олис ўлкада бир танишим бор, ўша топиб беради. Кўзгуни ойнаи жаҳон дейишади, Эрон шоҳининг қизиники. У баланд тогъ устидаги, тошдан ясалган кулбада яширинган. Етти қават темир эшик, етти қулф билан маҳкамлаб ташланган.
Навбат кенжа қизига келибди. У ҳам отасига таъзим қиларкан, қуйидаги сўзларни айтибди:
– Менга-чи отажон, чиройли либослар-у, тақинчоқлар, тиллақош-у ойнаи жаҳон ҳам олиб келманг. Шундай бир олов гул келтиринг-ки, етти иқлимда ундан чиройлиси бўлмасин.
Ота аввалгидан ҳам кўпроқ ўйга толибди. Ахири қизини эркалаберкалаб, шундай дебди:
– Ҳа, сен менга опаларингникидан ҳам қийинроқ вазифа юкладинг. Нима излаётганингни билсанг-ку, бир амаллаб қидириб топарсан, аммо билмаган, эшитмаган нарсангни-чи, қаердан топасан? Қизил гуллар кўп бўлса .. Унинг дунёдаги ҳамма гуллардан чиройлироқ эканини қандай қилиб билиш мумкин. Майли, қизим, ҳаракат қиламан.
Шундай қилиб, ота сафарга жўнабди. Молларни арзон олиб, қиммат сотибди. Кўрган фойдасига тилла харид қилиб уни кемага ортаркан-у уйга жўнатаркан. Юриб-юриб жуда кўп мамлакатларни кезиб, катта қизи тайинлаган қимматбаҳо тошлар билан безатилган, қоронгъу тунни кундуздек ёритиб юборадиган тиллақошни топибди.
Ўртанча қизи учун ҳам бутун жаҳонни намойиш қилувчи, унга қараганда қизнинг гўзаллиги янада ортувчи кўзгуни топибди. Фақат кенжа қизи айтган олов гулни ҳечам топа олмасмиш. Тўгъри, шоҳлар, қирол ва султонларнинг саройларида чиройини сўз билан тасвирлаб бўлмас ажовиб олов гулларни кўп корибди. Лекин ҳеч бир киши ундан ҳам чиройлиси дунёда йўқлигига кафолат бермас экан.
Савдогар ўз хизматкорлари билан бирга карвонини бошлаб, чўлу биёбонлар, ўрмонлар оша кетаверишибди. Иттифоқо унинг карвонига қароқчилар тўдаси ҳужум қилибди. Савдогар тўла мол-мулк ортилган карвонни ҳам ташлаб, ўрмон ичига қочибди. Қалин ўрмон оралаб йўл юрибди, йўл юрсаям, мўл юрибди. Бир вақт қараса, дарахтларнинг ўзи четга сурилгандай очиқ жой пайдо бўлганмиш. Ўша яйловнинг ўртасида каттакон қаср ялтираган безаклардан ҳатто офтоб ҳам уялар даражада гўзаллигидан кўз қамашармиш. Қасрнинг ҳамма деразалари ланг очиқ, у ердан ажиб куй таралармиш.
Савдогар очиқ дарвозадан ўтиб, қасрнинг кенг ҳовлисига кирибди. Йўлак оқ мармардан икки четида катта кичик фавворалар, қизил гилам тўшалган зинадан кўтарилиб биринчи хонага кирса, ҳеч ким йўқ. Иккинчи, учинчи…ўнинчи хонаям бўм-бўш. Лекин улар шунақа зўр безатилганки… Ҳаммаси тилла-ю кумуш, биллурдан, фил суягидан.
Савдогарнинг ҳайрати борган сари ошарди. Бунчалик дабдаба, катта бойлик, аммо на эгаси, на хизматкорлар бор. Тинмай мусиқа янграйди яна.
“Ҳа, барчаси яхши-ю, фақат ейдиган бирон нарса йўқ экан-да”, ҳаёлига шу фикр келди дегунча, олдида очил дастурхон пайдо бўлибди. Ундаги лаззатли таомлар, ширинликлар фақат тилла-ю кумуш идиш-товоқларга чиройли қилиб сузиб қўйилган экан. Ўтириб олиб маза қилиб қорнини тўйдирибди савдогар. Ниҳоят туриб, нон-туз учун раҳмат айтай деса, яна ҳеч ким йўқ.
Дастурхон эса бирдан гъойиб бўлибди. Бундай мўжизага анқайиб қолган савдогар тагъин хоналарни айлана бошлабди. Чарчаганидан уйқу босибди. “Қани энди бирпас мизгъиб олсанг”, дея ўйлашга улгурмай, қаршисида нақшинкор каравотни кўрибди. Кўрпа-тўшаклари оппоқ, оққуш пати солинган ёстиқ бўлса юмшоққина. Каравотга ёнбошлаган савдогар устига кўрпани тортар экан, унинг ҳарир шойи матодан қилинганини ҳис қилибди. Хона қоронгъилашиб, “Қани энди қизларимни тушимда кўрсам эди” деб ҳаёлидан ўтказибди-ю уйқуга кетибди.
Уйгъонса, тонг отиб, қуёш чиққан экан. Тушида қизларини кўрганмиш. Икки катта қизи хурсанд-у, фақат кенжаси хафа эмиш. Катталари отанинг фотиҳасини кутмай, бадавлат куёвларга турмушга чиқишмоқчи, кичиги бўлса отаси қайтмагунича куй ов ҳақида эшитишни ҳам истамаётган эмиш. Бу тушдан савдогар ҳайрон бўлибди.
Ўрнидан турибди: ювинишга сув, кийинишга оҳорли либослар тайёрлаб қўйилган. Стол устида чой, қаҳва, шакар. Ҳайрати борган сари ортиб, яна қасрдаги хоналарни томоша қилишга тутинибди.
Кечагидан ҳам гўзал экан. Ҳовли ва богъда сайр қилгиси келибди. Чиқиб айланиб юрса, дарахтларда сархил мевалар пишиб етилган, “Мени узиб ол” дегандек имлайди. Чор-атрофда анвойи гуллар, хушбўйлигидан бош айланади. Жаннати қушлар сайраган…
Хуллас, савдогарнинг димогъи чогъ. Бирдан ям-яшил тепалик устида очилиб турган гулга нигоҳи тушибди. Унинг гўзаллигини таърифл ашга тил ожиз эмиш. Гулга яқинлашган савдогар ажабланиб, ўзига-ўзи:
– Мана, кенжа қизим айтган гул шу бўлиши керак! — дебди.
Ҳатто оёқ-қўллари қалтираб кетибди. Шартта гулни узиб олибди. Шу заҳоти тўсатдан чақмоқ чақиб, момақалдироқ гумбурлабди. Ҳатто оёгъи остидаги ер ларзага келибди. Ҳайвон десанг, ҳайвон эмас, инсон десанг инсон эмас, бадбашара ва қўрқинчли бир маҳлуқ ердан чиққандай пайдо бўлибди-да, ёввойи овоз билан бақира кетибди:
– Нима қилиб қўйдинг? Менинг энг яхши кўрган гулимни узишга қандай журъат этдинг? Уни ахир кўз қорачигъидай сақлар эдим, унга қараб юпанардим. Сен мени энг севимли нарсамдан жудо қилдинг. Бу қасрнинг, бўгнинг хўжайини менман. Сени азиз меҳмон каби қабул қилдим, тўйдирдим, дам олдирдим. Эвазига қилган яхшилигинг шуми? Билиб қўй, бу айбинг учун сен фақат ўлимга маҳкумсан?
Савдогар маҳлуқнинг оёқларига йиқилибди:
– Бир қошиқ қонимдан кечинг, жаноби олийлари! Билмай қилган гуноҳим учун ўлимга буюрманг! Икки огъиз арзимни эшитсангиз. Менинг уч қизим бор. Уларга совгъа олиб боришни ваъда берганман! Катта қизимга ялтироқ тиллақош, ўртанчасига ойнаи жаҳон, кичигига эса дунёдаги энг чиройли олов гул. Катта қизларимга улар айтган совгъани топдим-у энг яхши кўрган кенжа қизимга роса излаб тополмаган эдим. Сизнинг богъингизда ана шу гулни кўрдим, дунёдаги барча гуллардан энг чиройлиси шу деган фи крга келдим. Кейин яна ўйладимки, сиздай бадавлат, қудратли хўжайин уни қизгъонмасангиз керак. Ўрнига нимани тўла десангиз тўлайин, фақат мени севимли қизларим олдига қўйиб юборинг, илтимос. Билмай қилган гуноҳим учун кечиринг.
– Менга сенинг ҳеч нарсанг керак эмас. Майли олов гулни совгъа қилиб қўйиб юбораман. Фақат бир шартим бор. Унинг эвазига қизларингдан бирини менинг ҳузуримга юборишга сў з берасан. Уни сира хафа қилмайман, ўзинг кўрганингдек, бу қасрда хоҳлаганича яйраб яшайди. Ёлгъизликдан зерикдим, менга шерик керак.
Савдогар бу сўзларни эшитиб, маҳлуқнинг оёқларига ётиб, ялинди-ёлворди. Ахир унинг шундай хунук башарасига гўзал қизларини қандай раво кўрсин? Кўзларига ёш тўлиб аянчли овозда шундай дебди:
– Эй, ўрмонлар, денгизлар шоҳи! Агар қизларим ўз хоҳиши билан олдингизга келмаса-чи? Кейин қандай келишниям билмайди. Ўзим икки йилда етиб келганман, йўлни ҳам йўқотганман.
Маҳлуқ бўлса яна гапирибди:
– Йўқ, менга асира қиз керак эмас. Агар сени ҳурмат қилса, қизинг ўз розилиги билан келсин. Улар исташмаса, яна ўзинг келасан. Ўшанда сени қатл этишга буюраман. Мени топиш эса қийин эмас. Мана бу узукни ол, уни ўнг қўлингнинг жимжилогъига таққан киши кўз очиб юмгунча истаган жойида пайдо бўлади. Хуллас, сенга уч кеча-ю, уч кундуз муҳлат!
Савдогар йигълаб-йигъалб шундай қарорга келибди: яхшиси бир марта қизларимни кўрай, уларга оқ фотиҳа берай. Агар мени ўлимдан сақлаб қолишга рози бўлишмаса, начора ўзим қайтаман. Шундай қилиб, маҳлуқ берган узукни ўнг жимжилогъига таққан экан, бир зумда ўз уйининг ҳовлисида бўлиб қолибди. Худди шу пайтда, тилла-ю сарҳил моллар ортилган карвони ҳам етиб келган экан. Хизматкорлар юкларни туширишибди. Қизлар хурсанд бўлиб отага пешвоз чиқибдилар. Қарасалар отанинг кайфияти ёмон. Катта қизлар ундан: нима бўлди, молу-давлатингизни йўқотдингизми, деб сўрашибди. Кичик қизи эса: “Мени бойлик қизиқтирмайди, юрагингиздаги дардни айтинг, отажон” дебди. Шунда савдогар севикли қизларига қараб шундай дебди:
– Йўқ, бойлик йўқотмадим, аксинча 3-4 баробар кўп фойда кўрдим. Хафалигимга бошқа сабаб бор, уни эртага айтаман. Келинглар, бугун хурсандчилик қилайлик.
Шундай деб темир сандиқларни келтиришни буюрибди. Ота катта қизига олиб келган совгъани – ўтда ёнмас, сувда зангламас тиллақошни берибди. Ўртанчасига ҳам шарқ биллуридан ясалган кўзгуни совгъа қилибди. Кенжасига ўзи сўраганидек олов гул. Катталари қувончдан кўзлари порлаб, совгъаларни хоналарига олиб кириб кетишибди-да, тўйиб-тўйиб томоша қилишибди. Фақат кичик қиз олов гулни кўриб йигълаб юборибди, гўё юрагига бир нарса санчилган каби қалтираб кетибди. Отаси:
– Ҳа, қизим? Совгъам ёқмадими? Ўзинг айтганингдек, ети иқлимда йўқ, энг чиройли гулку, — деган экан, қиз гулни олибди-ю отасининг қўлларини ўпиб, раҳмат айтибди, аммо гъамгин тортиб қолибди.
Шундай қилиб оила биринчи кунни катта хурсандчилик билан ўтказибди. Эртасига эрталаб савдогар катта қизини ёнига чақирибди. Унга бўлиб ўтган воқеаларни бир бошдан сўзлаб берибди-да, қизидан “Мени ўлимдан олиб қолишга рози бўлармидинг?”, деб сўрабди. Катта қиз маҳлуқ олдига кетишни жиддий рад қилибди:
– Қизил гул ким учун олиб келинган бўлса, ўша қутқарсин — дебди.
Кейин ўртанча қиз билан ҳам худди шундай суҳбат бўлиб ўтибди. У ҳам опасидай жавоб берибди. Ниҳоят савдогар кенжа қизини чақирибди. Унга бошидан ўтган саргузаштларни оқизмай-томизмай сўзлаб берибди. Ҳали гапини тугатмай туриб, кичик қиз отасининг олдига чўккалабди.
– Менга оқ фотиҳа беринг отажон, ўша маҳлуқнинг уйига бориб яшайман. Ахир гулни мен учун олиб келдингиз, сизни мен ўлимдан қутқаришим керак.
Савдогар кўзлари ёшга тўлган ҳолда шундай дебди:
– Қизгинам, эркатойим. Мени ажал чангалидан олиб қолиб, ўз хоҳишинг билан даҳшатли маҳлуқ ёнига кетаётганинг учун сени Худонинг ўзи ярлақасин. Унинг қасрида бекаму кўст яшайсан. Лекин қаср қаерда эканини ҳеч ким билмайди. Унга отлиқ ҳам, пиёда ҳам, учқур қуш ҳам ета олмайди. Энди сен билан хабарлаша олмасак керак. Сенинг гўзал юзингни кўрмасдан, майин овозингни эшитмасдан, қолган умримни қандай ўтказаман асалим? Ўзимни тириклай ерга кўмган каби умрбод хайрлашаман.
Кенжа қиз отасига қараб:
– Хафа бўлманг отажон. Маҳлуқдан қўрқмайман, унга виждонан хизмат қилсам, зора қўйиб юборса. Балки кўришиб ҳам қолармиз – дебди.
Ота барибир гъамгин экан. Опалари ҳам йигълаб-йигълаб кичик синглисини кузатишибди. Ўзи эса йигъламас экан. Қизил гулни тилла суви югиртирилган чиройли кўзага солибди-да, ўзи билан олиб кетиш ниятида, номаълум томонга отланибди. Уч кеча-ю, уч кундуз ҳам ўтибди. Савдогар қизнинг қўлига маҳлуқ берган узукни таққан ҳам экан-ки, ўша заҳоти у гъойиб бўлибди.
Бир зум ўтмай қиз ўзига келиб қараса, бир муҳташам қасрда, нақшинкор каравотда партўшаг-у парёстиқда ётган эмиш. Гўё бутун умр шу ерда яшаган-у дам олиш учун бир оз ёнбошлагандай. Қиз ўрнидан турибди. Ёнгинасида кўзадаги олов гули, ҳамма буюмлари эса чиройли столлар, токчалар устига тартиб билан тахлаб қўйилган. У қасрни айланибди: ҳар бир хона аввалгисидан ҳам гўзалроқ безатилган экан. Қизил гулни қўлига олиб, богъни томоша қилгани чиқибди. Жаннатмисол богъда булбуллар сайраган, дарахту гуллар унга эгилиб салом берар, фаввора-ю булоқлардаги сув ёқимли шилдирар экан. Қиз отаси айтиб берган тепаликни топибди, гулни ҳудди ўша ўзи ўсган ерга қайта экиб қўймоқчи бўлган экан, ҳали бу ҳақда ўйлаб улгурмасдан олов гул қўлидан чиқиб, ўзи учиб бориб, узилган жойи-бандига қўнибди-да, аввалгидан ҳам чиройли очилиб, яшнаб кетибди.
Қиз бундай мўжизадан ақли лол қолибди. Яна бир оз гулга ҳавас билан тикилиб, қаср ичига кирса, хоналардан бирида дастурхон тузаб қўйилган экан.
“Хўжайин мени яхши қабул қилди шекилли” деб энди ўйлаган экан, рўпарасидаги оқ мармар деворда шундай ёзув пайдо бўлибди:
Мен хўжайин эмас, сенинг оддий қулингман. Маликам сен нимани истасанг, ўша заҳоти муҳайё қиламан.
Қиз ўқиб бўлиши билан девордаги алангали сўзлар йўқолибди. Энди ўзи отаси, опаларига мактуб йўллагиси келибди, ўша заҳоти олдида қогъоз, тилла қалам-у сиёҳдон пайдо бўлибди, ўтириб қуйидаги хатни ёзибди:
“Мен ҳақимда хавотирланманг. Маҳлуқнинг қасрида худди маликалардай яшаяпман. Ўзини кўрмадим ҳали, овозини ҳам эшитганим йўқ. Фақат оқ мармар деворга шундай ўтли сатрларни ёзадики… Кўнглимга келган ниятни дарҳол сезади ва ўша заҳоти истагимни бажаради. Мен уни ҳожам деб атамоқчи бўлсам, хоҳламайди. Аксинча мени ўзининг бекаси деб атайди”.
Хатни энди ёзиб бўлган экан ҳамки, у гъойиб бўлибди. Дастурхон турли ширинликлар билан безатилибди. Идиш-товоқлар ҳам тилладан экан. Тўйгунича еб-ичибди. Дам олиш учун ён бошласа, мусиқанинг овози пасайибди.
Қиз ухлаб туриб, яна богъларни сайр қилибди. Гуллар унга таъзимда, олма-ю шафтолилар ўзи огъзига тушади. Кеч киргач ўша оқ мармар деворли хонага қайтибди. Деворда шундай ёзув пайдо бўлибди:
Мислзис бекамнинг ушбу шароитлардан, меҳмондорчилик ва хизматдан кўнгиллари тўлдимикин?
Савдогарнинг қизи хурсанд бўлиб гапирибди:
– Мени бекам деманг. Аксинча менга ширинзабон ва гъамхўр-меҳрибон ҳожа бўлинг. Сизникидай гўзал хоналар-у богъларни умримда кўрмаганман. Қандай қилиб кўнглим тўлмасин ахир?
Шу тахлит кунлар ўтаверибди. Соҳибжамол қиз қасрда хотиржам яшайверибди. Янги-янги, қимматбаҳо либослар, шоҳона зиёфатлар. Ўрмон ичра сайр қилганида эса дарахтларнинг ўзи унга йўл очиб берар экан.
Қиз каштачилик билан шугъуллана бошлабди. Тиккан зардўзлик буюмларидан жонажон отасига, опаларига совгъалар юборибди. Энг чиройлисини меҳрибон ҳожасига тақдим этибди. Ўша деворлари оқ мармар билан безатилган хонага янада тез-тез бориб турадиган бўлибди. Ўзи энг жарангдор сўзларни тизиб, ҳожасига гапирар экан-у, аммо жавобини ёзувдан ўқир экан, холос.
Вақт ўтган сайин бундай ҳаётга кўникиб ҳам қолибди. Қуллар унинг хизматига тайёр, нимани хоҳласа бирпасда муҳайё қилишади. Гъойибдан шу қаср эгасини севиб қолганини ҳис этибди қиз. Кўнгли сезадики у ҳам бефарқ эмас, ахир деворга ёзиладиган ўтли мисраларидан ҳам англаб олиш қийин эмасди. Энди ҳожасининг овозини эшитиб суҳбат қуришни хоҳлайди. Хўжайин эса қизнинг бу илтимосига рози бўлмайди, ўзининг қўпол овози билан бекасини чўчитиб юборишдан қўрқади. Қиз жуда кўп ялингач ҳожаси ниҳоят у билан гаплашишга кўнибди ва мармар деворга шундай сўзлар ёзилибди:
Бугун кечки пайт яшил богъга келиб, ўзинг яхши кўрган гуллар билан ўралган айвончага ўтиргин ва: “Содиқ қулим мен билан суҳбатлаш”, деб айтгин.
Қиз ўша жойга югуриб борибди, юраги гўё қафасдаги қушча каби питирлар экан. У сўз бошлабди:
– Меҳрибон ҳожам, мени овозингиз билан чўчитиб юбораман деб ўтирманг. Сизнинг шунчалик қилган гъамхўрликларингиздан кейин мен даҳшатли йиртқичнинг ириллашидан ҳам чўчимайман.
Шундан кейин айвонча орқасидан ёввойи бўгиқ бир овоз эшитилибди, ҳалиям ярим овозда, паст гапираётган экан. Савдогарнинг қизи аввалига титраб кетибди, лекин ўзини тутиб олиб, қўрққанини билдирмасликка ҳаракат қилибди. Маҳлуқнинг овози дагъал бўлса-да, сўзлари нақадар ёқимли. Ўшандан бошлаб қиз ҳар куни шу ерга келадиган, соатлаб ҳожасининг гапларини тинглайдиган бўлибди.
– Суюкли, меҳрибон ҳожам, шу ердамисиз? – деб сўраши биланоқ бир хил жавобни эшитаркан:
– Шу ердаман, гўзалликда бемисл хоним. Содиқ қулинг, ажралмас дўстинг шу ерда.
Қиз маҳлуқнинг даҳшатли овозидан қўрқмайдиган, ширин сўзларини эринмай тинглайдиган бўлибди.
Орадан озми-кўпми вақт ўтиб маҳлуқни ўзини кўришни истаб қолибди. Бу ҳақда анча ялинибди. Маҳлуқ аввалига сира кўнмабди, ҳунук башараси уни қўрқитиб юборишидан чўчир экан:
– Ўзингни кўрсатгин деб сўрама, гўзал маҳбубам. Овозимга ўрганиб қолдинг, дўстона муносабатларимиз давом этаяпти. Менинг сенга бўлган оташин муҳаббатимни ҳам тушундинг. Агар хунук ва бадбашара қиёфамга кўзинг тушса, мени ёмон кўриб қоласан ва мен бахтсиз бўламан. Ҳайдаб юборсанг, ҳижронга чидай олмай ўлишим аниқ жоним”.
Қиз эса бу сўзларни эшитишни хоҳламайди, маҳлуқдан юзини кўрсатишни қайта –қайта сўрайди. Дунёдаги энг даҳшатли нарсани кўрса ҳам чўчимаслиги ва ҳожасига бўлган севгисидан воз кечмаслигини айтиб ялинаверибди.
– Агар қари бўлсангиз менга бобо, ўрта яшар бўлсангиз менга амаки бўлинг. Ёш бўлсангиз сизни тутинган акам дейин, ўлгунимча менга вафоли дўст бўлиб қолинг.
Анчагача маҳлуқ бу илтимосларга қулоқ солмай юрибди. Лекин ахийри қизнинг кўз ёшларига чидай олмабди:
-Барибир сени ўзимдан кўра кўпроқ севаман. Биламанки, мени кўришинг билан муҳаббатимни рад этасан ва ҳажрингда адо бўламан. Лекин шундай бўлса-да, сенинг илтимосингни бажараман. Қош қорайганда яшил богъга кел.
Қуёш ўрмон ортига яширингач:
– “Содиқ дўстим, ўзингни кўрсат”, деб айтгин. Мени кўргач бу қасрда яшагинг келмай қолса-чи? Сени мажбурлашга ҳаддим сигъмайди. Асира бўлиб қийналишингга чидолмайман.
Ўша ўз ётогъингда, ёстигъинг тагида менинг тилла узугимни топасан. Уни ўнг қўлинг жимжилогъига тақсанг бўлди, отанг ёнида бўласан ва мен ҳақимда бошқа ҳеч нарса эшитмайсан.
Қиз қўрқмабди. Бир дақиқа ҳам иккиланмай яшил богъ сари йўл олибди. Қош қорайиб қуёш ўрмон ортига ботгач у:
– “Содиқ дўстим, ўзингни кўрсат!”- дебди.
Шу пайт узоқдан баҳайбат маҳлуқ кўринибди. Фақат рўпа радаги йўлакдан ўтибди-ю қалин буталар орасида йўқолибди. Унга кўзи тушган қиз оҳ уриб, бақириб юборибди ва ҳушини йўқотиб йиқилиб тушибди. Маҳлуқ жудаям ҳунук экан: қўллари қингъир-қийшиқ, панжаси йиртқич ҳайвонники сингари, оёқлари отникидай қўпол, туя ўркачи каби букрилари ҳам бор, бутун бадани жун билан қопланган, сўйлоқ тишлари огъзидан чиқиб турар, бурни бургутникидай, кўзи эса бойўгълиникидай эди.
Озми-кўпми вақт ўтиб ўзига келибди. Ўзининг берган сўзида туролмай қўрқувини енга олмагани учун уялибди. Яна шундай дебди:
– Меҳрибон ҳожам, мен энди сира қўрқмайман ва сиздан ажралмайман. Яхшиликларингизни эсдан чиқариб бўларканми? Биринчи мартагина сал чўчидим, холос.
Маҳлуқ яна кўринибди. Фақат қизга яқин келишга журъат эта олмабди. Ярим тунгаҳcа улар бирга суҳбат қуришибди. Кейинги куни яна ва яна… Ҳамиша бирга бўлиб, бўгу ўрмонларда сайр қилишар экан, қизгъин суҳбатлар билан вақтни ҳушнуд ўтказишар экан.
Кунлардан бир куни қиз туш кўрса, отаси бемор ётганмиш. Хафа бўлиб йигълабди. Маҳлуқ уни шу аҳволда кўриб, нега хафа эканини сўрабди. Қиз айтиб берибди ва ундан отасини, опаларини кўриб келишга рухсат сўрабди.
– Мендан нега рухсат сўрайсан, боравер, ихтиёринг ўзингда – дебди маҳлуқ. – Ахир менинг тилла узугим ёстигъинг тагида турибди-ку. Тақсанг отанг ёнида бўласан. Фақат бир нарса эсингдан чиқмасин: роппа-роса уч кеча-ю уч кундуздан кейин қайтмасанг мен ўламан. Чунки, сени ўзимдан ҳам яхши кўраман. Ундан ортиқ айрилиққа чидай олмайман.Сенсиз яшай олмай, ҳалок бўламан.
Қиз унга ҳудди ўша айтган вақтида қайтишга ваъда берибди. Узукни жимжилогъига таққан экан, ўша заҳоти отасининг ҳовлисида бўлиб қолибди. Опалари унинг шоҳона либосига ҳаваслари келибди. Отаси севикли кенжа қизини эслайвериб, чиндан ҳам касал бўлиб қолган экан. Уни кўриб хурсанд бўлиб кетибди. Қиз маҳлуқнинг саройидаги ҳаётини оқизмай-томизмай айтиб берибди. Ота бўлса, ўша бадбашара маҳлуққа у қандай ўрганганига ҳайрон бўлармиш. Ахир ўзи эсласа ҳали-ҳали юраги орқасига тортиб кетади-ю.. Опалари синглисининг бадавлат турмуши ҳақида эшитган сари ҳасадлари келармиш.
Биринчи кун бир соатдай, иккинчиси дақиқадай ўтибди. Учинчи куни қизнинг опалари у ерга қайтиб бормасликка кўндирмоқчи бўлишибди: “Ўлса ўлаверсин, нима қиласан?” дейишибди.
Бундан кенжа қизнинг жаҳли чиқибди:
– Агар менга кўрсатган меҳр-мурувватининг қадрига етмасам ўзим ҳам ўлимга лойиқман, — дебди.
Отасига доно қизининг бу сўзлари маъқул тушибди. Опалари эса ҳасад ўтида ёнаётган экан. Бир шумликни ўйлашибди. Қизнинг кетар муддатига оз қолганида улар уйдаги барча соатларни бир соатга орқага суриб қўйишибди. Бу ҳақида ота ҳам, хизматкорлар ҳам билмабди.
Вақт яқинлашган сайин қизнинг юраги санчаверибди. Соатга қарайверибди, қарайверибди сира вақти келмасмиш. Опалари эса ҳадеб уни гапга тутиб, кечиктирармиш. Ниҳоят, сабри чидамабди. Отажони, опалари билан хайрлашибди. Айтилган муддатга бир дақиқа қолганида ўнг жимжилогъига тилла узукни тақибди. Шу заҳоти маҳлуқнинг оппоқ деворли қасрида кўрибди ўзини. Аммо, ҳар қанча чақирмасин ҳожаси йўқ эмиш.
Охири бақириб юборибди:
– Қаердасиз, меҳрибон ҳожам, содиқ дўстим? Нега мени кутиб олмайсиз? Айтилган вақтдан бир соат олдин етиб келдим.
Яна жимлик, сукунат. Ҳатто богъдаги қушлар ҳам сайрамайди, фавворалардан сув отилмайди, мусиқа янграмайди. Қизнинг қалби бир нохуш воқеани ҳис этиб, у барча хоналар ва богъларни излаб чиқибди. Ахири, ўша олов гул ўсиб турадиган жойга борибди. Тепаликда маҳлуқ гулни чангаллаганча жонсиз ётарди. Қиз аввалига уни қаттиқ ухлаб қолган деб ўйлаб, уйгъотмоқчи бўлибди. Ҳеч уйгъонмасмиш. Шунда маҳлуқнинг жунли қўлидан ушлаб, ўлганини билибди…
Қизнинг кўз олди қоронгъилашиб, оёқлари чалкашиб кетибди.
У тиззасига чўккалаб маҳлуқнинг бадбашара калласини қучоқлаганча оҳ тортибди:
– Уйгъонинг асл дўстим. Сизни ўз қаллигъимдай яхши кўриб, севаман.
Шу сўзларни эндигина айтган ҳам экан-ки, бирданига момақалдироқ гумбурлабди. Кучли чақмоқ чақиб, еру-кўк ларзага келибди. Қиз ҳушидан кетибди. Ўзига келиб қараса, қимматбаҳо тошлар билан безатилган ажойиб тахтда ўтирган эмиш. Ёнида эса уни тож кийган, зарбоф тўнли шаҳзода, ёшгина бир барно йигит қучиб турар, отаси, опалари ҳам шу ерда, та`зимда эгилиб турган, хизматкорларнинг эса сон-саногъи йўқ эмиш. Чиройда тенгсиз шаҳзода унга қараб шундай дебди:
– Мени бадбашара маҳлуқ кўринишида бўлсам ҳам, очиқ кўнглим учун севдинг. Энди инсоний қиёфамда ҳам сев. Менинг қаллигъим бўл, илтимос. Бир пайтлар бадавлат қирол отамга аччиқ қилиб, жодугар кампирни ишга солиб мени сеҳрлаб ташлаган эди. У мени ўгъирлаб кетиб, бадбашара маҳлуққа айлантириб қўйганди. Токи бир гўзал қиз мени севиб қолиб, ўша кўринишимда менга эрга тегишга рози бўлмагунига қадар, ўшандай юришим керак эди. Қачонки шундай воқеа юз берса, мен ўз ҳолимга қайтишим сеҳр-жоду қилинган эди. Шундай қилиб роса ўттиз йил яшадим. Мана, сен мени оқ кўнглим учун, сенга бўлган чексиз муҳаббатим учун севдинг. Энди қудратли қиролнинг рафи қаси, вафоли маликам бўласан жоним.
Савдогар кенжа қизи ва шаҳзодага оқ фотиҳа берибди. Ҳамма келин-куёвни қутлабди. Уч кеча-ю уч кундуз дабдабали тўй бўлибди. Ўша тўйда мен ҳам бор эдим.

Таржимон. М. Зоҳидова