Ултуғаннинг бошига оғир мусибат тушди, онасидан жудо бўлгани етмагандай, отаси ҳам қазо қилди. Ёр-биродарлар таъзия билдиргани кела бошладилар. Мотамнинг учинчи куни ҳам ўтди. Шундан сўнг ҳассакашлар бирин-сирин уй-уйларига тарқалдилар-да, энг яқин жигарлар Ултуғанни ёнларига ўтқазишиб юпатган, тасалли берган бўлдилар:
− Чироғим, Ултуған, буёғига энди сабр берсин. Ўзингни қўлга ол. Отанг ҳам, онанг ҳам сендан рози бўлиб кетишди. Барака топ, асл фарзандлик қилдинг. Асло кам бўлма. Ўғил боладан ҳам зиёда оқибат кўрсатдинг.
Мана энди, Ултуған икки хонали, мотамсаро сукунат ҳукмрон уйда ёлғиз ўзи қолди. Унинг хўрлиги келиб, кўзларидан дув-дув ёш оқа бошлади. Ҳолбуки Ултуған кўзимда ёш қолмаган, деб ўйларди. Йўқ, ҳали кўп кўз ёши тўкадиганга ўхшайди. Такдир қайси гуноҳи учун бунчалар жазолаяпти уни? Айби қиз бола бўлиб туғилганидами? Ултуған ота-онасини жонидан ортиқ кўрса-да, уларнинг баъзи қилиқларидан қаттиқ ранжирди. Шундай доною оқила ота-оналари хурофот ботқоғига ботгандилар. Улар жаҳолат орқасида қиз кўришни хоҳлашмаган, ўғиллик бўлишни истагандилар. Бирдан-бир орзулари ўғил ўстириш эди. Кўп йиллар тирноққа зор она ниҳоят ҳомиладор бўлгач, отанинг боши осмонга етган, аммо ўғил эмас, қиз туғилганди. Келгусида ўғил кўриш илинжи билан қизга Ултуған исми қўйилганди.
Ота-онасининг касалвандликлари Ултуғанни уйга ипсиз боғлаб қўйганди. Вақт ўтиши қалин пахса деворни ҳам нуратгани каби кун сайин ота-онанинг соғликлари путурдан кетиб борарди. Ёлғиз Ултуғангина уларнинг иссиқ-совуқларига қараб туриши керак. Қиз бояқиш нолимасди. Ахир ўнта ўғил боланинг ҳам ўрнини боса олишга аҳд қилган шу Ултуған эмасмиди?! Қиз ота-онасининг дилларидагини бир ишора биланоқ дарҳол илғаб оларди. У тонгда беморларнинг дарди билан уйғониб, тунда уларнинг дарди билан ётарди.
Ултуған ота-онасини ўйлаб, келган совчиларни ҳам қайтариб юбораверди. У ҳар бир одамнинг манглайида битилгани бўлади, деган умидда вақти келиб пешонаси ярқирашига ишонарди…
Қани ўша пешонасининг ярқираши? Қачон бахти кулади унинг? Ёки чап бериб кетганмикин толеи? Буёғи қариқиз бўлиб қолган ҳисоб. Кимга ҳам керак энди қариқиз?
Ултуған шундай мунгли хаёллар оғушида қанча вақт ўтирганини ўзи ҳам сезмади. Ташқарида эса ҳаёт ўз маромида давом этяпти, девор ортидан одамларнинг овози эшитиляпти, улар қандайдир юмуш билан бандлар. Баногоҳ эшик ғирчиллаб, Ултуған сергакланди. Кимдир тапир-тупир ичкарига кирди-да, даҳлизда туриб қолди. Ултуған таъзия билдиргани кимдир келди шекилли, деган хаёлда кўз ёшини артди-да, ўрнидан туриб, чироқ пилигини кўтарди. Аммо келган одам безовта қилмаслик учун даҳлизда туриб қолгандек эди. Ултуған даҳлизга чиқиб, эшик билан сандиқ оралиғида яшириниб турган баланд бўйли одамни кўриб қолди.
− Ким у? − сўради ҳавотирланиб Ултуған.
− Ултуған, қўрқма, бу мен… Майдонман, − деди айбсинган оҳангда баланд бўйли одам.
− Ие, сизмисиз, нега бекинасиз бунақа? Нима ишингиз бор эди? − кўксига тупуриб қўйди Ултуған.
− Ултуған, илтимос, секинроқ… Жим. Анави ўтиб кетсин.
Шу пайт ҳовлидан оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган аёлнинг шанғиллаши эшитилди. Бу Майдоннинг хотини Сандибала эди. Овулда унга етадиган шаллақи топилмасди. Жодугар деб лақаб қўйишганди Сандибалага.
− Ҳа, ергина ютгур! Қайси гўрга беркиндинг?! Чиқ буёққа, қоранг ўчгур! Чиқ дедим! − Ҳовлини бошига кўтара бошлади Сандибала.
Майдоннинг қўрқувдан кўзлари ола-кула бўлиб кетди. У шу тобда уч букилиб, сандиқнинг тагига кириб кетишга ҳам тайёр эди.
− Ултуған, ўтиниб сўрайман, менинг бу ердалигимни унга айтма, худо хайрингни берсин! − ялиниб-ёлворди ранги қув ўчган Майдон.
Шу пайт эшик қасирлаб очилди-ю, қўлида ўқлоғ, сочлари тўзиган Сандибала қуюндай ичкарига отилиб кирди. Ҳанг-манг Ултуған жонҳолатда Сандибаланинг йўлини тўсди. Бу хонадондан яқингинада ўлик чиққанини унутмаган Сандибала хиёл ҳовридан тушиб, йиғлай-йиғлай хун бўлиб кетган Ултуғанга кўзи тушгач, хижолат бўлиб:
− Майдон сеникига кирмадими? − деб сўради.
− Йўқ, кирмади! − жавоб қайтарди Ултуған бир оз иккиланиб.
Сандибала нима қиларини билмай гарангсиб қолди, сўнг ўзига-ўзи гапираётгандек: “Ергина ютгур, қаёққа гумдон бўлдийкин ярамас?!” дея вайсаганча ташқарига йўналди. У кўчада ҳам овози борича эрини қарғай-қарғай кета бошлади.
− Хотинингиз кетди, чиқинг энди! − деди Ултуған қочоқдан энсаси қотиб.
Майдон яширинган жойидан чиқаркан, совуқ ишшайди:
− Бир ўлимдан қутқариб қолдинг-да мени, Ултуған! Сира эсдан чиқармайман бу қилган яхшилигингни. Кўрдинг-ку, ўлдириб қўйишдан ҳам тоймасди у ёсуман.
Майдоннинг кўзлари бойқушникига ўхшаб совуқ эди. У Ултуғанга яқинлашганди, оғзидан қўланса ароқ ҳиди анқиди. Кайфи тароқ Майдон хотинини ёмонлай бошлади, бундан Ултуғаннинг ғаши келди.
− Кўрган кунингиз қурсин! − деб юборди у беихтиёр.
− Қандай бас келиб бўлади унақа шаллақига? Ғалчанинг ўзгинаси, на яхши гапга кўнади, на ёмон гапга. Урай десам, қўлим бормайди, − нолиди Ултуғаннинг гапини нотўғри тушунган Майдон.
Ултуған ўз ғами билан ўзи бўлгани учун ҳозир юрагига ҳеч нарса сиғмасди.
− Боринг, чиқиб кетинг! − дея олди у.
− Ҳайдама, Ултуған! Яна бир оз ҳайдама, − ёлборди Майдон.
Ултуғанга энди бари бир эди, маст қочоқ кетадими-йўқми, парвосига келмасди. Ултуған эшикни ёпгач, кароватга бориб ўтирди-да, қўлини иягига тираганча хаёлга ботди. Аммо ҳозир унинг аввалги тушкунлик кайфияти тарқаб, ўзини ёлғиз ҳис этмасди. Фақат қаттиқ уйқу тортарди. Маърака кунлари толиққани энди билинмокда эди. Ултуған бирор нарса татиб олишим керак, деган хаёлга борса-да, аммо ўрнидан туришга мажоли етмасди. Ниҳоят, у энгил-бошини ҳам ечмай, ўринга кирди-ю, донг қотиб ухлаб қолди.
У уйғонганида тунги соат тўрт эди. Шифтда хира чироқ ҳамон ёниб турарди. Ултуғанни яна ёлғизлик даҳшати қамраб олди. У сукунатга диққат билан қулоқ тутди. Ҳовлида худди Ултуғаннинг юрагига далда бермоқчидай хўроз қичқирди. Ултуған тирик мавжудот борлигидан бир оз енгил тортди. Баногоҳ у даҳлиздан хуррак овози келаётганини пайқаб қолди. Кетма-кет кимдир йўталди. Ултуған Майдонни эслади, у хотини Сандибаладан қўрқиб, сандиқнинг ортига яширинаётгани ёдига тушиб, мийиғида кулиб қўйди. “Бечора, хотинидан ҳам шунчалик қўрқадими?! Уйига боролмай, шу ерда ётиб қолган бўлса керак-да!”
Ёлғиз эмаслигидан кўнгли таскин топган Ултуған ўрнидан туриб, чироқни ўчириб қайтгач, дераза орқали тонг ёришиб келаётганини томоша қилиб ётган кўйи яна кўзи илинди. Уйқу тушга уланди… Ултуған зилол сувда чўмилаётганмиш. Кўлми, дарёми билиб бўлмасмиш. Сув илиқ баданга хуш ёқар, Ултуғанни кўтариб кетаётганмиш. Сузишни билмаган Ултуған аввалига бир оз қўрқиб турди, кейин эса сув сатҳида ўзини момиқдек енгил ҳис этаётганини сезиб қолди. Қўллари билан танаси кумушдек товланармиш.
Дераза тагида чумчуқнинг қаттиқ чирқиллаши Ултуғанни уйғотиб юборди. Куёш терак бўйи кўтарилиб қолганди. Ултуған ўрнидан туриб, керишди-да, кўйлагининг ғижим бўлган ерини текислаб, даҳлизга чиқди. Даҳлизни қўланса ароқ ҳиди тутиб кетганди. Майдон кетиб бўлибди. Ултуған афтини бужмайтириб, дарҳол эшик ва деразаларни ланг очиб ташлади, сўнгра бошқа ишларга уннаб кетди: сигирни соғиб, подага қўшиб келди, самоварга олов ташлади. Авваллари унга ёлғиз одамнинг ҳеч қандай ташвиши йўқдек туюларди. Ултуған самовар олдида чўққайиб, кўрган тушини эслади ва қорамағиз қўлларига қараб туриб, кулгиси қистади. “Тавба, ғалати туш-а!” деб қўйди ўзига-ўзи. Унинг ёлғизликдан иборат дастлабки кунлари бошланган эди. Ултуған ўзини нима биландир овутиши керак. Уч кундан кейин яна одамлар тўпланиб, марҳум отасининг маъракаси ўтказилади. У югуриб-елиб, маъракага тайёргарлик кўра бошлади. Маъракада одам кўп йиғилди. Кечқурун овулга пода қайтаётган вақтда келган одамлар бирин-сирин тарқалдилар. Ултуған уйда яна бир ўзи қолди. Яна танҳолик азоби.
Ултуған бир-икки кун ён қўшнисининг ўн яшар ўғлини ёнида олиб ётди. Болакай ширинликка ўч, ўзига етгунча шум экан. У Ултуғандан қанд-қурс сўрар, эртак айтиб беришни талаб қиларди. Болакай ниҳоят нафси қониб, кейин пиш-пиш ухлаб қоларди.
Ултуған унинг бошини силаб, эркин нафас олишига қулоқ соларди. Боланинг тушига ҳар хил ўйинлар кириб, ўзича ғулдирар, гоҳ-гоҳ оёқ-қўлини қимирлатиб қўярди. У биронтанинг кетидан қувар ёки ўзи қочарди. Болакайдан Ултуған аллақачон унутиб юборган болаларга хос чанг ва тер ҳиди анқирди. Яна қандайдир нотаниш ис ҳам бор. Бундай ис ҳеч қачон Ултуғаннинг димоғига урилмаган. “Ўшанда Ўроққа тегсам, ўғилми-қизим шу ёшда бўларди”, деб қўйди фикран Ултуған. У Ўроқни эслаган заҳоти бир вақтлардаги хотира ёдига тушди. Эх, Ўроқ, Ўроқ! Ширин орзуга айланди холос у! Ултуғаннинг кўз ўнгида забардаст, бақувват йигит гавдаланди. Камгaп эди Ўроқ. У индамай ўтирар, қизиқ бирон гап эшитса, фақат мийиғида кулиб қўярди, холос. Кулганда ҳам худди йўталгандек “иҳи-иҳи” деб қўярди.
Ултуған Ўрокдан илк бор мактуб олганида жуда ҳайратга тушди. Мактубда йигит муҳаббат изҳор этганди. Ултуған мактубнинг биринчи сатрини ўқиганидаёқ буни Ўроқнинг ўзи эмас, балки дўстларидан бири ёзганлигини фахмлади.
“Азизларнинг азизи, олтиндан ҳам қиммат, кумушдан ҳам вазмин Ултуғанга!” − деб ёзилганди. Сўнг ишқ- муҳаббат тўла сўзлар шундай топиб ёзилгандики, Ўроқнинг бундай мактуб ёзолмаслигига кичкина боланинг ҳам ақли етарди. Шундай бўлса-да, Ултуған мактубни ўқиркан, юраги дук-дук уриб кетди. У бу содда йигитни, гарчи қолган қизлар уни майна қилишса ҳам пинҳона севиб қолганди. Ултуған ўша куни кечқуруноқ жавоб мактуби ёзиб, ўзининг ҳам Ўроққа кўнгли борлигини сездирди. Шундан сўнг улар учраша бошладилар, қўл ушлашиб, жимгина овулнинг овлоқ жойларида сайр этадиган бўлиб қолдилар. Қандай тотли кунлар эди ўша кунлар! Ойдин тунлар, ёқимли баҳор, ёз оқшомлари… Кунлардан бир куни Ултуған йигитга шундай деди: “Ўроқ, ўзингга маълум, ота-онам кексайиб қолишган, улар касалманд. Мен уларни ташлаб кетолмайман. Рози бўлсанг, кел, никоҳдан ўтамиз-да, бизникида яшай қоламиз, хўпми?”
Ўша куни Ўроқ қизнинг гапига лом-мим деб жавоб қайтармади, шартта бурилиб, кетиб қолди. Шу-шу Ўроқ бир ҳафтагача қорасини кўрсатмай юрди. Кейин Ултуғанга мактуб йўллади. Ўроқ мактубни бошқа одамдан ёздириб олгани кўриниб турарди. “Қуённи қамиш ҳалок қилади, йигитни эса номус”. Мактуб шундай сўзлар билан бошланганди. Кейин Ўроқнинг номидан у худди уй-жойи йўқ, кўчада қолган дарбадардай ичкуёв бўлишни хоҳламаслиги айтилганди. “Ичкуёвлик номусидан ўлганим яхшироқ”, дейилганди мактуб сўнггида.
Ултуған мактубни ўқиб чиққач, ўксиниб-ўксиниб йиғлади-да, қоғозни майда-майда қилиб йиртиб ташлади. Шундай қилиб, илк муҳаббат барҳам еди. Ултуған аламини ичига ютиб, бу тўғрида ҳеч кимга чурқ этиб оғиз очмади. “Иложим қанча, вақти келиб, муносиб одам топилиб қолар”, дея ўзини ўзи юпатди у.
Мана шу пайтгача ўша “муносиб одам” топилмай келаётир. Умр эса, оқар сувдай ғизиллаб ўтиб боряпти… Ўроқ ўша йилиёқ уйланиб олди. Ҳозир олтита боласи бор. Ултуған гоҳо Ўроққа дуч келиб қолади. Ўроқ колхоз фермасида мудир. Ултуған унинг ёнига бориб, суҳбатлашишни жуда-жуда истайди-ю, аммо сира юраги дов бермайди…
Ултуған қанчалик ўзини юпатмасин, бари бир ёлғизлик суяк-суягидан ўтиб борарди. Кундузлари баҳарнав, бирор эрмак топилади, аммо қош қорайди дегунча, Ултуғаннинг кўнглига ғулғула туша бошларди. Кўзига уйқу илина қолмас, тиқ этган товушдан ҳам чўчиб тушар, тинимсиз хаёл сургани-сурганди. Мана, бугун Ултуған энди ўринга ётмоқчи бўлиб турган ҳам эдики, дупир-дупир қадам товуши эшитилиб, кимдир эшикни очди. Ултуған даҳлизга отилиб чиқиб, кайфи баланд, базўр оёқда турган Майдонни кўрди.
− Бу қанақаси, нега тунда уйимга бостириб кирасиз? Нима керак сизга? − жеркиб сўради Ултуған.
Майдон миқ этмай, ишшайиб тураверди.
− Чиқинг бу ердан! Қорангизни кўрмай уйимда! Қани, жўнанг!
Майдон қоққан қозикдай жойидан қимирламади. Камоли ғазаби қўзиган Ултуған девордаги осиғлиқ қамчини олиб, Майдоннинг гарданига тушира кетди:
− Мана бўлмаса, мана бўлмаса, башаранг қурсин сени!
Майдон қамчи зарбига ҳам дош бериб, ҳамон қимирламай тураверди. У бўйнини елкалари орасига қисиб олганди.
− Одам ҳам шунақа шилқим, сурбет бўладими-а?! Чиқ дедим уйимдан, худо ҳайрингни берсин! − ёлворишга ўтган Ултуған ноилож қамчинни нари улоқтириб юборди. Майдон бўлса, шартта ерга ғужанак бўлиб ўтирди-да, ҳўнграб йиғлай бошлади. Ултуғаннинг Майдонга раҳми келиб кетди. “Тавба, оиласи, бола-чақаси бўлса ҳам мендан баттар бахтсиз одам экан-да бу!” деган фикр кечди унинг хаёлидан.
Майдон кенг кафти билан гўё кўз ёшини сидириб ташламоқчи бўлгандай, юзларини артди-да, сўнг кетишга чоғланиб турди.
− Ярим кечада қаёққа борасан? Майли, шу ерда тунай қол, − деди пича жаҳлидан тушган Ултуған. Кейин у ичкаридан кўрпа билан ёстиқ олиб чиққач, даҳлизда Майдонга жой солиб бера туриб:
− Бугунча ёт, лекин барвақт туриб кетгин, яна битта-яримта қорангни кўриб қолмасин, − деди.
Ултуған бу оқшом биринчи бор хотиржам ухлади. У тунда қўрқув нималигини билмай тонг оттирди.
Ултуғаннинг дилидан Майдон охири хотини билан ажрашиб, меникига бошпана сўраб келиб қолади-ёв, деган фикр тез-тез кечадиган бўлиб қолганди. Дарҳақиқат, уч-тўрт кун ўтгач, Ултуған кечки таомдан сўнг майда-чуйда юмушларини битказаркан, энди ўринга ётмоқчи бўлиб турганди, шу пайт Майдон кириб келди. У кўп ичганми ёки қаттиқ йиғлаганми, кўзлари қип-қизил эди. Йўқ, ичмаган экан. Кайфи йўқлиги шундоққина сезилиб турибди.
− Кечир мени, Ултуған… узр… Ҳойнаҳой, келганимга жаҳлинг чиқаётган бўлса керак. Қандоқ қилай ахир?.. Бўлак борадиган жойим бўлмаса, − деди шикаста овозда Майдон.
− Кел, ўтир, − таклиф этди Ултуған суюнганини базўр босиб. Сўнгра шартта бориб деразани ёпди.
− Чой ичасанми?
Майдон индамай бош силкиб қўйди. “Тавба, худди йиғлайвериб, хун бўлиб кетган болага ўхшайди-я”, дея хаёлидан ўтказди Ултуған. Майдон келтирилган чойни хўриллатиб ича бошлади. Охири нафси қонди шекилли, пиёлани нари суриб қўйиб, хона деворини кўздан кечираркан, нигоҳи беихтиёр девордаги осиғлиқ аёл суратига тушди. Аёл Ултуғаннинг онаси эди.
− Онанг ажойиб аёл эди, жойида тинч ётсин. Овқатларини мазза қилиб ердим. Эсизгина… Э, гап овқатда эмас… − деди Майдон хаёлга толиб.
Бу гапдан кўнгли бузилган Ултуған йиғлаб юборди. Майдон ҳам кўзига қуйилиб келган ёшни артди. Улар бир-бирларига тасалли бериб, дардлашдилар. Ултуған ўзининг ёлғизлигидан нолий бошлади. Майдон бўлса, ота-онасининг хоҳиши билан Сандибалага уйланиб, турмуши азобда ўтаётганини айтди. Улар ўзаро ҳасратлаша-ҳасратлаша тонг оттирдилар. Шу кундан бошлаб Майдон Ултуғанникига кунда келадиган одат чиқарди. У Ултуғаннинг ёнига кайфсиз, мутлақ ҳушёр келадиган бўлиб қолганди. Икки омади чопмаган бечоралар каби уларнинг сира суҳбатлари адоғ бўлмасди.
Кунлардан бир куни Майдон чиқиб кетгач, Ултуғаннинг миясига бехосдан: “Майдон ажойиб, мўмин-маъқул, ювош-а! Унга кўнгил қўйиб қолмасамийди…” − деган фикр урилди. Ултуған Майдон ҳақида тез-тез ўйлайдиган бўлиб қолди. Хўш, Майдон-чи, у ёқтирармикин Ултуғанни? Аслини айтганда, улар ўртасидаги муносабатини фақат дўстликкина деб бўлмасди.
Бир куни улар одатдагидек, ярим тунгача гаплашиб ўтиришди. Охири Майдон кутилмаганда:
− Ултуған, мен сени яхши кўриб қолдим, − деб қолди. Аввалига у бу гапни тортиниброқ айтди, кейин дадил изҳор этди дил розини: − Сен мен учун жонимдан ҳам ортиқсан!
Ултуғаннинг аъзойи бадани жимирлаб кетди, у бир оғиз гапиришга ҳам мадори етмай, Майдоннинг қўлини олиб юзига босди. Ултуғаннинг юзи лов-лов ёнар, боши айланарди. Майдон қиз томон яқинлашиб, иккинчи қўли билан уни бағрига тортди-да, юзидан бўса олди. Дам ўтмаёқ бу икки жисмга ўт илашди…
− Майдон… кераги йўқ… йўқ… йўқ… тўхта… − ёлворарди Ултуған ҳансираб.
− Ултуған, бебаҳойим, жони-жаҳоним… − деярди Майдон ҳам юраги қинидан чиққудек бўлиб.
Қиз қаршилик қилмай йигитнинг қучоғида тўлғанар, Майдон энтиккан кўйи Ултуғанни эркаларкан, унинг ёноқлари, лаблари, пешонаси ва кўзларидан кетма-кет бўса оларди…
Майдон икки кеча Ултуғанникида қолиб кетди. Севишганлар ҳамма нарсани унутиб, фақат бир-бирлари ҳақида ўйлардилар. Уларни интиқ, узоқ кутилган бахтли висол сархуш этган, бирор кимса таъқиби ҳам, таъна тошлари отиши ҳам парволарига келмасди. Улар қоронғи хонада бир-бирларининг оғушларига кириб ётар эканлар, барча учрашувлари ва ораларида бўлиб ўтган гапларни эслашар, баъзи ношудликлари, пировардида бундайин бир тан-бир жон бўлиб кетишларини билмаганликларини шивирлашардилар. Биринчи кундаёқ жиддий суҳбатлашиб олсалар, жаҳл устида ора очиқ бўлар, умрбод юз кўрмас бўлиб кетишлари мумкин эди. Ҳозир, мана, тақдир уларни бирлаштирди. Майдон анчадан буён Ултуғанга ошиқ бўлиб юрганини тан олди.
Иккинчи куни тунда улар ишрат гаштини суриб, олам ташвишини унутиб ётган пайтларида, ногаҳон эшик қаттиқ тараклай бошлади. Эшикни кетма-кет тарақлатаётган Майдоннинг хотини Сандибала эди.
− Ултуған, ҳой Ултуған! Эшикни оч, манжалақи! − дея овозининг борича шанғилларди Сандибала эшикнинг турумини бузгудек бўлиб.
Ўзларидан бўлак ҳамма нарсани унутишган Майдон билан Ултуған қўрқиб кетиб, тахтадек қотиб қолдилар.
Эшик ҳамон тинмай тарақларди. Сандибала энди эшикни темир билан ураётган эди.
− Нима қилиш керак? Эшикни очсаммикин? − ваҳима билан сўради Ултуған.
− Жим… Овозингни чиқарма…
Сандибала эшикни тақиллатишидан натижа чиқмагач, дераза томонга ўтди, − у Ултуғаннинг гўрига ғишт қалаб, оғзига келган ёмон сўзлар билан уни ҳақорат қила кетди. Сандибаланинг тили киличдек ўткир ва заҳар эди. Ултуғанни одам зоти чидаб туролмайдиган сўзлар билан ҳақорат қиларди у. Ултуғанни умри бино бўлиб ҳеч ким бундай ҳақорат қилмаганди. Сандибаланинг гапига ишонган одам бу дунёда Ултуғандек бузуқ аёл йўқ деб ўйларди. Ултуған отасининг ўлганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлмай, бўш-баёв эркакларни йўлдан ураётган фоҳиша эмиш!
Сандибаланинг ҳар бир ҳақоратли сўзидан Ултуған худди қаттиқ қамчи зарби егандай бир сесканиб тушарди. Сандибала эса ҳамон вайсашдан тўхтамасди:
− Эшитяпсанми, ҳой, ғар… Қани, эримни қўйнингдан чиқариб юбор ҳозироқ! Бўлмаса, ойналарингни чил-чил қилиб ташлайман! Эшитяпсанми? Ҳали қараб тур, кўрадиганингни кўрасан, хотинчалиш Майдон! Бошингга ит кунини солмасам, отимни бошқа қўяман!
Ултуған билан Майдон чурқ этмаётганларидан баттар ғазаби қўзиган Сандибала деразани очишга урина бошлади. Қўрқувдан, ноҳақ ҳақоратдан дир-дир титраётган Ултуғаннинг қулоғига дераза ойналарининг шарақлаб синган овози эшитилди. Ултуған билан Майдон ўринларидан сапчиб турдилар-да, бир-бирларини туртиб-суртиб, қоронғида ҳар ёқда сочилиб ётган кийимларини топиб, апил-тапил кийина бошладилар.
− Мана, мана, сенларга! − жазаваси тутган Сандибала ойна синиқларини жаҳл билан ичкарига итқита бошлади.
Ниҳоят, Сандибаланинг ҳансираб нафас олиши, ойна синиқларининг оёғи остида қарсиллаши яққол эшитила бошлади.
− Э-ҳа, сенларга бу ҳам камлик қиляптими? Мана бўлмаса!.. − дея Сандибала қолган дераза ойналарини ҳам синдира бошлади. У ҳамма ойналарни синдириб бўлгач, бошини деразадан ичкарига тиқди-да:
− Ана энди истаганларингча ялаб-юлқашиб ётаверинглар, беномуслар! − дея ўз йўлига кетди.
Сандибаланинг қадам товуши узоқлашди, кўчани бошига кўтараётган овоз ўчиб, атрофга жимлик чўкди. Муздек шамол дераза кўзларидаги пардаларни елпитарди.
Майдон билан Ултуған бўлиб ўтган можародан сўнг анча пайтгача довдираб, ўзларига келолмай қолдилар. Ниҳоят, сергак тортган Майдон кетишга шайланган эди, Ултуған унга маҳкам ёпишиб олди:
− Ҳеч қаёққа кетмайсан! Сени қўйиб юбормайман! − деди у йиғи аралаш.
Майдон кетиш ниятидан қайтиб, турган жойида тек қотди. Ошиқ-маъшуқларнинг ҳозир чироқ ёқса диллари ёришмасди. Тоғ томондан салқин шабада эса бошлади. Ултуған қўл узатиб адёл олди-да, уни ўзи билан Майдоннинг елкасига ташлади.
Аста-секин тонг ёришиб, хонадаги нарсалар кўзга ташлана бошлади. Майдон билан Ултуған бир-бирларига тикилдилар; уларнинг юзлари хорғин тус олган, кўзлари ич-ичига тушиб кетганди. Майдон Ултуғаннинг елкасидан қучди.
− Бугун овулда роса шов-шув бўлади-да. Одамларнинг кўзига қандай қарайман энди? Уят! Қандай шармандагарчилик! − шивирлади Ултуған қўллари билан юзини беркитиб йиғларкан.
− Қўй, йиғлама, − илтижо қилди Майдон.
− Хўп, йиғламайман. Мени ташлаб кетмайсанми, Майдон? − сўради Ултуған умидсиз оҳангда.
− Йўқ, ҳеч қаерга кетмайман.
− Алдаяпсан, кетиб қоласан, сезиб турибман!
− Жоним, айтдим-ку сенга, кетмайман деб! Ётиб бир оз дамингни ол.
Шундан сўнг Майдон ишга кетди.
Уйда ёлғиз қолган Ултуған ўзини чалғитишга ҳаракат қила бошлади. Тонг ғира-ширасида сигирни соғди- да, ўзи подага қўшилиб кетар деб кўчага ҳайдаб чиқаргач, нонушта ҳам қилмай шартта ўрнига қайтиб ётиб олди.
Чошгоҳ пайти эшик тақиллади, аммо Ултуған ўзини эшитмасликка солиб, янада қаттиқроқ бурканиб ётаверди. Эшик тақиллатган одам синган ойна парчаларини ғичир-ғичир босган кўйи яқинлашиб, дераза кўзидан ичкарига бош суқди:
− Хой, уйда бирорта одам борми ўзи?
Ултуған кекса ойначини таниб, бошини кўтарди.
− Эх-ха, шу ерда экансан-ку! − деди ойначи. − Мени ойналарингни солишга юборишди. Ким бундай чил-чил синдирди ойналарни? − Сўнгра у қандайдир қўшиқни хиргойи қилиб, ишга киришиб кетди. Ултуған бўлса, ҳаммаёғидан тамаки ҳиди анқиётган Иван ойначидан уни ким жўнатганини ҳам сўрамади. Энди унга ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ, ўзи ҳоли бўлса бас эди.
Кекса Иван амаки ишни битириб, уйдан чиқиб кетди. Ултуғаннинг хиёл кўнгли айнир, эти увишиб, боши тарс ёрилгудек оғрир, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келарди. “Касал бўлиб қолмадиммикан? − деб қўйди ичида у. − Майдон қайтиб келармикин ёки бутунлай кетиб қолдимикин?”
Қуёш ботиб, қош қорая бошлади. Ниҳоят, зимистон қоронғилик чўкди. Ўринда ётган Ултуған қимирлагиси келмас, бош оғриғи баттар кучайган эди. У пешонасини маҳкам боғлаб, яна ўринга чўзиларкан, миясига нуқул: “Келадими ёки йўқми?” деган савол урилар ва шу заҳоти: “Йўқ, келмайди!” жавоби янграгандай бўлиб, қаттиқ хўрлиги келарди.
Ултуған гарчи сергак ётган бўлса-да, негадир даҳлиз эшиги очилганини сезмади. Туйқус қадам товуши эшитилди-ю, чироқ ёқилди. Ултуғаннинг тепасида Майдон турарди.
− Нега келдинг? Нега? Кет! Ҳозироқ кет! − қичқирди Ултуған ва шартта ўрнидан туриб, йигитнинг бўйнига махҳкам ёпишди. Айни дамда Майдон маъшуқасининг оғушидан қутулиб чиқиши амримаҳол эди.
− Йўқ, йўқ, Майдон. Ҳеч қаерга кетмайсан, ҳеч қаёққа қўйиб юбормайман сени!
Майдон Ултуғаннинг асаб торлари таранглашиб кетганини тушунди. Ниҳоят, у Ултуғанни қўлида кўтариб, ўрнига олиб бориб ётқизди… Ишрат нашъасидан сархуш севишганлар ҳамма нарсани унутишган, ютоқиб бир-бирларига талпинардилар…
Тунда улар тағин Сандибаланинг бақир-чақиридан уйғониб кетишди, эс-хушларини йиғиб олишга улгурмаёқ ойна шарақлаб синди-да, хонага тош ёғила бошлади. Майдон ўрнидан сакраб туриб, кўчага отилди. Орадан бир дақиқа ўтгач, Ултуғаннинг қулоғига:
− Вой-й-вой-й, қутқаринглар! Ўлдириб қўяди! − деган Сандибаланинг фарёди эшитилди. Бирпасда ҳаммаёқни тапир-тупур одамларнинг шовқин-сурони, итларнинг ҳуриши босиб кетди. Бу шовқин-сурон қандай тез бошланган бўлса, яна шу каби тез тинди. Лекин Майдон Ултуғаннинг ёнига қайтиб кирмади. Аёл тонг отгунча мижжа қоқмай чиқди. Унинг жанжал нима билан тугаганига ақли етмасди. Балки Майдон Сандибала билан ярашиб кетгандир? Ахир айтишади-ку, “эр-хотиннинг уриши − дока рўмолнинг қуриши” деб. Наҳотки Майдон энди бир умр қайтиб келмайдиган бўлиб кетган бўлса? Ултуған изтиробли ўй-фикрлардан ўзини чалғитиш мақсадида ўрнидан туриб, уй ишларига уннади. Уйни супурди-сидирди, тошларни, синган ойналарни ташқарига олиб чиқиб ташлади.
Эрталаб колхоз идорасидан почтачи келди. Раис чақиртирганини эшитган Ултуғаннинг юраги орқасига тортиб кетди. У идорадаги одамлар олдида изза бўлишни сира-сира истамасди. Бегона одамларга қандай қилиб Майдонни ёқтиришини айтади.
− Бормайман! − жаҳл билан жавоб қайтарди Ултуған почтачига.
Кекса почтачи бир нарса демоқчи бўлиб лабини жуфтлади-ю, лекин Ултуғаннинг ҳозирги важоҳатидан унга ҳеч қандай сўз таъсир қилмаслигини кўргач, ташқарига йўналди. У остона ҳатлаётиб, лоқайдгина:
− Ҳозир милиция келувди… Майдонни районга олиб кетишди, − деди.
− Нима учун? − капалаги учиб сўради Ултуған.
Почтачи “ўзинг билсанг керак” дегандай кўзларини катта-катта очиб Ултуғанга қараркан, изоҳ беришга ўтди:
− Тунда хотинини калтаклабди. Унинг ҳаммаёғи моматалоқ бўлиб кетибди. Майдонни қамашса керак. Тавба, нега уради, а? Ҳозир хотинларни урадиган замонми, ахир…
Почтачи гапини охирига еткизмай, қўл силтаб чиқиб кетди. Бу хабар Ултуғанни даҳшатга солди У ўзини қўярга жой тополмай уй ичида уёқдан-буёққа юрар экан, дам-бадам ўзига-ўзи: “Нобуд бўлди, нобуд бўлди”, − дерди. У туйқус негадир ташқарига югуриб чиқди-да, яна қайтиб ичкарига кирди. Сўнг у самовар қайнаётганини эслаб, ундаги оловни ўчирди. Ҳозир чой ичишга бало борми? Қаёққадир бориб, кимдандир ёрдам сўраш керак. Хўш, кимдан сўраш керак ўша ёрдамни? Майдонга ким ҳам ёрдам берарди дейсиз?..
Бундан бир ой муқаддам Ултуғандан: “Сенга Майдон ёқадими?” деб сўрасалар, ҳойнаҳой у: “Вой, турқи қурсин, унинг нимаси ёқсин? Найнов, бесўнақай, қачон қарасанг, ичгани-ичган, юриш-туришининг тайини йўқ, кўзи ўлган қўйнинг кўзига ўхшайди”, − деб жавоб қайтарган бўларди. Ҳозир эса, Майдон Ултуған учун энг азиз, энг қадрли, ундан яхши инсон йўқ эди.
Ултуған апил-тапил отланди-да, бир тугун егулик билан автобусда район марказига йўл олди. Бензин ҳиди анқиётган автобуснинг ичи ҳаммомдек иссиқ, дим, йўловчилар қаро терга ботиб кетишганди. Аммо Ултуған буни сезмасди. У йўл бўйи Майдонни қандай қилиб қутқариш режасини тузиб борарди. У милицияхонага етгач: “Майдонни қўйиб юборинглар, унда ҳеч қандай гуноҳ йўқ, ҳамма айб менда, мени қаманглар!” деб айтади. У тўппа-тўғри милиция бошлиғининг олдига киради-да, ҳаммасини бир бошдан гапириб беради. Қандай қилиб ёлғиз ўзи қолганини ва Майдон билан қандай топишганини очиқ айтади. У Майдонни қўйиб юбормагунларича милиция бошлиғининг ҳузурида йиғлаб ўтираверади. Майдоннинг ўрнига уни қамаб қўя қолсинлар. Жиноят содир бўлса, кимдир жазоланмай қолмайди.
Ултуған автобусдан тушгач, одамлардан милиция биноси қаердалигини билиб олди. Ёзнинг жазирама иссиғи асфальтни билқиллатиб юборганди. Туфлининг таги худди пашша ширага ёпишгандай асфальтга чип-чип ёпишиб қолади. Ҳаво ниҳоятда иссиқ ва дим. Негадир Ултуғаннинг кўнгли айний бошлади. Ўзини ғалати хис этди. “Нима бало, бўйимда бўлиб қолганмикан?” деган ўй миясига яшиндек урилди. У ҳомиладор аёллар ўзларини қандай хис этишларини эшитганди. “Ё тавба, наҳотки бўйимда бўлиб қолган бўлса?” Ултуған вақт ўтиб кетаётганини сезиб, қадамини янада жадаллатди. Бошдан унинг иши юришмади. Милицияга қоқ туш пайти етиб келди. Бошлиқ қаергадир кетган экан. Ултуғанни қорачадан келган, кўзлари чақноқ ёш навбатчи йигит кутиб олди. Аёл Майдоннинг олдига келганлигини эшитгач, милиция йигит бирдан тусини ўзгартириб:
− Сен унга ким бўласан? Ҳойнаҳой хотинидирсан? − деди сенсирашга ўтиб.
Ултуған ўзини ким деб айтишни билмай, довдираб қолди, на “ҳа”, на “йўқ” дейишга тили айланмасди. Аммо бу ерда индамай туришнинг иложи йўқ эди. Ултуған сезилар-сезилмас бош қимирлатгандай бўлди. Аммо навбатчи йигит Ултуғаннинг ишорасини “ҳа” деган маънода тушунди.
− Хўш, демак… − чўзиб деди у. − Демак, эрингни кўрмоқчисан, шундайми?
− Ҳа, − эшитилар-эшитилмас жавоб қайтарди Ултуған.
Милиционер йўталиб қўйди-да:
− Қамокда сақланадиган фуқаролар билан учрашиш қатъиян ман этилади, − деди расмий оҳангда.
− Йўқ, йўқ, мен бошлиғингиз билан гаплашмоқчиман. Унга бор гапни айтиб бермоқчиман. Майдонда айб йўқ!
− Ҳой хотин, бошлиқнинг бошини қотирма! Сенсиз ҳам иши бошидан ошиб ётибди. Сиз хотинларга теккан касал шу: эрингиз ғиринг деса, “вой урди, вой сўкди!” деб шикоят қиласизлар, кейин, “у айбдор эмас”, деб обидийда қиласизлар. Нима, милиция сизларга ўйинчоқми?
− Ахир у мени урган эмас!..
− Бўлса бордир. Бўпти, овулингга кетавер. Ўн беш суткадан кейин ўз оёғи билан ёнингга кириб боради, − деди милиционер шартта, сўнг гап тамом дегандай тахта тўсиқ ортига ўтиб кетди.
Ултуған ташқарига чиқди-да, зинапояга ўтириб, бўлим бошлиғининг қайтишини кута бошлади; ниҳоят, тушлик ҳам тугади, орадан бир-икки соат вақт ўтди, лекин милиция бошлиғидан ҳамон дарак йўқ эди. У ҳар бир погон таккан милиционерга, “сиз бошлиқмисиз?” деган саволни берарди, лекин улар кулиб: “Йўқ, ҳали бошлиқ бўлганимизча йўқ”, − деб жавоб қайтаришарди. Ниҳоят, навбатчи йигит деразадан бошини чиқариб бақирди:
− Ҳой хотин, бошлиқни бекорга кутиб ўтирибсан. Ўртоқ майор вилоят марказига кетган. Икки кундан кейин келади, ундан олдин келмайди. Гапимга ишонмайсанми? Мана, ҳозир унинг ўзи қўнғироқ қилди.
Милиционер Ултуғаннинг ишонмаётганлигини сезиб, узун симли телефон трубкасини деразадан чиқариб кўрсатди.
− Мана, ҳозир гаплашдим!
Ултуған ҳеч бир натижа чиқаролмай, ҳориб-чарчаб, кечки автобус билан овулга қайтиб келди.
Ярим тунда Ултуғаннинг назарида кимдир деразани аста, эҳтиёткорлик билан чертаётгандек туюлди. Ултуған шартта ўрнидан қўзғалиб, каравотда ўтириб олди-да, диққат билан қоронғиликка тикилди. Унинг юраги хаприқиб, дук-дук ура бошлади. Хона ичи сув қуйгандек жимжит. “Тушимда шундай туюлгандир”, ҳафсаласи пир бўлиб ўйлади Ултуған. Айни шу дақиқада дераза ойнаси яна эҳтиёткорлик билан чертилди.
− Ултуған, бу менман…
Ултуған ўқдай отилиб бориб эшикни очгани ва Майдоннинг бағрига ташланганини ўзи ҳам сезмай қолди. У Майдонни қучганча остонада тураверди. Кимдир кўриб қолишидан ҳам истиҳола қилмасди ҳозир Ултуған.
− Шошма, Ултуған. Уйга кирайлик. Ҳаммаёғим чанг, кир-чир. Йўлда ифлос бўлиб кетдим, − деди хижолатда Майдон.
− Кир-чир, чанг дейсанми? Бўлса бўлар! Қўявер! Қўявер!..
Ултуған Майдоннинг юз-кўзидан, бўйнидан чўлп-чўлп ўпарди.
− Кир-чир бўлсанг ҳам бари бир сени ўпавераман! Биласанми, сени шундаям соғиниб кетдимки! Сени ўйлайвериб, жинни бўлаёздим!..
Ниҳоят, улар даҳлизга киришиб, анча вақт бир-бирларидан ажралолмай турдилар.
Уй ортидаги саройда хўроз қанот ёзиб қичқирди…
− Ултуған, қўйиб юбор, ювиниб олай!
− Ҳозир, ҳозир сув иситиб юбораман. Сени ўзим чўмилтириб қўяман.
Ултуғанинг оёғи олти, қўли етти бўлиб ишга киришиб кетди. У зумда қозоннинг остига ўт ёқиб, сув иситди. Сўнг Майдоннинг қаршилик қилишига ва уялишига қарамай уни ечинтирди-да, худди тўнғич боладек чўмилтира бошлади.
− Бечорагинам, илгариям семиз эмас эдинг-ку, лекин ҳозир қовурғаларинг саналиб қолибди-я! − дерди сочиқ билан Майдонни артар экан.
Майдон энди қаршилик қилмай, итоатгўйлик билан жимгина турарди. Ултуған унга отасидан қолган кўйлак ва шимини кийдириб қўйди-да, Майдоннинг кир-чир кийимларини ювишга тутинди. У кир юватуриб, дам-бадам Майдонга қараб-қараб қўярди. Майдон ҳам Ултуғандан кўз узмас, унинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб ўтирарди. Майдоннинг сочи тақир қилиб олдирилган, юзи чакак-чакак бўлиб кетганди. Фақат унинг кўзлари мафтункор, ёшларга хос порлаб боқарди.
− Ётиб, бир оз дамингни ол, − деди Ултуған.
− Кутиб тураман, бирга ётамиз.
− Қандай келдинг?
− Яёв келавердим.
− Ё тавба, райондан шу ергача пиёда келдингми? − ваҳима билан сўради Ултуған.
− Кечқурун қўйиб юборишди. Охирги автобус кетиб қолган экан. Қарасам, эрталабгача кутиш фойдасиз, устига-устак, ёнимда сариқ чақа ҳам йўқ эди. Шунинг учун ҳам яёв келавердим.
− Қорнинг ҳам очиб кетгандир?
− Сал-пал.
Ултуған кирларни апил-тапил ювиб бўлгач, самоварга ўт ташлаб, дастурхон ёзди. Бор егуликларни дастурхон устига тўкиб ташлади. Бу гал Ултуғанга дамлаган чой жуда тотли туюлди: улар узоқ вақт суҳбатлашиб ўтириб, чой ичдилар. Эрталабга яқин Ултуған сигирни соғди-да, кўчага қўйиб юборди. Сўнг эшикни ташқаридан қулфлаб, уйга деразадан ошиб тушди.
− Мени уйда йўқ, қаёққадир кетган деб ўйлашсин. Бўлмаса, тинчлик беришмайди, − деб тушунтирди у ҳайрон бўлиб турган Майдонга.
Шундан сўнг улар анча вақт висол лаззатини сура-сура, охири ухлаб қолишди, тунги соат ўн иккиларга яқин уй олдига отлиқ одам келгандагина кўз очишди.
Отлиқ эшик олдида бир-икки айланди, Ултуған Соғинбойнинг овозини таниди.
− Ҳой, хола, Ултуған қаерга кетган? − деб сўради у қўшни кампирдан.
− Ким билади дейсан? Эрталабдан буён эшик қулф, − жавоб қайтарди кампир.
− Яна районга кетган бўлса керак! − ғулдиради бригадир, сўнг ўзига-ўзи жавоб қайтарди: − Ростданам районга кетганга ўхшайди. Тавба, у бутунлай эсини йўқотиб қўйибди, − деди-да, отини йўрттириб кетди.
Ултуған билан Майдон қўшни кампир ҳамда бригадирни боплаб лақиллатганларидан мириқиб кулдилар. Сўнг бир-бирларининг пинжларига кирган кўйи тағин уйқуга кетдилар. Навбатдаги бу учрашувнинг оқибати нимага олиб келишини улар мутлақо хаёлларига ҳам келтирмас эдилар.
− Қамоқхонада қийналгандирсан-а? − сўради ўринларидан туришгач Ултуған.
− Нимасини айтасан. Биринчи туниёқ ўзимни ўлдиргим келди. Сўри остидан бир тиғ топиб олдим-да, яшириб қўйдим. Ҳамма ухлаганда томиримни кесиб ташлашга қарор қилдим. Бундай шармандагарчиликдан ўлганим яхши-да ахир!
− Оғзингдан шамол учирсин, бундай дема!..
− Ҳаммаси орқада қолди, Ултуған. Сени ўйлаб, тиғни ташлаб юбордим. Ултуған, ўлишга ҳаққим йўқ. Чунки дунёда сен борсан, севгилим! Бошингга кулфат тушгандагина дунёда энг азиз инсон ким эканлигини тушунар экансан.
Бу узун ва бахтли кун шу алфозда ўтди. Тунда овул ухлаб, кўчада ҳеч зоғ қолмаганда Ултуған деразадан ошиб, ташқарига чиқди-да, эшик қулфини очди ва уй-рўзғор ишларига уннаб кетди: сигирини соғди, ариқдан сув олиб келди. Майдон ҳам тинч турмай унга ёрдамлашди; ўтин ёриб, эркаклар қиладиган ишни бажарди. Эрталаб Ултуған эшикни яна қулфлаб қўйди, улар яна одамлар кўзидан яшириниб олдилар.
Бу кун ҳам улар учун узун ва бахтли бўлиб туюлди. Ошиқ-маъшуқлар ором олишар, уйғониб, бир-бирларини суйишар, висол суруридан толиқиб яна ухлаб қолардилар. Уй ташқарисида одамлар ғовур-ғувур қилишар, бузоқлар маърар, хўрозлар қичқиришарди. Кўчадан тинмай от минган одамлар дупир-дупир ўтишарди. Хуллас, ташқарида ҳаёт ўз маромида давом этар, Ултуған билан Майдон эса бу ҳаётдан узоқда эдилар.
Иккинчи куни тунда Майдон билан Ултуған уйдан чиқиб, қўл ушлаганча овул ортидаги даштда сайр эта бошладилар. Улар қиров босган ва иссиқ баданларига хуш ёқувчи кўкат устида ўтириб, келажак ҳақида режа туза бошладилар.
− Яхшиси, бу ердан бош олиб кетсак дуруст бўлармиди? − деди Майдон. − Шаҳардаги станцияда ишга кираман, хоҳласанг, сен ҳам ишлайсан, ишлашни хоҳламасанг, уй бекаси бўласан. Биргаликда умргузаронлик қиламиз. Қўл учида кун кўрсак ҳам нолимайман. Бизга кўп нарсанинг кераги йўқ.
− Тўғри айтасан, бизга кўп нарсанинг кераги йўқ, − тасдиқлади Ултуған. − Овқат қилиб, сенинг ишдан қайтишингни кутиш мен учун катта бахт, Майдон.
− Шундай бўлади, Ултуған.
− Майдон…
− Нима дейсан, жоним?
− Мен, биласанми… Сенга нима десам экан… назаримда, бўйимда бўлиб қолганга ўхшайди.
− Ростми? Буни шундай орзиқиб кутган эдимки… Энди биз умуман ажралишмаймиз. Энди биз бир умр бир-биримизга боғлиқмиз!.. Ие, жудаям совқотиб кетибсан-ку!
− Юр уйга, Майдон, − ҳақиқатан ҳам Ултуған совқотиб жунжикди.
Шарқ тарафдан тонг ёришиб келмоқда эди. Қоронғилик аста-секин ғарб томон чекиниб, дашт ёришиб борарди. Ён-атроф ғира-шира бўлиб қолганди. Беданалар “бит-билдиқ, бит-билдиқ” деб сайрай бошлади.
Учинчи кун аввалгиларига қараганда узоқроқ чўзилгандай бўлди. Вақт гўё тўхтаб қолгандек эди. Улар биринчи кундаги соғинч-муҳаббат ҳисларини қондирган ва уйқуга тўйган эдилар, шунинг учун энди ухламай, шунчаки ёнбошлаб суҳбатлашишар, гоҳ-гоҳ хона ичида уёқдан-буёққа юришар эди. Ё бўлмаса, дарпардани қия очиб, кўчага мўралашар, кўрган-билганлари ҳақида сўзлардилар.
− Майдон, қара, қўшнимизнинг ғози улоқни қувлаб юрибди, − кулиб Майдонни ёнига чақирди Ултуған.
− Ултуған, Соғинбой ўтиб кетди. Ҳойнаҳой, сени қидириб келгандир, эшик қулфлоғлигини кўриб, ҳафсаласи пир бўлади энди, − ҳазиллашди Майдон.
− Сениям Сандибала қидираётган бўлса керак. Эргинаси қаёққа ғойиб бўлганини билмай, боши қотаётгандир, − ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарди Ултуған ва дарҳол ҳазилим оғиp ботмадимикан, дея ҳушёр тортди.
Майдон хафа бўлмаганди, у бепарволик билан:
− Қидирса, қидираверсин. Топиб бўпти мени! − деди.
Орадан бир-икки соат вақт ўтди. Ултуған хўрсиниб хаёл сураркан:
− Қачонгача одамлардан беркиниб юрамиз? Бир кунмас бир кун кимдир бизни кўриб қолади, − деди.
Улар нигоҳлари тўқнаш келишидан қўрққандай кўзларини ерга тикдилар: эртами-кечми, бари бир, роҳатда ўтаётган бу кунлари ниҳоясига етишини тушунганлари учун кайфиятлари бузилганди.
− Майдон, нечта боланг бор? − сўради Ултуған ниҳоят.
− Тўртта. Болаларим ўнта бўлгандаям уйга қайтиб бормайман! − қизишиб жавоб қайтарди Майдон.
− Кетишни хоҳласанг ҳам мен сени чиқариб юбормайман! − хитоб қилди Ултуған, − Сандибаланинг болалари билан неча пуллик ишим бор? Сен меникисан, ҳа, ҳа, ёлғиз меникисан!
Шундан сўнг улар оқшом бўлишини орзиқиб кута бошладилар. Ошиқ-маъшуқлар яна даштга чиқиб, худди кечагидек қўл ушлашган ҳолда сайр этишни интиқ бўлиб кутар эдилар. Бахтга қарши, кечга томон осмонни қора булут қоплади. Момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақди ва шаррос ёмғир қуйиб, ниятларини чиппакка чиқарди.
Ёғингарчилик Ултуған билан Майдоннинг юракларини сиқиб, зериктира бошлади. Улар маъюс, жим ўтирардилар. Гоҳ-гоҳида бир-бирларига луқма ташлаб қўярдилар холос.
Тушдан кейин булутлар орасидан чарақлаб қуёш чиқди. Овул қуёш нурларига ғарқ бўлди. Кайфияти яхшиланган Ултуған суюклисига мурожаат этди:
− Майдон, юр, ташқарига чиқамиз. Даштни қара, қандай ажойиб! Уйда ўтириш жонга тегиб кетди.
− Бизни кўриб қолишлари мумкин, − огоҳлантирди Майдон.
− Жуда яхши. Кўришса нима қипти?
− Ултуған, ўзинг чиқиб айланиб кела қол. Мен шу ерда ўтира тураман.
− Зерикиб қолмайсанми?
− Йўқ, фақат эшикни ташқаридан қулфлаб кет.
− Бўпти, унда одамлар нима иш қилишаётганини бир кўриб келай. Қаерда эдинг, деб сўрасалар, шаҳарга бориб келдим дейман.
Ултуған кўчага чиқди. Борлиқ унинг кўзига гўзал бўлиб кўринди. Ёмғир чор-атрофни яшнатиб юборганди. Осмон ҳам беғубор. Ултуғаннинг кўзига узоқдаги тоғ чўққилари гўё тиниқ, сеҳрли оқ мармардек ярақлаб кўрина бошлади.
Ултуған ўзини бу бепоёнликни умрида биринчи бор кўриб тургандек ҳис этди.
Атрофдаги кенглик ва эркинлик Ултуғанни тамоман ўзига ром этиб, руҳида қандайдир енгиллик пайдо қиларкан, у истаган жойига бориши ҳақидаги фикрдан яйрарди. У кўчада бемалол юришни жуда-жуда соғиниб қолганди. Ултуған тўғри магазинга йўл олди. У кўчадаги ўткинчилар кузатаётганини пайқаб, қаддини ростлади-да, қадамини илдамлатди.
Магазинда одам сийрак: икки молбоқар йигит билан бир неча болалар бор эди, холос. Қорачадан келган кулча юзли бир бола сотувчига иккита бўш шишани узатиб:
− Мана буларни олиб, менга ширинлик беринг, − деди.
− Шишангни олмайман. Ҳали ёшсан. Бор, онанг келиб топширсин, − кўнмади сотувчи аёл.
− Онам касал ётибди, ола қолинг, − бўш келмади бола.
− Ола қолмайсанми? Бунча таранг қилмасанг?! − гапга аралашди йигитлардан бири.
− Таранг қилаётганим йўқ. Болалардан шиша олиш мумкин эмас… Ҳай, майли, бу сафар ола қолай. Аммо кейинги гал шиша кўтариб келганингни кўрмай, болакай, бари бир олмайман, − деди сотувчи, сўнг шишаларни қайтара туриб болаларга бир қисим ширинлик узатди.
− Уйимизда бошқа шиша йўқ, − деди қувонган бола ва ўртоқлари билан ташқарига югуриб чиқиб кетди.
− Ажойиб бола экан! Кимнинг ўғли? − сўради Ултуған ҳаваси келиб.
− Ие, танимайсанми, Майдоннинг ўғли-ку?! − бепарволик билан жавоб қайтарди сотувчи ва дабдурустдан ҳушёр тортиб, жим қолди.
Бу гап Ултуғанга бир тарсаки туширгандек бўлди. Унинг юзига қон тепиб, юраги қаттиқ уриб кетди-да, жадал ташқарига чиқаркан, нарироқ боргач, нафасини ростлаш учун тўхтади.
Яқинда турган бояги болалар ширинликни бўлишаётган эдилар.
Ултуған уларга қараб қолди. Қайси бири Майдоннинг ўғлийкин? Э, анавиниси бўлса керак! Ширинликни бўлишаётгани.
− Ҳой бола! Менга қара! Исминг нима? − сўради Ултуған ҳаяжонланиб.
− Сайлан, − жавоб қайтарди болакай бепарво.
− Онанг ростданам касалми?
− Ҳа, рост. Бугун доктор келди. Онамнинг юраги касалмиш.
Болалар ширинликни бўлишиб олгач, кўча бўйлаб югуриб кетдилар. Сайлан ҳаммадан олдинда югуриб борарди. Ултуған турган ерида тахтадек қотиб қолди. Ҳозиргина уни қамраб олган хуш кайфият, руҳий енгилликдан асар ҳам қолмаганди. Унинг елкасини нимадир босиб турарди. “Йўқ, йўқ, ундай бўлмаса керак. Ҳаммаси бараварига ёмонлик билан тугаши мумкин эмас-ку! Бола сотувчининг раҳмини келтириш учун шундай деб айтди, менга ҳам сир бой бермади, чунки у мени магазинда кўрди”, − ўйлади Ултуған ва беихтиёр Майдоннинг уйи томон бурилди. У ҳозироқ Сандибалани кўриши шарт! Боланинг гапи нотўғрилигига ишониши керак!
Бу уйни Майдон бундан тўрт йил муқаддам бригадир бўлиб ишлаб юрганида қурган эди. Катта-катта тўртта хона. Олдига узун қилиб айвон солинган. Айвонда ўн ёшлар чамаси, сочлари патила-патила бир қизча тоғорада кир ювмоқда. Ултуған бу Майдоннинг тўнғич қизи эканини фаҳмлади. “Бурни билан оғзи Сандибалага, кўзлари эса Майдонимнинг кўзларига ўхшаб кетар экан”, − деди Ултуған рашк оловида қоврилиб. Қизалоқ ювган кўйлагини сиқди-да, айвоннинг панжарасига осиб қўйди.
− Ҳой, қиз, онанг уйдами? − сўради Ултуған мулойим овозда.
Қизча Ултуған томонга ўгирилди-ю, ранги гезариб кетди. Унинг бўйи чўзилиб қолганди. Афтидан ҳамма гапдан хабари борга ўхшайди, ўйлади Ултуған ва қиз олдида ўзини ҳақиқатан ҳам айбдор билиб, ноқулай ҳис этди.
− Онам ухлаяптилар. Уларни уйғотиш мумкин эмас, касаллар, − деди қиз нохуш оҳангда.
Дили оғриган Ултуған айвонга кўз югуртирди. Очиқ турган эшикдан хонанинг бир чеккаси кўзга ташланиб турарди. Айвон билан уй ичи ивирсиқ, супирилмаган, у ер-бу ерда болаларнинг кийими сочилиб ётарди. Стол устида ювилмаган идиш-товоқ қалашиб ётибди. Полни чирк босган. Қизча полни ювишга ювибди-ю, лекин чала-чулпа.
Ултуған Сандибаланинг касаллигига, уйи шунчалик ифлос бўлиб кетганлигига ўзини сабабчи деб билди. Ич-ичидан бир нарса узилиб кетгандай бўлди. Қизча бўлса, гўё чақирилмаган меҳмонни унутгандек кир ювишда давом этарди. Ултуған нима кутаётганини ўзи ҳам билмай жойида тураверди.
Шу тоб ёш боланинг йиғлаган овози эшитилди. Қизча Ултуғаннинг ёнидан ҳўл қўлини пешбандига артганча югуриб ўтиб кетди ва бир оздан сўнг уни кимдир койий бошлади:
− Қаёқларда санқиб юрибсан? Айтгандим-ку, йиғлатмай бир оз ўйнатиб тур, деб!
Ултуған кир юваётган қиздан ёшроқ қизча аравада ўтирган болакайни сайр қилдириб юрганини кўриб қолди-да, шартта орқасига бурилиб, уйи томон жадал юриб кетди. У бамисоли чопиб борар, тез юрганидан нафаси бўғзига тиқилаётганди. Ниҳоят, эшикдан ичкарига кираркан:
− Майдон! Ҳой, Майдон? Ҳозироқ уйингга бор! − деди ҳаллослаб.
− Тинчликми? Нима бўлди? − сўради Майдон даҳлиздан чиқа туриб. У шим билан майкада эди.
− Ҳозироқ кийин!
Майдон ҳеч нарсага тушунмай, елкасини қисиб қўйди-да, кўйлак кийиш учун ичкарига кириб кетди. Ултуған деворга суяниб қолди.
− Нима бўлди ўзи? Рангингда ранг қолмабди-ку! − ичкаридан туриб сўради Майдон.
− Уйингга бориб кел.
− У ерда нима қиламан? − деди кўйлагини кийиб чиққан Майдон ҳанг-манг бўлиб.
− Борсанг кўрасан… Майдон, мен учун бориб, у ердаги аҳволни кўриб кел. Мен ҳеч қаёққа кетмайман. Шу ерда бўламан. Майдон, ўтинаман, йўқ дема. Кейин қайтиб келасан.
Майдон нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин бошини хам қилганча узоқ вақт чурқ этмай туриб қолди. Ултуған ўз гапида қатъий туриб олди. Ултуған айтганини қилдирмай қўймаслигига ақли етган Майдон маъюс қиёфада:
− Яхши, бораман. Аммо билиб қўй, эртагаёқ ёнингга қайтиб келаман. Сенсиз ҳаётнинг менга қизиғи йўқ, − деди.
− Раҳмат, Майдон… Кетишингдан аввал мени бир ўпиб кет! Энди бора қол, азизим…
Ултуған деразадан Майдоннинг бошини хам қилганча кўчага чиқиб кетаёгганини кузатиб турарди, унинг барваста гавдаси қанчалар қадрли бўлиб қолганди…
Майдон эртаси куни ваъдасига кўра Ултуғаннинг уйи томон йўл олди, лекин аввал йўл-йўлакай колхоз раиси билан гаплашиб олмоқчи бўлиб идора томон юрди. Идорада одам кўп эди. Колхозчилар тўпланишиб, ниманидир қизғин муҳокама қилиб турардилар. Улар Майдонни кўргач, жим бўлиб қолишди. Аммо шу пайт одамлар орасидан ўтиб унга пешвоз чиққан Соғинбой:
− Майдон, Ултуған кетиб қолди. Қаерга кетганини ҳеч ким билмайди… − деди.
Майдон Соғинбойнинг гапини охиригача эшитмади, у қулоқларига ишонмай Ултуғаннинг уйи томон югуриб кетди. Ултуған ҳақиқатан ҳам уйда йўқ, эшик ва деразалар ланг очиқ, ҳовли кимсасиз эди.
Майдоннинг оёқ-қўли бўшашиб, остонада ўтириб қолди. Шу ондаёқ у Ултуғандан айрилиб қолганини ҳис этди. Аммо Майдон бир нарсага сира тушуна олмас ва ўзига-ўзи: “Нега? Нима учун Ултуған бундай қилди?” дея савол берар, дунё кўзига тор кўриниб кетганди.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон