Рудольф Сирге. Куй сеҳри (ҳикоя)

Кеч кирганида дераза олдига келиб ўтираман-да, шуъладан тўқ қизил тус олган булутларнинг уфққа чўкишини томоша қиламан. Майсаларга шабнам тушиб сўлғин тус олгандек  сезаман ўзимни, буғдой бошоқчалари эгилгандек бошимни қуйи соламан.
Шундай пайтларда доимо деворда осиғлиқ эски скрипкани оламан-да, созлай бошлайман. Билмайман, қандай қилиб бўлса-да, созанда бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Овозлар, оҳанг, куй – ҳаммаси дарҳол ўз-ўзидан чиқа қолади. Охирига бориб нима чалганимни ҳечам эслолмайман.
Ниҳоят, чарчагач, скрипкани бир четга олиб қўяман. Шунда ёлғиз ва ғариблигим жуда билиниб кетади. Ахир ёлғиз бўлсам, ким учун ҳам  чаламан, бирор нарса чалишимни илтимос қилувчи кимса ҳам йўқ, чуқур тин олиб ўксиганча кечки салқинда изтиробли ўйлардан фориғ бўлиш мақсадида дераза токчасига кўкрагимни бериб атрофга боқаман.
Узоқдаги дарёчадан моторли қайиқчанинг овози эшитилади, қайлардандир мандолина торларининг кимнингдир бармоқлари орасида титраб, инграган нидоси қулоққа чалинади. Ён-атрофдан эса эчки боласининг “ме-е”!” деб маъраши  ва  уйқусираган гўдакнинг энтикиб йиғлагани эшитилади. Мана буларнинг ҳаммаси шаҳар атрофидаги кечки манзара.
Вақт ҳам ярим кечага  яқинлашиб қолди: кўчада ҳеч зоғ кўринмайди, очиқ деразалардаги чироқлар бирин-кетин сўнмоқда, аста-секин эсаётган шабададан чиройли дарпардалар оҳиста ҳилпирамоқда.
Узоқдан аёл кишининг енгил қадам товуши эшитилди. У эгилганча йўлни кесиб ўтди-да, қўлида бир даста оқ гул кўтарганча тўғри деразам томон кела бошлади.
Бу рўпарамдаги уйда истиқомат қилувчи қўшним эди. Уни кўринишидан дарров танийман. Кўзлари мовий, доим кул ранг пальто кийиб юради, сочлари эса калта қилиб қирқилган, оёқлари чиройли.
Кечки пайтлари уни дераза токчасига тирсагини тираб турганини ё бўлмаса очиқ деразам атрофида айланиб юрганини кўраман. Гоҳ-гоҳ мен тарафга диққат-ла нигоҳини ташлаб қўяди.
Бугун эса ҳеч кутилмаганда қаршимга келиб тўхтади-да, мовий кўзлари-ла тўғри юрагимга қарамоқчи бўлгандек, тикилиб, ниҳоятда майин овоз билан:
– Чаласизми?–дея оҳиста сўради.
–    Сиз учунми? – сўрадим ҳайратдан донг қотганча.
–    Мен учун ҳам, ўзингиз учун ҳам…
У чалишимни кутиб, учта оқ гул ушлаган жажжигина кафтчасини деразам токчасига қўйди.
– Куй чалишни ўрганяпсизми?
–    Йўқ. Бутун вужудим билан эшитишни севаман.
Нима  қилаётганимни ўзим билмасдим. Скрипкани қўлимга олдим-да, телбаларча чала бошладим. Камон остидан  чиқаётган садолар нола қилиб,  инграр ва  фарёд чекарди. Фарёд чекаркан, мунгли инграр, шўх авжга чиққанда эса кулаётгандек туюларди.
Қўшним куйни скрипкадан кўз узмаган ҳолда жон қулоғи билан тинглар, қўлидаги гуллар эса титрарди.
Ярим тундаги бу ғаройиб чалишни тугалларканман, қўшним чуқур тин олди, бу кўкрагининг кўтарилиб тушишидан аниқ сезилиб турарди.
–    Раҳмат!– дея таъзим қилди-да, сўнг  гулдастаси ичидан оппоқ  гулни олиб деразам токчасига қўйди-ю, раҳмат дейишимни ҳам кутмаёқ ғойиб бўлди. Кетаётганда менга нигоҳини шундай тикдики, бундан қалбим ларзага келди.
Гулни қўлимда анча вақтгача айлантириб турдим. Бошқа гулларга қараганда унинг оппоқлиги ва ниҳоятда тозалиги мени ғоят ажаблантирарди. Бугунги рўй берган сирдан нима бўлганига тушунмай, ҳамон эс-ҳушимни йиғолмай турардим.
Шу кеча ўзимни одатдан ташқари тетик сездим. Бир оз ором олиш учун деразани ёпмоқчи бўлганимда, тун оқара бошлаган, даладан тўрғайнинг сайраши эшитиларди.
Стакандаги наргис гулни худди муқаддас нарсадек авайлаб стол устига қўйдим. Ҳар куни эрталаб ишга кетиш олдидан беихтиёр унга қараб қўяман. “Бу гулни нега менга ҳадя қилди экан?” деган савол ҳатто хаёлимгаям келмайди.
Иккимизнинг ўртамизда ғалати алоқа пайдо бўлди: миқ этмай бир-биримиз томон талпинамиз, гуллар орқали бир-биримизга қараб қўямиз ё бўлмаса табассум инъом этамиз.
Мана, биз рўпарама-рўпара ўтирибмиз, у йўлнинг нариги бетида – мендан бир оз юқори қаватдаги дераза олдида, мен эса — пастда. Бир-биримизга қараб жилмаямиз…
Кулгили бирор нарса бўлмаса-да, иккимизнинг нигоҳимиз бир-биримизга тўқнаш келиб қолгудек бўлса, беихтиёр ўз-ўзидан оғзимизнинг  таноби қочади.
Шу ондаёқ унинг чеҳраси тамоман кишини ўзига жалб қилувчи тусга киради: иягини кўкрагига тираганча, бир кўзининг қири билан тушиб турган соч тутамлари орасидан менга қиё боқади.
Баъзан  кечқурун унинг челак кўтариб йўлакдан қудуққа сувга кетаётганини кўриб қоламан. Туфли кийган оёқлари ниҳоятда келишган.
Шунда мен дарпарданинг  ортига яширинганча узоқ вақт унинг кетидан термилиб  қоламан. Қараётганимни у на билади, на кўради. Бироқ шунга қарамай унинг ўнқир-чўнқир ерлардан болдирини кўрсатиб, кўзни ўйнатиб назокат билан қадам ташлашидан аёл ортидан биров кузатиб турганлигини сезишини англайман.
Ҳар куни кечасию кундузи уни кўришни истардим, сиймоси эса сира кўз олдимдан кетмасди. Уни деразаси олдида пайдо бўлишини интизорлик-ла кутиб,  деразамнинг олдига чиқиб ўтираман. Узоқ вақт кутаман. Афтидан қўшним уйида эмасдек кўринади. Деразалар ёпиқ. Вақт ярим тундан оққанда ботинкам ва камзулимни ечиб, энди  ётмоқчи бўлиб турганимда, ногаҳон унинг шаҳар тарафдан келаётганлигини кўриб қолдим.
У кўчанинг нариги чеккасидаги йўлкада – тўғри  менинг деразам қаршисида тўхтади. Яна қўлида бир даста гул, уларни силкитганча:
– Хоҳлайсизми?..– деди.
–    Бўлмасам-чи…
–    Ундай бўлса келинг!
–    Ўзингиз олиб кела қолинг!
–    Йўқ, ўзингиз келишингиз керак.
Ниҳоят, бир пой ботинкада, уни ҳам бўлса ипини тақмай, камзулсиз, қуруқ нимчада унинг олдига бордим. Чанг-тупроқ йўлдан каловланганча чопиб борардим, чамаси, бу жуда кулгили кўринган бўлса керак. У мени хахолаб кулганча кутиб оларкан:
–    Худди от минган рицарлардек келдингиз-а,– деди.
–    Ялангоёқ рицарь денг,– дедим унинг сўзини тўғрилаб.
У менга ўртасида қизил ғунчали кичкинагина кўм-кўк новдача узатди-ю, нигоҳини менга тикди.
Шундай қарадики…
Бу қарашда қандай маъно бор экан-а?!
Кўзлари олам-олам маъно-ла олтин яллиғидек чақнарди!
Қаради-ю, тезда қўлини узатганча қаёққадир шошаётгандек ёки ҳурккандек зумда кўздан ғойиб бўлди-қолди.
Қаерга кетди? Нима учун?
Нима бўлаётганига тушунолмай, гангиганча хонамга деразадан  ошиб тушдим. У ҳадя қилган гулга қарадим. Бу доим очилиб, атрофга хушбўй ҳид таратиб турадиган наъматак ғунчасининг шохчаси экан. Тўсатдан ғунчанинг юрак шаклида эканини пайқаб қолдим. Худди қушчанинг ниҳоятда кичкина ва титраётган юракчасига ўхшарди.
Лекин буни ҳадя қилганда унинг ҳам юраги титраганмикин?
Бир куни  кечки пайт ўртоғим билан боққа концертга бордик. У билан кўпчиликдан нарида одамларга қўшилишни истамайдиган айрим хаёлпарастлар ўтирадиган қоронғи “овлоқ” хиёбонда сайр қилиб юрардик. Очиқ майдондаги тўп-тўп одамларнинг ғала-ғовури авжида, у ерда мушаклар отилиб атрофга ёғду сочади: фавворалар осмонни ранг-баранг безак ва айлана учқунли ёйларга тўлдириб ташлаган.
Ногаҳон кўкрагимдан ўқ егандек турган жойимда қотиб қолдим: қиз заранг дарахтининг соясида бошини қўллари орасига олганча, нигоҳини ерга тикиб турарди. Кўринишдан ғамгин ва хафа. Бугун қўлида на гул, чеҳрасида на табассум бор эди. Мени кўрган бўлса-да, лоақал қиё боққани йўқ. Нима бўлди экан-а?
Ҳамроҳимни қолдириб, аста унинг ёнига бордим.
– Нега хафасиз?
– Нега энди хурсанд бўлай…
– Бошингизга бирор кулфат тушдими?
У лабларини билинар-билинмас қимтиб қўйди.
— Йўғ-э, шундоқ, ёлғизликдан зерикдим.
– Э-ҳа, шунинг учун денг?
– Ҳа, шунинг учун…
Ҳамроҳликка таклиф қилиш  эсимга келмаганлиги учун  ундан узр сўрадим. Бироқ у қандайдир ноаниқ ажиб ҳаракат-ла менга шундай қарадики… Қандай дейсизми? Тошни ҳам тешиб юборарди унинг қарашлари.
Сесканиб кетдим. Таклифимга зор эмаслиги шундоққина афтидан сезилиб турарди. Бу ерда ўзимни ортиқча сеза бошладим. Ортиқ ялинишга ғурурим йўл бермай, энди кетишга чоғланган ҳам эдимки, қўққисдан:
– Мен берган гуллар ҳали ҳам турибдими?– деб сўраб қолди.
Шу ондаёқ унга қайтадан меҳрим товланиб:
– Ҳа! Биласизми, уларни авайлаб, шундай севиб, ардоқлайман-ки!– дедим.
– Гулларними?
– Ҳа, гулларни.
– Фақат гулларними, а? Сизни қаранг-у!
Мен унинг ўпкалаганини аниқ билдим.
Биз яна худди бегоналардек жим қолдик.
Тун ярмидан оққанди. Скрипкачилар сўнгги авжни олмоқда эдилар. Сочлари ҳурпайган дирижёр қўлидаги чўп билан боши узра ярим ёй ҳосил қилар, авжга чиқишини кўрсатар эди.
Атрофда ҳеч зоғ кўринмасди.
Тўсатдан қиз яна:
– Сизнинг майин жингалак сочларингиз бор эди. Нега олдирдингиз?– деб сўраб  қолди.
Чинданам сочларимни қиртишлаб олдириб ташлаган эдим.
– Сизга сочларим ёқармиди?
– Жудаям. Ўшанда менга ёқардингиз…
– Энди-чи, ёқмайманми?
– Ёқмайсиз…
– Начора…
Худди бир-биримиздан қўрққандек, қўл ҳам беришмай икки тарафга ажралишиб кетдик.
Бир оз узоқлашгач, унинг ортидан ҳурпайган жингалак сочларнигина севувчи аёлга қарагандек узоқ тикилиб қолдим…
Осмонда шафақ учқунлади. Балки қиз ҳам елкаларини қисганча фақат гулларнигина севиб, уни ардоқлайдиган ёш йигитни эслагандир.
Кўп ўтмай мен бошқа ерга жўнаб кетдим. Бизнинг йўлимиз тезда туташмади. Охири бир кун туташганда сўзсиз тушундикки: ўша тонготар пайтда иккимиз бир-биримизни алдаб, шафқатсизларча ёлғон гапирган эканмиз.
Шу важдан бир-биримизни кўрмагандек индамай ўтиб кетавердик. Бизни бир-биримиздан бемаъни  ғурур — қалбни бир умр жароҳатлайдиган такаббурлик жудо қилганди.

Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси