Розия Тужжор. Тўкилган гуллар (ҳикоя)

Туннинг нариги бошидан келарди. Олдинига оҳиста-оҳиста ҳаракатланиб, кўрсаткич бармоқларини ерга нуқир, аммо кейинроқ булутлар оҳ чекканларидан сўнг қадамларини тезлаштирардилар. Энди тарновнинг ихтиёри ўзида эмасди. Овозини баралла қўйганича вой-войлаб йиғлар, нола қилар, унинг овози икки табақали эшикларнинг тирқишидан ичкарига кириб келарди.
Хона қоронғулик бағрига ғарқ бўлган эди. Фақатгина қора тутун босган йигирма шамли чироқ оғзидек жудаям кичкина бир сариқ нур шифтнинг бир бурчагини ёритиб турарди. Аммо чироқнинг керосини тугаганидан сўнг биргина ёруғлик гули ҳам бир-икки қанот қоқди-ю, тўкилиб тушди.
Энди фақатгина қоронғулик бағрида ёмғирнинг, кекса, ўрта ёш ва ёшгина аёллар ва қизнинг – кампирнинг, Азизахонимнинг ҳамда Маржонанинг пишиллаб нафас олганлари овози чиқарди.
Кампир сандал этагида, ўзининг ҳар доимги жойида ғужанак бўлиб олганича ухлаб ётар, бош томонида намоз ўқиганда киядиган чодири ҳамда косанинг ичида ясама тишлари турарди. У ғижимланган кичик бир соядай қимирламасдан ётарди.
Ундан сал нарироқда бўйлари узун ва елкалари ориқ Азизахоним ётар, юзларининг ранги ўчган, кўзларининг остида кўм-кўк ҳалқалар кўзга ташланарди.
Сандалнинг бошқа томонида қоронғулик бағрини милтиллаб турган фосфордек Маржона ётарди. Лойсувоқ томга тушаётган ёмғирнинг шитирлаши, ёғоч эшик ва деразаларнинг титраши ҳамда тарновнинг ўкириб йиғлаши овозлари ҳаммаси бир бўлиб уни тинч уйқу бағридан суғуриб олишган эди.
Оёғининг кафтини манқалнинг деворига ёпиштириб олган, куйдирувчи иссиқ оёқ панжаларининг учидан тортиб юрагигача йўл топиб борар ва томирларида бир жўшқинлик уйғотарди. Хаёллари худди учар юлдуз каби ўзи ётган нуқтадан ўқдек учиб музчечак дарахтининг нариги томонига бориб тушарди.
Аммо… бу овоз?… қаердан келаётган экан?! Олдинига яхшилаб қулоқ солди, сўнгра ўрнидан сакраб турди.
Овоз хонанинг ичидан, бошининг тепасидан келаётган эди. Бу олдинига майин, сўнгра эса қаттиқроқ зарбалар билан бир маромда туша бошлаган ёмғир томчиларининг овози эди.
Эмаклаганича одинга юрди. Қўли билан гиламни ушлаб кўрди. Гилам ҳўл эди.
– Ойи, ойи, том… қулаб тушяпти!…
Унинг қичқирган овози билан Азизахоним ва кампир жойларидан сапчиб туришди. Азизахоним қоронғуликда пайпасланганича гугурт қидирар экан, уйқусираб сўрарди:
– Қани? Қаер?
Кампир эса зўрға ҳаракатланган ҳолда бир қўли билан бошига чодирини тутган, иккинчи қўли билан эса ўзиям билмайдиган ниманидир қидирарди:
– Азиза, менга ёрдам бер! Мени ташқарига олиб чиқ. Ҳозир тириклай гўрга тиқиламан!..
Азизахоним гугурт чақди. Оловини олдинроқ олиб келди. Янаям олдинроқ. Тепага қаратди… Шифт ёрилган, унда пайдо бўлган бир неча тешикдан сув чакиллаб томарди.
– Эй худойим!
Кампир қалтирарди:
– Азизажон, мени қутқар!
Рангида ранг қолмаган Маржона эса шифтга тикилган ҳолда деворга суяниб қолган эди.
Азизахоним катта-катта қадам ташлаб эшикнинг олдига етиб борди. Лўкидонни суриб, эшикни очди-да, бақирди:
– Нега қотиб қолдинг, қизим?! Ташқарига қочмайсанми энди?!
Маржона кўзларини ёрилган шифтдан узмаган ҳолда орқаси билан юриб, хонадан чиқди-да, дод сола бошлади.
Азизахоним ярим турган ҳолда қўлларини осмонга чўзиб илтижо қилаётган кампир томонга югурди.
– Азиза! Азизажон, мени қутқар!
Азиза тишларини ғижирлатиб заҳрини сочди:
– Ҳаммасига сен айбдорсан! Мана шу вайрона уйингга ёпишиб қолгансан.
Маржонанинг дод-фарёди билан қиблага тескари қилиб солинган хонанинг эшиги очилди-да, ундан ҳовлиққан ва саросимага тушган Яҳё югуриб чиқиб келди:
– Нима гап? Нима бўлди?
Маржона эса икки қўли билан бошига урганча дод соларди:
– Том… қулаб тушяпти. Қулаб тушяпти-и!…
Азизахоним чодирини белига боғлаб олганича кампирни катта меҳмонхонага олиб бориб қўйди, сўнг ҳовуз томонга югуриб кетди-да қўлида тоғора ва мис лаган кўтарганича қайтиб келди. Яҳё оёқяланг югуриб келиб, томи қулаётган хонанинг ичига бош суқди ва бақириғи ёмғир овозини босиб кетди:
– Мен нарсаларни олиб чиқаман! Сен ташқарига чиқиб тур!
Осмон тинимсиз ёғар, кампирнинг йиғлаган овози ёмғирнинг шитирлаган овозига жўр бўларди. Азизахоним Яҳёнинг гапига эътибор ҳам бермасдан, у билан биргаликда хонадаги буюмларни олиб чиқишга киришди. Маржона олдиндаги хона билан катта меҳмонхона орасидаги тор йўлакда қўлларини қовуштирганича даҳшатга тўла кўзлари билан бу тўс-тўполонга қараб турарди. Пичирлаб нималардир айтар ва нималарнидир илтижо қиларди. Яҳё билан Азизахоним эндигина хонадаги гиламни судраб ташқарига олиб чиқишган эдилар ҳамки, даҳшатли гумбурлаган овоз чиқди. Капир фарёд солди. Азизахоним бошига муштлади:
– Эй худойим!
Яҳё эса гиламни ташлади-да:
– Маржона? – деди. – Маржона қани?
Маржона чақмоқлар ёруғида икки бўлинган қоронғулик орасида қўлларини бўм-бўш фазога чўзганича дод солди:
– Йўқ… Йўқ!
Яҳё яна олдиндаги хонага қайтди. Шифтнинг бир қисми қулаб тушган, ёмғир билан тўлиб-тошган қоп-қора булут шифтда ҳосил бўлган ушбу катта тешик устида турганича ҳалиям пишқирарди.

* * *

Тарқоқ булутлар орасидан пойлаб қараётган қуёш ўзининг заиф нурларини сочганча музчечак дарахтининг шохларида ялтираб акс этарди. Азизахоним ҳовлининг ўртасида қўлда супурги тутганича турар, Яҳё эса том тепасида тарновнинг оғзини тозалар, терисини изғирин шамол қизартириб юборганди. Бир ҳовуч лой аралаш дарахт баргларини қўлида тутиб турган ҳолда пастдан Азизахонимнинг овозини эшитди:
– Маржона… Маржона?!…
Бир оздан сўнг шамол Азизахонимнинг қизига айтаётган гапларини унинг қулоқларига етказди:
– Бориб амакингга айт… Уйнинг қолган қисми ҳам қулаб тушмасидан бу ёққа бир келсин-да, укасининг етим қолган болаларининг тақдирини бир ёқлик қилсин.
Эшик қарсиллаб ёпилиши билан Яҳё қаддини тиклади. Маржонанинг оппоқ кўйлаги бир томчи сув каби кўчанинг бурилишига томди ва кўздан ғойиб бўлди.
Яҳё ҳовлига тушиб келди. Тарновнинг оғзидан сидириб олган бир ҳовуч ахлатни бориб боғчанинг бир бурчагига тўкди, сўнг ҳовузча устидаги брезентни чеккага сурди ва ҳовузчанинг устига қатор қилиб терилган ходалар орасидан қўлини сувга тиқди. Музлаб қолган бир балиқ кўзлари ҳайратдан қотиб қолган ҳолда ҳовузчанинг шиша шифтига ёпишиб қолган эди.
Беихтиёр қўлини орқага тортди. Қаддини тиклади ва ҳовузча атрофида тўпланиб қолган хазонларни супураётган Азизахонимга қараб деди:
– Муҳсин оғо йўқми?
Азизахоним хокандозни деворга суяб қўяр экан, икки ҳовли ўртасидаги зинага ўтириб, ғурури поймол бўлган аёл каби оҳ чекди:
– Эҳ, оғагинам… Агар дунёни сув босса, менинг Муҳсинимнинг тўпиғига чиқмайди. Ҳаммадан яширсам ҳам сиздан яшира олмайман, Яҳё оғо.
Яҳё ҳўл қўлларини қўлтиғига артиб қуритди-да, Муҳсин ётган хонага қараб борди. Ярим очиқ эшикнинг бир бурчагидан хонанинг ичкарисига кўз ташлади. Муҳсин тартибсиз ҳолда айқаш-уйқаш бўлиб ётган кўрпа-тўшагида ўликка ўхшаб ётарди.
Эшикнинг ойнасини бир неча марта тақиллатди.
– Муҳсин оғо… Муҳсин оғо!
Муҳсин бир қимирлаб қўйди. Эринибгина бошини овоз чиққан томонга бурди. Ярим очиқ ва хўмрайган қовоқлари орасидан унга қаради-да, сўнгра яна ундан юзини ўгириб, кўрпани бошига тортди.
– Муҳсин оғо, бир дақиқа ўрнингиздан туринг-да бу ёққа келинг. Анави хонанинг томи қулаб тушди. Келинг, кўрайлик-чи нима қилса бўлади.
Муҳсин норози ва бўғиқ овозда кўрпанинг остидан ғулдиради:
– Қўйсанг-чи, оғо. Тонг саҳарлаб… Ким туриб хонанинг томига қараб юради ҳозир? Қолганиям қулаб тушмайдими менга деса!
Яҳё орқасига қайтди-да, Азизахонимга қаради. Азизахоним музлаган қўлларини қўлтиқлари остига қистириб олган ҳолда деди:
– Сизга нима дегандим, Яҳё оғо? Ердан сел келадими ёки осмондан тош ёғадими – унга барибир. Чўнтагида пул бўлса бўлди, қолгани билан иши йўқ.
Яҳё нима қилишини билмай музчечак дарахти томон борди ва унинг нам танасига суянди. Ўзиям нега бу уйдан шартта кетиб қолгиси келмаётганлигини билмасди.
Азизахоним кампирнинг овозини эшитиб хона томон юраркан:
– Яҳё оғо, – деди. – Бир пиёла иссиққина чойимизга чақирмоқчийдим. Кампир одам қанчаям чой ичарди. Келинг, ичингизга бир оз иссиқ киради.
Яҳё оғо паст овозда деди:
– Раҳмат, Азизахоним. Кераги йўқ.
Азизахоним ҳали хонага киришга улгурмасидан ташқари эшикнинг тақиллагани эшитилди. Орқасига бурилди-да, катта ҳовлини кесиб ўтди. Икки зинапояни битта қилиб ҳатлаб, кичик ҳовлига қадам қўйди. Ҳовлига кириш йўлагидан ўтди-да, эшикни очди:
– Ассалому алайкум, амакиси! Марҳамат, киринг!
Бўйлари баланд, елкалари кенг ва сочларига оқ оралаган Мустафо оғо елкасига тўн ташлаб олган ва қўлларида чиройли доналари бор тасбеҳ тутган ҳолда ҳовлига қадам қўйди:
– Нима бўлди, Азизахоним?
Ичидаги барча дард-аламни фарёди билан биргаликда Мустафо оғонинг оёқлари остига тўккиси келган Азизахоним унинг тик қараб турган ўткир нигоҳларига кўзи тушиши билан бошидан чодирини олди-да тугунини ечди ва у билан баданини ўради.
– Ойимга бирор нарса бўлдими?
Азизахоним кесатгандек жавоб берди:
– Йўқ, кампир соғ-омон. Тўрт мучаси соппа-соғ. Манави уйдан ҳам чидамли бақувват!
Маржона амакисининг орқасидан келиб, бир соя каби ичкарига сирпанди-да, ҳовлига кириб кетди. Зинапоянинг этагига етганда ҳалиям дарахт остида турган Яҳёга бир қараб қўйди. Зиналардан кўтарилди. Музчечак дарахтининг синиб тушган шохи кеча кечаси ёққан ёмғир натижасида тўпланиб қолган хазонлар билан биргаликда унинг нигоҳини ўзига тортди.
Бир лаҳза энгашди. Сўнгра қўлини тортиб олди-да, кичик йўлак томон юрди ва катта меҳмонхона пардасининг ортида ғойиб бўлди.
Кириш йўлагидан ўтиб, кичик ҳовлига етган Мустафо оғо томи қулаб тушган хонага бош суқди:
– Бу уйни энди тузатиб бўлмайди. Бундан анча олдин эскириб бўлган эди. Неча марта айтдик, ойим қулоқ солмади. Неча марта айтдик, дод-фарёд қилди. Энди нима деркин? Бекордан-бекорга айтмаганимизни энди тушуниб етган бўлса керак?!
Азизахоним овозини баландлатди:
– Нимасини айтасиз… Эрталабдан бери нола-фиғон қилиб ётибди.
Мустафо оғо хонанинг деразасидан ҳалиям ҳовлида турган Яҳёга кўз ташлади. Яҳё уни кўриши билан калласини қимирлатиб салом берди. Мустафо оғо эса унинг саломига алик ҳам олмасдан Азизахонимга юзланиб деди:
– Бу қачон кетади? Ҳалиям шу ердами?
Азизахоним паст овозда деди:
– Ҳали муҳлати тугаганича йўқ. Ойнинг охиригача вақти бор.
Мустафо оғо юзини ўгириб, лой ва ахлатга тўла тоғора ва лаганга ҳамда тешилган томга қаради. Сўнгра хонанинг ичини бир айланиб чиқди ва жойида қолиб кетган бир неча уй буюмларини бармоғининг учи билан суриб қўйди:
– Худо раҳмат қилгур укам ойимни кўндираман деб роса уринганди. Аммо кўнмади. Агар ўша пайтда уйни сотганимизда эди, аҳволингиз бундан анча яхши бўлган бўларди. Яъни ҳаммамизнинг аҳволимиз яхши бўлган бўларди.
Сўнгра бир йўталиб қўйди-да, хонадан ташқарига чиқди ва ҳовлига қадам қўйди.
– Ўғлингиз қаерда? Бу бола қай гўрда ётибди?
Ҳалиям ҳовлида бўлган Яҳё қулоғигача қизариб кетди. Ҳовузчанинг юзига терилган ходалар устига ўтирди-да, қўлларини қовуштирди.
Шунча пайтдан бери ичидаги гапни Мустафо оғога айтаман деб келарди. Аммо ҳозир…
Азизахоним шошиб-пишиб деди:
– Болагинам, Муҳсин, ярим кечаси роса овора бўлди. Офтоб чиқиши билан бир оз мизғиб олай деб уйга кириб кетди.
Муҳсин оғо тасбеҳини у қўлидан-бу қўлига оларкан, истеҳзо билан жилмайди:
– Рост айтаётган бўлинг-да, ишқилиб. Раҳматли укамнинг ҳамма умиди мана шу биттагина ўғлидан эди. Бунингиз эркак бўлиш ўрнига, тағин бир… ло илоҳо иллоллоҳ….
Азизахоним ранжигансимон деди:
– Нега нафасингизни совуқ қиласиз, амакиси?!…
Мустафо оғо тор йўлакдан катта меҳмонхона томонга юрди. Эшик пардасини четга сураркан, паст овозда деди:
– Бугуноқ Авс Ражабга айтаман, келиб уйни бир кўриб кетади. Унинг ўзи бунақа ишларни яхши тушунади. Уйни сотишга ойимни кўндириб қолсак ажаб эмас.
Маржона устига чой тўла стаканлар қўйилган патнисни кўтарганча парданинг бир чеккасидан чиқиб келди. Амакиси унга бир назар ташлади-да, жилмайди:
– Кўз тегмасин! Кап-катта қиз бўлиб қолибсан-ку!
Патнис устидаги стаканлардан бирини олди-да, хонага қараб юрди.
Маржона тор йўлакдан ўтди. Аммо ҳовлига қадам қўйишидан олдин Азизахоним патнисни унинг қўлидан олди, унинг устидаги стаканлардан бирини олиб айвоннинг лабига қўйди ва патнисни қўлида тутган ҳолда Маржонани ўзи билан бирга катта меҳмонхона томонга олиб кетди.
Яҳё совқотганини ҳис қилди. Кўзи чой тўла стакандан оҳисталик билан осмонга ўрлаётган мулойим буғда эди. Ушбу совуқ кундаги ягона иссиқ нуқта ҳам ушбу тор йўлакда ярақлаётган ана шу ақиқранг чой эди. Аммо нега уни олиш учун қўлини чўзмаганини тушунмади. Ўрнидан турди-да, хонасига қараб юрди. Кийимини кийиб кўчага чиқди. Гунг бир ғам унинг елкасига елкасини қўйди ва у билан бирга кўчанинг бурилишидан ғойиб бўлди.
Кампирнинг кўзи ўғлига тушиши билан йиғлай бошлади:
– Илоё, бўйгинангдан онанг айлансин. Бошимга нималар тушганини кўрдингми? Уйим бузилганини кўрдингми? Отанг раҳматлидан қолган ёдгор уй қандай қилиб вайрон бўлганини кўрдингми?
Мустафо оғо эшикнинг остонасида ўтираркан, телпагини бошидан олди-да, тиззасига кийгизди. Сўнгра ўйчан ҳолда тасбеҳ ўгиришга тушди.
– Болагинам! Бошимизга нималар тушганини кўргани келдингми? Умримнинг охирида қандай хор-зор бўлганимни кўргани келдингми? Жигарим қандай куйиб, ҳалқумимдан қандай отилиб чиқишини кўргани келдингми?
Мустафо оғо тасбеҳнинг охирги донасини бармоқлари остидан ўтказар экан, истамайгина қимирлаб қўйди-да, тилга кирди:
– Ойи, яна бошладингизми? Ўзинг пиширган ошни ўзинг ич, дейдилар. Сизга неча марта айтдик, қулоқ солмадингиз. Мана оқибати!
Кампир бирдан йиғлашдан тўхтаб, бошини кўтарди ва баланд овозда деди:
– Нима дединг? Эшитмай қолдим? Агар отангдан ёдгор қолган мана шу уйни сотишни айтаётган бўлсанг, тўғри қилдим. Энди сен ҳам келиним ва невараларим билан тил бириктириб, умримнинг охирида мени дарбадар қилмоқчимисан?! Агар шундай қиладиган бўлсаларинг, берган сутимга розимасман, ўғлим. Илоё, сени ҳам менга қарши қайраганлар балога йўлиқсинлар!
Мустафо оғо асабийлашиб ўрнидан турди. Телпагини бошига илиб, тасбеҳини чўнтагига солди-да, чойдан бир ҳўплам ҳам ичмасдан деди:
– Бўлди-да, энди, ойи! Яна дийдиёйнгизни бошладингизми? Раҳматли укам бир умр ялиниб ўтди. Ҳозир хотини ва болалари ҳам. Бу эскириб кетган уй чириб, тўкилиб, қулаб боряпти. Кеча кечаси битта хонанинг томи қулаб тушибди, бугун яна биттаси ўзингизни босиб қолади. Жиддийроқ қараш керак бунга. Бошқа чорамиз йўқ.
Кампир кўкрагига муштлаб, дод солди:
– Бу ердан худо раҳмат қилгур отангнинг иси келади. Ёш ўлиб кетган укангнинг иси келади. Муртазони мана шу уйда уйлантирдим. Мана шу ерда ўзингни катта қилдим. Мана шу уйда ўзим келин бўлганман. Бу уйда не-не дастурхонлар ёзмадим, не-не меҳмонлар кутмадим. Ҳайҳот, ҳайҳот… не-не дуохонлик кечалари, не-не… Эй худо… худо… худо!
Мустафо оғо ўзини эшикдан ташқарига урди. Шу пайтгача бу можарони кузатиб ўтирган Азизахоним унга қўшилиб ташқарига чиқди:
– Сизга айтмаганмидим, амакиси? Эшитгиси ҳам келмайди. Уйни сотишдан гап очилиши билан ана шундай нола-фиғонини бошлайди.
Мустафо оғо этигини оёғига яхшилаб кийди-да, аста-секин ҳовлидан ўтди. Азизахонимга бир кўз ташлади:
– Буёғини менга қўйиб бер. Ҳаммаси яхши бўлади. Фақат мана бу йигитнинг иложи борича тезроқ жавобини бериб юбор. Уни қайтиб бу уйда кўрмай.
Азизахоним унинг ортидан эшикни ёпиб қолар экан, деди:
– Хўп бўлади. Нима десангиз шу.

* * *

Азизахоним ҳалиям кичик ҳовлида эканлигида Муҳсиннинг қадам товушларини эшитди. Зинанинг устида бир оз тўхтади. Ранги заъфарондек сарғайган Муҳсин уйқусираган ҳолда отасининг эски пўстинини елкасига ташлаб довдираганича ҳовлининг нариги томонидан келарди. Азизахоним овозини кўтариб деди:
– Яхши ухлаб турдиларми?! Не ажабким, шаҳзодамиз ҳам ўринларидан турибдилар! Бу томонгаям бир қараб қўй, ўғлим. Зарар қилмайди!
Муҳсин онасининг гапларига эътибор ҳам бермай кичик йўлакдан ўтди-да, катта меҳмонхона томон йўл олди. Кампир уни кўриши билан бошқатдан йиғлашга тушди:
– Муҳсинжон, болам! Мени ўзинг қутқар! Мени бўрилар ўраб олишганини кўр! Ҳеч бўлмаса сен бирор нарса дегин.
Муҳсин бу гапларга аҳамият ҳам бермасдан пўстинни ечиб ерга улоқтирди. Хонанинг бурчагидаги самовар олдида чўк тушиб ўтирган Маржонага ярим нигоҳ ташлади-да, сандалга ўтираётиб буюрди:
– Чой…
Унинг ортидан хонага кириб келган Азизахоним ғазабга тўла овоз билан деди:
– Энди бу жувонмаргнинг қулоғига нималарни қуяяпсан?! Менга қарши қайраяпсанми? Қанча дод-вой қилма, бу уй сотилади. Бир-икки кун ҳаялласак, яна битта хона ағанаб тушади.
Муҳсин шошмасдан сигаретасини ёқиб, тутунини тепага пуфларкан:
– Каптарларим нима бўлади? – деди. – Эндигина бу жойларга ўрганишган эди.
Азизахоним титраётган қўлларини кўкраклари остига уриб, бақирди:
– Каптарларинг? Илоё, ҳаммасига қирғин келсин! Ундан кўра бўйи етиб қолган синглим нима бўлади, десанг бўлмайдими?
Муҳсин унга ярим бир нигоҳ ташлаб қўйди-да, қўлидаги гугурт қутисини отиб ўйнашга тушди. Гугурт қутиси гоҳ тик тушар, гоҳ ёнбоши билан, гоҳ олди билан тушар, гоҳ орқаси билан, гоҳ шоҳ бўларди, гоҳ вазир…
Азизахоним самоварнинг олдига бориб, бир стакан чой қуйди-да, унинг олдига – сандалнинг устига дўқ этқизиб қўйди.
Кампир бўйнига осилган кичкина бахмал халтачадан бир ҳовуч қанд-қурс ва тутмайиз олиб чиқди-да, сандал устига тўкди.
Азизахоним ғулдиради:
– Этагига майиз ҳам солиб бер. Сенинг ёнингни олади.
Муҳсин истар-истамас чойни ича бошлади.
Маржона хонадан чиқиб кетди-да, гуруч солинган катта мис патнисни кўтариб қайтиб кирди. Сўнгра бир бурчакка ўтириб гуручни тозалашга тушди. Онаси диққатини унга қаратди:
– Илоё, онагинанг ўлсин, қизим. Ҳеч ким мана бу етим қолган қизнинг тақдири нима бўлади, демайди. Ўзим унинг бахти тўғрисида ўйлашим, унга келаётган совчиларга жавоб беришим керак. Чунки отаси ўлиб, беғам одамларнинг қўлида қолиб кетган.
Кампир ҳар доим гап тополмай қолганида секингина ўзини олиб қочганидек, бу сафар ҳам боши билан кўрпанинг ичига кириб кетди ва кўзини юмиб олди.
Азизахоним ярадор йўлбарсдай ўкирди:
– Ҳа-а, ёқмаяптими?! Қачон зарурроқ бирор нарса тўғрисида гап бошласак, ўзингни ухлаганга соласан. Аммо ҳозир айтиб қўяй: агар ҳамма хоналарнинг томи қулаб тушадиган бўлса, бирор уста ёки қурувчининг бу ерга келиб уйларни тузатишларига йўл қўймайман. Майли, бу уйлар ҳаммамизнинг устимизга қулаб туша қолсин.
Муҳсин бирданига ўрнидан сапчиб турди-да, титраётган қўлидаги бўш стаканни зарб билан деворга отди:
– Бўлди қил энди! Тоқатимни тоқ қилиб юбординг. Минғиллайвериб миямнинг қатиғини чиқариб ташладинг-ку! Бечора кампирни тинч қўясанми ёки йўқми?!
Азизахоним олдинига унга қараб қотиб қолди, сўнгра йиғлашга тушди:
– Худо урсин сени! Юрагимни минг пора қилиб ташладинг. Худоё эрталабдан кечгача қулоғинг остида ғўнг-ғўнг қилиб миянгни айнитаётганлар балога йўлиқсинлар. Биттагина ўғлим менга суянчиқ бўлиш, мана бу хароба уйлардан қутқариш ўрнига ўшаларнинг гапига қулоқ солганидан кўра, худо жонимни олгани яхши эмасми?!
Муҳсин сандалнинг чеккасига қўли билан тиралиб ўрнидан турди. Эски пўстинни елкасига илди ва хонадан чиқиб кетди. Ранги сомондай сарғайган эди. Букчайиб келганди, ундан-да букчайиброқ кетди.
Бошини қуйи солиб олганча гуруч тераётган Маржона эса ўрнидан туриб хонадан чиқди, бир оздан сўнг қўлида супурги ва хокандоз кўтариб қайтиб кирди.
Шиша синиқлари ҳамда онасининг кўз ёшлари синиқларини биргаликда супуриб олди.

* * *

Азизахоним овқат пишириш баҳонасида энг қийин пайтларда ўзининг ягона бошпанаси бўлган, ҳовлининг юзасидан бир неча зинапоя пастроқдаги жим-жит бир бурчакда жойлашган ошхонага келган эди. Ошхона Азизахоним унинг қоронғу ва тор бурчакларга бош қўйганча ўзи билан ўзи гаплашиши, дилидаги дардларини ёриши ва тўйиб-тўйиб йиғлаши мумкин бўлган бу ҳовлидаги ягона нуқта эди. Бу ерда ўйлаш ва ғам чекиш, ғам чекиш ва кўз ёши тўкиш мумкин эди. Бу ерда худди ўзининг онаси ва бувиси каби, ўчоқнинг олдида ўтириб оловга ўтин ташлаш ва ўзининг бахтиқаролигидан юм-юм йиғлаши, сўнгра эса юзлари ғам-аламдан эмас, балки ўчоқдан чиқаётган тутундан қизариб кетганлигини айтиш мумкин эди. Бу ерда ошхона хизматкори бўлиш ҳамда ўзининг бахтиқора эканлигини худди ошхонадаги ўчоқ ва қозонларнинг қоралиги каби табиий қабул қилиш мумкин эди.
Бугун унинг бир кўзи қозонда бўлса, иккинчи кўзи осмонда эди. Кўнгли ғаш эди. Агар яна ёмғир ёғса ва уйнинг қолган хоналари ҳам бирин-кетин қулаб тушса нима бўлади? Ер чўкиб, уйнинг пойдевори тагидан зил кетса-чи? Унда Муҳсинни қаерга олиб кетади? Маржонани кимнинг эшигига олиб боради? Уйсизлик ва дарбадарлигига қандай қилиб чидайди? Хор-зор бўлганлигига-чи?
Муҳсин учун, унинг одам бўлиши учун не машаққатлар чекмади. Аммо не қилсинки, ҳаммаси унинг истаганларига тескари бўлиб чиқаверди. Ўғлини мактабга берган вақтларидан бошлаб у доим дарслардан қочиб чиқар, кўчама-кўча санғир ва бировларнинг боласини уриб-сўкар, тош билан бошларини уриб ёрарди…
Кейинги пайтларда ҳам каптарларга ишқи тушиб қолган, доим томда ўтириб олганича каптарбозлик қилар, шу туфайли онаси қўшнилар олдида бошини кўтара олмай қолганди.
Бундан-да каттароқ мусибат бошига тушганлигини кейинчалик ҳис қилди. Биринчи марта ярим очиқ эшикдан мўралаб ўз кўзлари билан кўрган, яна бир марта эса кўйлагини юваётган чоғида унинг чўнтагидан пистага ўхшаш кичкина бир нарса топиб олган эди. Аммо бу нарсани хаёлига ҳам келтириб кўришга, ҳатто тилига ҳам олишга журъат қилмаган эди. Кимга ҳам айтиши мумкин эди бу мусибатни? Кимнинг ҳам ичи ачирди унга ва унинг ўғлига? Бу гапни бировга айтгани билан унга шармандалик ва ғам-аламдан бошқа нима ҳам олиб келарди?
– Ойи, менга пул керак.
– Қайси гўримдан оламан пулни?! Бир дунё хазинаси бор деб ўйлайсанми мени?!
Муҳсин устига овқат сузилган идиш олиб келинган патнисни олиб, деразадан ташқарига улоқтириб юборганди:
– Бунақа гапларинг билан бошимни ачитма. Менга пул керак, пул! Тушундингми?
– Туққан онасини шунчалик зор йиғлатган сендай ўғилни худо урсин! – дея зор-зор йиғлай бошлаганди Азизахоним. – Ўз онасининг жигар-бағрини пора қилган сендай болани худонинг ўзи қаро ернинг қаърига тиқсин!
Шунда Муҳсин ўша ерда турган чилимнинг узун найини суғуриб олиб, онасига томон хезланган эди.
Азизахоним фарёд солган эди:
– Ур, ярамас, ур! Кел-да, туққан онангни аямай ур, номард! Уриб-уриб, ўлдир! Зора шу билан бу дунёнинг азобларидан қутулиб кетсам.
Муҳсин қўлидаги чилим найини зарб билан боғчадаги гулларнинг орасига отган эди. Гуллар пайҳон бўлганича қолган, унинг ўзи эса уйдан чиқиб кетганича бир неча кун қай гўрларда йўқ бўлиб кетган эди. Шундан сўнг Азизахоним ноилож меҳмонхонадаги ўн икки метрли гиламни йиғиб, гаровхонага топширган, Муҳсин яна пайдо бўлгач эса гиламни гаровга қўйиб олинган пулни унинг очкўзлик билан чўзилиб турган қўлига “заҳар бўлсин”, дегандек тап этиб ташлаган эди. Аммо бу билан муаммо ҳал бўлмади. Олдинига кумушранг шамдон ва тошойна, кейинчалик қизил гулли ликопчалар ва устига қушлар тасвири солинган патнислар, мис лаган ва тоғоралар… ҳамма-ҳаммаси сотилди. Ҳайҳот, ҳайҳот! Маржонанинг тақдири нима бўлади? Бўйи етиб қолган отасиз Маржонанинг?!
Ўчоқда тутаётган ўтин Азизахонимнинг юрагидаги дард-аламларга қўшилиб, унинг кўзларидан шовиллаб ёш оқизарди. Осмон қовоғини солиб олган, ошхонанинг ҳовлига қараган кичкина деразасидан унинг бир бурчагини кўриш мумкин эди. Бугун кечаси ҳам ёмғир ёғармикин?

* * *

Эндигина дастурхонни йиғиштириб бўлган эди ҳамки, ташқари эшик тақиллаб қолди. Мустафо оғо келганини кўнгли сезди. Юрагида ғалати бир безовталик бор эди. Булутлар лаҳза сайин кўпайиши билан унинг ичи ҳам қоронғулашиб борарди. Ювилмаган идишларни патнисга солиб, ҳовлидаги ҳовузчанинг ёнига олиб бориб қўйди. Сўнгра шошилганича ташқари эшик томон юраркан, юзларига томаётган илк ёмғир томчиларини ҳис қилди.
Эшикни очиши билан Мустафо оғони ҳамда унга эргашиб келган Авс Ражабни кўрди. Уларга салом бериб, ўзини чеккага олди. Мустафо оғо “Ё оллоҳ”, дея ичкарига қадам қўйди:
– Авс Ражаб уйни кўргани келди. Агар маъқул топса, иншооллоҳ, савдоси пишади ва ҳаммаси яхши бўлади.
Азизахонимнинг юраги зил кетди:
– Худди ўзларининг уйларидек деб билсинлар, марҳамат.
Эркаклар олдиндан тушишди, у ҳам уларнинг ортидан эргашди.
Авс Ражабни танирди. Биргина у эмас, балки маҳалланинг барча одамлари уни яхши билишарди. Катта бойликка эга бўлган Ҳожи Солиҳ гиламфуруш кутилмаганда касодга учраб, унинг барча мол-мулки кимошди савдосига қўйилганида ана шу одам шарт ўртага тушиб унинг мол-мулкини учдан бир нархига сотиб олган, кейинчалик ҳам уни қамоқдан қутқариб олиш учун пул тўккан эди. Қайси даврада ўтириб қолса ҳам: “Мен савоб учун унга ёрдамлашдим, унинг мол-дунёси учун эмас”, деб мақтаниб қўярди.
Ҳеч ким унга: “Ёлғон гапиряпсан”, дея олмасди. У кейинчалик Мирзо Тақий қандолатфурушнинг меросхўрлари ихтиёрида бўлган бир боғ ҳовлини ҳам текинга қўлга киритди-да, сўнгра булдозер билан суриб, кафтдек теп-текис қилди. Ағдариб ташланган шунча дов-дарахтга одамнинг ичи ачийди. Шундан сўнг бир неча пайтгача оқ акация дарахтининг ҳиди маҳалладаги одамларнинг бошини айлантириб юрди. Афсус… Сўнгра эса ана шу ерда катталиги катакдек бўлган бир неча уй солиб, унга-бунга сотди. Энди бу ер илгаригидек жим-жит ҳам эмас, ундан дарахтлар ва гулларнинг муаттар ҳиди ҳам келмас, аксинча эндиликда катакдек уйлардан иборат бўлган кичкина бир маҳаллага айланиб улгурган бу жойда болаларнинг шовқини ва оналарнинг бақир-чақири ҳукмрон эди. Ушбу маҳаллачадан макон топган ушбу одамларнинг қай жойлардан келиб қолганлигини ҳеч ким билмасди.
Икки эркак ҳовлини айланиб кўздан кечирар, Азизахоним ҳам уларнинг кетидан эргашиб юрарди. Меҳмонхонанинг эшиги олдига етишганида Мустафо оғо қулфни ушлаб кўриб, сўради:
– Очилмайдими?
Азизахоним иккиланиб турди-да, сўнгра бўйнига осиб олган калитни олиб қулфни очди. Меҳмонхона ичидаги гиламсиз яланғоч ер офтоб нурларида товланарди. Мустафо оғо савол нигоҳи билан унга қаради:
– Гиламлари қани?
Азизахоним шошиб-пишиб жавоб берди:
– Байрамга оз қолди. Гиламни ювишга берган эдик…
Муҳсиннинг хонаси олдига етишганида яна бир баҳона келтирди:
– Эшикнинг орқасига бир тўда лаш-лушларни қўйган эдик. Эшик яхши очилмайди. Бу ерни кўриб ўтирмасаларинг керак, ахир?!
Катта меҳмонхонанинг эшигига етганларида кампирнинг нолаю қарғиш овозлари кўтарилди:
– Менинг ҳаётимни шунақасига барбод қиладиган бўлсаларинг, мана шу амакингдан яхшилик кўрманглар, илойим! Бир бегона одамни нега бу ерга олиб келасизлар? Илоё, худо мендек бир бечора кампирни азоблаган сиздек номусулмонларни жазоласин!
Мустафо оғо овозини баландлатди:
– Азизахоним. Бирор жойга ўтириб, икки оғиз гаплашиб олсак бўладими?
Азизахоним ҳовлининг ҳамма томонига бир қараб чиқди-да, бориб Яҳё турадиган хонанинг эшигини очди.
Авс Ражаб оёқ панжасининг учида туриб, ҳовлига қараган деразадан рўпарадаги томи қулаб тушган хонага қаради:
– Бу хона эскириб-чириб кетибди-ю?! Илма-тешик бўлиб кетган! Қачон қурилганди?
Мустафо оғо Яҳёнинг хонасидаги эскириб ранги ўчиб кетган гилам, ёғоч каравот ва токчада қалин қилиб терилган китобларга назар ташлади-да:
– Жойини топиб олибди! – деди истеҳзо билан ўзига ўзи.
Сўнгра ҳовлига қараб баланд овозда деди:
– Маржона қани? Айт, чой олиб келсин.
Авс Ражаб эса ҳовлини қадами билан ўлчаб чиқаркан, баланд овозда сўради:
– Қудуғи қаерда?
Мустафо оғо хонанинг ичидан бошини чиқариб деди:
– Уста, кўпам очкўзлик қилма. Бу ёққа келгин-да, аввал бир стакан иссиқ чой ичиб, томоғингни ҳўллаб ол. Сўнгра асосий иш тўғрисида гаплашамиз.
Азизахоним катта меҳмонхонага кирди. Бир бурчакда тиззаларини йиғиб, ғужанак бўлиб ўтирган Маржона ияги билан қўлларига суянганича рўпарасига тикилиб қолган эди. Унинг сал нарироғида кампир пичирлаб бир нарсалар деганича йиғларди.
Азизахоним бир лаҳза тўхтаб қолди. Пичирлаб ўзига ўзи деди:
– Қизгинам!
Сўнгра хаёлларини жамлаб олди:
– Ўрнингдан тур-да, амакинг билан меҳмонига чой олиб бор.
Маржона бошини кўтарди. Нигоҳида бир чақмоқ чақнагандек бўлди.
– Ойи, эшик тақиллаяпти.
У шундай деди-да, ўрнидан туриб хонанинг эшиги томон югурди.
Азизахоним билаги билан эшикни тўсди:
– Чодиринг қани?
– Чодир?
Маржона орқага тисланди. Унинг кўзларидан чақнаётган чақмоқ Азизахонимнинг юрагини тешиб ўтаётгандай эди. Нигоҳига дош бера олмай кўзларини олиб қочди:
– Маржона, чой… Меҳмонларга чой олиб бор.
Кампир ҳалиям йиғлаганича қарғанарди.
Маржона бели ингичка ва лабига олтин суви югуртирилган учта сатканни олиб уларга чой қуйди.
У ҳали чодирини бошига ёпмасидан олдин Азизахоним унинг олдига борди-да, бошига санчиб қўйилган сочтўғноғичини ечди. Маржонанинг мулойим ва мафтункор қоп-қора сочлари ёйилиб кетди. Азизахоним чодирни унинг бошига ёпди.
Энди кампирнинг ҳам овози ўчган, жим ўтириб уларнинг гапларини пойларди.
Маржона хонадан чиқди. Унинг орқасида қолган эшик пардасидаги Лайли уйқуга кетган эди. Азизахоним унинг ортидан ҳовлига тушиб келди. Яҳёни кўрди. Ҳовлининг ўртасида тик турганича хонасидаги чақирилмаган меҳмонларга тикилиб қолган эди.
Маржона ингичка бир нур ёлқинидай шип этиб Яҳёнинг ёнидан ўтди-да, унинг хонаси томон кетди. Азизахоним унинг ортидан борар экан, Авс Ражабнинг харидор нигоҳига, сўнгра бир дам унга қайрилган Яҳёнинг оғир нигоҳига кўзи тушди.
Азизахоним энгашиб ҳовузчанинг юзидаги брезентни четга сурди. Қўлларини ювиши керак эди. Шу пайт Яҳёнинг хаста овозини эшитди:
– Балиқлар ўлиб қолишган, шундай эмасми, Азизахоним? Ҳаммаси музлаб қолибди!
Азизахоним бошини кўтарди. Маржона Яҳёнинг хонасидан чиқиб келди-да, устига чой тўла стакан қўйилган патнисни Яҳё томон тутди. Қарашларидан ўт чақнаб турар, одамни ҳаяжонга соларди. Яҳё эса ҳайрат билан унга тикилганича қотиб қолган, чойдан чиқаётган мулойим буғнинг ортидан ҳамма жой қоп-қоронғу кўринар эди. Кўзойнагини ечиб, ойнасини артди ва яна қайтариб кўзига тақди. Мустафо оғо унинг хонасидан чиқиб келаркан, бир йўталиб қўйди:
– Иҳм… Мени кечирасиз-у… бир нарсани сизга айтиб қўймоқчийдим. Бу уй бугун сотилди. Менимча… ўзингизга бошқа бир жой топишингиз керак.
Яҳё яна бир марта кўзойнагини ечди, орқага тисланди ва уйдан чиқиб кетди.
Туман ҳамма ёқни қоплаб олган эди.
Маржона катта меҳмонхонага қараб югурди. Патнисни хонанинг бир бурчагига отди-да, сандалнинг устига солинган кўрпанинг ичига кириб кетди. Руҳининг чил-чил синаётган овозини эшитмаслик учун кўрпанинг бир учини оғзига босди. Ҳеч қачон агар бу уй сотиладиган, боғчалари, ҳовузи ва деворлари бузиладиган бўлса, музчечак дарахтининг жажжи ва хушбўй гулларини, гуллари тўкила бошлаган дарахтга ўхшаб қолган Яҳёни ҳам энди бошқа кўрмаслиги тўғрисида ўйламаган ҳам эди.

* * *

Тун эди. Бугун кечаси кампир ё сергаплик қилиб кўп гапириб чиқадиган, ё йиғи-сиғи ва қарғиш билан машғул бўладиган бошқа тунлардагидан фарқли равишда жим эди. Унинг учун бугун эрталабдан бошлаб ҳозиргача ўн йил вақт ўтгандек эди гўё. Кўзлари безовта, тили боғлиқ эди. Шифтга термулганича оғир нафас оларди.
Маржона ҳам жим эди. Шалоладай сочларини ёйиб олганича оқ сурпдан тикилган тугунчани тиззасига қўйиб олиб, унинг ҳошиясига тўр тикарди. Чироқнинг сояси унинг узун киприкларини янада узунроқ кўрсатарди.
Азизахоним намозга турганига бир соатча бўлган эди. Намозини тугатиб, жойнамозни хонанинг бир бурчагига қўйди-да, деразанинг олдига бориб, ойнасини қоплаган буғ қатламини артиб тозалади. Сўнгра юзини унга ёпиштириб, ҳовлининг нариги томонига қаради. Муҳсин ётган хонанинг чироғи ўчиқ, Яҳёнинг хонасидан эса чироқ нур таратиб турарди. Азизахонимнинг юраги эзилди: унинг учун нима ҳам қила оларди? Маржонанинг мовий нигоҳлари, Муҳсиннинг букчайган қадди, кампирнинг вайрон бўлган дили учун нима ҳам қила олиши мумкин? Унут бўлган ўзи учун-чи?!
Дераза ойнасининг артилган жойини яна қайтадан буғ ғубори қоплаб олаётган чоғда Маржонанинг овозини эшитди:
– Ойи, эшик тақиллаяпти.
Елкасига ташлаб олган чодирини бошига қўндирди-да, ҳовлига қадам қўйди. Қор ёғарди. Осмон худди баҳордаги шаффоф анор гуллари каби қизғиш тус олган эди. Ташқари эшик олдидаги кириш йўлагига етгач сўради:
– Ким?
Унинг овозидан таниди.
– Мен – Эҳтиромман.
Эшикни очди:
– Сенмисан? Ярим кечаси нима қилиб юрибсан?
Эҳтиромхоним семиз гавдасини бир силкитди-да, ҳовлига қадам қўйди ва ўша жойнинг ўзида ерга ўтириб олди.
– Вой ўлмасам! Бу нима қилганинг?!
– Менга мана шу ер яхшироқ. Кўп вақтингни олмайман.
Эҳтиромхоним қўлини юрагининг устига қўйиб олганича ҳансираб нафас оларди.
Азизахоним унинг қаршисида орқаси билан деворга суянди-да, оҳиста пастга сирғанди.
– Азизахоним! Майда-чуйда қилиб ўтирмасдан, гапнинг бўладиганини айтаман. Яхши биласанки, бир умр фарзандсизлик доғида куйиб ўтдим. Бу доғ менинг юрагимда умримнинг охиригача қолса керак. Кунботар чоғида Мустафо оғо келиб, менинг бутун умидларимни чиппакка чиқарди. “Бундан ортиқ сабр қила олмайман”, деди… Оҳ, Азиза! Шундай бир кун келишини хавотир билан кутиб юрардим, аммо бундай тез келишини билмаган эканман. Кеч тушган маҳалдан то ҳозиргача ичимда бир нарса узилиб кетгандек ва бутун танам ичра қанот қоқаётгандек бўляпти.
Азизахоним беихтиёр қўлини чўзиб, унинг қўлидан ушлади. Бироқ Эҳтиромхоним қўлини тортиб олди:
– Йўқ-йўқ! Менга ичинг ачишини истамайман! Сен… нарсаларингни йиғиштир-да, бизнинг уйимизга кўчиб ўт. Бошқа бир аёл келиб, мени бу уйдан ҳайдаб юборганидан кўра, сенинг келганинг яхшироқ.
– Мен?!
Азизахонимнинг овози ҳайрат ва даҳшат билан тўлиб-тошган эди.
– Мустафо оғо ҳаммасини менга айтиб берди. Авс Ражаб Маржонангга харидор бўлибди. Бу тўғрида аҳду паймон қилиб ҳам олишибди. Уйингнинг олди-сотдиси тўғрисида ҳам бир келишувга эришишибди. Сен тўғрингда ҳам менга айтиб берди. Уйнинг битта хонасини сенга бўшатиб беришимни буюрди. Майли, келгин… Балким сенинг қадаминг билан бизнинг кўкрагимизга ҳам шамол тегиб қолса. Бир кундош бошимга келиши керак экан, ўша сен бўлақолгин. Фақат йўқ демагин… Майли, шу билан менинг мушкулим ҳам, сенинг мушкулинг ҳам осон бўлақолсин. Эҳ, биттагина тирноққа зор қилди-я… Мустафо оғонинг ҳам сабри тугади.
Азизахоним орқаси билан деворга янада қаттиқроқ ёпишди. Гўё юрагидаги барча дардини деворнинг ичига тўкиб солмоқчидек эди.
– Демак уйни сотишдан мақсад шу экан-да?!
Эҳтиромхоним ўрнидан турди:
– Яхши қол, синглим.
Азизахонимнинг боши гангиб, девордан ўзини узди. Эшикнинг қарсиллаб ёпилган овози келганидан сўнг паришон ҳолда хонага қайт-ди. У ҳам бу кечаси Маржона каби бир дунё гап ва икки дунё сукутдан иборат эди.
Маржона тугунчани бир чеккага қўйиб, уйқуга кетган эди. Кампир ҳам. Бир оздан сўнг Азизахоним ҳам йигирманчи лампанинг ёниб турган пилтасини пасайтирди-да, сандалнинг бир бурчагига кириб чўзилди. Аммо тун бўйи кўзларига уйқу келмади. Осмон ғира-шира ёришаётган пайтидагина кўзи илинибди. Тушида ҳовузчанинг бўйида турган эмиш. Таҳорат олмоқчи бўлганда, ногаҳон ҳовузчанинг устига ташланган ходалар орасидан икки қўл – музлаган иккита оппоқ қўл чиқди. Дод солмоқчи бўлди, аммо овози чиқмади. Бошини бошқа томонга бурди. Яҳё ўз хонаси ичкарисидан дераза ойнасига юзини ёпиштириб олганича оғзини катта очиб олиб овозсиз куларди.
Жиққа терга ботган ҳолда ўрнидан сапчиб туриб кетди. Юраги така-пука бўлиб, Маржона томон эгилди. Унинг тинчгина ухлаб ётганини кўриб юрагини босиб олди. Чодирини танасига ўраб олди-да, ҳовлига чиқди. Ҳовли юзасига пишиқ ғиштдан терилган тўшама ҳамда шамшодларни оппоқ қор қоплаб олган эди. Сув қувури жўмрагининг учига боғлаб қўйилган латтани ечди ва кўрган тушини сувга айтди. Сўнгра таҳорат қилиб, хонага қайтди. Аммо осмонни қоплаб олган булутга монанд яна бир булут унинг юрагини ўраб-чирмаб олганича тарқагиси келмасди.

* * *

Қор тинимсиз ёғарди. Хона гўрдек қоронғу ва тор кўринарди. Фақатгина Яҳёнинг хонасида ёниб турган чироқнинг нурлари кўзга ташланарди: Яҳёнинг ўзи каби ёниб турган чироқнинг. У ўзининг барча нарсаларини – талабалик йиллари туғилиб ўсган қишлоғидан бу шаҳарга олиб келган, доимо у уйдан бу уйга, бу уйдан бошқа бир уйга ташиб-кўчириб юрган, кўрпа-тўшак, китоблар билан тўла эски чамадон ва бошқа лаш-лушлардан иборат бўлган нарсаларини йиғиб-териб, кўчишга тайёр қилиб қўйган эди. Буларнинг барчасини қатор қилиб териб қўйган, ўзи эса каравотнинг устида ўтирганича эшикнинг ярим очиқ икки табақаси орасидан ташқарига тикилиб ўтирар эди. Ҳаво совуқ эди: бўлиши керак бўлганидан ҳам ортиқроқ, ҳар йили қиш фаслининг баҳмон* ойида бўладиган совуқдан-да совуқроқ эди. Музчечак дарахти нега бунчалик букчайиб қолган? Ғамданмикин ёки номусдан? Ёки шунча воқеаларни кўриб туриб, қўлидан ҳеч нарса келмаганлиги учун афсусланганлигиданмикин? Уйнинг қулаб бораётган деворларига таянч бўла олмадими ёки тўкилиб бораётган ёш юракка мадор бўла олмадими? Сигарета ёқди. Ёниб тутаётган сигарета эмас, балки қалби эди. Унинг кулини қай шамолларнинг қўлига тўкса экан? Қўллари… унинг қўллари бир кечада қариб, қуруқшаб қолганга ўхшарди. Юраги ва руҳи ҳам, чеҳраси ва нигоҳлари ҳам…
Ногоҳ музчечак дарахтининг оппоқ қорга ўранган ялтироқ шохлари орасидан, ушбу дарахтнинг мавж ураётган танаси ортидан Маржонани кўриб қолди. У оёқяланг бўлиб, ўрилган сочларини елкасига ташлаб олганича кичкина айвонда нафас олишдан тўхтаган дарахтлар ва гулларни томоша қилар эди. Сўнгра оҳиста келиб, гуллардан бирининг битта шохини узиб олди-да, оёқяланг оппоқ қорлар устидан ўтиб, уни Яҳёнинг хонаси деразаси лабига қўйиб, орқасига қайтиб кетди. У оёқлари остидаги совуқ қорга эътибор ҳам бермас, кўзлари ўтдай чақнаб турарди.
Бу тушмиди ёки ҳақиқат? Бир неча дақиқадан сўнг елкасига эски пўстинини ташлаб олган Муҳсин букчайганича хонасидан чиқиб келди. Қор устидаги Маржонанинг оёқяланг босиб ўтган изларига қараб истеҳзоли тиржайди. Сўнгра ўша изларни – ишқ билан тўла юракчаларни заҳарханда кулганича топтайверди, топтайверди… Яҳё бунда ўзининг ширин орзулари қандай қилиб кўмилаётганини кўрди. Сигаретасининг қолдиғини икки бармоғи орасига олиб маҳкам сиқди. Бармоғининг териси куйиб ачишди. Жойидан сапчиб турди. Бир куч уни бу уйдан қувмоқчи бўлаётгандай эди, гўё. Терисининг ачишаётган жойини топди. Руҳидаги ачишиб оғриётган нуқталарни эсидан чиқариши учун, танасидаги ана шу оғриқ нуқтасига эътибор қаратиши керак эди.
Нарсаларини икки марта қатнашда кўчага олиб чиқди. У билан хайрлашадиган ҳеч ким йўқ эди. Нигоҳи билан уйни айланиб чиқди. Иккиланиб олдинга юрди. Катта меҳмонхона эшигига тутилган қаламкор парда ортида тўхтади.
– Азизахоним!
Азизахоним шошилиб уйдан чиқди. Гўё Яҳёга нимадир демоқчи бўлаётганга ўхшарди: “Ҳеч нарса дема. Ҳеч нарса демасдан жимгина кет… Фақат кет… Маржона чиқиб қолмасидан кет”. Аммо овози чиқмасди.
– Мен… мен хайрлашгани келгандим.
Шундай дея ижара ҳақини у томон узатди.
– Лекин ҳали ой тугамаган эди-ку?
Яҳё гапирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлади: “Мен учун ҳамма нарса тугади, ҳатто ой ҳам, Азизахоним”.
Аммо унинг ҳам тили айланмасди. Қўлидаги пулни ерга ташлади-да орқасига бурилиб, ҳовли томон йўл олди.
Ташқари эшик олдидаги кириш йўлагига етганида кўзойнагини ечиб, ойнасини артди ва яна кўзига тақиб олди.
Эшикнинг ортидан Азизахонимнинг овози қулоғига чалинди:
– Маржона! Нега мотам тутиб олдинг? Чойни дамла.

* * *

Қор устига қор ёғар, гўё ширин ва аччиқ хотиралар ана шу қорлар остида кўмилиб кетаётган эди.
Кампир, Азизахоним ва Маржона – ҳар учаласи сандал атрофида сукутга ғарқ бўлганларича жим ўтиришарди. Катта меҳмонхона шифтининг бир бурчагидан томчи томар, унинг остига қўйилган мис тоғора тинкиллаб овоз чиқарарди.
Ҳар учаласининг кўзи шифтда, қулоғи чакиллаб томаётган томчида эди. Аммо хонада ҳукмрон сукунат уларнинг ҳар бирининг танаси, кўзи ва қалбига ёпишган муз парчаси бўлиб, уларни музлатарди.
Кампир энди йиғлаб-сиқтамас, қарғаниб-илғанмасди ҳам. Сукут сақлаганича ўзини тақдир ҳукмига топширган эди. Аммо бу уй деворлари ёрилиб, томлари тешилган тақдирда ҳам, ҳатто у пойдеворидан зил кетган чоғида ҳам унинг уйи эди. Зеро унинг илдизлари мана шу уйда, мана шу ҳовлининг тупроғида эди.
Бу уй неча-неча қишларни кўрмади. Шундай қишлар ҳам бўлгандики, уйдан ошхонага бориш учун қор орасидан ариққа ўхшаш чуқур йўлак очишар эди.
Шундай қишлар ҳам бўлгандики, худо раҳматли эрининг бир ўзи барча томларнинг устидаги қорларни кураб чиқар, сўнгра иссиққина сандал четида ўтириб, бир пиёла иссиқ чой ичгач: “Биринчи қор қарғаники, охирги қор одамники”, дерди.
Мустафо ва Муртазонинг мана шу уйда дунёга келган кунларини эслади. Мана шу ҳовлида ўйнаб, ўсиб-улғайишди. Мана шу уйда уларнинг ҳар иккаласига келин олиб келди.
Мана шу уйда олдин эри билан, сўнгра эса ўғли Муртазо билан видолашди.
Эри оламдан ўтгач, унинг барча борди-келдиларию меҳмондорчиликлари барҳам топди. Шу билан бирга унинг олдинги ҳурмат-иззати ҳам кўтарилгандай бўлди. Эндиликда ўғли Мустафо бир ойда бир мартагина онасидан хабар олгани келар, оғзи тугилган кичкина тугунчани секингина унинг тўшаги остига тиқиб қўярди. Кампир ҳам ўғли кетгач секингина ўша тугунчани олиб, ичидаги пулларни санаб кўрар, сўнгра кундалик харажатларини бир четга олиб қўйиб, қолганини камзулининг астари ичига солиб, устидан тикиб қўярди. Бу пулларни ўзининг ўлимлиги учун, қолаверса бўйи етиб қолган Маржонанинг тўйига деб асраб қўярди. Аммо энди бу пуллар тўғрисида ҳам ўйлашни истамасди.
Дераза ойнасидан юқорига қаради. Қор тинимсиз ёғишда давом этарди. Ёғаётган минглаб қор учқунлари тўкилаётган гуллармикин ёки эришилмаган орзулар? Кўзларини юмди. Оҳ тортди: чуқур бир оҳ, бутун аъзойи баданидан отилиб чиққан узун бир оҳ, умрининг узунлиги қадар бўлган, унинг ғамлари каби узун ва бепоён бир оҳ… Шу билан кампирнинг сўнгги нафаси ҳам унинг танасини тарк этди.

* * *

Юк машинаси кўчанинг бошида турарди. Мустафо оғо уй буюмларининг охиргисини ҳайдовчи ёрдамида машинага жойлади-да, уларга қараб деди:
– Энди машинага чиқаверсаларинг ҳам бўлади.
Маржона билан Азизахоним ҳорғин ва лол ҳолда кўчанинг нариги бошига термулганча қотиб қолган эдилар. Катта жез қулф уйнинг ёғоч эшигига ўлим муҳрини урган эди.
– Машинага чиқинглар.
Улар ҳаракатга келдилар. Аввал Азизахоним, сўнгра Маржона юклар орасига жойлашдилар.
Машина йўлга тушди. Кўча четидаги уйларнинг ёпиқ деразаларидан бир-иккитаси ярим очилди. Улар юзларини маҳкам ўраб олдилар.
Кўчанинг бурилишидан ўтганларидан сўнг, машина кабинасида ўтирган Мустафо оғо унинг орқа деразасини тақиллатиб, сўради:
– Яхши кетяпсизларми?
Иккаласидан битаси ҳам жавоб бермади.
Кўча четидаги пиёдалар йўлагида елкасига пўстин ташлаб олган Муҳсин уст-боши чанг ва тупроққа беланиб ўтирар, ёнида каптарлари солинган қафас турарди. Машина у ердан ўтиб кетаётган чоғида бир бор бошини кўтарди-да, одамнинг эътиборини тортмайдиган бемаъни бир тарзда ғулдиради:
– Каптарга кеп қолинг!.. Каптарга кеп қолинг!..
Бир оздан сўнг машина муюлиш ортида кўздан ғойиб бўлди..

Форсчадан Шокиржон Олимов таржимаси
___________
* Б а ҳ м о н – мелодий йил ҳисобидаги 21 март кунидан бошланувчи эронча ҳижрий-шамсий йил ҳисобидаги йилнинг ўн биринчи ойи, 20/21 январь – 20/21 февраль оралиғига тўғри келади (тарж.).