Ингичка бир ариқ ва бир қатор бинафша гул: бахмал юзлари ва хумор кўзлари билан коптокчалардек ғилдираётган сув пуфакчаларига термулган бинафшалар.
Ариқнинг бўйида ўтириб олганимча унда оқаётган сув салқинлигига бармоқларимнинг учи билан амин бўламан. Шамшодлар ортидан уларни кўраман: шуур ва идрокнинг заъфаронранг чегарасидан нариги томонда турган, ташқарига қарашдан олдин ичкарига тикилиб қолган одамларни. Мен ҳам шулардекманми?
Улардан қўрқаман. Ҳам қўрқаман, ҳам яхши кўраман. Илк кунларда яхши кўришдан кўра кўпроқ қўрқардим. Аммо энди қўрқишдан кўра кўпроқ яхши кўраман. Шунга қарамай қочишга бўлган истагим кучлироқ. Бироқ ҳалиям шу ерда ўтирибман ва бинафшаларнинг хумор кўзларига маҳлиёман. Қочишнинг йўли бормикан?
Мен томон келаётган ҳамширанинг қўлида бир стакан, мендан яшириб келаётган ҳовучида эса, албатта, ҳапдори! Сариқми ёки мовийми, фарқи йўқ! Уларнинг вазифаси – мени ларзага солиш, остин-устин қилиш. Чуқур кавлайдилар ва уни яна тупроқ билан тўлдирадилар. Токи мендан янги бир одам пайдо бўлгунига қадар: ранж-алам тортмайдиган, йиғламайдиган, бармоқларининг ҳар бир бўғини бекордан-бекорга титрамайдиган, сигарета тутатмайдиган ва ўйламайдиган… ўй… ўй…
Ҳапдориларни оламан. Икки ойдан буён уларни оламан ва томоғимга ташлайман. Мажбурлашини истамайман. Биринчи кунлари қаршилик қилганимда унинг мажбурлаши қўполлик ва зўравонлик тусини оларди. Биринчи кунлари мен тўғри гапиряпман, деб ўйлардим. Аммо бора-бора томоғимга тиққан мовий ва сариқ ҳапдорилар билан биргаликда шуни тушунтириб қўйишдики, мен хато қиляпман. Мени қўйиб юборишлари учун “хато қиляпман”, деб айтишим керак эди. Ҳеч бир нарса озодликдан яхшироқ эмас! Шамол каби озод бўлиш: бир жойда қолишни билмайдиган шамол каби. Ҳаракатлана олиш учун озод бўлиш. Кўзларингни юмасан ва ердан қайнаб чиқаётган кунботарнинг мулойим буғлари остида болалигингга қайтасан. Кўчалардан ўтасан. Уйларнинг эшикларини тақиллатасан. Долчин сепилган сариқ шулла* ва назр қилиб пиширилган сумалак тарқатасан. Сўнгра эшикнинг очилган икки табақаси орасидан, четга сурилган бўз парда ортидан бир парча асалга ўхшаш нигоҳни, шунингдек, юқоригача ўрмалаб чиқиб кетган нилуфар гулининг шохини кўрасан. Ҳовузнинг лабидаги сўрида қул-қул қилиб қайнаётган самоварнинг буғини кўрасан. Шундан сўнг ҳавога ўзининг хушбўй ҳидини таратаётган қизил атиргулнинг гулбарглари билан ортингга қайтасан. Сўнгра қадамларни тезлаштирасан. Бутун йўлни югуриб босиб ўтасан. Кўчалардан ўтасан. Долчин ва гулоб ҳидини ўзинг билан бирга олиб келасан. Сумалакнинг идишидан тушиб қолган бодомни ҳовучингда маҳкам сиқасан. Шунчалик даражада сиқасанки, унинг ёпишқоқлиги юрагингни сиқади. Кейин эса йўл-йўлакай бир скамейкага ўтирасан: қоришма ичра ғилдираб айланаётган бодомдек кўзларингни юмиб. Бошдан-оёқ чарчоқ, бошдан-оёқ ёпишқоқлик, бошдан-оёқ ширинлик! На бир занжир, на бирор сиқилиш, на бирон тепки, на бирон мажбурлаш… Йиғлагим келади. Ширин уйқумдан сакраб тураман.
Ҳамшира кетган. У ҳапдорини ичганимга ишонч ҳосил қилди. У менга яширин бир занжир солган, шунинг учун ҳам энди мен билан иши йўқ. У ўз вазифасини бажарди:
– Энди дуппа-дуруст бир одамга айландинг!
Бу шу кунларда у менга такрор-такрор айтаётган гап.
Сув ҳалиям хиргойи қилади. Бинафшалар оҳиста нафас оладилар. Ботаётган қуёш нурлари уларнинг нозик елкаларига оғирлик қилади. Азон овози келади. Қалбим ёрилади. Қалбим оғриқдан тарс ёрилишни истайди: руҳиятимнинг минг бир бурчагидан сиқиб келаётган оғриқдан.
Ўрнимдан туриб таҳорат олишим керак. Унда нега йиғлаяпман? Ғурбатдалигим учунми? Ўз диёримни қўмсаётганим учунми? Ўтмишим сув қаъридан қайнаб чиқиб, пуфакка айланаётгани ва яна қайтадан ёрилиб кетаётгани учунми?
– Эркак ҳам йиғлайдими?
Отамнинг бақирган овози эшитилади:
– Сенам эркакмисан?
Кўз ёшларимни артаман:
– Ота, бу шимнинг ҳамма жойи ямоқ. Уни киймайман!
Ота, сумкам ва китобларимни қўлтиғимга олиб, уларни эски латтага ўраб юришдан обрўйим тўкилди…
Ота, меҳмонларингга зиёфатлик олиб келиб беришдан уяламан. Бошқа бирор киши шу ишни қилақолсин…
Отамнинг фарёди кўкка етади:
– Қачон одам бўласан? Қачон эркак бўласан? Қачон мана бу мин-ғир-минғирларингни йиғиштирасан? Бозордаги дўкон сеники, бир-бирининг устига тахлаб қўйилган гиламлар сеники, боғ сеники, катта йўлнинг ёқасидаги ер сеники. Буларнинг бари сеники. Буларнинг ҳаммаси пул-ку!… Сен буларни сақлаб қолишинг учун бор пулни сарфлашинг эмас, пул топишни билмоғинг лозим. Сен Ҳожи Нойибнинг ўғли эканлигингни тушунишинг керак. Қандай қилиб бирни иккига айлантиришни билишинг керак.
– Тушунаман, ота, аммо…
– Мен эркак бўлишингни истайман, лавлагининг баргига ўхшаб лапашанг бўлишингни эмас, қизталоқ!
– Ота, менга ёрдам бер! Мени масхара қилма!
– Одам фирибгар бўлиши керак! Бирни мингга урадиган бўлиши керак! Одам тегирмонга тушса бутун чиқадиган бўлиши керак!…
Аммо онамнинг жойнамози солинган. Умидсизликнинг иси келади.
– Она, шимимда ямоқ бор.
Юзларининг чеккаси қизаради.
– Ўзим сенга сотиб олиб келаман. Мато сотиб оламан-да, ўзим сенга шим тикиб бераман. Мана шу қўлларим билан!
Қўллари толиққанликдан қалтирайди.
– Унда отам пулларини кимга сарфламоқчи? Нимага сарфламоқчи?
– Ҳаммаси сеники. Сен унинг ёлғиз меросхўрисан… Ҳаммасини сенга қолдириб кетади.
– Меники? Ахир шимимнинг ҳамма жойи қирқямоқ-ку?! Ахир китоб-дафтарларим тугунчада-ку?! Мен… агар қўлимдан келганида эди, бўғардим!
Онам додлайди:
– Сен гиламфуруш Ҳожи Нойибнинг ўғли, унинг ёлғиз меросхўрисан! Нима, буларнинг барчасини эрмакка йиғибдими?! Не умид билан чиққан?! Сени зўрға ўқишингдан чиқариб олдим. Энди бўлса сен…
– Она, сен ҳам ёлғон гапиряпсан. У сени ҳам ўзининг ёлғонларига ишонтирибди. Сенинг чиройли юзингни ҳам вақтидан анча олдин қаритибди. Сенинг тиниқ нигоҳларингни ҳам хира қилиб қўйибди. Оппоқ қўлларингни ҳам қавартирибди. Сенинг руҳингни ҳам хона ва омбор, ичкари ҳовли ва ташқари ҳовли ўртасида овора қилиб қўйибди. Она, унинг бу гаплари ёлғон эканлигига ишонмайдиган ўша ёшлик чоғларингни соғинаман.
Она, ўша бахмал қопланган сандиқчанг, ундаги китобларинг, чўнтак ойначанг, исириқ солинган халтачанг қани? Она, мени ўзинг билан олиб кет. Мени исириғингдан чиқаётган мовий тутун билан бирга олиб кет. Бу ёмон кўзлардан жудаям чарчадим. Бу қарашлардан, бу ёлғонлардан, бу қоронғуликлардан ҳам!…
Она, мени қийинчилик билан катта қилдинг. Мен катта бўлмас эдим. Фонуслар ёнида, кабутарлар ини олдида, зилол сувнинг бўйида турган бўлардим, аммо катта бўлмасдим. Мен ёлғон, қоронғулик ва ифлослик билан катта бўлмасдим. Мени машаққат билан катта қилдинг. Ойнага ўхшаб қаршимда туриб олдинг ва ҳадеб: “Катта бўл! Тезроқ, тезроқ! Отанг ёлғиз. Сен Ҳожи Нойиб гиламфурушнинг ёлғиз ўғлисан. Отанг эркак бўлишингни истайди, ҳа, эркак бўлишингни!” дединг.
Гилам савдоси билан шуғулланадиган катта савдогар. Бойлик устига бойлик. Аммо унда нега қўлларинг қалтираяпти, ота? Ушбу бойликнинг ҳар бир тийини учунми?
* * *
Боғнинг этагида оқсоч Руқия холанинг хонаси. Руқия хола шолча устида ухлайди, шолча устида ўтиради, шолча устида кечлик қилади, шолча устида йиғлайди, шолча устида худо билан гаплашади. Невараси ҳам ўша жойда катта бўляпти. Келини ҳам ўша жойда чақалоқ дунёга келтиради. Кўрдим: неварасининг оёқлари худди пишган лавлагидек қизариб кетган. Қарасам, уни совуқ сувда ювинтиради. Қарасам, уни ўша ерда – шолча устига қўйиб юборди ва йиғлади. Боланинг икки тиши худди марвариддек ярақлайди. Руқия холанинг марваридлари ҳам ана шу.
Чуқур-чуқур нафас ола бошладим. У ердан то катта меҳмонхонагача бўлган йўлни югуриб босиб ўтдим. Гиламчани бағримга босиб оламан: юзасида оҳунинг – ов майдонида қочиб бораётган оҳунинг тасвири бўлган ўша гиламчани.
Гиламчани унга олиб бораман. Даҳшатга тўла кўзлари билан менга қарайди-да: “Хожамнинг ўғли, хожамнинг ўғли”, дейди.
Бутун тун бўйи уйқум нурафшон бўлади. Руқия холанинг невараси қип-яланғоч гиламнинг юмшоқ патлари устида ғилдираб ўйнайди ва сувнинг шилдирашига ўхшаб кулади. Бутун тун бўйи тишлари юлдузлардек порлаб чиқади.
Аммо эрталаб бошимнинг устида турасан: мени осишга шай бўлган дор каби. Юзимга тушган тарсакининг зарбидан уйғониб кетаман.
– Ҳали менинг пулларимни шундай қилиб авайлаб-асрамоқчимисан, ҳаммол?!
Гапларингга жавоб бермоқчи бўламан, аммо овозим чиқмайди. Сўкиниш ва таъна-маломат ёмғири остида бошимни эгаман, аммо овозим чиқмайди. Руҳим тилка-пора бўлиб кетади, аммо ҳануз гунгу лолман. Нега?… Чунки пул топишни билмайман. Онамнинг қўлида ўсган лапашангман. Ахир онам яхши аёл. У меҳр ва вафонинг, кечиримлилик ва фидокорликнинг, сабр ва чидамлиликнинг тимсоли…
Ҳамшира келиб бошимда тўхтайди. Туфлиларини оёқларим олдида жуфт қилади. Яъни: “Марҳамат!” Яъни, парвоз тугади ва қафас менга мунтазир. Бинафшаларни, ариқчадаги сувни, кичик ва озод пуфакчаларни аллақачон қоронғулик ичиб қўйган.
Ҳамширага эргашаман. Заррача қаршилик оғир жазога сабаб бўлади.
Каравотнинг устига чўзилишим билан бошимни чойшабнинг тагига оламан. Ҳамшира эшикни ёпиб чиқиб кетади. Улар ҳам келишади: бахмал кийимнинг ухлаган ва уйғоқ парчалари; занг урадиган соатнинг овози; супачада менга қараб ўтирган ит; занжирнинг учига осилган ва ҳавода муаллақ қолган ҳуштак; олдинлари учрамаган мовий рангли канакунжутлар; оёқлари ва қанотлари узилган ва фақатгина нигоҳ ташлаб турган пашша.
Улар эрталабгача мен билан бирга бўлишади. Кетишади ва яна келишади. Офтоб юзини дераза ойнасига қўйиши билан мен ҳам уйқуга кетаман. Беланчак у томондан-бу томонга бориб келаверади.
* * *
Катта меҳмонхонада зиёфат дастурхони ёзилган. Отам дўстлари билан қатор бўлиб ўтириб олишган. Лабига олтин суви югуртирилган бели ингичка қадаҳлар, биллур ликопчалар, қимматбаҳо сигареталарнинг қолдиқлари билан тўлаётган ва бўшаётган кулдонлар…
Ота, сен йиғлаяпсан! Ота, ҳали умид сўнганича йўқ! Ота, сенинг қалбинг ҳали тўлалигича совуқ ва қора бўлиб улгурганича йўқ! Ота, сен ҳалиям Руқия холанинг қанчалик бечора эканлигига ишонасан! Маҳалладаги кўмирфурушдан кўмирининг кукунини ўзингнинг ҳисобингдан Руқия холага бериб туришини сўраганингни ўзинг айтдинг. Аммо… нега гиламни уларнинг тагидан тортиб олдинг?
Оҳунинг ўқ еганини ўзим кўрдим. Унинг қонга ғарқ бўлганини ўзим кўрдим. Руқия холанинг невараси ерга йиқилиб тушганини ва бошқа кулмаганини ўз кўзларим билан кўрдим. Унинг жойнамозини шолча устига ёзиб, худога қараганини ҳам ўзим кўрдим.
– Пул топмас ношуд! Ҳали менинг мол-дунёмни шундай қилиб асраб-авайлайсанми?!
Бошимга урасан ва урасан: данг-г, данг-г, данг-г!…
Ўзинг эмас, гапинг уради.
Куннинг қоқ ўртаси. Дўконда тушки уйқуга кетгансан. Шифтга ўрнатилган паррак ишлаб турибди. Унинг овози бошимни айлантиради. Гиламлар бир-бирининг устига тахлаб ташланган. Деворга ҳам осиб қўйилган, ернинг устига ҳам ташланган, омборда ҳам… Сен бир бурчакда ухлаб ётибсан. СУрпдан тикилган оқ кўйлагинг танангга ёпишган. Сийрак сочларинг тердан жиққа ҳўл. Қамишдан тўқилган елпиғичинг қорнинг устида кўтарилиб-тушади.
Гилам тахламлари орасидаги ингичка йўлакдан ўтаман. Уларни санасамми, деб ўйлайман… Улар китобларга ўхшаб қалин тахлаб ташланган. Уларни очишим керак. Уларни ўқишим керак. Мени зўрлаб олиб келдинг, ҳа, зўрлаб олиб келдинг. Менга дединг: “Ўқиш сенга нима беради?! Одам бўлиш, хожа бўлиш ўқиганлар эмас, балки пулдорлар эришадиган нарса!”
Онам сочларини юлади ва юзига чанг солади:
– Ҳожи Нойиб! Худо ҳаққи, болани тинч қўйинг! Қўйинг, болам ўқисин! Ўзи учун одам бўлсин!
Юрагим сиқилади. Ҳамиша у билан сенинг ўрталарингдаги бу жанг-дан юрагим сиқилади.
Мени ўзинг билан бирга олиб келасан. Гарданимга уриб олиб келасан. Гарданимга муштлаб-муштлаб дўконга олиб келасан. Ўн тўрт ёшимда ёрдамчинг қилиб оласан. Дўкон мен учун зиндон бўлади.
Онам йиғлайди. Ўзимни кўрмаётганга оламан. У йиғлаётганини кўрмаслигимни истайди. Мен ҳам унинг йиғлаётганини кўрмайман. Кашта тикади. Мато юзасига гул ўрнига пулларни қатор қилиб тикади. Йиғлаётганини кўраман. Аммо кўрмаганликка оламан.
Не-не воқеалар юз бермади. Не-не воқеалар юз бермоқда. Менинг ёрдамчилик ишимдан кўнглинг тўқ эмас. Дўкондорликнинг уддасидан чиқа олишимга ишонмайсан.
Ота, унинг қалбини қандай қилиб вайрон қила олдинг? Қандай қилиб ундан бу умидни, бу ғурурни, аёл бўлиш ҳиссини ўғирлашга эришдинг? Ота, қандай қилиб бундай қила олдинг?… Сен янги бир меросхўрга эга бўлишни истаяпсан.
Ухлайман. Шунчалик ухлайманки, қайтиб ўрнимдан турмайман. Отам режа тузган. Отамнинг менга бўлган умиди сўнган. Унга тегирмонга ташласа бутун чиқадиган, қаллоб, золим ва фирибгар бир меросхўр керак.
– Бир ўғил – бир эркак. Уни ўзим тарбия қиламан. Ўзим!
* * *
Уйимизга ёш аёл келади. Унинг кўзлари сенинг ёшлик чоғларинг-даги кўзларингга ўхшаб кетади. Она, сен менга тушунтиришга уринасан:
– Ҳеч фарқи йўқ, болам! У ҳам худди мендек, фақатгина бир оз ёшроқ, холос. Уям сенинг онанг. Сенга ука олиб келиб беради: сенинг ёнингга ёндош бўладиган ука.
Ҳолим бўлмайди. Титрай бошлайман. Менинг онам? Бир бегона аёл-а? У нега бизнинг уйимизда? Нега сенинг каравотингда ухлайди? Нега сенинг кийимларингни кияди? Нега бизнинг дастурхонимиз атрофида ўтиради? Нега уни “кичик бека” деб чақирадилар? Мен… нега унинг кўзларга тик боқолмайман? Нега?
– Она, қўйгин, боғнинг нариги томонига борай. Қўйгин, пахтахонага борай.
– Пахтахонага?!… Ўғлим, жинни бўлиб қолдингми? Пахталар устига?!
– Она, ҳамма ёқ пахтага тўла: худди булутдай, худди гулдай, худди шамолдай…
* * *
Неча йил ўтди? Неча йил орқамни босиб ўтиб кетди?
Онам букчайганича мато юзасига кашта тикади. Қатим тортади-да руҳининг парча-парча бўлиб кетган бўлакларини бир-бирига тикиб бирлаштиради: сенинг қўлларингда парча-парча бўлиб кетган руҳининг бўлакларини. Ота, бугун кечаси ёш хотининг билан қаердасан? Биз қаердамиз?
Йигирма шамли чироқ шуъласи унинг юзига қирмизи тус берган. Ота, қандай қилиб кўнглинг борди? Уни бунчалик хор қилишга қандай кўнглинг борди? Баҳона мен эдимми? Менинг лапашанглигим ва ношудлигимми? Менинг “китобхўрлигимми”?
Боққа ўзимни ураман: боғнинг нариги чеккасидаги пахтахонага. Пахталар юмшоқ ва меҳрибон: худди энага каби, худди она каби. Бошимни елкаларига қўяман-да йиғлайман. Улар худди булут каби, худди бир беланчак каби – парчаланиб кетганлигим ва ёлғизлигим катталигидаги бир беланчак каби меҳрибон.
Беланчак у ёқдан-бу ёққа бориб келади ва мени булутларнинг нариги томонига элтади.
Ҳашира яна қўлларида ҳапдори билан бошимда турибди. Бошини энгаштириб сўрайди:
– Алаҳсираяпсанми?
– Оҳ, йўқ! Агар “ҳа” десам, мени яна ўша қаватга элтасизми? Қўл-оёқларимни боғлаб ўша темир беланчакка солиб қўясизми?
– Йиғлаяпсанми?
– Мен…? Мен…? Йиғлаяпман…?
Бўлимдан чиқиб келаман. У ернинг ҳавоси мени бўғади.
Девордан ошиб қочиб кетаётган чоғида қўлга тушиб қолган ва назоратчи Ҳабиб оғодан роса калтак еган одамни кўраман. Йўл-йўл иштон кийиб олган, ҳамиша сонларни тескари санайдиган ва ҳамиша ракетанинг учишини кутиб юрадиган бу одам ҳозир бир бурчакда ғужанак бўлиб олганича ўйга чўмган. Унинг ёнидан ўтиб кетаман.
Бинафшаранг дунё, заъфаронранг дунё, нафас олиб бўлмайдиган қафас, занжир, девор ва тўсиқ… Қанийди бир умр ана шу шамшодларнинг ортида яшириниб қолса ва барча ҳамширалар уни топишолмаса. Ўшанда майсалар устида чўзилиб ётиш ва юлдузга қадар чиқиб бориш мумкин бўларди. Ўшанда ойнинг елкасига юзларини қўйганча тўйиб йиғларди.
* * *
– Китобхўр, йўқот кўзимдан китобингни! Кел, ёнимда ўтир ва ҳисоблаб кўр. Ёнимда ўтир-да ўрган. Бир сенга қарайман, бир одамларнинг болаларига ва аламим келади.
Ота, сенга айтмадим: бошимни китоб варақларининг орасига қўйсамгина нафас ололаман. Ўн тўрт ёшимдан ўн тўққиз ёшимгача бўлган умримни кимга сотиб юбординг?
Ота, агар китобни ерга қўйсам, ўзимни йўқотиб қўяман: сенинг дўконингда, сенинг боғингда, сенинг ерингда…
Сенга айтмадим, айтишга журъат қилмадим. Мен фақат сенга қарардим, термулиб-мўлтираб қарардим. Сен эса дод солардинг:
– Онаси, ўғил ўстирдингми? Бунинг аҳволига қара! Худди эчкига ўхшайди! Худди эчкига ўхшаб қарайди!
Онам хафа бўларди ва чиройли кўзлари ёшга тўларди:
– Нега менга бундай гапларни гапирасиз? Ўғлим бирор гуноҳ иш қилибдими?
Сен ғўлдирардинг, сўкинардинг. Сўнгра шимингни кийиб, ҳассангни қўлингга олиб кетворардинг.
Ота, сен бир бор бўлса-да, қайрилиб қармасдан кетардинг.
* * *
Гиламлар девор, деворлар эса тош. Равоқлар паст… Нафасим сиқилади. Оёқнинг терлаган ҳиди, куядорининг ҳиди, оғир ва дим ҳавонинг ҳиди.
Мен қаердаман? Ҳамшира яна олдимга келибди. Яна ҳапдори олиб келган. Мендан бир нарсани сўрайди. Унга жавоб бермоқчи бўламан. Аммо тилим оғир. Бошимга ҳужум қилганидан сўнг тилим тутилади.
Ҳамшира сув тўла стакан ва бир неча ҳапдорини қўлимга беради. Сариқми ёки мовий, фарқи йўқ. Стакан чўзилади, сўнгра кенгаяди. Панжаларим билан томоғини сиқаман. Бирор нарса дейишим керак. Акс ҳолда бўғиламан. Ғазабимни ҳовучимга олиб сиқаман. Ҳамшира қичқиради. Қўлларимдан қон оқади. Юзимни қўлларим билан яшираман. Ҳозир… ҳозир отам келади ва дод солади: “Лапашанг! Менинг мол-дунёимни шундай қилиб асрамоқчимисан?! Шундай қилиб-а?!”
Мени олиб кетишади: судраб-кўтариб, пастки қаватга. Ҳамширанинг айтишича, стаканнинг синиқлари билан унга ҳужум қилибман. Мен-а? Менда шунчалик журъат бор эканми?
Ҳамширанинг кўзлари худди унинг кўзларига ўхшайди: онамнинг ўрнига келган ўша аёлнинг, онамни ранжитган ва йиғлатган ўша аёлнинг.
Ота, қалбимни вайрон қилдинг: ҳали соппа-соғ бўлиши мумкин бўлган қалбимни.
* * *
Отам мени кўргани келди. Доктор қўлларимни ечишларини буюрди. Отам менга олма ва мандарин олиб келибди. Ёш хотинини ҳам ўзи билан бирга олиб келган. Қўлида бир даста наргис гули билан. Наргис гуллари худди онамнинг кўзлари каби ёшга тўла.
– Ота, гиламларингни нима қилдинг?
Заҳарханда куламан.
– Нега уларни оловга ташладинг? Мен сенга нима ёмонлик қилган эдим?!
Ота, дўконинг ёниб кетдими? Худди картошкагуллардай, худди онамнинг қалбидай? Онамни қаёққа жўнатдинг? Аччиқлаб кетиб қолдими? Худди ярадор қанотини судраб кетган кабутар каби, ярадор қалбини олиб кетдими? Чодирини бошига ташлади-да, ёш тўла кўзлари билан кетиб қолдими? Кетаркан ўзининг ҳамма нарсасини: обрў-иззатини, ёшлигини, ўғлини, меҳр-муҳаббатини ташлаб кетдими?
* * *
Гиламлар бир-бирининг устига тахлаб ташланган. Харидорлар келишади ва кетишади. Пул устига пул! Телефонлар жиринглайдилар. Сенинг номинг чет элларгача ёйилиб кетган. Кичик бека сенга бир ўғил олиб келиб берган. Онам аччиқлаб кетиб қолган. Сен мени ўзинг-нинг дўконингга олиб келдинг. Ўн тўрт ёшимдан ўн тўқиз ёшимгача бўлган умримни кимга сотиб юбординг? Куядорининг ҳиди, оёқларнинг терлаган ҳиди, гилам патларининг ҳиди, ёлғон ва қаллоблик ҳиди, Руқия хола ва неварасининг совуқ урган яланг оёқларининг ҳиди… Онам эса йўқ. Унинг кўз қорачиғидек бўлган ўрни билинади.
Ота, бир мартагина бўлса-да, менга яхшилаб қара! Менга қараганингда ҳам кўзингга мен эмас, пул кўринадими? Менинг кўз ёшларимни ҳам пул билан ўлчайсанми? Онамнинг вайрон бўлган қалбини ҳамми?
“– Унга бир чек бердим: имзо қўйилган бўш чек. “Истаган нарсангни ёз”, дедим. Аммо кўзларим олдида йиртиб ташлади. Гўрга! Кетса кетаверсин. Ахийри бир куни боши деворга тақ этиб уриладику! Унга яна нима керак эди?! Ҳамма нарсага эга эди-ку?! Умуман нимага кетиб қолди ўзи?”
“– Ҳамма нарсага… Аммо сенга эга эмасди-ку! Менга ҳам эга эмасди. Ғурурга ҳам!”
“– Аҳмадим доктор бўлишини истайман. Унинг ўқишини ва одам бўлишини истайман.”
Наргис гуллари йиғлайдилар: худди онамнинг кўзлари каби. Уларнинг заъфарон ранги менга озор беради. Кичик бека менга қарайди. У сенга ўғил олиб келиб берди, аммо унинг ўғли Руқия холанинг невараси каби шолча устида ухламайди. У қонга ботган оҳу тасвири туширилган ўша гиламнинг устида ухлайди.
* * *
– Нега гиламларни ёқиб юбординг, ўғлим?! Менинг суянган суянчиғим, катта ўғлим! Мен сенга нима ёмонлик қилган эдим?!
Дастрўмолинг билан кўзларингни сиқасан.
Демак сен ҳам йиғлашни биласан! Демак қора тошнинг бағрида ҳалиям бир булоқ яшириниб ётибди!
Менга олма артиб берасан. Юзимга тикиласан. Сен ҳам бечорасан. Қалин қошларинг остида кўзларинг чўкиб кетади.
Қўлингни уриб ташлайман:
– Кет… Йиғлашимни кўрмасингдан олдин кет!
Мени тинчитишга, олдимда қолишингга рухсат беришга кўндиришга уринасан. Билакларингни маҳкам сиқаман: худди бўғзимни сиқиб келаётган ғазаб каби. Кичик бека менга қарайди. Кўзлари қўрқувга тўла. Унинг томоғидан бўққим келади, унинг кўзлари ҳам ёшга тўлсин деб: худди онамнинг кўзлари каби, худди наргис гуллари каби. Сен дод соласан:
– Ҳамшира! Ҳамшира!
Тутқаноғи тутди деб ўйлайсан. Даҳшатдан титрайсан. Куламан. Сенинг титраётганингдан қувонаман. Ҳамшира келиб билагингни чангалимдан озод қилади. Ўзингни орқага оласан.
Шундан сўнг бошқа келмайсан. Биламанки, энди ҳечам келмайсан. Менга артиб берган олмангни ахлат челакка ташлайман.
Менга укол урадилар. Тўнғизлар! Мени жинни деб ўйлашади. Билишмайдики, ҳаммадан ҳам эс-ҳушлиман.
* * *
Тасмалар қўлимнинг терисини қитиқлайдилар. Бир ўргимчак девор юзасига тўр тўқийди. Кўпайтириш жадвали миямда юқорига бориб-келади. Пахтахонанинг эшиги очиқ. Шамол пахталарни ташқарига учиради. Руқия холанинг невараси пахталарнинг остидан қочиб чиқади: худди қор остидан қочиб чиққан жўжа каби.
Боғча сариқ ва мовий гуллар билан тўлган. Деворга осилган ниқоб кулади. Китобларимни қаерга кўмдинг, ота? Болалигимни-чи? Онамни-чи?
Кўкрагининг остида камалакнинг тасвири бўлган бир қалдирғочнинг жасади қўлимда. Уни қаерга кўмай? Боғнинг деворлари бунчалик баланд! Бирор-бир туйнук йўқ. Капалакларнинг қанотларини ким юлиб олди? Сен онамга: “Уни бориб кўришга ҳаққинг йўқ!” дебсан. Менинг сенга бўлган умидимни чилпарчин қилдинг, ота. Пулларингнинг саноғи бўлган ўша кунлар, сендан муҳаббатнинг ҳиди келиб турган, сен ҳали пулнинг асири бўлмаган ўша кунлар қаёққа кетди? Ундан сўнг нима бўлди? Сен қандай қилиб аста-секин буларнинг барчасидан узоқлашдинг?
* * *
Доктор мени хонасига чақирди. Устига шиша қопланган катта столнинг ортида ўтирганча менинг парвозимни текшириб кўрарди. Мен у билан мулоқотга киришолмайман. Унинг ўткир нигоҳлари остида титрайман. Қўлларимни камзулим чўнтагига яшираман ва титрайман. Овози келади:
– Хўш, гапир, аҳволларинг қалай?
– Аҳволим?
Оддий савол. Аммо жавоби-чи?… Унда нега тилим калимага келмайди? Нега тилим айланмайди? Нега миямда қон югуради? Нега “мен”, “мен”, дейман-да, бир нарса томоғимга келиб тиқилаверади?
Доктор сўрайди:
– Хўш, “сен” нима?
Йиғлагим келади… Саволига жавоб бера олмайман. Ярадор оҳу тўғрисида гапириб бера олмайман. Руқия холанинг марваридлари тўғрисида, кўзлари ёшга тўла наргис гуллари, онамнинг қанотлари ва унинг ўша қанотларини қўлтиқлари остига йиққанича кўчанинг бурилишидан ғойиб бўлгани тўғрисида сўзлаб беролмайман.
Доктор менга палатамга кетаверишим мумкинлигини айтади. У менинг ҳеч нарса демаганлигимдан ноумид бўлади.
* * *
Дераза ортидан ёмғир ёғишини томоша қилиш мумкин: кеча кечасидан бошлаб эрталабгача тинмай ёғиб чиққан ва ҳалиям ёғаётган ёмғирни…
Пастки қаватдаман. Юқорида бошсиз одамлар юришибди. Бошсиз оёқлар. Аммо бир жуфт катта-катта кўз: наргис гулларининг катталигидек, ёшга тўла, ҳикоя ва ғамга тўла бир жуфт кўз ҳавода муаллақ ҳолда энгашганича менга тикилиб қолган. Эй худойим, уми…? Онамми?
Чойшабни бошимга тортаман. Мени шу ҳолатда кўришини истамайман. Аммо бир неча дақиқа кейин эшикнинг оғзида пайдо бўлади. Қўлидаги ширинликлар қутисини каравотнинг устига отади. Ўзини ҳам. Сўнг бутун вужуди билан зор-зор йиғлайди.
– Она, бу сенмисан?! Қайтиб келдингми?!
– Ҳа, болам, қайтиб келдим. Сенинг оқсочлигингни қилиш учун қайтиб келдим! Отангнинг, ҳатто кичик беканинг оқсочлигини қилиш учун!
– Она, сен бекасан! Ҳали ҳам бекасан!
– Биргаликда уйга бориш учун олдингга келдим. Руқия холанинг хонасига, пахтахонага – сен истаган жойга бориш учун… Менга сўзлаб беришинг учун: сув ва юлдузлар тўғрисида, оҳу ва тоғдаги сарв дарахти тўғрисида, сен боришни истаган ҳар қандай жой, сенинг хаёлингни банд этган ҳар қандай нарса тўғрисида гапириб беришинг учун…
Оҳ чекаман-да, бошимни каравот панжарасига қўяман.
– Она, ғуруринг қаёққа кетди? Мен туфайли, Ҳожи Нойиб гиламфурушнинг мағлубиятга учраган меросхўри туфайли сен ҳам мағлубиятга учрадингми?
Доктор келади.
– Мен… мен сиз билан гаплашишим керак, доктор.
Доктор жилмаяди:
– Қадамингизга ҳасанот.
Онам билан бирга унинг кабинетига борамиз. Столининг устида бир даста наргис гуллари меҳрибонлик билан менга қарайдилар. Энгашиб улардан бирини оламан ва онамнинг қўлига тутаман. Доктор менга қарайди. Унинг қаршисидаги стулга ўтираман-да гапиришга уринаман. Наргис гулларининг кўзларида ёш ҳалқаланади…
Форсчадан Шокиржон Олимов таржимаси
________
* Ш у л л а – эронликларнинг миллий таомларидан бири, ёрма ва сабзавотлардан тайёрланади, биздаги шовлага ўхшаш (Тарж.).