Ташриф буюрувчини қабулхонадан ичкарига киритмаслик керак эди, зеро жаноб Фергюсон келганларни олдиндан келишган ҳолда қабул қилар, ўта муҳим иш билан келганларгина бундан мустасно эди. Фергюсон вақтнинг қадрига етадиганлар тоифасидан эди.
Аммо жаноб Фергюсоннинг котибаси мисс Дейл ёш ва таъсирчан эди. Ташриф буюрувчи ёши улуғ бўлиб, салобатли, қимматбаҳо костюм кийган, қўлида ҳасса тутиб олган киши эди. Мисс Дейл уни муҳим шахслардан деб ҳисоблаб, тўғри жаноб Фергюсоннинг хонасига бошлаб кирди.
-Салом, сер,-деди ташриф буюрувчи, мисс Дейл эшикни ёпиб чиқиб кетиши билан.-Менинг исмим Эсмонд. Йўқ қилиш хизматиданман.-У Фергюсонга ташриф қоғозини узатди.
-Тушунарли,-деди Фергюсон, мисс Дейлнинг қилиғидан жаҳли чиққанини яширмай.-Йўқ қилиш хизмати? Кечирасизу, менда йўқ қиладиган нарсанинг ўзи йўқ.-У суҳбатга якун ясаш учун ўрнидан турди.
-Ҳеч нарсангиз йўқми?
-Мутлақо. Келганингиз учун ташаккур. Йўқ қиладиган қоғозим йўқ.
-У ҳолда сиз атрофингиздаги одамлар билан яхши муносабатдасиз десак бўлади, шундайми?
-Нима? Бунинг сизга қандай алоқаси бор?
-Биласизми, жаноб Фергюсон, йўқ қилиш хизмати айнан шу иш билан шуғулланади.
-Устимдан кулманг,-деди Фергюсон.
-Кулаётганим йўқ,-жавоб қайтарди жаноб Эсмонд.
-Сиз айтмоқчисизки,-деди Фергюсон жилмайганча,-одамларни йўқ қиласиз?
-Ҳа. Мен ҳеч қандай ёзма далил келтира олмайман: биз иложи борича рекламадан қочамиз. Аммо ишонтириб айтаманки, бизнинг фирмамиз ишончли.
Фергюсон ташриф буюрувчидан кўзини узмай қараб турарди. У эшитганига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмаётганди.
Бу албатта ҳазил. Аҳмоққа ҳам аён.
Бу ҳазил бўлмаслиги мумкин эмас.
-Йўқ қиладиган одамларингизни нима қиласизлар?-сўради Фергюсон.
-Бу ёғи бизнинг ишимиз,-деди жаноб Эсмонд.-Муҳими, улар ғойиб бўлишади.
-Тушунарли, жаноб Эсмонд. Аслида менда қандай ишингиз бор эди?
-Айтдим-ку,-деди Эсмонд.
-Бас қилинг. Бу жиддий гап эмас. Агар сизни жиддий гапиряпти деб ўйлаганимда полицияни чақирган бўлардим.
Жаноб Эсмонд уф тортганча ўрнидан турди.
-У ҳолда сиз бизнинг хизматимизга муҳтож эмас экансиз. Сизнинг дўстларингиз, қариндош ва қўшниларингиз, хотинингиз билан муносабатингиз яхши экан.
-Хотиним билан? Хотиним ҳақида нима биласиз?
-Ҳеч нарса, жаноб Фергюсон.
-Қўшниларим билан гаплашдингизми? Майда-чуйда жанжаллар ҳеч нарсани англатмайди.
-Мен сизнинг оилангиз ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман, жаноб Фергюсон,-деди Эсмонд яна креслога ўтираркан.
-Унда нимага хотиним ҳақида эслатдингиз?
-Бизнинг ҳисоб-китобларимизга қараганда, асосий даромадимиз эр-хотинлар муносабатидан келар экан.
-Менда ҳаммаси жойида. Хотиним билан муносабатимиз аъло даражада.
-Демак, сизга йўқ қилиш хизматининг кераги йўқ экан,-деди жаноб Эсмонд ҳассасини қўлтиғига қистириб.
-Бир дақиқа,-Фергюсон қўлини орқасига қилганча хона бўйлаб юра бошлади.-Биласизми, сизнинг гапларингизга ишонмайман. Бирортасига ҳам. Аммо айтайлик, гапингиз рост. У ҳолда агар мен… истасам…
-Сизнинг оғзаки розилигингиз кифоя,-деди жаноб Эсмонд.
-Тўлов-чи?
-Иш бажарилганидан кейин.
-Менга фарқи йўқ,-шошиб деди Фергюсон.-Мен шунчаки қизиқяпман. Хотиним билан муносабатимиз яхши. Турмуш қурганимизга ўн етти йил бўлди. Тўғри, турмушда ҳар хил жанжаллар бўлиб туради.
Жаноб Эсмонд унга жимгина қулоқ солиб ўтирарди.
-Истасанг-истамасанг, муроса қилишга тўғри келади,-деди Фергюсон.-Мен севги-муҳаббат ёшидан ўтганман, хотинимни йўқ қилиш мақсадим бўлгани…
-Сизни тушунаман,-сўз қотди жаноб Эсмонд.
-Мана, нима демоқчиман,-гапида давом этди Фергюсон.-Баъзида хотиним билан яшагим келмай қолади. У шаллақи. Асабимни бузади. Эговлайди. Бундан хабардормисиз?
-Йўқ,-деди жаноб Эсмонд.
-Бўлиши мумкин эмас! Унда нега ҳе йўқ-бе йўқ олдимга келдингиз?
Жаноб Эсмонд елкасини қисди.
-Нима бўлган тақдирда ҳам,-деди Фергюсон,-ҳаётимни бошқатдан қуришни хоҳлайдиган ёшдан ўтганман. Айтайлик, мен уйланмаганман. Айтайлик, мен мисс Дейл билан ишқий алоқадаман. У ҳолда ёқимли бўларди.
-Гапингиз тўғри. Мисс Дейл ёқимтой қиз. Буни ҳеч ким инкор этмайди.
Жаноб Эсмонд ўрнидан туриб, эшик томон йўналди.
-Сиз билан қандай боғлансам бўлади?-беихтиёр сўради Фергюсон.
-Сизда ташриф қоғозим бор. Соат бешгача қўнғироқ қилишингиз мумкин. Лекин бугун шу соатдан кеч қолмасдан қарор қабул қилишингиз керак. Вақт-пул, биз иш жадвалига қатъий риоя қиламиз.
-Албатта,-деди Фергюсон ва жилмайиб қўйди.-Мен сизнинг гапларингизга ишонмайман. Сизларнинг шартларингизниям билмайман.
-Сизнинг моддий ҳолатингизда бизнинг шартларимиз арзимас бўлиб кўринади.
-Кейинчалик мен сиз билан гаплашмаганимни, сизни ҳеч қачон кўрмаганлигимни айтишим мумкинми?
-Албатта.
-Агар сизга қўнғироқ қилсам, албатта жавоб қайтарасизми?
-Соат бешгача. Яхши қолинг, жаноб Фергюсон.
Эсмонд кетгач, Фергюсон қўллари қалтираётганини сезди. Суҳбатдан у қаттиқ ҳаяжонланганди ва у бугунги суҳбатни миясидан чиқариб юборишга қарор қилди.
Аммо бу осон эмасди. У ишга қанчалик жиддий шўнғимасин, Эсмонднинг ҳар битта сўзи миясида жарангларди.
Қандайдир йўл билан йўқ қилиш хизмати унинг хотини ҳақида маълумотга эга бўлган. Фергюсон эса хотинининг қандай эканлигини тан олди.
У яна ишга берилди. Аммо шу пайт мисс Дейл қоғоз кўтариб кириб қолди ва Фергюсон беихтиёр унинг ниҳоятда гўзаллигини ичида тан олди.
-Яна бирор топшириғингиз борми, жаноб Фергюсон?-сўради мисс Дейл.
-Нима? Ҳа, ҳозирча йўқ,-деди Фергюсон. Қиз чиқиб кетгач, у эшикка анчагача қараб ўтирди.
Энди ишлашдан маъни йўқ эди. У уйга кетишга қарор қилди.
-Мисс Дейл,-деди у елкасига палтосини иларкан,-мени чақириб қолишди… иш кўпайиб кетяпти. Бирор кун кечки пайт бирга ишласак розимисиз?
-Албатта, жаноб Фергюсон,-деди қиз.
У ишхонасидан чиқди.
Уйда хотини эндигина кирларни ювиб бўлган экан. Миссис Фергюсон паст бўйли, хунуккина аёл эди. У эрини кўриб ҳайрон бўлди.
-Бугун эрта қайтибсан,-деди у.
-Ҳа, мумкинмасми эрта қайтиш?-деди Фергюсон бу гапидан ўзи ҳам ҳайрон бўлиб.
-Албатта йўқ…
-Нима, сенга ишхонада ўлиб кетишим керакми?
-Йўғ-э…
-Мени эговлама.
-Эговламадим!-қичқирди хотини.
-Мен дам оламан,-деди Фергюсон.
У зина бўйлаб юқорига кўтарилди ва телефон олдида тўхтади. У соатга қаради ва чорак соат кам беш бўлганлигини кўрди.
Фергюсон у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. У Эсмонднинг ташриф қоғозига тикилди ва кўз олдида гўзал мисс Дейлнинг чеҳраси намоён бўлди.
У шошиб гўшакни қўлига олди.
-Йўқ қилиш хизматими? Фергюсон гапиряпти.
-Эсмонд эшитади. Нима қарорга келдингиз, сер?
-Мен…-Фергюсон гўшакни маҳкам қисди. «Шундай қилишга ҳаққим бор», деди у ўзига ўзи.
Улар турмуш қуришганига ўн етти йил бўлди. Ўн етти йил! Улар ҳаётларидаги нафақат нохуш дамларни, балки энг ширин дамларни ҳам бирга ўтказишган. Бу адолатданми?
-Нима қарорга келдингиз, жаноб Фергюсон?-қайтарди Эсмонд.
-Мен… мен… йўқ! Менга сизларнинг хизматингиз керакмас!-қичқирди Фергюсон.
-Ишончингиз комилми, жаноб Фергюсон?
-Ҳа, ишончим комил. Сизни панжара ортига тиқиш керак. Хайр, сер!
У гўшакни илди ва елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. У пастга шошилди.
Хотини у ёмон кўрадиган гўшт қовурма тайёрлаётганди. Лекин бунинг аҳамияти йўқ. У майда-чуйда нохушликларга кўз юмишга тайёр эди.
Эшик қўнғироғи жиринглади.
-Ҳа, кирхонадан бўлишса керак,-деди миссис Фергюсон салат тайёрларкан.-Эшикка қараб қўясанми?
-Ҳа.-Фергюсон эшикни очди. Остонада бир хил кийинган икки киши катта қоп ушлаганча туришарди.
-Кирхонаданмисизлар?-сўради Фергюсон.
-Йўқ қилиш хизматидан,-деди ташриф буюрувчилардан бири.
-Лекин мен…
Улар уни қўлларини қайиришди ва усталик билан қоп ичига солишди.
-Ҳаққингиз йўқ!-чинқирди Фергюсон.
Фергюсонни боғ йўлаги бўйлаб судраб кетишди. Автомашина эшиги очилди ва қопни машина ичига солишди.
-Ҳаммаси жойидами?-у хотинининг овозини эшитди.
-Ҳа, хоним. Иш жадвалимиз ўзгарди. Охирги дақиқаларда сизнинг буюртмангизни бажаришимиз аниқ бўлди.
-Хурсандман,-овози эшитилди хотинининг.-Бугун кундузи фирмангизда ишлайдиган жаноб Френч билан суҳбатлашгандим. Энди эса кечирасизлар. Овқат тайёр, ҳозир меҳмон кутяпман.
Автомобил жойидан силжиди, Фергюсон қичқиришга уринди, аммо оғзи боғланган қопдан овози чиқмади.
У кўзидан ёш оққанча ўзига савол берарди: «у қанақа меҳмонни кутяпти? Нимага мен ҳеч нарсани сезмадим?!».
Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси.