Роберт Шекли. Еттинчи қурбон (ҳикоя)

Стентон Фрелейн стол ортида ўтирганича ишчан қиёфа касб этишга уринарди. У кеча оқшомда бошлаган реклама матнини ҳали ҳам тугата олмаётганди. Ниҳоят у хатлар келмагунича бирор иш қила олмаслигини тушунди.
У икки ҳафтадан буён хат кутарди.
«Моргер ва Фрелейн, устки кийимлар» деб ёзилган унинг хонаси эшиги очилди ва бир неча йил илгари отишмада омади келмаган Э.Ж.Моргер оқсоқланганча ичкарига кириб келди.
-Салом Стен,-деди Моргер.-Реклама нима бўлди?
Фрелейн бундан ўн олти йил илгари, йигирма етти ёшида Моргер билан ҳамкорликни бошлаганди. «Ҳимоя кийимлари»дан бошланган иш айланма маблағи миллион долларни ташкил этувчи контсернга айланганди.
-Қораламаси тайёр,-Фрелейн Моргерга бир парча қоғозни узатди. «Почта қачон келаркин», ўйлади у.
-«Сиз «Моргер ва Фрелейн» фирмасининг «Ҳимоя костюми»ни ҳали ҳам сотиб олмадингизми?-овоз чиқариб ўқиди Моргер қоғозга кўз югуртираркан.-Бекор қиласиз. Бу эркакларга энг керакли костюм!».
Моргер йўталди ва Фрелейнга қаради. Кейин илжайганича ўқишда давом этди:-«Ҳақиқий либос-нафақат энг хавфсиз, кўркам ҳам. Ҳар бир костюмга қурол солиш учун махсус чўнтаклар қўйилади. Ёнингизда қурол борлигини ҳеч ким билмайди. Чўнтаклар буюртмангиз бўйича қўйилади». Ёмонмас,-деди Моргер.
Фрелейн бош ирғади.
-«Тўппончага мосланган чўнтак замонавий мудофаа соҳасидаги улкан кашфиётдир. Яширин тугмачани босишингиз билан отишга тайёр қурол қўлингизда бўлади. «Ҳимоя костюми»ни «Моргер ва Фрелейн» фирмасининг дўконларидан сотиб олишингиз мумкин. Ҳаётингиз қадрли бўлса, «Ҳимоя костюми»ни сотиб олинг!». Ажойиб,-мақтади Моргер.-Реклама зўр чиқибди.-У сочларини силаб қўйди.
Фрелейн ўрнидан турди ва устидаги костюмини тўғрилади.
-Асабийлашманг,-деди Моргер.-Кўрасиз, бугун хат албатта келади.
Фрелейн унга миннатдорлик билан боқди.
-Мен худди илк марта қотиллик қилгани чиқаётгандек бўляпман,-деди у.
-Тушунаман,-бош силкиди Моргер.-Мен ҳам Ўйинда иштирок этган пайтларимда навбатдаги ов ҳақидаги хабарни кутиб ойлаб ухламасдим.
Орага жимлик чўкди. Шу пайт эшик очилиб, ичкарига хизматчи кирди ва стол устига бир даста хатжилдни қўйди.
Фрелейн хатлар орасидан ўзига кераклисини топди-бу ҳукумат муҳри босилган РТВдан келган мактуб эди.
-Мана!-энгил тортди Фрелейн ва юзига табассум югурди.-Ниҳоят!
-Хурсандман,-деди Моргер.-Овингиз бароридан келсин.
-Бошқача бўлиши мумкин эмас!-Фрелейннинг овозида қатъий ишонч бор эди.
-Қани менинг йигирма ёшлигим!-деди Моргер.-Сизни кўриб яна қўлимга қурол олгим келяпти.
Моргер оқсуяклар синфига кирарди-унинг муваффақиятли ўнта ови Моргер учун Ўнлар Клуби эшикларини очганди. Ҳар бир овдан сўнг у Қурбон сифатида овда иштирок этгани ҳисобга олинса, унинг ҳисобида йигирмата қотиллик бор эди.
-Бу нечанчи Қурбонингиз бўлади?-сўради у Фрелейндан.
-Еттинчи.
-Етти-бахтли рақам. Яна бир марта омад тилайман. Тез орада сизни Клуб аъзолари орасида кўришга умид қиламан.
Фрелейн ташқарига йўл олди.
-Ёдда тутинг: эҳтиёткорлик ва яна бир марта эҳтиёткорлик,-қичқирди унинг ортидан Моргер.-Биргина хато қилсангиз тамом…
-Ҳаракат қиламан,-деди Фрелейн.
У уйига автобусда эмас, пиёда кетишга қарор қилди. Сал ўзини босиб олиши керак. Худди биринчи марта қотилликка чиқаётган боладек тутмаслиги керак ўзини.
Фрелейн кўчада ҳеч қачон атрофга қарамасди, бу ўзини ўққа тутиб бериш дегани эди. Ён-атрофда бирор киши Қурбон бўлиши мумкин эди.
Ж.Ф.Донованнинг қидирув бюроси рекламасини у узоқдан кўрди.
«Қурбонлар! Таваккалга не ҳожат! Биз сизнинг қотилингиз кимлигини аниқлаймиз. Пулини қотил билан ҳисоб-китобдан сўнг тўлайсиз. Энг яхши изқуварлар фақат бизда» деб ёзилганди рекламада.
Реклама Фрелейнга Эд Морроуга қўнғироқ қилиш кераклигини эслатди.
У қадамини тезлатди. Фрелейн тезроқ уйга бориб хатжилдни очгиси ва бу сафар кимни тинчитиши кераклигини билгиси келарди. Қизиқ, унинг Қурбони ақллимикин ёки аҳмоқми? Тўртинчи Қурбондек боймикин ёки биринчи ва иккинчиси сингари камбағалмикин? Изқуварлар хизматидан фойдаланармикин ёки ёлғиз ўзи ҳаракат қилармикин?
Унинг юраги бўлажак ов лаззатидан гупиллаб урарди. Узоқдан Фрелейннинг қулоғига тўрт марта ўқ овози эшитилди.
«Бу овда кимнингдир омади келди», ўйлади Фрелейн.
У уйга келгач, биринчи навбатда изқувари Эд Морроунинг телефон рақамини терди.
-Алло, Эд? Бу Фрелейн.
-Сизни эшитиб турганимдан хурсандман, жаноб Фрелейн.
-Овга чиқяпман.
-Тушунарли. Демак, мен сизга керак бўламан?
-Ҳа. Мен узоғи билан икки ҳафтада ишимни тугатаман. Шунинг учун қотилликдан кейин менинг Қурбон сифатидаги мақомим ҳақида маълумот тўпланг.
-Хўп. Омадингизни берсин, жаноб Фрелейн.
-Раҳмат,-у гўшакни қўйди. Изқувар хизматидан фойдаланиш эҳтиёткорликнинг асосий шарти. Тез орада Фрелейн Қурбон сифатида фаолият юритади ва бунда муваффақият қозониши Эд Морроуга боғлиқ.
Фрелейн хатжилдни очди. У Қурбоннинг исмини кўриб қотиб қолди.
Жанет-Мари Паттсиг.
Фрелейн ўрнидан турди. Кейин хатни яна бир марта ўқиди. Жанет-Мари Паттсиг. Аёл киши. Хатжилд ичида учта фотосурат, манзил ва керакли маълумотлар ёзилган қоғоз бор эди.
Фрелейн қовоғини уйди. У шу пайтгача фақат эркакларни отганди.
У РТВ рақамини терди.
-Руҳий тозалаш вазирлиги, ахборот бўлими,-деган овоз эшитилди.
-Менга келган хатда Қурбоним аёл киши эканлиги айтилган. Буни қандай тушуниш керак?-У аёлнинг исмини айтди.
-Ҳаммаси жойида. Аёл ўз ихтиёри билан рўйхатдан ўтган.
-Айтинг-чи, унинг ҳисобида нечта қотиллик бор?
-Афсуски, айтолмайман.
-Тушунарли,-деди Фрелейн.-Мен бошқа Қурбон танласам бўладими?
-Албатта. Лекин бунинг учун аввал Қурбон сифатида иштирок этишингиз керак бўлади. Розимисиз?
-Йўқ,-деди Фрелейн.-Мен шунчаки қизиқиб сўрагандим.
У гўшакни қўйди.
-Аёл кишига нима бор,-минғирлади у.
Руҳий тозалаш вазирлиги олтинчи жаҳон урушидан сўнг эркаклар учун махсус ташкил этилганди. Кўплаб мамлакатлар ўта кучли оммавий қирғин қуролларига эга бўлиб, биттагина уруш бутун инсониятни йўқ қилиб юбориши мумкин эди.
Инсониятга тинчлик зарур эди. Тарихчилар нима учун инсоният уруш қилавериши сабабини топишди: эркаклар жанг қилишни ёқтирар экан.
Шундан сўнг мутахассислар тинчлик ўрнатиш учун эркакларга кичкинагина имконият бериш кераклигини эътироф этишди. Шу тарзда Руҳий тозалаш вазирлиги вужудга келди.
Бу вазирлик эркакларнинг урушга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ташкил этилганди. Ким қотиллик қилмоқчи бўлса, вазирликда рўйхатдан ўтарди. Шундан сўнг вазирлик уни Қурбон билан таъминларди. Агар Овчи ғолиб бўлса, қонунга биноан бир неча ойдан сўнг Қурбон мақомини оларди. Агар яна ғолиб чиқса, яна бир марта Овчилик қилиши мумкин эди. Шу тарзда у ҳалок бўлгунича фаолият олиб борарди.
Овчига Қурбоннинг исми, манзили, кўриниши тасвирланган хат ва икки ҳафта муҳлат бериларди. Қотиллик фақат махсус тўппончада амалга оширилиши лозим эди. Бошқа қуролдан фойдаланиш тақиқланганди.
Қурбон Овчидан бир ҳафта олдин мактуб оларди. Унга фақат Қурбон эканлиги маълум қилинарди, холос. Қурбон ҳар қандай қуролдан фойдаланиши ҳамда изқувар ёллаб Овчининг кимлигини аниқлаши мумкин эди.
Ов пайтида бошқаларнинг ўлиши ёки жароҳатланишига йўл қўйганлар жиддий жазоланарди.
Шу тарзда мамлакатлараро йирик урушлар барҳам топиб, икки киши орасидаги майда урушларга йўл қўйиб берилди.
Фрелейннинг Овдан ҳафсаласи совиганди. Чунки Қурбон аёл киши эди. Лекин унинг ўзи кўнгилли бўлиб рўйхатдан ўтибдими, энди ортга йўл йўқ. Фрелейн олти марта муваффақият қозонган, бу сафар ютқазиши мумкин эмас.
Жанет Паттсигнинг Ню-Ёркда истиқомат қилиши Фрелейнни хотиржам қилди, у анчадан буён бу шаҳарга боришни орзу қиларди. Паттсигнинг ёши айтилмаган, аммо суратга қараганда у эндигина йигирмадан ўтган қиз эди.
Фрелейн телефонда самолёт учун чиптага буюртма берди. Сўнг Ов учун тайёрланган «Ҳимоя костюми»ни кийди. Тўппончасини тозалаб, чўнтагига солди.
Фрелейн эшикни қулфлаб, таксига ўтирди.
Ню-Ёркда у шаҳар марказида, Паттсиг яшайдиган ҳудуддан унча узоқда бўлмаган меҳмонхонага жойлашди. Фрелейн шаҳарни томоша қилиш мақсадида сайрга чиқди. Дўконларни айланди. «Ов ва Овчи» дўкони уни ҳайратга солди. Бу ерда Қурбонлар учун енгил, ўқ ўтказмайдиган кийимлар намойиш қилинганди. Деворнинг бир тарафини ўттиз саккизинчи калибрли тўппончалар эгаллаганди. Шунингдек, тўртта ўқ отадиган ҳассалар ҳам сотувга қўйилганди. Илгарилари Фрелейн ҳар бир янги чиққан нарсани синаб кўрарди, кейинчалик эса фақат синовдан ўтган қуролга ишониш керак эканлигини англади.
У ресторанда овқатланиб, ухлашга ётди. Эртага кун оғир бўлади.
Эрталаб Фрелейн Қурбонининг уйи томонга йўл олди. Қурбонининг қиёфасини у жуда яхши эслаб қолганди.
Лексингтон-авенюда бир нечта барларга мўралаб ўтган Фрелейн тор кўчалардан бирига бурилди ва очиқ ҳавода жойлашган қаҳвахона олдидан чиқди.
Бу ўша! Адашиши мумкин эмасди. Столлардан бирида қадаҳга термулганича Жанет-Мари Паттсиг ўтирарди.
Фрелейн бурчакка қайтди ва тўхтади. Унинг қўллари қалтирарди.
Бу қиз нега бу ерда ўтирибди?
У таксига ўтирди ва квартални айланиб ўтишни буюрди. Паттсиг ҳалиям ўша жойда ўтирарди. Фрелейн унга диққат билан разм солди. У суратдагидан ҳам кўра анча ёш эди. Фрелейн унинг юзида қайғу ифодасини кўрди.
«Бор энди, отиб ташла уни!..».
Фрелейн таксига пул тўлагач, машинадан тушди ва яқин-атрофдаги телефон-автомат ёнига бориб РТВга қўнғироқ қилди.
-Алло, Жанет-Мари Паттсиг исмли Қурбон хабарнома олганми?
-Бир дақиқа.-Фрелейн жавобни сабрсизлик билан кутарди.-Ҳа, жаноб. У хабарнома олган. Бирор нарса бўлдими?
-Ҳаммаси жойида,-деди Фрелейн.-Шунчаки билмоқчи эдим.
«Агар у ўзини ҳимоя қилишни истамаса, бу унинг шахсий иши. Ҳозир уни ўлдириш керак».
Аммо Фрелейн Овни эртанги кунга қолдирди. Тушлик қилгач, меҳмонхонага қайтди ва ўзини диванга ташлади.
«Нега чўзяпман,-ўйлади у,-битта ўқ билан тинчитиш мумкин эди. Эртага ўзидан кўрсин». У хаёл суриб ётиб ухлаб қолди.
Эртасига у яна қаҳвахона ёнидан ўтди. Қиз худди ўша столда ўтирарди. Фрелейн такси тўхтатди.
-Квартални секин айланамиз,-деди у.
-Бўпти,-деди ҳайдовчи.
Атрофга диққат билан кўз югуртирган Фрелейн бу ерда изқуварлар йўқ эканлигига ишонч ҳосил қилди. У қурол чўнтагидаги тугмачани босди, тўппонча қўлига сирғалиб чиқди.
-Янаям секинроқ,-деди у.
Такси қаҳвахона рўпарасига келди. Фрелейн қизни мўлжалга олди…
-Жин урсин!-деди у.
Стол олдида қизни тўсганча офитсиант пайдо бўлди. Фрелейн таваккал қилмасликка қарор қилди.
-Яна айланамиз,-деди у ҳайдовчига.
Бу сафар офитсиант халал бермади. Қиз сигарет чекканча маъюс ҳолда ёндиргичга қараб ўтирарди. Фрелейн Қурбонини мўлжалга олди ва нафасини ичига ютди. Сўнг бошини чайқади ва тўппончани чўнтагига солди.
У йўл кира ҳақини тўлаб, таксидан тушди. «Жуда оддий», деди у ўзига ўзи. У ҳақиқий Овга ўрганган. Олдинги қотилликларда у анча тер тўкканди. Қурбонлар қутулиб қолиш учун бор маҳоратларини ишга солишганди. Улардан бири ўнлаб изқуварларни ҳам ёллаганди. Аммо Фрелейн уларни барибир тинчитганди. Бир марта у сут сотувчи, яна бир марта эса солиқ идораси ходими сифатида келиб, Қурбонларини отиб кетганди.
Бу ерда-чи? Бундай қотиллик билан фахрланиб бўладими? Клубдагилар кулишади-ку.
Бу фикр Фрелейнни даҳшатга солди. Клуб унинг энг буюк орзуси эди. Ҳозир қизни тирик қолдирса ҳам барибир Қурбон сифатида фаолият юритиши ва кейин тўрт кишини отиши керак бўлади. У ҳолда Клубга кириши қийинлашади.
-Мумкинми?-деди у.
Жанет Паттсиг унга маъюс нигоҳини қадади.
-Менга қаранг,-гап бошлади Фрелейн қизнинг ёнига ўтираркан.-Агар жонингизга тегсам, айтишингиз билан бу ердан кетаман. Мен Ню-Ёркка иш билан келгандим. Бирор қиз билан гаплашиб ўтиргим келди. Агар қарши бўлмасангиз…
-Менга барибир,-деди Жанет Паттсиг.
-Бренди,-деди Фрелейн яқинлашган офитсиантга.
Фрелейн Паттсигга қараб юраги гупиллаб уриб кетди. Ўз Қурбонинг билан бирга ичиб ўтирсанг-а!
-Менинг исмим Стентон Фрелейн,-деди у.
-Жанет.
-Жанет, у ёғи-чи…
-Жанет Паттсиг.
-Хурсандман. Жанет, бугун кечқурун нима қиласиз?
-Бугун кечқурун мени ўлдиришса керак,-ҳафсаласизлик билан жавоб берди қиз.
Фрелейн унга диққат билан қаради. Қиз унинг кимлигини билармикин?
-Сиз Қурбонмисиз?-сўради у ясама ҳайронлик билан.
-Ҳа,-аччиқ жилмайди қиз.-Шунинг учун яхшиси ёнимдан кетганингиз маъқул.
Фрелейн унинг нима учун бунчалик хотиржам эканлигини тушунолмасди. «Яшашдан тўйганмикин?».
-Изқуварингиз бордир?-Бу сафар у ростдан ҳайратланди.
-Йўқ.
Қиз унга тик боқди. Фрелейн унинг жудаям гўзал эканлигини энди сезди.
-Мен аҳмоқман,-деди қиз.-РТВга Ов учун ариза бергандим. Аммо… одам ўлдиролмадим.
Фрелейн ҳамдардлик билан бош силкиди.
-Лекин мен ўйинда барибир иштирок этяпман. Энди Қурбонга айландим.
-Нега изқувар ёлламадингиз?-сўради Фрелейн.
-Қўлимдан одам ўлдириш келмайди,-элка қисди қиз.-Тўппончам ҳам йўқ.
-Мард экансиз,-деди Фрелейн.-Очиқ жойда ўтирибсиз.
-Нима ҳам қила олардим? Овчидан қочиб қутулиб бўлмайди. Бундан ташқари, қочиб кетгани пулим ҳам йўқ. Енгилтаклигим учун жазоланишим шарт.
Улар анча гаплашиб ўтиришди. Сўнг бирга овқатланишди. Фрелейн такси тўхтатиб қизни уйига кузатиб қўймоқчи бўлди.
Қиз машинага ўтирди. Фрелейн иккиланиб қолди. У ҳозир, шу ернинг ўзида уни отиб ташлаши мумкин эди. Бундай қулай фурсат бўлиши қийин.
Лекин у ўзини тутди. «Яна озгина кутамиз», деди у ўзига ўзи.
Улар таксида кетишаркан, Фрелейн шу пайтгача бирорта ҳам қиз уни Паттсигчалик ўзига ром этмаганини англади. У севиб қолган қиз эса унинг Қурбони.
У бу ёғига нима қилишни билмасди. Жанет уни уйига таклиф қилди. Қиз диванга ўтирди ва ёндиргичида сигарет тутатди.
-Қачон кетасиз?-сўради у.
-Аниқ билмайман,-жавоб қайтарди Фрелейн.-Менимча, индинга.
Қиз хўрсинди.
-Сизни соғинаман.
Орага сукунат чўкди. Сўнгра Жанет ўрнидан туриб, коктейл тайёрлашга киришди. У хонадан чиқаётганида Фрелейн унинг ортидан тикилди. «Вақт бўлди», ўйлади у.
Лекин у қизни ота олмасди. «Севган инсонингни қандай қилиб отиш мумкин?».
У бу фикрдан ҳаяжонга тушди. У бу қизни ўлдириш учун келганди, уйланиш учун эмас.
Қиз қўлида патнис билан қайтиб кирди ва унинг қаршисига ўтирди.
-Жанет,-деди Фрелейн.-Мен сени севаман.
Қиз бошини кўтарди. Унинг кўзида ёш кўринди.
-Керакмас,-деди у ҳиқиллаб.-Мен ахир Қурбонман. Мени ўлдиришади…
-Сени ҳеч ким ўлдирмайди. Сени ўлдирадиган Овчи менман.
Қиз унга диққат билан тикилди, сўнг жилмайди:
-Сиз мени ўлдирасизми?
-Бас қил,-деди Фрелейн.-Мен сенга уйланмоқчиман.
Жанет ўзини унинг бағрига ташлади.
-Э Худойим!-деди у.-Мен жудаям эзилиб кетгандим.
-Ҳаммаси ортда қолди,-пичирлади Фрелейн.-Тасаввур қил, болаларимизга қандай танишганимизни айтиб берамиз.
Жанет уни ўпиб қўйди, сўнг сигарет тутатди.
-Тур, кетдик,-деди Фрелейн.-Биринчи навбатда…
-Тўхтанг,-деди қиз.-Мен сизни севаманми, шуни сўрамадингиз-ку.
-Нима?
Қиз илжайганича унга ёндиргични қаратди. Ёндиргич остида айнан ўттиз саккизинчи калибрли ўқ учун мўлжалланган қора тешикча кўриниб турарди.
-Бу қанақа ҳазил?-қичқирди у ўрнидан сакраб тураркан.
-Бу ҳазил эмас, азизим,-деди қиз.
Фрелейн унга яхшилаб разм солди. Унинг олдида ёш қиз эмас, ёши ўттиздан ошган аёл турарди. Қандай қилиб буни сезмай қолди?
-Мен сени севмайман, Стентон,-деди Паттсиг.
Фрелейн доимо охиригача курашарди. У ҳамма нарсани олдиндан билган бу аёлнинг маҳоратига тан берди.
У тугмачани босди ва тўппонча қўлига сирғалиб тушди.
Шу пайт даҳшатли зарба уни учириб юборди. Қўлидаги тўппончаси тарақлаб ерга тушди. У ҳушини йўқотаркан, аёл иккинчи ўқни узишга тайёрланаётганини кўрди.
-Ва ниҳоят, мен Клубга қабул қилинадиган бўлдим,-деди Жанет ва тепкини босди.

Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси.