Герцог Браччано, яъни Паоло Орсини хотинининг вафотидан сўнг ғалати ҳунарлар чиқара бошлади. У Тоскан герцогининг йигирма бир ёшли қизи Изабелла Медичига уйланди. Бу никоҳнинг бошида куёв ва келиннинг ота-оналари туришди. Тўй узил-кесил аниқ бўлгандан сўнг кекса Орсини ўғлини чақиртирди-да, баландпарвоз ва таъсирли сўзлар билан бу никоҳнинг нечоғлиқ манфаатли эканини далил-исботлар билан унинг миясига қуйди. Паоло тишини тишига қўйиб, унинг гапларини охиригача тинглади. Нима бало, деб ўйлади у, отам қандайдир яссикўкрак, сариқмашак, миясига хурофот ин қурган бир роҳибани менга хотинликка олиб бермоқчими дейман. Паоло ҳамма гапни у қулоғи билан эшитиб, бу қулоғидан чиқарди-да, кекса Орсинига бошини эгиб миннатдорчилигини билдирди, сўнг тўп ўйнагани чиқиб кетди.
Изабеллани кўришга Паолони мажбур қилишмагунча у ҳали қизни мутлақо кўрмаганди ва кўришга ҳам орзуманд эмасди. Бу пайтларда у, аллақачоноқ суюқоёқ Лукрециянинг тузоғига илиниб, маишатпарастликдан боши чиқмай қолганди. Лукреция эндигина ўн беш ёшга тўлган бўлса-да, бинойидек ақл-фаросатию хуш табиати билан герцогни ўзига ром этганди. У айнан Изабелла билан учрашув белгиланган оқшомда, кечки овқат маҳали Лукрециянинг ҳузурида бўлишни кўнглига тугиб қўйганди ва бу режага дабдурустдан қўйилган тўсиқдан қони қайнаб, бўлажак хотинининг ёнига ёқимсиз кайфиятда кириб борди. Ғазабини яширишни эплолмаганиданми ё буни истамаганиданми, хуллас, фиғони фалакка чиққанини беркитиб ҳам ўтирмади, ерга боққанча қизнинг ёнида ҳозир бўлди, бошини кўтариб қаради-ю, қаршисида турган ўрта бўйли, кўҳликкина, хушбичим, кўзлари тийрак, йигитни яхшироқ билиш илинжида унга айёрона тикилиб турган соҳибжамол қизни кўриб ҳайратдан тонг қотиб қолди. Йигит бош эгиб салом берди. Қиз ҳам, гарчанд унинг нигоҳлари бунинг аксини айтиб турган бўлса-да, барибир йигитнинг иззатини жойига қўйди – унга таъзим бажо қилди. Бу ишвадан йигитнинг юраги “жиз” этиб кетди ва у бир зумга Лукрецияни унутди.
– Муҳтарам жаноб, – деб сўз бошлади Изабелла, уларни базўр ёлғиз қолдиришгандан сўнг намойишкорона самимийлик билан, – тан олиб айтишимиз керакки, иккимизни ҳам пичоқсиз сўйишди. Ота-оналаримиз туйғуларимизни назар-писанд қилмай, бошимизни қовуштиришмоқчи, айтинг-чи, бундай никоҳ бизни бахтли қила олармикан? Ҳамонки, ўзга иложимиз йўқ экан, насронийларга хос итоаткорлик билан пешонамизда борини кўраверамиз-да. Менга келсак, ҳаётингизни бузиш ниятим йўқ, тўйдан сўнг мени ўзингизга қарашли ер-мулкка жўнатиб юбориб, бу дунёда мендек қиз борлигини унутиб юборсангиз ҳам сиздан заррача ранжимасдим, қайтанга бундан ўзимни бахтиёр ҳис этган бўлардим…
Шундай кайфиятда, бирон марта ҳам адашмай-нетмай, одоб-ахлоқ доирасида Изабелла Медичи суҳбатдошига тешиб юборгудек тикилганча, роса ўн дақиқа гапирди. Герцогнинг оғзи ланг очилиб қолганди. У Италиянинг энг кетворган йигитлари сафидан жой олгани учун ҳам шундай зебо қиз ундан умрбод йироқда яшаш истагини билдирганидан жуда ҳам ҳайрон қолганди.
– Ойимқиз, – деди йигит, ниҳоят тилга кириб, – одам бўлажак турмуш ўртоғига ҳам шундай дейдими! Мени энди кўриб турган бўлсангиз-у, дарров қочиб қолишни ўйлаяпсизми?
Изабелла “насронийларга хос итоатгўйлик”ни дам-бадам тилга олиб, яна ўзининг узундан-узоқ нутқини бошлади. Герцог охири қиз уни калака қилаётганини пайқаб қолди. Учрашмасларидан аввал бу никоҳга ҳуши йўқлигини, ҳозир эса фикри ўзгарганини ва қизнинг ёнида бўлишдан бахтиёр эканини у такаллуфсиз, муғомбирлик қилмай, ақл-ҳушини бир жойга қўйиб, айтиб қўя қолди.
– Йўғ-эй, – деди Изабелла очиқдан-очиқ уни масхаралаб, – ростдан-а? Наҳотки Лукреция хоним билан бирга бўлишдан кўра, мен билан суҳбат қуришни афзал кўрсангиз?
Дарҳол ўртадаги хафагарчиликни юмшатиш мақсадида, ўз ҳазилига ўзи биринчи бўлиб кулди-да, суҳбатдошига ёқимли қараш қилиб, унинг қўлига суянди.
Илк учрашув бинойидек анчагача чўзилди. Паоло ҳайратининг чеки йўқ эди: Изабелла асилзодалардан бўлса-да, аслида ҳам оқсуяклар ичида куймаланиб юрувчи қандайдир суюқоёқ аёлдан ақли анча зийрак чиқиб қолганди.
Унаштирилганлар суҳбатлашаётган хонага уни ёллаган ашаддий ғаламис – кекса Орсинига барини оқизмай-томизмай етказиб турувчи айғоқчи яшириниб олганди. Ишлар ўзи истагандек тус олаётганидан хабар топган Орсинининг оғзи қулоғида эди. Паолонинг баттол феълидан бохабар бўлган қария, насл-насаби учун манфаатли бундай никоҳдан қуруқ қолишдан чўчир, ўғли ёш герцогиняни ва қиз орқали унинг оиласини ранжитиб қўйишидан хавотирда эди. Қария Орсинини бир неча йиллардан бери оғир дард азоблаб келарди, шу туфайли у бутунлай ҳолдан тойиб қолганди; отанинг бирдан-бир армони мана шу никоҳни кўриб қолиш эди. Изабелла ўғлининг ақл-ҳушини олиб қўйганига ишонч ҳосил қилган қария чуқур мамнуният ҳиссини туйди-да, ўзининг бош котиби ва синашта бўлган вакилига: “Энди ўлсам армоним йўқ”, – деди ва орадан бир ҳафта ўтар-ўтмай дунёдан ўтди.
Изабелла Паолога ўғил ҳадя этиш бахтига муяссар бўлди. Болага Виржинио деб исм қўйишди ва Изабелланинг акаси, Тоскан герцоги Франческо Медичи чақалоқнинг чўқинтирган отаси бўлди. Франческо синглиси Изабеллага фавқулодда бошқача меҳр қўйганди ва ҳамиша қизга қаттиққўллик билан муносабатда бўлиб келарди. Бир куни Изабелла жилмайганича эри Браччанога агар Франческо герцог унвонини улар турмуш қурмасларидан аввал олганида, акаси бирон нимани баҳона қилиб уларнинг тўйини тўхтатиши ва синглисини черковга ҳайдаб солган бўлиши мумкинлигини айтиб қолди.
Эр-хотиннинг ўн саккиз йиллик турмушлари мобайнида Браччанонинг герцогинияга муҳаббати шундай кучли бўлдики, ҳеч бир аёлнинг герцогни узоқ муддат ушлаб туришга қурби етмасди. Бироқ герцог аскар эди, у олис юртларда жангда бўларди. Изабелла ўзини ташлаб кетилган аёлдек ҳис этарди. Эрининг хиёнатларидан хабар топганида аламини ичига ютарди. Бир куни Паоло саккиз ойлик ҳарбий сафардан қайтгач, рашк ўтида ёнган Изабелла эрини совуқ кутиб олди ва оғзига келган ҳар хил пичинг гапларга Паолони кўмиб ташлади. Худо уни ақл-фаросатдан қисмаганди.
– Жин урсин, хоним! – деди иззат-нафси оғриган герцог. – Менга бўлмағур айбларни тақашни бас қилинг! Наҳотки сиз мени йўл бўйида тасодифан дуч келиб қолган қандайдир қишлоқ қизидан қизғансангиз? Нима, очдан ўлай деб турганимда, сизнингча, ўз насибамдан воз кечишим керакми?
– Мен бўлсам, жаноб, – мағрур эътироз билдирди Изабелла, – дуч келган ердан қорнимни тўйғазишдан кўра очдан ўлишни афзал кўрган бўлардим.
Бу жавоб герцогга айил ботди. У лом-мим демай ранги-қути ўчганча хонадан чиқди-да, отга миниб, бир бадар кетганча нақ бир йилгача қорасини кўрсатмади. Агар отасининг устомонлигидан унга заррача юққанида эди, у биронта хизматкорга герцогиняни кузатишни топширарди-да, эрининг суратидан бўса олмагунча, ухлагани ётмаслигидан дарак топган бўларди. Одам бўйи баравар қилиб ишланган бу сурат деворга осилмаганди, балки ерга қўйиб, чеккасидан деворга маҳкамланганди, шунинг учун у худди хотинининг хонасига кириб келаётгандек таассурот уйғотарди. Ҳар куни кечқурун Изабелла тунги кўйлакда яланғоч елкаларига сочини ёйиб, эрининг суратига ёпишганча, бор овозила оҳ-воҳ қилиб кўз ёш тўкарди. Унинг бўйи унча баланд бўлмагани боис расмдаги одамнинг лабига лабини теккизиш учун оёқ учида туриб чўзилишига тўғри келарди.
Герцог Изабелла билан 1576 йилнинг баҳорида яна учрашди. Хотинимнинг мендан кўнгли қолган, деб уни унутиш учун бечора нималар қилмади. У ўз сурати ёнига ўтириб олди-да, иложи борича унга қарамасликка ҳаракат қилди ва герцогинянинг ҳурматини жойига қўйиб бир-икки оғиз гапирди. Изабелла бу манзарани хаёлида бутунлай бошқача тасаввур қилганди. Ушбу учрашувдан илгарироқ Браччано Лукреция билан бояги-бояги эски алоқаларини бошлаб юборгани ва икки кун аввал кечки овқатни у билан егани Изабелланинг қулоғига етиб келганди. Буни эшитган герцогиня баттар қайғуга ботди. Хизматкор бекалардан бирининг айтишича, Лукреция Изабелладан бироз кичик бўлиб, ўртадаги арзимаган бу тафовут ҳам унинг наздида алоҳида аҳамиятга эга эди. Изабелланинг ёши энди ўттиздан ошган, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган бўлса-да, лекин мен қариб, сўлиб, жозибамни йўқотганман деб ўзини ишонтиришга уринарди.
Унга тинчлик бермай қўйган ўй-хаёллардан Изабелланинг ранг-рўйи бир ҳолатда эди, хотинини келиб кўрган Браччанонинг хаёлига бошқа фикр келганди. Муҳаббатини герцогнинг суратига қараб қайта-қайта изҳор этишдан чарчамаган Изабелла, энди ўша расмнинг асл нусхаси ёнида ўнғайсиз бир ҳолатда сукут сақлаб ўтирарди. Унинг хаёли Лукрецияда эди ва у герцогни ҳақорат қилиб юборишдан чўчиб, гап бошлашга юраги дов бермаётганди. Энди аёл барча кўнгилсизликларга дучор қилган ўзининг фаҳм-фаросатига ишонмай қўйганди. Кишига азоб беришдан нарига ўтмайдиган бу зўраки самимийликдан тоқати тоқ бўлган Изабелла ўрнидан қўзғалди. Браччано уни бу тахлит тез кузатиб қўйишаётганидан жуда ранжиди ва кетишга тараддудланиб, Изабелланинг қўлидан бепарвогина ўпди-да, тескари ўгирилди. Эшик олдига етганида, суратга кўзи тушди. Ўн йил аввал ҳали герцогиня уни севган пайтларда ўзининг қандай бўлганини алам билан эслади. Герцог бирдан тўхтади-да, суратга синчиклаб разм солди ва бирдан суратдаги кулиб турган, самимий бу йигитнинг энди шарти кетиб, парти қолган шўрпешона эркакка ғижиниб қараётганини ҳис этди. У герцогиняга ўгирилди-да:
– Суратим бу ерда жуда кўп жойни эгаллабди, уни бу ердан олиб кетишларини айтаман, – деди рўйхуш бермай.
У хиёл бурилганча ердан кўз узмай бир оз кутди. Аёлдан садо чиқмагач, унга назар ҳам ташламай, чиқди-кетди. Хотини ўзи истаганда ҳам оғиз очишга мажоли қолмаганди: Изабелла каравотга суянганча жим, ҳиссиз қотиб турарди.
* * *
Эртасига герцог жўнаб кетди. Изабелла уни бир талай мулозимлар ҳамроҳлигида саройдан чиқаётганини деразадан кузата туриб, герцогни гўё сўнгги бор кўраётгандек бир ҳисни туйди. У саккиз йил аввал герцог унга ҳадя қилган олмос безакли ихчамгина ханжарни олди-да, юрагига санчишига бир баҳя қолди. Ойша унинг қўлидан тутиб қолди. Изабеллани ўғлидан ажратганларидан бери у шу қизга боғланиб қолганди. Акаси Виржиниони саройнинг ишончли хизматкорларига топширганди. Ҳали ўн бешга ҳам тўлмаган мавр қизининг герцогинянинг қўлидан ханжарни тортиб олишга кучи етмасди, шундай бўлса-да, қизча хонимни яна бир бемаъни уринишдан тўхтатиб қолиш учун уни тишлаб, юмдалаб жони борича ҳаракат қилди. Ойша бирдан нобоп ўгирилганди, тиғ унинг бетига тегиб ёриб юборди, қизгинанинг юзидан қон тирқираб оқа бошлади. Герцогиня қўрққанидан қичқириб юборди. У хизматкорни ўлдириб қўйдим деган хаёл билан ханжарни итқитди-да, муштдеккина чўрини бағрига босди, унинг тирик эканини кўрганидан сўнг сал-пал эркин нафас ола бошлади. Бу кўргиликлар ундаги бор ғам-андуҳларни ҳам тарқатиб юборди ва Ойшанинг жароҳатини яхшилаб ювиб-тозалаб бўлганидан сўнг ўлим тўғрисидаги бемаъни хаёлларга бошқа берилмайдиган бўлди.
Беш йилдан буён герцогинянинг уйида бўй-басти, афт-ангори, ҳатто феъл-атвори билан ҳам қуйиб қўйгандек герцогнинг ўзига ўхшаш, унинг узоқ қариндошларидан Троило Орсини деган кимса эшик оғаси бўлиб хизмат қиларди. Бу одамнинг герцогдан ягона фарқи, ўзига топширилган вазифани сидқидилдан ҳалол адо этишида эди, герцогдек бахтли бўлиб туғилиш насиб этмагач, нимаям қилсин. Изабелла эри йўқ пайтларда ўзи бошқаришига тўғри келадиган ҳовли-жойда ўлгудек зерикарди, ваҳоланки, вақтини чоғ ўтказиш учун абжирлик, куч талаб этувчи кўнгилочар ўйинлар унинг учун муҳайё эди, у соатлаб от чопарди, тирмашиб қояларга ҳам чиқарди, сўнг қизиб кетганидан тоғнинг муздеккина сойига ўзини ташлаб ҳовурини босиб ҳам оларди. Троило Орсини ёнидан жилмай унга ҳамроҳлик қиларди. Бу сарой хизматкори унга кўнгил қўйганди ва Изабелла буларни гарчи сезмаса-да, Орсини вазифасидан фойдаланиб, герцогиня ўзини ёлғиз ҳис этмаслиги учун аёлга анча-мунча майда хизматлар кўрсатиб турарди. Троилонинг туйғуларини Изабелла мутлақо пайқамасди; у бор-йўғи хизматкор эди, холос, Изабелла унга ўзининг содиқ ити ёки отига қарагандек қарарди, ундан ортиқ эмас. Аёл секин-аста уни ўзига яқинлаштиришга журъат этиб, дам-бадам унинг қўлига суянар, уни ўз хонасида қарши олиб, унинг олдида ечинарди ҳам…
Троило бир пайтлар герцогнинг қўшинида хизмат қилганди, хизмат қилганда ҳам мардларча жанг қилиб, ўнг қўлидан яраланганди, шу-шу у бутунлай яроқсиз бўлиб қолганди. Бу мажруҳлик уни жанговар қаҳрамонликлардан воз кечишга мажбур этганди. Шундан сўнг герцог Орсинининг гарданига хўжаликни бошқариш вазифасини юклаб қўйганди, гарчанд бу иш унинг кўнглидагидек бўлмаса-да, бироқ у ўзига топширилган ишни сидқидилдан адо этишга ўрганиб кетганди. Герцогиня Орсинининг ўзига яқинлашишга изн берганда, бошда ҳаловатнинг авж палласига эришганини ҳис этди-ю, бироқ кейинчалик бундан қаттиқ кўнгли қолди. Бир тарафдан эҳтиросдан эси оғай дерди, бошқа томондан севган аёлининг унга жонсиз буюмдек муносабатда экани уни изтиробга соларди.
* * *
Браччано жўнаб кетгандан сўнг икки ой ўтиб, герцогиня Троилони чақиришни буюрди. Эрталаб кун одатдагидан иссиқ, ярим яланғоч Изабелла Ойшанинг ёнида сочини таратиб ўтирарди. Хизматкор келганида аёл бошини ҳам кўтармай, ўлиб қолган тўтининг аҳволини суриштира кетди. Троило бир лаҳза тилдан қолди. У бир вақтнинг ўзида ҳам хоҳиш, ҳам ғазаб ўтида қийнаётган унинг гўзал елкаларидан кўз узолмай қолди. “Бу қандай бедодлик,– ўйлади у, – нима, мен эркак эмасманми, аёллар тап тортмай менинг ёнимда ечинаверади?” “Эркак эмас” деган сўздан унинг баттар фиғони фалакка чиқса-да, барибир тишини тишига босди.
– Шундай қилиб, Троило, тўти… – деди герцогиня сабрсизлик билан ўша-ўша бошини кўтармай.
– Шундай қилиб, хоним, – чўрт кесиб деди Троило, – тўтиларингизга қараш учун энди саройдан бошқа хизматкор ёллайсиз. Эртадан бошлаб мен сизнинг хизматкорингиз эмасман.
Бундай оҳанг герцогиняни ҳайрон қолдирди, чунки Троило унга ҳар доим ўта одоб билан мурожаат этиб келарди. Аёл бошини кўтарди, икки ой аввал Браччанонинг сурати қўйилган жойда Троило Орсини деворга суяниб турарди. У қўлларини кўкрагига чалиштириб, ғазабли нигоҳини аёлга қадаганди. Герцогиня сесканиб тушди. Бу нақ герцогнинг нигоҳи эди.
– Троило, нима гап ўзи? – деди хизматкорнинг шартакилигидан ўзига келолмай аёл. – Сизни хафа қилишдими дейман?
– Ҳа, хоним, – деди мулойим овозда Троило ҳамон аёлдан дарғазаб кўзларини узмай, – мени аёвсиз таҳқирлашди.
У қалтираб турган қўллари билан Изабелланинг ўзини кўрсатди.
– Ҳали менми, Троило? – азбаройи ҳайратдан қичқириб юборди герцогиня. – Ҳали менми сизни таҳқирлаган? Нима қилиб таҳқирлабман?
– Мана, хоним, нима қилиб, – деди у қўли билан аёлнинг ярим яланғоч танасини кўрсатиб.
Гап нимада эканлигини дафъатан Изабелла тушунмади. Тушунгандан сўнг юзи чўғдай қизариб кетди. Троилонинг биргина ишораси унга жонсиз буюмдек қарашларини чиппакка чиқариб юборганди. У ўзини четдан ярим яланғоч, бунинг устига эркакларнинг кўз олдида кишининг ғашини келтирадиган қиёфада кўрди. Шарм-ҳаё, ғазаб ва нафрат бир бўлиб унинг кўнглини шунақанги алғов-далғов қилиб юбордики, сал бўлмаса ҳушдан кетаёзди.
– Ярамас! – қичқирганча сапчиб ўрнидан туриб кетди Изабелла. – Ҳали сен ўз бекангга кўз олайтирадиган бўлдингми! Сен-а?! Хизматкор бўла туриб-а?!
У югуриб тўшаги ёнига келди-да, ёстиқ тагига яшириб қўйган ханжарни олиб, Троилога ташланди. Троило бор бўйича қаддини ростлади-да, ўша-ўша қўлини қовуштирганча тек қотиб тураверди. Хизматкор ҳали бу даражада герцогга ўхшаб кетмаганди.
– Итвачча! – деди аёл тескари қараб, жаҳд билан ханжарни хонанинг нариги бурчагига улоқтираркан. – Йўқол! Бундан кейин қорангни кўрмай!
– Шундай бўлгач, мен бу даргоҳдан ҳозироқ кетаман, – совуққина деди Троило.
– Эртага! – бақирди герцогиня нима деяётганини ўзи ҳам англамай. – Ўзинг “эртага” дедингми, демак фақат эртага кетасан! Агар итоат этмасанг, сени қамаб қўйишларини буюраман!
Троило аёлга ғалати қаради.
– Мен нима ҳам дердим! – деди у мутлақо хотиржам оҳангда. – Ихтиёр сизда. Эртага десангиз, эртага-да.
У таъзим қилди-да, чиқиб кетди. Ғазабдан кўзлари ёнган герцогиня қаттиқ тугилган муштумларини тишлаганча хонанинг у ёғидан-бу ёғига бориб-келарди. Бу телбаликдан у узоқ вақт халос бўлолмади.
– Нега жаҳлинг чиқяпти? – дафъатан сўради Ойша мавританча таомилга кўра унга “сен” дея мурожаат этиб, – у эркак бўлса, сен эса кўзга яқин аёл бўлсанг.
– Эшик оғаси! – қичқирди герцогиня. – Менинг хизматкорим!
Давом эттиришга энди аёлнинг ҳоли қолмаганди. Бошқа сўз ҳам тополмаётганди.
– У ахир эркак бўлса, – такрорлади Ойша унга маъноли кўз ташлаб.
Бу нигоҳ герцогиняни таажжубга солди. У ўта зийрак аёл эди, шу боис Орсини иккаласи ўртасидаги мужмал муносабатни фаҳмламаслиги мумкин эмасди. Ўзини саркашликдан тиёлмай, эвазига топган ҳузур-ҳаловат учун ўзини лаънатларди. Менинг баданимни томоша қилганидан қанчалик ҳузурланаётганини билмас даражада овсар эмасман-ку.
– Оҳ, қабоҳат! – деди герцогиня баланд овозда яна хонанинг у бурчидан бу бурчига бориб келаркан. – Унинг эркаклигини гўё билмагандек ўзимни гўлликка солдим… Бориб турган таннозу энг паст суюқоёқ ҳам бундай… – давом этди аёл зўр ҳаяжон билан ва гапи охирига етмади. – Орсини шундай олийҳиммат асилзодалардан бўлса, бунинг нимаси ажабланарли…
Аёл бирдан Орсинини оқлаётганини фаҳмлаб қолди ва унинг қўполлиги ўзини кўпам ҳақоратламаганини хавотир аралаш сезиб қолди.
– Ҳақоратланган эмишман, бироқ кимнинг олдида? – деди ва бирдан кулиб юборди.—Ўзимни ўзим алдашдан нима фойда? Мен ўзи кимман – герцогиня Браччаноми ё ташлаб кетилган аёл? Устига-устак энди ёш эмасман, – қўшиб қўйди у, ойнада унга ҳафта мобайнида тинчлик бермай келаётган ажинга боқаркан.
Юзидаги ажинга кўзи тушиши биланоқ унинг кайфияти тушиб кетди. Ўринга ўзини ташлади-да, юзини ёстиққа буркади.
– Нима бўпти! – деди у кечқурун бир оз ўзини босиб олгач.—Мен тўғри йўл тутдим. Орсини эртага жўнаб кетиши бирдан-бир тўғри йўл… Қанақасига! – бақириб юборди у яна ўша заҳоти. – Демак, у ҳам мени ташлаб кетар экан-да?
“У ҳам-а” деган сўзни тилга олганида, қаттиқ уят юрагини ўртаб юборди. Аёл бирдан Орсинини герцогга тенглаштириб хато қилаётганини пайқаб қолди.
– Хизматкор! – деди у овозини чиқариб. “Хизматкор” сўзи унча-мунча бўлса-да, шўрлик герцогиня истаса қўл силташи мумкин бўлган улар орасидаги бирдан-бир ягона мустаҳкам тўсиқ эди. Шафқатсиз ғам-ғусса уни азоблашдан чарчамасди. Герцогиня Орсини жўнаб кетгандан кейинги ҳаётини кўз олдига келтирди-да, ундан юз ўгирган герцогдан сўнг аёлни ўз ғамхўрликлари билан қўллаб-қувватлаб турган ягона инсон эканлигини тушуниб етди. У беихтиёр қачонлардир Браччанонинг сурати турган жойга назар ташлади ва суратни у ердан олиб кетишгани ёдига тушди. Сўнг анча вақтгача карахт бир ҳолда ўз тўшагида қимирламай ўтирди.
– Кетса кетаверсин! – деди у охири бошини кўтариб. – Ор-номусли аёл шундай йўл тутади… Ор-номусли… – тезда такрорлади у аламнок кулги билан. –Эримни ушлаб қолиш учун ўша ор-номус деганлари менга нима қилиб берди?
Кеч соат ўн бирларда герцогинянинг ёнига чопар келди. У герцогни кузатиш мақсадида герцогиня томонидан тайинланган одам бўлиб, шу топда янги мужда билан ташриф буюрганди: Браччано мавритан қароқчиларига қарши флотни сафарга ҳозирлаяпти экан. Унинг ўзи Венецияда бўлиб, Лукреция ҳам унга эргашиб ўша ерга кетган. Браччано ҳар оқшомни аёл билан бирга ўтказаркан.
– Ойша, – қичқирди герцогиня, – Троилани чақир бу ерга! Зудлик билан ҳузуримга келсин! Бу менинг амрим!
Бир пайт ранг-қути ўчган, аммо хотиржам ҳолда Орсини кириб келди. Аёл ҳамон айғоқчи келтирган чақув мактубини титроқли қўлида ушлаб турганча унга назар ташлади. Сўнг Изабелла мактубни ғижимлади-да, бурчакка улоқтирди ва Орсинининг ёнига келди.
– Жаноб, – деди герцогиня, хизматкорга деярли ёпишиб, – мен олдингизда гуноҳкорман ва бу айбимни ювишга тайёрман…
II
Икки ой ўтгач, Изабелла акасининг Флоренциядаги қасрига жўнаб кетди. Акаси бир йилдан бери уни чақиргани-чақирган эди, гарчи Франческо унда меҳрдан кўра кўпроқ қўрқув ҳиссини уйғотса-да, ўз акасига итоат этишдан узоқ вақт ўзини олиб қочишнинг иложи йўқ эди: ўша пайтлар акасига деярлик эридек салтанатга эгалик қилиш насиб этганди.
Аёлнинг саёҳатдан асл мақсади Франческо саройида хизмат қилувчи ўн тўрт ёшли ўғли Виржинио билан кўришиш эди. Троило Орсини эса бу сафарда унга хизматкор сифатида ҳамроҳлик қиларди, бироқ герцогиня негадир Ойшани номаълум сабабларга кўра ўзи билан олиб келмаганди. Эҳтимол, бу ҳол мавританлик қизни бевақт ажалдан ёки, жилла қурса азоб-уқубатдан сақлаб қолган бўлса, ажаб эмасди.
Франческо Браччанонинг иззатини жойига қўйгандек, Изабеллани ҳам қора сарупода, дабдабали мулозимлар ҳамроҳлигида, отга миниб, алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олишга чиқди. Шунга қарамай, улар аранг ёлғиз қолишди ва ака таърифга сиғмас қаҳрли нигоҳ билан синглисига еб қўйгудек тикилди-да:
– Мабодо Браччано ҳақида менинг қулоғимга чалинаётган узунқулоқ гаплар рост бўлса, бундан ўн саккиз йил бурун гапимга кириб, черковга кетганингизда оқилона йўл тутган бўлардингиз, – деди.
Буларнинг бари герцогиняни ранжитиш ниятида олдиндан ўйлаб қўйилган узундан-узоқ нутқнинг дебочаси эди. У гапни аёлнинг ташқи кўринишига истеҳзоли таҳсин ўқишдан бошлади, сўнг герцогиня ўзини қийноқда қолгандек ҳис этиб азоб чекиши учун уларни нафрат тўла нигоҳи билан кузатганча синглисини ҳаддан зиёд илтифотга кўмиб ташлади. Франческонинг жағи бир зум тинмас, қоп-қора кийимга бурканиб олиб, букчайганча аёлнинг атрофида парвона эди, тўғрироғи, у ёқдан-бу ёққа тинмай бориб келар ва акасининг ҳар бир ҳаракати замирида аллақандай ваҳимали, ёвуз нимадир бор эди. Шўрлик герцогиня кўз очиб-юмгунча бурда-бурда қилишга шай турган йиртқичлар ичига тушиб қолгандек ҳис этарди ўзини. Ниҳоят Франческо йўлга тушиб остонага етганда мутлақо бепарволик билан герцогиня ўғлини кўролмаслигини маълум қилди: ўғли ва яна бир қанча сарой аъёнлари кечагина Браччано учун Венецияга пул олиб кетишганди. Герцогиня ўз хонасига қайтганидан сўнг ўша заҳоти Троило Орсинига одам жўнатди. У сарой ҳовлисида Изабелланинг буюмлари ортилган аравани бўшатишга кўз-қулоқ бўлиб турганди: Орсини ўз ишининг жонкуяри, чаққон бир инсон сифатида айнан герцогинянинг қимматли юкларини қасрнинг аёл учун ажратилган жойига ташиётган бир пайтда зарурат юзасидан бўлса-да, бирровга чиқиб кетиш ҳам уни ранжитди. Троило Изабелланинг айни йиғлаб тургани устига келиб қолди; аёл Флоренцияга яқинлашиб қолган бир пайтда, ўғли Виржинио акасининг буйруғи билан Венецияга йўл олганди. Франческонинг бу найранги Орсинини озмунча изтиробга солмади. Герцогиня азбаройи акасини ҳурмат қилганидан унинг таклифини қабул қилишда шошқалоқликка йўл қўймадимикан, деб ўйга толди Орсини.
Герцогиня ўз ётоқхонасидан биргина парда билан тўсиб қўйилган алоҳида хонага чиқиб кетди ва оқсочлар уни ечинтира бошлашди. Орсини аёлга эргашарди-ю, бироқ, у ердан сарой ҳовлиси кўринмаслиги маълум бўлгач, ётоқхонага қайтди-да, яна герцогиня билан суҳбатини давом эттирди ва бир вақтнинг ўзида юк тушираётган хизматкорлардан ҳам хабардор бўлиб турди.
Орсинига юрагини бўшатган герцогинянинг қўрқувлари ҳам тарқади. Бу орада оқсочлар уни чўмилтиришди, бундан у шундай роҳатландики, ҳатто у йўққа чиққан умидларини ҳам деярли унутди. Охирги икки йил давомида ўз мазмунини йўқотган бу ҳаёт, ёқимли яқинликдан сўнг қайта ўз ўрнига тушгандек бўлди. Браччано билан бўладиган камдан-кам учрашувлар ва Орсинининг унинг ёнида бўлиши охир-оқибат герцогинянинг бутун жон-тани билан берилиб кетган ҳаловат туйғусини ҳис этишга сабаб бўлди. Мана, икки ойдирки, улар бир-бирларидан айрилмай, одоб-ахлоқ қоидаларининг ҳеч бир таомилига амал ҳам қилмай энг намунали эр-хотинлардек яшаб келишарди. Ўзаро муносабатнинг оддийлиги герцогиняга улкан завқ бағишларди. Умрида биринчи маротаба бу мағрур аёл деярли мулойим бўлишга ва қушчадек чуғурлаб сўзлашга журъат эта олганди.
Негаки бу сафар Орсини фақат аҳён-аҳёнда, қисқа, лўнда жавоб қайтарарди. Охири Изабелла парда ортидан туриб:
– Нима билан бандсиз? Гапимни эшитмаяпсизми дейман? – деди.
– Мен юкингизни назорат қилиш билан бандман.
Герцогиня кулиб юборди-да, тегажоғлик қилиб:
– Жуда серҳафсаласиз-да! Биласизми, мен сизни жуда қўпол одам деб биламан!– деди
– Хоним, мен овозингизни ҳам, сўзларингизни ҳам яхши эшитяпман, – деди Орсини ёқимли оҳангда. – Овозингизни эшитсам хурсанд бўламан, бироқ бошқа пайт бўлганда сўзларингизни жавобсиз қолдирмасдим.
– Қандай сурбетлик! Бошқача айтганда, мен алжираётган эканман-да?
– Мен бундай демадим!
– Қулоғим сизда! – кулиб эътироз билдирди герцогиня. – Ростини айтсам, овозингизга унчалик ҳам илҳақ эмасман, ёнимда эканингизни ҳис этиб турсам бўлгани.
Шу он Орсини ойнадан бошини чиқариб қараганди, юк тушираётган хизматкорлардан бирининг тезда у ёқ-бу ёққа кўз ташлаб, ўгирилиб, қўйнига ниманидир яширганини кўриб қолди. У бу ишни шундай эпчиллик билан уддаладики, Орсини ҳатто кўзларига ишонмади. Кўрганлари ҳақиқат эканига ишонч ҳосил қилиш учун у шошиб герцогинянинг хонасида чиқди-да, ҳовлига тушди.
Гиламлар унинг қадам товушларини ютиб, Изабелла Троилонинг кетганини сезмай қолди.
– Қимматли Троило, – давом этди димоғи чоғ аёл кимсасиз хонага мурожаат этаркан, – мабодо сиз… шошманг, ўшанда сиз мағрур туриб нима дедингиз? – Ҳа, “аёвсиз камситилдингиз”, агар мен шу тобда ҳеч бир муболағасиз сизга кўринсам-чи? Покиза қўлларингиз билан юзларингизни беркитишга шошилинг, ўша сизнинг хаёлингизни банд этган юклардан кўзингизни узманг, йўқса, ҳозир кўз-ўнгингизда намоён бўладиган манзара яна сизни таҳқирлаши мумкин. Ана, холос! – давом этди аёл кулиб. – Айтадиган гапингиз йўқми? Сиз мени кўрмай туриб ҳалитдан ранжидингиз чоғи? Наҳотки менинг гўзаллигимни тасаввур этиш ҳам сизнинг иззат-нафсингиз учун қўрқинчли бўлса?
У қўли билан пардани сурди-да, нафисликдан намиқиб, ёниб турган катта-катта мовий кўзларини ўйнатганча, кулиб, деярли очиқ-сочиқ ҳолда хонага кириб келди. Бироқ бир-икки қадам юрар-юрмас, турган жойида қотди-қолди: рўпарасида қоп-қора либосга бурканган, катта бошини бир ёнга энгаштирганча Франческо Медичи аёлга тешиб юборгудек тикилиб турарди. У синглисининг хонаси ёнидан тасодифан ўтиб кета туриб аёлнинг эшиги очиқлигини кўрган ва кирган, барча гапларини эшитган ҳам эди.
Изабелла ўлдим энди, деб ўйлаган бўлса-да, Франческонинг аёлга еб қўйгудек тикилиб қараши олдида ажал ҳам унчалик қўрқинчли туюлмаётганди. Франческонинг юзи нафрат ва қўмсовнинг ақл бовар қилмас қоришувидан тиришиб-буришиб кетганди.
Бир неча дақиқа шу зайлда ўтди. Акаси қаерда ва қай ҳолатда Изабеллани устидан чиқиб қолган бўлса, аёл ўша ерда ва ўша ҳолатда ҳайкалдек қотиб турарди. Франческо ҳам қимир этмаётганди. Фақат унинг кўзлари бежо боқарди. Герцогинянинг бадани бўйлаб югурган сайин у кўзлар тобора қонга тўлиб борарди. Изабелла унинг нигоҳида уқиган аралаш-қуралаш бўлиб кетган адоват ва шаҳвоний ҳирслар шу қадар қўрқинчли эдики, Франческо ханжарни қинидан суғуриб олганида герцогиня беихтиёр ўзини енгил ҳис этди. Акасининг қўли ва нигоҳи гўё қарама-қарши буйруққа буйсунгандек, Изабеллага еб юборгудек боқди-да, ханжарни жуда оҳисталик билан суғурди. У гарчанд аёлга яқин турган бўлса-да, Изабеллага ханжар санчиш учун олдинга бир қадам ҳам босмади. Қўллари қуролни аранг тутиб турар ва ёвуз, ҳирс тўла нигоҳини Изабелладан узмай, хириллаб нафас оларди.
Кўкси билан ўзини тиғга ташлагандек, герцогиня унга пешвоз чиқди. Бирдан Франческонинг нигоҳидаги нур ҳам сўнди. Акаси ханжарнинг дамидан тутганча, соп томони билан Изабеллага узатди. Кейин кўзларини ерга олганча, пастки лаблари титраб, Изабеллага тескари қараб тураверди.
Изабелла ханжарни қўлига олиши билан Франческо шиддат билан чиқиб кетди. Бу вақт ичида у чурқ этиб оғиз очмади.
Изабелла ханжарни тўшагига ташлади-да, югуриб дераза ёнига борди ва овозининг борича қичқириб Троилони чақирди. Бироқ у, ўғри билан андармон бўлиб, шовқин-сурон кўтараётган хизматкорлар тўдаси орасида қолиб кетган, ҳеч нимани эшитмаётганди. Герцогиня мушкул аҳволда қолганди: Орсинининг оти ундан бир неча қадам нарида ҳали эгарлоғлиқ турар, қаср дарвозаси эса ланг очиқ эди. Орсинининг ҳали қочиб қутулишга имкони бор эди.
Охири Троило бошини кўтариб деразага қараганди, кўзи Изабеллага тушди. Аёл, “Қочинг!” деб шундай даҳшатли қичқирдики, ҳовлидаги тўс-тўполон ҳам таққа тўхтади. Қаср дарвозалари муқаррар ўша заҳоти ҳаракатга келди. Франческонинг соқчилари ҳар тарафдан хизматкор томон одимлай бошладилар. Орсини барча сир ошкор бўлганини, энди уни ушлаб, қийноққа солишларини, пажмурда танасини ахлатхонага улоқтиришларини дарров фаҳмлади. Ўлжанинг энди қўлдан чиқмаслигига батамом ишонган соқчиларнинг Орсини томонга шошилмай, бафуржа келаётганларини кузатиб турарди. Сўнг хизматкор нигоҳини яна герцогиня томонга ўгирди. Герцогиня иккала қўли билан дераза тепасига ёпишганча, Троилога таъзим қилди. Троило ҳам унинг таъзимига таъзим билан жавоб қилди.
Соқчилар бошлиғи Орсинининг ёнига келди. Изабелла унинг гапини эшитмади, бироқ Орсини соқчилар бошлиғига қандай қилиб қиличини ва ханжарини топширганини кўрди. Иккита соқчи зудлик билан икки ёндан келиб туриб олди, бироқ унга тегмадилар. Орсини соқчилар ўртасида худди постда тургандек қаддини ғоз тутиб турарди. Соқчилар бошлиғи аллақандай буйруқ берди. Изабелла бутун гуруҳ жойидан қўзғалиб, ҳовли билан қасрнинг шимолий қаноти томон кетаётганини кўрди. Чап томондаги соқчининг тўсатдан оёғи толди, Орсини ғижиниб унга ўгирилди-да, афтидан танбеҳ берди, шекилли, у дарров ўзини ўнглаб олди. “Эҳ, Троило! – ҳалоллигинг бошимизга етди, деди герцогиня оҳиста овоз чиқариб!” Бошга тушган мусибатларга ташқаридан назар солсанг, умидсизлик ўзининг сўнгги нуқтасига етганига амин бўласан.
Кечга яқин Изабелла девор орқасида қандайдир шовқин кўтарилганини, дукур-дукур ва тарақа-туруқ овозлар келаётганини, ердан гўё оғир ниманидир судраб тортаётганларини эшитди. Аёл эшикни очди. Икки соқчи аёлга эътибор ҳам бермай, ойболталарини қириб тозалашарди.
Аёл ўз хонасига қайтди. Бу орада қўшни бинодаги тўполон ҳамон давом этарди. Дафъатан эшитилган қичқириқдан герцогинянинг юраги орқасига тортиб кетди. Аёл Орсинининг овозини дарров таниди.
Франческонинг буйруғи билан соқчилар асирни ечинтиришаётган пайтда, герцог унинг ўнг қўли қисман фалаж бўлиб қолганини пайқади ва уни жаллодга кўрсатди.
Икки соат давомида ўқтин-ўқтин яна худди шундай даҳшатли дод-фарёдлар эшитилиб турди ва шунда герцогиня яна эшикни очди-да, соқчилардан бирига узуқ-юлуқ қилиб:
–Акамни бу ёққа чақир! – деди.
Соқчининг пайсалга солаётганини пайқаган герцогиня:
– Агар жонингдан умидинг бўлса, акамни бу ёққа чақир, – деди буйруқ оҳангида.
Франческо атрофга олазарак кўз ташлади-да, илдам одимлар билан каравот олдига келди ва ханжарни олиб, уни қинига яширди. Унинг ёнида қилич йўқ эди, шу боис ҳам Изабелланинг ёнига қуролсиз кира туриб, аёлда унинг жонига қасд қилиш истаги туғилиб қолишидан чўчиди. Айни дамда акаси герцогинянинг кўзига шундай ёмон кўриниб кетдики, ўзининг нодонлигидан пушаймон еди.
– Орсинидан нима истайсиз? – деди герцогиня ўзини вазмин тутишга уриниб.
– Жиноятини бўйнига олсин-да, мана бу иқрорномага имзо чексин.
– Афтидан ҳали бунга эришмаган кўринасиз.
– Ҳа, ҳали эришганимча йўқ, – деди Франческо.
Акаси тишларини кўрсатиб ишшайди-да:
– Шошаётган жойимиз йўқ, – дея қўшиб қўйди.
Герцогинянинг индамаганини кўриб, сўзида давом этди:
– Бу бақир-чақирлардан оромингиз бузилмайди деб умид қиламан.
– Буларни менга эшиттириш учун озмунча чирандингизми, – деди герцогиня чексиз нафрат ила. – Янглишмасам, зиндон шимолий қанотда жойлашган.
Лаҳзалик сукутдан сўнг:
– Орсинининг қариндош-уруғлари, уни шу кўйга солиб азоблаётганингизни билиб қолишса, улар сизни аяб ўтиришмас деб ўйлайман, — деди Изабелла.
– Бироқ Орсинилар хонадони мендан миннатдор бўлади.
Герцогиня бир неча қадам ташлаб, кейин тўхтади ва акасига тикилиб қаради.
– Иқрорномага агар мен имзо чексам, унда Орсинини қийнашни бас қиласизми?
Франческо ғазабини аранг босиб, бошини эгди ва қўлини орқага қилиб:
– Гап битта, – деди паст овозда.
Аёл унга назар солди. Башарасидан мунофиқлик уфуриб турган бу нусха наҳотки сўзда туриш деган нарсани ҳам билса, деган ўй миясидан лип этиб ўтди.
– Мен имзо чеккан иқрорнома нима бўлади?
– Эрингиз Браччано сизни севиб, ўз ожизлигини намоён этиб бўлган. Шу боис ҳам далил-исботсиз у менга ишонмайди.
Браччано ҳамон аёлни севишини эшитган герцогиня бундан ҳайрон бўлиб, саросималаниб қолди. Сўнг:
– Хизматкорлар, эҳтимол, барини етказиб улгуришгандир, – деди у.
– Хизматкорларни “кавуш”ингиз билан оёғини бир боссангиз кифоя, истаган гапингизни гапиртиришга уларни мажбур қилиш қийин эмас. Бироқ Браччано бундай далил-исботларга бўй бермайди.
Изабелла жим турарди.
– Хўш, – деди Франческо, – энди нима қиламиз?
Аёл унга қаради.
– Сиз нима деб ўйлайсиз? – сўради аёл ғалати қиёфада, – шу топда поп мени жон бераётган одам дея ҳисоблаши мумкинми?
– Шубҳасиз. Барибир сизнинг саноқли умрингиз қолди.
Изабелла ибодат учун хизмат қилувчи ўриндиқ ёнига борди-да, тиз чўкди ва юзини кафтлари билан беркитди.
Аёлнинг ибодат қилишига Франческо халақит қилмади. У художўй эди ва ҳар куни тонгда диний маросимда қатнашишни канда қилмасди, шундай бўлса-да, қўл ураётган жиноятларидан виждони қийналмасди, увоққина гуноҳлари эса баъзан қалбини қутқариб қолишга уни мажбур қиларди.
Кўп ўтмай Изабелла ўрнидан турди-да, акасининг кўзига тик қаради.
– Агар иқрорномага имзо чексам, Орсинини қийнашни бас қилишга сўз бердингиз.
– Ҳа, худди шундай, сўз бердим.
– Менга ҳозир, мана шу лаҳзанинг ўзида сўз бердингиз.
– Инкор этмайман. Нега бунча ижикилайсиз?
Аёл ўриндиқ тепасида осилиб турган Исо суратига қаради-да:
– Башарти сўзингиздан қайтсангиз, сизни жаҳаннамга равона қилишини ҳозир Яратгандан сўрадим, – деди аёл сўзларини чертиб-чертиб:
Франческонинг ранги қув ўчди. Ўша пайтда хурофий афсоналарга кўра, ўлаётганнинг дуоси алоҳида таъсир кучга эга эди.
– Мен сизга сўз бераман, – деди у зўрға.
Аёл столга ўтирди-да, қоғозга наридан-бери бир неча сатр қоралади ва уни акасига узатди.
Франческо вараққа кўз югуртириб чиқди ва уни қўйнига беркитди-да, эшик томон йўл олди. У остонада тўхтади ва совуққина қилиб:
– Иқрорномага бекор имзо чекдингиз, – деди – Орсини шундоқ ҳам ўзини мардона тутди: у ўлса ҳам чурқ этмасди.
– Шундай қилишига ишонардим.
– Шундай экан, жонингизга жабр қилиб нима зарур эди сизга?
Аёл уни бошдан-оёқ узоқ назардан ўтказди-да, оҳиста деди:
– Сиздек акалар бўлган бу дунёни ташлаб кетсам, ўзимни бахтиёр ҳис этаман, ишонаверинг.
Бу сўзлар Франческога қаттиқ ботди. Ундаги бор хусусиятларни яшириб турган ҳиссизлик ниқоби гўё бирдан тушиб кетгандек эди. Унинг башараси тиришди, остки лаблари титрай бошлади, оғиз очишга ҳам мадори қолмади. “Наҳотки бу бераҳм бирон нимани ҳис этишга қодир бўлса?” – хаёлдан ўтказди герцогиня ажабланиб. Акаси билан бўлган учрашувдан сўнг аёлнинг олган таассуротлари шундан иборат эди, холос. У синглисига ортиқ бир сўз демай чиқиб кетди.
Франческо ўлгудай чарчаганди. У паст овозда жаллодга маҳбусни бўшатишни ва Браччано етиб келгунча уни дурустроқ шароитда сақлаб туришни буюрди. У пайтлар Италияда синглисининг ахлоқсизлиги учун акаси унинг эридан кам таҳқирга учрамаса-да, бироқ ор-номус қоидалари узил-кесил ҳукм чиқаришни аёлнинг тан маҳрамига ҳавола этганди. Башарти эри, уларнинг икковидан ҳам ўч олмаса ёки ўч олишни истамаса, унда бу ишни охирига етказиш ва иснодни қон билан ювиш акасининг зиммасига тушарди.
Ўз ибодатхонасига латтадек бўшашиб кириб келган Франческо ўзини бир озгина қўйиб берди: бир неча соат бурун бўлиб ўтган воқеадан афсусланди; Изабелланинг ётоқхонасида бўлганини билдирмай, яхшиси, йўлида давом этгани маъқул бўлармиди. Бироқ шу заҳоти ўзининг ожизлигидан қўрқиб кетди. “Қандай қилиб, – ўйлади у, – ўз кўзим билан кўрганларимни кўрмадим деб мунофиқлик қилишим мумкин?” Миясига маҳкам ўрнашиб қолган хонага кириш илинжида пардани салгина кўтариб қараётган Изабелланинг хушрўй чеҳраси кўз олдидан кетмасди. “Йўқ, йўқ! – деди у бу дудмал ваҳимадан қўллари билан юзини беркитиб тиз чўкаркан. – Худойим! Майли, ўлса ўлаверсин! Майли, ўлаверсин! Бари тезроқ тугай қолсин!”
У ибодатдан сўнг ўзини анча хотиржам ҳис этди ва Браччанога ўзи ёқтирган ўгит-насиҳат усули тарзида узундан-узоқ мактуб ёзди. Хатга Изабелланинг тавбаси ва хизматкорлардан олинган кўрсатмалар ҳам тиркалди. Пировардида, бу хабарни муносиб тарзда қатъият билан қабул қилишини ва ор-номус учун жавобгарликни ўз зиммасига олган шахс сифатида ўч олишни кечиктирмасликни куёвига уқтирди. Узунқулоқ гапларга қараганда, баридан бизнинг воқифлигимиз, афтидан, замондошларимизни ҳайратда қолдирибди деган хабарни ҳам ўз маслаҳатида билдириб ўтганди. “Ёдингизда бўлсин, – деб ёзди Франческо, – эркакка зулм ўтказиш герцогиняни ҳаётдан маҳрум этади, ўзингизни аслзодалардек, насронийларга хос муносиб тутишни унутманг (“гicoгdаtеvi d еssег gеntiluоmо е сгistiаnо”).
III
Чопар Медичининг мактубини топшираётганда отга миниб олган Браччано мулозимлар орасида сенат йиғилишига кириш арафасида турарди. Унинг бутун диққат-эътибори герцогинянинг тавба-тазарруғи билан банд бўлгани учун шоша-пиша, наридан-бери хотинининг акаси юборган хатга кўз югуртирди-да, Изабелланинг нега Флоренцияда эканига тушунолмади. У миқ этмади, ҳатто сенатни огоҳлантириб қўйишга биронта одам ҳам жўнатмай, эс-ҳушидан айрилган телбадек Венециядан отилиб чиқди-да, ўз ер-мулки томон элтувчи йўлдан шиддат билан от чоптириб кетди. Унга ҳамроҳлик қилувчи аъёнларнинг эса бир-бирларига қараб-қараб қўйишдан ўзга чоралари қолмаганди. Бундай ўқдай учиб кетишдан муддао не эканини сўрашга биронтаси жазм этолмади. У эса отнинг яғринига энгашганча, жағини маҳкам қисиб, икки кўзини йўлдан узмай елдай учиб борарди.
Манзил узоқ эди. Отлар бир неча бор алмаштирилди. Герцог ҳеч кимга қарамас ва чурқ ҳам этмасди. Ўша пайтларда айтилишича, у “фош этмагунча” чурқ этмасликка ўзига сўз берганди.
Ойша ётоқхона деразасидан унинг отдан тушганини кўрди ва афт-ангоридан унинг баридан хабардор эканини ҳам фаҳмлади. Герцог ҳовлидан чопиб ўтди ва зинадан унинг қадам товушлари эшитилди. Герцогиня эри билан бўладиган учрашувни кутиб, хона ўртасида ғоз турарди.
Герцог ханжарни маҳкам қисганча, дарғазаб алпозда югуриб кирди-да, паст овозда:
– Жирканч махлуқ, бекангни чақир буёққа, – деб ўшқирди.
– У Флоренцияда, – хотиржам жавоб қилди Ойша.
Браччано отда елдек учиб бораркан, кўз олдидан нуқул ўша бир хил манзара кетмасди: югуриб хотинининг ёнига киради, иккала қўли билан кўйлагига чанг солиб, йиртади, сўнг сийнасига ханжар санчади. Буни қанча кўп ўйлагани билан манзара туссизланиб қолаётгани йўқ эди. Таассуротлар ҳар сафар ўша-ўша жонланганча хотирадан сира нари кетмасди. Мана, у телбаларча от чоптириб келаётганда ўйлаган интиқомдан лаззатланиш они етиб келди. Гарчанд хотинини қўлга туширишга аниқ ишонса-да, фақат шу ерда ва шу топда човут солишга шундай иштиёқ билан шайланган эдики, қўяверасиз. Афсуски, хуморбости учун човут солишга тирик жоннинг ўзи йўқ эди.
– Эй сен, қораялоқ фоҳиша! – ўшқирди у Ойшага ташланиб. – Икковингни тилинг бир сенларнинг! Биринчи бўлиб сени бўғизлайман!
– Пасткаш! – қичқирди Ойша ўз насл-насабига хос мағрурлик билан. – Аёл кишига тенг бўлиш сиздек жангчи учун уят эмасми?!
Ўша заҳоти Ойша ёввойи мушукдек абжирлик ва шердек довюраклик билан унга ташланди-да, уни тепиб, тишлаб, тимдалаб, ҳамласини қайтара кетди. Аёлларга ҳирс қўйган герцог эса бу жангда ўзини ноқулай ҳис этарди. У аранг кўзини эҳтиётлаб қолди ва кулги бўлганини сезди. Ойша ахири унинг қўлидан тишлаб олди ва у ханжарни қўлидан тушириб юборди; энди герцог Ойшани томоғидан бўғишга ҳаракат қилиб, астойдил олиша кетди. Кураш унинг ғазабини босганди. Герцог ўз ғанимининг куч-қувватидан ҳайратда, жасурлиги эса уни мафтун этганди, аёлнинг эпчил ҳаракатлари, хушбўй иси, баданидаги йилтираб турган маржон-маржон тер томчиларидан эса ҳаяжонини босолмасди. Унинг кўйлаклари дабдала бўлиб кетганди. Герцогнинг кўзи унинг диркиллаб турган буғдойранг сийналарига тушди. Охири у қизнинг гавдаси ва иккала қўлини биргина чап қўли билан маҳкам қисди-да, ўнг қўлини унинг бўйнига олиб борди.
– Хўш, нимани кутяпсан? – мағрур туриб деди Ойша истеҳзо билан. – Ўлдир!
– Шаллақи қораялоқ! – бўкирди Браччано, гўё уни тишлаб олмоқчидек, оппоқ тишларини тиржайтириб.
У қизни ерга ирғитди-да, қўлини қўйиб юбормай бор бўйи билан унинг устига ётиб олди ва ўз оғирлиги билан уни эза бошлади.
Герцог тураётганда, Ойша унинг ханжарини сездирмай олди-да, унинг ўзига узатди ва хотирадан ўчмайдиган нигоҳ ила:
– Энди ўлдиравер. Мен ўзимни бахтиёр ҳис этаяпман, – деди.
Шу лаҳзада герцог ўзига-ўзига ҳаддан ташқари кулгили кўриниб кетди. Ойшанинг кўзида порлаб турган меҳр герцогни ўзига бўлган ҳурматини сақлаб қолишга мажбур қилди. Бу кучли садоқатни қадрлаш ва уни англаш учун герцогда фаросат етарли эди. У ханжарни қинига сола туриб, мавр қизининг бошини силади-да, мулойимлик билан:
– Ойша, бор гапни яширмай менга айтиб бер, – деди.
Герцог куч ишлатиб қиздан бир оғиз ҳам гап ололмасди. Мулойимлик Ойшанинг қаршилигига барҳам берди. У бор гапни миридан-сиригача, яширмай, самимият ила сўзлаб берди. Герцогни кимдир гўё азоблаётгандек эди. У бошини чангаллаганча инграб, хонанинг у ёғидан-бу ёғига бориб келарди. Ойша сурати ҳақида гапириб берганда эса герцогнинг кўзларидан ёш отилиб чиқа бошлади. “Барига айбдор ўзим, – деди у маъюс. – Нима бўлганда ҳам у барибир ўлиши керак”.
Герцог Медичига чопар жўнатди. У Орсинини таъзирини бериб, бир ёқли қилишни бутунлай қайнағасига ҳавола этди-да, хотинининг келишини талаб қилди. Мактубни олган Франческонинг фиғони фалакка чиқди: қачонлардир унинг қўл остида урушда бўлган икки турма назоратчиси ёрдамида Орсини фурсат ғаниматда қочиб қолганди ва у билан бирга яширинганди.
Герцогиня кўп сонли қуролланган отлиқ аскарлар тўдаси ҳамроҳлигида ҳамма томони берк аравада Браччано саройига етиб келди. Герцогинянинг жўнашидан икки кун аввал унинг руҳонийси орқали Орсини бўйнига олишга уни зўрламаганларини ва герцогиняни қутқариш учун чора излаб топишини маълум қилишга улгурганди. Герцогиня ҳам худди шу йўл билан Орсинига ўзбошимчалик қилмаслигини, ҳозирча унга ҳеч бир хавф йўқлигини айтиб, уни ишонтирганди. Герцогиня унга ўзини эҳтиёт қилишини ва Франциядан бошпана топишини буюрди. Орсини унга ишонди ва итоат этди. У чегарадан ўтиб олди ва бир неча кундан сўнг Парижга етиб келди.
Герцогиня уйга қайтган кун Браччано Венеция сенатидан бундай ўзбошимча ҳаракатнинг сабабини тушунтириб беришини ниҳоятда аччиқ тарзда сўраб ёзилган чақирув мактубини олди. Узрли сабабсиз, ҳатто огоҳлантиришсиз тўсатдан Венециядан жўнаб кетиши билан сенатни ҳақоратлаганди ва сенат уни хоин деб гумон қилишига ҳам оз қолганди. Браччано тезроқ қайтиб боришга ва сенатни хотиржам қилишга ошиқарди. У нияти жиддий эканини ва ундан воз кечишни хаёлига ҳам келтирмаётганини айтиб, сенатни ишонтирди-да, ниятини амалга ошириш учун енг шимариб ғайрат билан киришиб кетди. Бир ой ўтиб, флот мавр ҳарбий сафарига тайёр бўлгач, уйга қайтиб, ишларини тартибга келтириш учун сенатдан рухсат сўради.
Герцог ўз қасрига 1576 йилнинг 7 августида етиб келди. Франческо герцогиняга ханжарни узатган онданоқ аёл умрининг саноқли кунлари қолганини биларди ва Браччано дарғазаб венецияликларни тинчитгунга қадар у кечиктиришнинг боиси нимада эканини тинмай ўйлар экан, ҳайрати ортарди. Оқшом тушгач, герцог бир соатдан сўнг герцогинянинг ёнида ҳозир бўлишини хабар қилганида, аёл янада ҳайратланганди. Герцогиня, энди герцог мени кўришни умуман истамаса керак ва ўрнига яқинларидан биронтасини жўнатар деган хаёлда эди, негаки, асилзодалик насаби аёлни жаллод қўлига бориб тушишдан ҳимоя қиларди. Герцогнинг ўзи келиши уни ҳамон ҳайратга соларди. Унинг ташрифи аёлнинг ўлимидан дарак берса-да, у ўлим тўғрисида ўйламасди. Аёлнинг фикри-зикри эрини кўриш эди.
Бу орада герцогинянинг туйғуларида ғалати ўзгариш содир бўлди. Орсинини хавф-хатар четлаб ўтгандан буён аёл уни эсламай қўйганди ва бир-бирлари билан яқин бўлган икки ойлик давр ҳам герцогинянинг ёдидан ўчиб кетганди. Унинг келажаги бўм-бўш, ҳозири эса ўлимини кутиш билан ўтмоқда эди; шу боис аёл ўз ўтмиши билан яшарди, ва – ажаб савдо! – айнан ўша узоқ ўтмиш билан у герцогга бўлган илк муҳаббатини қайтадан бошидан кечирмоқда эди.
Ҳеч бир келин ўз тўйига Изабелла бу сўнгги учрашувга тайёргарлик кўргандек тараддудланмасди. Аёлнинг турмагини Ойша қайта-қайта ўзгартирарди. Ҳеч бири унинг дидига ўтиришмасди. Кўйлак танлашда ҳам бирини байрамона эмас деб, яна бирини ранги ёрқин эмас дея баҳона қиларди. Ойша ёнида ўтириб, қимматбаҳо тақинчоқларини таққанида эса герцогиня янада гўзал ва хурсанд кўриниб кетдики, буни кўриб турган Ойша: наҳотки қўрқмаётган бўлсангиз? – деб сўрашга журъат этди. “Қўрққанда қандоқ, – деди аёл мафтункор маънодорлик билан – у менга яхшироқ тикилмай туриб, мени ўлдириб қўйишидан қўрқаяпман.”
Аёл узоқ ўйлаб, турмакнинг ҳам, тақинчоқларнинг ҳам, кўйлакнинг ҳам ҳозир вақти-соати эмас, деган хулосага келди. Баридан воз кечди.
Ниҳоят у гўзал елкаларини кўз-кўз қилишга имкон берувчи тунги кўйлакда тўхтади ва узун сочларини ёйиб юборди, Браччано герцогинянинг сочлари елкалари билан битта бўлиб ёйилиб турган пайтда кириб келди ва остонада турганча танг қотиб қолди. Унга “яхшироқ қарамай” туриб уни ўлдириб қўйишидан энди Изабелла қўрқмаса ҳам бўларди. Герцогнинг на гапиришга ва на жойидан қимирлашга мажоли қолганди.
Қачонлардир у мавр юришидан қайтганида, асосан қизил рангли гиламлар ва қалин матолар олиб келганди. Изабелла улар билан деворларни, ерни безатиб ташлаганди, шу боис хона қуш уясидек осойишта ва шинам эди. Ётоқхонасини хушбўй ислар билан тўлдириб ташлаш ва уни гуллар билан безаш герцогинянинг жону дили эди. Биргаликдаги узоқ йиллик турмушлари мобайнида герцог бу қадрдон хонага минг маротаба қадам ранжида қилган ва хотини ўрим-ўрим қалин сочларини ёйгани устига кириб ҳам қоларди. У мана шу лаҳзаларнинг, мана шу хушбўй ифорнинг ва шу сукунатнинг шайдоси эди. Шу билан бирга, тонг ёришгунча баридан абадий жудо бўлишини билса-да, бошидан ўтказган қувончу севинчларга у яна бир бор қайта олганди. Герцогнинг тўсатдан миясига урилган Изабелла худди шу ерда Орсинига ўзини бағишлаган деган фикр уни аллақачон тарк этиб улгурган, ғазаб ва қатъият яна ўз жойида қарор топганди. У олдинга бир қадам ташлади-да, ханжарини суғурди. Бундан ортиғига ўзида куч тополмади. Герцогнинг жойидан қўзғололмай турганини кўрган герцогиня шошилмай унга пешвоз чиқди. У тавба-тазарруга берилган одамдек кўзини ердан олмасди, герцог эса уни ҳеч қачон бундай итоаткор ҳолда кўрмаганди.
– Жаноб, – деди аёл унга яқин бориб, – мен олдингизда гуноҳкорман.
Шунда аёл Орсинига ўзини бағишлаган тунда худди шу сўзларни унга ҳам айтганини эслади. Ўз хотираларидан ўзи ерга кириб бораётган герцогиня эрининг оёғига йиқилиб тиззаларини маҳкам қучди.
– Ўлдиринг мени! – қичқирди у ғазаби ошиб. – Ўлдиринг! Мен шунга лойиқман.
Браччано ҳайратдан тили айланмай қолганди. У, аёл унинг бошдан кечирган саргузаштларини юзига солиб, уни ҳақоратларга кўмиб ташлар, ёки бундан ҳам баттари, такаббурлигига бориб, миқ этмаса керак деб ўйлаганди. Бу мағрур аёл итоаткор гўдакдек унинг оёқлари тагида ётарди. Аёлнинг чин юракдан пушаймонлиги герцогнинг кўнглини бузиб юбордигина эмас, уни ўз қилмишларига бир назар ташлаш учун орқага ўгирилиб қарашга ҳам мажбур этганди. Эрига хиёнат қилган бевафо аёлларга ўлим жазоси беришга мажбурловчи урф-одатларнинг адолатсиз эканини у яхши тушунарди. “Мен-чи, наҳотки менинг ундан кечирим сўрашим лозим бўлмаса?” – деб ўйлади мушкул аҳволда қолган герцог. – Унга айб қўйишга мендек одамнинг нима ҳаққи бор?”
– Хоним, – деди у ҳаяжонланиб, узуқ-юлуқ овозда, – ахир, мен ҳам сиздан…
У гапини давом эттиролмади – томоғига нимадир тиқилгандек бўлди ва кўзига ёш тўлди. Герцог энгашди-да, хотинининг елкасидан қучиб, уни турғазишга уринди.
– Изабелла, – деди герцог титроқ овозда, – олдингизда қанчалик гуноҳкор бўлмай, қасам ичиб айтаманки, кўнглимга сиздан ўзгани ҳеч қачон йўлатмаганман.
Кутилмаган чексиз бу бахтдан аёлнинг юраги тарс ёрилай дерди. “ Демак, у фақат мени севган!” – қувонч билан хаёлдан ўтказди аёл. У бирдан енгил тортди-ю, бир қанот қоққанча ҳузур-ҳаловатнинг энг юқори чўққисига бориб қўнгандек туюлиб кетди унга. Аёл бошини Браччанонинг кўкрагига қўйди-да, бағрига маҳкам ёпишди. “У мени ҳали ҳам севади”, – деди у ўзича ва бахтнинг шиддатли гирдоби гўё уни аллалаб аллақаерларга олиб кетгандек бўлди. Шу топда у ҳеч бир куч сарфламай самоларга парвоз қилади-да, ёқимли шамол унинг юзларини силаб ўта бошлайди.
– У мени ҳали ҳам севади, – деди аёл шивирлаб, ҳузур билан герцогнинг нимчасига лабларини босаркан. – Демак, мен бу дунёни бахтли аёл бўлиб тарк этаман.
– Адолатдан йироқ бу урф-одатларимиз билан менинг неча пуллик ишим бор! – бирдан овозининг борича қичқирди Браччано, гўё герцогинянинг фикрига жавоб қайтаргандек. Юқори табақадагилар менга нафратни муносиб кўрмаганлари учун сени ўлдиролмайман-ку! Биз Италиядан бутунлай бош олиб, Францияга кўчиб кетамиз…
Герцогиня эрининг оғзини қўли билан беркитди-да, сўнг оёқ учида кўтарилиб, лабларини унинг лабларига оҳиста теккизди.
– Азизим, барибир мени ўлдиришингиз керак, – деди аёл хотиржам, қатъий оҳангда ва ундан нари кетди.
– Изабелла! – қичқириб хитоб қилди Браччано.
– Менга қулоқ солинг, – деди аёл ёқимли жилмайиб. – Мендан-да муҳимроқ нарсалар ҳаётингизда талайгина, агар мен туфайли буларнинг баридан воз кечгудек бўлсангиз, бир умр азобда қоласиз. Наҳотки ўзингизга шундай қисматни раво кўрсангиз, Паоло! Ор-номуссиз, шон-шуҳратсиз, жангу жадалсиз ҳаётни-я?! Наҳотки барини биргина аёлга алмашсангиз!
Герцогиня тўхтаб қолди. У: “Сизга бевафолик қилган аёлга-я”,– демоқчи бўлганди-ю, бироқ журъати етмади. Браччано хонага кириб келган дақиқадан бошлаб, у Орсинидан нафратланарди. Унинг ягона истаги: Орсинини бошқа тилга олмаслик, у ҳақда ўйламаслик ва у билан боғлиқ барча хотираларни ўз ҳаёти билан қўшиб бутунлай йўқ қилиш эди.
– Эртага, – деди изтиробда қолган герцогиня, – кампир бўлиб қоладиган аёл учун-а?!
“Мен бир кун эмас-бир кун барибир қариб, бадбашара аёлга айланаман”,– ўйлади у, ҳўнграб йиғлашдан ўзини зўрға тийиб. – Ўшанда у мени ёмон кўриб қолади. Паоло ўз ор-номусини бекорга фидо қилгани қолади”.
Эшик тақиллади.
– Нима гап? – бақирди герцог чўчиб тушиб.
– Бу мен, – Ойшанинг овози эшитилди. – Герцог Медич жанобларидан чопар келди. У мактуб келтирибди.
Браччано эшикни очди ва Ойша мактуб билан кичкинагина қутичани унга топширди. Герцог муҳрни бузиб мактубни очди-да, юз ифодасини ўзгартирмай унга кўз югуртирди ва ўқиб бўлгач, герцогиняга ғалати қараб қолди.
– Хоним, – деди у аёлнинг юзига диққат билан боқаркан, – гап шундаки, акангизнинг менга хабар беришича, Орсини Парижда номаълум кимса томонидан тунда пилта милтиқдан отиб кетилган.
– Ҳар ҳолда, – давом этди у герцогинядан кўз узмай, – бу ҳақда Франческо шундай деб ёзади. Биласиз-ку, у ҳар бир сўзни чертиб-чертиб гапирадиганлар тоифасидан эканини. У яна шуни қўшимча сифатида маълум қиладики, унинг хизматкорларидан икки киши тасодифан воқеа содир бўлган ерда бўлган ва Орсинининг ўлимига исбот сифатида узукни ўзлари билан олиб келишган. Ўша узук мана бу қутида, – у қутини герцогиняга узатди. – Малол келмаса, уни очсангиз ва бу узук чиндан ҳам унга тегишлими ё йўқлигини менга айтсангиз?
Бу қадар куйиниб айтилган гаплардан сўнг ҳам унинг бахтсизликдан дарак берувчи ваҳимаси герцогиняни саросимага солиб қўйганди. Нима қилаётганига деярли ақли етмай қолган аёл қутичани очди-да, паришон ҳолда ичидаги нарсага боқди. Шу пайтда аёл бу хизматкорнинг қачонлардир ўзининг ҳаётида тутган ўрни қандай бўлганини бутунлай унутганди.
– Ҳа, бу Орсинининг узуги, – деди аёл бутунлай бепарво оҳангда.
Нима қилиб бўлса-да, аёл ўз ҳаяжонини ошкор қилиб қўйишидан умидвор бўлган герцогни бу оҳанг боши берк кўчага киритиб қўйганди.
“Демак, у Орсинини севмаган экан-да,”—деб ўйлади герцог калласига келган бу фикрдан чўчиб. Бироқ унинг рашки тўғри келган жойдан ўз нафсини қондириб кетаверарди. Орсинини севмагани учун герцогинянинг гуноҳи унга янада оғирроқ туюлиб кетди. “Бу қанақаси бўлди, – хаёлдан ўтказди у тўсатдан қаттиқ ғазабланиб, – кўнгил қўймай туриб хизматкорга ўзни бағишлаш!”
Герцог шу қадар диёнатли ва самимий одам эдики, бу туйғуларнинг бари бирин-сирин унда акс этиб борарди ва Изабелла унинг фикридаги энг нозик фарқни ҳам осонгина илғаб оларди.
– Нима қиламиз! – деди аёл эшиттириб. – Кўриниб турибди, сиз мени ҳеч қачон кечира олмайсиз. Шундай бўлгач, ўлим энг тўғри чора.
Браччано қалтирай бошлади. Иккиланишнинг азоби унга ўз ҳукмини ўтказарди: хотинини ўлдиришга унинг қўли бормасди, гуноҳидан ҳам ўтолмасди.
– Шуниси ҳам борки, – деди герцогиня, ўнг қўли билан қутичани олиб, Браччанога кўрсатаркан, – балки энди тушунгандирсиз, агар мен ожизлик қилиб, сиз билан Францияга қочиб кетишга рози бўлганимда, шундай кунлар менинг ҳам бошимга тушган бўларди!
– Унда Франческони ўз қўлларим билан бўғиб ўлдирардим! – деди герцог ваҳшиёна бақириб.
– Наҳотки, – эътироз билдирди Изабелла, – у сизни аяб ўтиради деб ўйласангиз? Мени гумдон қилганидан сўнг сизни тирик қолдиришига ҳеч кимнинг кўзи етмайди. Браччано саросимада хонанинг у бошидан-бу бошига бетоқат бориб-келарди. Унинг миясига ҳар хил телба-тескари фикрлар келарди. Франческонинг таъзирини бериш учун унинг ёнига кўпам шошмайди. У Франческога қарши бўлган унинг барча душманларини оёққа турғазади. У Италияни қўлга киритади ва одамларни, ҳукуматни Изабеллани кечиришга мажбур этади. Изабеллани афв этишни ва тахтни у билан баҳам кўришни ҳали халқнинг ўзи ундан ёлвориб сўрайди.
– Хом хаёлларингизга кўпам эрк бераверманг, Паоло, – деди герцогиня унинг қучоғига ўзини отиб, – бироқ биз икковимиз ҳам ўз табақаларимизнинг қулимиз. У бизни ўзи истаган кўйига солиши мумкин. Сиздан ягона ва арзимаган ўтинчим бор эди.
– Қани! – зўрға шивирлади Браччано.
– Тонггача яшашимга рухсат берсангиз.
Браччано унга қаради-да, кўзларидан тирқираб ёш оқа бошлади ва зўрға:
– Майли, бу мурувватдан сизни бебаҳра этолмайман, – деди у ниҳоят, бу сўзлар билан энди герцогинянинг тақдири бир ёқлик бўлганини пайқамай.
У бирдан енгил нафас ола бошлади. Герцогни бу ўтинчга кўндира олишига кўзи етмаётганидан аёл ташвишда эди. “Энди, – ўйлади у роҳатланиб, Браччанонинг юзларидан тинимсиз бўса оларкан, – мени кексалик ҳам, бадбашаралик ҳам, герцогнинг нафрати ҳам таъқиб этолмайди. Унинг қўлларида ўша-ўша гўзал ва азиз аёллигимча жон бераман. Эрим мени то абад севади”.
Тун ҳаддан ташқари изтиробли ишқий қувончларга бой бўлди. Герцог гоҳ оташин севгидан маст бўлар, гоҳ рашк ўтида қовриларди. “Наҳот, – ўйлади у, суюкли ёрини бағрига боса туриб, – Орсини ҳам Изабеллани шундай бағрига босган бўлса?” Изабелла ростдан ҳам Орсинини севмаганмикан? Ёки мени чалғитиш учун ўзини бепарволикка солиб, муғомбирлик қилаяптими?.. “Изабелла унинг барча фикрларини кўз қарашларидан уқиб оларди. Шу тобда герцогнинг нигоҳлари ажиб бир тарзда қотиб қолганди. Аёлнинг жонини тонг ёришгунча сақлаб қолишга сўз бермаганида, герцог буни пайсалга солиб ўтирмасди – уни аллақачон бир ёқлик қилиши мумкинлигини Изабелла бир-икки марта хаёлидан ўтказди.
Герцогиня фарзандининг отасига бениҳоя меҳрибонлик билан табассум ҳадя этди-да, бежирим қўлларини эрининг қўллари устига қўйди ва бирдан ханжарнинг сопини шиддат билан силтаб уни ўз кўкрагига санчди. Қон тизиллаб оқа бошлади. Изабелла чуқур оҳ тортди-да, шошмайгина, худди уйқуга кетаётгандек, бошини ёстиққа қўйди. Герцог хотинини ўлдириб қўйганига шубҳа қилиши учун унинг ҳаракатлари гўё атайин қилингандек шу қадар хотиржам эди. Бироқ Изабелланинг руҳсиз чеҳраси тўзиб ётган сочлари орасида қимирламай қотиб қолганди. Бир лаҳзадан сўнг герцог энгашди-да, аёлни ўпди. Аёлнинг лаблари совуқ ва жонсиз эди.
Рус тилидан Дилдора Алиева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон