Роалд Дал. Полковникнинг совғаси (ҳикоя)

Америка – аёллар учун улкан имкониятлар мамлакати. Ҳозирда улар бутун миллат бойлигининг тахминан саксон беш фоизига эгадирлар. Тез орада эса улар бутун бойликни ўз қўлларига олишади. Ажрашиш жараёнлари уларга катта миқдорда даромад топишнинг осон йўлига айланиб қолган. Эрнинг ўлими ҳам яхшигина даромад келтиради ва айрим хонимлар шу йўлдан фойдаланишни маъқул кўришади. Улар бир кун келиб, сабрлари мукофот билан тақдирланишига ишонишади; ортиқча зўриқиш ва қон босими ўз ишини қилади ва бечора эр қўлида дори солинган шишани ушлаганича жон беради.
Ёш америкаликлар ажрашиш ва ўлим таҳдидидан унчалик ҳам ташвиш чекишмайди. Ёшлар, ҳаттоки вояга етгунча ҳам сабрлари чидамай уйланиб олишади ва ўттиздан ошган пайтларида камида иккита собиқ хотинларига пулларини совуришга улгуришади. Соҳибжамолларининг фаровон ҳаёт кечиришлари учун эркаклар қулдек ишлашади. Ниҳоят, камолга етгач, уларнинг қалбини зерикиш ва қўрқув эгаллай бошлайди. Улар кеч кириши билан барларга боришади. Бу ерда виски ичиб, бир-бирларига «ҳаётий ҳикоялар»идан сўзлашади.
Бу ҳикояларнинг мазмуни бир хил. Уларда учта қаҳрамон бўлади: эр, хотин ва итвачча маъшуқ. Эр – содда ва буюк меҳнаткаш. Хотин – айёр ва хиёнаткор мавжудот. У итвачча билан бирга турли найранглар ўйлаб топади. Эр эса ишонувчан бўлганлиги учун хотинидан шубҳаланмайди. Наҳотки бечора умрининг охиригача шундай яшаб ўтса? Шунақа бўлса керак. Лекин бир дақиқа! Кутилмаганда, эр хотинига шундай зўр зарба берадики, хотин ўзининг мағлуб бўлганлигини ҳис этади.
Биз қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа ана шундай. У сизга ёқса керак. У тахминан мана бундай:
Мистер ва миссис Биксби Ню-Ёркдаги хонадонлардан бирида истиқомат қилишарди. Мистер Биксби ўртача пул топадиган тиш шифокори эди. Миссис Биксби кўҳликкина аёл эди. Бир ойда бир марта ва фақат жума кунлари у Пенсилвания шоҳбекатидан кундузги поэздга чипта сотиб олиб Балтиморда яшайдиган холасини кўргани борарди.
У холасиникида тунаб қолар, эртасига эса Ню-Ёркка қайтар ва эрига кечки овқатни тайёрлашга ҳам улгурарди. Мистер Биксби хотинининг бу одатига қаршилик қилмасди. У Мод холанинг Балтиморда яшашини ва хотинининг бу кампирга боғланиб қолганлигини биларди. Уларни учрашувдан маҳрум қилиш адолатдан эмас, деб ҳисобларди.
– Сени кузатиб қўяйми? – дерди мистер Биксби.
– Йўқ, азизим, – жавоб қайтарарди миссис Биксби.
Лекин аслида, холаси миссис Биксби учун зўр баҳона эди, холос. Полковник лақабли итвачча пистирмада кутиб турар ва хонимимиз Балтимордаги асосий вақтини унинг ҳузурида ўтказарди. Полковник ўта бой эди. У шаҳар четидаги ҳашаматли уйда яшарди. Оила қурмаган бу кишининг бир неча нафар содиқ хизматкорлари бўлиб, у миссис Биксби йўқ кунлари от миниш ва тулки овлаш билан вақтини ўтказарди.
Миссис Биксби ва Полковник ўртасидаги алоқа узвий давом этиб келарди. Улар кам кўришишгани учун (бир йилда ўн икки марта унчалик кўп эмас) бир-бирларидан зерикишларига асос йўқ эди. Аксинча, учрашувлар орасидаги узун танаффуслар уларнинг бир-бирига бўлган интилишларини кучайтирарди.
– Жонгинам! – қичқирарди Полковник ҳар сафар уни лимузин машинасида ўтирганича шоҳбекатда кутиб оларкан. – Севгилим, қанчалар гўзалсан! Кетдик, уйимизга…
Шу зайлда саккиз йил ўтди.
Рождество байрами яқинлашаётганди. Миссис Биксби Балтимор шоҳбекатида Ню-Ёркка қайтадиган поэздни кутиб турарди. Ҳозиргина тугаган висол онлари ҳар галгидан-да ёқимли бўлган ва шунинг учун унинг кайфияти аъло эди. Умуман олганда, Полковник билан мулоқотда бўлиш доимо унинг кайфиятини кўтарарди. Бу киши уни ўзини бутунлай бошқача, гўзал аёлдек ҳис қилишига сабабчи бўлар, ана шундай пайтларда у шифокор эрининг қанчалар нотавон эканлигини ўйларди.
– Полковник мана буни сизга бериб қўйишимни буюрди, – кимнингдир овози эшитилди. У ёнига ўгирилди ва Полковникнинг қари хизматкори Уилкинсни кўрди. Унинг қўлида катта картон қути бор эди.
– Ё Худойим! – ҳаяжон билан хитоб қилди миссис Биксби. – Қандай катта қути! Бу нима, Уилкинс? Хат-пат ҳам бериб юбордими?
– Йўқ, бермади, – деди хизматкор ва қайтиб кетди.
Миссис Биксби поэздда қутини бегона кўзлардан яширди. Қандай ёқимли – Полковникнинг совғаси. У қутига боғланган ипни ечишга киришди. – Кўйлак бўлса керак, – деди у ўзига ўзи. – Балки, иккита кўйлакдир. Ҳозир қарамайман. Яхшиси, сийпалаб кўриб, нималигини билишга уриниб кўраман. Унинг ранги ва нархини ҳам аниқлашга уринаман.
У кўзини маҳкам юмди, қути қопқоғини очди ва қути ичидаги нарсани пайпаслади. Унинг қўлига шилдироқ қоғоз урилди. Кейин эса хатжилдни ушлади. Шилдироқ қоғоз остига аста қўлини тиқди.
– Ё, Худойим! – хитоб қилди у бирдан. – Бўлиши мумкин эмас!
У кўзларини катта-катта очиб, мўйна палтога тикилди ва шу заҳоти уни қутидан юлқиб олди. Мўйнани бор-бўйи билан кўрган миссис Биксбининг нафаси тиқилиб қолди.
Бундай мўйнани у умрида кўрмаганди. Наҳотки, бу норка бўлса? Ҳа, шубҳасиз. Ранги ҳам ажойиб! Қоп-қора. Унга дастлаб шундай кўринганди, лекин ёруғга тутганида у мўйнанинг кўкимтир тусда эканлигини кўрди. У мўйнанинг ёрлиғига кўз югуртирди. Унда «лабрадор норкаси» деган ёзув бор эди, холос. Унинг қаэрдан харид қилингани, нархи йўқ эди. Бу ҳақда, ўйлади миссис Биксби, Полковникнинг ўзи бош қотирган бўлса керак. Қари тулки изини йўқотишга ҳаракат қилган. Қойил. У неча пул тураркин? Ўйлашнинг ўзи даҳшат. Тўрт, беш, олти минг доллар. Эҳтимол, ундан ҳам қимматроқдир.
У мўйнадан кўз узолмасди. Уни кийиб кўрмасликнинг ҳам иложи йўқ эди. Ҳаяжондан зўрға нафас оларкан, у бир лаҳзада эгнидаги қизил палтосини ечиб ташлади. Мана буни палто деса бўлади!
Палто миссис Биксбига қуйиб қўйгандек лойиқ келди. Мў‘жиза! У кўзгуга қаради. Бойлик, салобат, гўзаллик, нафосат – кўзгудаги аёлда буларнинг барча-барчаси мужассам эди. У ўзини қудратли ҳис этди. Бундай мўйнада истаган жойига бориши мумкин, ҳамма унинг атрофида гирдикапалак бўлади. Буни сўз билан ифодалаш қийин.
Миссис Биксби қути ичидаги хатжилдни олиб очди ва унинг ичидан Полковникнинг мактубини олди:
«Бир пайтлар сен мўйна палтони ёқтиришингни айтгандинг. Марҳамат. Менга унинг жуда зўрлигини айтишди. Буни хайрлашув совғаси сифатида қабул қил. Ўта шахсий сабаблар оқибатида энди сен билан учраша олмайман. Хайр».
Оҳ!
Қандай даҳшат!
Худди мусаффо осмонда момақалдироқ гумбурлагандек бўлди.
Энди Полковникни ҳеч қачон кўрмайди. Қандай зарба. Уни жуда соғинади. Миссис Биксби ўйга чўмганича мўйнани силай бошлади.
Қаэрда топиб, қаэрда йўқотишингни ҳеч қачон билмайсан, деганлари рост экан…
У илжайди ва мактубни йиртиб ташлаш учун ўгирди, бироқ орқа томонда ҳам ёзув борлигига кўзи тушди.
«Эрингга буни холанг совға қилганлигини айтарсан».
Миссис Биксбининг табассумдан кенгайган лаблари худди резинадай йиғилиб қолди.
– Жинними у! – қичқирди у. – Мод холам бунча пулни тушида ҳам кўрмаган. У бундай мўйна совға қила олмайди.
Лекин агар бу холасининг совғаси бўлмаса, унда кимники?
Э, Худо! Мўйнага эришганидан қувониб энг муҳим нарсани ёдидан чиқарибди.
Икки соатдан сўнг у Ню-Ёркда бўлади. Яна ўн дақиқадан кейин эса уйига кириб боради. Ҳаттоки, тиш ва кариэсдан бошқа нарсани билмайдиган эри Сирил ҳам хотини агар эгнида олти минг долларлик палто билан кириб борса шубҳаланиши тайин.
«Менимча, – ўйлади у, – менимча, лаънати Полковник устимдан кулиш учун буни атай қилган. У Мод холамнинг бундай мўйна сотиб олишга қурби етмаслигини билган. У буни кия олмаслигимни билган».
Лекин миссис Биксби бу мўйнадан ажралишини энди тасаввур қилолмасди.
– Бу мўйна меники бўлади! – деди у овозини чиқариб. – Меники бўлади! Бўлади!
Хўп, яхши, азизим. Бу мўйна сеники бўлади. Фақат жазавага тушма, ўтир, тинчлан ва ўйла. Сен ахир ақллисанку, шундайми? Сен уни ҳар доим алдаб келгансан. Унинг ақли тиш оғриғидан бошқа нарсага етмаслигини биласан. Шундай экан, ўтириб ўйла. Ҳали вақт бор.
Икки ярим соатдан сўнг миссис Биксби Пенсилвания шоҳбекатида поэзддан тушди. Унинг эгнида ўзининг эски қизил палтоси бўлиб, қўлида картон қути бор эди. У такси тўхтатди.
– Ҳайдовчи, – деди у, – яқин атрофдаги бирорта ломбард (гаровга қўйиш жойи-Т.)ни биласизми?
Таксичи қошини чимирди, ўгирилди ва унга ажабланиб қаради.
– Олтинчи авенюда бор, – жавоб қилди у.
– Унда ўша ёққа кетдик. – Миссис Биксби машинага чиқди.
Бир оздан кейин такси эшиги тепасида учта мис шар ўрнатилган ломбард олдида тўхтади.
– Шу ерда кутиб туринг, илтимос, – деди миссис Биксби ва ломбардга кириб кетди.
Пештахта устида катта мушук тунука товоққа энгашганича балиқ ерди. У миссис Биксбига бир қараб қўйиб, овқатланишда давом этди. Миссис Биксби атрофга кўз югуртирди: соатлар, тақинчоқлар, эски дурбин, синиқ кўзойнак кўзга ташланди.
– Хўш, хизмат? – ичкаридан ломбард эгаси чиқди.
– Ҳа, хайрли оқшом, – деди миссис Биксби. У қутини оча бошлади, ломбард эгаси мушукни силади.
– Буни қаранг, – деди миссис Биксби. – Ҳамёнимни тушириб қўйибман. Бугун шанба, ҳамма банклар душанбагача ёпиқ бўлади. Менга эртагаликка пул зарур эди. Бу жуда қиммат палто, лекин менга кўп пул керак эмас. Душанбагача етса бўлди. Ўша куни келиб палтони олиб кетаман.
Ломбард эгаси уни жимгина тинглади. Лекин миссис Биксби палтони олиб, пештахтага ёйганида, унинг кўзлари чақчайиб кетди. У мўйнани қўлига олди.
– Агар соатим ёки узугим бўлганида, – деди миссис Биксби, – унда албатта мўйнани бермаган бўлардим. Афсуски, шундан бошқа гаровга қўядиган нарсам йўқ. – У гапининг исботи сифатида қўлларини чўзди.
– Янгига ўхшайди, – ломбард эгаси завқ билан мўйнани силаркан.
– Албатта. Лекин, боя айтганимдек, менга душанбагача пул керак. Эллик доллар бера оласизми?
– Бераман.
– Бу юз баробар қиммат туради, лекин унга ҳеч нарса бўлмайди, деб умид қиламан.
Ломбард эгаси стол ғаладонидан гаров чиптасини олди ва пештахта устига қўйди.
– Исмингиз? – сўради у.
– Исмимни ёзманг. Манзилимни ҳам.
Ручка чипта устида қотиб қолди.
– Исм ва манзилни ёзиш унчалик шарт эмасдир?
Ломбард эгаси елкасини қисди, бурнини тортиб қўйди.
– У ҳолда чиптани йўқотиб қўйманг.
– Йўқотмайман.
– Бу чипта қўлида бўлган ҳар қандай одам келиб сизнинг буюмингизни талаб қилиши мумкинлигини биласизми?
– Ҳа, биламан
– Унда нима деб ёзай?
– Ҳеч нарса ёзманг. Бунинг ҳожати йўқ. Фақат гаров пулини ёзсангиз бўлди.
– Бўпти, майли, – деди ломбард эгаси. – Хоҳишингиз.
Шу пайт миссис Биксбининг хаёлига нохуш фикр келиб қолди.
– Ҳм, – деди у, – бир нарса. Чиптада ҳеч қандай ёзув йўқ бўлса, бошқа буюмни эмас, мўйнамни қайтаришингизга ишонсам бўладими?
– Мен ҳамма нарсани рўйхатга киритаман.
– Лекин чиптамда рақамдан бошқа нарса йўқ-ку! Менга бирорта эски буюмни беришингиз мумкин.
– Хўп, нималигини ёзайми, йўқми? – сўради ломбард эгаси.
– Йўқ, – деди у. – Сизга ишонаман.
Ломбард эгаси «нархи» деган ёзув тўғрисига «эллик доллар» деб ёзди ва чиптанинг иккинчи ярмини қирқиб пештахта устига қўйди. Сўнгра ички чўнтагидан ҳамёнини олиб, унинг ичидан эллик доллар пул олди.
– Ойига уч фоиз, – деди у.
– Яхши. Раҳмат. Уни яхши сақларсиз?
Ломбард эгаси жимгина бош ирғади.
Миссис Биксби ломбарддан чиқиб таксига ўтирди. Ўн дақиқадан сўнг у уйда бўлди.
– Азизим, – деди у эрига. – Мени соғиндингми?
Сирил Биксби ўқиб ўтирган газетасини йиғиштирди ва соатига кўз ташлади.
– Еттидан ўн икки дақиқа ўтди. Кеч қолиб кетмадингми?
– Ҳа, биламан. Поэздни деб кеч қолдим. Мод холам салом деб юборди. Ўлгудек чанқадим.
Мистер Биксби ўрнидан туриб ошхонага йўл олди. Хотини хона ўртасида турганича қўлқопини ечаркан, эрининг имиллаб юришидан ғаши келди.
Полковник билан учрашувидан сўнг эри унга жинқарчадек туюлди.
Полковник гавдали ва тўла эди ҳамда ундан хушбўй атир иси келиб турарди. Эри эса кичкинагина, озғин ва кўримсиз бўлиб, ундан доим оғзига солиб юрадиган ялпизли қанд исидан бошқа ҳид келмасди.
Йўқ, у ўзига қарамаса бўлмайди, ўйлади у. Унинг костюми одамнинг кулгисини қистатади. Бир пайтлар костюми унга чиройли туюларди, энди эса жуда бемаънидек кўринди. Шими ҳам шунақа. Бунақа шим кийиш учун ташқи кўриниш бошқача бўлиш керак, Сирилникидақа эмас. У худди карикатура суратлардаги одамларга ўхшайди. Эри унга думида бор-йўғи учта пати қолган, ўша патларини кенг ёзиб ўзини кўрсатаётган қари товусни эслатарди.
– Раҳмат, азизим, – деди у эри узатган мартинини олиб, диванга ўтираркан. – Кеча кечқурун нима иш қилдинг?
– Ишхонада тиш пломбаси тайёрладим. Яна ҳисоб-китоб қоғозларини тўғриладим.
– Сирил, бу ишни аллақачон бошқа одамга топширишинг керак эди. Сенга бу ярашмайди. Пломбани техник қилса бўлмайдими?
– Уларни ўзим қилишни маъқул кўраман. Пломбалар – менинг фахрим.
– Биламан, азизим, уни зўр тайёрлашингга шубҳа қилмайман. Дунёда энг зўр пломбаларни сен тайёрлайсан. Анави мисс Палтни ҳисоб-китоб ишларини юритса бўлмайдими? Бу ахир унинг иши-ку!
– Унинг иши. Лекин нархни мен белгилашим керак. У мижозларимнинг молиявий аҳволини билмайди.
– Мартини зўр бўлибди, – деди миссис Биксби стаканни стол устига қўяркан. – Жуда зўр.
У сумкани очди ва бурнини қоқмоқчидек ундан дастрўмолини чиқарди.
– Э, – деди у чиптани кўраркан. – Бутунлай эсимдан чиқибди! Мана буни таксида ўтирганимда топиб олдим. Уни лотерея деб ўйлаб олиб қўяқолдим.
У эрига чиптани узатди, эри уни қўлига аста олиб, худди тишни кўраётгандек ҳар томондан назар солди.
– Бунинг нималигини биласанми? – деди у чўзиб.
– Йўқ, азизим, билмайман.
– Бу гаров чиптаси.
– Нима?
– Ломбард чиптаси. Мана номи ва манзили: Олтинчи авенюда экан.
– Шу холосми? Мен бўлсам, уни лотерея деб ўйлабман.
– Ҳафсаланг пир бўлмасин, – деди Сирил Биксби. – Менимча, бу жуда қизиқ.
– Бунинг нимаси қизиқ, азизим?
У гаров чиптаси нима эканлигини батафсил тушунтиришга киришди ва бу чипта қўлида бўлган ҳар қандай киши гаровга қўйилган буюмни талаб қила олиши мумкинлигига урғу берди. Миссис Биксби унинг маърузасини сабр билан тинглади.
– Уриниб кўриш керак, деб ўйлайсанми?
– Менимча, имкониятни қўлдан чиқармаслик керак. Кўряпсанми, бу ерда эллик доллар, деб ёзиб қўйилган. Биласанми, бу нима дегани?
– Йўқ, жоним. Нима дегани?
– Бу буюмнинг қимматбаҳо эканлигини билдиради.
– Эллик доллар демоқчимисан?
– Йўқ, беш юз доллардан ҳам қиммат.
– Беш юз?
– Ҳа. Қара, бунда буюм эгасининг исми ҳам, манзили ҳам йўқ…
– Наҳотки?
– Ҳа. Кўпчилик ломбардга борганини билдирмаслик учун шундай қилади.
– Демак, бу буюмни олишимиз мумкин экан-да?
– Албатта. Бу чипта энди бизники.
– Меники, – деди миссис Биксби қатъий тарзда. – Уни мен топдим.
– Жоним, нима фарқи бор? Асосийси, энди бор-йўғи эллик долларга қимматбаҳо буюмни олишимиз мумкин. Қалай?
– Зўр! – хитоб қилди миссис Биксби. – Унинг нималигини билмаслик айниқса жуда қизиқ.
– Узук ёки соат бўлса керак.
-Эҳтимол, қадимий гулдон ёки ҳайкалчадир.
– Фол очишга ҳожат йўқ. Ўша ерга бориш керак.
– Тўғри! Чиптани бер Душанба куни ўша ерга бориб, унинг нималигини биламан.
– Яхшиси, ўзим бораман.
– Йўқ, – қичқирди хотини. – Мен бораман!
– Баҳслашма. Ишга кетаётиб ломбардга кириб ўтаман.
– Бу ахир менинг чиптам! Илтимос, Сирил, менга бер!
– Сен бу судхўрларнинг қанақалигини билмайсан, азизим. Сени алдаш жуда осон.
– Мени алдай олишмайди! Илтимос, уни менга бер.
– Бунинг устига, эллик доллар пулинг бўлиши керак, – деди эри илжайиб. – Нақд пул бермасанг, ололмайсан.
– Пулим бор, – деди у.
– Барибир ўзим бормоқчиман.
– Лекин, Сирил, уни мен топдим. У меники.
– Албатта сеники, азизам. Намунча асабийлашасан?
– Асабийлашаётганим йўқ.
– У эркаклар буюми бўлиши мумкинлиги ақлингга келмаяпти шекилли? Ломбардга фақат аёлларгина боришмайди.
– У ҳолда бу менинг сенга совғам бўлади, – деди миссис Биксби. – Фақат хурсанд бўламан. Лекин агар аёллар буюми бўлса, мен оламан. Келишдикми?
– Бўпти. Кел, унда иккаламиз борамиз?
Миссис Биксби эндигина «хўп», дейиш учун оғиз очмоқчи эди, вақтида ўзини тўхтатиб қолди. Ломбард хўжайини у билан эрининг олдида эски танишлардек сўрашиши яхшиликка олиб келмасди.
– Йўқ, – деди у. – Боргим келмай қолди. Ундан кўра, уйда кутиб ўтираман. У икковимиздан биримизга керакли буюм бўлади, деб умид қиламан.
– Энди ўзингга келдинг, – деди мистер Биксби. – Агар эллик доллар сарфлашга арзимайдиган буюм бўлса олмайман.
– Ахир ўзинг у қимматбаҳо буюм, деб айтдинг-ку.
– Шундай эканлигига шубҳам йўқ. Қўрқма.
– О, Сирил, сабрим чидамаяпти.
Ниҳоят, душанба ҳам келди ва нонуштадан сўнг миссис Биксби эрини кузатиб қолди.
– Кўп ишлама, – деди у.
– Бўпти.
– Уйга олтида келасанми?
– Ҳаракат қиламан.
– Ломбардга киришга улгурасанми?
– Иэ, эсимдан чиқай дебди! Бўпти, таксида бораман. Йўлим экан.
– Чиптани йўқотиб қўймадингми?
– Йўқ, – деди эри камзули чўнтагини пайпасларкан. – Мана.
– Пулинг етадими?
– Етади.
– Жоним, – деди у эрининг шусиз ҳам тўғри турган бўйинбоғини тўғриларкан. – Агар менга ёқадиган бирор нарса бўлса, уйга қўнғироқ қиларсан?
– Майли.
Бир соатдан сўнг телефон жиринглаганида миссис Биксби учиб бориб гўшакни кўтарди.
– Иш битди! – деди мистер Биксби.
– Шунақами? Нима экан, Сирил? Яхши нарсами?
– Яхши?! – хитоб қилди эри. – Зўр! Кўрсанг, ақлдан озасан!
– Жоним, нима экан? Айтақол!
– Омадинг келди.
– Демак, менбоп нарса экан-да?
– Албатта. Ҳайронман, қандай қилиб шундай нарсани эллик доллар учун гаровга қўйишган экан? Ақлдан озган одам, шекилли.
– Сирил! Сабр косамни тўлдирма! Ортиқ чидолмайман!
– Кўрсанг ақлдан озасан.
– Нима экан?
– Ўзинг топ-чи.
Миссис Биксби жим бўлиб қолди: «Эҳтиёт бўл, – деди у ўзига ўзи. – Жудаям эҳтиёт бўл».
– Маржон, – деди у.
– Йўқ.
– Бриллиант узук.
– Йўқ. Сал учини чиқараман. У қишда керак бўлади.
– Қишда нима керак бўлади? Бирорта қалпоқми?
– Йўқ, қалпоқ эмас, – деди эри кулиб.
– Худо ҳаққи, Сирил! Нимага айтмаяпсан?
– Чунки сенга сюрприз қилмоқчиман. Кечқурун оласан.
– Ҳеч қандай сюрприз керакмас! – портлади у. – ҳозироқ олдингга бораман!
– Менимча, кераги йўқ.
– Бу нимаси, азизим? Нега?
– Чунки жуда бандман. Вақтимни оласан. Шусиз ҳам ишим чўзилиб кетди.
– Унда тушлик пайтида борайин, хўпми?
– Мен тушлик қилмайман. Майли, бир яримда кел. Бўпти.
Соат роппа-роса бир яримда Миссис Биксби эрининг ишхонасига келди. Оқ халат кийган эри уни кутиб олди.
– О, Сирил! Ҳаяжонланиб кетяпман!
– Ўзингни бос. Аммо-лекин, омадинг бор экан!
У хотинини жарроҳлик хонасига бошлади.
– Тушликка бораверинг, мисс Палтни, – деди у ёрдамчисига. – Ишингизни келиб давом эттирасиз.
У қизнинг чиқиб кетишини кутиб турди, кийимлари турадиган шкаф олдига келди ва кўрсаткич бармоғини чўзди.
– У бу ерда, – деди у. – Энди эса кўзингни юм.
Миссис Биксби кўзларини юмди. У чуқур нафас олди ва эри шкафни очиб, унинг ичидан нимадир олганини эшитди.
– Бўлди! Қарашинг мумкин!
– Оҳ, қўрқиб кетяпман, – деди у куларкан.
– Қара.
У ҳиринглаб, бир кўзини очиб, қўлида ниманидир баланд кўтариб турган эрини кўрди.
– Норка! – қичқирди эри. – Ҳақиқий норка! Мана шу сўзлар баробарида миссис Биксбининг кўзлари катта-катта очилди ва у мўйна палтони қучиш учун олдинга ташланди.
Лекин ҳеч қандай палто йўқ эди. Эрининг қўлида унинг ўрнида сариқ рангли мўйна ёқа турарди.
– Мана, ол, – деди эри уни силкитиб.
Миссис Биксби оғзини кафти билан ёпди ва секин чайқала бошлади. «Ҳозир чинқириб юбораман, – ўйлади у. – Йўқ. Ҳозир чинқириб юбораман».
– Нима гап, азизам? Ёқмадими? – Эри ёқани силкитишни бас қилиб, унинг тилга киришини кутди.
– Йўқ… нимага… – деди миссис Биксби. – Мен… мен… менимча… жудаям чиройли.
– Қувончдан бошинг айланяпти, шекилли?
– Ҳа, албатта.
– Олий нав, – деди эри. – Ранги ҳам зўр. Биласанми, нима? Менимча, у камида икки-уч юз доллар туради.
– Ҳа.
Бу бошлари ва панжалари осилиб турган иккита норка териси эди.
– Қани, – деди эри, – кўрайлик-чи. У яқинлашиб, ёқани хотинининг бўйнига ташлади ва ортига тисарилди. – Қойил. Сенга жуда ярашди. Ҳар қандай аёлда ҳам бундай нарса йўқ, азизам.
– Ҳа.
– Буни тақиб дўконга борма. Сени пулдор деб ўйлаб, нархни қиммат айтишлари мумкин.
– Буни ёдимда сақлайман, Сирил.
– Айтганча, Рождествога бошқа совғадан умид қилмай қўяқол. Усиз ҳам, эллик доллар сарфладим.
У қўлини ювиш учун ўгирилди.
– Энди эса, азизам, борақол. Сени кузатиб қўярдим-у, қабулхонада қария Гормен ўтирибди.
Миссис Биксби эшик томон қадам ташлади. «Бу судхўрни ўлдираман, – ўйларди у. – ҳозироқ ломбардга бориб, мана бу лаънати ёқани унинг юзига улоқтираман. Менга палтомни қайтариб бермай кўрсин. Мана шу қўлларим билан бўғиб ўлдираман!».
– Сенга кечроқ боришимни айтдимми? – сўради Сирил Биксби қўлини юваркан.
– Йўқ.
– Саккиз яримларда бораман. Ёки тўққизда.
– Бўпти, – миссис Биксби эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди.
Айни шу лаҳзада мисс Палтни, эрининг ёрдамчиси тушликка чиқиб кетаётганди.
– Бугун ажойиб кун бўляпти, а? – деди у жилмайиб.
Унинг қадам ташлашида ғаройиб енгиллик бор эди ва у Полковник миссис Биксбига совға қилган норка палтода худди қироличалардек кўринарди.

Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси.